Дадахон Ёқубов: Бу улуғ инсон дарё эди, уммон эди
Азиз дўстим Исматжон!
Миллатимизнинг фидоий фарзанди, буюк инсон ва шоир Эркин Воҳидов вафот этди.
Бу улуғ инсон дарё эди, уммон эди. Сўзлари забаржад-гавҳар эди. Бошларига дўппи кийиб, қайга борса ғоз юрувчи ўзбегим бошини эгиб, бугун бу зотни абадият сари кузатиб қолмоқда.
Қайғу ва аламларимизга, яқинларининг дардига Аллоҳнинг ўзи сабр берсин. Доҳо шоиримизнинг ашъорлари ҳали кўп замон йўлимизни ёритиб туради, дилларимизни нурга кўмади. Аллоҳ раҳмат қилсин!
Сизга юбораётган эски мавзулардаги шъерларимга ҳам улуғ устоз мисралари илҳом бағишлаган эди.
Эҳтиром ила Дада Зафар
ҚОРАҒЎНОН
( достон )
Дарёлар, водийлар, денгизу тоғлар,
Табиат кўркининг ҳаммасидан бор.
Бунда шеър бўлиб очилар лола,
Бунда эртак бўлиб етилар анор.
Эркин Воҳидов.
Аслида эртакдир бу ёруғ олам,
Қувонч ва ташвишдан тизилган кечмиш.
Ҳар зарра мўъжиза жумбоқли қатлам,
Шоирга бир орзу уларни ечмиш.
Қанча сирлар билан оқар Сирдарё,
Оролга етолмай қумга сингийди.
Тянь-шань бошида муз-қор камми-ё,
Сунъий денгизларга Аму мунғийди.
Эртакмас афсона бугун анорлар,
Дашнабод анорларин кўкси бўлди доғ.
Лола ғунчалари очилмай сўлар,
Чўлларга айланиб борар хатто тоғ.
Водийда бўш қолган бир қарич ер йўқ,
Ер балки топилар, аммо сув талаш.
Табиат фусункор, кўнглим эмас тўқ,
Иқлим ўзгариши дилни қилар ғаш.
“Ёмонин яшириб, яхшисин ошир!”
Деган халқ мақоли менга ҳам таниш.
Ахир шоир сўзи ҳақиқат ташир,
Дардимни тўкмасам бўлар мақтаниш.
Тушкунлик бошига тушибди деманг,
Ташвиш келтирувчи шодлик надаркор.
Гоҳида ҳайратдан қолгум хангу манг,
Табиат кўринса яна мафтункор.
Қуёш кўтарилар тоғлар ортидан,
Арғувон рангларга борлиқни бўяб.
Гуллар рақсга тушар шамол тафтидан,
Булутлар чўққиларни турарлар суяб.
Зумрад чашмалардан уммон йиғилиб,
Қорадарё оқар водийга томон.
Норинга етмасдан қаттиқ ҳайқириб,
Оқади бошқа бир чашма ёнма-ён.
Бу кичик дарё , номи Қорағўнон,
Уч ёшли тойчоқнинг маьносин берур.
Қорадарё сўзи туркийда ҳамон,
Азим дарё деган ҳикматни терур.
Гўё онасининг ёнида чопар,
Той, ердан қайнаб чиққан Қорағўнон.
Унга бағишлаб эл афсона айтар,
Уни ғўнон дерлар, демаслар дўнон.
У минг йилларки, улғайган эмас,
Бир ҳил қолипдадир ўзани ҳатто.
Сув миқдори ҳам асло ўзгармас,
Қишин ёзин ҳароратда беҳато.
***
Дафъатан оқ ҳаррир рангларни кўрдим,
Сўнг доя кампирнинг нурли чеҳрасин.
Кейин онам томон юзимни бурдим,
Вужудим ҳис этди оқ сут баҳрасин.
Қулоғимга чалинди сирли шовуллаш,
Чўчиб тушдим, йиғидан тўхтадим шу он.
Онамга жўр бўлган ўша аллалаш,
Кейин билсам, айтган шу Қорағўнон.
Уйимиз дарёнинг шундай бўйида,
Шовуллаб аллалайди у кеча кундуз.
Эртаклар туғилар бола ўйимда,
Гўё сувга шунғир минг минглаб юлдуз.
Тунлари ой сузар унинг юзида,
Дарё туби эмиш буюк салтанат,
Дур-гавҳар йиғармиш балиқ оғзида,
Уни қўриқлармиш Қорағўнон от.
Ҳар оқшом дарё қаттиқ шовуллар,
Сокинликни бузар сирли ҳайқириқ.
Бувим эса эртакни эртакка улар,
Билсам улар экан ҳаётга йўриқ.
Дарёда бир ўзинг чўмилма, дерди,
Уни булғатмоқ жуда оғир гуноҳ.
Ёмонларни катта балиқлар ерди,
Қора от қаҳридан йўқ эмиш паноҳ.
Ўшанда ўн икки ёшимда эдим,
Дарёда чўмилар болалар яйраб.
Жазирама иссиқ ҳаво эди дим,
Сувга тортқилашди “қўрқоқ” деб қайраб.
Ўзимни кўрсатиб қўймоқчи бўлиб,
Бошим билан ташлаб, сувга шунғидим.
Шу пайт болалар кулгиси сўниб,
Эртаклар оламига бирдан мунғидим.
Осмон сув ичидан гўёки шиша,
Атрофда балиқлар кўринар қатор.
Дарё тубигача тушдим тирмаша,
Юзага чиқарга қолмади мадор.
Сув юта бошладим, кўзим қорайди,
Гирдобнинг гардиши бағрига ютди.
Ножот, эртакларим яхши тугайди,
Шу он Қорағўнон елкасин тутди.
Унга оёқ тираб, ўнгладим ўзим,
Сузиб чиқиб кетдим, қайтдим дунёга.
Қайтадан туғилдим, шукрона сўзим,
Достоним баҳшида она дарёга.
***
Рўёга айланди тасаввурларим,
Улғайдим, руҳимга кўчди бу ишонч.
Тингласа эртагим набираларим,
Улардек менинг ҳам кўнглимда қувонч.
Аммо ёдга тушар отам сўзлаган,
Дарё ҳақидаги бошқа ривоят.
Урфу одатлардан улар кўзлаган,
Рисқу насибадан қилай ҳикоят.
Оғир уруш йиллари қиш эди совуқ,
Очлик хукм сурар, кулбамиз барак.
Онам эса бетоб, мен эса бола,
Отам жанггоҳларда эди бедарак.
Ундан хат келганди энг сўнгги марта,
Ўтган йил кузида, ҳазонрез онлар.
Олтиариқлик дўстлар тушган суратда,
Ҳушчақчоқ боқишар дўсти ёронлар.
Ўртада Чўянбой Воҳидов турар,
Чапда менинг отам жуссаси йўғон.
Ўнг ёқдан Воҳидхон Валиев боқар,
У ўз шеърин бизга қилмиш армуғон.
“Воҳ, ширин кунларимиз ёдимга тушса агар,
Ҳаёлларим тўлғонади, тўлғонади дарбадар.
Бола ширин экан дўстлар, бола ширин шу қадар,
Бола учун жангга кирди, неча миллионлаб падар.
Соғиндим Сени!”
Қўшнилар чиқишди онамни йўқлаб,
Улар суҳбатига солардим қулоқ.
“Ўлсам рози эдим, қорнимни тўқлаб,
Деди, патир нон бўлсайди оппоқ”.
Қўшни қишлоқда бир бечора одам,
Кунжарани егач, ўлибди шишиб,
Элга келган тўй, элга келган ғам,
Почтачи улгурмас қора хат ташиб.
Бошқа бир суҳбатдош деди ўйланиб,
Биз кўчиб кетяпмиз Ойим томонга.
Очликдан болалар кетди қийланиб,
Юрак тўлди жуда алам-армонга.
Адир ёнбағрида бор экан қишлоқ,
Унинг ўртасида сой оқар экан.
Буғдой пайкалларда қолармиш башоқ,
Тўқайлар четида шоли битаркан.
Ёввойи ўрдаклар, ғозлар кўп эмиш.
Одамдек келаркан балиқлари ҳам.
Ҳуллас табиатан унда мўл емиш,
Очлик балосига рисқ-рўз малҳам.
Қиш чоғи дарёдан чиқаркан ҳовур,
Сувлари гўёки қайнаган қозон.
Чет-овлоқ маскан эмиш, ажабтовур.
Йўлга тушаяпмиз эртага озон.
Онам деди, балки биз ҳам кетармиз,
Ўғлим, нима дейсан,сўради мендан.
Уруш томом бўлгач, уйга қайтармиз,
Одамзод чидайди, удир метиндан.
Биз каби келганлар кўп эди бунда,
Адирнинг четидан қаздик ертўла.
Болалар титрашар усти юпунда,
Шоли паҳолидан кўрпа бир йўла.
Қирларга жуда ҳам қор тушди қалин,
Йўллар кўмилган, кўмилди уйлар.
Ертўла ўчоқдан буралар тутун,
Фақат дарё ҳаёт кўшиғин куйлар.
Чов ташлаб дарёга балиқлар тутдик,
Ҳашаклар орасида тус товуқ сероб.
Она-бола баҳорга омон етдик,
Чекина бошлади очлик, истироб.
Колхоз даласида хотин-ҳалажлар,
Биз каби болалар ишларди фақат.
Ҳатто кетмон ушлар бемор-фалажлар,
Атала тегар деб, шу иссиқ овқат.
Етмиш ёшдан ошган Қосимбой бобо,
Яхшилигин аямайди, бригадир.
Ўн икки ёшимда мен ҳам ажабо,
Ҳисобчиман, у-ла ишим биргадир.
Урушдан ҳабарлар келарди ваҳшат,
Душман босиб келармиш пайдарма-пай.
Газетдан бизларга кўрсатди сурат,
Почтачи ани-қирим татар опай.
Унда кулиб турар жангчи бир ўғлон,
Кўксига олтиндан юлдуз тақибди.
Ҳамқишоқ Қўчқорбой бўлиб қаҳрамон,
Эл-юрт дилига чироқ ёқибди.
Оналар қалбида туғилди ишонч,
Боболар меҳнатда кўрсатди кучин.
Болалар қалбида умид ва соғинч,
Ишлардик оталар енгмоғи учун.
Бир кун пахтазордан кечроқ қайтардим,
Қоронғуда учолмай қопти тус товуқ.
Уни ушлаб олдим, ариди дардим.
Менга шу ғалаба, ҳақиқий ютуқ.
Ўша оқшом кулбамиздан ис чиқди,
Онам тайёрлади бир ошам палов.
Таомил, бир коса қўшнига чиқди,
Доим бароридан келсин дея ов.
Яна бир идишга ош солиб онам,
Олиб қўйди, отанг насибаси деб.
Эътироз билдирдим, ўзимизга кам,
Ахир тўймагаймиз иккаламиз еб.
Икки йилки отамдан хат-хабар йўқ,
Келинг, ошни тўйиб ейлик ўзимиз.
Йўқ болам, одатда бор шундай йўриқ,
Деди онам, узулмас рисқ-рўзимиз.
Кўпдан буён палов тотмаган эдик,
Қанчалар ҳузурбахш мўъжиза таом.
Сўнгра она-бола кўсак чувидик,
Пахтани бошга кўйиб, олибман ором.
Қандайдир шарпадан уйғондим чўчиб,
Ертўлага кирибди нотаниш одам.
Унинг ош исидан димоғи чучиб,
Отам насибасин ошарди шу дам.
Онам ҳам ётарди қўрқувдан титраб,
Ўғрининг ёнида ўткир ойболта.
Кўзимга кўзи тушгач, мен томон қараб,
“Жим” дея сўзини қилди у калта.
Асра, деб илтижо қилдим ҳудога,
Онам билан менга ўзинг бўл паноҳ.
Қорни тўйгач, қўлин очиб дуога,
Зиён етказмасдан кетди у, э воҳ!
Уруш томом бўлди, ўтди заҳматлар,
Бағримизга қайтди отам ҳам омон.
Рисқ-рўзга айланди оби раҳматлар,
Умримиз тимсолидир Қорағўнон.
***
Қанча сувлар оқиб ўтди дарёдан,
Ҳудди шундай ўтаверар умримиз.
Биз ҳам бир кун кетсак ёруғ дунёдан,
Авлодлар чанқоғин босар меҳримиз.
Бунда булоқлардан уммон яралур,
Бунда чашмалардан йиғилар эртак.
Бунда кўҳна тарих қайта таралур,
Бунда эзгуликдан туғилар истак.
Бунда офият ёр гулзор чаманга,
Маликаи давронга ашъордан тож.
“Ҳусни ганжинг закотин бер манга,
Сен Ғанийсан менда бисёр эҳтиёж.”
Эҳтиёж шул эрдиким, Моҳларойим,
Ўн икки ёшида бироз бетобдир.
Ўзинг шифо бергин, унга ҳудойим,
Юрак сиқилиши ёмон азобдир.
Андижон хокими Раҳмонқул Бек,
Ҳатто Чиндан олиб келди табиба.
Ёлғиз қизчасининг ранги самондек,
Кундан кунга сўлиб борар ҳабиба.
Ниҳоят энагадан чиқди бир фикр,
Кўнгил ҳушланса гар топади даво.
Сўлим масканларга даркордир сайир,
Боғишамол адирлари жуда баҳаво.
Ота дер, Тешиктош томонга борсак,
Ўнгда Ёмонадир, чап томони сой.
Кўлларда ғозларнинг учишин кўрсак,
Оққушлар рақсида бор ажиб чирой.
Қирларга тикамиз ўтовларимиз,
Жоним қизим, Сизга жуда ёқади.
Бизлар эса ёввойи отлар овлармиз.
Қорадарё ўша ерда оқади.
Табиб деди, жуда ҳушҳаво маскан,
Қорағунон қирғоғи, қайнар булоқлар.
Сувин ичган одам асло тўймаскан,
Қишдаёқ ялпизлар ёзар қулоқлар.
Жаннатмонанд боғлари шарбатга тўла,
Юз йиллик анжирлар буралиб ўсар.
Боғбонларин билишар табиб бир йўла,
Анорлар қиёми минг дардни кесар.
Шифобахш булоқлар сувини ичган,
Қариялар тетикдир юзга кирса ҳам.
Ҳас-ҳашак, ҳаттоки чорвага пичан,
Дон- дун, зироат ҳам ҳар дардга малҳам.
Далварзин қишлоғи кўҳнадир чунон,
Меъмору мироблари ҳунари кулол.
У ерда яшайди табиб онахон,
Ўғли ҳам орифдир, саксон ёшли чол.
Улар инжиқ эмас, лек шарти бордир,
Фақат шу жой бешак муложа учун.
Бунда бўлганларга офият ёрдир,
Қанчалар ҳаётбахш бу азиз очун.
Раҳмонқул қушбеги кўнгли ёришди,
Ойиша биби ҳам сезарди ножот.
Комила қизчани ишонтиришди,
Унда ечилади не бўлса ҳожат.
Қирғиз табиб эди юз ёшли эна,
Ҳиралашиб қолган унинг мардуми.
Комила билагин ушлар ҳамона,
Деди, юраги сиқилган, шишган ҳалқуми.
Айни муддаодир дарёнинг суви,
Бунда не ҳаммаси тенги йўқ сафо.
Тез кунда йўқолур юрак сиқуви,
Ҳеч бир муложасиз топгай қиз шифо.
Бунда табиблардир уста пазанда,
Бунда пазандалар табибдир асли.
Гард-ғубор қолмагай вужуди танда,
Тановул қилинса кўк баҳор фасли.
Қирларга тикдилар ўтовларини,
Бир ойда ҳасталик тарк этди беиз.
Энага тутдилар атовларини,
Миннатдор эдилар ота-она, қиз.
Табиба онахон эди зўр ноқил,
Тақдирдан сўзларди ривоятларда.
Башорати кўп ҳолда бўларди доҳил,
Миш-мишлар юрарди вилоятларда.
Ойим кел, деди у, кўриб қўяйин,
Юрагинг мароми жуда ҳам яхши.
Ҳусни жамолингни бахтга йўяйин,
Юзларинг қирмизи олманинг нақши.
Ойим қизим, сенга ривоятим бор,
Ундан маъно териш барчага ҳисса.
Пешонангда юртнинг тақдири душвор,
Тақдири азалда тенг қувонч-ғусса.
Нотоблик ўрнини офият олур,
Мунглиғ дил ўрнида қулф урар шодлик.
Балки фол таъбири ўшалмай қолур,
Аммо матлаб олис, шоён озодлик.
Гоҳ офоқ сафо, гоҳ тийрадир жаҳон,
Мавзунга ҳамиша кўз тикар манхус.
Бало офатларга сабрдир имтиҳон,
Солиҳлик тақдиран эзгу тахассус.
Бугун сен Комила, бахтиёр қизча,
Эртага малика Моҳларойимсан.
Ҳеч ким севолмайди Ватанни бизча,
Эли юрт дардига малҳамойимсан.
Маликаи Даврон маскани дарбор,
Сенга инъом инжу, шу Қорағунон.
Илму маърифатга бериб эътибор,
Гуллагай шу тупроқ, музофот Қўқон.
Шоираи Даврон бўлмоқ сенга эш,
Она деб эъзозлар жумлаи мардум.
Меҳрингга эхтиёж тугамагай хеч,
Минъбат ашъорларинг элдадир удум.
Озодлик, ҳурликнинг ёруғ юлдузи,
Ғофил сўқирларга чироқ ёқарсан.
Осмонга йиқилар юлдузлар ўзи,
Оловли йўл солиб огоҳ этарсан
Табиба онахон шарафи учун,
Уни атадилар ойим эна деб.
Андижон хокими шод эди, мамнун,
Катта эҳсон берди, эл ғамини еб.
Бунда янги қишлоқ этилди бунёд,
Янги уйлик бўлди ойим эна ҳам.
Қурувчи асирлар этилди озод,
Иморатлар ўзларига инаҳам.
Шифохона учун бино тикланди,
Дарё қирғоғида мевазор боғлар.
Моҳларойим номи билан боғланди,
Ойим қишлоқ яшар ҳатто, шу чоғлар.
Қишлоқнинг шимолида Қорадарё,
Жанубин ўпиб оқар Қорағунон.
Бунда афсонамас яшайди рўё,
Бунда шовуллаган дарёмас- армон.
***
Бунда шовуллаган дарёмас армон,
Бунда оқаётган сув эмас кўз ёш.
Кўкдан боққан Ой эмас –жанон,
Сувда чўккан тош эмас-бардош.
Сувни шовуллатган тўлқинмас-ғўнон,
Нени у излайди минг йилдан буён.
У ёқдан бу ёққа дарё кечади,
Истироб чекади қилади исён.
Бувимдан эшитганим балки афсона,
Ёки эл тилида юрган ривоят.
Болаликда санардим уни ростмона,
Ҳозир ҳам ишончла қилгим ҳикоят.
Осмону фалакда юлдузлар милт-милт,
Тўлиной нур сочар маҳзун-зафарон.
Бир уйдан шамчироқ кўринар йилт- йилт.
Бедор ўтирарди кекса отахон.
Ўғлию келини жангу жадалда,
Бутун юрт шаҳрини этар ҳимоя.
Набира қизчаси Ойларой далда,
Лек уруш қурғурда йўқдир ниҳоя.
Душман бу масканни қилганди қамал,
Далбарзин деворлари қуларди қатор.
Мудофаа қўрғон- мустаҳкам тамал,
Аммо очлик балосидан одамлар ночор.
Бобоси ёнида озод ва қувноқ,
Ширин тушлар кўриб ухлар Ойларой,
Отахон дилида ҳовотир, қийноқ,
Борган сари яқинлашар ёв, дод-вой.
“Энди қизим, тойчоғинг бўлди ғўнон,
Унинг номин атасак Қорағўнон.
Деди бобо ҳўсиниб, аҳвол ёмон,
Ёв шаҳар деворин этибди яксон.
Қораподшоҳ берганмиш фармони олий,
Қатли ом қилармиш ёшу қарини.
Мен-ку кўп яшадим, яқин ажалий,
Асраш зарур болаларинг барини!
Лек улар дарёдан сузиб ўтолмас,
Қороағўнон буни уддалар осон.
Беш-олти болани миндирсак толмас,
Сувда сузмоқликда удир бенуқсон.”
Ўчоқдек ёнарди шаҳарда уйлар,
Оламни тутиб кетди шовқин, нола.
Хотин-ҳалаж қайдадир уввос йиғлар,
Ўтиндек ёнарди бешикда бола.
Ой ҳам ёруғ эди, тўлин ой ёруғ,
Ҳилватни ҳайдарди дарё лабидан.
Гўё қозон каби кўтарилар буғ,
Кеч куз исинарди унинг тобидан.
Болалар титрашар, кун совуқ эди,
Аммо ноиложки, сувда сузмоқ бор.
От буйруқ кутарди, Ойларой деди:
“Нариги қирғоққа олиб ўт шунқор!”
Даслаб ўн-ўн беш, сўнг юз бола ўтди,
Ғўнон ҳам чарчади, чарчади қиз ҳам.
Энг охири ўзи минди отига,
Қорабайир учди кўкда чинакам.
Тулпор минган паришта шарта ўзин,
Асов дарёга оққуш мисоли отди.
Душман лашкарлари ололмай кўзин,
Ҳайратдан тош каби соҳилда қотди.
Барчаси баробар юз чандон ёғий,
Камондан ўқ узди қизча ортидан.
Тегди! Деб бақирди бир бурни қирғай,
Ойларой ажралди отнинг сиртидан.
У оқиб борарди, юзлари оппоқ,
Оти ҳам ортидан сузарди гирён.
Тутолмас панжасиз, ундадир туёқ,
Дарёнинг юзида оқар эди қон.
Қорағўнон ножот сўраб, кишнарди,
Тўлин ой аксини у кўрди сувда.
Икки ой дарёда оқиб борарди,
Қайбири Ойларой билмас қўрқувда.
Тонгга яқин битта ой сўнди,
Иккинчи ой ҳам қолди кўринмай.
Бутунлай аҳлин йўқотиб энди,
От ўз эгасин излар эринмай.
Гоҳ оқим томонга, гоҳ эса акси,
Сув ичида довдирайди қора от,
Тунлари шовуллашнинг тутади саси,
Кундузи кўзларга кўринмас, ҳайхот!
Минглаб йиллар ўтсада ҳамон,
Сув кечиб юрармиш ўша қора от.
Дарё номи ҳам бўлиб Қорағўнон,
Шу азиз тупроққа бағишлар ҳаёт.
Дарё қирғоғида Далварзинтепа,
Ватан тарихидан сўзлар ҳикоят.
Ой бўлиб осмондан беради шарпа,
Тунлари ёрёуғдир, ёруғ бағоят.
Неча юз аждодлар ўтдилар бундан,
Умрлар мисоли оқади дарё.
Шу сувла тупроқдан жон ,жисм ҳам шундан,
Қайта туғилгандек бўларман гўё.
Бунда Ватан онажон мангу тирик,
Ҳар томчи, ҳар гиёҳ,тошига биз жон.
Авлод ва аждодларим боғлар кўприк,
Ўтмиш ва келажак яшар ёнма-ён.
Ҳеч қачон қурима, эй она дарё,
Ҳеч қачон қурима ўлан тўшагим.
Бунда сўзлаганим эртакмас рўё,
Дарё каби тошиб, келур яшагим.
Бунда чопаётган дарёмас-ғўнон,
Бунда оқаётган сув эмас-меҳр.
Ватан билан ифтиҳор этаркан инсон,
Достон бўлиб қолар ҳар битта умр.
ДЕНГИЗ БЎЙИДА
Пушкинни ўқидим денгиз бўйида,
Мен бирла китобни варақлар шамол.
Турфаҳил ҳаёллар инсон ўйида,
Қайтадан тирилса шоир эҳтимол.
Нега қояларни чарҳлаган уммон,
Нега майин қумлар тўшаган қирғоқ.
Қора денгиз туби сирлидир ҳамон,
Тўлқинлар шовуллар, тунлар чинқироқ.
Илоҳий китоблар этгандек баён,
Оламни сув ювиб кетгани аён.
Ўша дахшат изин қолдирган ҳар ён,
Аллоҳнинг иродаси тириклик омон.
Сув қайтгач ортида Орол қолибди,
Каттароқ кўлмакдай мавж урар Каспий,
Қора денгиз ўртадан жой олибди,
Ўрта Ер тинганин дейдилар нисбий.
Дунёни қучоқлаб, аллалар океан,
Бир неча номдадир ягона она.
У бешик тебратар, ҳаёт бор экан,
Шу боис булутлар бошда парвона.
Эркинлик рамзидир булутлар, осмон,
Кимсасиз саҳролар гўёки қафас,
Бўронларда йиқилган у соҳибқирон,
Навоийдан таралган эзгу наво-сас.
Қалбимга жойлабон саҳро қумларин,
Ичида жавоҳир ютдим, кемирдим.
Кўнглига жойлаган денгизни Пушкин,
Мен эса дўппим-ла паққос симирдим.
***
Ҳайир эй, алвидо ножилов қудрат,
Сўнгги бор турарман сенла юзма юз.
Мовий тўлқинларни аллала, тебрат!
Тенгги йўқ ҳуснингга тўймоғим жоиз.
Яқин дўстим каби видолашарсан,
Бунчалар қўшиғинг бўлмаса мунгли.
Дардимга шериксан нидолашарсан,
Таскин топсин дейсан шоирнинг кўнгли.
Қалбимдан орзулар тошар лимо –лим,
Қирғоққа урилган тўлқин мисоли.
Бу ерлар азиздир, туманли, сўлим,
Булутлар денгизнинг ҳаррир рўмоли.
Қанчалар севаман сенинг чорлашинг,
Бежаранг шовуллаб қиларсан нидо.
Ва сокин тунлари ёлғиз зорлашинг,
Ҳамда ғазабингдан асрасин ҳудо!
Балиқчи кайиқлар бунга кўниккан,
Чидайдилар бўлсанг ҳам инжиқ.
Умидга юз тутур ҳар битта елкан,
Сузарлар бағрингда тақдирлар аччиқ!
Мен эса ҳеч қачон тарк этолмадим,
Ҳилватга кўмилган қирғоқларингни.
Тарифингни Байрондек битолмадим,
Ҳис этиб армон у фироқларингни.
Шоир бўлиб васлингга етолмадим.
Сен кутардинг, сен чорлардинг, мен асир,
Аммо беҳудага талпинган юрак.
Интилсам ҳам бу қирғоқлар қасир,
Қанотсиз қуш учмас, қанотсиз тилак.
Қаёққа ҳам бошим урардим яна,
Афсуски бесамар отланган йўлим,
Сенинг ҳадсиз кенгликларингда мана,
Кўксимга санчилди улкан бир ўлим.
Унда бир қоя бор шуҳрат зиндаси,
Унда мангу ухлайди вақт ва замон.
Унда майдалайди узлат кундаси,
Унда сўнган ҳаттоки –Напалион.
Унинг ортидан бўрондек шошиб,
От чоптириб кетди Байрондек доҳо.
Тафаккур хукумдори тўлқиндай тошиб,
Дунёни забт этиб, топди интиҳо.
Озодликни қумсаб, истироб чекиб,
Кетди у, қолдириб шоирлик тожин.
Шовқин сол, додлагин, денгиз энтикиб,
Унинг қўшиқларин тўлагин божин.
Сенинг қиёфангга у эди монанд,
Фақат сенинг учун яралганди у.
Сен каби қудратли, тубсиз, ҳафачанд,
Хассослик ўти деб қаралганди у.
Усиз дунё ғариб, қолди ҳувуллаб.
Қайларга бошлайсан мени океан?
Тақдирдан неларни топамиз излаб,
Йилт этган манфаат кўринар экан,
Йўқ унда маърифат, бор унда тикан.
Алвидо денгиз! Алвидо, унутмам!
Мени мафтун этган шу чиройингни.
Тўлқинлар шовқинин асло унутмам,
Тунларинг ёритган тўлин ойингни.
Жим, сокин турувчи ўрмонлар аро,
Ҳам саҳрою даштлар ичра ўтарман.
О, денгиз борлигинг руҳимга жо,
Қалбимни тўлдириб олиб кетарман.
31.05.2016.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
3 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Ҳокимятдагиларда инсонгарчилик қолмабди. Булар ўлмайдими? Эркин Вохидов юз йил ўтса ҳам эсланади, халқ томондан. Хозирги ҳукуматдагиларни 10 йилдан кейин бронта ит ҳам ислаmайди.
Ҳурматли Шухрат Нормурод! Кечирасизу менимча бугунги хокимиятдагилар нафақат ўн йил, балким минг йилдан кейин ҳам эсланади!
Тарихда қолиб улгуришди. Кундузи ҳаёлдан кетмайди, кечалари тушларимизга кириб чиқишади! Ҳали минглаб мемуарлар ёзилади, ким ўздига!
Қўллари тирсакларигача қонга беланган кимсалар енглик кўйлаклар кийишиб, қўлларини яширишиб, тиллари бирла сайрайдилар!
Ватанни сотган хоинлар, пулини теппага берганман деб вайсайдилар!
Латвиянинг Сунишисидан туриб; ВАТАН ДЕБ ҲАЙҚИРАДИЛАР! ВА СОТИШАДИЛАР…
Эркин Вохидовдек улуғ шахс вафот этади халқ билмайди. Ўз ТВ шармандаларча музека бериш, олди қочди маънисиз кўрсатувлар кўрсатиш, битта “буюк оламшумил шахсни” мақташ билан оввора. Исмат ака, бу ҳукуматни сизнинг устозингиз билан бирга ағдаришимиз керак!