Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов вафот этди
Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов вафот этди
-
2 соатлар аввал
Баҳам кўринг
Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 30 май куни оғир хасталикдан сўнг 80 ёшида оламдан ўтган.
Эркин Воҳидовнинг вафот этгани ҳақидаги нохуш хабар тез тарқалди.
Фейсбукдаги саҳифасида тошкентлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов шундай ёзди:
«Халқимизнинг атоқли адиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов оламдан ўтди. Бу ҳақда менга устоз журналист Шароф ака Убайдуллаев ҳозиргина қўнғироқ қилиб, у кишини ҳукуматга қарашли 1-стационардан олиб келишаётганини айтдилар. Дилбар шоиримиз, ажойиб инсон Эркин Воҳидовни Аллоҳ раҳматига олсин!»
Таниқли шоир ва журналист Фахриддин Низомов Фейсбукда таъзия билдирди:
«Аллоҳ раҳмат қилсин. Бундай миллатни улуғлаган ва унга хизмат қилган шоирлар кам топилади».
Эркин Воҳидов 1936 йили Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган.
1960 йили Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг филология факултетини таҳсил олган.
Шоирнинг «Тонг нафаси»(1961), «Қўшиқларим сизга»(1962), «Юрак ва ақл»(1963), «Менинг юлдузим»(1964), «Муҳаббат»(1976), «Келажакка мактуб»(1983), «Куй авжида узилмасин тор»(1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат»(1992) каби шеърий тўпламлари, «Муҳаббатнома» ва Садоқатнома» сайланмалари нашр этилган.
Эркин Воҳидов истеъдодли драматург сифатида ҳам танилган, «Олтин девор» ўзбек халқининг севимли спектаклига айланган.
Эркин Воҳидов «Ёш гвардия» нашриёти, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда етакчи лавозимларда ишлаган, «Ёшлик» журналига асос солинган 1982 йилдан 1985 йилгача ёшлар журналини бошқарганди.
1980-йиллар иккинчи ярмида Горбачёвнинг «қайта қуриш» замонида Ўзбек халқининг долзарб муаммоларига бағишланган публицистик чиқишлари кўпчиликнинг ёдида.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин Эркин Воҳидов Олий Мажлис қўмиталарини бошқарди.
Эркин Воҳидов 1983 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1997 йили «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Мамлакатда «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони таъсис этилганидан кейин Эркин Воҳидов мукофотланган илк инсонлардан бири бўлганди.
Эркин Воҳидов деганда шеърият мухлислари «Ўзбегим» қасидасини тушунадилар.
Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.
Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.
Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фароб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.
Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча қон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.
Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё — икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.
Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон, ўзбегим.
Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.
Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен — Муқанна, сарбадор — сен,
Эрксевар қон, ўзбегим.
Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.
Маърифатнинг шуъласига
Толпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан оқди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.
Туздию Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк —
Қўйди Нарвон, ўзбегим.
Мир Алишер наърасига
Акс-садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон, ўзбегим.
Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига қул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон, ўзбегим.
Мирзо Бобур — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.
Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.
Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.
Тарихинг битмакка, халқим,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.
Ортда қолди қўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.
Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуълаафшон, ўзбегим.
Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул,
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.
Фахр етарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон, ўзбегим.
Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.
Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.
Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.
Қайга бормай, бошда дўппим,
Шуҳратим, қадрим буюк,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.
Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.
Би-би-си Ўзбек хизмати Эркин Воҳидовнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.
ББС
Ўзбекистон
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов оламдан ўтди
30.05.2016
30 май куни Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 80 ёшида оламдан ўтди. Адиб Тошкент шаҳридаги ҳукуматга қарашли 1-сонли стационарда ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган таниқли журналист Шароф Убайдуллаевга кўра, шоир анчадан бери тўшакка михланган ҳолда ётган ва сўнгги ярим йилда 3 марта инсультни бошдан кечирган.
Тошкентдан олинган маълумотга кўра, Эркин Воҳидов душанба куни кечки пайт оламдан ўтган.
Ўтган ҳафта Озодлик манбалари Эркин Воҳидовнинг тилдан қолгани ҳақида хабар қилишган эди.
70-йилларда шоирнинг “Ўзбегим” қасидаси миллий мадҳия даражасига кўтарилган, 90-йилларда эса у ўзбекларнинг илк миллий озодлик ҳаракати “Бирлик” етакчиларидан бирига айланганди.
Сўнг мамлакат Парламентининг депутати сифатида Ўзбекистон Олий Мажлисининг Парламетлараро алоқалар қўмитасини бошқарди.
Дастлаб ўз ижоди ва фаолияти билан халқ олқишига сазовор бўлган Э.Воҳидов сўнгги йилларда саройга яқин бўлиб, элдан узоқлашгани учун уни ёзғирганлар ҳам кўп бўлди.
Умрининг сўнггида тўшакка михланган ҳолда ётган адибнинг ёнида фақат қизи ва хотини борлиги, уни ҳолидан хабар олгувчи, йўқловчи бошқа бирор кимса йўқлиги айтилди.
Шоирни йўқлаб борган тошкентлик журналист ҳам бунга гувоҳ бўлгани ҳақида ёзди:
«Тилдан қолиб кетадиган аҳволда ётган экан. Борувдик, бир кўрсатишдию, чиқиб кетдик. Ҳеч ким бормаган олдига, ғалати бўлиб кетдик. Хотини ва қизлари нега ҳеч ким келмаяпти деб ҳайрон бўлиб ўтиришибди » деб ëзди тошкентлик журналист 24 май куни.
Эркин Воҳидов 1936 йилнинг 28 декабрида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Воҳидовлар оиласи 1945 йилда Тошкентга кўчиб келгач, бўлғуси шоир пойтахт мактабларидан бирида ўқиган.
1960 йили олийгоҳни тугатган Э. Воҳидов аввал «Ёш гвардия», сўнг Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир, директор бўлиб ишлаган ва «Ёшлик» журналига ҳам раҳбарлик қилган.
Э. Воҳидовнинг илк шеърий тўплами 1961 йилда «Тонг нафаси» номи билан босилган. Шоирнинг жами ўттиздан зиёд шеърий мажмуалари нашрдан чиққан.
Э. Воҳидов драматургия соҳасида ҳам ижод қилган. Унинг «Руҳлар исёни», «Истамбул фожеаси» каби достонлари муштарийларга яхши таниш. «Олтин девор» асари эса йиллардан буён саҳнадан тушмай келаяпти.
Унга 1987 йили Ўзбекистон халқ шоири, 1999 йили Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган.
Шунингдек, Воҳидов собиқ иттифоқ пайти (1983 йил)да Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, мустақиллик йиллари (1997 йил)да эса «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби бўлган.
ОЗОДЛИК
Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов вафот этди
Чоп этилган: 30.05.2016
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов узоқ хасталикдан сўнг 2016 йил 30 май куни кечга яқин вафот этди. Эркин Воҳидовнинг оила аъзолари, яқинларига ва мухлисларига ҳамдардлик билдирамиз. Марҳумнинг жаноза маросими эртага бўлиб ўтади.
Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999), драматург ва жамоат арбоби Воҳидов Эркин Воҳидович 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факултетини тугатган (1960). «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960-63; 1975-82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963-70), директор (1985-87), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982-85) бўлиб ишлаган.
Илк шеърий тўплами — «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) асарларига кирган достон ва шеърларида замондошларимиз ҳаёти, қувонч-изтироблари тўғрисидаги ҳақиқат юксак самимият ва маҳорат билан тараннум этилган.
Тошкент зилзиласи воқеалари билан боғлиқ «Палаткада ёзилган достон» (1966)да халқнинг сабот-матонати, руҳий оламининг гўзаллиги, халқлар дўстлиги ифодаланган. «Ёшлик девони» (1969)да мумтоз адабиётининг энг яхши анъаналарини давом эттирди, кўҳна ғазалга янги, замонавий руҳ бағишлади. 70-йилларнинг охири — 80-йилларнинг бошида ҳаётда рўй берган ўзгаришлар, янгиланишлар шоирнинг «Тирик сайёралар» (1978), «Шарқий қирғоқ» (1982), «Бедорлик» (1985) каби тўпламларига кирган шеърларида ўз ифодасини топган.
Эркин Воҳидов шеъриятида 20-асрнинг 2-ярмининг маънавий муҳити бадиий таҳлил этилади. Унинг шеъри ҳаёт гўзаллиги маърифатини кашф қилиб боради. Зиддиятли, мураккаб дунёда инсоннинг асил ўрни ва яшамоқнинг асил маъно-мазмунини аниқлайди. Эркин Воҳидов шеъриятида инсон шуниси билан қимматлики, у ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан, қарама-қаршиликларидан, ҳаёт диалектикасидан асло кўз юммайди, юз ўгирмайди, балки шу тинимсиз ҳаракатдаги диалектика ичида ҳаёт оқимига, атроф муҳитга, ўзини қуршаган борлиққа дадил, матонат билан фаол таъсир кўрсатишга интилади. Шоирнинг шеъриятида даврнинг безовта, изловчан руҳи ўзига хос, такрорланмас образларда акс этади. Изтиробли ўйлар, ўткир публицистик руҳ, кескин кинояли оҳанг билан тўлиқ етук асарларида ўз даврининг адолатсиз тузумидан норозилик, ижтимоий турғунлик, эгасизлик, қулчилик, машъум якка ҳукмронлик ва маккорона кўринишдаги истибдод найрангларига қарши исёнкор ва туғёнли сўзини айтади. Миллатнинг уйғониши, ўзини таниши, маърифатли оламда бошқа илғор халқлар қаторидан ўз тарихий ўрнини топиши учун қайғуради. Озодлик, зиёлилик ва ҳақиқат Эркин Воҳидов ижодининг етакчи ғояларидир. Бу жиҳатдан Эркин Воҳидов Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Қодирий сингари маърифатпарварларнинг 60-йиллардаги ижодий давомчиси сифатида майдонга чиқди.
Эркин Воҳидовнинг «Орзу чашмаси», «Нидо» (1964), «Қуёш маскани» (1970), «Бахмал» (1974), «Руҳлар исёни» (1978— 79), «Тошкент садоси» (1983) каби асарлари ўзбек достончилигининг етук намуналаридандир. «Руҳлар исёни»да оташин бенгал шоири Назрул Ислом сиймоси орқали ватан озодлиги ва миллий истиқлол ғоялари тараннум этилган. «Ўзбегим» қасидаси (1968) коммунистик мустабид тузум даврида миллий уйғонишимизга баракали таъсир кўрсатди. «Донишқишлоқ латифалари» туркум шеърий асарлари социал сатиранинг ёрқин намунаси бўлиб, уларда халқчил Матмуса сиймоси орқали давр ва ҳаётнинг маълум бир ҳодисаларига ўткир кулгили, ҳажвий муносабат билдирилган.
Ўзбекистон миллий мустақилликни қўлга киритганидан сўнг мамлакатда бошланган маънавий-маърифий юксалиш даврида Эркин Воҳидов шеъриятининг аҳамияти янада ортиб, ёруғ келажакка ишонч, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган юксак маънавий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Эркин Воҳидов драматург сифатида ҳам элга танилган («Олтин девор», 1969; «Истанбул фожиаси», 1985; ва б.). «Олтин девор» комедиясида турли комик ҳолатлар тасвирланади, инсон руҳиятининг турфа хил товланишлари енгил кулги қилинади, «Истанбул фожиаси»да асар қаҳрамонларининг қисмати даврнинг энг муҳим воқеалари — 2-жаҳон уруши, урушдан кейинги ижтимоий-маънавий ҳаётдаги ўзгаришлар, муаммолар билан боғлиқликда ёрқин ва таъсирли ифодаланган.
Эркин Воҳидовнинг «Шоиру шеъру шуур» (1987), «Изтироб» (1992) китобларига кирган мақолалари, суҳбатлари, мумтоз ва ҳозирги адабиётимиз намояндалари ижодини таҳлил этувчи тадқиқотлари ўзбек публицистикаси ва адабиётшунослиги ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
Эркин Воҳидов асарлари чет эл (немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва б.) ҳамда қардош туркий халқлар тилларида («Олтин девор», «Сайланма», «Нидо» ва б.) нашр этилган. Асарлари («Олтин девор», «Истанбул фожиаси») Ҳамза театри, вилоят театрларида саҳналаштирилган, «Олтин девор» комедияси Покистоннинг Лахор шаҳри театрида қўйилган.
Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990-95); 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.
Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983) эди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг саккиз китобдан таркиб топган “Тўла асарлар тўплами”нинг дастлабки тўрт китоби умрнинг тўрт фаслини ифода этувчи ижод намуналаридан иборат бўлиб, “Баҳор таровати”, “Ёз ҳарорати”, “Куз саховати”, “Қиш ҳаловати” деб номланди. Ушбу 4 та жилд шоир ҳаётлигида чоп этилган эди. Шунингдек, 2016 йили шоир ҳақида «Эркин Воҳидов замондошлари нигоҳида» тўплами ҳам нашр этилган эди.
http://ziyouz.uz/
Атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидов оламдан ўтди
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, машҳур ижодкор Эркин Воҳидов узоқ хасталикдан сўнг 30 май куни кечга яқин вафот этди. Бу ҳақда «Ziyouz.uz» портали хабар берди.
Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999), драматург ва жамоат арбоби Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини тугатган (1960).
«Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960–1963; 1975–1982), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963–1970), директор (1985–1987), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982–1985) бўлиб ишлаган.
Илк шеърий тўплами — «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. Кейинчалик «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) сингари китоблари дунё юзини кўрган.
Шунингдек, У Гётенинг «Фауст» асарини, Сергей Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган, Шиллер, Иқбол, Улфат, Расул Ҳамзатов, Леся Украинка, Александр Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983). Шунингдек, 2016 йили шоир ҳақида “Эркин Воҳидов замондошлари нигоҳида” тўплами ҳам нашр этилган эди.
https://daryo.uz
“Дунё ўзбеклари”дан:
Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари, барча яқинлари ва мухлисларига Яратган Эгамдан – Тангримдан чиройли бир сабр тиламиз.
Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган улуғ инсон, халқ шоирини сўнгги йўлга кузатишни истамаган ва эп кўрмаган, унга икки оғиз илиқ сўз айтмаган давлат ва ҳукуматга лаънатлар бўлсин!
Шоҳлар ва подшолар, ҳукмдор ва диктаторлар, Президентлар келиб кетаверади.
Эрта бир кун уларнинг бу дунёга келиб кетганини биров билиб, биров билмай қолиши ҳам мумкин.
Лекин Эркин Воҳидов шеъриятимизнинг порлоқ юлдузи бўлиб ўзбек адабиётида абадул абад яшаб қолади!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
30 май, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
3 шарҳ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
ЎЗБЕКИСТОН ҲАЛҚИНИНГ, ЎЗБЕК МИЛЛАТИНИНГ ДУНЁ АДАБИЁТИНИНГ БУЮК БИР НАМОЁНДАСИ, ЖАМИКИ ИНСОНИЯТНИНГ БУЮК БИР ФАРЗАНДИ БУ ЁЛҒОНЧИ ДУНЁНИ ТАРК ЭТДИ!
ЖОЙЛАРИ ЖАННАТДАН БЎЛСИН, РУҲЛАРИ ШОД ОХИРАТЛАРИ ОБОД БЎЛСИН. ОИЛА АЪЗОЛАРИ ВА ЯҚИНЛАРИГА ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМАН.
ЭРКИН ВОҲИДОВДАЙ БУЮК ИНСОНЛАР ТАРИХДА СОНОҚЛИКДИР. БИЗЛАР ШУНДАЙ ИНСОННИ ТИРИКЛИК ЧОҒИДА БИТТА САРОЙ УЧУН ЙИЛЛАБ МУҲОКАМА ҚИЛДИК!
БУЮК ШОИРИМИЗ “ЯХШИ ГАП БИЛАН ИЛОН ИНИДАН ЧИҚАДИ” ДЕБ ЎЙЛАБ МАЪЛОМАТЛАРГА ҚОЛДИ.
ЖАРНИНГ У ТОМОНИДАГИЛАР ДОИМ ЖИМ!!!
Буюк ўзбек шоирининг жойи жаннатдан бўлсин. Эркин Воҳидов ўзбек халқининг фахри, ўзбек адабиёти, Ўзбекистон тарихида улуғ шоир бўлиб қолажак! Албатта!
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Эркин Воҳидов бугун кечга яқин вафот этибди. Эркин Воҳидовнинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдираман. Оллох Рахматига олсин!
Эркин Вохидов камдан кам бир неча юз йилларда тўғиладиган туғма талантли шоир. Унинг шеърлари оддийлиги, осон ўқилиши, ёрқинлиги, фавқулодда ўткир руҳ анқиб тўриши, айниқса фалсафий ўлмас руҳиятининг устунлиги билан ажралиб туради. Булар бари шундан далолатки – унинг шеърлари нафақат ўн йиллар, юз йилдан кейин ҳам келажак авлодлар томонидан ўқилажак. Шоир шеърлари чуқур фикрлашга дават қилади, ватанни севишга ўргатади, у ёзган шеърлар инсон руҳини жунбушга келтиради, шиддаткор бўлишга ундайди. Бунчалик ёрқинлик даражасидаги ҳис туйғуларни саноқли шоирлардагина топиш мумкин. Улуғ шоиримиз млнлар қалбида яшажак.