– Ҳалима опа, эл муҳаббатини қозонган ижодкор, онасиз. Айтингчи, аёл қачон меҳр-муҳаббатга тўяди, қачон хотиржамлик ҳиссини туяди? Бу ёш билан боғлиқ нарсами?
— Йўқ, бу ёшга боғлиқ эмас. Бу туйғулар аёл билан бир умр яшаши керак. Аёл қалби жуда сирли. У ўзини эри учун ҳам, болалари учун ҳам фидо қилишга қодир! Ҳаётда шундай жафокаш аёллар бўладики, улар ҳатто, бегоналар учун ҳам ўзларини фидо қила оладилар. Баъзида аёл Яратгувчи томонидан бошқаларга меҳр бериш, уларнинг ҳожатини чиқариш учун яратилганмикан, деб ўйлаб қоламан. Бироқ ўша куюнчак қалб бошқалардан ҳам шундай меҳрни кутади. У буни тилига чиқариб айтмаслиги мумкин, аммо кутаверади.
-Шунда ҳам биз аёлни оқлаймизми? Чунки бошида эри бор. Ўзга юртга ҳам эридан рухсат олиб кетган. Аёл ёлғизликдан, меҳрсизликдан сиқилди. Эри унга ёлғиз қолиши учун имкон берди… Турмуш ўртоғи ҳам бундай олиб қаралса, унчалик ёмон одам эмас…
— Аммо эри ўша меҳрни беролмаган-да. Бу ўринда аёлни ёқлайсизми, деган савол унча ўринли эмас. Аёл кутилмаганда юраги парвоз қилиши мумкин бўлган муҳитга тушиб қолди. Бу ўринда уларнинг туйғуси беғубор. У эркак билан ёмон йўлга юрмади, шармандали иш қилмади. Туғёнлар кўнгилда кечди. Айтадилар-ку, фироқ муҳаббатни кучайтиради, висол ўлдиради, деб. Буни аёлнинг ўзи ҳал қилиши керак. Бировнинг ҳаётини муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Аёл эри билан яшаб туриб, бошқа эркак билан учрашиб юрганларни ҳам эшитганмиз. Бу даҳшат! Ҳалоллик йўқолган жойда ҳамма нарса йўқолади. Истаймизми-йўқми, орқамизда кучли руҳий таянчимиз бор – бу эътиқодимиз! Шунинг учун биз ҳамма масалада ҳалолликка таянишимиз керак. Ҳалол бўлмаган одамдан бошқа ишларда ҳам яхшилик кутманг, чунки улар тутган йўл барибир адашувларга сабаб бўлади.
— «Бегим, сизни табиат расо қилиб яратган…», деган жумлаларингизда аёл қалби жозибаси, туғёнлари жуда гўзал ифодаланган. Унинг ёзилишида сизга нима илҳом берган? Бунинг учун инсоннинг қалбида туганмас муҳаббат бўлиши керак…
— Гапингизга қўшиламан. Иброҳим Ғафуров «шеър бу шоирнинг ўзи», дейди. Шоирнинг ўзи бўлмаса, у ёзган шеър шеър бўлмайди. Чунки ифода этилган туйғулар рост чиқиши керак-да! Агар дунё шоирлари ижодини кузатган бўлсангиз, шоирнинг зўри муҳаббат лирикасида билинади. Бинобарин, муҳаббат ҳақида илиқ-милиқ шеърлар ёзадиган шоирлар ижтимоий мавзуда ҳам чақнаб чиқмайди, илиқ-милиқ фикр айтишдан нарига ўтолмайди. Баъзида «фалончининг шеъри тузук, аммо ўзи унча эмас-да», дейишади. Мумкин эмас! Инсон сифатида «унчалик бўлмаган одам»нинг яхши шеър ёзишига гумон бор. Ёки бунинг акси, ижодкор ким бўлса, шеъри унинг ўзини акс эттиради. Тўғри, ижодкорлар бошқаларнинг ҳам дардини ёзишади. Лекин изтиробларнинг бир томони ўзига тегишли бўлса… юрак куйсагина бир нарса чиқади. Чунки ҳар бир асарнинг тагида бир катта ҳаётий воқеа ётган бўлади.
Шоирлар ҳақида «уларга ғойибдан келар экан», деган гаплар юради, бу бежиз эмас. Бу бир руҳий жараён, шеърнинг қандай келишини тушунтириш қийин. Буни Худо беради…
— «Муқаддас аёл» шеърингизни дунё аёлларига аталган бағишлов деса бўлади. Бу шеърнинг ёзилишига ҳам бирон воқеа сабаб бўлганми? Ўзбек аёлларида икки жиҳат мужассам: бизда Тўмариснинг исёнкор, ҳокимона руҳи яшайди. Иккинчи томондан, аёлларимизда бир ҳилмлик, заифалик ҳам бор. Бу икки жиҳатни қандай уйғунлаштирса бўлади? Биз ўзи киммиз, биз ўзбек аёллари аслида қандаймиз?
— Солиҳалик, ҳилмлик – бизга отамерос, она мерос. Шу билан бирга томиримизда Тўмариснинг қони бор. Қурбонжон додхоҳ онамизни эслайлик. Ўғли дорга осиляпти. Она учун даҳшат-ку, бу! Тўмарис ўша ерда: «Болам, бизга Ватан йўлида, ҳалоллик йўлида шаҳид кетмоқ ота мерос. Қаддингни эгма болам!» дейди. Бунинг учун она нечоғли қудратли бўлиши керак. Ҳаётда чиндан ҳам аёлдан матонат талаб қилинадиган онлар бўлади… «Аёл ўтиб борар…» шеъримда мен худди шу нарсани, аёлдаги икки ҳолатни акс эттирганман.
«Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни,
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар… шўх юриб
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб
Сиртдан майин жилмайган аёл.
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин…»
«Муқаддас аёл» ёзилганига 15 йил бўлди. Ёзилиш тарихини кўп сўрашади. Лекин ҳеч кимга, ҳеч қачон тушунтириш бермаганман. «У ёқдан» келган, жамланиб келган. «Гуноҳкорлар мингу битта сенга тегар тош…» Минглаб эркаклар мазза қилиб кўнгил хушлаб юради, лекин битта аёл кўнглини хушласин, шу заҳоти шарманда бўлади, маломатга қолади… Шеъримда кўрганларимни, кузатганларимни ёзганман.
-Замонавий аёлларга муносабатингиз қандай? Аёл қандай бўлиши керак?
— «Жаннат оналар оёғи остидадир», дейишган. Фотима онамизнинг, Анбар онамизнинг улуғланишлари… Анбар онамизнинг ҳожалари чўпон бўлган. У киши кун тиғида чўлга подани боққани кетганида, Анбар онамиз ҳам уйга кирмай, офтобда ўтирар экан. Ҳожалари уйга қайтиб, офтобда куйиб ўтирган завжасини кўриб, ҳайрон бўлибди: «Мен-ку, дала-даштда кун тиғида мол боқиб юришга мажбурман. Сен нега офтобда куйиб ўтирибсан?» деб сўрабди. Шунда Анбар она: «Сиз молнинг кетидан жазирамада юрсангизу мен соя-салқинда мазза қилиб ўтирсам, бу адолатдан бўладими? Бу ахир гуноҳ эмасми?!» деб жавоб қилибди. Энди бу ривоят. Уларнинг остонасига турлича узунликдаги таёқлар қўйилган экан. Анбар она ҳожасининг кайфиятига қараб, елкасини шу таёққа тутиб берарди. Агар эри ўта жаҳлдор бўлиб келса, энг узун таёққа елкасини тутар экан. Қаранг, аёл турмуш азобида келган эрининг қаҳрига елкасини тутиб берган. Анбар оналаримиз бекорга улуғ бўлиб қолмаган. Уларнинг хожалари ҳам, ўзлари ҳам бажариш мушкул бўлган, залвори оғир юкларни бўйинларига олишган.
Бугунги аёллар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар янада фаоллашди. Аёлдан янада тезкорлик талаб қилиняпти. Барибир ҳаммасига улгуриш қийин, бунинг иложи ҳам йўқ. Тўғри, аёлнинг интилгани яхши. Лекин унинг хатти-ҳаракатида, умуман ҳамма нарсада меъёр бўлиши зарур. Йўқса, у толиқиб қолади. Бошқа томондан уни эри ҳам қўллаб-қувватлаши керак. Айримлар учун меҳр кўрсатмай яшаш — бу мартаба, гўё. Бу даҳшат-да, энди! Оилада эркакка нисбатан аёлга кўпроқ қийин. Мен истардимки, аёлликни бердингми, шунга яраша унинг лаёқатини тушунадиган, уни қадрлайдиган жуфт бер!
— Ҳар бир аёл байрамда ниманидир кутади. Аслида аёлга нима керак?
— Аёлга энг биринчи навбатда кўнгил хотиржамлиги керак. Мен унга ҳамма томондан, эридан, оиласидан, фарзандларидан хотиржамликни тилаган бўлардим. Кўнгил ёруғлиги аёл учун бошқа ишларга ҳам рағбат беради. Ва албатта, мен унга муҳаббатни тилайман. Аёлнинг бари кутганлари ижобат бўлсин! Ахир боласи бир ёшга тўлгунича у қанчалар азоб чеккан. Аёл кимдан нимани кутган бўлса, Худо шуларнинг барини берсин! Ҳаёт йўли чангалзор, дейишади. Уни четлаб ўтиб бўлмайди. Лекин шу йўлни муносиб босиб ўтиш бахтини берсин!
Биз ҳаётда хожаларимизга суянамиз. Улар фарзандларимизга раҳнамо. Эркак ва аёл ҳаёт йўлида бир-бирини тўлдириб боради. Бир-бирисиз ҳаёт туссиз бўлиб қолади. Уларнинг бир-бирисиз ҳаёт йўқ!
Суҳбатим сўнггида аёлларнинг ҳар бирига қуйидаги сўзларни айтгим келади: Сиз жуда ҳам бардошлисиз! Сиз жуда ҳам оқиласиз! Ва керак вақтда сиз қудратли бўла оласиз! Шу фазилатларнинг бари сизни тарк этмасин! Ҳаммага меҳр-муҳаббат улашиш насиб этсин!
Манба: «Бекажон» газетаси
Муқаддас аёл
Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди.
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Аввал: «Кел-ей. Қучоғимга тўл, балқ», дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс «халқ» дедилар.
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх дедилар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл,- деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим,- деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов ўтдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврада бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Halima opaga sihat salomatlik va uzoq umr tilaymiz. Mavlon Bobojonovich bilan birga tinch-omon va osoyishta umr kechirsinlar. Qasoskor Karimov bu oila boshiga ko`p kulfat va ayriliq soldi. Ular buni hammasini yahshi bilishadi. Lekin hasratlari ichida. Ismat Hushev bular haqida o`z kitobida ochiq oydin yozgan…
Halima opaga sihat salomatlik va uzoq umr tilaymiz. Mavlon Bobojonovich bilan birga tinch-omon va osoyishta umr kechirsinlar. Qasoskor Karimov bu oila boshiga ko`p kulfat va ayriliq soldi. Ular buni hammasini yahshi bilishadi. Lekin hasratlari ichida. Ismat Hushev bular haqida o`z kitobida ochiq oydin yozgan…