Қозоғистонда нималар бўлаяпти? Назарбоевнинг кайфияти қалай?
Қозоғистонда нималар бўлаяпти?
Image caption
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Оқтўбеда 19 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодисаларда «диний радикаллар»ни айблаган, аммо расмийлар бирон бир гуруҳнинг номини аташмаган.
Вазирлик воқеаларни «террорчилик амали» деб тасвирлаган.
Душанба куни қозоғистонлик мобил телефон фойдаланувчилари мамлакатда 40 кунлик террордан огоҳлик эълон қилингани ҳақидаги билдириш матнларини олишган.
Президент Нурсултон Назарбоев ҳозирга қадар Оқтўбедаги воқеаларни шарҳламаган, аммо Бош вазир Карим Масимов Президент вазиятни «шахсан назорат қилаётгани»ни айтган.
Хўш, Марказий Осиёнинг энг барқарор ва фаровон давлати бўлган Қозоғистонда нималар бўлаяпти ўзи?
Би-би-си Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори Ерлан Карин ва журналист Сергей Дувановлар билан суҳбатлашган.
Ёшларнинг радикаллашувига сабаб нима?
Би-би-си: Оқтўбеда бунга ўхшаш воқеалар илк бор юз бераётгани йўқ, тўғрими?
Ерлан Карин: Ҳа, ҳақсиз. 2011 йилнинг май ойида Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси бўлими қаршисида портлаш амалга оширилган. Натижада бир киши қурбон бўлиб, икки нафари тан жароҳати олишганди. Масъуллар ўшанда бунинг худкушлик амали бўлганини айтишганди. Аммо кўлами ва берилган қурбонларнинг миқёси бўйича Оқтўбедаги сўнгги ҳужумлар кўпроқ Тараздагисига ўхшаб кетади. Тараздаги теракт худди ўша йилнинг 11 нобяр куни амалга оширилган ва етти кишининг умрига зомин бўлганди. Қурбонлардан беш нафари полиция ходимлари, қолганлари эса тинч фуқаролар бўлишганди. Лекин, тан олиш керак, бу гал Оқтўбеда куч тизимлари яхши ишлашди. Катта сонда қурбонлар берилишининг олдини олишди.
Би-би-си: 5 июндаги ҳужумчиларни сиз кимга нисбат берган бўлардингиз?
Ерлан Карин: Менимча, бу — радикал ячейкаларнинг иши. Чунки бизда аъзолари турли радикал ғоялар тарафдорлари бўлган бу каби гуруҳларнинг фаолият юритиши ҳеч кимга сир эмас. Радикаллашув сабаблари эса, бир талай. Аммо уларнинг ўзаги муайян аҳоли қатламидаги жамиятдан бегоналашув туйғуси ва уларнинг жиноийлашувига бориб тақалади. Мамлакат ичкарисида кечаётган жараёнлардан узиб қолган бир сиқим ёшлар турли ғоялар таъсирига берилишади. Ўз бошларича қандайдир саволларга жавоб топмоқчи бўлишади, турли хом назариялар билан ўз ақлларини бойитмоқчи бўлишади ва қарабсизки, радикал ғоялар оқимига тушиб қолишади.
Image copyright24KZImage caption
Жиноийлашиш ҳолатига эса, 2011-2013 йиллар оралиғида олиб борган тақдқиқотларимиз ва Сурияга йўл солаётган одамлар далолат қилади. Бунда ижтимоий онгнинг бузилиши, турли меъёр, ғоя ва қадриятларга путур етишининг ҳам таъсири бор. Бунга ўхшаш кўпчилик радикал гуруҳлар экстремист бўлиб экстремист эмас, жиноятчи бўлиб жиноятчи. Яъни, ҳар иккаласининг қоришиғи тарзда фаолият олиб боришади.
Биз ўзимиз ҳам 17 та турли гуруҳнинг фаолиятини таҳлил қилиб чиқдик. Бу гуруҳлар Қозоғистонда 2003-2011 йиллар оралиғида фаолият олиб боришган. Биз уларни уч гуруҳга бўлдик: Биринчиси — жиноий гуруҳлар. Иккинчиси — жамоатчилар ва учинчиси — таъбир жоиз, қўпорувчилар.
Бу гуруҳларнинг дастлабкиларига 2003 йилда, Афғонистондан келган собиқ жангарилар томонидан асос солинган. Кейинчалик бу гуруҳлар йўқ этилган. Аммо таг-туги билан эмас. Яъни, уларнинг иккинчи ва учинчи даражали аъзолари вақт ўтиб, Оқтўбе, Чимкент ва Атирау…каби ўзлари яшаб турган минтақаларда худди шунга ўхшаш гуруҳларни ташкил қилишган. Ҳозир эса, менимча, биз 2011-2013 йилларда мавҳ этилган гуруҳларнинг қолган-қутган аъзолари билан тўқнаш келиб турибмиз.
Би-би-си: Якшанба кунги отишмаларнинг «Ер тўғрисидаги» қонунни ислоҳ этилиши юзасидан Қозоғистоннинг турли минтақаларида келиб чиққан оммавий намойишларга бирор бир маънода алоқаси бўлиши мумкинми?
Ерлан Карин: Менимча йўқ. Яъни, бу икки ҳодисанинг бир-бирига тўғридан-тўғри алоқаси йўқ. Аммо жамиятдан бегоналашув ва турли ижтимоий муаммолар каби бир хил таъсир кучига эга муайян факторларнинг мавжудлиги аниқ. Аммо яқинда кузатилган норозилик намойишлари ва Оқтўбедаги отишмалар орасида бевосита боғлиқлик йўқ, деган бўлардим.
Би-би-си: Умуман олганда, Оқтўбедаги сўнгги вазият ҳақида нима деган бўлардингиз? Оқтўбе Қозоғистоннинг бошқа шаҳар ва вилоятларидан нимаси билан фарқ қилади?
Ерлан Карин: Оқтўбе — саноат шаҳри. Бу ерда азал-азалдан йирик корхоналар фаолият юритиб келган. Яъни, кўплаб ишчиларни етиштириб берган. Жанубий Қозоғистон, маданий жиҳатдан олибқараганда, анчайин анъанадор, қозоқзабон. Аммо Оқтўбе анчайин русийзабон. Айниқса, 20 йилча олдин бу каби ҳолат яққол кўзга ташланарди. Шахсан мен ўзим ҳам аралаш тилли мактабни тугатганман. Шаҳардаги 20 та мактабдан бор-йўғи 2 таси қозоқ тилли эди. Қолган барча мактабларда таълим-тарбия рус тилида берилган.
Би-би-си: Бу каби вазиятнинг вужудга келишида Оқтўбенинг Россия билан чегарага яқин жойлашувининг бирор-бир таъсири бўлиши мумкинми?
Ерлан Карин: Албатта, мавжуд фактор ҳам бу масалада ўз сўзини айтмай қолмаган. Жумладан, 2011-2012 йиллар оралиғидаги гуруҳлар Шимолий Қофқоздаги радикал тизимлар таъсири остида бўй кўрсатишган. Радикал йўлга кирган ёшларнинг онглари эса, Шимолий Қофқоздаги яширин таълимотчиларнинг ғоялари билан суғорилган. Бунга Саид Бурятский мисол. Айрим маълумотларга кўра, бу шахс, ҳатто, минтақага келиб, ўз тарафдорлари билан учрашиб турган.
Ҳодиса ҳақида икки хил фараз
Би-би-си: Ҳукумат террорчилик амали ҳақида гапираяпти. Сизнингча , Оқтўбеда нима содир бўлди?
Сергей Дуванов: Бу ерда икки хил «ишчи» фараз мавжуд. Биринчиси — ҳукуматдагилардан кимдир Оқўрдага ўз кучини кўрсатиб қўйиш ва шу тариқа вазиятга таъсир кўрсатишга уринмоқда. Бу ҳақда биз фақат тахмин қилишимиз мумкин.
Иккинчи фараз — жамиятда етилиб келаётган экстремистик ва радикал кайфиятлар ниҳоят, бўй кўрсата бошлади. Қозоғистонда Ислом динига амал қиладиганлар сони тобора кўпайиб бормоқда ва улар орасида радикал кайфиятдагилари ҳам оз эмас. Ҳозирча қуролсиз. Аммо эндиликда уларнинг қўлларида қурол ҳам пайдо бўлиб, уни ишга солганликлари ушбу радикализмнинг ташқарига чиқа бошлаганини кўрсатади. Ўйлашимча, ҳукуматга бу фараз маъқул эмас, чунки бу ҳолатда мамлакатга сармоялар келиши тўхтаб қолади. Бу беқарорлик кўрсаткичидир. Фикримча, ҳукумат сиёсий ўйинлар ҳақидаги фаразни биринчи ўринга олиб чиқади ва бунинг учун жавобгар одамни тайинлайди.
Би-би-си: Оқтўбедаги воқеаларнинг Ер Кодексига ўзгартишлар боис яқинда юз берган ижтимоий норозиликларга алоқаси борми?
Сергей Дуванов.: Йўқ, менимча бу иккита параллел тенденциялар. Бир томондан, бу фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий фаоллик, иккинчи томондан эса, бу радикал исломчиликнинг кўриниши. Улар менинг назаримда, ҳеч қачон кесишмайди ва кесишмаслиги ҳам керак. Бундан ташқари, улар мақсад ва йўналиши бўйича бир-бирига қарши. Биринчи кўриниш-анчайин демократик, тинч, тараққиётга, нормал демократик муносабатлар, ҳокимият билан мулоқотга йўналган. Иккинчиси эса, ўзингиз биласиз, террорчиликнинг тинч кўриниши бўлмайди.
Би-би-си: Душанба куни Қозоғистон махсус хизматлари матбуот брифинги ўтказиб, таниқли қозоқ ишбилармони Тўхтар Тўлешов давлат тўнтариши ҳозирлаганини айтишди. Қозоғистон КНБ си вакили унинг шериклари деб гумон қилинганлар қўлга олинганини маълум қилди. Улар орасида юқори мартабали мулозимлар, ҳуқуқ-тартибот ва куч тизимлари вакиллари ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Оқтўбедаги отишмалар билан бир вақтда янгради. Сизнингча бу тасодифми?
Сергей Дуванов.: Бу икки воқеани бир-бирига боғлаш қийин. Нима учун бирини иккинчисига тақашаётгани мен учун тушунарсиз. Жаноб Тулешов анча россияпараст одам, кўпгина россия ватанпарварлик ташкилотларининг аъзоси. Уни Россияда жуда ҳурмат қилишади, исломий кайфиятлар унга бегона. Менимча, уни бу фожиага боғлашолмайди. Унинг шериклари деб гумон қилинган одамларнинг ҳибсга олинишига келсак, улар Тулешовни, бизда айтиладигандек, «крышевать» қилган шахслар бўлиши мумкин. Яъни унинг фаолиятидан хабардор бўлганлар. Аммо ҳозир Тулешовнинг нима билан машғул бўлгани ҳақида гапириш жуда қийин. Ўйлайманки, бу одам қандайдир сиёсий ўйинларга қўшилган бўлиши эҳтимоли кам. У бутунлай бошқа тоифадан. Сиёсат билан шуғулланмаган, биронта ҳам партияга аъзо бўлмаган. Сиёсий доираларда унинг танишлари йўқ эди. Билишимча, молиявий корчалонлар билан ҳам олди-бердиси бўлмаган. Ҳар ҳолда, у эгалик қилган пиво заводи билан давлатни тўнтариш имконсиз.
Би-би-си: Хабар қилинишича, Тулешов январ охирида бутунлай бошқа айблов-гиёҳванд моддалар сақлаш ва жиноий гуруҳни молиялаш айблари билан ҳибсга олинган. Бир неча ой ўтиб, айбловлар тубдан ўзгарди. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?
Сергей Дуванов: Бу саволга мен жавоб беролмайман. Ўйлашимча, нима учун бундай қилинганини биз кейинроқ тушуниб етамиз. Ҳозир уни 21 май воқеалари, яъни Ер Кодексига қарши норозиликларга боғлашаяпти. Гўёки у норозиликларни олдиндан молиялаган. Лекин уни йил бошида ҳибсга олишди-ку, намойишлар эса кейинроқ, май ойига келиб содир бўлди. Бу ерда бошқа бир мантиқий занжир ҳосил бўлаяпти. Норозилик намойишларига тайёргарликлар ва намойишлар чоғида ҳибсга олинганларнинг ҳаммасини ҳукм қилиш учун уларга буюртмачи керак. Шунда ҳаммаси бир-бирига мос келади. Бунгача «американики» деб айтилган пуллар энди «тулешовники» бўлади. Аммо бу ҳибсга олинганларнинг аҳволини енгиллаштирмайди. Қайтага, энди улар Тулешовнинг шериклари сифатида маҳкум этиладилар.
ББС
Оқтўбе: Гумондорлар номлари эълон қилинди
-
7 Июн 2016