Бундан йигирма йил муқаддам Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигини жаҳоний қамровда кенг нишонлаш тараддудига киришилган эди. Мен ҳам бир оддий қаламкаш тариқасида айни санага бағишлаб, воқеот услубида ушбу шариф шаҳар билан боғлиқ таассуротларимни ёзгандим.
Орадан шунча фурсат кечиб, эндиликда мазкур муносабат билан дунёга келган ўша битигимни “Дунё ўзбеклари”нинг мухлислари ҳукмига ҳавола айлашга журъат этмоқдаман.
* * *
Шариф шаҳарнинг 2500 йиллигига
МЕН КАШФ ЭТГАН БУХОРО
Бухорои Шарифнинг (у Ислом оламидаги мана шундай юксак унвонга сазовор бўлган жаҳондаги бешта шаҳарнинг биридир) 2500 йиллиги муносабати билан матбуотда турли чиқишлар бўлмоқда, телевидение ва радиода ҳар хил кўрсатувлар ва эшиттиришлар берилмоқда.
Яқинда газетада эълон қилинган ушбу мазмундаги яхши бир мақолани ўқиб, ўзимнинг ҳам мазкур шаҳарга қилган сафарларим таассуротлари хотирамда қайта уйғонди. Мундоқ ўйлаб қарасам, тафаккур бисотимда Бухоро билан боғлиқ анча-мунча воқеалар мавжуд экан. Мана шулар ҳақида ҳикоя этишни лозим топдим.
КГБга ТУТИЛГАНИМИЗ ВА ОСОН ҚУТУЛГАНИМИЗ
Бухорога дастлабки боришим 1970 йилларнинг бошларига тўғри келган эди.
Ўша пайтлари бухоролик ҳамсабоқ дўстимиз уйланадиган бўлиб қолди-ю унинг тўйида қатнашиш учун бир курсдош оғайнимиз билан йўлга отландик. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар – Бухоронинг оламга машҳур ёдгорликларини мириқиб томошалаб, биз кўзлаган манзил – Қоракўлга жўнайдигаи автобусдан ҳам кечга қолиб кетибмиз. Такси ёллашни эса, бизлардек студентларнинг чўнтаклари кўтармайди, қолаверса, тўй ҳам эртасига, шунингдек, бориб тунайлик десак,шаҳарда биронта танишимизам йўқ.
Шундан сўнг арзон меҳмонхона излашга тушдик. Ўша пайтлари мадрасалардан биттаси ўзимизбоп мусофирхонага айлантирилган экан, охири, ўша жойдаги ғарибона ҳужрани бир кечага ижарага олганимизда кун кеч бўлиб қолган эди.
Ётар жой муаммосини ҳал этганимиздан кўнглимиз тўлиб, мадраса-мусофирхонанинг кенг саҳнли ҳовлисига чиқдик. Ёз пайти эмасми, ҳамма ташқарида. Ўша пайтда кимдир биздан ўрисчалаб, соат неча бўлганини сўраб қолди. Унга тегишли жавобни айтиб, қорин тўйдириш илинжида йўлимизда давом этаётганимизда бояги соат сўраган одам бу – Москва вақти билан қанчага тўғри келишига қизиқди. Тўғриси, бундай савол ўзимизни эркин фикрли ҳисоблайдиган биз – талабаларнинг иззат-нафсимизга тегди ва унга бу ер Россия эмас, балки Ўзбекистон эканлигини дўстона тушунтириб қўймоқ ниятида тўхтадик.
Натижада, ўрисча гурунгимиз қизиб кетди, бизни саволга тутган йигит ҳам студент бўлиб, Польшадан саёҳатга келган экан. Шу орада унинг ҳамроҳлариям сафимизга қўшилишди. Уларнинг кўпчилиги ўрисчанидурустгина билишаркан. Бизлар ҳам ўша замоннинг талаби-ю тақозосига мувофиқ равишда рус тилини анча-мунча ўзлаштириб олгандик. Ўзларини Варшава университетининг талабалари, дея таништиришганушбу йигит-қизлар билан суҳбатимиз авжига минди.
Иккала тараф ҳам студент бўлганликлари учун ўзаро ҳаётларимиз билан, шарт-шароитларимиз билан қизиқишдик. Польшаликларнинг айтишлари-ча, улар СССРда Ўзбекистон, деган жойнинг борлигини-да билишмас, фақат Тошкент, Бухоро, Самарқандва Хива шаҳарларини эшитишган экан. Бу бизларга алам қилди. Ҳолбуки, бизлар Польша Халқ Республикаси, деган мамлакат ҳақида тегишли маълумотларга эга эдик. Оқибатда, уларга Ўзбекистоннинг қай юртлигини-ю ўзбекларнинг кимлигини англатиш борасидаги гурунгимиз пича давом этди.
Гап айланиб, моддий масалаларга бориб тақалди. Польшалик студентлар, ўзларининг айтишлари-ча, шу давлатнинг пул бирлиги – злотийдасалмоқли миқдорда стипендия олишар экан. Биз – СССРлик талабаларнинг стипендияси ўша пайтнинг «совет» пулида 45 сўм эди. Оладиган стипендияларимизни қиёслашга тушдик. Ушбу борада польяк студентларининг анча бойлиги маълум бўлди. Чунки улар оладиган стипепдияга бизларникига нисбатан бисёрроқнарсалар харид қилса бўларкан. Шунингдек, польяк талабаларнинг чет мамлакатларга сайр-у саёҳат қилиш имкониятлари ҳам катта экан. Бизларнинг эса, бошқа давлатларга чиқиш, ҳатто-ки, тасаввурларимизга-да сиғмасди. Польшалик йигит-қизлар билан хайр-хўшлашиб, ҳар дардимиз ичимизда ҳолатда ўз йўлимизга кетдик.
…Ҳангоманинг ҳаммаси бироз фурсат кечгач бошланиб қолди-ку! Кейинчалик маълум бўлиши-ча, польяклар ҳамда ўзимизнинг суҳбатимизни КГБ (комитет государственной безопасности – давлат хавфсизлиги комитети) нинг ходими хуфёна кузатиб турган экан-у ўзимиз бундан ғофилликда қолибмиз (ўша вақтлари чет эллик сайёҳларни КГБ агентлари пинҳона таъқиб остига олардилар).
Биз ҳамкурс ўртоғимиз билан мадраса-мусофирхонанинг ўзимизга ажратилган ҳужрасига кириб, ўша кунги таассуротларимизни ўзаро баҳам кўриб, жумладан, мадрасанинг ҳужрасига мажбуран, унинг нечалаб асрлик қиёфасини қўпол равишда бузиб киритилган иситиш тармоқларининг мутлақо ярашмаганлиги ва польшалик студентлар билан суҳбатимиз тўғрисида гаплашиб турганимизда, ҳужрага икки нафар кимса сўроқсиз-истоқсиз тарзда бостириб кириб келди.
Ўзларини таништиришлари-ча, улардан бири мусофирхона хўжайини бўлиб, иккинчиси – КГБчи экан. Ушбу турқи совуқ «ака»ларимиз бизларни, дабдурустдан шундай қийин-қистовга ола бошладилар-ки, ўзимизнинг қаерга ва нима мақсадда борганлигимизниямунутиб қўйдик, Яхшиям-ки, улар гурунгимизнинг қандай мавзуларда борганлигини эшитмаган эканлар, билъакс, иккаламизниям қамаб ташлашлари нақд эди.
КГБ зобитининг айтиши-ча, бизларнинг чет элликлар билан гаплашишимиз мутлақо мумкин эмас эмиш, бу билан сиёсатга аралашиб, давлат сирларини ошкор қилиб қўйишимиз мумкин эмиш. У бизнинг қаерда ўқишимизни мажбуран билиб олиб, университетдан ҳайдатиб юборишга ваъда берди. КГБчини алдашнинг фойдаси йўқ эди, у аллақачон меҳмонхонага топширган паспортларимизни қўлида тутиб турганди. Унинг ўзимизни ўқишдан ҳайдатиб юбориш хусусидаги дўқ-пўписасини эшитиб, жуда қўрқиб кетдик. Зеро, ўша пайтлари «КГБ» дейилганда унча-мунча одам шайтонлаб қоларди-да. КГБ ходиминингбироғизэътирозли гапибиланшунча йиллик заҳмат-машаққатларимиз ҳавога учиши ҳечгапэмасди. Вазиятнияхшианглаганҳолда жон-жаҳдимиз биланшахсиятимизни оқлашга, гуноҳкор эмаслигимизни исботлашга тушдик ва, охир-оқибат, бунга эришдик ҳам.
Бизнинг студентлигимиз, СССР Конституцияси бўйича чет эллик фуқаролар билан мулоқот қилишимиз мумкинлиги ва бунга ҳаққимиз борлигини даъво қилганимиз, қолаверса, Польша Халқ Республикаси социалистик лагерь давлатлари сирасига кириши, шунингдек, халқлар дўстлиги тўғрисидаги «советона» фикрларимиз ва билимларимиз жонимизга оро кирди ҳамда кунимизга яраб қолди.
Хайрият-ки, таъқибчиларимиз сиёсий эҳтиёткорлик борасида қайта-қайта огоҳлантирганлари ҳолда ижарахонани тарк айладилар. Бизлар эса, айни ваҳимадан эсон-омон қутулганимиз шарафига бир шиша вино билан ўзимизча “зиёфат” уюштирдик. Эртасига тўйниям кўнгилдагидек ўтказиб қайтдик…
Шундан сўнг, КГБ тўғрисида гап кетадиган бўлса, Бухоро эсимизга тушадиган бўлди. Лекин, айни нохуш хотира Бухородек шариф, шарофатли ва буюк шаҳар билан боғлиқ бўлганлиги кўнглимизни хижил қилар эди.
То ўқишни битириб кетгунимизга қадар эса, КГБчининг университет ректоратига етказадиган эҳтимолий “сигнали”дан хавотирланиб юрдик.
«БУХОРО СЕНИНГ ПУЛЛАРИНГГА МУҲТОЖ ЭМАС!»
Университетни тугатганимдан сўнг, «Қашқадарё ҳақиқати» газетаси таҳририятига ишга ўтгунимга қадар бироз муддат Қашқадарё вилоят ўлкашунослик музейида бўлим мудири сифатида фаолият кўрсатишимга тўғри келганди. Ўшанда бундай маданий-маърифий муассасалар ходимларининг ўзаро тажриба алмашиб туришлари одат тусига кирган пайтлар экан-у ўша тадбирнинг фурсати етгач, бизнинг чекимизга Бухоро тарихий-ўлкашунослик музейи тушди.
Азалий анъанага мувофиқ, музейимизнинг яна бир бўлим мудири, ёши элликдан ошиб қолган татар акамиз Анатолий Кабирович Каратаев (аслида ушбу зотнинг исм-шарифи Тавфиқ Қоратоев бўлса-да, замонага мослаб, ўзини шундай атаб олганди. Дарвоқе, унинг бундай номаъқул қилиғидан ғазабланган ва ғижинган дўстларимиздан бири унинг отини орқаваротдан «Бетавфиқ» қўйиб олганди. Бизнинг ушбу борадаги эътирозимизга эса, у: «Тавфиқ» деган яхши исмни «Анатолий» дея ўзгартириб олган одам, албатта «Бетавфиқ» бўлади-да, дея кулгига оларди) билан мени ва ёшгина илмий ходимаФаридахонимни (у ҳам Тавфиқ акамизнинг миллатдоши эди) хизмат сафарига жўнатишди.
Кузнинг ажойиб кунларидан бирида – соат ўн бирлар арафасида Бухоро аркида жойлашган тарихий-ўлкашунослик музейига етиб бордик. Бизни унинг ўша пайтдаги раҳбари, дилбар опахонимиз хушҳол тарзда кутиб олди ва музей фондининг мудири – бир кекса яҳудийни ўзимизга масъул ҳамда бошловчи қилиб биркитиб қўйди. Жуҳуд бобо ҳамроҳлигида, дастлаб музей залларига қўйилган ва ҳамма кўриши мумкин бўлган экспонатлар билан танишиб, Бухоронинг сўнгги подшоҳи Амир Олимхон қароргоҳини қадамба-қадам айланиб чиқдик.
Тўғриси, биз олдинига йўлбошловчимизга нописандлик билан қараган эдик. Лекин музейнингэкспозицияларини айланиш жараёнида ўзимизга ўхшаган мазкур кўримсизгина одамнинг тарих соҳасидаги билимдонлигига қойил қолдик Музейнинг фонди билан танишганимизда-чи, бу янада яққол намоён бўлди.
Одатда, сирли нарсалар тўғрисида қиёсан гапирилганда Антарктидадаги Шимолий муз океанида сузиб юрувчи музтоғлари – айсбергларни мисол қилиб келтиришади. Чунки бундай улкан музтоғларининг учдан бир қисмигина сувнинг устида кўриниб турса, қолган учдан икки қисми сув тагида яширин бўлар экан. Мен Бухоро музейида, айнан унинг фондида (ҳозирчасига айтганда жамғармасида) бўлганимда, ўша ўхшатиш эсимга келди. Негаки, музейларнинг асосий қимматли бойликлари ўша пайтлари уларнинг фондларида сақланар экан (мен ишлаётган музей, энди ташкил бўлаётганлиги сабабли бундай қоидадан бехабар эдим). Бухоро музейида ана шунга гувоҳ бўлганман.
Аркнинг катта саҳнли ва сатҳли ертўласида (тўғрироғи, уни ер ости хазинаси, дейиш мумкин эди) жойлашган музей фонди турли-туман экспонатларга шу даражада бой эди-ки, уларни кўриб, оғзимиз очилиб қолди. Бу ерда Бухоро амирларининг аждодлари билан боғлиқ тож-у тахтлар дейсизми, зарбоф кийим-кечаклар дейсизми, тилло тақинчоқлар дейсизми, бундан бир аср нари-бериси билан олинган фотосуратлар дейсизми – ҳаммаси мавжуд эди. Бизда, айниқса Амир Олимхоннинг Санкт-Петербургда ўқиган пайтлари, сўнгра Бухорога тахтгир бўлгач, рус императори билан учрашуви лаҳзалари, унинг оилавий ҳаёти ва ҳарами билан боғлиқ бўлган осори-атиқалар, фотосуратлар ва бошқа буюмлар катта таассурот қолдирди.
Музей фондининг мудири – жуҳуд бобомизнинг изоҳ ва шарҳ бериши-ча, булар ҳали 1920 йилдаги ўрис талон-торожидан қолган, Амир Олимхоннинг ўзи олиб қочган, шунингдек, бошқа босқинчилар тарафидан хомталаш этилган беҳисоб бойликлар олдида дарёдан томчи экан, холос. У киши мазкур жамғармада сақланаётган ҳар бир нарсанинг кечмиши тўғрисида эринмай гапирар, биз бошқа бирор қизиқарли экспонат тўғрисида сўрамагунимизча таъриф-тавсифдан тўхтамас эди.
Мудир бобомиз шундай сўзларди-ки,униэшитгандаушбуодамўшапайтлардаБухороамирларинингэнгяқинмулозимларидан бири бўлган, уларнинг доимо ёнида юрган, дея хулоса чиқариш мумкин эди. Ҳолбуки, Бухоронинг сўнгги тождоридан кейин ҳам орадан ярим асрдан анча кўп вақт ўтганди.
– Нега шундай муҳим тарихий ашёлар-у далиллар музей залларига қўйилмайди? – деган саволим чолнинг энсасини қотирди.
– Халққа нимани намойиш этиш ёки этмаслик тўғрисида қатъий кўрсатма бор. Сизлар музей ходимлари бўлганлигингиз учун ҳам ушбу нарсаларни кўриб турибсизлар, бошқаларни эса, фонднинг яқинигаям йўлатмаймиз, – дея жавоб берди фонд мудири қўли билан юқорига ниқтаган ҳолатда ишора қилиб. Билмадим, орадан чорак асрча вақт ўтиб, ҳозир ушбу борадаги аҳвол қандай экан?!
…Ўша куни тақдир бизни Тавфиқ акамизнинг таниши, Бухоро тарихи бўйича мутахассис-олим акамиз (таассуф-ки, ул зотнинг исм-шарифи хотирамдан кўтарилибди) билан учраштирди. Кечқурун у кишининг ҳовлисида қўноқ бўлиб, тарихимизнинг бизнинг тушларимизгаямкирмаган талай сир-синоатлари билан танишдик. Домланинг номзодлик иши, асосан Бухоро амирлиги тарихи ҳақида бўлиб, ушбу соҳада астойдил шуғулланган, кўпгина архивларда, қатор музейларда бўлган, ноёб ҳужжатлар билан танишган, илмий-амалий маълумотлар тўплаган, айни асосда рус тилида Бухоро кечмиши мавзусига оид монография чоп этдириб, диссертация ёқлаётган экан. Минг афсуски, домланинг бизга дастхат ёзиб берган ана шу китобининг нусхасини у ёқ-бу ёққа кўп сонли кўчишлар жараёнида йўқотиб қўйдим.
Домланинг гувоҳликка ўтиши-ча, Амир Олимхон умрининг охирларида (Бухоронинг сўнгги ва охирги подшоҳининг 1946 йилда Афғонистонда ўлганини кўпчилик билмаса керак) ўша пайтдагиСССРнинг шу даврдаги раҳбари, «халқлар отаси» Иосиф Сталинга ёзма равишда мурожаат қилган экан. Ушбу илтимосноманинг мазмуни: – Агар Сталин Амир Олимхонга Бухорога – уни ўзи тарк этганидан сўнг ўтган чорак асрдан кейин – бир мартагина боришга ва уни зиёрат қилишга расман рухсат этса, Бухоронинг келгуси ободончилиги учун ўз ҳисобидан катта маблағ беришни ваъда қилган экан.
Шунда Сталин: «Бухара не нуждается в твоих деньгах!» яъни: «Бухоро сенинг пулларингга муҳтож эмас!» мазмунида жавоб қайтарибди. Ушбу жумлани дастлаб русча келтиришимизнинг сабаби: тарихий ҳужжатларда, худди шундай баён этилганлигидир. Шундан сўнг Олимхон Бухорога келишдек сўнгги армони ва илинжидан ҳам маҳрум бўлган экан ҳамда ўта тушкунликка берилиб, қаттиқ хасталикка йўлиқибди.
Амир Олимхоннинг ўлими арафасида ҳар куни Амударё қирғоғининг нариги томонида ўтириб, Бухоро тарафга аллақачон ожиз бўлиб қолган кўзларини тикканича йиғлаб ўтирганлиги, Файзулла Хўжаев, агар шўролар сиёсатига берилмай, бошқа бирор мамлакатга чиқиб кетиб, отасининг бойликларини тасарруф этганидаям умрини роҳат-фароғатда ўтказиши, халқаро арбобга айланиши мумкинлиги,Бухорони турли даврларда бошқарган турфа «катта»ларнинг ҳозир ҳам айтиб бўлмайдиган қуюшқондан ташқари номаъқулчиликлари ҳақидаям домланинг гурунгидан билиб олгандик.
Хуллас, Бухорои Шарифга қилган навбатдагитўрт кунлик сафаримиз жуда мазмунли, энг муҳими, ҳангомасиз ўтди ва бизушбу шарофатли шаҳардан улкан таассуротлар билан қайтдик.
«Қашқадарё ҳақиқати» газетаси таҳририяти томонидан мукофотга берилган «Жигули»ни эндигина олган пайтларим эди. Яқин дўстларимдан бири Бухорога – Ситораи Моҳи хоса санаторийсида ҳам ҳордиқ чиқариб, ҳам даволанаётган отасини кўриб қайтиш учун олиб борибкелишимни илтимос қилиб қолди. Янги машинадан кўнглим тўқ бўлганлиги учун розилик бердим. Қолаверса, Ситораи Моҳи хосанинг таъриф-тавсифини кўп эшитган эсам-да, унинг ўзини кўрмагандим.
Дам олиш кунларидан бирида эрталаб йўлга отландик васоат ўнга қолмаси кўзлаган манзилимизга етиб бордик. Дўстимизнинг отаси билан омонлашгач, уларни ўзаро мулоқот учун холи қолдириб, «Бухоро амирларинииг ёзги қароргоҳи»– дея аталадигаи айни маълум ва машҳур маскан билан танишишга тушдим.
Тўғриси, ўша пайтгача «Ситораи Моҳи хоса» атамасининг ўзбекча маъносини ҳам билмас эканман. Суриштириб кўрсам, унинг мазмуни Юлдуз ва Ойга хос (ўхшаш) гўзал жой (ошён) дегани экан. Ушбу таърифнинг нақадар ҳаққоний эканлигини йилнинг гуллаб-яшнаганфаслида мазкур масканда бўлганимда аниқ ҳис этгандим.
Ўшанда ён дафтаримга унинг тарихи билан боғлиқ қуйидаги маълумотларни ҳам битиб қўйган эканман: Ситораи Моҳи хоса – Бухорога қатор асрлар мобайнида ҳукмронлик қилган манғитий подшоҳларнинг шаҳар ташқарисидаги саройи. У Бухоронинг Самарқанд дарвозасидан шимол тарафга чиқиб, Ғиждувонга бориш йўлининг тўртинчи километрида жойлашган. Ситораи Моҳи хосага, дастлаб Бухорога 1826-1860 йилларда тождор бўлган Амир Насрулло даврида асос солинган.
1885-1910 йиллардаги Бухоро подшоҳи Амир Абдулаҳадхон эса,айни гўшада кенг кўламли ишларни амалга оширган. Атрофдаги ботқоқликлар қуритилиб, хушманзара боғ-роғлар яратилган. Европа ва Осиё меъморчилиги услубларида сарой тикланган.
Бухоронинг сўнгги тахтдори Амир Олимхон булар билан қаноатланиб қолмасдан, ўзи учун яна янги қаср қурдирган. Шундаи сўнг ушбу ердаги бинолар мажмуи эски ва янги сарой, дея атала бошлаган.
Эски Ситораи Моҳи хоса саҳнига пишиқ ғишт ётқизилган учта ҳовлидан иборат бўлиб, айни масканда Амир Музаффар меҳмонхонаси ўзига хос ишланганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг кенг ва баланд зали, ҳар икки тарафдаги болохонали айвонлари, европача услубдаги эшик-деразалари, деворлар ва шифтлардаги нақшин безаклари эътиборни жалб этади.
Амир Олимхон ўзининг Юлдуз ва Ойга хос кошонасини қайта қуриш асносида кўпгина янгиликлар киритган, шунинг учун ҳам, ушбу қароргоҳ меъморчилик санъати нуқтаи назаридан, ундаги нақш ва безаклар ҳамда осори-атиқалар эса, бадиий нуқтаи назардан алоҳида қимматга эгадир. Шу ўринда таъкидламоқ даркор-ки, асримиз бошларида бунёд этилган мармар зинали ҳовуз саройга алоҳида кўрк ва савлат бағишлайди.
Бош қароргоҳ олдида ўрнатилган мармардан ишланган иккита салобатли шер ҳайкали, беихтиёр,XIX-XX асрлардаги Ленинград шаҳри манзараларини ёдга соларди. Балки Амир Олимхон уларни ўзи таълим олган Санкт-Петербург шаҳридан олиб келтирганмикан, дея қизиқдик. Тегишли кишилар бизга ушбу шерларни нуроталик тоштарош уста Абдураҳим Турди ўғли ясаганлигини айтиб қолишди.
Хулласи калом, Амир Олимхон ҳашамбозлик соҳасида ўз аждодларидан анча ўзиб кетган экан…
Товусларни ўша пайтлардаги Ситораи Моҳи хосанинг ўзига хос рамзи, дейиш мумкин эди. Уларнинг ушбу ошёнда атрофдаги одамлардан ҳайиқмасдан юришларини илгари ҳам эшитгандим, шунда ўзим-да шахсан гувоҳ бўлдим. Товусларга боғлиқ яна бир нарса: – Аксарият парранда-ю дарранда зоти бор-ки, эркагига нисбатан урғочиси чиройлироқ ва нозикроқ бўлади. Лекин бунинг акси ҳам учраркан-ки, менга бу ердаги товусларнинг нарлари модаларига нисбатан анча чиройли ва рангдор, тожи ва думи ҳам камалаксифат жилоланаётгандай бўлиб туйилди, билъакс, модалари эса,нисбатан бирмунча кўримсизроқ ва хунукроқдай бўлиб кўринди. Балки, фақат Ситораи Моҳи хосанинг товуслари шундаймикан, деган хаёл ҳам кўнглимдан кечди.
Хуллас, Юлдузга мос ҳамда Ойга хос кошонани қадамба-қадам айланиб, анча-мунча таассуротларни қоғозга илдириб, санаторийга келсам, дўстимнинг отаси ҳам биз билан биргаликда қайтадиган бўлиб қолибди. У кишиниям машинага миндириб, изимизга жўнадик.
Боргунимизча эртачироқ манзилга етишни ўйлаб, йўл бўйлаб ўнлаб километр чўзилган давлат жайрончилик қўриқхонасида тўхтаб ўтолмаган эдик. Табиатни қўриқлаш соҳасида ишлаётган дўстимизнинг лавозимидан ва имкониятидан фойдаланиб, ушбу ноёб жониворларни ҳам кўриб кетмоқни кўнглимизга туккандик.
Мана шу масалани ўзимизча муҳокама қилиб кетаётганимизда йўл четида тўсатдан пайдо бўлиб қолганГАИчи тўхташга ишора қилиб қолди. Мен ҳайрон бўлиб, қандай қоидани буздик экан, деганхаёлда машинани йўл четига бурганча тўхтатдим. Ўзимга ишончим комил бўлганлиги учун ўриндиқдан тушиб ҳам ўтирмадим. Йўл назоратчиси, охири, ўзи ёнимизга келиб, ҳужжатларимизни талаб қилиб олди ва машинани бир айланиб чиққач, бизларни ўз ёнига чақирди.
– Энди буёғи лайлакхўрлик эканда-а? – деди у киноя билан.
Бизлар гапнинг нима хусусда бораётганлигини англаёлмасдан, ГАИчи лейтенантга ҳайрон тикилиб қолдик ва унинг нима демоқчи эканлигини била олмай:
У эса, бизнинг гапимизга қулоқ ҳам солмай, ҳейўқ-бе йўқ: «Ичиб олгансизлар,буни исботлаш учун ҳозир шаҳарга олиб бориб текширтираман» – дея мендан машина калитини талаб қила бошлади. Бизлар ҳам ўзимизнинг ҳақлигимизга имонимиз комил бўлгани учун у билан астойдил тортишишга тушдик. ГАИчи шунда машинанинг орқа эшигини шаҳд билан очиб, бир шиша олди-да: «Бу нима?» – дея кўрсатди. Биз эътибор билан қарасак, унинг қўлида ўша пайтлари казо-казолар ўртасида ичиш расм бўлган Молдавиянинг «Белый аист», яъни ўзимизчасига «Оқ лайлак» коньягининг ярмидан кўпроғи ичилган шишаси турарди.
Ҳайрон бўлиб, бир-биримизга қарадик. Шу орада ўртага дўстимизнинг отаси кириб қолди ҳамда масалага ойдинлик киритди. Маълум бўлиши-ча, у санаторийда ҳамхоналари бўшатган «Оқ лайлак»нинг шишасига йўлда ичиб кетиш учун совуқ чой солиб олган экан. ГАИчи эса, уни коньяк сифатида қабул қилиб, бизни ундан ичиб келаяпти, дея ўйлабди.
“Оқ лайлак” коньяги билан боғлиқ можаро равшанлашганидан сўнг ҳам лейтенант “ошна”миз отдан тушсаям эгардан тушмай, анча пайтгача калламизни қотирди. Охири, биз унинг ўзини нотўғри тўхтатганлиги, бекорга шунча вақтимизни йўқотганлиги учун катталари олдига “судрай” бошладик. Шундан кейингина, ГАИчи, ноилож бизга жавоб беришга рози бўлди ва ўлганининг кунидан «оқ йўл» тилади.
Тўғриси, биз унинг бундай қилиғидан ҳайрон қолгандик, негаки, ўшанда бухоролик йўл назоратчилари қашқадарёлик меҳмонларнинг машиналарини сираям тўхтатишмайди, дея эшитгандик. Ахир, қашқадарёлик Абдувоҳид Каримов шу пайтлари Бухоро область партия комитетининг биринчи котиби эди-да.
Кейин билсак, Абдувоҳид Каримов, худди ўша кунлари ишдан бўшатилган, аламзада ГАИчи эса, фурсатдан фойдаланиб, ўзини кўрсатиб қолмоқчи бўлган экан. Бизнинг у билан тортишаман, дея жайрончилик қўриқхонасига кириш ҳам ёдимиздан чиқиб кетганлиги армон бўлиб қолди.
* * *
Муқаддас Бухорои Шариф билан боғлиқ ўзимнинг бошимдан кечирганюқоридаги воқеаларни ҳикоя қилар эканман, мени бир нарса ҳайрон қолдирди. Яқинда россияликлар Москванинг 850 йиллигини катта тантана билан нишонладилар, улар мазкур муносабат билан ўзларининг пойтахтларини Ер юзидаги энг яхши шаҳар, дея улуғладилар. Лекин собиқ давлатдошларимиз айни борада англашилмовчиликка йўл қўйган кўринадилар. Ахир, ер юзида Москвадан зўр шаҳарлар озми?!
Шулардан бири – Москванинг “бобоси” тенги бўлган, яъни ёши ундан уч ҳисса улкан Бухорои Шарифдир. Мусулмон оламида Маккадан кейинги иккинчи ислом дини маркази, дея тан олинган, бутун жаҳонни лол қолдирган улуғ ҳамда даҳо алломалар Ватани – қадим ва азим шаҳри Бухоронинг 2500 йиллик қутлуғ тўйи бутун дунёвий миқёсда ва қамровда нишонланаётганлиги ҳам ушбу эътирофнинг ёрқин намунасидир.