Кечагина интернет газетангизда ўзбек мухолифатининг йирик намоёндаси, атоқли хуқуқбон ҳамкасбим Толиб Ёқубовнинг 75 йиллик таваллуд кунларига атаб ёзган мақолангизни ўқидим.
Унда баён этилган самимий дил сўзларингизга мен ҳам чин дилдан қўшиламан. Шу баҳонада ўзимни қийнаб келаётган баъзи мулоҳазаларимизни ҳам айтиб ўтмоқчиман.
Бугун Ўзбекистонда Толиб Ёқубовнинг ва менинг ёшимга, қолаверса, оддий пенсия ёшига етолмай, армон билан ўлиб кетаётган ўзбек халқининг ўта оғир ва ночор ҳаёти мени ниҳоятда қийнаб келади.
Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий, маданий ва маиший ҳаёт йилдан йил баттарлашиб бормоқда. Бутун мамлакатни ишсизлик қамраб олган. Пенсия ва нафақалар ўз вақтида берилмайди.
Кексаларимиз ҳаёти ва кундалик аҳволи ниҳоятда оғир ва абгор. Уларнинг аксари сифатсиз ва калориясиз, кучсиз арзон таомлар билан умр кечирмоқда. Кўпинча қуруқ нон ва шакарсиз чой тановул қилиши сабаб, хасталик кучидан инграб хар йилги қиш мавсумининг ўзида газ ва светсиз ҳаётдан юраги зада ва хаста қарияларни кўрганимда юракларим эзилиб кетади.
Боз устига ўта нимжон қобирғаси кўриниб турган гўдакларимизгача совуқдан шамоллаб уларнинг ўлим билан талашиб, қурбон бўлганлар йил сайин кўпайиб бормоқда.
Турли етишмовчиликлар одамларни ҳаётдан тамомила бездириб қўйган. Дори дармонлар учун пул йўқ. Тиббиётнинг ёмонлигидан, 50 га ҳам кирмай ўлганларни ўйлаб, кечалари ухлолмай чиқаман.
Яна икки синфни тўлдирган синфдошларимдан биронтаси ҳам тириклигини билолмайман.
Ана шундай бир пайтда Толиб Ёқубовнинг эсон омон 75 ёшга тўлганини эшитиб, қувондим.
Ўзбекистонда 75 га киролмай жон таслим қилаётганлар, бу муборак ёшга етолмаётганлар 25 йил ичида неча юз мингларни ташкил этган бўлса, ажабланмаслик керак.
Планетамизда 7 миллиардни қоралаб бораётган инсоният ҳаётлари жилвасида, уларнинг бир бирлари билан ўхшашлик ва тафовутларини солиштириб аниқлашга, призматик ёки микроскопик аниқ анализнинг асло кераги йўқ.
Бунча улкан сонли инсоният ичида турли туман ўхашликлар бўйича минг эмас, хар биттаси миллионларни ҳам эмас, ҳатто ўн миллионларни ташкил этадиган оддий гуруҳларни юз минглаб топишингиз мумкин.
Энг оз десак, бирнеча мингни ташкил этадиган маълум бир ёшдаги инсонларнинг баданларидаги ҳолларигача ўхшагани ҳайратланарли бўлса, уларнинг тақдир ва қисматларининг ҳам айнан ўхшашлиги ҳаммамизни янада ҳайратга солади.
Энди 7 миллиард ичида бор йўғи фақат бир неча минглардангина иборат бўлган бир жавоҳир гуруҳнинг мажудлиги ҳаммамизни яна бир ҳайратга соладики, уларнинг тенги ва қиёси йўқ, гўё ўта ялтироқ товланиб ва минг марта яқинлаштириб келтирганингизда ҳам улар ўзларининг ягона оригинал аслликлари билан мутлақ ажралиб турар эканлар.
Толиб Ёқубов ана шундай ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган улуғ ва мўътабар инсон. Шундай ажойиб инсонни таваллуд куни билан табриклаб, самимий дил розларини изҳор этганингиз учун, Сизга, Исматжон, яна бир бор чин дилдан миннатдорчилик билдираман.
Сиз менинг ҳам туғилган куним муносабати билан мақола ёзиб, бошқа мухолифат аъзолари эътиборини қаратган эдингиз. Биз кексалар одатда яхши ва ширин сўз гадоси бўламиз. Бир оғиз илиқ сўздан бошимиз осмонга етиб, дунё кўзимизга кенг ва гўзал бўлиб кўринади.
Сиз ҳақиқий туғма журналистсиз, Исматжон. Бу йўлдагисавобли ишларингизга Тангрим ўзи Сизга мададкор бўлсин.
Фурсатдан фойдаланиб, бугун ҳамкасбим Толиб Ёқубовнинг табаррук 75 ёшга кирганлари билан бу инсонни чин дилдан табриклайман.
Диктатор Каримовнинг қора ишларини оқартирмоқ учун қурилган «Оқсарой»нинг томи устига инсоният келажагининг демократик тамойилларга асосланган «Ғалаба байроғи»ни абадий қилиб қадамагунча ўзбек мухолифати осмонида ёруғ юлдузлардан бири бўлиб чарақлаб туришингизни орзу қиламан.
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг Фахрийси, Мустақил журналист бир кам 80 ёшли Турлибеков Ёдгор
Талантли ва толмас журналист, толерант ва дипломат укамиз Исматжон Хушевнинг «Дунё ўзбеклари» нашри учун махсус ёзилди