Сиз сиёсатга қизиқмасангиз ҳам сиёсат сизга қизиқади.
“Мен сиёсатга қизиқмайман” дейсизми?
Аммо сиёсат сизга қизиқса нима қиласиз?
“Мен сиёсатга тупурганман” дейсизми? У ҳолда сизнинг бу ҳаракатингиз юзингизга қараб эсаётган шамолга қарши тупуриш билан баробар. Сиз сиёсатга тупурсангиз, сиёсат ҳам сизга тупуриши мумкин.
“Сиёсат ифлос ўйин, сиёсат бу фоҳишабозлик” дейдиганлар ҳам бор. Аслида сиёсат эмас балки сиёсатчи ифлос бўлиши мумкин, сиёсат эмас балки сиёсатчи сиёсий фоҳиша бўлиши мумкин.
Сиёсат худди кулолнинг қўлидаги лойдек, боланинг қўлидаги пластилин ёки ҳайкалтарошнинг қўлидаги гипсдек. Кулол лойга қандай шакл берса у ўша тусни олади, сиёсатчи ўзининг гапи ва ҳатти ҳаракатлари билан маълум бир кўринишдаги сиёсат олиб боради. Гапи билан иши бошқа-бошқа бўлган, мансаб ва бойлик орттириш учун баландпарвоз сўзларни гапирадиган, амалда эса ўзининг сиёсий ҳаракатлари ва хизматини пулга сотадиган одамларни “сиёсий фоҳиша” дейишади.
Сиз сиёсат билан қизиқмаслигингиз мумкин аммо сиёсат сиз билан барибир, сизнинг истак ва хоҳишингизга қарамасдан, безбетларча қизиқади! Ҳар доим, ҳар жойда, ҳамиша! Сиз минг қўл силтаганингиз билан ундан қочиб қутула олмайсиз! Муттаҳам сиёсатчи сизнинг номингиздан иш юритади — сизнинг номингиздан овоз учун фойдаланади(масалан, сиз бормаган ва овоз бермаган сайлов бюллетенларини ўз номига овоз берган деб ўтказиш орқали ёки сайловолди йиғилишларида сизни лақиллатиб, амалга ошириб бўлмас буюк ишларни қилишни ваъда бериб сизни овозингизни олиш орқали ва ҳоказо).
Шундай экан сизнинг бир муттаҳам сиёсатчига ўз ҳақ ва ҳуқуқларингизни ўз қўлларингиз билан топшириб қўйишга ҳаққингиз борми? Унинг сизнинг билиб ёки билмасдан берган ёрдамингиз туфайли Парламент ёки Президент курсисига ўтқазиб қўйиб кейин уни қиладиган зулм, жаҳолат ва қатағонларга йўл қўйишга розимисиз?
Агар сиз шундай бўлишини истамасангиз ва Парламент ҳамда Президентлик лавозимларига сиз истаган одамлар сайланишини хоҳласангиз у ҳолда ҳеч бўлмаса сайлов ойларида сал фаолроқ бўлинг.
Сиздан бошқа ҳеч ким ўзга сайёралардан келиб Парламентдаги ландовур, диктатор нима деса икки қўллаб овоз берадиган, мажлисларда ухлаб ўтирадиган, қўлидан бирор жиддийроқ иш келмайдиган одамлар ўрнига фаросатли, билимли ва сиёсатда кучли одамларни сайлаб қўя олмайди.
Фақат сиз ва сиз каби фуқаролар ўзларини, халқни ва Ватан тақдирини ҳал қилишлари мумкин.
Бу дунёдаги ривожланган барча давлатларнинг халқлари айнан ана шундай йўллар билан бугунги фаровон ва бахтиёр ҳаётга эришганлар. Ўзбекистон халқлари ҳам худди шу йўлдан боришга ва шу йўллар билангина бахтиёр ва фаровон ҳаётга эришишлари мумкин. Бизнинг халқимиз олдида ўзгача йўллар йўқ.
Агар бирор жойда бир гуруҳ одамлар Россиянинг Украинага қарши урушини ёки мамлакатдаги сайловларни муҳокама қила бошласалар, айримлар бу масалага қўл силташга уринадилар ва «Биз кичкина одаммиз. Сиёсат бизнинг ишимиз эмас» деб ўзларини оқлашга ҳаракат қиладилар.
Сиёсат балки сизнинг ишингиз эмасдир, аммо сиз Сиёсатнинг ва сиёсатчиларнинг ишисиз, уларга керак одамсиз. Чунки сизнинг овозингизсиз улар сайлов йўли билан эришиладиган олий мартабаларга эга бўла олмайдилар!
Агар сиз сиёсатга бепарво бўлиб, унга лоқайдлик билан қарасангиз у ҳолда сиёсий муттаҳамларнинг куни туғади.
Аслан ўзлари сиёсатни яхши тушунмасаларда мансаб ва бойлик орттириш йўлида сиёсатга кирганлар сизнинг лоқайдлигингиз, бепарво эканлигингиздан фойдаланиб, турли туман қаллобликлар билан сайловларда қатнашиб, Парламент депутати ёки Президент бўлгач ўша сониядаёқ сизни унутишади.
Энди улар бемалол 4..5 йил, келаси сайловларгача маишат билан, ўз бойликларини кўпайтириш билан ва ўз мансабларини мустаҳкамлаш билан шуғуллана бошлайдилар. Келаси сайловлар яқинлаша бошлагандагина улар тўсатдан сизни эслаб қолишади. Чунки уларга ўз мансабларида қолиш учун яна сизнинг овозингиз керак бўлиб қолади. Улар яна сизнинг пассив сиёсий позициянгиздан айёрлик билан, қайтадан фойдаланишга урина бошлайдилар.
Агар сиз яна бир бор бепарволик қилсангиз демак яна ўз ва болаларингиз тақдирини бир тўда сиёсий қаллобларга ўз қўлларингиз билан топшириб қўйган, уларнинг шум мақсадларига эришишларига ёрдам берган бўласиз.
Сиёсатдаги қаллоблар сайловолди учрашувларида одамлар билан учрашиб яна сийқаси чиққан баландпарвоз гапларни гапириши, яна қайта-қайта улкан ваъдалар бериши ва шундай йўллар билан яна сизни овозингизни олишга ҳаракат қилиши табиий.
Уни қўллаб турган ва уни ўзига ўхшаган бир гуруҳ қаллоб хизматкорлар эса сизни ва ҳатто сайловга кела олмаган бобонгиз ва момонгизни, касалманд қариндошингизни ҳам овозларини тўплаб ўша қаллоб, устаси фаранг сиёсатчини қайта сайланишларини таьминлашлари аниқ.
Аммо сиз қачонгача сиёсий қаллобларнинг алдовларига рози бўлиб яшайверасиз? Ахир қачондир бундай муттаҳамликларга чек қўйиш керакку!
Бу гапдан хулоса шуки, бир гуруҳ қаллоблар сиёсатга қизиқмаган фуқароларни ўз қўлларида худди қўғирчоқдек ўйнатиб, уларнинг овозларини фирибгарлик йўллари билан ўзларини фойдаларига ҳал қилишга ҳамиша уриниб келадилар.
Аммо бировга ва айниқса сиёсий қаллобга алданиш учун одам ё лақма бўлиши керак ё ўз ва оиласи ҳаётига умуман бепарво бўлиши ёки бўлмаса сиёсатга ҳеч қачон қизиқмаган одам бўлиши керак. Бизнинг халқимизнинг кўпчилиги фикрли, фаросатли, меҳнаткаш одамлар. Уларни унча бунча одам осонгина алдай олмайди. Демак сиёсий қаллобларнинг бир неча сайловларда халқни кетма кет алдашга эришишларига сабаб бу кўпчиликнинг сиёсатга қизиқмаслигидир!
Шу учун бир тўда фирибгар сиёсатчини қўлида қўғирчоқ, унинг ҳокимиятга келишида бир восита бўлгандан кўра сиз уни ўз қўлингизда ўйнатинг, сиз унинг олдига эмас балки у сизнинг олдингизга ялиниб келсин, овозингизни унга беришни сиздан илтимос қилсин. Агар у сизнинг овозингизни олмоқчи бўлса, аввало ўзининг ким ва қандай одам эканлигини кўрсатсин, қаерларда, қандай ишларда ишлаганини, кимлар уни таниши ва ҳурмат қилишини, қандай ишларни у қойиллатиб қўйганини айтиб берсин, уларни исбот қилсин, сайланганидан кейин, амалда ўзи ваъда берган ишларни қандай қилиб амалга ошира олишини аниқ бир режаалар билан исбот қилиб, уларни сизга биттама битта, ипидан игнасигача тушунтириб берсин.
Ана шундан кейин сиз бошқа сиёсатчиларни ҳам тинглаб кўринг ва ниҳоят овоз бериш пайти келганда ўйлаб кўриб, номзодларни бир бирига солиштириб кўринг, қайси сиёсатчининг фикрлари, гаплари, ўзини тутиши, билими, савияси, қудрати ва инсонийлиги сизга кўпроқ маъқул келса, ана ўша номзодга кейин овоз беринг.
Сиёсатчи сизни эмас балки сиз сиёсатчини ўз қўлингизда ўйнатинг! Сиёсатчи сиз ва сизнинг овозингиз билан эмас балки сиз сиёсат ва сиёсатчининг кимлиги билан қизиқинг!
Сиёсат билан қизиқиш учун унинг ўзини ифлос этиклари билан сизнинг уйингизга, сизнинг шахсий ҳаётингизга, сизнинг қишлоғингиз, шаҳрингиз ёки юртингизга бостириб киришини ва сизнинг ҳақ — ҳуқуқларингизни топташини кутиб ўтириш шарт эмас.
Сиёсат билан қизиқиш учун инсонлар узоқ йиллар мобайнида азоблар чекиши, турли туман порахўр амалдорлар, милисалар, ҳокимлар, махфий хизмат ходимларидан йиллаб давомида азият чекишлари шарт эмас.
Агар Сиёсат бир аскар ёки милиса кўринишида қўшнингизни уйига ёки қўшни давлатга бостириб кирса, у ҳолда бу нарса виждони бор ҳар бир инсонни, бошқани дарди бегона эмаслигини тушунган ҳар бир одамни ташвишга солиши керак.
Инсоннинг ўз атрофидаги воқеаларга ва дунёга муносабати унинг инсоний позициясини, яьни унинг аслан қандай инсон эканлигини кўрсатади.
Буюк файласуф Суқрот “Ҳар ким ҳам сиёсатчи бўла олмайди аммо ҳамма ҳам сиёсат ҳақида фикр юрита олади” деган эди.
Сизнинг бир фуқаро сифатида сиёсат билан ҳамиша қизиқишингиз шарт эмас аммо сиз мамлакат ва халқ ҳаётида энг мўҳим бўлган саналарда, хусусан сайлов пайтларида ва мамлакат, халқ учун мўҳим бўлган қонунлар қабул қилинаётганда, бу қонунлар ҳаётда бузилаётгаанда, уларни амалдорларни ўзлари оёқ ости қилаётганда фаол бўлишингиз керак.
Мамлакат ва халқнинг тақдири, унинг бугуни ва эртаси, болаларнинг келажаги ҳар бир фуқаронинг сиёсатга ва сиёсий жараёнларга қизиқиши қай даражада эканлиги билан чамбарчас боғлиқдир.
Фуқароларнинг сиёсий билимлари ва сиёсатга қизиқишлари қанчалик юқори бўлса ўша жамиятда яшаётган фуқароларнинг ҳаётлари ҳам шу қадар фаровон ва бахтлироқдир. Бу сиёсий математиканинг аксиомаси, яьни рад этиб бўлмас, тарихий фактларга асосланган қонунидир.
Шу учун келаётган Президент сайловларида фаол қатнашинг. Агар бу сайловларда сиз истаган номзодлар бўлмаса у ҳолда сайловга бориб барча номзодлар устидан қора чизиқ тортинг. Аммо сайловга қўл силтаманг. Акс ҳолда сизнинг номингиз ёзилган бюллетенни сиёсий қаллоблар ўз фойдаларига ишлатадилар. Сизнинг номингиздан кимдир кимнидир сайлашига асло йўл қўйманг!
Чунки сайлаш ва сайланиш сизнинг бир фуқаро сифатида энг асосий конституцион ва муқаддас ҳуқуқингиздир! Буни ҳеч қачон унутманг ва ҳамиша ана шу ҳуқуқингизни ҳурмат қилишларини барчадан бирдек талаб қилинг!
Диктатурадан демократияга ўтишдаги биринчи қадамлар
Кўпчиликка ва ҳатто Ислом Каримов бошқараётган мавжуд ҳукумат вакиллари ва уларни қўллайдиганларга ҳам шу нарса маълумки, бу ҳукумат 25 йилдан бери бир одамнинг, яьни шахсан Ислом Каримовнинг буйруқлари билан тузилиб, кейин эса унинг фармонлари асосида бошқарилиб келинмоқда.
Ўтган 25 йил ичида ҳукуматга келиб кетган вазирлар, бир неча маротаба ўзгартирилган вилоятларнинг ҳокимлари, Олий ва Конституцион Суд раислари, Бош прокурорлар, Олий мажлис ва Вилоят Кенгашлари депутатларининг сон саноғи йўқ.
Улар ичида фақат бир одам – Ислом Каримов ҳеч ўзгармай Ўзбекистон Ҳокимиятида маҳкам ўтирибди.
Ўзбекистон давлатини бошқарув ишларининг барчаси энг аввало Ислом Каримов ва унинг фармони олийлари ва ундан кейингина Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари асосида бошқариб келинмоқда.
Агар Ўзбекистон қонунларининг бирортаси Каримов фармонига зид келса у ҳолда фармон эмас қонун ўзгартирилади, яьни у Президент фармонига мослаштирилади.
Агар Президентнинг бирорта фармони Ўзбекистоннинг бирор қонунига зид келса у ҳолда ўша фармон амалга оширилади.
Бу ҳақда на Конституцион Суд, на Олий Мажлис, нада бирор депутат ёки вазир қонун оёқ ости қилинаётгани ҳақида эътироз билдириш у ёқда турсин, ҳатто миқ этиб товуш чиқара олмайди.
Чунки ҳамма Ислом Каримовни аллақачон ягона ҳукмрон деб тан олган, у нима деса шу.
Ўзбекистонда Президент бирламчи, қонунлар эса иккиламчидир.
Аммо шунга қарамасдан, сўнгги пайтларда мамлакатда Конституция, қонунлар, инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида гапириш кучая бошлади.
Бунга асосий сабаб, бир томондан Каримовнинг қарилик сабаб борган сари ҳолдан тойиб бораётгани ва кўп нарсаларга эътибори пасайиб кетаётгани бўлса, иккинчи томондан Ўзбекистоннинг чет эллик ҳамкорлари(АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Канада ва бошқалар)нинг Ўзбекистон Ҳукуматига доимий равишда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни эсларига солиб туришларидир.
Ва айниқса Ўзбекистон иқтисоди, оғир ва енгил саноатига турли туман инвестициялар ётқизиш ва ўзаро савдо сотиқни кучайтиришни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга боғлаб олиб борилиши (бундай ҳоллар камдан кам учраса ҳам) ўз самарасини оз бўлсада бермоқда.
Булардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистонда буғилган, топталган ва қарийб йўққа чиқарилган фуқаролик жамиятининг дарахтларини яна қайтадан тиклашга шароит юзага келмоқда.
Биз, яьни фуқаролик жамиятининг фаоллари ва демократик мухолифат вакиллари, бир нарсани аниқ ва равшан тушуниб олишимиз керак: Ўзбекистонда очиқ ва эркин жамият яратиш, демократик қадриятларни амалда (мавжуд ҳукумат вакиллари каби фақат оғизда эмас) ҳаётга жорий қилиш тўсатдан, қандайдир йўллар билан, инқилобий кураш орқали амалга оширишнинг иложи борган сари, қумга сингиб кетаётган сувдек, йўқолиб бормоқда.
Кўпчилик шуни аниқ биладики, Ислом Каримов қарилик (ёки касаллик ва табиий ўлим ) сабабли эртами, индинми ҳукуматдан кетади. У юра олмайдиган ҳолга тушганда Чилининг диктатори Пиночет каби ғилдиракли аравачада ўтириб олиб, ўзига умрбод сенаторликни олиши ҳам мумкин ва онда сонда Сенатда мудраб ўтириб, ўзини борлигини намойиш қилиб туриши мумкин холос.
Аммо ҳақиқат шундан иборатки, уни ўрнига келадиган навбатдаги президент ҳам Каримов олиб борган сиёсатни давом эттиради. Албатта янги супурги бошқача супургандек, янги президент ҳам Ўзбекистонни ўз билганича бошқаришга уринади.
Аммо янги президент бир пайтни ўзида ҳам ичкаридан, ҳам ташқаридан бўлаётган босимларни аниқроқ ва равшанроқ сеза бошлайди, ташқи босим янги президентга кучайиши ҳам мумкин. Ана шундай шароитларда у секин аста бўлсада фуқаролик жамиятининг дарахтларини тиклашга имкон бермасдан иложи йўқлигини тушуна бошлайди.
Булардан ташқари ҳар қандай эсини таниган, фаросатли сиёсатчи бугунги кунда тараққий қилган давлатлар тажрибасидан шуни биладики, ҳар қандай мамлакатда эртами, кечми сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши сиёсий аксиомадир, сиёсий ўзгаришлар бўлсагина жамиятда иқтисодий ўзгаришлар кучайиши мумкин ва булар натижасида давлат гуллаб яшнаши, фуқароларнинг ҳаёти эса борган сари фаровонроқ бўлиши мумкин холос. Буларни дунё халқларининг ҳаётий тажрибалари аниқ ва равшан кўрсатиб турибди.
Ана шундай ўзгаришларнинг биринчи қадамлари Ўзбекистонда қандай бўлиши мумкин деган савол кўпчиликни ўйлантириши табиийдир.
Мен ўйлайманки, биринчи қадамларни бугун бошларида ҳукуматнинг калтаги синаётган, бўлар бўлмасга амалдорларнинг зуғуми остида қолаётган ўқитувчилар, ҳамширалар ва шифокорлар қўйишлари керак.
Бу қадамлар Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига ва фуқаролариннг ҳақ ҳуқуқларига асосан Мустақил касаба уюшмалари тузишдан бошланиши керак.
Касаба уюшмаси дегани бу ҳамкасабаларнинг йиғилишиб бир кучи бўлиши деганидир.
Бир ҳамшира ёки бир ўқитувчи юраги ютиб, бир ўзи унга қўполлик қилаётган, мактаб ёки касалхонани ремонти учун пул талаб қилаётган ёки пахтага бориб ишлашга мажбур қилаётган директори ёки бош шифокорга қарши гапира олмайди. Аммо бу ишни Касаба Уюшмасининг вакили қила олиши мумкин.
У ўша директор ёки бош шифокорга қарата:
“Кечирасизу аммо Касаба Уюшмаси вакиллари сизнинг фалон буйруғингизга ўз норозилиги билдиради. Чунки сизнинг у буйруғингиз Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зиддир. Шу сабабдан биз пахта ишларига боришдан, мактабни/касалхонани ремонт қилиш учун пул тўлашдан бош тортамиз. Булар Ўзбекистон қонунларига зид буйруқлардир” дейиши керак.
Бундай норозиликни бир ёки икки одамдан кўра бир ташкилот номидан айтиш ҳам осонроқ, ҳам қудратлироқ таьсир кучига эгадир. «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар!»
Мактаб директорлари ва шифохона (ёки бирор бошқа корхона ) раҳбарлари ўз қўл остида ишлайдиганларнинг тарқоқлиги ва қўрқоқлигидан фойдаланиб ноқонуний буйруқлар беришади.
Амалдорларнинг бундай ноқонуний ҳатти ҳаракатларини фуқаролар фақат уюшган ҳолдагина енгишлари мумкин, холос. Бошқа йўл афсуски йўқ.
Чунки мамлакатда ҳозирча яккам, дуккам ҳолда ишлаётган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жуда кам, улар амалдорлардан азият чеккан фуқароларниинг миллиондан бирига ҳам ёрдам бериш имконига эга эмаслар. Фуқароларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган Конституцион Суд, Ички Ишлар , Адлия вазирлиги, Прокуратуралар ходимлари эса бундай ноқонуний фармонлар(яьни шифокорлар, ҳамширалар, ўқитувчилар, турли туман корхоналарнинг ишчилари ва ходимларини пахтаага ҳайдаш, ремонтгаа пул тўлаш каби буйруқларнинг кўпчилиги) тепадан тушаётганини биладилар ва шу сабабли улар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайдилар.
Шу сабабдан барча соҳаларда барча ишловчилар секин аста ўзларининг Мустақил Касаба Уюшмаларини тузишлари ва уларни қонунга риоя қилган ҳолда рўйхатдан ўтказишлари керак.
Кейин бу масалада қандай маслаҳатлар керак бўлса биз, фуқаролик жамияти фаоллари ва демократик мухолифат вакилларидан сўрашлари мумкин ёки замонавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда барча керакли маълумотларни топиб, кейин секин аста касаба уюшмасининг ташкилий ва кундалик ишларини йўлга қўйишлари керак.
Бугунги ривожланган давлатлар Швеция, Дания, Норвегия, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Канада ва бошқа демократик мамлакатларда фуқароларнинг ҳаётлари ўз ўзидан фаровон бўлган эмас. Улар ана шундай касаба уюшмаларини тузиб ўзларининг ҳақ ҳуқуқларини талаб қилишни, курашни ўрганганлар ва уни доимий равишда ҳаётда қўллаб келадилар. Ушбу кунда ҳам улар бозорга қараб, агар уларнинг маошлари кам бўлса, уюшган ҳолда корхона раҳбарига ўз талабларини қўя оладилар ва маошларини оширмагунча иш ташлашлар, намойишлар уюштириб турадилар.
Айнан касаба уюшмалари ҳар қандай жамиятни ривожлантирувчи моторлар ҳисобланади. Ҳатто турли туман мухолифат партиялари ҳам касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилишга, уларнинг таалабларини ўрганган ҳолда ўзларининг сиёсатларини юргизишга ва шу йўллар билан кенг халқ оммасининг кўнглини топишга уринадилар.
Демократик мухолифат ва касаба уюшмалари ҳар қандай жамиятни, унинг узун ва оғир поездини олдинга етаклайдиган қудратли локомотивлардир. Бугун афсуски Ўзбекистонда демократик мухолифат вакилларига ўз сиёсий фаолиятларини эркин юритиш тақиқланган. Аммо Касаба уюшмаларини тузиш ва уларни секин аста йўлга қўйишга бугун Ўзбекистонда вазият етилиб келмоқда.
Бундай сиёсий масалаларни аввал ўрганиш ва тушуниш, кейин эса уларни ҳаётга қўллаш навбати Ўзбекистон фуқароларига ҳам келди. Токи бу ишлар қилинмас экан мамлакатда фуқароларнинг фаровон ва бахтиёр ҳаётларини таьминлаш орқага сурилаверади.
Ўзбекистон халқи ва Ислом Каримов ҳукуматининг демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи.
Бугун на Ўзбекистон халқининг асосий кўпчилиги, нада Ислом Каримов бошлиқ ҳукумат вакиллари ва уларнинг жойлардаги амалдорлари халқ ва давлат учун демократик мухолифат нақадар зарур эканлигини ва у улкан ва долзарб аҳамиятга эга эканлигини тушунишмайди.
1989-1991 йилларда гуркираб ривожланган Ўзбекистон демократик мухолифати ўз ютуқларига ўша пайтда мамлакат Совет Иттифоқи таркибида бўлгани учун ва бутун Иттифоқ бўйлаб Ошкоралик ва Қайта қуриш сиёсати олиб борилаётгани шарофати эвазига эришган эди.
Ўша даврда мухолифат барча собиқ совет республикаларида бирдек ривожлана бошлади. Улар ичида энг кучлилари Болтиқ бўйи давлатларида, улардан сўнг Россия, Гуржистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонда ташкил топган эди.
Қолган республикаларда мухолифат ривожланиши нисбатан орқада эди. Бунга сабаблардан бири сифатида интеллигенция, яьни ўқимишли ва турли туман соҳаларда кучли муттахасисларнинг ана шу давлатларда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда кўпчиликни ташкил қилганлиги бўлиши мумкин.
Ўша пайтларда Ўзбекистонда оғир ва енгил саноат юқори савияда ривожланаётган эди, бизда ишлаб чиқарилаётган Ил-76 учоқлари, тракторлар нафақат барча республикаларга балки чет элларга ҳам сотилар эди, олтин, уран, алюминий ишлаб чиқариш ҳам юксак савияда эди, турли туман қишлоқ хўжалик маҳсулотлари эса кўплаб давлатларга сотилар эди.
Бу соҳаларда ишлаган одамларнинг кўпчилиги ўқимишли одамлар эди. Айнан ана шу билимли одамлар сафидан уларнинг энг илғор ва фаоллари Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракатига, Эрк ва Озод деҳқон партияларига, Тўмарис хотин қизлар ташкилотига, Эркин ёшлар уюшмасига, Тадбиркорларнинг илк мустақил касаба уюшмасига оқиб кела бошлаган эдилар.
Бундай улкан потенциал у пайтларда кўплаб қўшни республикаларда йўқ эди ва Ўзбекистон ўзининг бундай кучли ва фаол мухолифати билан том маьнода фахрланса арзийдиган давлат эди.
Афсуски бу потенциал ва қудратни айнан ўша йилларда Москва томонидан тайинланган ашаддий коммунист Ислом Каримов тушунмади. У ҳатто бугунга келиб ҳам ҳар қандай давлатда мустақил ва кучли мухолифат бўлиши нақадар улкан аҳамиятга эга эканлигини тушунгани йўқ.
Бундай мўҳим нарсани унинг бир ўзи тушунмаса гўрга эди. Аммо асосий муаммо шундаки, Ислом Каримов нафақат ўзини балки ўз атрофидаги барча мулозимларини ҳам мухолифатни уни ўзи айтганидек “қора кучлар” деб ҳисоблашга ўргатиб келди.
Бу ҳар қандай давлат ва унинг халқи учун улкан фожеадир қачонки у давлатнинг раҳбарлари халқнинг сиёсий томондан етук фарзандларини “қора кучлар” деб атаса!
Бу ҳолатни оддийроқ қилиб тасвирлаш учун шундай мисол келтириш мумкин. Фараз қилингки бир халқнинг улкан армияси бор. Ҳар қандай Армиянинг асосий вазифаси бу ўз халқи ва давлатини ҳар қандай ташқи кучлар тажовузидан ҳимоя қилишдир.
Энди фараз қилингки, ана шу Армия сафларида сараланган бир дивизия бор. Бу дивизия худди Спартанинг аскарларидек махсус қудратга эгадирлар ва улар жанг қилишнинг олий услубларини мукаммал ўрганганлар. Уларнинг Спарта аскарларидан фарқлари шундаки, улар нафақат жанг қилиш саньатини балки ҳарбий бўлинмаларни бошқариш саньатини ҳам мукаммал ўрганганлар.
Ана шундай мухоифатга эга бўлган давлат ва унинг халқи бахтли халқлардир. Чунки уларнинг кучли мухолифат вакиллари бу бир резерв кучдир. Агар тўсатдан, масалан худди Польшада бундан бир неча йил олдин бўлгани каби(ўшанда Смоленск шаҳрига Сталин даврида минглаб қатл қилинган поляк офицерлари ва аскарларини мозорини зиёрат қилишга келаётган ҳукумат учоғи туманли аэропортга қўнишда ҳалокатга учраган ва барча ҳокимият вакиллари ҳалок бўлган эдилар) , бутун ҳокимият вакиллари фалокатга учрасалар, бундай ҳолда ҳокимиятни тезда ўз қўлига ола ва уни бошқара биладиган кучли инсонлар бўлиши керак.
Кучли мухолифатга заруратнинг энг мўҳим томони шундаки, давлатни бошқараётган ҳукумат турли масалаларда халқнинг кўнглини тўлдира олмаётган бўлса, у ҳолда халқнинг норозиликларини олдини олиш ва мамлакатни инқироздан олиб чиқиш учун янги ҳокимиятга сайловлар ўтказилиши талаб қилинади.
Янги ҳокимиятни сайлаш бу ҳар қандай давлатда бўлиши мумкин бўлган инқирозларни енгиб ўтишнинг энг оддий ва юз йиллар давомида синалган ягона усулидир.
Янги ҳокимият эса фақат ва фақат мухолифат вакиллари томонидан тузилиши мумкин, чунки мамлакатни инқирозга олиб келган мавжуд ҳокимият вакиллари сайловларда енгилиши табиий ҳолдир.
Бунга юзлаб мисоллар келтириш мумкин, масалан эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш ва шу сабаб ҳокимиятни тез тез алмаштириб туриш имконига эга бўлган Ғарбий Европа, Америка, Жанубий Осиёнинг айрим давлатлари халқларининг аксарияти (!) бугунги кунда фаровон ва бахтли яшаш имкониятларига эришганлар.
Қиссадан хулоса шуки, ушбу кунда Ўзбекистон халқи ва Ислом Каримов ҳукуматини демократик мухолифатга улкан ва долзарб эҳтиёжи бордир.
Бундай эҳтиёжни кеч бўлсада англаб етиш, англаб етгач эса шунга қараб иш тутиш лозимдир. Акс ҳолда вақтида қондирилмаган бу эҳтиёж борган сари оғир ижтимоий касалликларга олиб келиши ва халқнинг ҳаётини янада оғирлаштириши, у эса ўз навбатида халқни бош кўтаришга ва турли туман тўполонларни бошлаб юборишга мажбур қилиши мумкин.
Бу дунёда инсоният ўзининг минг йиллик тарихида бир нарсани чуқур тушуниб етди: Ҳар қандай даҳшатли фалокатни ҳам енгиш мумкин экан қачонки сиз у фалокатни бошқариш саньатини эгаллаган бўлсангиз. Бундай саньатни эгаллаш учун эса ҳар бир халқ ўз бошидан ўша даҳшатли фалокатни кечириши шарт эмас балки ўзга халқлар тарихи, улар бошидан ўтган фалокатларни ўрганиши, улар йўл қўйган хатоларни четлаб ўтиши ва ниҳоят улар эришган ютуқ ва муваффақиятлардан доимий равишда ўрганиб бориши керак экан.