«Дунё ўзбеклари» тақдимоти: Темурбекка сиғинган князь
Темурбекка сиғинган князь
Соҳибқирон Амир Темур ўзидан кейин кўпгина жумбоқлар қолдирдики, улар ҳанузгача муаррихлар учун изланишлар мавзуси бўлиб келмоқда. Ана шундай жумбоқлардан бири унинг Москва остонасида тўхтаб ортга қайтишидир. Узоқ изланишлардан сўнг шу масалага ойдинлик киритувчи айрим далилларга эга бўлдим ва шулар асосида ушбу лавҳани яратишга жазм этдим.
…Бу хабар Москванинг буюк князи Василий Дмитриевични ларзага солди. Амир темур лашкари Барқу Саройга от қўйиб пойтахтнинг, даҳшатли Олтин Ўрда пойтахтининг кулини кўкка совурибди. Ҳеч ақл бовар қилмас воқеа.
Бундан ўн икки йил муқаддам у отасининг, донлик Дмитрийнинг амри билан ўша машъум шаҳарга боярлар ҳамроҳлигида борган эди. Ўша шаҳарда Москва князи манфаатларини ҳимоя қилиш учун уч йил муддат тургани ёдида. Қачонлардир, Ботухон даврида Олтин Ўрда пойтахти Волга ирмоғи Оқтўба соҳилида эди. Ботунинг укаси Барқу эса Оқтўбанинг олд яланглигида янги шаҳар қурди. Ўзбекхон эса худди шу Барқу шаҳрига пойтахтини кўчирди. Чунки Барқу Сарой Мўғулистон, Хитой, Ҳиндистон ва Эронга борадиган, иккинчи тарафдан эса Қирим, Ўрта ер денгизи ва Ғарбий Европа савдо тармоқларига туташ карвон йўллари чорраҳасига яқин ерларда жойлашган эди. Мағрур Жўжи улусининг пойтахти кони фойда келтирувчи қулай манзилдан ярим дунё билан алоқа ўрнатган. Пойтахт чегараси, маркази қаерда эканлигини илғаш қийин, чунки Барқу — Сарой деворлар билан ўралмаган.
Мўғуллар такаббурона нигоҳ билан қўшниларга ўз қудратини кўз-кўз қилмоқчи бўлгандек, биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз, ҳеч бир қўшин олдимизга келолмайди дегандек туюларди. Пойтахт аҳолиси юз йилдан бери ташқи мудофаа деворларисиз яшаб келади. Улар душман отлиқлари туёғи пойтахт остонасига тегишини хаёлларига ҳам келтиришмайди.
Ҳамма бу ерга таъзим қилгани келади. Буюк Чингиз авлоди пойтахтига бош уриб қадам қўяди. Шаҳарда анҳор, кўл ё қудуқ суви ҳам йўқ. Сувни Оқтўбадан араваларда катта хумларга солиб келтиришади. Пойтахтнинг ҳар кўчасида катта бозор учрайди. Бу ерда ҳамма нарса сотилади, олинади. Карвон саройларда доимо одамлар гавжум. Мағрибдан Машриққача бўлган ерлардан келган савдогарлар Барқу — Саройдан сира аримайди. Бозорлардаги энг мўл мол — бу қуллар эди. Шаҳар гўё қуллар омборини эслатади. Зотан ана шу қул савдосидан тушадиган мўмай даромад Олтин Ўрда хазинасини доимо бойитиб турарди. Бу шаҳарда яшаган кезлари Василий унинг деворлари, тўсиқлари, хандақлари мутлақ кўринмаганидан ажабланган. Яна шуниси қизиқ эдики, Барқу Саройда рус шаҳарларида бўлганидек бозор майдони алоҳида ажратилмаган эди. Бозор ҳар қадамда учрайди. Чанг-тўзонли шаҳар ари уясидек ғуқиллар эди. Гўё ҳамма нарса савдо-сотиқ учун яратилгандек эди.
Барқу Саройда кўпчилик аҳоли савдогарлар бўлиб, шаҳарнинг озчилик қисми муқим яшайди. Жанубий чеккада славян қуллар яшайдиган даҳа. Уларга оила қуриш тақиқланган. Улар ертўлаларда яшайди, шаҳар савдогарларига хизмат қилишади. Улкан қул савдоси қизийдиган шаҳардан озмунча қул ўзга ўлкаларга олиб кетилмаганми?
Княз Василий ўз кўзи билан бир неча бор бу қул бозоридаги ҳангомаларни кўрган. Рус қуллари қаерларга ҳам олиб кетилмаган дейсиз. Хитой пойтахти Хонбалиқдаги хон хизматида турувчи бутун бир полк ана шу руслардан иборат. Улардан неча минги Миср султонлари лашкарида хизматда. Барқу Саройдан олиб кетилган қуллар Қирим, Генуя, Венеция, Пиза бозорларида сотиларди. Рус қизлари энг харидоргир қуллар ҳисобланади…
Василий Барқу Саройда яшовчи, табиб либосида иш кўрувчи махфий даракчиси юборган номани вазирга узатиб, баланд товушда ўқишни буюрди.
— Давлатпаноҳим, олиҳиммат князга шуни шитоб ила маълум қиламанки, Темурхон ғолиб келиб, Олтин Ўрда тақдири ҳал бўлди. Тўхтамиш қочди, лашкари ҳар ёққа тўзиб кетди. Шаҳарда катта-кичик бари ҳалок бўлди. Менинг уйим ҳам кунпаякун бўлди. Ҳаммаёқда қон, қул, ўликлар. Темурхон лашкарлари чигирткадек Волга бўйларини босиб кетди. Ҳеч кимга шафқат қилинмади.
Шуни сизга маълум қиламанки, баланд ҳиммат давлатпаноҳ, Темурхон инсониятга худонинг қаҳрини ўзида ифодалаган куч сифатида юборилганки, унинг олдини тоғлар ҳам тўсолмайди, дарёлар эса тўғаноқ бўлолмайди. Айтишларича, у туғилган кунда осмондан юлдуз тушиб уч бора момақалдироқ гулдираган. Темур океан тубларидан ҳам кечиб бутун дунёни забт этишга киришган. Ҳозиргача у Оссурия, Бобил подшоҳликларини, Севастия, Арманистонни эгаллаган. Темур даҳшатли, ғазабда шердек қаерга оёқ қўйса, барчани даҳшатга солади…”
Василий аста чўқиниб қўйди. Темурхон худо юборган офат экан. Демак, уни даф этиш ҳам худодан.
Боярлар билан кенгаш ҳам шундай фикрга келди. Москванинг буюк князи улар билан бирга митролит Киприан ҳузурига йўл олишди.
— Энди нима қиламиз, ҳазрат!
Киприан князга оҳиста жавоб қилди:
— Княз, сен худога илтижо қил, унга ўз ташвишингни баён эт. Астойдил ибодат айла. Зотан, парвардигорнинг ўзи бизга юборган балони ўзи гирифтор этишга қодирдир.
— Ҳазрат, — деди қизишиб Василий, — мен олиймақом черковимиз, жондан азиз юртимиз душманига қарши шунқорларим билан майдонга чиқмоқчиман.
— Бу мард юрак ноласи, — деди уни қувватлагандек амакиси княз Владимир. — Биз отанг, раҳматли акам билан қачонлардир душманга қарши белни маҳкам боғлаб Куликово майдонига чиққан эдик. Манави қўллар Мамай лашкарини тўзитган эди. аммо икки йилдан сўнг омад биздан юз ўгирди. Тўхтамиш бизни ғафлатда қолдириб Москвани босиб олди. Минглаб йигит-қизларни қул қилиб, шаҳарни ёндирди. Қайтар дунё экан. Манфур Тўхтамишни Темур хонавайрон қилди. Уни парвардигорнинг қиличи деб бежиз айтишмайди. Биз унга бас келолмаймиз.
— Шуми сиздан кутганим? — деди қизишиб Василий. — Гапингизга қараганда мен қўлимни қовуштириб Темурнинг келишини кутишим керакми? Менга ёрдамга келаётган полкларга “Орқага қайтинглар. Мен сизларга қўмондон бўлолмайман!” дейишим керакми?
— Ундай эмас, жиян, — деди мулойим оҳангда Владимир, — кучларни тўпла, мудофаага шай тургин, лекин ҳужумкор бўлма. Энг муҳими, жасур княз Кирдяпага ота мерос мулкини қайтар. Шунда у ўз дружинаси билан сенга кўксини қалқон қилгай.
— Жуда тўғри, — қувватлади уни митрополит Киприан, — Қуйи Новгород — унинг отамероси. Бу иш худога мақбул.
Княз Василий жаҳл билан амакисига тикилди.
— Йўқ, зинҳор! Москва ҳеч қачон қўлига кирган мулкни эгасига қайтармайди. Шундай бўлган, шундай қолажак. Сиз ҳам, ҳазрат, мени бу йўлдан қайтаролмайсиз. Симеон Кирдяпа ҳеч қачон Қуйи Новгородга, Суздалга эгалик қилмайдиган. Бу менинг, буюк князнинг сўзи!!!
Митролит киприан ажабланиб княз Владимирга саволомуз тикилди. У эса жиянининг қайсарлигидан ранжиб чуқур хўрсинди.
Хавфли душман дарвозанг остида турганида яна ўз ичингдан ёв орттиришинг нимаси! Душманни дўст қилиш ўрнига! Тағин кимни денг, Симеон Кирдяпани!
Қуйи Новгород Кирдяпанинг отаси — Суздал князи Дмитрий Константиновичга қарашли эди. У вафотидан бироз олдин ўғли Симеонга уни хатлаб берган эди. Бу қарорини тасдиқлаш учун Симеонни Олтин Ўрдага ёрлиқ олишга юборди. Дмитрийнинг укаси — Городец князи Борис ҳам Ўрдага бориб хондан ана шу шаҳарга эгалик ёрлиғи беришни сўради. Борис катта пора эвазига Олтин Ўрда хонидан ёрлиқни олди. Симеон эса нажот истаб Москвага, опаси Евдокиянинг эри донлик Дмитрий ҳузурига келди. Москванинг буюк князи Дмитрий қайнисининг илтимосини бажарди. Борис ўз мулки Городецга қочиб, Қуйи Новгородни Симеон эгаллади. Аммо орадан бир йил ўтар-ўтмас Борис яна Олтин Ўрдага бориб хон амалдорларини қўлга ола бошлади. Ниҳоят ярим йил пойтахт Барқу Саройдаги оворагарчиликлардан сўнг Қуйи Новгородга князлик ёрлиғини ўз номига ёздиришга муваффақ бўлди. Симеон яна қувғинга учради. Бу вақтда Дмитрий Донской ўлган, опаси Евдокия унга ёрдамга ожиз эди. Симеонни Борис амалдорлари ҳибсга олишди. Жасур княз дўстлари ёрдамида қамоқдан қочиб Олтин Ўрдага бош уриб келди. Аммо Тўхтамиш уни кишанга солди. Москванинг буюк князи Василий Дмитриевич билан иттифоқни яхшилаб Темурга қарши кураш учун Тўхтамиш Борисга ёзилган ёрлиқни йиртиб, Қуйи Новгород ва Суздал князликларини Москвага топширди. Тўхтамиш ва Москва ўртасидаги шартномага кўра Симеон Кирдяпа умрининг охиригача Ўрдада банди бўлиб қолиши керак эди. Аммо топқир ва тадбиркор Симеон Кирдяпа Барқу Саройдан сирли равишда ғойиб бўлибди.
— Князь Владимир!
Василий амирона хитоби кекса князни хаёл гирдобидан чиқарди.
— Сенга, баҳодир амаки, Москва мудофаасига раҳбарликни юклайман. Биз жангда ҳалок бўлган Москва тақдирига ўзинг масъулсан. Мен қўшин тўплашга киришаман.
— Ибодат қил, бўтам, ибодат! — ҳайқирди Киприан, — ёлғиз парвардигоргина бизни Темур балосидан қутқаргай! Зотан Тўхтамишдай саркардани яксон қилган ёвга дош беришга қодир эмассан, княз! Ундан кўра Владимирга чопар юбор. Мўъжизакор Биби Марям хочини келтиришсин.
— Тўғри, тўғри!
— Ҳақ гапни айтди, ҳазрат!
Боярлар хитобидан Василийнинг юзи тундлашди. Йўқ, у ҳеч қачон отаси Дмитрийдек жасур ва қатъий бўлолмаса керак.
Темурбек лашкари Волгадан кечиб ўтганда самода ғалати ўзгариш юз берди. Ҳар куни кечқурун ва эрта тонгда мағриб томонда қизил шафақ кўрина бошлади. Рус руҳонийлари буни фалокат тимсоли дея солномага битишди.
Улкан лашкар Дон қирғоқлари бўйлаб юраркан аҳоли ўзини ўрмонга урди. Москва ваҳимада ибодатга тушди. Княз Василий Дмитриевич эса Ока қирғоғида қўшин тўплаш билан овора. Княз Симеон Кирдяпа эса ўзига содиқ дружинаси билан Москвага юришга тараддуд қўрмоқда. Мушкул вазифа бу. Москвани княз Владимир — Куликова жанги қаҳрамони, донлик Дмитрий саркардаси ҳимоя қилади. У билан беллашиш мушкул.
Княз хаёлга чўмиб ўтирганда ҳузурига эски таниши — татар мингбошиси Айтак ташриф буюрди.
Симеон уни илтифот билан қаршилади. Айтак Олтин Ўрдадан қочганида унга ғоят холис хизмат кўрсатган эди.
— Мушкулингни осон қилгани келдим, княз, — деди у, — мен Қутлуғ Темурхонга сени гапириб, ундан таклиф олиб келдим. Отлан!
— Қаёққа? — ажабланиб сўради княз.
— Темурбек ҳузурига борамиз. Соҳибқирон остонасига бош уриб борсанг ҳимматидан бебаҳра қолмайсан. Мени ҳам кейин қуруқ қўймассан, а лаббай?
Симеон суҳбат борасида Айтакнинг Темурбек лашкарбошиси Қутлуғ Темурхон туманида мингбоши бўлиб хизматга олинганини билди. Ундан барчанинг оғзида даҳшатли ҳукмдор Темурбек таърифини эшитди.
— Дружинанг, қурол-яроғларинг шу ерда қолсин, — деди Айтак, — сен менинг ҳимоямда кетасан, княз!
Симеон унга ишонди. Индамай отига ўтириб, бу синашта одам орқасидан эоргашди.
Сосна, Дон қирғоқлари бўйлаб бир неча чақирим майдон лашкар билан гавжум. Чодирлар, чайлалар, ертўлалар беҳисоб, бир-бирига туташиб кетган. Ўрмон ичкарига қараб кесиб ташланган. Узоқда ёндирилган Ельц шаҳри харобалари тутамоқда. Пода-пода қўйлар, йилқи уюрлари, туялар. Жой-жойларда кичик-кичик бозорчалар. Ўзаро савдо-сотиқ бормоқда. Беҳисоб гулханлар атрофида навкарлар даври қуришган. Симеон ҳали ҳеч кўрмаган жангчиларга, уларнинг либослари, қуролларига қизиқиш билан қараб борарди. Осиёлик жангчиларда у ўзига номаълум қурол-ўтсочар мушкетларни, ўзига таниш тўп-тўфангларни кўрди. Қиличларнинг турлари ҳам уни ҳайратга солди. Дамашқ, Исфахон пўлатидан ясалган. Тошни ҳам кесишга қодир қиличлар.
Ниҳоят улар кўзлаган манзил яқинлашди. Темурбек чодири яққол кўзга ташланди. Тўртбурчак чодирнинг эни юз қадамча, баландлиги уч найза кўшк шаклидаги ўрта қисми кўк рангли ва одам танаси йўғонлигидан ўн икки дона олтин устунда турибди. Чодир деворларида катта-кичик ёқут, забаржад ва гавҳарлар порлаб турибди. Қимматбаҳо гиламлар кўзни қамаштиради.
Айтакнинг қўлидаги кумуш пайсани кўрган барлос беги қўлини кўксига қўйиб ичкарига чорлади.
Симеон оёқларига югурган қалтироқни босиб чодир ичига қадам босди.
Чордона қуриб кўрпачаларда ўтирган кишилар олдида хонтахталар. Уларда турли ноз-неъматлар уюлган. Барваста қомат бек қўли билан пардани очди. Симеон билан Айтак чодир тўрига қадам босишди. Бу жой ҳашамати билан кўзни қамаштирарди.
— Тиз чўк, — секин шивирлади Айтак. Симеон қаршисида турган, ўтирган кишилар орасида Темурбек борлигини тушунди. Тиз чўкиб бошини қуйи солди. Айтак нималардир деди ва князга шипшиди.
— Темурбек арзингни тинглашга тайёр.
Икки навкар келиб Айтакни, кейин эса князни кўрпачаларга ўтқазди. Ёшгина ғулом қўлда обдаста кўтарию, қўлларига сув қуйди. Бошқаси сочиқ тутди.
Симеон олтин лаганлардаги қовурилган гўштлар, ҳали ҳеч кўзи тушмаган мевалар, ғаройиб таомларни кўраркан, беихтиёр “Минг бир кеча” ҳикояларини эслади. Ҳа, у Ҳорун ар-Рашид ҳузурида. Атрофида содиқ вазир Жаъфар, мулозимлар. У туш кўрмоқда.
— Соҳибқирон дастурхонга қаранглар демоқда, княз.
Симеон Айтакнинг товушидан ўзига келди. Секин бошини кўтариб ундан нигоҳини узмай тўрдаги кўрпачада ёстиққа ёнбошлаган кишига қаради. Ҳа, у бутун Оврўпо, Осиёда донғи кетган, Русни даҳшатга солган Темурбек. Гавдаси келишган, пешонаси очиқ, елкалари кенг, оқиш юзида оч қизил ранг жилоланган. Узун соқоли ўзига ярашган. Овози жарангдор.
Қутлуғ Темурхон ниманидир гапирди. Суҳбатдошлар кулишди. Симеон овқатдан тотиниб бўлгач сочиққа артинди.
— Сўйла, арзингни, — деди Айтак Темурбек ишорасини англаб.
Симеон ўзини енгил сезди. У мусулмонлар одатидаги чуқур маънони англади. Аввал таом, кейин калом. Меҳмон ким бўлишидан қатъи назар ҳурмат-иззат қилинади. Христианлар ўрганса, намуна олса, арзигулик жиҳатлар кўп экан.
Князни яна бир ҳолат ажабга солди. Темурбек рус князлари, бояру-руҳонийлар таърифлагандек ёвуз Юлиан, қонхўр Диоклетиан, одамхўр Максимилианга сира ўхшамайди. У ҳозир қаршисида даҳшатли, важоҳатли жаҳонгир эмас, балки урушларда умри ўтиб оқу қорани таниган буюк жангчини, меҳмондўст мезбонни кўрди. Бировларнинг арзу додини тинглашга эринмас дилкаш одамни ҳис қилди.
Княз бошидан ўтганларни гапирди, Тўхтамишдан ва Москва князидан адолат истаб кечирган уқубатларини сўйлади. Айтак унинг сўзларини мусулмонча таржима қилди.
Темурбек ўйга чўмганча бу навқирон рус баҳодирининг дарбадарлик, омадсизлик, мағлубият ва жудоликларга тўла қиссасини тингларкан, беихтиёр ўтиб кетган, энди қайтмас ёшлигини эслади. Беғубор ёшлик! Кучга, ғайратга, шижоат ва умидга бой бебаҳо ёшлик! Эвоҳ, энди у сира қайтмайди!
Бу рус князи нимаси биландир унинг тўнғичи, севган ёри Ўлжойдан кўрган биринчи фарзанди Жаҳонгирни эслатди. Йигирма тўққиз ёшида айни навқирон фаслида оламдан бевақт кўз юмган, қалбини бир умрга доғлаб кетган жигарбандини эслатди.
Темурбек бошини ёстиқдан кўтариб, марҳаматли нигоҳини князга қаратганча унинг ҳикоясини берилиб, охиригача тинглади. Симеон бошини қуйи солди.
Соҳибқироннинг устоз пири Мир Саид Барака сўз олди.
— Ўрус бегининг арзи каминага чорёрлар замонидаги бир воқеани эслатди, соҳибқирон. Агар изм айласалар, айтсам шуни.
— Қулоқларимиз сизда, пирим. Сўйланг.
— Халифа Умар замонида ҳукмдорлардан жабр кўрган насронийлардан бири нажот истаб Ироққа келади. Шаҳар кўчасида чанқаб, бир дарбозани тақиллатади. Эшикни очган мўйсафид кўзада унга сув тутади. Насроний ҳовлида мўйсафиднинг лойдан гувала қуяётганига гувоҳ бўлади. Мўйсафид насронийдан бу ерга не мақсадда келганини эшитиб, унинг ҳожатини ўзи ҳам чиқаришга қодир эканини айтади. Гувалага хат битиб насроний елкасига қўяди ва шу ҳолда тўғри ўзининг шаҳрига боришини ва ҳокимга кўриниши лозимлигини айтади. Насроний ҳайрон бўлганча орқасига қайтиб шаҳрига боради ва ҳокимга учрайди. Ҳоким гуваладаги хатни ўқиб тиз чўкади. Халифа амри вожиб дея ўз тахтини насронийга топширади. Насроний шундагина лой қориб гувала қуйган мўйсафид халифа Умар эканини англайди. Ана шундай ҳиммати олий бўлган жаннатмакон чорёрлар!
Темурбек пирининг қиссасидан ҳисса чиқарди.
— Биз ҳам даргоҳимизга бош уриб, нажот истаб келган ўрус бегидан марҳаматимизни дариғ тутмаймиз. Қутлуғ Темурхон!
— Амрингизга мунтазирман, соҳибқирон, — дея қад ростлади туманбоши қўлини кўксига қўйиб.
— Мен тангри қули Темур, сени Қипчоқ ерларига, Ёйиқ ва Дон соҳилларига ҳукмдор этиб тайинлайман.
— Қулингизман, соҳибқирон!
Темурбек нигоҳини Симеон Кирдяпага қаратди.
— Сен эса жабрдийда меҳмоним, менинг номимдан Масковга бор ва уни эгалла! Масковни сенга лутфан инъом этурмен.
Симеон ҳайрат ва қувонч ила Темурбекка чуқур таъзим қилди. Айтакнинг ишораси билан аста чодирдан чиқди.
Барлос беги князнинг елкасига заррин чопон ташлади.
—Муборак бўлсин, муборак!
Саркардалар княз ва Айтакни қутлуғ қилишди.
Қутлуғ Темурхон елкасига кимхоб тўн кийганча улар орқасидан чодирдан чиқди.
Айтак унинг олдида тиз чўкди:
— Олтин Ўрданинг кумуш тахти муборак бўлсин, буюк амир!
Симеон Тўхтамиш ўрнига Олтин Ўрда тахтига тайинланган Қутлуғ Темурхонга эгилиб таъзим қилди.
— Коназга айт, — деди у Айтакка, — дружинаси билан ҳузуримга келсин. Биз пойтахтга жўнаймиз.
Темурбекнинг ҳарбий ишлар бўйича хос вазири Маҳмуд Шаҳобиддин сўз бошлади. Бу кекса баҳодир ҳукмдорнинг лашкарга оид барча фармойишларини ё маъқуллар ё қарши чиқарди. Соҳибқирон фармонига кўра у шундай чекланмаган ҳуқуқга эга.
— Соҳибқирон бир оғиз сўзлари билан барча мушкулимизни осон қилдилар.
Саркардалар даврасида жонланиш бошланди. Серқуёш Мовароуннаҳр офтобини соғинган амирлар рус ўлкасидаги ёғингарчиликдан безор бўлишган. Лашкар ўртасида номаълум касалликлар тарқаган. Ўрмон, ботқоқлар, намгарчилик ўз кучини кўрсатмоқда. Мовароуннаҳр отлари бу жойлардаги серсув, семиз ўтларга кўникмаган. Олдинда қиш ўз қиличини ялонғочлаб келмоқда. Лашкар узоқ давом этган сафар ва даҳшатли жанглардан ҳоригани ҳам сезилмоқда.
— Бу ўлкада барака кўрмаймиз. Қўлга илинадиган ўлжанинг ўзи ҳам йўқ. Шу боисдан отларни орқага буришга фурсат етди. Соҳибқирон адолат қилиб ўрус бегига ўз мулкини совға қилдилар. Ўзига буюрсин ўрмони ҳам, ботқоқлари ҳам, бетиним ёмғири ҳам.
— Ҳақ гап! — бараварига ҳайқирди саркардалар.
— Она шаҳримиз Самарқанд бизга мунтазир!
Туманбоши Хўжа Юсуф ўртага луқма ташлади.
— Биз шимолда туриб қолсак, жанубнинг бой ўлжалари кимга насиб бўлади?
Амир шайх Нуриддин уни қувватлади.
— Изғирин шамол ўлкаси жонга тегди. Биз жанубга юрамиз.
— Агар аниқроқ айтилса-чи, — деди қувлик билан Шоҳ Малик, — айнан жанубнинг қай ўлкасига?
— Бу фақат соҳибқиронга аён…
— Мен биламан, — деди бирдан шаҳзода Мироншоҳ, — бу ўлка падари бузкурворим қўлга киритадиган бешинчи иқлим мамлакатидир.
Темурбек ажабланиб ўғлига тикилди. Одатда камгап Мироншоҳнинг ҳам тилиб чиқиб қобдими?
— Ҳиндистон!
Амир Темурнинг Ҳинд юришига бағишланган сурат, рассом — Искандар Абдулов
Саркардалар сесканиб Пирмуҳаммад Мирзога, Темурбекнинг арзанда набираси оғзига қараб қолишди.
— Ҳиндистонни забт этсангиз, — деди шаҳзода бобосига, унинг олтину гавҳарлари сизни олам султони этгай!
— Иншоолло, иншоолло!
— Ҳинд олтину олмослари белга қувват, кўзга нур ва лашкарга мадор бўлгай, — тасдиқлади хос вазир Маҳмуд Шаҳобиддин.
Темурбек сукутга чўмди.
Князь Василий амакиси Владимир билан қучоқлашиб кўришди.
— Сиз ҳақ экансиз, — деди кўз ёшларини яширмай, — парвардигорнинг ўзи бошимизга келган балони даф қилди.
— Биби Марямнинг мўъжизакор кучи денг, — митрополит Киприан тантанасини яширмас эди.
Боярлар бири олиб, бири қўйиб халқ оғзида юрган гапларни айта бошлашди. Эмишки, амир Темур туш кўрибди…
Tafsilot.uz маълумоти:
Ўша даврга мансуб аксарият рус манбаларида соҳибқирон Амир Темурнинг Москва остонасидан ортига қайтиб кетиши қуйидагича изоҳланган:
1395 йилда Темурнинг 200 минг кишилик енгилмас қўшини рус мулкига яқинлашиб келади. Русларда жанг санъатидан бехабар деҳқонлардан ташкил топган бор-йўғи 35 минг кишилик қўшин бўлган. Ғалаба қозониш учун ҳеч қандай имконият йўқдек эди, бутун мамлакат тинмай Яратганга илтижо қиларди. Шунда мўъжиза рўй беради: жанг бошланишига тўрт соат қолганида Биби Марям Темурнинг тушига кириб, бу замин унинг ҳимоясида эканини айтади ва чекинишни буюради. Улуғ жаҳонгир юқоридан келган овозга қарши боришга жазм этмайди ва яхшиликча қўшинини ортга қайтаришга қарор қилади…
Бу Темурнинг тўсатдан ортга қайтишини ўзича мушоҳада қилган, тили югурик одамларнинг тўқимаси. Оғиздан-оғизга, асрлардан-асрларга ўтиб, бу ёлғон афсона шишиб бораверган (ёки атайлаб “шиширилган”). Ваҳоланки, соҳибқирон даврига оид ва ундан кейинги мусулмон манбаларнинг ҳеч бирида бундай воқеа қайд этилмаган. Аммо собиқ тузум даврида чоп этилган китобларда Амир Темур аскарлари Москва атрофларига етиб боргани хусусида “мўғул-татар қўшинлари Москвани қамал қилдилар”, деган нотўғри маълумотлар илгари сурилади. Ҳолбуки, Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида 1395 йилда Тўхтамишхонни таъқиб қилаётган соҳибқирон Амир Темур лашкари Москвага қадар борганлиги тўғрисида хабар беради. Лекин бир қатор рус тарихчилари Яздий Москва билан Рязанни адаштирган, Амир Темур Елецдан нарига ўтмаган деган фикрни айтадилар. Бироқ уларнинг бу фикри ҳеч қандай тарихий далил билан исботланмаган. Аксинча, “Зафарнома”да соҳибқирон томонидан забт этилган рус шаҳарларининг рўйхати келтирилган бўлиб, улар орасида Москва ҳам бор.