Набижон БОҚИЙ: НОВҚАТ ТОҒИДАГИ ЎТОВ ТАРИХИ
Шавкат ака: “Бир марта тўйиб нафас олишнинг ўзи ғанимат экан, Набижон. Оллоҳ берган неъматни, афсуски, қадрига етмас эканмиз-да, ука!” дейди бир куни…
Шавкат Раҳмон Новқатда
НОВҚАТ ТОҒИДАГИ ЎТОВ ТАРИХИ
Буюк миллатпарвар шоир Шавкат Раҳмон вафот этганига ҳадемай 20 йил бўлади.
Ўшанда баҳор пайти Шавкат акага Ёзувчиларнинг Дўрмон ижод боғидан битта ижара ҳовли ажратиб берилди. Афсус, ўша боғ-ҳовлини уюшма раиси кейинчалик Кадастр вазирига хатлаб беради, сўнг вазир ишдан бўшатилгач ундан ҳам тортиб олиб қандайдир шеър-пер қоралаб юрадиган “қози”га инъом этади ва охири Асқар Маҳкам заҳарханда аралаш шеър ёзиб юборади…
Шавкат ака оғир дардга чалиниб қолган эди. Унга ҳаво етишмасди, бу ҳақда ўзи: “Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди”, — деб хўб ёзган.
Кўпчилик Шавкат Раҳмонни “хаёлпараст”, “ҳавога қаср қуриб яшайди” деб чайнамоқчи бўларди. Бу ҳақда яқин ўртоқлари юзига ҳам ярим ҳазил аралаш очиқ айтарди. Шавкат ака эса бош чайқаб мийиғида кулибгина қўярди, холос. Ҳақиқатан ҳам, бир қарашда Шавкат Раҳмон реал ҳаётдан ажралиб қолган хаёлпарастга ўхшарди. Мана, битта мисол келтираман.
Касалхонадан навбатдаги лазер нури муолажасини олиб қайтгач, 1996 йил ёз ойлари охирида беморнинг аҳволи оғирлашади. Энди Шавкат ака боғ-ҳовлида ҳам кислород ёстиғидан тез-тез фойдаланадиган бўлиб қолади. Дард хуруж қилган пайтлари терлаб-пишиб кетарди. Бир куни оғир-оғир нафас олиб: “Набижон, битта гап эсингизда турсин”, дейди ҳансираб. “Қайси гап, Шавкат ака?” дейман кулимсираб.
Шавкат аканинг баъзи оғир-оғир гапларини ҳазилга йўярдим. Акс ҳолда ундай маҳрамий васият гапни айтган одам ҳам, эшитган одам ҳам эзилиб кетарди. Баъзан ярим ҳазил, ярим чин гапларни мантиқан давом эттириб гўё бир-биримизни “улоқтирмоқчи” бўлардик, агар “улоқма” мавзуда суҳбатлашиб ўтирганимизда биров келиб қолса, пинак бузмасдан суҳбатни эски ўзанда давом эттираверардик. Ҳайратомуз гапни охиригача эшитган “қулоқ”лардан бирови оқизмай-томизмай раисига етказарди, эртаси куни Муҳаммад Юсуф сирли йўталиб менга арз қилиб қоларди: “Илтимос, фалончининг олдида ҳар хил гапларни айтманглар, у Абдулла аканинг “қулоғи”, дерди. “Бўлган воқеа”ни Шавкат ака эшитиб қотиб-қотиб куларди…
Айтайлик, гуё Испания Ёзувчилар уюшмаси Гарсиа Лорка асарларининг аслиятдан таржималари учун Шавкат Раҳмон номига бир миллион доллар қалам ҳақи жўнатиб: “Буни қаламкаш дўстларингиз билан баҳам кўришни Сизнинг пок виждонингизга ҳавола қиламиз”, деб хат юборган бўларди. Ўша мисли кўрилмаган маблағни Шавкат ака “пок виждони”ни ишга солиб “адолатли” тақсимлаб ётган чоғида қўққис ёлланма хашаки шоирлардан биттаси пайдо бўларди. Шавкат ака бўлса: “Йўлдош Эшбекка юз минг доллар бердикми?” деб сўрарди.
“Йўқ, ўзингиз саксон минг долллар етади, дедингиз-ку!” дейман. “Йўқ, Йўлдош Эшбек миллатпарвар шоир, унга юз минг доллар берамиз!” дерди Шавкат Раҳмон қатъиян. Мен дафтарчамга айтилган исм ёнига янги рақам ёзиб қўярдим…
“Хўш, ўзларини унчалик жиним суймайди-ю, бироқ… – деб бирпас ўйланиб, сўнг давом этарди: – Рауф Парфи билан Чўлпон Эргашга бир юзу эллик минг доллардан бўнак бермасак инсофдан бўлмас…” деб менга савол назари билан тикилиб қоларди. “
Албатта, бунақа пайтда шахсий муносабатларни бир четга йиғиштириб қўйиш керак. Масалани адолатли ҳал қилайлик, ака”, деб дафтаримга устоз шоирларнинг исми шарифини ёзиб, ёнига бояги рақамларни қайд этаман”.
Бечора “қулоқ” худди тескари қоқилган михнинг устига ўтириб олгандек ўзини дам у ёққа, дам бу ёққа ташларди, тезроқ туриб кетишга баҳона изларди; Шавкат ака эса жўрттага гапини охирига етказмасди, янги-янги деталлар қўшиб “улоқма мавзу”ни чўзаверарди. Албатта,”қулоқ” кетгач, бирпасдан кейин ташқарига чиқсам, э-э воҳ, бояги бечора ҳовуз ёнидан ўтиб раиснинг хонадони томонга лўкиллаб кетаётган бўларди.
Шўринг қурғур “қулоқ” ҳам, унинг Эгаси ҳам Испанияда умуман ёзувчилар уюшмаси йўқлигини тасаввур этолмасди! “Вой-дод, генерал Бова, қутқаринг, Шавкат Раҳмон ўзбошимчалик билан пантуркистларни тиш-тирноғигача қуроллантириб юборди!” деган маънодаги ширакайф чақувномалар олий кошоналарга йўналтирилади. Пашша қўриб ўтирган бўрибосарлар ишга киришади…
Ҳатто ўзим ҳам “фольклор” деб хаёл қилиб юрганим бир воқеа… яқинда росмана бўй кўрсатди.
Facebookда исмини сочма қилиб “Абдул Ҳамид” деб ёзиб қўйган битта йигит билан “дўст” тутиндик. Энсам қотди. Лекин ўзига билдирмадим. Бир куни “саломнома” жўнатдим: “Таниш бўлсак керак, лекин эслолмаяпман”, дедим. “Манави суврат сизга ҳеч нарсани эслатмаяптими?” деб Шавкат Раҳмон, унинг ўғли Шоҳрух ва “дўст” билан табиат қўйнида тушилган сувратни юборди. Шоҳрух 12-13 яшар экан, чамаси. Демак, тахминан, 1990 йиллар бўлиши мумкин. Ҳали Шавкат Раҳмон соғлом эди. “Дўст” соқол қўймаган.
Бу суврат Новқат тоғида олинган экан.
“Дўст” билан хатлашиб бўлгач, анча пайтгача ўйланиб қолдим. Бирдан Шавкат акамнинг қайта-қайта айтган ”хаёлий” ҳикояси лоп этиб эсимга тушиб қолди. Эҳтимол, бу ҳақда илгари ҳам бирор жойда эслатиб ўтган бўлишим мумкин. Агар батафсил ёзмаган бўлсам, мана, энди бемалол қоғозга тушириб қўяман.
Шавкат ака: “Бир марта тўйиб нафас олишнинг ўзи ғанимат экан, Набижон. Оллоҳ берган неъматни, афсуски, қадрига етмас эканмиз-да, ука!” дейди бир куни.
“Сал ўзимга келиб олай, Набижон, Новқатга кетамиз. У ерда яхши укаларим бор. Айтаман уларга, тоққа ўтов тикиб беришади. Ўтовда яшаймиз, ўтов ёнига ўчоқ қурамиз, янгангиз овқатни ўчоқда пиширишни бир умр орзу қилган – унинг орзуси ушалади. Ҳар куни қимиз ичамиз, тоза ҳаводан нафас оламиз. Узоғи билан бир йилда ҳар қандай касалдан халос бўламан…
Борасизми биз билан Новқатга? Машинкангизни оласиз, уч-тўртта лента ҳам опқўйсангиз, бемалол минг бет нарса ёзиб қайтасиз…. “Чингиз афандига мактублар” – зўр! – деб бошмалдоғини кўрсатиб қўяди. – Бизда ҳали бунақа асар ёзилмаган, яшанг, ука!”
Хуллас, Новқат тоғига ўтов тикиб, тоза ҳавода яшаш таклифи Шавкат акам томонидан бир неча маротаба такрорланган эди. Қайта-қайта қиёфамга жиддий тус бериб эшитганман. Ишонгим келарди ўша гапларга. Ишонардим ҳам. Ахир мўъжиза рўй бериши мумкин-ку! Яна бир мартагина мўъжиза рўй берса, осмон узилиб ерга тушармиди?! Йўқ, осмон узилиб ерга тушмасди. Афсуски, мўъжиза рўй бермайди: баттол дард Шавкат Раҳмонни енгади…
Эҳтимол, воқеалар аччиқ томонга бурилиб кетгани учунми, Шавкат Раҳмон астойдил гапириб, мени тоғда ўтов тикиб яшашга астойдил кўндирганини кейинчалик эсимдан чиқариб юборган эканман. Лекин қаердадир эслаганман. Аммо тафсилотларни икир-чикири билан ёзмаган бўлсам керак. Чунки… кўпчилик Шавкат Раҳмон “ҳавога қаср қуриб яшарди” деб ҳалигача гап тарқатиб юради. Ҳангаматалаб жўрабозларнинг тегирмонига сув қуйишни истамасдим.
Ваҳоланки, Шавкат ака Абдул Ҳамидга ўхшаган биродарлик туйғусига умрбод содиқ қоладиган укахонлари Новқатда яшаётганини аниқ билар экан. Мен билмасдим, мен улар билан таниш эмас эдим. Менинг биродарларим асосан Шарқий Бухорода истиқомат қилади. Мен лақайларимни назарда тутяпман.
Абдул Ҳамид, мана, сиз жўнатган суврат менга Шавкат Раҳмон нақадар дўстларига қатъий ишонч билан яшаганини яна бир бор исботлаб берди. Шавкат акам ҳатто ҳаётини ҳам дўстларига ишониб топширишга тайёр эди. Дўстлари Новқат тоғида, барҳаво жойларга битта ўтов тикиб беришига астойдил ишонарди. Мен аминманки, агар Шавкат акам бир оз ўзига келиб, мени эргаштириб Новқатга ўз оёқлари билан юриб кириб борганида Сизлар албатта тоққа битта ўтов тикиб берган бўлардингиз.
Шавкат Раҳмон новқатлик дўстларига ишончини сақлаб бу дунёни тарк этган. Ўртадаги ишонч сўнмасин, дўстим Абдул Ҳамид. Узр, Сиз ҳам бетоб ётган чоғларида Шовкат Раҳмонни бир неча марта йўқлаб келган бўлсангиз керак. Орадан 20 йил ўтди ахир. Сиз соқол қўйиб, исмингизни сочма қилиб юборибсиз. Шу боис ҳайрон бўлдим. Албатта учрашамиз, кўп нарсаларни эслаймиз, деб ёздингиз.
Худо ҳоҳласа, албатта учрашамиз. Омон бўлинг! Новқатлик дўстларга саломларимни етказиб қўйинг.
Сизларга Шавкат Раҳмон умрининг охиригача ишониб яшаган, Сизлар томонга умид кўзларини тикиб яшаган.
Буюк миллатпарвар шоиримизни Оллоҳ мағфират айлаган бўлсин. Омин.
Набижон Боқий
2016 йил 4 апрел
Тошкент