Сахаров ҳақида илк бор етмишинчи йилларда эшитгандим. Уйимиз раҳматли отам¸ Ўзбекистон радиосининг Хоразмдаги мухбири Ражаббой Бобожоновнинг иш кабинети ҳам эди.
Хоразмдаги олтин юлдузли қахрамон раислардан бири билан суҳбат қурганида ўша раис Сахаровни лаънатлаб берганди.
Микрофонни ўчирган отам «Ўзи Сахаров кимлигини биласизми ëшулли?» деганида раис » Мен на ердан билайин уни. Совет ҳўкўмотининг на кўп душмони кўп. Шулардан бири чиғор» дегани кулгига сабаб бўлган эди.
Отам тарихга «оттепель» дея кирган тоталитаризм музларининг эриш даври одами эди. Отам ўз дўсти ëрлари билан суҳбатлашганда Сахаров¸ Буковский¸Мустафо Жамил каби сирли исмлар янграр эди.
1976 йили тоғамнинг ўғли Қадам оға Сахаров жасоратини ëрқин ҳикоя қилиб берганини эслайман.
Қадам оғанинг айтишича¸ Сахаров Москвадаги «Берëзка» дўконига кирибди. («Берëзка» дўкони фақат валютага нарса сотадиган дўкон эди) Ҳуллас Сахаров дўкондан ул-бул олиб пул тўламоқчи бўлса сотувчи совет пулини олмабди.
Сахаров дўкончига «пулни устидаги ëзувни ўқи» дебди. Пулни устида эса СССРнинг олтин кафолати ëзилган эди.
Ўшанда Сахаров дўкон ҳудудида СССР га қарши фитна бор деб чет эл журналистларига интерьвю берибди.
Бундан қўрққан КГБ раиси дўкончиларга «Сахаров дўконда совет пулига нарса ҳарид қилиши мумкин» деган кўрсатма берибди.
Бу ҳикоя ўша давр учун «адолатни талаб қилиш ўрнаги сифатида» ички қониқиш билан тингланар эди.
Орадан олти-етти йил ўтиб 1983 йилда Москвага бордим.
Кремлдан сал нарида «Берëзка» деган магазин бор экан.
Қадам оғани ҳикоясини эслаб магазинга кирдим. Магазин ичи дефицит моллар билан тўла эди.
«Бу моллар эркин муомаладаги валютага сотилади, совет пули олинмайди» деб ëзиб қўйилган эди.
Мен сотувчидан Сахаров келса совет пулига сотасизми деб сўрадим. «Худо келса ҳам советнинг тахта пулига нарса сотмайман» деди дўкончи.
«Хроники текущих событий» деган варақаларни ўқиганимда ичимда кучли адриналин вулқонини ҳис қилар эдим.
Кейинчалик Сахаров халқ депутати бўлганида ўзимни ошиғи олчи бўлган қиморбоздек ҳис қилган эдим.
Сахаров ўлган куни мен Урганчдан 5 километр узоқдаги Оëқдўрмон қишлоғида расмдан дарс бераëтгандим.
Қиш совуғида иситилмаган синф хонасидаги гуппию-тумоқларини кийиб, қоп қора парталарда расм чизаëтган қора-қура қишлоқ болаларига қараб: «Болалар менга азиз бўлган бир одам қайтиш бўлди» дедим.
«У одам нима қилар эди » деб савол берди болалар. «У одам ҳар доим тўғри гапни тўғри туриб айтар эди» дедим.
Менимча Оëқдўрмондаги болалар шу гап орқали Сахаровнинг кимлигини тушунгандек эди.
Дарсни тугатиб мактабдан чиқаëтсам, пўстинга ўранган мактаб қоровули ўз кулбасида телевизор кўриб ўтирган экан.
Менга қараб: «Эй муаллим, ўрусиятда уллироқ бир одам ўлипти, ким эди у ? — деб сўради. «Авлиë қатори одам эди бу. Энди бундайлар дунëга келиши қийин» дедим.