Журналист ва шоир Шукур Содиқ кутилмаганда вафот этди…
«Дунё ўзбеклари»дан:
Самарқандда туғилиб, Тошкентда вафот этган Шукур Содиқ билан яхши ва яқин дўст эдик.
Ҳамроқул Асқар у билан биздан-да яқинроқ бўлиб, аслида бизни ҳам Ҳамроқул таништирган эди.
У ҳали ёш эди, илҳом билан янги асарлар устида ишлаётганини Ҳамроқулдан эшитиб, қувонгандим.
2011 йилда ноҳақ ҳибсга олинганидан кейин унинг соғлиги бир оз ёмонлашган эди.
Лекин бу ситам ва ғамларни унутиб, у яна сафимизга тамомила қайтди деб ўйлагандим.
Лекин хато қилган эканман.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, аслида ана шу ҳибс — бугун уни орамиздан олиб кетганини англаб етдим.
Негаки, унда энг ёмон дард — қанд касалллиги (сахарный диабет) бор эди. Турмада бу касаллик унинг организмида янада ривожланди.
Қамоқдан чиққанидан кейин ҳам у бу адолатсиз ҳибс асоратидан қутулолмади. Соғлиғи тамомила издан чиқди.
Дарддан бир оз бўлсада фориғ этиш умидида врачлар унинг товонларини кесиб ташлашди…
Бугун Тошкентдан Канадага етиб келган қайғули хабар менинг бу хаёлларимни тамомила чил-парчин қилиб юборди.
Начора, ўлим ҳақ.
Камтар ва камсуқум журналист, ажойиб инсон, садоқатли дўст — Шукур Содиқнинг оила аъзолари ва яқинларига Яратган Эгамдан сабр тоқат, бардош ва ирода тилашдан ўзга иложимиз йўқ…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
15 июнь 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.