САНАМАЙ САККИЗ ДЕМА ЁХУД “ОЗОДЛИК” НИНГ НАВБАТДАГИ УЙДИРМАСИ
САНАМАЙ САККИЗ ДЕМА ЁХУД “ОЗОДЛИК” МУХБИРИНИНГ НАВБАТДАГИ УЙДИРМАСИ
19.02.2016 «Бувайда кўзгуси»
ЭЪТИБОР БЕРГАНМИСИЗ, ҲАҚИҚАТДАН ЙИРОҚ, ТУРГАН-БИТГАНИ ТУҲМАТ ВА БЎҲТОНГА ҚОРИШИҚ ГАПЛАРНИ ТАРҚАТАДИГАН КИМСАЛАР КЎПИНЧА ЎЗ НОМЛАРИНИ СИР ТУТИШАДИ. ИҒВОНИ УРЧИТИБ ҚЎЙИБ, ЎЗЛАРИ ПАНАДА ТУРИШНИ ХУШ КЎРИШАДИ. НИМА УЧУН? ХОЛИСЛИКНИ УНУТГАН, ЁЗГАНЛАРИГА ЎЗЛАРИ ҲАМ ШУБҲА БИЛАН ҚАРАЙДИГАН БУНДАЙ ИНСОНЛАР НИМАДАН ҚЎРҚИШАДИ? АСЛ ҲАҚИҚАТДАНМИ? ҲАР САФАР “ОЗОДЛИК” РАДИОСИ ТАРҚАТАЁТГАН АХБОРОТЛАРНИ ЭШИТГАНИМДА Ё ЎҚИГАНИМДА ШУ САВОЛ ЎЙГА ТОЛДИРАДИ.
Авваллари “озодлик”чилар бирорта арзимаган муаммо ё миш-мишни олиб, уни ўзларининг ёлғон-яшиқ иддаолари билан кўпиртириб, оламга жар солишарди. Бу сафар ҳеч қандай асосли дастак топа олмаган “сохта мухбирлар” юртимизга тош отишнинг бошқа усулини топишган кўринади.
Боиси, уларнинг навбатдаги “янгилиги” бутунлай ҳақиқатдан йироқ, хаёлот маҳсули — тўқима гап-сўзлардан иборат эди.
Шу кунларда “Озодлик” радиоси ва унинг сайтида “Биометрик паспорт ўзбекистонлик келиннинг муаммосини ҳал қила олмади” сарлавҳаси остида бир хабар тарқатилди. Ажаблантиргани, унда номи келтирилган, аниқроғи номи ўзгартирилган келин Фарғонадан, Бувайдадан экан.
Таажжубимнинг боиси — ўзим шу ерда туғилиб-ўсганман, қолаверса, тумандаги расмий ахборот тарқатувчи нашр – “Бувайда кўзгуси” газетасида ишлайман.
Касб тақозоси билан ҳаркуни одамлар орасидамиз. Демоқчиманки, бу мўъжаз ҳудуддаги тўғри-нотўғри гап-сўзлардан, барча янгиликлардан имкон қадар бохабар бўлишга одатланганмиз.
Шунинг учун хабарни ўқидиму ўз-ўзимга савол бердим – наҳотки, бу маълумотлардан биз бехабар қолган бўлсак? Ё “Озодлик”дагилар шунчалик “тез» ва “аниқ” ишлашадими?
Ҳам қизиқиш, ҳам орият устун келиб асл вазиятни билишга ҳаракат қилдим. “Озодлик” мухбирлари келтирган маълумотларни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Хабарда Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрига келин бўлиб тушган бувайдалик аёлнинг 4 ойдан буён оиласи ёнига қайта олмаётгани айтилади.
Аниқроғи, давлатимизнинг биометрик паспортига эга бу аёлнинг чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтгани учун жаримага тортилиб, бир неча марта терговга чақирилгани, ҳатто уй қамоғида ушлаб турилгани иддао қилинади.
Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида даставвал туман ИИБ паспорт бўлинмаси билан боғландик.
— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳа, шу жумладан халқаро муносабатларни ривожлантириш борасида кенг имкониятлар яратилди, — дейди туман ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи Баҳромжон Султонов. – Жумладан, Ўзбекистон кўплаб халқаро конвенция ҳамда ҳужжатларга мувофиқ ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) аъзоси сифатида ўз мажбуриятларига риоя қилган ҳолда, биометрик паспорт – электрон ҳаракатланиш ҳужжатини жорий этди. Бу биометрик паспортлар унинг эгаси ҳақида шахсий биометрик параметрлар – рақамли фотосурати ҳамда бармоқ излари туширилган биографик маълумотларни ўз ичига олган махсус электрон чип билан таъминланган ва барча халқаро талабларга тўла мос келади.
Бугунги кунда электрон ахборот манбасига эга бундай ҳужжатлар дунёнинг аксарият мамлакатларида амалиётга киритилган. Бироқ биометрик паспорт ҳеч қачон ҳеч бир давлатда чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтиш ҳуқуқини бермайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йил давомида туман паспорт бўлинмаси томонидан аниқланган қоида бузилиши ҳолатларининг ҳеч бирида қўшни республикаларга келин бўлиб тушган, яқинларини кўриш учун туманимизга келган бирорта аёл жаримага тортилгани қайд этилмаган.
Мана бу маълумот эса “Озодлик”чилар тарқатган “хабар”нинг қай даражада ҳақиқатдан йироқлигини кўрсатиб турибди.
— “Уй қамоғи” терминининг ўзи қонунчилигимизда янги тушунча бўлиб, ўтган йилдан амалиётга киритилган, — дейди туман ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Орифжон Кураков. — Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 242/1-моддасида дастлабки тергов ҳаракатлари давомида уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллаш кўзда тутилган. Лекин 2015 йил мобайнида туманимизда бирорта (!) шахсга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилмаган. Бундан ташқари, туман жазони ижро этиш инспекциясида чегарани ноқонуний кесиб ўтиш борасида судланиб жазо муддатини ўтаётганлар орасида юқоридаги белгиларга эга бўлган аёллар йўқ.
Табиий савол туғилади: Унда бу аёлни ким терговга чақирган? Ким уй қамоғига ҳукм қилиб, ким жаримага тортган? Балки, воқеа қаҳрамони – ўша келиннинг ўзи жавоб берар бу саволларга?
Шу мақсадда барчама ҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига қўнғироқ қилиб гаплашдик. Уларнинг ҳеч бири айни пайтда ўз маҳалласида ота уйида мажбуран ушлаб турилган аёл йўқлигини айтишди. Айримлари, келинг, қўшни мамлакатлар билан қуда-анда бўлган оилалар билан ўзингиз суҳбатлашиб кўринг, ана ўшанда гапимиз чинлигига амин бўласиз, дейишди.
— Қизимни саккиз йил аввал қўшни юртга турмушга берганман, — дейди Жалоер қишлоғи, Файзлидиёр кўчаси, 17-уйда истиқомат қилувчи Тожихон Мўминова. — Тўй-маросимларда бемалол борди-келди қиламиз. Қизларим, набираларим истаган пайтларида кўргани келишади, ўзим ҳам уларникига тез-тез меҳмонга бориб тураман. Узоқлигини айтмасангиз, бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ.
Дарҳақиқат, халқимиз қардош давлатлар, миллатлар билан азалдан қариндошлик, қуда-андачилик ришталарини боғлаб келган. Дўст-биродар тутиниб, эмин-эркин борди-келди қилишган. Аслида кимларнингдир арзимаган оилавий муаммоларини бўрттириб, унга сиёсий тус беришнинг ўзи кулгили. Қолаверса, “Озодлик” фаолият кўрсатаётган ёки оғиз кўпиртириб мақтаётган мамлакатлар ҳам карвонсарой эмас, уларда ҳам ўзига хос тартиб-таомил, қонун-қоида ва албатта, уларни бузганлик учун тегишлича чоралар мавжуд. Бу оддий аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат-ку!
Унда нега “Озодлик” мухбирлари бундай сохта ахборотларни, ёлғон маълумотларни тарқатмоқда? Чунки, улар ўтирган ўринларида ўйлаб топаётган ана шу бўҳтонлари эвазига ҳақ олишади, тирикчилик ўтказишади.
Шу боисдан “Озодлик” тарқатаётган аксарият янгиликларни ўқиётганда номи очиқланишини истамаган манба, исми сир қолишини сўраган мансабдор шахс каби навбатчи жумлаларга дуч келамиз. Манбаси мавҳум, иқтибосларининг муаллифи номаълум хабарларга, гап-сўзларга қандай ишониш мумкин?! Нима учун юқоридаги воқеада ҳам эр-хотиннинг исми-шарифи ўзгартирилиб, аниқ манзили берилмаган? Агар келтирилган ҳодиса ҳаётий, кўтарилган муаммо ҳақиқат бўлса, қаҳрамонлар номини сир тутишдан, асл моҳиятни яширишдан нима наф? Шунинг ўзиёқ ушбу хабар “Озодлик” мухбирлари ўйлаб топган навбатдаги уйдирма эканлигини англатмайдими?!
Азизжон ЭРМАТОВ,
“Бувайда кўзгуси” мухбири.
Фарғона, Бувайда тумани.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ