Инсон 4 нарсани танлай олмаслиги, бунга унинг жисмоний имкони йўқлиги, бўла олмаслиги, маълумдир. Танлаб бўлмас 4 нарсадан бири — бу инсоннинг ўз ота-онасини танлай ололмаслигидир. Баъзи инсонлар ноқобил ота-оналардан туғилиб, улардан беихтиёр ўзи ҳохламаган тарбияни олиб, ёинки олмай, у ҳам ҳудди ота-онасига ўхшаб, хаётда ўз ўрнини тополмай, зулмкор бир инсон бўлиб қолиши ва бунинг оқибатида халқ қаҳрига учраб қолиши ҳеч гап эмас экан. Аммо ўз фарзандига тўғри тарбия бериб, уни хақ йўлга бошловчи ва пировардида миллат манфаати учун керакли инсон этиб етиштиргувчи ота-оналар, шукрки, ер юзида ва айниқса буюк ўзбек миллатида аксариятни ташкил этиши, миллатимизнинг нақадар улуғ бир халқ эканлигидан яна бир далолатдирки, бу эса ўз навбатида кишига бениҳоя ғурур бағишлайди.
Яратганга кўплаб шукрлар бўлсинки, мен, буюк иқтисодчи олим, таниқли жамоат арбоби, меҳрибон устоз, ўзбексевар, доимо оддий халқнинг корига яраб келаётган, аммо шу билан бирга доимо ўзини халқнинг назарида камтар тутган Сиздай инсоннинг фарзанди бўлиб дунёга келдим ва Сиздан дунёдаги ҳеч бир устоз ўргата олмайдиган амални — эзгуликни ўргандим. Сиздаги тарбия санъати шунчалик моҳирона эдики, болалигимга бориб айтганларингизни тўлиқ бажармасам ҳам, баъзан эса уларнинг терсини қилган пайтларим ҳам бир оғиз ножойиз сўзлар билан койимадингиз, жисмоний жазони-ку қўятурайлик, овозингизни лоақал бир парда юқорилатиб гапирмадингиз.
Эсимни танибманки, доим “Зарбулмасал”ми, “Калила ва Димна”ми, рус масалчиси Криловнинг масаллари бўладими, шулардан вазиятга қараб муносиблари билан менга кўплаб мисоллар келтирардингиз, чунки мен у пайтлар ёш эдим, хайвонлар билан келтирилган мисоллар бола онгига тезроқ сингишини Сиз аниқ билардингиз, буларни мен анча йил ўтиб, ўзим ҳам ота бўлгачгина сездим.
Ўспиринлик давримда тушунчам саёзроқ бўлган эканми, харбий хизматга бир баҳона топиб, бормай, ўқишимни давом эттираман деб айтганимда, жаҳлингиз чиқиб, тўрт мучаси соғлом эркак Ватан олдидаги бурчини бажариши албатта лозим эканлигини, булардан энг улуғроғи – унинг харбий хизматни ўташи эканлигини, буюк боболаримиз ҳам Ватан истиқлоли учун жанглар қилишганини, бу ишлар учун ҳатто ўзларини фидо қилганликларини уқтирардингиз. “Улуғ Ватан Уруши” деб ном берилган урушни деб, Сиз туғилиб ўсган қишлоқда, эркакларнинг соғломлари фронтга кетганидан, колхознинг тегирмонини юргизишга ҳеч ким қолмаганидан, уни юргизишни ва ҳисоб-китобини олиб боришни Сизга топширишганини сўзлаб берардингиз, ўшанда Сиз бор йўғи 10 яшарлик болакай бўлган экансиз. Ажабо, 10 яшарлик бола ўз болалиги шуурини ҳис этиб, ўйнаб-кулиб яшаши ўрнига, минг бир азоб билан халқнинг тегирмонида худди катталардек меҳнат қилса, баъзан тажрибали ишчи хам кези келганда эплолмайдиган машаққатли юмушни унга ишониб топширишса, бундан ташқари бу меҳнатлари учун 10 яшарлик болакайга “Мехнат фронти қатнашчиси” мартабасини беришса. Бу машъум урушнинг асоратларидан мисоллар келтираркансиз, инсон сабр — бардошли бўлишига, яхши кунлар билан қийинчилик даврлари ҳам бўлишини, ер усти-ости бойликларимизга эга чиқиш ниятидаги империалистлар, тинч-фаровон хаётимизни кўролмайдиган турли кучлар аҳён аҳёнда бош кўтариб туришлигини, тарихий мисоллар билан асослаб, бот-бот таъкидлардингиз. Деганларингизни барчаси хозирги хаётда акс этаётганини кўриб, башоратларингизга тан бераман.
Жисмоний мехнатга кўп эътибор қаратардингиз, киши мехнат қилмаса, ниманидир яртамаса ундан ҳеч бир фойда йўқлиги хақида сўзлардингиз. Бизларга намуна сифатида, уй-хўжалик ишларини кўз олдимизда шахсан ўзингиз бажарар эдингиз ва бунга биз фарзандларни ҳам қўлимиздан келганча жалб этар эдингиз. Буни бизларга ўрнак бўлсин, меҳнатга ўргансин деб қилишингизни йиллар ўтиб англадим, отажан. Ваҳоланки, бундай ишларга ишчими ёки мутахассисними жалб этиб бажартиришга имконингиз бор эди. Доимо мехнатсеварликка, шу билан бирга кўп ўқиб, билим орттиришга доим биз фарзандларни даъват этардингиз. Табиийки, инсонга қаттиқ таъсир этувчи бу мисоллардан биз фарзандлар ўзимизга тегишли хулосалар чиқарар эдик. Барча фарзандларни уйли-жойли, қилдингиз, уйлантириб, узатдингиз. Барчамизни олий маълумотли қилдингиз. Берган тарбиянгиз натижаси ўлароқ, биз фарзандлар ҳам инсонни улуғлайдиган, ўз шахсий манфаатидан халқ манфаатини устун қўядиган зиёли инсонлар бўлиб етишдик, айримларимиз эса олимлик мартабасига эришдик — акам, опам ва синглим ҳозирда фан номзоди унвонига сазовор бўлганлар. Фарзандлар олдидаги ўз оталик бурчингизни мукаммал адо этдингиз.
Юқори давлат лавозимларини эгалламаган эдингизми, шундан уйимиз доимо, турли масалалар бўйича арз қилиб, ёрдамми, маслаҳатми сўраб келганлар билан гавжум бўларди, уларнинг қарийб бари оддий фуқаролар эди. Қўлингиздан келганча уларнинг барчасига ёрдам берар эдингиз, чунки Сизнинг энг буюк мақсадингиз оддий халқнинг корига яраш эди ва буни кўп бора такрорлар эдингиз.
Ҳануз ёдимда, 1989 йилнинг май ойларида Сизни эгаллаб турган юқори давлат мансабидан озод этишди. Бунинг сабаби эса СССРнинг аллақандай пленумида бўлғуси таъқиб ва тазийқдан қўрқмасдан, у империя ватанимиз Ўзбекистоннинг миллий бойлиги бўлмиш пахтани арзон нархларда сотиб олиб бундан катта фойда кўраётганини, уни етиштирган ўзбек дехқони эса ҳеч нарсага ёлчимаётганини аниқ, пухта илмий хисоб-китобларга асосланган далиллар билан исботлаб берганингиз экан. Шу чиқишингиздан кейин Сизни “Марказ” ишдан олиб, таъқибни бошлаб юборган экан. Буни нима учун қилдингиз, ахир иссиқ курсида ўтириб, хаммага буйруқ бериб, тинчгина умр кечирсангиз бўлмасмиди, дегувчилар ҳам кўплаб топилган экан ўша даврларда. Йўқ, отажон Сиз ундай қилолмас эдингиз, умрини халқ манфаати учун тиккан одамлар унинг манфаати йўлида хеч нарсадан тап тортмаслиги улар учун оддий бир ҳол экан. Иттифоқо, шу ўринда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг “Жиҳодларнинг афзали, халқ манфаати учун золим раҳбарга айтилган ҳақ сўздир” — деган ҳадислари ёдимга тушади… Ҳаёт йўлингиз гоҳ “Марказдан” келган “десантчилар”, гоҳ ичкаридан чиққан миллат манфаатини менсимайдиган амалдорлар билан курашлар билан ҳам кечди. Қувонарлиси, Сиздай ватанпарварларнинг тегишли ҳатти-харакатлари туфайли бундай “десантчилар” ва миллат хоинлари 4 томонга тум-тарақай бўлишди. Республика эркин нафас ола бошлади, бунда Сизнинг ҳам хизматларингиз борлигидан фахрланаман. Сиз умрингизни шу бағрикенг, буюк бир халққа баҳшида этган эдингиз, ватанпарвар эдингиз, миллатнинг садоқатли фарзанди эдингиз ва шундай бўлиб қолдингиз.
Халқимизнинг, унинг раҳбарларининг тегишли саъй-харакатлари туфайли, миллатимиз, ватанимиз бахтига буюк аждодларимизнинг орзуси бўлмиш истиқлолга хам эришдик. Ватан эса Сиздай садоқатли фарзандини унутмади, истиқлол йиллари ҳам турли давлат ва жамоат вазифаларида фаолият юритдингиз ва юритиб келмоқдасиз, юзлаб шогирдлар етиштирдингиз, уларга ҳам бор билимингизни ва хаётий тажрибангизни ўргатдингиз, уларнинг кўпчилиги хозирги кунда Ўзбекистонни жаҳонга тараннум этмоқдалар, давлатимизни бошқаришда фаол иштирок этмоқдалар, илмий изланишда давом этмоқдалар. Лекин энг асосийси халқнинг назарига тушдингиз ва унинг хурматига сазовор бўлдингиз.
Довруғингиз ҳатто олис Америка қитъасигача ёйилди, ўша олис ўлкаларда хам “Америка Библиография Институти” томонидан “XX асрнинг 500 та лидеридан бири” деб эътироф этилдингиз. Турли давлат ва илмий унвонларига, нишонларига ва ёрлиқларига эга бўлдингиз.
Баъзида ўйланиб қоламан: бир инсон ўз миллати олдидаги бурчини адо этиши шунчалик бўлармикин деб, лекин отамдек ватанпарвар инсонлар ундай ўйламаслигини, улар то умрларининг поёнига қадар ўз ватанига ўзлигини унутиб, беминнат хизмат этишини, унинг порлоқ келажагига ўз ҳиссасини қўшишда бардавом бўлишлигини, уларнинг буюклиги айнан шунда эканлигини тобора чуқурроқ ҳис этиб бораман.
Ғамгузор отажоним, мана табаррук 80 ёшни ҳам қарши олмоқдасиз, бу узоқ йиллар давомида, қанча ташвишу, азоб – уқубатли, шу билан бирга кўплаб шодон кунларни ҳам кўрдингиз. Хаётда нима эзгу амал қилган бўлсангиз, шу халқни, миллатни, ватан манфаати учун қилдингизки, бу биз фарзандлар, набиралар учун барчаси абадий бир ибрат бўлиб қолажак. Сизнинг ёруғ, эзгу, миллат манфаати учун тикилган йўлингизни, қанчалар бу йўлда машаққат кўрмайлик, биз авлодлар ҳам давом эттирамиз. Сиз бизларга таъбир ўринли бўлса ўлчаб бўлмайдиган “хазина” – билимлар, тарбия, маънавият, адолат, ватанпарварлик ва ҳалоллик хазинасини мерос қилиб, бўлиб бердингиз, бизлар эса бу хазинани Ватанимизни, халқимизни бундан-да гуллаб яшнашига, бахтли-саодатли ва равнақ топиши йўлида сарфлаймиз. Умрингиз бундан-да узун бўлсин, Отажон! Фарзнадларингизни, дўст-биродарларни, яқинларингизни, шогирдларни, миллатни, халқни, Ватанни бахту-саодатини, муваффақиятларини хали кўп йиллар давомида гувоҳи бўлиб юринг, азизим!
Берган тарбиянгиз, билимингиз, кўрсатиб берган тўғри йўлингиз учун то абад миннатдор фарзандларингиз номидан, ўғлингиз Истеъдод.