"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Сиёсатчи Иномжон Усмонхўжаев ва шоир Эркин Воҳидовларнинг аҳволи оғир…

Бош мақола, Дунё, Муҳаррир минбари | 24/05/2016 02:36-     10743 марта ўқилди

Яхши-суратим Shukhrat Babajanov
КУЙ АВЖИДА УЗИЛМАСИН ТОР
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов тилдан қолибди.
Бу xабарни бугун шоирнинг уйига йўқлаб борган савобталаблардан бири менга етказди.
Шоир тўшакда тилсиз ëтибди. Уйда фақат қизи ва хотини. Шоирни ҳолидан хабар олгувчи ҳам йўқ дейишди.
Ҳар ким ўз дарди билан бўлиб миллат ўз шоирини унутдими?
Бир вақтлар булбулимиз эдику у. Ўз вақтида дардимизни достон қилган ҳам шу киши.
Сўнгги йилларда саройга яқин бўлиб элдан узоқлашганини хато деб билсак ҳам илгариги хизматлари учун у кишини кечирайлик.
Эркин Воҳид деган воқелик косасининг тўла қисмини кўрайлик.
Эркин Воҳид шеъриятга жаранг олиб келди¸ имкони бўлганида миллат¸ тил равнақи учун тили калимага келди.
Эркин аканинг кўзи тириклигида у билан рози-ризолашайлик. Шоирдан сўз қолади. Шу сўз ҳурматини жойига қўяйлик.
Куй авжида узилмасин тор,
Шеър ярмида синмасин қалам.
Яшаб бўлмай умрини зинҳор¸
Бу дунёдан кетмасин одам.
Қўлдан тушиб синмасин қадаҳ,
Лаб текканда тўкилмасин май.
Тўхтамасин уриб турган қалб,
Бошлаб қўйган қўшиғи битмай.
Shukhrat Babajanov's photo.
«Дунё ўзбеклари»дан:

усмонхўжаев

1.
Бугун Шуҳрат Бобожоннинг мазкур мақоласини ўқиб, кеча Тошкентдаги устозимизнинг телефондаги нохуш хабарини эсладим:
«Сиз ёзган «Ўзбекистоннинг биринчи ва сўнгги Давлат котиби» Раҳим Ражабович яқинда Фарғонада дам олиб қайтдилар. Кайфиятлари яхши. Фақат Иномжон  аканинг саломатлиги жиддий даражада оғир эканидан афсус билдирдилар…»
Устознинг бу сўзларидан сўнг, Фарғона билан боғландим.
Олдин Иномжон аканинг аҳволидан хабар олиб, бизга билдириб турган водийлик ҳамкоримиздан вазиятни ойдинлаштиришни илтимос қилдим.
Бу гал Иномжон аканинг уйидагилар ҳеч кимни қабул қилолмасликларини айтишибди…
Нима ҳам дердик. Иномжон Усмонхўжаев — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг бринчи секретари бўлган, Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётида ўзига хос из қолдирган йирик сиёсат ва давлат арбоби.
У ўзининг хато ва камчиликлари билан Ўзбекистон равнақи ва камоли йўлида қўлидан келганича ҳаракат қилган ва маълум ютуқларга эришган сиёсий лидер эди.
Иномжон Усмонхўжаев  қайта қуриш йилларининг энг оғир ва машаққатли, айтиш мумкинки, мураккаб бир даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилди.
 Халқимизнинг гарданига “Пахта иши” ва “Ўзбеклар иши” деган тавқи лаънат ёпиштирилган адолатсиз жамиятга раҳбарлик қилишдек оғир ва шарафсиз бир вазифа тушган эди у кишининг зиммасига.
 Лекин Иномжон аканинг халқимиз учун қилган яхши хизматлари ҳам кўп. У киши ўз даврида Рашидов шахси учун қурбон бўлди…

 

2. 
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари бўлиб ишлаган Владимир Анишчев ўз эсдаликларида шундай ёзади: “Усмонхўжаев ПолитБюро мажлисида икки маротаба Рашидовни ҳимоя қилиб чиққан эди.
Унга тегмаслик керак, унинг халқ орасида обрўйи жуда баланд. Одамлар Сизларни тўғри тушунмайди!” –  деганида  Лигачев унга қарши чиққанини ёзган.
 Усмонхўжаев ҳар қанча бўлса ҳам ҳалол ва тўғри одам эди. Унга нимани ёпиштирган бўлсалар буларнинг бари тўҳмат ва ёлғон эди.
Лекин Иномжон ака булар ҳақида гапиришни, ўзини оқлаб, биз билмаган бу гап сўзларни элга ошкор қилишни истамайди.
Бир сўз билан айтганда,  Иномжон Усмонхўжаев катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. У  улуғ бир инсоннинг ўғли эди. Унинг отаси Бузрукхўжа ака  – Совет тузумини мустаҳкамлаш йилларидаги Ўзбекистон тарихининг ёрқин бир парчаси.
Ота бола – тирик тарих эди.
Отаси Усмон Юсуповдан тортиб Нуриддин  Муҳиддиновлар сафдоши бўлса, ўзи кейинги давр – Шароф Рашидовдан  то  Ислом Каримовга қадар бўлган каттакон бир давр  тенгдоши эди…

 

3. 
Ноҳақ ҳибс этилиб, Сибир совуқларида ўрмон кесиб юрганида турмуш ўртоғидан ажраган  Иномжон ака ўз даври ҳақидаги жуда кўп воқеа ва ҳодисаларни то ҳануз биздан сир тутиб келяпти.
У асли шундай тарбияланган. Ниҳоятда камтар ва камсуқум инсон.
25 минг нафар – Иномжон акадек «Пахта иши» туфайли ноҳақ қамалган ўзбек халқининг аччиқ қисмати ҳақидаги бор ҳақиқатларни халқимизга етказишдек заҳматли бир вазифа бор биз журналистлар зиммасида…

 

4. 
Иномжон Усмонхўжаев   1930 йилнинг 10 май куни  туғилганлар.
Шу йилнинг 10 май укуни у киши муборак 86 ёшга тўлдилар…
Фарғона аҳли у кишининг 80 ва 85 йиллик юбилейларини ўзбек ҳукумати нишонлар деб умид билан яшаб келди.
Энди бу йилги – Кексаларни қадрлаш ва эъзозлаш йилида, ҳеч бўлмаса 86 йиллиги ҳукумат назарига тушар деб илҳақ бўлиб, умид қилганди.
Лекин минг афсуски,  фарғоналикларнинг бу орзу умидлари бу йил ҳам  ушалмади…

 

5.
Худди шунингдек, халқимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидовнинг ҳам кейинги йилларда юбилейларини нишонлаш пайсалга солинди, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоирининг обрў эътибори етарли даражада ўрнига қўйилмади.
Биз бугун олис ва хориж Канададан туриб, Иномжон Бузрукович ва Эркин Воҳидовларга “Дунё ўзбеклари” номидан сиҳат саломатлик ва узоқ умр тилаб қоламиз.
Кўнглимизда фақат бир алам ва ғам бор, холос.
Кейинги пайтларда — халқимизнинг Иномжон Усмонхўжаев ва Эркин Воҳидов каби таниқли ва фидойи фарзандлари давлат ва ҳукумат назаридан четда қолиб келаётгани ачинарли ҳолдир.
Эрта бир кун бу дунёдан ҳаммамиз ҳам, жумладан, Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарлари ҳам бирин кетин ўтиб кетишади.
Фақат бу ёруғ дунёда — кимнинг қандай ном қолдиргани муҳим экан.
Лекин менинг негадир Ўзбекистонда ҳам яхши ва ёруғ кунлар бўлишига ишонгим келади. Кексаларимиз қадрланадиган, уларнинг обрў эътибори жойига қўйиладиган мунаввар кунлар келишига ишонаман.
Истеъдодли шоир Юлдош Эшбек сатрлари билан айтганда:

 

Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп, Бизни зафар қучажак.
Тепамизда чарх айланиб, Қалдирғочлар учажак…

 

Бунга эса яна озгина вақт бор. Озгина…
Бугун эса нашримизнинг кўпминг сонли мухлис ва муштарийлари номидан фарғонадаги табаррук инсон Иномжон Усмонхўжаев билан тошкентдаги улуғ устозимиз Эркин Воҳидовларга узоқ умр тилаб қоламиз…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
23 май, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада…
Иномжон Усмон
 Суратда: Иномжон Усмонхўжаев бугунги кунларда…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев: Ҳаёт ҳар ерда ҳаёт — Канадада Наврўз ва Сумалак, Рақс ва Шеърият…
  2. Исмат Хушев: Гулноранинг шамолида учган “варрак”лар
  3. Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 3-қисм
  4. Дунё бўйлаб “Stop Putin! Stop War!” номи остида акция ўтказилмоқда (Видео)
  5. «Озодлик»: Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов АҚШда вафот этди…
  6. Исмат Хушев: Зелемхон Хайдаров менга азиз, лекин ҳақиқат ундан ҳам азизроқ (3)
  7. Исмат Хушев: Зелемхон Хайдаров менга азиз, лекин ҳақиқат ундан ҳам азизроқ (4)
  8. Исмат Хушев: Хуфия идорада биринчи миллий раҳбар (2-китоб, 26-боб)
  9. Махфий Хизмат Салтанати (Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ) (1-мақола)
  10. Исмат Хушев билан юзма юз 7 февраль 2019 йил, Канада
  11. Исмат Хушев билан юзма юз Ташқи Ишлар вазири истеъфога кетиши керак!
  12. «Ўрол Бобоқулов ҳоким бўлган Шеробод тумани янгиликлари» туркумидан (1)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

12 комментариев

  1. Otabek Toshev:
    25/05/2016 в 02:24-

    Иномжон Усмонхўжаев инсофли раҳбар бўлгани кўриниб тўрибди. Агарда ўйинчи, мақсад йўлида ҳеч нарсадан қайтмаганда, Сиёсий буюро уни Сибирга турмага юбормаган бўлар, узоқ вақт Республикадаги биринчи раҳбар бўлиб ўтириши мумкин эди. Хато камчиликларга йўл қўйган бўлиши мумкин. Лекин ким хато қилмайди? Исмат ака, сизга минг раҳмат. Бугун ўзбек мухолифати орасида фақат Сиз ва ягона Сиз Ўзбекистондаги буюк ватандошларимизнинг ночор ва абгор тақдири ҳақида дунё ўзбекларини огоҳ этиб келаяпсиз. Сиздан бошқа бирор кимса, бирор мухолифат фаолиман деган лўттибозлар ҳеч нарса қилаолишгани йўқ. Фақат қуруқ гап билан аравани қурқ олиб қочишади. Қўлларидан бир тийинлик иш келса, ўлай агар. Яна Исмат Хушев ҳукумат тарафдори, СНБ агенти деб жар солишларига ўлайми? Юсуф Жума айтганидай, қани энди ҳамма ҳам Исмат Хушевдай СНБ агенти бўлса эди дегани бежиз айтилмаганини мен энди тушундим. Яна бир бор раҳмат сизга, Исмат ака. Сиз ҳақиқий ўзбек халқининг фидойи ва жонкуяр фарзандисиз. Ўз хатоларингиз, адашишларингиз билан албатта. Барибир сизга тенг келадигани йўқ экан. Мана бугун Сергей Ежков ҳам ўз сайтида сизни тан олиб миннатдорчилик хати эълон қилибди. Қойил сизга Исмат ака. Биз сиз билан фахрланамиз ва сизга ҳар доимгидан ҳам зиёд ишонамиз. Агар сиз бирорта сиёсий партия ва ё ҳаракат тузсангиз унинг сафларида миллионлаб ўзбеклар бўлишига мен бугун заррача ҳам шубҳа қилмайман, қилолмайман. Сиз аллақачон ҳақиқий сиёсий лидер бўлиб шаклландингиз…

    Ответить
  2. Донишманд:
    24/05/2016 в 19:01-

    Umrilari uzoq bo`lishini, tuzalib ketishlarini orzu qilamiz. Lekin hammasi Yaratgan Egamning ihtiyorida…

    Ответить
    • Tangrim dini -Turkiylar dini:
      25/05/2016 в 07:26-

      Ofarin sizga haqiqiy donishmand ekansiz. Yaratgan Egamning ishiga burun suqmaslik kerak. Yaratgan Egam Tangrim nima qilishni o’zi biladi.

      Ответить
  3. Гуландом:
    24/05/2016 в 19:00-

    Hayot shunday beshafqat ekan, nachora. Faqat Karimov tuzumini emirilishini ko`rishsa yahshi bo`lardi…

    Ответить
  4. Муаллим:
    24/05/2016 в 18:58-

    Odamgarcilik kabi yuksak insoniy tuygularingiz uchun rahmat sizga.

    Ответить
  5. Ismat Hushevga:
    24/05/2016 в 18:56-

    Siyosat nimaligini bilmaydigan ba`zi alamzadalar hay hay demasa bu insonlarni sud qilishgacha borishadi. Sen o`zing kimsan va siyosat uchun nima qilib qo`dingki, bu qadar keskin gaplari aytasan. Avval o`zingga boq, so`ng nogora qoq…

    Ответить
  6. Axmad hoji Xorazmiy:
    24/05/2016 в 17:32-

    Erkin aka va Inomjon akalarga Alloh shifo bersin.
    Biri adib sifatida, biri davlat arbobi sifatida Uzbekiston uchun kup narsalar qilishdi.

    Ответить
  7. Bashorat:
    24/05/2016 в 14:25-

    Assalomu alaykum Duyo Ozbeklari. Aldanish mumkun bir marta yoki ikki marta butun umur aladanib bolmaydi. Yodgor Obit, Botir Norboev, Dadahon Xasanov,Oktam Xakimali. Mamadali Mahmudov, Jahongir Muxammad, Yusuf Jumalar xam aldanishi mumkun ediku Lekin ular Karimovning tanlagan yolini notogri ekanligini bilib Karimovga boyin egmadi. Men aytmoqchi bolganim kishini ozini irodasi qattiq bolishi kerak ekanda. Vaqt xakam vaqti kelib bular mard insonlar bolib qoladi.

    Ответить
  8. Salohiddin Ayyubiy:
    24/05/2016 в 13:33-

    AS SALOM ALAYKUM
    IN SHA ALLOH yaqin soatlarda Islom Karimov ham qon qaqshab vafot etdi degan xushxabar eshtamiz va o’qiymiz tayyor turinglar bu daqiqalarga oz qoldi In sha ALLOH

    Ответить
  9. Мухаммад Ёқуб Ҳамроев:
    24/05/2016 в 08:58-

    Сизга катта раҳмат Исмат ака!
    Ҳалқимизнинг унутилган фарзанларини дунёга эслатиб турганингиз учун. Биз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва яна бир иккита буюк инсонларимиздан ҳафа бўлишга ҳаққимиз йўқ. Улар алданганликлари учун чеккан афсус ва надоматлари ҳар қандай дўзах азобидан кучлик бўлди. Ўзлари ёниб-ўзлари куйишди, бензин сепганлар қанча!
    Сизнинг сайтингиз туфайли Иномжон аканинг асли ким эканлигини билдик, ишондик! Олтин зангламас!
    БУЛБУЛ ЎРНИГА КЕЛГАН ЗОҒЛАРнинг қилмишларини очиб-сочиб ташлаяпсиз…

    Ответить
  10. Tangrim dini -Turkiylar dini:
    24/05/2016 в 07:24-

    Tangrimning huzuriga hamma boradi. KIMDIR yoruq yuz bilan va yana KIMDIR?

    Ответить
  11. Исмат Хушевга:
    24/05/2016 в 06:28-

    Халқимизнинг кекса авлоди вакилларини эслаб, уларнинг ҳурматини жойига қўйишга интилаётганингиз учун Ўзбекистондаги ўқувчилар номидан сизга чин юракдан ташаккур. Ўзбек матбуоти қилиши керак бўлган савобли ишни бугун сиз қилаёяпсиз. Кимдир олдин ҳам айтган эди, сиз бугун даҳо ёзувчи Одил Ёқубов асос солган Адабиёт газетасининг тўқсонинчи йиллардаги хайрли ишларининг давомчиси бўлиб қолдингиз. Шу йўлдан чекинманг. Усмонхўжаев ва Воҳидовлар ўзбек халқи тарихида, қилган яхши ва ёмон ишларидан қатьий назар, ўз ўрнига эга бўлган таниқли шахслардир. Бу дунёда хато қилмаган ким бор? Шуни ҳисобга олганда, бугунги мақолангиз бизни яна бир бор огоҳликка, ҳушёрликка, кечиримли бўлишга даъват этади. Умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётган тарихий сиймоларга нисбатан бағри кенглик ва меҳр мурувват билан ёндашаётганингиз учун Оллоҳ сизга ўз ажримини бергай, иншооллоҳ! У сизни доим ўз паноҳида асрасин, Омин!

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.