ТАРБИЯСИЗ ТАРБИЯЧИЛАР (Ёхуд Қарши муҳандислик институтидаги ҳангомалар)
ТАРБИЯСИЗ ТАРБИЯЧИЛАР
ёҳуд
Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида нима гап?
Ақли каж кимсалар суви тиниқлашмаётган дарё ва сойлар ҳақида гап кетса, сув кечиб ўтаётган йилқилар уюрини айблашади. Бироқ билишмайдики, бир уюр йилқи кечиб ўтса, дарё уч-тўрт лаҳзагина лойқаланади, холос. Аслида оби ҳаётни мунтазам лойқалатиб, булғаб келаётганлар — бош ирмоқларни эгаллаб олган ғирром мироб-тўраларнинг ўзларидир.
Худди шунга ўхшаш номутаносибликни нафақат Қашқа воҳасини балки, мамлакатимиз халқ хўжалигини зарур мутахассислар билан таъминлаб келаётган ҚМИИ (Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти)да ҳам айни чоғ кўриб, кузатиш мумкин.
Худди юқорида таъкидлаганимиздек, тобора низо ўчоғига айланиб бораётган илм масканлари хусусида изоҳ сўрасангиз, тўралар жон-жаҳди билан жамоанинг ўзини айблаб, “бу даргоҳга кимни раҳбар этиб тайинласак ҳам ишлагани қўймайдилар, буларга нима керак ўзи” дея бор айбни жамоага ағдарадилар. Юқорида туриб сувни лойқалатаётганлар эса сиртларига нам юқтирмай, қуруқ чиқаверадилар.
Инсоф мезонлари билан ўлчаб айтганда, Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институти бузилган қовоқари уясини эслатадиган ягона олий ўқув юрти эмас. Урҳо-ур, ёза-ёз авж олган билим даргоҳлари бошқа ҳудудларда ҳам бор.
Аммо виждони бедор мутасаддилар, чинакам зиёлилар бу билан ўз-ўзларига таскин бера олмайдилар. Хоҳ ёқавайрон бўлсин, хоҳ даҳанаки, жанжал ҳеч кимга, ҳатто ғолиб чиққан томонга ҳам яхшилик олиб келмайди.
Айниқса, оғзидан оқ кириб, қора чиқиб жанжаллашаётганлар мол саноғидан адашган чўпон-чўлиқлар эмас, бурчи илм-зиё тарқатиш бўлган устозлар бўлишса, энди бунақа хунук манзарани кўриб шайтон ҳам ёқа ушласа ҳеч бир ажабланманг!
Хўш, ҚМИИда нима гап ўзи?
** *** **
ҚМИИда илгарилари ҳам гоҳ-гоҳида, турфа кўринишларда низолар бўлиб турар, бироқ уларнинг аксарияти иш юзасидан бўлгани учун жиддий эътибор берилмасди. Аммо қачонки, вазирлик Назрилла Насимхонович Маҳмудовга катта ишонч билдириб, уни пойтахтдан мазкур даргоҳга ректор этиб тайинлаб юборгач, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти чинакамига “Маҳобхорат майдони”га айланди.
Минг бора мутолаа қилиб, такрор-такрор кўравериб “Маҳобхорат” сериалидан зерикканлар, унинг янги, қашқадарёча вариантини кўраман дейишса, марҳамат, шу кеча-кундуз Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтига келишсин!
Бу сериал анчайин янги ва ҳали узоқ давом этса керак. Биз бу жанжалларни “Маҳобхорат” сериалига бежиз менгзамадик. Қадимги ҳинд эпосида нафақат ўзи, балки қалб кўзлари ҳам сўқир подшо Дхитрожтирнинг ожизлигидан фойдаланган шайтондил Шакуни қон-қардош бўлган шаҳзодалар қалбига ҳасад оловини ёндириб, уларни бир-бирларига қон душман қилиб қўйгани каби мазкур устозлар жамоаси ҳам ана шундай шайтон феълу шайтон диллар ноғорасига ўйнаб, тараф-тараф бўлган ҳолда жанжаллаша бошладилар.
Юқорида таъкидлаганимиздек, юқорининг ишончи ва қувватлови билан ректор бўлиб келган Назрилла Насимхонович зоҳиран ўзини фанга, таълимга бағишлаган фидойи олим, барчани бир кўзда кўрувчи бағри кенг раҳбар сифатида кўзга ташланганди. Аммо аксарият ҳолларда зоҳирга маҳлиё бўлганлар панд ейдилар. Тез орада янги ректорнинг ҳам асл қиёфаси бўй кўрсатди.
2012 йилнинг 1 августи. ҚМИИ қошидаги 2-академик лицей биносида иқтисодиёт ва нефт- газ йўналишлари бўйича абитуриентлар ТЕСТ топшираётган бир пайтда ректорнинг ёрдамчиси, яъни “ўнг қўли” бўлмиш С. Саодатов ҳамроҳлигидаги кўкракларига ёрлиқ тақиб, ўзларича назорат гуруҳига айланган бир неча фирибгар имтиҳон ўтказиладиган бинонинг алоҳида бўш хонасида 10 нафар абитуриентнинг фуқаролик паспорти ва саволлар китобини олиб чиқиб, тест саволларини ечиб бераётганларида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинадилар.
Уларнинг ушбу ҳаракатлари жиноят кодексининг 228-моддаси 2 қисми “б” банди ҳамда 228- моддасининг 3-қисмлари билан айбланиб, иш судга ўтказилади.
Юқоридагиларни ўқиган ҳар қандай соғлом фикрли инсонда ҳақли савол туғилади: наҳотки Н.Насимхонович ўз ёрдамчиси С.Саодатовнинг кирдикорларидан бехабар бўлса? Ғирромлик пойдевори устига қурилган уй ҳар қанча ҳашамдор ва гўзал бўлмасин, унда яшаётганларнинг умри ҳаловат билан кечмайди.
Бу мушоҳадалар учун исботнинг зарурати ҳам йўқ. Бинобари кўнгилсиз воқеалар фақат шу билан тугамади. Балки улар қарғиш теккан бандининг занжирлари каби бир-бирига уланиб кетаверди.
Ўша “маҳмудовча” қабулидан кейин ректор ҳайдовчиси хизмат машинаси билан автоҳалокат содир этиб, бир бегуноҳ фуқаронинг умрига зомин бўлади. Автоҳалокат пайтида машинада ректор ҳам бўлган. Ҳайдовчи тўхтатаман деса ҳам, у “Ҳайда машинани” деб қистаган экан. Чунки, айнан ўша пайтда “қабул”га тегишли ҳужжатлар машина юкхонасида бўлган.
Ҳайдовчи ўша куни институтнинг хўжалик омборхонасида ўзини осади (балки осилади). Наҳотки, айнан орзу-ҳаваслари авжида бўлган қирқ яшар навқирон инсон ҳеч бир сабабсиз ўз жонига қасд қилса? Нима сабабдандир ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолди. Марҳумнинг қариндош-жигарлари эса ҳозиргача ректорни ва “қозон қопқоғини маҳкамлаганлар”ни қарғаб юришибди.
Назрилла Насимхонович ректорлик фаолиятини бошлаганидан буён ўтган тўртта қабул мавсуми (2012-13, 2013-14, 2014-15, 2015-16) да масъул бўлган ходимларнинг рўйхати таҳлил этиб кўрилса, худди маҳкумлар таомномаси каби масъуллар рўйхати ҳам ўзгармаган. Ўша-ўша техник ходимлар, профессор -ўқитувчилар.
Ишчи-ходимлар билан қўшиб ҳисоблаганда институт йирик жамоасида 500 дан ортиқ одам ишласа-да, қабулни ҳар йили Э.Муртазаев, А.Бердиев, А.Маллаев, Ж.Бердиев, Х.Чўянов, З.Пардаев, М.Раҳматов, Ғ.Узоқов каби ректорнинг кўнглига яқин кишилари ўтказадилар. Бошқалар қабулда ишласа нима бўлади? Унда писта-хандонларни ким чақиб, ҳузурини кўради?
2015-16 ўқув йили бошида Республика Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов институтга ташриф буюриб, проректорлар билан суҳбат ўтказганида таълим бўйича проректор М.Раҳматов, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Ҳ.Равшанов, иқтисодиёт соҳаси бўйича проректор И.Турсуновлар ўз вазифасига нолойиқ деб топилиб, вазифасидан озод қилинганди.
Бироқ ректор Н.Маҳмудов вазифасига нолойиқ деб топилган ўз ҳамтовоқларига “оғаларча бағрикенглик” кўрсатди. М.Раҳматов Тоғ-кон факультети декани, И.Турсунов менежмент кафедраси мудири, Х.Равшановни эса педагогика ва касб таълими кафедраси мудири этиб тайинлади. Нима, жамоада салоҳиятли, шаънига доғ тушмаган бошқа кадрлар анқонинг уруғидек ноёбмиди?
Яқинда устозлар жамоаси малака аттестациясидан ўтказилди. Меҳнат фаолияти такомиллашиши ва соҳанинг энг сўнгги янгиликларидан хабардор бўлишида бу жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Энди технология факультети Кимё кафедрасидаги бошбошдоқ ҳолатни кўрсангиз, афсусдан бош чайқаб, ёқа ушлайсиз. А.Аҳмедов раислигидаги аттестация комиссияси кафедра ўқитувчилари Г.Сафарова, Д.Атақулова, У.Азизов, М.Тоғаева, Э.Ҳамраев, С.Дўстмуродовалар номутахассис бўла туриб кимё фанидан дарс ўтиб юрганликлари учун аттестациядан ўта олишмаганди.
Ректор Н.Насимхонович тағин “оғаларча бағрикенглик” кўрсатди. Аттестация комиссияси нолойик деб топган номутахассис ўқитувчиларга фаолиятларини давом эттиришга изн берди. Ва улар ҳозиргача ўзлари нима эканини тушунмайдиган кимё фанидан талабаларга дарс бериб, мўмайгина маош олиб келаяптилар.
Афтидан жаноб ректор бу даргоҳга пойтахтдан юборилгани боисидан паст назар билан қараётгандир. Акс ҳолда бу ўзича валломат инсон қонун талаблари-ю, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг аҳамиятини бирор пайса бўлса-да, қадрлаган бўлур эди.
Ректор жамоатчилик кўз ўнггида ўзини гўё қаттиқ ишлаётган кўрсатиб, видеокамералар билан аудиаторияларга кириб талабалар сонини санаш билан овора. Талабалар дарсда кам бўлса ўқитувчиларга “ҳайфсан” кетидан “ҳайфсан” бериб юрибдилар. Жамоада эса, муҳит жуда кескин. “Ҳайфсанни декан олиши керакми, ё фан ўқитувчиси?” деган саволга эса жавоб йўқ.
Тарихга назар ташласак, “Нефт-газ ишлари” факультети декани ўринбосари А.Маллаев 2010 йил ўз мансабини суъистеъмол қилиб, “Педагогика, психология, социолигия ва валеология “ фанларидан имтиҳон топширмаган талабалар М.Саидазимов, Ж.Ҳакимов ва Б.Юлдашевларни ҳужжатларини қалбакилаштириб, сохта хужжатлар тайёрлаб 4-курсга ўтказиш ҳақида 2009 йил 27 сентябрдаги №440-Т сонли сохта буйруқ чиқаради.
Оқибатда академик қарздор бўлган ва талабалик сафидан чиқарилиши лозим бўлган уч нафар талаба 2008-2009 ўқув йилларида уларнинг ҳар бирига ўқитиш харажатлари сифатида 356880 сўмдан жами 107 63264 сўмлик бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишига йўл қўйиб давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказишга сабабчи бўлганликда , яъни жиноят кодекси 205-моддаси 2-қисмининг “В” банди ва 209 –моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланган.
Яраланган бўри ҳам жароҳатига малҳам излаб, яна аввалги зафарли овларини давом эттиргиси келади. Гарчи бу даргоҳда ишлашга маънавий ҳақи қолмаган бўлса-да, А. Маллаевнинг кўнгли ҳам ярасига малҳам қўядиган бир меҳрибон ҳомийни тусади. Унинг баҳтига табиатан кўнглига яқин одамларига ўта бағрикенг Назрилла Насимхонович ректор қиёфасида келиб қолди.
Маллаев ҳам унинг кўнглидан чиқди шекилли, аввалига уни “Информатика” кафедраси мудири, иккаласи обдон апоқ-чапоқ бўлганларидан сўнг эса, 2015 йилда эса мутахассис бўлмаса-да “Нефт- газ” факультети декани вазифасига қўйди. Ваҳолангки, мазкур факультетда катта тажриба ва юқори малакага эга профессорлар ҳам бор эди. Аммо, Маллаев қаёқда-ю, улар қаёқда!
Жиноят содир этиб, судланган бўлса-да кўнгли ва қўли очиқ йигит экан. Назрилла Насимхонович учун муҳими ҳам шу-да!
2013-2014 йилда Нефт-газ факультети декани З.Суннатов Д.Салимовни Жанубий Кореяда ва яна бир талабанинг ҳам ишлаб, номигагина “ўқиб” юрганини билса-да, талабалар сафидан чиқармаган. Балки манфаат кўрган ҳолда шунга ўхшаш яна 14 та талабанинг ҳам фақат рўйхатларда мавжудлигини билган ҳолда ушбу ҳолатга кўз юмиб келган.
Ана шунга кирдикорлари фош бўлганлиги сабабли, ўз ишига нолойиқ деб топилиб, декан вазифасидан озод этилган эди. Буни қарангки, 2015-16 ўқув йилида бағрикенг ректорнинг меҳрибон қўли унинг бошини силади. З.Суннатов кафедра мудири лавозимига тайинланди. Бу “қонуний расмийлаштирилиб” илмий кенгаш тасдиғидан ҳам ўтди. Негаки, бошида меҳрибон қўл, соябон ректор бор-да!
Аммо, шу илмий кенгашда хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси Ҳасан Абдуназаров икки марта грант ютиб, чет элга бориб, Испанияда аспирантурани битириб келган, ҳар йили республикада ўтказиладиган халқаро конференцияларда қатнашган, салоҳиятли домла ўтмай қолди.
Ҳасан Абдуназаровга алтернатив бўлган Санжар Жумаев тўртта мақоласи чиққан домла Абдуназаров билан дуранг бўлди. Негаки, бу ғирром ишнинг ҳам бошида ректорнинг ўзи турибди. Чунки у кишига ёш, салоҳиятли домлалар ёқмайди. Нега ректорга салоҳиятли кадрлар керак эмас, уларни ҳимоя қилмайдилар? Бу аҳволда биз қандай қилиб ҳуқуқий демократик давлат қурамиз? Акс ҳолда 87 балл рейтинг олган Абдуназаров қолиб кетиб, 68 рейтинг балл олган Жумаев билан дуранг бўлса.
Малакали, салоҳиятли кадрлар яккаланиб, ҳимоясиз қолиб кетаверса, бу аҳволда илм-фан келажаги нима бўлади?
Институт илмий Кенгашида эса, маҳаллийчилик авжига чиққан. Айирмачилик байроғини “Бешкент гуруҳи” баланд кўтариб турибди. Профессор Ф.Маматов бошчилигида улар ҳам Ректор билан бирга иш тутишади-ю, проректор, декан, айрим кафедра мудирлари ректор нима деса , гарчи у иш қонунга хилоф бўлса ҳам шуни қилишади. Ҳатто, Кенгаш котибаси Г.Усмонова 70 ёшга яқинлашган бўлсада ҳалигача ишлаб юрибди. У ҳам эшикма-эшик кириб кимга овоз бериш-бермаслик хусусида ташвиқот қилиб юради. Ректор ҳам ҳамшаҳари бўлганлиги учун Г.Усмоновани қўллаб-қувватлайди.
Тарих кафедраси профессори Ю.Эргашева ва ўқитувчи З.Сафаровалар қаҳратон қишда “форма кийиб келинглар!” деб талаба-қизларни дарсдан чиқариб юбора бошлашган. Бу ерда улар ўз мансабини суиистеъмол қилган. Хотин-қизлар кенгаши раиси Ю.Ҳасанова профессор Ю.Эргашевага “укангиз Эргашев Ғанишер “қидирувда” бўлса, Сиз қанақасига вилоят Кенгаши депутати бўлиб юрибсиз” дея пўписа қилиб тилини қисиб қўйган. Шу боис, Ю.Эргашева Ю.Ҳасановани олдида пилдираб югура бошлайди.
Профессор Ю.Эргашева 2016 йил 29 январь куни Президент асаридан дарс ўтиш ўрнига мавзуни доскага ёзиб, ўзи ўқитувчи З.Сафарова гуруҳидаги талаба қиз шаънига ахлоқсиз гап айтгани сабабли онасидан тушган аризани 80 минут муҳокама қилади. Ҳайронсан киши, нега ректор Ю.Эргашевага ушбу топшириқни беради? Чунки, ректор 4 йиллик фаолиятлари даврида Ю.Эргашевага нисбатан меҳрлари баланд.
Ариза муҳокамасидан кейин З.Сафарова талаба қизнинг онасидан таёқ еб қолади. Орадан кўп вақт ўтмай, З.Сафарова фирибгарлиги учун ЖКнинг 168 моддаси 3-қисми билан айбланиб, Қарши шаҳар ички ишлар бўлимида ўн кунча “меҳмон” бўлади ва турмуш ўртоғи “Ласетти” автомашинасини сотиб, 89 миллион сўм жарима тўлаб “меҳмонхонадан” олиб чиқади. Суд ҳали давом этмоқда. Н.Насимхонов бу масалага ҳам “панжа орасидан” қараяптилар. Ўзлари чиққан тепа омон бўлса бўлди.
Институтимизда муҳит кундан-кунга оғирлашиб бораяпти. Ректор Н.Маҳмудовга салоҳиятли кадрлар керак эмас. Халқ мақолидек “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин” қабилида иш тутади. Ва бу қачонгача давом этади?
Абдували Маҳмудзода,
«Дунё ўзбеклари» учун Қаршидан махсус юборилган
ОзодМактуб
Талаба: “Қарши Муҳандислик институтини домлалар бозорга айлантириб юборди”
13.06.2015