Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 1-қисм
Алексей ВОЛОСЕЕВИЧ: ОТИБ ТАШЛАНГАН АНДИЖОН (1-қисм)
Алексей Волосеевич
(13 май фожеаларини бошидан кечирган шаҳарнинг машъум хотиралари…)
Бу дахшатли воқеалар ўққа тутилган Андижонда 16 майдан эътиборан икки ҳафта давомида ёзилди.
Ҳали маҳаллий аҳоли бу қонли воқеалардан ўзига келолмаган, уларнинг баъзилари ҳатто ўз яқинларини дафн ҳам этишолмаган – аксар мурдаларни топишнинг иложи йўқ, улар қаёққадир ғойиб бўлишган…
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги мухбири, 13 май фожеалари гувоҳи Алексей Волосеевич Андижонда уйма-уй юриб, ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, қўни-қўшнилари билан учрашиб суҳбатлашди.
Бу суҳбатлар асносида 24 нафар қайғули ҳикоя ҳосил бўлди.
Бу ёзувлар шарҳ талаб қилмайди. Фақат бир ҳолат бундан истисно: қуйида келтирилажак исмлар ҳикоя қилувчиларнинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан ўзгартирилган, холос.
Журналистларга кўнглини очувчи кишилар тақдири бу ерда фожеали якун топаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас…
Бу “Андижоннома”нинг қисқартирилган қисми 8 июнда (2005 йил) Москванинг Время новостей” газетасида эълон қилинган.
Мазкур фожеаноманинг тўла матни эса Сизга хавола этилмоқда…
Таҳририят
Ҳалок бўлганларни топиш жуда осон. Истаган маҳаллага кириб, “Жаноза қаерда бор?” деб сўрасангиз кифоя, Сизни дарров олиб боришади.
13 майда ҳалок бўлганларнинг уйлари ҳам бир-биридан узоқ эмас. Бутун шаҳар бўйлаб сочилиб ётибди “жанозали” уйлар…
Баъзан бир бирига туташ қўшни ҳовлилар ҳам учраб туради. Ҳаммасида дарвоза бўйлаб қўйилган узун ўриндиқларга кўрпачалар тўшалган, марҳумлар хотирасига дуо қилиш учун ҳозирланган муваққат жой бу.
Келиб, ўтганлар руҳига дуои-салом ўқиб, бир лахза сукут сақлаб, кетаверасиз. Юракни сиқувчи совуқ сукунатдан сесканиб турасиз.
Гўё бутун Андижон улкан ва рутубатли қабристонга айлангандек…
Биринчи ҳикоя
Бахтиёр, 1986 йилда туғилган.
Биз унинг онаси ва қариндошлари билан мўжазгина ҳовлида суҳбатлашаяпмиз. Ғариб ва ночор бир манзара. Ўғли ҳақида ҳикоя қиларкан, онаизор ўксиб йиғларди: “15 май куни ўғлимнинг туғилган куни эди. Икки кун яшаганида ўн саккизга тўларди шўрлик…”
Унинг исми – Нигора, 1956 йилда туғилган, уй бекаси. Жами олти нафар фарзанди бўлиб, Бахтиёр билан яна бир ўғли бор эди. Энди ўғиллардан битта қолди. Бахтиёр оилада бешинчи фарзанд эди.
Иккинчи ўғли ундан атиги бир ёш катта, холос. Бахтиёр ҳам акаси билан одамларнинг хизматини қилиб пул топарди. Бозорда арава ташир, уй ремонти билан шуғулланар – ҳар қалай нима тўғри келса қилар, чунки катта оила ташвиши акаси билан унинг елкасида эди.
Отаси уларни ташлаб кетган, онаси ундан айрилиб, каттакон рўзғор ташвиши шу икки ўғил гарданида эди…
Бахтиёрнинг топгани гоҳида икки-уч долларга етар, баъзан шунга хам етмас, лекин хар қалай шу пул ҳам оилани бир амаллаб тебратишга етиб турарди. Онаси ҳали пенсия олмас, кўп болали оилаларга бериладиган пул эса ҳукумат томонидан бекор қилинган эди…
Бу ҳовлида улардан бошқа яна холалари ҳам икки қизалоғи билан яшар эди. Жами уч хона ва бир айвондан иборат эди уларнинг уйлари. Ҳовлидаги ягона крандан 14 оила навбат билан сув ичишади. Яккаю ягона тахтадан қилинган хожатхона ҳам ҳамма учун умумий… Андижоннинг деярли ярми бугун ана шундай аҳволда …
“12 майдан 13 майга ўтар кечаси соат тўққиз-ўнлар атрофида отишма бошланди. – хотирлайди Бахтиёрнинг онаси. – Одамлар ҳовлига тўпланиб осмонга қарашар, ниманинг шарафига салут отишяпди деб ҳайрон бўлишарди. Лекин 12 май оқшоми ниманинг шарафига салут берилиши мумкин эди? – ўз-ўзига савол беради она. – Одамлар салут деб билган бу нарса хақиқий отишма эканлиги маълум бўлди – автоматлар, пулемётлар, БТР лар отишмаси эди…
Эрта тонгда Бахтиёр ўртоғи билан қаёққадир кетиб, пешинда қайтиб келишди. Тушлик қилиб, яна қаёққадир чиқиб кетишди. Шу кетганича қайтиб келмади. 14 май куни унинг дўстлари келиб, акасига Бахтиёр вилоят биноси олдидаги ҳайкал пойида ётганини маълум қилишди.
Мурда устидаги латтани олиб қараган акаси “Бу Бахтиёр эмас” деган. Мурда мажақланиб, бир кўлмак қонга айланиб қолган эди. “Бу Бахтиёр эмас” деган-у, лекин оёғидаги крассовкадан таниб қолган.
Кундуз соат иккиларда уни уйга олиб келишди. Мен ҳушимни йўқотиб қўйган эдим. Уни олиб келишди-ю, ювиб “Писта-Мозор” қабристонида дафн қилишди. У ерда аллақачон бошқа бир янги қабр ҳам бор эди…
“Ўғлим ҳатто мачитга ҳам бормаган, номоз ҳам ўқимасди, – фарёд қилади онаизор. – Эртадан кечгача ишларди. Иккала шўрлик ўғлим бизларни боқишни ўйларди, холос… Марҳумнинг акаси: “Солдатлар тинч ахолини ўққа тутишди. Бахтиёрга иккита ўқ текканди – бири юрагига, иккинчиси – юрагининг остига…”
Марҳумнинг онаси: “Тинч аҳолига тегишмайди дейишганди, уларнинг айби нима? Қанча ўспирин ўлиб кетди…” Она ўз фарзандини отган, Андижонни ўққа тутган ҳукумат жазоланишини талаб қилди. Унинг сўзларига қараганда, Бахтиёрнинг дўстлари ҳам ҳақиқий қотилларни топиш ва жазолашга қасам ичишган…
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги
(Давоми бор)
Рус тилидан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси
3 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ3 комментария
-
Мана бу маколлар жуда уринли булса керак..
1.Шамол булмаса дарахтни учи кимирламайди
2. Урмонга енгин кетса хулу-курук бирга енадиДавлат тинчлиги хар доим, хамма замонда биринчи уринда булиб келган, бу аник. Тугри купчиликнинг кариндош уруглари нобуд булди бу жуда хам кайгули вокеа, лекин урушда курбонлар булади…бу хам хакикат. Олов вактида учирилмаса аланга олиб кетиш эхтимоли жуда юкори булади. Баъзида оилани бошкаришда нима тугрилигига иккиланасан киши, давлатни бошкаришчи…
-
Сиз узоқ йиллар диктатор Каримовга ва унинг қонли режимига садоқат билан хизмат қилдингиз. Бош муҳаррир бўлдингиз ва президент салтанатида ўзи — хон, кўланкаси — майдон эдингиз! Одамларни назар писанд қилмагансиз. Ишга олган ходимларни ишга кириш аризаси билан бирга, ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини ҳам ёздириб, кейин ишга олгансиз. Буни сизнинг қўлингизда ишлаган Алишер Таксанов ёзган мақолалардан ҳам билса бўлади. Лекин «Отиб ташланган Андижон»ни таржима қилиб ва бутун бир асарга тенг — «Қирғизларга мактуб»ни ёзиб, сиз асли адолатпарвар инсон эканингизни исботладингиз. Халқимизда «От айланиб қозиғин топар деганлар доим» деган яхши бир гап бор. Бу доно фикр сизнинг лўттибоз устозингиз А.Орипов шеърларида ҳам баъзан бўй кўрсатиб қолади. Биз ҳар куни қайта ва қайта кирадиган «Дунё ўзбеклари» учун, «Отиб ташланган Андижон!» ва «Қирғизларга мактуб» номли шеърий драмангиз учун бизни сизни яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Чет элдаги ўзбеклар орасида ҳали ҳеч ким сизчалик халқ ва мухолифатнинг ҳам ғазаб, ҳам муҳаббатига бу қадар катта шов-шув билан сазовор бўлмаган…
-
Ҳурматли Исмат ака!
Андижон қурбонлари ва жабрдийда ҳалқини ёдга олганлигингиз учун катта раҳмат. Ҳукумат токи бугунги кунларгача ҳам ноҳақ ўлдирилган сонини бир неча юз баробар камайтириб кўрсатиб келаяпди деган иддаолар тингани эмас ва албатта бир кун келиб барчаси номма-ном эълон қилинади, яширинча кўмилганларнинг умумий қабрлари очилиб, йиллар давомида шахслари аниқланиб қайтадан инсондек дафн қилинади.
Минглаб эсдаликлар эълон қилинмасдан вақтини кутиб ётгандир!
Бугунги ҳукумат ҳаққини талаб қиладиганларни неча минг бўлишидан қатъий назар қириб ташлашидан огоҳлантиришдир, ушбу ҳотиралар!
ТЎҒРИСИНИ АЙТАДИГАН БЎЛСАК, ЮҚОРИДАГИ РАСМГА ҚАРАБ; МАШИНА БОРТИДАГИ ЁЗУВЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИЛМАСА, ТИШ-ТИРНОҒИГАЧА ҚУРОЛЛАНГАН ФАШИСТ СОЛДАТЛАРИНИНГ УРУШ ПАЙТИ ОЛИНГАН РАСМИ ДЕБ ЎЙЛАШ МУМКИН!
ИШОНМАСАНГИЗ ЁЗУВЛАРИНИ ЎЧИРИБ САЙТГА ЖОЙЛАБ, СЎРОВ ЎТКАЗИНГ!ДУНЁДА БИРОН ИНСОН ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМАЙДИ, ИШОНМАЙДИ!
АММО ЗОКИРЖОН АЛМАТОВНИНГ ИНИЦИАЛЛАРИ ҚОНЛИ ТАРИХГА АБАДУЛ-АБАД ҲАЛҚ ҚОНИ БИЛАН БИТИЛДИ!
ҚОНЛИ РАҲБАРЛАР!!!
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Андижон вокеаларини сайтдан олиб ташлаш мумкин, аммо инсонлар онгидан, тарихдан йук килиб булмайди…
Исмат ака! Волосевич маколасини олиб ташланг, ахир Украина вокеалари курсатдику оломон нима киладику окибати нима булишини. Шахар прокурорини улдириб ташлаган, Алматовга встретимся в Ташкенте деганлар хакида хеч гапирмайди бу Волосевич. Бир-биримизни есак хурсанд булишса керак. Януковичга ухшаб латта булиш керак эдими Узбек хукумати…
Нортой Украина б-н Узбекистонни тенглаштирма ер б-н осмонча фарки бор. Украинлар хозир хам сендан яхши яшаяпти. Янукович кон тукилишини истамади. Халкини конини креслога алишмади. Оломон дебсан у Халк эди, улар куп нарса сураган йук эди. Оммавий киргин килмасдан, Мулокот килса булар эди. Сен уз жигарларини, отаси-онаси, ака-укасини, норасида гудакларини йукотган одамларни урнига узингни куйиб кур. Нима сенингча тугрими шу киргинбарот. Кейин сен Исмат акага указат килмай куявер нимани олиб ташлашни, куйишни…