Исмат Хушев: Эркин Воҳид вафоти – Президент учун аччиқ сабоқ бўлиши керак!
Исмат Хушев: Эркин Воҳид вафоти – шояд кўпларнинг кўзини очса…
Одил Ёқубовга қилинган бағритошлик ва золимлик Эркин Воҳидовга ҳам қилинди. Абдулла Ориповни ҳам шу аччиқ қисмат кутмоқда…
Шоҳ билан шоирни ёвлаштирган кимлар?
Ўзбекистон Қаҳрамонининг ўғли ва куёвини нима учун қамашган эди?
Яна давлат ва ҳукуматнинг назарига тушиши учун Эркин ака ўлиши керакмиди?
“Дунё ўзбеклари” улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов вафоти муносабати билан ўз нашрида эълон қилган бир ҳафталик мотам…
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
30 май, душанба куни ишда эдим.
Тушдан кейин Торонтода яшайдиган жиззахлик журналист дўстим Эгамназар Шайманов телефон қилиб, Эркин Воҳидов вафот этганини айтиб қолди:
“Озодлик”дан ўқидим. “Дунё ўзбеклари”га кирсам, ҳеч гап йўқ. Эшитмагандирсиз деб телефон қилаяпман” …
Эгамназарнинг бу гапини эшитиб, юрагим шув этиб кетди.
Яқингинада “Сиёсатчи Иномжон Усмонхўжаев билан шоир Эркин Воҳидовларнинг аҳволи оғир” деб мақола берган эдик…
2.
Уйга келиб, энг аввал “Озодлик”ка кирдим. Сўнг ББС га қарадим.
Эркин Воҳидовнинг вафот этгани рост эди. Фақат расмий ўзбек матбуоти жим. Ижтимоий тармоқларда эса буюк ўзбек шоирининг вафоти аллақачон бутун дунёга ёйилиб улгурган эди.
Юрагимда кучли бир оғриқ уйғонди. “Дунё ўзбеклари”да улуғ шоир вафоти ҳақидаги хабарларни эълон қилар эканман, нега ўзбек матбуоти жим деган савол менга сира тинчлик бермасди.
Шунинг учун ҳам нашримизда аввал эълон қилинган “Эркин Воҳидов ҳукуматга нима ёмонлик қилган эди?” номли мақоламни яна сайтга қўяр эканман, унга қалбимдан ўша дам алам билан отилиб чиққан ғазабнок сўзларни ҳам илова қилдим…
3.
“Дунё ўзбеклари”дан:
КУНИ КЕЧА НАШРИМИЗДА “ЭРКИН ВОҲИДОВНИНГ АҲВОЛИ ОҒИР” ДЕБ МАҚОЛА ЧОП ЭТГАН ЭДИК.
БУГУН У КИШИНИНГ ВАФОТ ЭТГАНИНИ ЭШИТИБ, ЮРАК-БАҒРИМИЗ ЭЗИЛИБ КЕТДИ.
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ВАФОТИ ҲАҚИДА “ББС”, “ОЗОДЛИК” ЗИЁ.ЎЗ”, “ДАРЁ” ИНТЕРНЕТ НАШРЛАРИ ХАБАР БЕРИШИБДИ, ХОЛОС.
ҲУКУМАТНИНГ РАСМИЙ НАШРЛАРИ ЭСА ЖИМ?
ЎЗБЕКИСТОН АХБОРОТ АГЕНТЛИ НАШРИ – “ЎЗА” ГА КИРДИМ, ЎЗБЕКЧА ВА РУСЧАСИДА ҲАМ УЛУҒ ЎЗБЕК ШОИРИ ВАФОТИ ҲАҚИДА ҲЕЧ ГАП АЙТИЛМАГАН.
“ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ” НОМЛИ МАҚОЛА ЭСА ЎЗА НИНГ БОШ МАТНЛАРИ САФИДА ҚЎР ТЎКИБ ТУРГАНИНИ КЎРДИМ.
“ЭРКИН ВОҲИДОВ ҲУКУМАТГА НИМА ЁМОНЛИК ҚИЛГАН ЭДИ?” ДЕГАН ЎЙ ҲАНУЗ МЕНГА ТИНЧЛИК БЕРМАЙ КЕЛАДИ…
Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари, барча яқинлари ва мухлисларига Яратган Эгамдан – Тангримдан чиройли бир сабр тиламиз.
Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган улуғ инсон, халқ шоирини сўнгги йўлга кузатишни истамаган ва эп кўрмаган, унга икки оғиз илиқ сўз айтмаган давлат ва ҳукуматга лаънатлар бўлсин!
Шоҳлар ва подшолар, ҳукмдор ва диктаторлар, Президентлар келиб кетаверади.
Эрта бир кун уларнинг бу дунёга келиб кетганини биров билиб, биров билмай қолиши ҳам мумкин.
Лекин Эркин Воҳидов шеъриятимизнинг порлоқ юлдузи бўлиб ўзбек адабиётида абадул абад яшаб қолади!
4.
31 май сешанба куни Эркин Воҳидовни “Чиғатой” қабристонида дафн қилишди.
Дафн маросимида Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Президент Маҳкамаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаровлар иштирок этганини эшитиб, кўнглимиз сал таскин топди.
Бу ҳақда таниқли ўзбек журналисти, ҳурматли устозимиз Шароф Убайдуллаевнинг “Озодлик”ка берган ҳаяжонли ва армонли, ғамли ва аламли суҳбатини тинглаб, огоҳ бўлдик:
Ўзбекистон Ахборот Агентлиги эса ҳануз жим эди.
Ниҳоят Эркин Воҳидов вафот этган куннинг эртасида — дафн маросими ўтганидан сўнг — кечга яқин ЎзА ҳукумат таъзиясини эълон қилди…
5.
Дарвоқе, Шароф Убайдуллаевнинг “Озодлик”даги ўша ҳаяжонли ва фиғонли суҳбати ҳақида.
Мен умрим давомида жуда кўп таниқли кишиларнинг, ёзувчилар, журналист ва сиёсатчиларнинг суҳбат ва мақолаларини ўқиганман, эшитганман, томошо қилганман.
Лекин Шароф Убайдуллаевни ҳар гал эшитганимда, улар бир ён, Шароф ака бир ён бўлиб қолаверади.
Ўзбек сиёсий элитасини ичдан яхши билгани, Президент билан елкама елка ишлагани, Ислом аканинг МарказҚўмдаги энг биринчи матбуот котиби бўлгани учун ҳам Шароф ака айтган мантиқли сўзлар, келтирган асосли далил ва мисоллар сизни асло бефарқ қолдирмайди.
Ўша куни Эркин Воҳидов ҳақида куйиб ёниб гапираркан, Шароф Убайдуллаев буюк ўзбек шоирининг тириклигида қадрига етман Ўзбекистон раҳбарларини, улар ким бўлишидан қатъий назар, ҳам номма ном санаб ўтди.
Президент орбитасига, ёзувчилар уюшмаси раҳбарлигига тасодифан келиб қолган бу ғайридин инсонлар, бу читтак ва қуёнлар бутун ўзбек ёзувчи ва шоирларининг қалбида қўрқув ва қатағон, қутқу ва ғалаён солиш билан овора эканликларини ишонарли ва жонли мисоллар ёрдамида исботлаб берди.
Шароф ака туғма журналист ва истеъдодли ижодкор бўлиш билан бирга — моҳир ва мафтункор сўз устаси, бетакрор нотиқ ҳам. У кишининг қувваи ҳофизаси ниҳоятда кенглиги, хотираси анчайин ўткир ва мустаҳкамлиги ҳар бир суҳбатида яққол сезилиб туради. Сизни ўзига мафтун этиб, юрагининг энг тубидан отилиб чиққан дил сўзлари билан тамомила сеҳрлаб қўяди.
Шунинг учун ҳам Шароф ака воқеа ҳодисаларни шарҳлаганида ўнлаб ҳаётий мисоллар келтирадики, у киши айтаётган гап-сўзлар ростлигига ишонасиз, Ўзбекистонда – ҳақ ва тўғри сўзни айтиш ниҳоятда қийин бўлган бир пайтда, шундай виждонли ва диёнатли, куюнчак ва фидойи инсон Тошкентда борлигидан, яшаётганидан, эркин ва ҳур фикр минбари — «Озодлик» радоси билан ижодий ҳамкорлик қилаётганидан Яратган Эгамга шукроналар келтирасиз.
Оқни оқ, қорани қора дейиш, доим виждон амрига қулоқ тутиш — Шароф Убайдуллаевнинг энг муҳим ва асосий инсоний фазилатидир.
Яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасида абадул абад давом этиб келаётган тенгсиз ва омонсиз кураш ҳақидаги дил сўзлари билан — Ўзбекистон ва унинг президенти Ислом Каримовнинг шу пайтга қадар биз билмаган шахси ва ҳаётига боғлиқ бўлган ҳавас қилса арзирли, ишонарли ва ёрқин мисоллар ёрдамида — Шароф ака бир пасда ўқувчиларни ўзига мафтун қилиб қўяди.
Шароф акани тинглаб, Сиз шоҳ билан шоир орасига кимлар нифоқ солганини беихтиёр англаб етасиз. Ёзувчи ва ижодкорларнинг тарқоқ ва саросимада ушлаб турган бетайин ва тутуриқсиз мулозимларнинг аслида кимлигини, улар фақат номигагина қанчалар халқпарвар эканини бир пасда билиб оласиз. Ҳайрат ва ҳасратга ошно бўласиз.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоирининг вафоти боис қалбингизда пайдо бўлган ғам андуҳ ва алам Шароф аканинг юрагидан отилиб чиққан асосли ва ҳассосли дил иқрори – монологидан сўнг янада тиниқлашиб, давлат ва миллат учун Ўзбекистонда том маънодаги ҳақиқий ва миллий мотам бошланганини беихтиёр англаб етасиз.
Яширмаслигим керак, Шароф аканинг Тошкентдан туриб айтган бу дил фиғонини мен олис Канадада йиғлаб эшитдим…
OzodNazarPlus: Шароф Убайдуллаев Эркин Воҳидов ҳақида
«ОЗОДЛИК»
6.
Энди бевосита Эркин Воҳидовнинг вафотига қайтсак.
Айтишларича, буюк ўзбек шоири умрининг сўнгги кунларини Тошкентнинг Луначарский мавзесидаги 1- давлат касалхонаси — стационарида ҳушсиз ва кома ҳолатида ўтказган.
Шароф Убайдуллаев куюниб ёниб ҳасрат чеккани каби, ана шу оғир дамларда Ўзбекистон ёзувчиларининг лўттибоз раҳнамоси нега унинг ҳолидан бориб хабар олмайди?
Нега юқорига чиқиб, ҳукуматга унинг душман эмаслигини тушунтириб, Қаҳрамон шоирнинг сиҳат саломатлиги ва ҳаёт мамотини давлат ва мамлакат миқёсидаги умуммиллий ва оламшумул воқеага айлантирмайди? Нега? Нима учун?
Ё бунга ҳам Президентнинг кўрсатмаси, амри керакми?
Ана шундай дардли ва аламли саволлар қаршисида ожиз қоларканман, ҳар гал оғир ва аламли бир савол мени қийнаб келади.
Бир пайтлар Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Шароф Рашидов, Комил Яшин, Сарвар Азимов, Ўлмас Умарбеков, Жамол Камол ва Абдулла Орипов каби ўзбек адабиётининг фахри ва дарғалари етакчилик қилган Ёзувчилар уюшмаси кейинги йилларда кимларнинг қўлида қолди?
Улардек номи абадиятга муҳрланган, адабиётда ном қозонган ижод аҳли қаерда-ю, бугун бу муборак креслони эгаллаган, на шоир ва на ёзувчилигининг тайини бўлмаган Муҳаммад Али қаерда?
7.
Мен бир нарсани қайта ва қайта таъкидлашни истардим.
Жамиятдаги энг катта жабр ва зулм – бу ижод аҳлига, зиёлиларга, ёзувчи ва шоирларга бўлган эътиборсизликдир.
Ижодкорга ош берма, нон берма, сарпо берма — уни эътиборсиз қолдирсанг — шунинг ўзи етади.
Совет замонида худо уларга Шароф Рашидовдек меҳрибон ва қалби дарё бир инсонни ато этди. Нафақат Ёзувчилар уюшмаси раиси, балки Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлганида ҳам унинг кабинети ижод аҳли учун ҳамиша очиқ бўлган.
Ҳатто кексайиб қолган митти ва мўйсафид Яшин ҳам шуларнинг бошини силади.
Лекин Ўзбекистон ёзувчиларининг қадрига етган, уларнинг бошидаги ҳақиқий ва меҳрибон одам барибир Рашидов бўлди.
Совет замонида Шароф Рашидов уларни минглаб талантлар ичидан ажрата билди. Ўша даврда чин маънода бахти кулган ўзбек ижодкорлари — бири тонг юлдузи, бири хулкар юлдузи бўлиб порлади. Уларнинг ижодини биз ҳали етарлича баҳолай олганимиз йўқ.
Хусусан, Эркин Воҳидов билан Абдулла Ориповларнинг тўла тўкис қадрига етиш ва баҳолаш учун юз йиллар керак бўлади. Булар туб маънодаги ҳақиқий даҳолар, ўзбек адабиётининг асл фидолари эди.
Уларни баҳолаш қояси ва чўққисига биз ҳали чиқолганимиз йўқ.
Эркин Воҳидовнинг дастлабки шеърларидан то ижодининг чўққиси бўлган – Ўзбекистон Гимнига айланиб улгурган “Ўзбегим”га қадар, Сергей Есенин ва Фаустнинг гўзал таржималари билан қўшиб ҳисоблаганда ёки Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз”и ва “Дорбоз”идан то “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” ёки “Ўйларим” каби фалсафий шеърлари ва ашъорларини етарли баҳолай олдикми?
Инсоф билан тан олиб айтиш керак, мустақиллик бошида ижод аҳлига бўлган муносабат инсоний даражада эди.
Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар — Қаҳрамон бўлишди. Халқ чин дилдан қувонди. Президент таклифи билан улар сенатга аъзо бўлишди. Бундан, Шароф Убайдуллаев тўғри таъкидлагани каби Қаҳрамон шоирлар эмас, балки Сенат ютди. Улар Сенатнинг обрў эътиборини ўз муборак номлари билан осмон қадар кўтардилар.
Лекин шундан кейин бўлган воқеларни биз то ҳануз тушуниб етолганимиз йўқ. Икки Қаҳрамон шоирнинг сенаторлик юлдузлари бирданига сўндирилди. Омад қуёшларининг йўли тутилди.
Буни ҳар ким ҳар хил тушунди. Биров ундай дейди, биров бундай дейди. Эркин Воҳидов Андижон фожеаларидан сўнг Сенат комиссиясига бош бўлиб Андижонга бориб келган.
Шу баҳсли масалада бир оз ўз фикрини билдирган, холос…
Ана шундан кейин унинг болалари юритаётган бизнес-фирмаларни текшириш бошланган.
“Ҳали давлат сиёсатига қарши чиқадиган бўлиб қолдингми? Бизга ақл ўргатмоқчимисан?” — деб, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган буюк ва истеъдодли ўзбек шоиридан ўч олишга яхшигина баҳона топилди…
8.
Шу ўринда мени анчадан бўён ўйлантириб юрган бир фикрни ҳам айтиб ўтишим керак.
Сталин даврида унинг атрорфидаги арбоб ва мулозимлар, жамият ва сиёсатдаги таниқли кишиларнинг оила-аъзоларини ҳибсда ушлаб туриш — одат тусига кирган экан:
(Хлевнюк О. В. Политбюро. Механизмы политической власти в 30-е годы. С. 291. Политбюро: “Сталин и его ближайшее окружение”)
Агар ўқувчиларимиз эътибор қилишса, бугун Ўзбекистонда ҳам айни ярамас одат амал қилаётганини пайқаб олишлари мумкин.
Биринчи ва сўнгги Вице Президент Шукрилла Мирсаидовнинг жиноий жавобгарликка тортилган ўзи ва оиласидан тортиб, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Мавлон Умрзоқов, Исмоил Жўрабеков, Бош вазир ўринбосарлари Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломовларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Қанчадан қанча давлат маслаҳатчилари, министрлар, депутат ва сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари бугун ҳибсда сақланмоқда.
Бу собиқ мулозимларнинг ўзларига нисбатан жиноий иш очиш етмаганидек, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларини ҳам бугунги ноинсоний сиёсат террори ўз домига тортиб кетди.
Масалан, Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган ҳалол ва фидойи инсон Мавлон Умрзоқов ишдан кетганидан кейин унинг ўғли ва куёви ҳибс этилди, яна бир навқирон ва паҳлавон ўғли Умид сирли тарзда вафот этди…
Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ҳам бу балодан қочиб қутулолмади. Унинг ўғли ва куёви терговга тортилиб, ҳибс этилдилар. Ўғли илгарироқ, куёви эса вафотидан сал олдинроқ озодликка чиқарилди…
Қаҳрамон шоир, Давлат Гимни муаллифи Абдулла Орипов ҳам бу қисматдан четда қолмади. Унинг қизи атрофида турли туман гап сўзларни кўпайтириб, жиноий иш очишди…
9.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Улуғ ўзбек шоирининг бир фарзанди бир оз шўх ва шодон бўлса, буюк даҳодан бирданига ўч олишга киришиш керакми? Уларни сиёсат ва Сенат майдонидан суриб ташлаш учун шулар етарлими?
Унда юртбошимиз Ислом Каримов қизларининг дунёдаги энг сирли ва сеҳрли гўшаларидан миллион миллион долларга қаср ва кошоналар сотиб олишини қандай баҳолаш мумкин?
Ё бу астрономик рақамли олди сотдилар — “меҳрибон ва ғамхўр отани” Президентликдан олиб ташлаш учун етарли эмасмикан?
Давлат хазинасидаги тиллоларни шахсий тиллоси билан адаштириб қўйган подшо қизларининг бу «шўхликлари» давлат раҳбарига эътироз билдириш учун асос бўлолмайдими?
10.
Эркин Воҳидовни тупроққа қўйганларида қақшамаган одам қолмади.
Бутун миллат йиғлаяпти. Бу дард ҳали вери тинмайдиган кўринади.
Қаердадир ўқиган эдим: тарихда – қадим ўтмишда баъзи шоҳ ва фиръавнлар буюк одамларнинг қабрида дафн этилишларини васият қилиб қолдиришар экан.
Яъни, мени ўша улуғ ва таниқли зот билан дафн қилинглар деб.
Авлиё ва даҳоларнинг оёғи пойида ётай деб васият қиларкан ақлли ва доно шоҳлар….
11.
Подшога раҳмат, ҳар қалай кеч бўлса ҳам, улуғ ўзбек шоирининг қадрига етиш бошланди.
Икки кун кеч бўлса-да, унинг вафоти муносбати билан давлат расмий таъзия эълон қилди. Унинг дафн маросимида Президентнинг яқинлари бориб иштирок этишди.
Мана бугун пойтахтимизнинг “Наврўз” ресторанида Эркин Воҳидовнинг еттиси давлат ҳисобидан маърака қилинди.
Подшога раҳмат.
Лекин шу ўринда ҳақли бир савол ўртага чиқади.
Яна қайтадан шоҳ меҳрига сазовор бўлиш учун Эркин Воҳидов ўлиши керакмиди?
Ўртани совутган, шоҳ билан шоир орасини бузганлар ким?
Бунга албатта биринчи ўринда Президентнинг ёнидаги бугунги адабиёт ва матбуот идеологияси байроқдори Хайриддинлар сабабчи.
Ажабки, тарихда ҳам Мажиддинлар – Ҳиротда бутун бир шоҳликка чоҳ қазиб ўтган. Навоийни, Бойқарони йиғлатган.
Ўзбекистонда бугунги Хайриддинлар бу тарихий хоинликни, ғанимлик ва ғаламисликни «Оқ сарой»да давом эттиришяпти.
Каримов билан Ёқубовларни, Воҳидов ва Ориповларни ёвлаштириб, қирпичоқ қилишмоқда.
Уларни ажалидан олдин ўлимга маҳкум этишмоқда…
12.
Эскилик билан янгилик, ёвузлик билан яхшилик ўртасидаги азалий кураш ҳеч қачон тугамаскан.
Ҳаёт эса барибир давом этаверади. Энди Эркин Воҳидов руҳини шод этайлик.
Абдулла Орипов ҳам ғанимат эканини ниҳоят, тушунайлик, ҳеч бўлмаса энди унинг қадрига етайлик.
Унинг бор эркалик ва инжиқликлари билан бирга, илоҳий бир даҳо эканини ниҳоят англаб етайлик, шу оддий ҳақиқатни худбинлик қилмай тан олайлик!
Ўзбекистонда ҳам, худди хориждаги каби турли байрам ва тантаналар беҳисоб.
Ҳар куни унинг қўшиғи билан ётамиз ва турамиз. Наврўз байрами унинг шеъри билан бошланади. Нафақат Наврўз, балки Ўзбекистондаги барча байрамларда унинг мадҳияси янграйди.
Лекин шу даврада тирик Абдуллани биров эсламайди.
Унинг – аллақачон зиндонга айланган «Дўрмон»даги чорбоғида ойнаи жаҳонга қараб, кўз ёшу, дилда тош билан мунғайиб ўтирганини биров хаёлига ҳам келтирмайди.
Бас қилайлик ёввойиликни! Ёғийликни тўхтатайлик!
Бас қилайлик адолатни оёқ ости қилишни!
13.
Ислом ака барибир зийрак одам.
Эркин Воҳидовнинг бу вафоти билан у киши бир сесканиб уйқудан уйғонсалар ажаб эмас…
Хайриддин ниқобидаги «Ғайри дин» ва «Вале»лардан, қуён, сичқон тимсолидаги Муҳаммад Алилардан саройни тозалаш пайти келди.
Шоядки Абдулла Ориповни улуғ ва мўҳташам, ёруғ ва каҳкашон давраларда яна кўрсак.
Бир йилдирки азамат ўғлидан айрилиб, юрак бағри адойи тамом бўлган Ҳалима Худойбердиевани эслаб қўйсак.
Чорак асрдан бўён ижодий қуёши тамом сўндирилган тоза виждон соҳиблари Гулчеҳра Нуруллаева ва Дадахон Хасанларга ҳаётлигида адолат қилсак.
Ўзбек классик адабиётининг чуқур билимдони, ажойиб ва донишманд инсон Жамол Камол каби бетакрор истеъдодларнинг тириклигида қадрига етсак.
17 йил Мустақиллик зиндонида ноҳақ жабр чеккан, лекин ҳеч қачон букилмайдиган ва бўйин эгмайдиган «Ўлмас қоя» — Мамадали Маҳмудовнинг ҳурматини жойига қўйсак, Ёдгор Обид, Муҳаммад Солиҳ, Юсуф Жума каби халқимизнинг асл фарзандларини, бетакрор истеъдод соҳибларини олис муҳожирликдан чақириб олиб, ўз юртида эмин эркин ижод қилиш имконини берсак…
Шояд шоҳлик даври якунининг қоронғу ва зулмат гўшаларини — олдинги хатоларни тўғрилаш каби хайрли ва савобли ишлар билан нурафшон этсак, ёритсак…
14.
Хайриддинлар даврида биз адабий ва маданий ҳаётимизда жуда кўп адолатсизликка йўл қўйдик.
Буюк Одил акага ҳам шундай бағри тошлик қилдик. Унинг муборак ва улуғ номи ҳануз абадийлаштирилгани йўқ. Руҳи ҳануз шодланмади…
Унинг руҳини улуғлаш билан буюк ва муборак номини ҳам абадийлаштириш керак.
Умрининг сўнгги йилларида мутлақо кўринмай қолган, Қаҳрамон шоир учун ёпиб қўйилган Ўзбекистон телевидениясида Эркин Воҳидов шеърлари баҳсини уюштириш лозим. Энди ҳеч бўлмаса, унинг ўзи ўқиган дилбар шеърлари суратга туширилган видео лавҳаларни эълон қилайлик.
Токи, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган буюк шоирнинг ҳаёти ва ижоди ёшларимиз учун ибрат ва садоқат мактаби бўлиб хизмат қилсин…
15.
Улуғ ва беназир инсон Эркин Воҳидов вафоти — шояд кўпларнинг кўзини очса.
Манинг назаримда Эркин Воҳидов вафоти муносабати билан ер ларзага тушди.
Ўзбекистон бир қалқиди.
Машҳур ўзбек шоирининг бу ўлими шояд Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги ғафлат бандаларининг кўзини очса.
Бу буюк йўқотиш — шахсан президент учун аччиқ сабоқ бўлишини истардим.
Чорак асрлик мустақиллик даврида қўлга киритилган ютуқлар билан бирга жуда кўп хато ва камчилик, йўқотишлар ҳам бўлди.
Камчиликларни тугатиш мумкиндир, лекин йўқотганларимизни энди қайтиб тополмаймиз.
Эркин Воҳидовсиз яшаш энди оғир бўлади. Президент учун ҳам, ўзбек халқи учун ҳам…
Сўнгсўз ўрнида:
Бугун Тошкентда ўтказилган «Наврўз»даги маъракада — Абдулла Орипов Эркин Воҳидов хотирасига бағишлаб ёзган шеър одамлар оғзида тилдан тилга кўчиб юрди.
Биз ҳам бугунги маҳзун дилномамизни Қаҳрамон шоирнинг ушбу янги шеъри билан якунларканмиз, Президентга ва халққа қарата: «Ҳеч бўлмаса энди Абдулла Ориповнинг ҳурматини ўрнига қўяйлик. Тириклигида унинг қадрига етайлик!» деб ҳайқиргимиз келади:
Шоир Эркин Воҳидов хотирасига
Роса тортишдилар ер билан осмон,
Шафаққа айланди яноқлар чунон.
Шоирни меники дер эди само,
Меники дер эди она ер аммо.
Шоир-чи, куйлади иккаласин ҳам,
Заминдан куч олди, самога ҳамдам.
Саксон йил чорлашди ўртага олиб,
Охир тортишувда Ер чиқди ғолиб.
02.06.2016
Эркин аканинг жойлари жаннатдан бўлсин.
Яратган Эгам у кишининг оиласи, фарзандлари ва мухлисларига чиройлик сабр берсин.
Омин!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
5 май, 2016 йил
24 шарҳ
-
Президент ҳалиям инсофли экан, унинг юзини ерга қаратганига қарамай, ўлганидан кейин бўлса-да, ҳурматини жойига қўймоқчи бўлибди. Қаҳрамон ва сенатор бўлган бу шоир тахтда бўлганида бировни бир тийинга олмасди. Ҳамкасбларини ҳам оёқ учида кўрсатарди. Ҳатто Президентга ҳам таъна қиладиган бўлди. Маломат тошини отди. Агар ўзингиз президент бўлганингизда нима қилган бўлар эдингиз?
-
Эркин Вохидов халк юрагидан хеч ким сикиб чикара олмайди…Бош вазир мархум хонадонига ташриф буюрди…Президентда нима айб тушунмайман…Туфли йиртилса, шамол ойнани синдирса, молни сути камайса…ПРЕЗИДЕНТда нима айб…Президент атрофида бари Юрак куенлар булса…бу миллатимиз минталитети…куен юраклик…Сталин бобо хам 30-40 йилларда ШЕРЮРАКларни улдирдилар…колганини…25 йилда томошабинмиз…АЙБ узимизда…НЕГА ОЙНАда айб башарамиз КИЙШИК булса…мана бир ШЕРЮРАКимиз Канададаку…
-
Хечдан кўра кеч яхши деганидек шунисига ҳам шукур, Исмат ака. Лекин узбек халки хеч качон халк булмаган. Ислом Каримовни емон деймиз, диктатор деймиз, бошка яна нима килиши керак презедент бу нобакор ва ношукур халк учун. Бу калласи ишламайдиган хушомадчи кулсифат халкга Каримов жуда мос. Шунинг учун сиз макола ёзиб, узингизни кийнаб, овора булиб юрманг. Узбекистонни узини уз йули бор, биз хич кимдан кам эмасмиз кам бумаймиз хам. Бизни келажагимиз жудаям буюк. Агар бизни кимлигимизни билмокчи бусайиз, биз курган иморатларнинг пойдеворига каранг. Улар яна 25 йил, 50 йил бемалол чидаб беради бу тузумга…
-
Исмат ака, сиз қалби дарёдек тиниқ Ватанга содиқ жасоратли ижодкорсиз. Айнан сизлар бор экансизлар мамлакат эртанги кунидан кўнглимиз тўқдир. Сизлар инсон қадрини биладиган ватанпарварсизлар. Бирон сиёсий партия тузсаларингиз сафларингизга кирамиз.
-
Ҳамма бало шундаки ИАК ни ичи қора кўралмайдиган касалига дучор бўлан. Э.Вохидов халқ қалбида мангу қолади. И Каримов эса тарихда яхши ном билан қолмаслиги хозирдан маълум. Исмат Хушев бу воқеаларни маромига қуйиб ёзяпти. Барака топсин Ислом акаси айтгандай…
-
“Ислом ака барибир зийрак одам.
Эркин Воҳидовнинг бу вафоти билан у киши бир сесканиб уйқудан уйғонсалар ажаб эмас”.
Деб ёзибсиз. Ислом чол ўйлайдики мендан бошқа одам Ўзбекистонда таниқли эмас деб. Қариганда мияси тормизланиб қолибди. Лекин Исмат ака, сизга барибир қойил қолмай иложимиз йўқ. Юракдан ёзганингиз билиниб турибди, биз ҳам худди сиз Шароф Убайдуллаевни йиғлаб тинглаганингиз каби, мақолангизни йиғлаб ўқидик. Қани энди ҳамма ҳам сиздек ёза олса эди. Лекин кичкина бир танқид ҳам бор, ака. Эркин Воҳидовга икки кун кечикиб, бир оғиз таъзия бергани учун яна шу муттаҳам устозингиздан умид қила бошладингиз-а. “Ислом акага раҳмат!” дебсиз. Нимасига раҳмат айтиш керак бу аблаҳ ва ичи қора, қасос олувчи қўрқоқ ва муттаҳам одамнинг? Ўзбекистонни 25 йил ичида катта холасининг чорвоғига айлантирди-ку. Ўзингиз ҳаммасини кўриб, билиб турибсизку… -
Agar karimovda aql va farosat bo`lganida edi u sizga o`hshaganlardan vatan ravnaqi yo`lida foydalangan bo`lardi. Lekin unga sizga va Sharof Ubaydullaevga o`hshagan halol va iymonli, ista`dodli jurnalistlar kerak emas.
-
Рашид Қодиров Каримовнинг энг ишонган одам эди. Уч срок ишлади. Худди Бош прокурорликка бошқа муносиб одам йўқдай. Бу ғирт бемаънилик эканини ҳамма билади. Энди ишдан кетиб ёмон бўлиб қолдими? Агар тагини олиб кўрса, Каримовнинг ўзи ҳам, Иноятов ҳам бундан бадтар коррупцияга ботган, порахўр ва ўғри бўлиб чиқади. Лекин шу икаласи ҳозир Ўзбекистонни бошқармоқда. Онангни қози зўрласа, дардингни кимга айтасан деган гап бор. Мен фақат шўрлик ва бебахт ўзбек халқига ачинаман, холос…
-
Исмат ака , Эркин Вохидовни битта угли бор ва унинг қамалганини биз эшитмадик.
Куеви эса тугри утирган эди, Президентни жияни Акбар билан аралашган булиши мумкин. -
1 йил ичида 2 буюк чинорлардан ШАЙХ ва ШОИРдан айрилдик.
2 комментария
-
Юракдан ёзганингиз билиниб турибди, мақолангизни йиғлаб ўқидик. Қани энди ҳамма ҳам сиздек ёза олса эди. Мен сафарда эдим кечикиб ўқидим ўртоқларим билан биргаликда.
-
Исмат ака! Ёзилган комментни узизга тугрилаб чикармангда. Эркин Вохидовни угли Хуршид хеч качон камалмаган. Бу 100 %.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
1991-YILLARDA juda xam ko*p ziyoli kishilar IAK TUZOG*IGA ILINDI. IAKni quruq demokratia safsatasiga ishonib. OLDILARIGA TASHLAGAN SUYAKNI PODSHOXNI XIMMATI DEP UYLASHDI. QOLGANI BARCHAGA AYON. DOD-VOY BIR TIYIN.
Ismat aka, Sizga Erkin Vohid vafoti munosabati bilan Dunyo Uzbeklarida qilgan bir haftalik motam va e’lon qilinayotgan barcha maqolalar uchun Katta raxmat
Ҳурматли Исмат ака! Миллатимизнинг ва Дунё аҳлининг буюк бир фарзанди ҳотирасига бўлган буюк ҳурматингизга тан бермасдан имкон йўқдир. Олий раҳбарият ва махсус хизматлар сайтингизни мунтазам кузатиб бориши аниқ бўлди ва улар шоирга ўлимидан кейин мурувват кўрсатишди!
Шоир ўлимидан қувонганлари қанча, сабабчилари кимлар, тазйиқчилари кимлар, қолаверса бузғунчилар кимлар; БУЛАРНИНГ БИРОНТАСИ СИЗНИНГ НАЗАРИНГИЗДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛИША ОЛМАЙДИ ВА ТАРИХНИНГ ҚОРА САҲИФАЛАРИГА АВЛОДИ БИЛАН МУҲРЛАНИШИГА ИШОНАМИЗ!!!
ТЎҒОННИ СУВ БУЗАДИ, ОДАМНИ ЭСА ОДАМ!
АММО ПРЕЗИДЕНТ АТРОФИДА ЎРАБ ОЛГАНЛАРНИНГ ОРАСИДА ОДАМИ БОРМИКАН?
ЮҚОРИ ЭШЕЛОНДАЧИ ЁКИ КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМЛАРИ РАҲБАРИЯТИДАЧИ?
БУГУНГИ АЛОҚА РИВОЖЛАНГАН ЗАМОНДА УЛАРНИНГ СИРЛАРИ ҲАТТОКИ МАРСГАЧА ЕТДИ ҲИСОБИ. УЛАР ФАҚАТ АНТАРКТИДАДАН ҚАСР ОЛИШМАГАН ҲАЛИ.
ЖУДА КЎП ШОҲЛАРГА ҲАТТОКИ ЎЗИНИНГ ЎЛИМИ ҲАМ САБОҚ БЎЛА ОЛМАГАН!ЧУНКИ ТАХТДА ЎЛИШГАН! ТИРИКЛИК ЧОҒИДА ХОИНЛАРНИ КЎРМОҚ ВА БИЛМОҚ ИСТАГАН ШОҲ БИР ТУШИБ ЧИҚСА БИЛАДИ!
ЯХШИ ИНСОНЛАР ОРҚАЛИ ҲАБАР ТОПИШЛАРИНИ КУТАЯПМИЗ!!
Saboq shu: Shoirni devondan quvish mumkin, Vatandan quvish mumkin, lekin xalqi qalbidan hech kim quvolmaydi!
Raxmat sizga muxarrir! El shoirini e’zozlashni elboshi sizdan o’rgansin!
Erkin Vohidovning o’g’li va kuyovining qamalishi tafsilotlarini ham yozib chiqsangiz. Iltimos.
Исмат ака Эркин Воҳидовдек буюк инсонни шунча қадрига етиб бир хафта давомида сизни сайтингиз “дунёўзбеклари”да мотам тутганингиз қанчалик садоқатли эканингизда далолат. Миллат буюкларига эътибор, садоқатни бошқа журналист ва ижодкорлар сиздан ўрганишсин. Ўзбекистон ичидаги ва ташқаридаги брон бир нашир сизни наширингизни ўндан бирича ҳам миллатимиз улуғ сеймосини ёритгани йўқ. Сиз қалби тоза Ватанга содиқ талантли ижодкорсиз. Айнан сизга ўхшаганларга мамлакат тақдирини ишониб топширса бўлади. Бахтимизга соғ саломат бўлинг узоқ яшанг!
Islom Karimov diktator, diktatorlar jaxildor bolishadi lekin qurqoq xam bolishadi. Islom Karimov ishlatib ishlatib song ishdan xaydaydi eki qamo1qqa olib mol mulkini musodara qiladi. Olding ochding degani shu boladi .
Ижодкорлар орасида гап юрарди. Лекин ишонмаган эдим. наҳотки Эркин аканинг ўғли ва куёви ҳалигача Каримов режимининг зиндонларида бўлса? Демак ҳамма гап-сўзлар тўғри экан-да. Бу золим ва қасоскор шоҳнинг жазосини бериб қўядиган кунлар бормикан бу дунёда?
Бутун хоразимда дув дув гап сизнинг сайтингизда беш кундан бўён фақат қаҳрамон шоир эркин ака вафоти ҳақида материаллар берилаётгани. Хамма сизга қойил қолиб, рахмат демокда. Шуни сизга етказишни журналистик бурчим деб билдим…
Замон ҳозирча каримовники бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам Исмат ака ва бошқаларнинг дами ичида. Лекин Эркин Воҳидовга номардлик қилиб, ўлимидан бир кун ўтиб, таъзия беришида мухолифатнинг, хусусан Озодлик, ббс ва дунё ўзбекларининг хизмати катта.
Шундай мақолани кутиб юрган эдик. Раҳмат.
Ҳар бир одам Исмат Хушевдан одамгарчиликни ўргансин. Исмат Хушевни шу пайтга қадар кўролмай келганлар энг муттаҳам ва ифлос одамлар экан. Бир шоирнинг ноҳақ хўрлангани учун унинг вафотини дунё миқиёсидаги шундай катта мотамга айлантирди Исмат ака. Каримов ҳам шу мақолаларни ўқиб, ақли кирган ва икки кун ўтиб таъзия берган бўлса нима дейсиз?
Исматжон Эркин аканинг суратлари ва кизил атиргулларни сайтга кириб хозир кўрдим илохо олло умрингизни узун рискингизни улуғ қилсин кам бўлманг олдингизда таъзим қиламан рахмат ука!!
Исмат ака. Нима учун “Дунё ўзбеклари” бир ҳафтадан бўён мотамда десак, гап бу ёқда эканда. Кўп яшанг, ака. Биз ақлсиз укаларингизни кечиринг, сизни энди тушундик. Раҳмат.
Улгандан кейин бунака илтифот нимага кераги бор? Эркин Вохидовни якинлари хукумат ( яни халкни) пулига утказилган ошга зормикин? Уларга бу нарсани кераги йук.