“Дунё ўзбеклари” тақдимоти – Дадахон Ёқубов: Заҳа Ҳадид (Zaha Hadid) юлдузи
Заҳа Ҳадид (Zaha Hadid) юлдузи
Афсона ва ривоятларда ҳикоя қилинишича, ҳар бир одамнинг юлузи бор дейишади. Уларнинг баъзиси ёруғ, бошқаси эса олисдан хира нур сочар эмиш. Инсон умри поёнига етгач, унинг юлдузи ҳам фалак бағрида из қолдириб, ғойиб бўлармиш.
Куни-кеча, ёруғ юлдуз, бир инсон ҳаёти сўнди. Бугунги алоғов-далғов замонда бу мусибат ва йўқотишни биров эшитди, кимдир бехабар қолди.
Заҳа Муҳаммад Ҳадид (1950-2016) дунёда донг таратган архитектор-дизайнер аёл. Самимий инсон, хассос ижодкор. Ёруғ оламни ўз иморатлари билан янада чиройли, қулай бўлиши йўлида меҳнат қилган муслима[[1]]. Заҳа Ҳадиднинг охирати обод бўлсин!
Анчадан буён истеъдодли архитектор, тасаввури кенг дизайнер Заҳа Ҳадид фаолиятини ўта қизиқиш билан кузатиб келаман. Набираларимга ҳам ундан ибрат олишини ўқтириб, архитектура, дизайн, тасвирий санъат, технология соҳасини ўрганишга даъват қиламан. Бугун дизайн – лойиҳалаш маданияти ҳар бир инсон ҳаёти ва турмуши учун зарурат эканини такрорлайман.
“Янги юз йиллик тараққиётида бутун инсоният тарихининг янги даври бошланган бир пайтда тамаддуннинг муҳим омили сифатида ақл-идрок, бой тафаккур, теран фикр, маънавий-ахлоқий поклик ва руҳий хотиржамлик катта аҳамият касб этаётганини ўқтираман. Фикрий ва амалий лойиҳалаш, яъни режалашни билмайдиган киши кўп хато қилиши, билувчи эса юксакларни адашмай забт этиши мумкинлигини таъкидлашдан чарчамайман.
Заҳа Ҳадиднинг архитектор-дизайнерлик фаолияти ҳозирзамон ёшлари учун ибрат мактаби, яратувчилик рамзи саналади. Бу мақолага фикрларимни жамлаб, Сизга инъом этиш орзуси туғилди.
Ҳақ таоло биринчи бор ўз Расулига мурожаат қилиб: (“Эй муҳаммад, барча мавжудодни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг!”,[[2]]- дейди. Бу сурада Аллоҳ ана шундай марҳамат қилади: “Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни –хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди”.[[3]] Демак, Яратганнинг каромати билимдан, ўқиш ва ўрганишдан бошланган.”,[[4]]– деб ёзади фалсафа фанлари доктори Бўри Зиёмуҳаммедов ўзининг “Комилликка элтувчи китоб”ида.
“Қуръоннинг ҳар бир оятида офоқ тафсири нақадар аён, очиқ бир амрни кўрсатган бўлсада, унинг мутлақо бир анфус сири ҳам бўлади”.[[5]] (Бу ерда муаллиф “офоқ” деганда, нарса ва ҳодисаларнинг ташқи кўриниши, “анфус” деганда, ички моҳиятини тушунади – фалсафа фанлари доктори Бўри Зиёмуҳаммедов шарҳи).
“Қуръоннинг “Ўқи!” деган даъват билан бошланиши тўғри… Фан, маданият, илм ўсган сари Исломнинг мўъжизалари янада равшанроқ кўрина боради. Шунинг учун Ислом инсон маданиятининг тинимсиз ўсишини тан олади. Эътироф этади. Балки қизиқтиради. Балки чорлайди”,[[6]]– деган эди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари.
Биз ҳам фикримизни яна-да аниқлаштирадиган бўлсак, қалам инсон зувони, тили оҳангини рамзларда ифода этиб, сўз айтиш ва шу сўзлардан гап тузиш, фикрини баён этиш, инсондан-инсонга, замондан-замонга, ҳудуддан-худудга узатувчи кўргазмали коммуникация воситаси эканидан ҳайратга тушамиз ва Яратган қудратига имон келтирамиз, шукрона айтамиз.
Ҳудди ана шу қалам билан инсоният маданияти намуналари ёзув тарзида, рамз ва лойиҳа, сурат ва безак, табиат манзаралари шаклида сақланиб қолган. Кейинги замонларда инсон томонидан кашф этилаётган кино, видео, теле-радио узатқич, тасвирий санъат асари, интернет ва ахборот технологиялари ана шу муқаддас қаламнинг ўзгарган шакли, холос. Аммо қалам тасвир-графика, ўтмишда, ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Оддий фото суратни график усулда чизиб кўринг, у сирли ва мўъжизакор шаклга киради. Ноёб ёдгорликка айланади. Лойиҳалаш ҳам ана шундай мўъжиза, Аллоҳнинг тенгсиз илоҳий марҳаматидир. Қалам билан тасвирланган барча рамзларнинг ички моҳияти ҳам нақадар ҳайратланарли. Шу боис, халқимиз ўз урф-одатларида, қоғоз, ёзув, қалам, китоб каби нарсаларни нон қадар азиз тутади. Уларда ота-боболаримиз, аждодларимизнинг ҳаёт қувончи ва ташвишлари лойиҳа ва уларнинг моҳияти сифатида мангуга муҳрланиб қолган.
Мукаммал ёруғ олам, Ҳақ этган-чун дизайн,
Ўзи Қодир-Мусоввир, яратмоққа безайин.
Ўқинг!, – дея қаламни, берган инсон қўлига,
У ҳам илмин бошлади, оҳанг рамзин чизайин.
Тарихда Притцкер мукофотига сазовор бўлган биринчи аёл архитектор ва Британия империясининг Командор Хоним ордени совриндори Заҳа Ҳадиддан инсониятга улкан мерос қолди. Унинг қалами билан лойиҳаланган қанчадан-қанча архитектура асарлари яна кўп йил давомида дунёнинг турли ҳудудида қурилишига шубҳа йўқ.
Заҳа Ҳадид 1950 йилнинг 31 октябрида Боғдод шахрида дунёга келди. Унинг отаси катта саноатчи эди. 11 ёшли қизча Англияга сафар қилгач, унинг дилида архитектор бўлиш орзуси туғилади. Шу тариқа у дунёвий шон-шуҳрат сари узоқ ва машаққатли сафарга чиқади. У 1972 йили Байрут шаҳридаги Америка университетини битиргач, Лондонга кўчиб борди ва Архитектура Ассоциацияси меъморчилик мактабига ўкишга киради. Рема Колхас ва Элиа Зенгелисларнинг раҳбарлигида ёш истеъдод соҳибаси мактабда ўқиш билан бирликда кўплаб архитектура лойиҳаларини яратади. У ўзининг ноёб исътедоди билан барчани лол қолдирар эди. Кўпчилик у яратган лойиҳани рўёбга чиқариш мумкин эмас деб ўйларди. Заҳа Ҳадиднинг архитектор бўлиб етишишида Совет архитектура авангаради ва конструктивистларининг таъсири сезилиб туради. У чизган лойиҳаларда бу йўналишнинг баъзи белгиси кўзга ташланиб турсада, унинг ишидаги ўзига хослик ва ёрқин оригинал ечим чиндан ҳам бетакор эди.
1977 йили Заҳа Ҳадид Рема Колхаснинг “ОМА” устахонасида ишлай бошлайди, уч йилдан сўнг эса у ўзининг шахсий “Zaha Hadid Architects” бюросини ташкил этади. Рем Колхас Заҳа Ҳадидни “ўз орбитасида айланувчи сайёрадир”деб баҳолаган эди. У дастлаб, бу ўхшатишдан бироз ранжиди, кейинчалик энди унинг ҳаёти зиддиятга тўла оламдаги митти сайёра эканини тан олди. Архитектура оламида унга осон бўлмаслигини ҳам сезди[[7]]. Биз эса уни янада улкан, сайёра эмас, балки эзгулик ва яратувчиликнинг инсоний юлдузи, деб атагимиз келади. Зулматлараро ҳаракатланаётган чароқ мисоли Заҳа Ҳадид ўз ишини антиқа ва ҳеч кимниникига ўхшамайдиган сифатлари туфайли ҳаётга татбиқ эта олмас эди. Замонасидан анча илгарлаб кетган бу архитекторнинг ишламаларига жамиятда талаб бўлмай, меъморий ечимнинг бутунлай янгилиги консерватор қурувчиларни ташвишга соларди. Бу фантастик, антиқа геометрик шакл билан тўлиб тошган, қурилиш ҳақидаги одатланиб қолинган тушунчадан тубдан фарқ қилувчи лойиҳага пул тикадиган мард камдан-кам топилар эди. Ўша пайтда бу истеъдодли ижодкор Архитектура Ассоциациясида ўқитувчилик қилар, турли кўрик-танловларда қатнашар, ўз бюросида эса мебел, кўргазма ва театр безаклари дизайнини яратиш билан банд эди.
Унинг услубини деконструктивизм дея баҳолашар: яъни бу ўз тасвирий асарларида биологик шаклга бўлган қизиқиш дегани. Бундан ташқари, архитекторнинг ижодий услубига 1920 йилларнинг рус авангарди вакили Казимир Малевич ишлари катта таъсир кўрсатган эди.
Деконструктивизм — замонавий архитектурадаги янги оқим. Ўтган асрнинг 80 йилларида француз файласуфи Жак Деррид ғояларининг меъморчиликдаги кўриниши. У ҳозирги замон Европа руҳиятида юзага келган барча шаклдаги метафизик қарашга қарама-қарши дунёга келган эди. Жак Деррид тавсифига кўра, бу услуб эмас, балки меъморчиликда архитектурани санъат тури сифатида, анъанавий идрок этиш методидир. Бу дегани – қурилган биноларни вайрон қилиш эмас, балки инсон томонидан архитектура объектларининг тили, моҳияти, кўринишини идрок қилишда атайлаб зиддият туғдириш, демак бошқача тассаввурда қабул қилиш демакдир.[[8]]
Деконструктивизм услубини архитектуранинг “тош ёзуви” деб аташ мумкин. Даслаб бу атама адабиётшуносликда қўлланилган, бунда асар мазмуни билан талқини ўртасида атайлаб зиддият вужудга келтирилади. Деконструктивизмда бизнинг борлиқ тўғрисидаги билимларимиз фақат одамлар сўзлаб берадиган тарихдан иборат бўлади. Инсон шахси бадиий матн – фожиа, комедия, сатирадаги каби шаклланади ва ривожланиб боради. ХХ асрнинг 80 йилларига келиб деконструктивизим услуби архитектурада Питеа Эйзенман ва Даниэл Либескин ижодидан ҳам ўрин олади. Бу анъанавий маъморчиликда архитектор томонидан атайлаб инсон ўз кўзи билан кўриб турган нарсаларни бутунлай бошқача қабул қилиши учун зиддият юзага келтириш демакдир. Худди иллизиончи-кўзбўямачи фокусига ўхшайди, аммо бу моддий маконда юз берадиган ҳақиқий мўъжиза эди. Энди ҳар қандай тизим ҳақида аниқ ахборот бўлмайди, ҳар бир шакл охирига етказилмагандек туюлаверади, унинг маркази бутунлай кўринмайди, жойлашуви ҳам ҳаракатда, тизимнинг унсуллари маълум асосга қўйилмагандек туюлади.
“Олимлар, инсониятнинг илк сўзлари товушга тақлиддан пайдо бўлган, дейишади. Дарҳақиқат, қадимги аждодларимиз тоғдан шовиллаб тушган сувни “шовва”, “шар-шар” тўкилганини шаршара деган. Қушларнинг “чурқ-чурқ”иеи чумчуқ, “лак-лак” қилгани лайлак (аслида лаклак) “қағ”иллагани қарға, бул-бул дея ёқимли сайрагани булбул бўлган. Кейинчалик ўзи ясаган буюмларга ҳам шу тарзда ном берган. Тўқиллаб урилгани тўқмоқ, туёқ остида тақиллагани тақа, зангиллаган қўнғироқ занг аталган. Бу аён, лекин биринчи сўз нима эди? Юртимизда юз минг йил муқаддам яшаган неандертал одамнинг тарих музейимиздаги қиёфасига қараб ўйлайман. Хаёл қиламанки, росмана инсонга айланмаган бу ибтидоий онг эгаси тошни тошга уриб “чақ” этган товушни эшитгану “чақ” дея овоз чиқариб ўзининг биринчи сўзини айтган. Тошни тошга чаққан, кейинроқ тош билан данак, ёнғок чаққан, боласига ҳам чақ!, деб буюрган. Бора-бора тошдан ўт чиқариб уни ҳам “чақ” деди. Кўкда “чақ” этиб ёнган олов ҳам “чақ” бўлди. Кейинчалик чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди”.[[9]]
Архитектура “қотиб қолган мусиқа”дан “тош ёзуви”га айланади. Энди архитектор ажойиб лавҳа ва образларни яратувчи ҳикоянавис сифатида намоён бўлади. Меъёрларда белгиланган: “пишиқлик – фойдалилик – гўзаллик” ўрнига архитектура образи: “қизиқтирувчи – эҳтирослилик – ноёблилик” каби тушунча даражалари билан баҳоланади. Ҳикоянависдан ҳеч ким ҳақиқатни кутмайди ҳам. Энди у самимийликка ёки ўз ҳикоясининг якунига интилмаса ҳам бўлади. Ахир, ҳар бир ўқувчи “тош ёзуви”ни ўзича мутолаа қилади, англайди, хулоса чиқаради.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, араб ҳарфи билан ёзиладиган 36 хат шакли мавжуд бўлиб, турли даврда уларнинг у ёки бу шаклидан нисбатан кўпроқ фойдаланилган. Китобат санъати ҳуснихати, кейинчалик меъморий ёдгорликлар ва қабр тоши битикларида ҳам қўлланила бошланган. Меъморий ёдгорликларда ҳуснихатда битилган ёзувлар бир вақтда уч хил вазифани бажарган. Уларни дизайн тили деб аташимиз мумкин:
-
Эстетик вазифа бўлиб, безак-дикор деб аташимиз мумкин. Ёзув бино девори, пештоқи, равоқ, бино ёни, гумбази айланаси ва ҳоказоларга безак берган. Деворлар кўпинча фақат нақш шаклидаги “Аллоҳ” ёки, “Аллоҳ акбар” деган ёзув билан безатилган. Бино пештоқи ва бошқа қисмда, ёзувлар турли исломий нақш билан ягона уйғун тизимни ташкил қилган. Мазкур нақш хусусиятларидан келиб чиқиб, бир иншоотда турли хат – сулс, кўфий, насх ёки бошқа ёзувлар қўлланилган.
-
Ғоявий-мафкуравий ва тарбиявий вазифа бўлиб, ёзувлар мазмуни аксарият ҳолда Қуръони Карим оятлари, муборак ҳадислар, Аллоҳ сифатларини ифодалаган.
-
Бу тарихий-ахборат узатиш вазифаси бўлиб, битик бино кимнинг (қайси бир ҳукмдорнинг) кўрсатмаси билан қачон, қандай тарихий воқеа муносабати билан қурилгани тўғрисида, баъзан бино меъмори ҳақида ҳам, тўлиқроқ маълумот беради. Айрим меъморий битикларда, ҳукмдорнинг фармони, муайян кўрсатмаси, мурожаат шаклидаги сўзи ёки шеърий байтлар ҳам акс этади.
Нега кўҳна обидаларимиз ўзига хос сирли маҳобат касб этади, унинг мўъжизакор буюклиги нимада, деган саволга ҳам ҳар ким ўзича жавоб топади. Каминанинг фикрича, илоҳий ёзув, араб алифбоси ёзилишидаги оҳангий, майин ҳаракатлар биноларга жон киритади. Уларга буюм сифатида эмас, жонли мўъжиза сифатида тасаввур ва кўриш ҳислари уйғунлашиб кетади. Бу Шарқ меъморчилик услуби – уйғунлик услуби. Ёки Уста Ширин Муродовнинг ганчкор ва ёғоч нақшларига боқинг. Бу улуғ меъмордан қолган бинолар ҳозир ҳам ҳайрат манбаи. Қолдирган юзлаб нақш тархи, яъни лойиҳа ва эскизлари замонавий биноларимиз интеръерини табиат билан уйғунлаштириб, ҳаракатлантираяпти. Шу каби Заҳа Ҳадиднинг услуби уйғунлик услубининг замонавий талқини саналади. Шарқда X-XII асрларда дунёга келган Шарқ ренессанси Уйғунлик услубини яратди. Бу услуб мумтоз, ҳам анъанавий тарзда қўлланиб келинмоқда ҳамда у Европа усуллари билан ҳам бемалол бир бутунликка эришиши мумкин. Бунда ҳудуддаги меъморчилик, амалий санъат, хунармандчилик, илм-фан, адабиёт ва барча соҳанинг диний, ижтимоий, сиёсий, миллий, этник ва бошқа анъана, қадрият, яшаш тарзи билан уйғунлашувидан иборат.
Уста-ҳунарманд меъморлар ўз ижодида безаш унсурини қўллар экан, бинонинг гўзал бўлиши, унга мутаносиблик, уйғунлик беришга ҳаракат қилган. Шакллар ҳажми ҳам чор атрофга мутаносиб келиши керак, ҳатто бинони ўраб турган предметлар олами муҳитига ҳам. Бу дегани, табиат каби мукаммаллик бахш этиш учун меъмор бор ижодини ва меҳнатини сафарбар қилади. Қолаверса, иморат инсондек азиз ва инсонни улуғлашга, Яратганга шукрона рамзи бўлиши лозим. Айтишларича, темурийлар бунёд этадиган обидаларни қуриш учун Хитойдан то Испаниягача бўлган ҳудуд уста-меъморлари сафарбар этилган, аммо дизайн ғояси кўп ҳолларда Амир Темурдан чиққан эди.
Айниқса, Темурийлар даври меъморчилигида илмий тадқиқотлар олиб борган мутахассис, қадимшунос олимлар М.Е.Массон, Л.И.Ремпель, Г.А.Пугаченковалар ўша давр биноларининг геометрик шаклини қанчалар мутаносиб ва пропорционаллигини ҳамда безаш санъатини чуқур ўрганишиб, бу обидаларнинг бир бутунлигини таъкидлаган эдилар. Улар таъкидлаган “целостность” атамаси уйғунлик маъносини беради.[[10]]
Деконструктивизм эса Заҳа Ҳадид лойиҳа ишлари учун танлаган илмий-амалий методлардан биридир. Дизайн услуб ёки соҳа эмас, балки методдир. Ана шу методларни қўллаган ҳолда архитектура лойиҳасини яратиш деганидир. Архитектура объектларини қуриш, барча меъёрий талаб, дизайн хусусияти, услуби, ҳисоб-китоби техник ҳужжатдан ўрин олади.
Заҳа Ҳадид архитектура лойиҳалари деконструктивизм методида яратилса ҳам шу йўналишнинг бошқа вакиллари ишламасидан фарқ қилади. Мисол учун, Даниел Либескинд лойиҳалари асосини тўғри чизиқ, ўткир бурчак, чўзилган ойналар ташкил этади. Заҳа Ҳадид эса тўғри чизиқни тан олмайди, у бир-бирига сингиб кирувчи, суйра, қийшиқ чизиқларни кўп ишлатади. Уни бекорга “қийшиқ чизиқни бўйсундирувчи” деб аташмаган. У архитектура тектоникаси асосий унсурларидан шаклни кўрсатиш учун фойдаланмайди. Балки буни рад этади. Ўз олдига бутунлай бошқа вазифа “органикани деконсрукциялаш” вазифасини қўяди. Қийшиқ чизиқлар нафосатидан фойдаланган ҳолда пластиканинг бутунлай бошқа турини танлайди. “Учаётган бино”ғоясидан кечиб, бошқа муҳитга, суюқликлар оламига шунғийди. Унинг шакл яратиши парадигмаси, яъни турлаши сув хусусиятини ўзида мужассамлайди. Тўқин, гирдоб, шовва, шаршара ва бошқа тасвирларни лойиҳасида акс эттиради. Ҳар қандай қўйиқ суюқлик каби унинг бинолари четининг чегараси аниқ эмас. Доим улар юзага қуйиб қуйилаган суюқликка мисол, гўёки ҳаво оқими ана шу суюқликни табиий тарзда “текислаган”, “тўғрилаган”. Шу билан бирга, бу архитекторнинг лойиҳаларида осудалик йўқ, ўз ўзидан пайдо бўлган, майин оқаётган тизим ҳар доим қаёққадир ҳаракат қилаётганга ўхшайди.[[11]]
Қизиқ бир воқеа. Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган стадион лойиҳаси маҳаллий мутахассисларга унчалик ёқмайди.
Арата Исодзаки, Тоёо Ито, Кэнго Кума ва Соу Фудзимото каби япон архитекторлари Заҳа Ҳадид тақдим этган лойиҳани амалга ошириш, аниқроғи, қурилиш ишига қарши очиқ хат билан чиқадилар. Бу ишни “монументал ҳато, келгуси авлодлар олдида уятга қолирадиган иш”, деб баҳолайди. “Заҳа Ҳадиднинг стадиони худди Япониянинг чўкиб кетиши билан сузиб кетишга ҳозирланаётган тошбақага ўхшайди”,– деб ёзган эди Арата. Менимча, Заҳа Ҳадиднинг фалсафасини япон архитекторлари яхши тушунмаганлар ёки уларда маҳаллийчилик устун келган бўлиши ҳам мумкин. Лекин истеъмолчи доимо устун келади, даромадига қараб буромад қилади. Япон хукумати Кэнго Куманинг шошилинч тайёрлаган лойиҳаларини қуришга қарор қилди. Заҳа Ҳадиднинг 2 йиллик меҳнати натижаси келажакка қолди[.[12]] Буёғи шунчаки фикр.Тошбақа ўз-ўзидан пишиқлик, мустаҳкамлик рамзидир. Табиат билан уйғунлашмоқ, узоқ умр кўриш, сувда ва қуруқда бирдай яшай олиш, чўкмайдиган жойга тухум қўйиш тошбақага хос хусусият. Бу жонивор меҳр-шафқат, сабр-тоқат, маҳзунлик, ҳокисорлик ва катъиятлилик рамзидир. Энг сўнггиси, тош ҳаракатга келганда спорт гуллаб яшнаши каби эзгу тасаввурлар уйғотади. Шу билан бирга, табиат бағрига сингиб кетади. Бу япон дизайнининг ўзига хос миллий хусусияти саналади. Архитектор бу факторларни инобатга олган эди.
Энди япон дизайнининг нарса ва буюмларга бўлган алоҳида муносабати ҳақида тўхталиб ўтамиз. Япон эстетикасининг энг муҳим тушунчаларидан бири макото ( ўзб.”ҳақиқат”, буюмларнинг моҳияти) саналади. У моно-но аварэ (ўзб. “буюмлар маҳзунлиги”,буюмларга муҳаббат): “Агар санъат асарида моно-но аварэ бўлмаса, у ҳақиқий эмас”. Буюм ва нарсаларнинг маҳзунлиги ва уларнинг ўткинчилиги “гўзалликнинг вақтинчалик эканлиги” ( мудзё-но би- япон эстетикасининг яна бир тушунчаси ҳисобланади).[[13] ]
Тадқиқотчилик фирмасининг президенти Кендзи Саккуйори эстетик тарбия ҳақида шундай дейди:” Инсондаги энг муҳим ва асосий ҳиссиётларни тарбиялаш зарур, Одам ва нарсалар ма вжудлиги, уларнинг яшаш муҳити фактидан келиб чиққан ҳолда инсондаги энг муҳим ва асосий ҳиссиётларни тарбиялаш зарур. Бу буюмнинг мавжудлиги,яъни яшашини идрок этиш ҳиссидир. Бу насаларнинг бир бири билан бўлган муносабати ва нарсаларнинг инсон билан бўлган муносабатидаги мувозанат ва мутаносибликни сезиш деганидир.Бу нарсаларнинг туғилиши ва ўлиши фактини англаши, ана шу турфа ҳил ҳиссиётлари ёрдамида инсоннинг буюмлар гўзаллигини идрок қилишидир”. Бошқа сўз билан айтганда гўзаллик яратишни ўрганиш учун нарсаларнинг маҳзунлиги, яъни омонат-ўткинчилигини тушуниш, уларнинг инсон ва олам билан ўзаро боғлиқлигини хис этмоқ зарур.[[14]]
Худди шу факрлар Токиодаги стадион лойиҳаси учун фалсафий асос қилиб олинган эди. Демак, у энодизайнни, турли ҳудудий анъаналарни ҳам чуқур ўрганган. Шарқ ва Ғарб, турли дин ва миллатларнинг урф-одатларини ўз архитектура лойиҳасининг фалсафасига жойлаган. Ана шу эзгу қадриятлар эъзози унга Хитойда, Россия ёки Америкада, Италия ва Яқин Шарқда ҳам катта муваффақият олиб келган. Айтгандек, бу архитекторнинг услубида Шарқ меъморчилигининг энг ноёб хусусиятларидан бири биомарфоз шаклларга интилиш ҳам кўзга ташланади. Анъанага кўра, биноларга инсон расмини тушириш ёки инсон тасвиридаги меъморий иншоот қуриш фравнлар давридаёқ тугаган. Шу боис, мусулмон биноларида араб калиграфияси – ҳаттотлик тасвирлари туширилган ёки ўсимликларнинг табиий тасвирлари кенг қўлланилган. Ҳатто дизайн назариётчиси Уильям Моррис ҳам ўз тасвирий асарларида, дизайн лойиҳаларида бундан кенг фойдаланган. Шу тариқа модерн, янги услуб дунёга келган. Модерн тасвирлари иморатни гуёки жонлантиради. Ҳаттотлик эса ипакдек иморат бағрига сингиб кетади. Майинлик инъом этади. Шердор мадрасасидаги “Қуёш ва шер” тасвири мамлакат куч-қудратидан далолат беради.
Ҳар қандай иморат интерьерига эътибор берсангиз, бинонинг олд қисми инсон юзи, эшиклари оғзи, дераза ва дарча қўзи, пештоғи пешонаси. У ердаги сирли ёзув ва тасвирлар иморатни турли бало, ёмон кўздан асрайди. Ҳатто уруш йилларида Сталин ҳам уларни вайрон қилмай, аксинча, таъмирлаганини Амир Темур бобомиз мақбараси сағанаси атрофидаги тарихий воқеалардан яхши биласиз, албатта. Энди мовий гумбазларнинг осмонга сингишига қаранг. У ботиқ эмас, майин тарзда, думалоқ қубба тарзида сингдирилган. Заҳа Ҳадиднинг энг замонавий бинолари кўринишига эътибор берсангиз улар ҳам осмонга озор бермайди, аксинча, осмоннинг давоми сифатида буюк қудратга бош эгиб, томчига айланиб ерга сизиб кетгандек кўринади. Табиатга сингиб кетади. Фақат атрофдаги тик ва ўткир тиғли биноларга мос келмаслиги эса деконструктизмга хос хусусият. Архитекторнинг рамзлари дунёга саломатлик, ободлик, экологик озодалик, тинчлик, бахту фарвонлик тилаб туради. Фикрлар кўп. Яхшиси, энди архитектор ижоди ва фаолияти билан боғлик масала ҳақида фикримизни тўлдирсак, фойдалироқ бўлади.
Римда бунёд этилган Замонавий санъат музейи (MAXXI ) – ички кўринишини тасвирлаймиз. У гўёки ғалати жониворнинг ичагига ўхшайди. Ёки уни ерости дарёсининг ўзани деб тасаввур этиш ҳам мумкин. Бу ўзан қалин темир-бетон деворларга синггиб, ўзига йўл излаётгандек тасаввур уйғотади. Агар ХХ аср модерн услубидаги архитектурага эътибор берсангиз, улар осмонга интилади, енгил ҳавода сузиб юрганга ўхшайди. Ҳадид услубида эса пастга, сув ва томчи ичига сингизни кузатасиз. Гуёки бу бино тортишиш кучи мутлақо бўлмаган коинотда сузиб юргандек, унинг поли ва пештоқлари бир-бирининг давомига ўхшайди. Заҳа Ҳадид араб каллиграфиясида ижод қилаётгандек туюлади. Бу унинг ўзига хос услубими? Ҳа! Муаммо шундаги бу ғайриоддийлик аста-секин ўз аҳамиятини йўқотиши ҳам мумкин. Албатта, европаликларга у бутунлай янги мўъжиза, аммо доим бир хил юз билан боқаётган одамни эслатмоқда,– деб ёзишди баъзи танқидчилар. Уларнинг фикрича, у доимо бир хил нарсани тақдим этади. Яна бу ўзига хос архитектура лойиҳасидан нусха кўчириб олиш осон-ку!? Баъзи мамлакатларда британиялик архитектор аёл ишларини ўғирловчи қароқчилар ҳам пайдо бўлди. Зумрад доимо минг ҳил рангда товланади, аммо у таркибан зумрад минирали. Шу каби қимматли бойликка одамзоднинг ўч бўлиши турган гап. Танқид эса исботланган эмас. Бу муҳташам бино Рим, Италия ва дунё мухлисларини оханграбодек ўзига тортмоқда. Заҳа ижодининг ёрқинлиги шундадир.
Заҳа Ҳадид ўзи ташкил этган архитектура бюроси фаолиятининг дастлабки йилларида анча қийинчиликни бошидан кечирган эди. Жамоатчилик бундай дадил экспериментларга қаттиқ қаршилик қилди. Заҳа Ҳадиднинг ноёблиги деймизми, шундаки, аёллар ичида архитекторларнинг камлиги ёки араб миллатига мансублиги, умуман, унинг лойиҳаларини хаёлий, амалга ошириб бўлмайдиган ғоя деб жамоат оммасининг ишончсизлик билан қараши натижасида у кўп азоб чекди. Уни қоғозда иш бажарувчи меъмор дея устидан кулганлар ҳам бўлди. У макетларини турли кўргазма ва кўрикларга тақдим этар, бирон-бир қурилиш эгасининг эътибори тушар деб орзу қилиб яшар эди. Ҳеч бўлмаса, оммага ўз архитектуравий ғояларини тушунтиргиси келарди.[[15]].Архитекторнинг Англиядаги Лестера шаҳрида (1990) бошини эгиб турган оспоўпар бино лойиҳаси қоғоз ва макетда қолиб кетди, Гонконгдаги баланд қирда бунёд этилиши мўлжалланган “Чўққи” ( The Peak 1984) спорт клуби лойиҳаси Халқаро танловда ғолиб чиқди, аммо буюртмачи касодга учраб қолди. Худди шу пайтда Гонконгда бошқа британиялик архитектор Норман Фостер HSBC банки қурилишини бошлаган эди. У ташқи сиёсий хавфни ўз фойдасига ҳал қилишга эришди. Осмонўпар бино йиғиладиган қисмлардан иборат эди, агар вазият ёмонлашса, банк биносини бошқа жойга кўчириш имкони мавжуд эди. Бино уч йил ичида қуриб битказилди. Бу ва Лондондаги “Ллойд” Ричерд Рожерс биноси архитектурада мода бўлган хай тек услуби дея тан олинди ва Фостерни дунёнинг энг машхур архитекторига айлантирди. Заҳа Ҳадид ҳамон қоғоз макетларини у ёқдан бу ёққа кўтариб юрар эди[[16]]. Кўрик-танлов пайтида Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэчер ҳам уни ғалаба билан қутлаган эди. Аммо барибир омад унга ҳали кулиб боқмаган эди. Заҳа Ҳадиднинг лойиҳалари бир қатор халқаро архитектура кўргазмаларида ғолиб чиққанига қарамай, унинг дастлабки ҳаётга татбиқ этилган лойиҳаси 1991 йили Vitra компанияси учун бунёд этилган ёнғиндан сақланиш иншооти бўлди.
1994 йили Ҳадиднинг Кардифф шаҳридаги опера театри қурилиши учун яратган меъморий лойиҳаси танловда ғолиб деб топилди. Аммо узоқ давом этган тортишувдан сўнг, қурилиш эгаси бу лойиҳани амалга оширишдан воз кечди. Архитектор аёл бошига тош ёғилса ҳам ўз услубидан юз ўгирмади. Фақат олдинга интилди. У нафақат бинолар лойиҳаси, балки кийим-кечак, пойабзал, кема, автомобил, кўргазма павильони, мебель ва тақинчоқларнинг лойиҳасини яратди.[[17]]
Заҳа Ҳадид Архитектура Ассоциацияси дипломини қўлига олгач, Британияда қолди, бу ерда тажибали муҳандислар билан ишлай бошлади. Ироқда эса оғир кунлар бошланиб келар эди. Ўшанда партией “Баас” партияси ҳокимиятга келган эди. Ёш архитектор Ватанига қайтиб боргач, виза олиш ҳуқуқини йўқотиш хавфи остида қолди. У бир амаллаб Лондонга қайтди ва Архитектура Ассоциацияси талабаларга дарс берди, танловда иштирок этишни давом эттирди. Архитектор ижодидаги туб бурилиш АҚШдаги замонавий санъат Марказининг қуриб битказилиши бўлди. Унинг қурилиши 1999 йилдан 2003 йилгача давом этди. Комплекс пол ва пештоқ бир-бирига таққосланган шаклда яратилиши ғоясини ўзида мужассам қилади, макон эса бир томондан иккинчи томонга оғаётган тарзда антиқа конструкцияда бунёд этилади. Бино қуриб битказилгандан сўнг Заҳа Ҳадиднинг довруғи бутун дунёга тарқалади.
Ниҳоят 2000 йилларга келиб, Заҳа Ҳадид Лондон олимиадаси (2012) учун сув спорти Маркази ва мактаб (2010) ҳамда Глазго транспорт музейи (2011) учун тақдим этган лойиҳада танлов ғолиблигини қўлга киритди.
“Баъзилар уни энг машҳур архитектор деб атайди, бу катта баҳо эмас, у дунёда ўн нафар энг буюк архитектор бўлса, улардан бири саналади. Агар бешта бўлса, улар аёл ёки эркак архитектор бўлишидан қатъи назар, улар сафидан Заҳа Ҳадид ҳам жой олади.”[[18]].
Бундан йигирма йил муқаддам унинг лойиҳалари утопик – фантастика саналган, 10 йил муқаддам эса у ўзининг футуристик ишламаларини ҳаётга татбиқ эта бошлаган эди. Ҳозирги даврда Заҳа Ҳадид XXI асрнинг энг истиқболи порлоқ архитекторларидан бири деб тан олиниб, унинг яратувчилик ғояларига бутун дунё қойил қолаётган эди. У ўзининг ижодий ғояси, фавқулотда ажойиб геометрик шакллари, ашёларни “ўйини”га чорлаб, оханграбодек ўзига жалб этувчи “Ер юзида учрамайдиган” гўзал биноларни яратди. Кейинги ўттиз йил давомида архитектура борасидаги инсоният фикрини тубдан ўзгартириб юборди. Дўст ва мухлислар ҳайратга тушди, билиб-билмаган одамлар, айниқса, баъзи ҳамкасблари эса ҳасад тўнини кийди. Ғийбат ва бузғунчи кимсалар ҳам топилди.
Бу ижодкорга мустаҳкам ирода ва тиришқоқлик ёт эмас эди. У келажакни аниқ тассаввур қила оларди. Унинг режалари вақт, макондан анча олдинроқ ҳаракат қиларди. “Кайта таъмирланмаган бино ичида етмиш нафарга яқин ёш йигит ва қиз ўтирар эди. Бу машҳур Заҳа Ҳадиднинг устахонасими?” – деб сўрадим мен. “Ҳа, нимага хайрон бўлаяпсиз? Ана шу кишининг жойи, қатор четидан учинчи қизил стулни кўраяпсизми? У фақат музоқара ўтказиш пайтдагина бошқа хонада қабул қилади. Қизил стул ёнида компьютер йўқку!? – хайрон бўлиб суҳбатдошимга қарадим мен. – Заҳа ҳамма нарсани фақат қўли билан чизади. Унинг айтишича, сезги билан онг ўртасидаги алоқани фақат қўллар боғлаб туради.”[[19]]Лойиҳалашни билиш оламни рамзлар орқали ифода этиш, унга бўлган ўз муносабатини акс эттириш, бошқаларни ҳам ҳаётни севишга чорлаш демакдир.
Петер Нойвер Заҳа Ҳадид ижодига бағишланган мақоласида: “Архитектони лойиҳаларидаги баён қилиш тили худди араб каллиграфиясига ўхшайди. Бу графика рационалликдан кўра ҳиссиётлироқдир”, – деб ёзган эди. – Заҳа Ҳадиднинг биноларини унинг расмлари билан солиштирсангиз, Европа архитектурасига ўхшамайдиган шартлар қўллаганини яққол сезасиз. Кўзингиз, биринчи навбатда, бино суратига эмас, балки у орқали руҳингизга синггаётган қувват, ўзгараётган ранг, фактура ва ҳатто ҳажмни ҳис этасиз”.[[20]]. Демак, ижодкор ўз лойиҳаси орқали келажакда амалга оширадиган гўзал ва эзгу иши режасини тақдим қилади.
“Мен нимага эришган бўлсам, ота-онам туфайлидир. Улар зиёлий одам бўлишган. Маълумотли ва озод одамлар. Мени ўзимга ишониш, ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қила олишга ўргатишган…Онам ажойиб аёл эди. Жуда зийрак ва ўткир дидли. Мени расм чизишга онам ўргатган. Айтганимдек, отам Ироқда жуда катта обрўга эга инсон эди. Шу билан бирга, жуда камтар, у ўз иши ҳақида гапиришни хуш кўрмасди. Бир сўз билан, ўз ғояси ва иши бор инсон. Отамга ўхшасам керак. Баъзан у билан фахрлангим келади, афсуски, бунинг уддасидан чиқа олмайман”, – деган эди Заҳа болалик онларини эслаб.
Заҳа Ҳадидга бағишланган мақолаларни ўқир экансиз, қизиқарли воқеалардан ҳайратга тушасиз.
– “Уйда эдим”, – деяпсиз. Лондондаги квартирангизни назарда тутаяпсизми?
– Йўқ. Лондондаги картирам бу оддий турар жой. Ўта оддий…
– Ахир, Сизни авайлайдиган қаердадир ўлан тушагингиз бор бўлса керак?
– Авайлайди, ором бағишлайди, дейсизми? Йўқ, мен бунга бутунлай бошқача ёндошаман. Бизни асровчи деворлар бу бизнинг жисмимиз. У руҳимизни авайлаб асрайди… Ижод эса оламни англаш демакдир. Бундан ташқари, шакллантириш ҳам…[[21]].
Тўғрисини айтсак, Заҳа Ҳадид ҳақида кам биламиз. Унинг табиати анча оғир, гоҳида эҳтиросли ва чидамсиз эди. У жуда чиройли аёл бўлган. Ўзига ўзи ҳеч қачон қамоқхона қурмасликка, гар у тилладан бўлса ҳам бу ишга қўл урмасликка сўз берган эди. Ишини деб турмушга ҳам чиқа олмади. Фарзандли бўлмади. “Қани энди болаларим бўлса, энди қайтадан дунёга келсам..”, – у армон қиларди. Ҳадид ўзини муслима санарди… Фаол аёл деган номни даво қилмаса ҳам, у дунёдаги миллионлаб одамларга унинг ибратидан илҳомланар эди.[[22]]
Ҳадид ( арабча حديد ) – темир маъносини беради. Шарқ халқларида, арабда, ажамда, умуман, дунёда темир маъносини англатувчи номлар кўп учрайди. Улар қатъият, чидамлилик, сабр-бардош, меҳнатсеварлик, мулойимлик, ҳатто итоатгуйлик, яратувчилик ва куч-қудрат рамзида талқин этилади. Темир моддаси эса инсон тамаддунини таъминлаган ашёлардан биридир. Худди ана шу номни олиб юрувчи, замонавий архитектура ва дизайнда ўз образини ярата олган Заҳа Ҳадид ижоди ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган. Кўзга кўринган архитекторлар ҳам унинг суйра чизиқли шаклларини кўргач, бир қолипда “босиб чиқарувчи”, қўпол ва ўз функциясини бажара олмайдиган иморат, биноларни лойиҳаловчи мутахассис сифатида танқид қилади. Шу билан бирга, Ҳадиднинг мухлислари уни рангли журнал, телекўрсатувлар орқали яхши танийди. Унинг ижод намунаси бўлмиш архитектура объектларига ҳайрат билан боқади. Мазкур биноларга кирган, улардан фойдаланган, ҳатто меҳмон сифатида қисқа вақт ташриф буюрган одамлар ҳам ўзини келажакда тасаввур этади.
Заҳа Ҳадид суҳбатларнинг бирида, “араб шаҳарларидаги ҳар қандай эски масжит биносига кирганимда ёки Тигр ва Нил дарёлари қирғоғида сайр этганимда абадият тушунчасини яна ҳам яққолроқ ҳис этаман”, – деган эди. Унинг таъкидлашича, архитектор ишларида кўплаб “шахсий ва умумий” таассуротлар акс этади, ижодий намуналари эса араб ҳудуди билан дунёнинг бошқа жойлари тамаддунини аралаштирмасидан яратилган маҳсулотдир. Бу инсоннинг энг муҳим фикридан яна бири шундай: “Биз бир вақтнинг ўзида атрофимизни қамраб олган икки хил вазиятнинг маҳсулимиз. Ўз ғуруримиз бўлган маданий ўзига хослигимизни чуқур ҳис этишимиз ва шу билан бирга, бутун дунёга очиқ қалб билан боқишимиз зарур. Инсон учун ўз ички оламига қараб яшаш етарли эмас. Биз бирданига икки нарсани ҳисобга олишимиз керак. Дунёда юз бераётган ўзгаришлардан орқада қолмаслик ҳамда энг яхши очилмаган имкониятларни рўёбга чиқариш мақсадида ички оламимизга назар ташлаш. Бу мақсадга етиш оғир, аммо уддаласа бўлади”.[[23]]
Дубай, Марокко, Жазойир ва Ливиядан ҳам архитекторга буюртмалар тушган. Унинг Яқин Шарқда, аниқроғи, Байрут шаҳрида идора очиш нияти ҳам бор эди, фақат бу ерда юз бераётган нотинчлик бунга имкон бермас эди. Мисрда ҳам аҳвол шундай. Аммо унинг бу мамлакатда катта буюртмаси бор. Дарё соҳилида қуриладиган 70 қаватли Нил минораси (Nile Tower). Бинонинг пастки қаватлари сувга қўлларини чўзаётган Сфинксни эслатади. Юқори қаватлар Нил уфқларини томоша қилишга мўлжалланган.
Заҳа араб ҳудудидаги ўзининг лойиҳалари ҳақида гапиришни яхши кўрмас эди. Аммо уларнинг кўпчилиги қурилиш арафасида эди. Ахир, архитектура бу – санъат, аммо у чегараланган, буюртмачилар ўртасида турли гаплар пайдо бўлмаслиги учун ҳам ўта қиммат шартномалар сир сақланишини талаб қилади. “Мен архитектордан Байрут шаҳрида жойлашган Иссам Фарес номидаги сиёсат ва халқаро алоқалар институти ( Issam Fares Institute for Publik Policy and International Affairs) лойиҳалари тўғрисида сўраганимда, у ўзининг Байрут шаҳри ҳақидаги узундан-узоқ мулоҳазаларини бошлаб юборди”,– деб ёзади Британия-Ироқ журналисти ва ёзувчи Муҳаммад Ориф: – У Америка университетида (American University of Beirut) ўқиган пайтларини ёдга олар экан, бинонинг ярмида Иссам Фарес институти жойлашганлигини эслади.
Бир вақтлар Байрутда истиқомат қилган одам шаҳанинг фуқаролар урушидан кейин палапартиш тикланган, назоратсиз қурилган иморатларини тилга олади. Заҳа Ҳадид ҳам Баб Идрис майдонида қайта таъмирлаш ишлари қониқарсиз бажарилгани, кўрфазда эса АВС Савдо Маркази қурилганини танқид қилар эди. Бу қурилиш Байрутни таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборди, унинг “бразилияча” табиий кўринишини йўққа чиқарди, деб сўзлар эди.
Заҳа Ҳадид: “Ҳар бир жой китоб варағига ўхшайди, уни ўқиш мумкин, дея римликлар ҳақиқатни айтишган. Хар бир маскан одам сингари ўз доҳосига, қалбига эга. Унга эътибор берилса бас, у ўз дилини очади”, – деб таъкидлар эди.
VIII-ХII асрларда Марказий Осиёда илк Ўрта аср мусулмон маданиятининг шаклланиши, ривожланиши ва юксак чўққига кўтарилишида маданиятларнинг ўзаро таъсири, қоришуви муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу давр маданияти адабиётларда Яқин Шарқда Уйгониш даври маданияти сифатида талқин этилади. Ҳақиқатан ҳам, бу даврда Яқин Шарқдаги араб тилидаги маданият ўз мазмуни, йўналиши, ютуқлари билан Уйғониш даври маданий юксалишини ифода этди. Уйғониш даври маданияти бошқа ўлкалардаги сўнгги маданий юксалишга катта таъсир кўрсатди.
Яқин ва Ўрта Шарқда янги шаклланган мусулмон ўлкалари ўртасида иктисодий-маданий алоқалар авж олди. Маданият намуналари билан алмашув, ўзаро маънавий таъсир кучайди. Қадимги ҳинд, эрон, араб, юнон маданий бойликлари қоришиб, адабиётларда “ мусулмон маданияти” деб ном олган янги маданий қатлам вужудга келди. Қадимги маданият анъаналарига ниҳоятда бой бўлган Яқин Шарқ ва Марказий Осиё халқлари бу давр ичида ўз маданиятини юксакликка кўтара олди. Шаҳар, шаҳар маданиятининг тез ривожи ҳамда маданий алоқаларнинг кучайиши самараси бўлган Уйғониш, Ренессанс шу даврда бошланди, илм-фан, маънавият, тарихда мисли кўрилмаган намуналар яратди.[[24]].
Форобий, Абу Али ибн Сино, Беруний, Фирдавсий, Рудакий, Бухорий, Аҳмад Югнакий, Махмуд Кошғарий, Замаҳшарий кабилар шу давр маданий юксалишининг қоялари, чўққиларидир. Ҳаттоки араб ҳалифаси Маъмун Ўрта Осиё олимларини ҳалифаликнинг марказига олиб кетгани ва улар Бағдод академиясида илм учун хизмат қилгани тарихдан маълум. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Жавҳарий, ибн Мансур Марварудий каби олимлар шулар жумласидандир. Ўрта Осиёда бу даврда уч тилда: араб, форс, туркий тилларда ижод этилди, тафаккур мевалари ёзувларга муҳрланиб, Шарқнинг турли бурчагигача етиб борди.
Бу давр ўзининг кучли гуманистик руҳи инсонпарварлик нафаси, одамларни ўзаро дўстликка чақириши, ақлни эъзозлаши билан умуминсоний қадриятлар юксакликка кўтарила олди. Заҳанинг доҳолиги, қадимги ироқликлар, “Миқдори Нил”ни бунёд этган Ал-Фарғонийлар доҳосига қариндош. Ахир, у ҳам аввал математика фанига иҳлос қўйган, кейинчалик архитектура мактабда таҳсил олган. Бир сўз билан, санъат ва математик ҳисоб-китоб унинг лойиҳаларидан ўрин эгаллаган. Аҳмад Фарғонийнинг “Астрономия асослари” номли асари ўн иккинчи асрда лотин ва иврит тилларига таржима қилингани, кейинчалик Италия, Германия, Франция, Голландия ва АҚШ каби кўплаб мамлакатларда қайта-қайта чоп этилгани унинг нақадар улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатади.
Алломанинг Ер шарсимон шаклда экани борасидаги қарашини орадан беш юз йил ўтиб амалда исботлаган машҳур сайёҳ Христофор Колумб “Ер меридианининг бир даражаси миқдори ҳақидаги ал-Фарғоний ҳисобларининг тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим”, – дея дастхат қолдирган. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан бирига бобокалонимиз номи берилган. Мисрда Аҳмад Фарғонийга ўрнатилган ҳайкал аждодларимиз тарихига чуқур ҳурмат ифодасидир. Архитектор Нил Минораси лойиҳасини яратишда ана шу ўзига хослик анъаналарини ҳам қўллаган.
Кўргазмалардан бирида Британия оммавий ахборот воситаси мухбирлари: “Ироқ Марказий банки янги биноси қурилишида қатнашиш таклифини қабул қилганингиз росми?, – деб савол беришади. У инглиз тилида “Биз одамлар дилида умид уйғотиш учун нимадир қуришни бошлашимиз керак”, – деб жавоб беради ва оғир босиқлик билан қолган фикрини тушунтиради. – Аммо аслида битта бино эмас, балки бутун шаҳар қурилиши ҳақида ўйлашимиз керак. Шаҳар ва давлат тузилиши билан шуғулланиш лозим. Барча масалаларни маданий тартибда, сиёсий тортишувларсиз ҳал қилиш талаб этилади. Одамлар қурилишни бошлашимизни орзиқиб кутишаяпти. Ироқ учун мактаб, касалхона ва жамоат бинолари жуда зарур. Ироқликларга ёрдам зарур. Моддий ёрдамга улар муҳтож эмас. Ўзлари бой-бадавлат. Уларга сабр-тоқат ва ҳаммасидан ҳам хавфсизлик, тинчлик керак”.
Энди маънавиятни ниятдан, ички фикрлашдан ҳосил бўладиган ташқи шаклларни аниқлашга уруниб кўрамиз. ХIХ асрда яшаган немс олими ва рассом-дизайнери Готфрид Зимпер ўзининг “Техника ва техтоник санъатлар ёки амалий эстетика” деб номланган фундементал илмий иши билан Жаҳон дизайнининг таниқли назариётчиси сифатида ном қозонган. 1860 ва 1863 йилларда мазкур китобнинг икки қисми нашр қилинди. Унинг учинчи китоби турли ижтимоий-сиёсий тартибларнинг санъатга таъсири масаласи тўғрисида бўлиб, уни муаллифнинг ўзи йўқ қилиб ташлаган эди.
Олим томонидан бўлажак дизайн ғоялари учун татбиқ этилган нарса – буюмлар шакли хусусиятларини белгиловчи сабаблар ҳақидаги таълимот ҳисобланади. Унинг фикрига кўра, табиатда шакл яралишининг тўрт шарти мавжуд бўлиб, улар органик ва ноорганик олам тараққиётининг турли босқичида юзага чиқади. Мисқолларда ва кристалларда яширин ички симметрия ҳукмронлик қилади, ўсимликларда пропорционал симметрия, миқдор симметрияси мавжуд, яъни масса оғирлигига нисбатдан, аммо вертикал ҳолатида симметрия бўлмайди, жониворлар учун ҳаракат йўналишининг оғирлик кучи чизиғига нисбати шакл яралиши учун алоҳида аҳамият касб этади. Ички олами, нияти, ғояси гўзал одамнинг ташқи қиёфаси ҳам табиатдан чиройли бўлади.
Заҳа Ҳадидга мухбир мурожжат қилади:
– Ишингиз диний қарашларингизни ҳам ўзгартириб юборгандир? Араб аёли бундай вазиятда ўз қиёфасини йўқотиши мумкинми?
-
Бу араб аёлининг ташқи қиёфасига эътибор, холос. Сирттан қараганда, тенгдошларимнинг кўпчилиги Ироқда маълумот олишган, паранжи кийишган эмас. Албатта, мен бутунлай оддий оилада ўсган эмасман. Биз хорижий мамлакатларга саёҳат қилиш имконига эга эдик. Бу имконият болалигимда ҳаммага ҳам насиб қилавермаган. Ироқ бутунлай ёпиқ мамлакат бўлган. Бир акам Оксфорт, бошқаси Кембриж университетини тугаллаган. Мен араб мактабида ўқиганман. Кейинги ўқишимни Англияда давом эттирганман. Эътиқод масаласига келсак, мақол борку, “сендан ҳаракат, мендан баракат”, деган. Э, бу тақдир.Тақдир дегани ўта мураккаб қурилишга ўхшайди…
“Лойиҳаларимни ҳаддан ташқари дадиллик билан бажарилган иш дейишади. Бу каби бино ва иншоотлар ҳеч қачон қурилган эмас, аммо барча бир фикрни такрорлаб, бундай биноларни яратиш мумкин эмас, дер эди”,–дейди Заҳа Ҳадид. Унинг ижодидаги асосий фикр шундаки, белгиланган йўналиш бўйича ишонч билан ҳамиша олдинга интилади. Кўпчилик томонидан одатий ҳолга айланиб қолган меъморий қарашларни вайрон қилади ва мавжуд макон уфқларини янада кенгайтиради.
Заҳа Ҳадид лойиҳаси асосида бунёд этилган Гейдар Алиев маркази биноси Лондон дизайн Музейи томонидан таъсис этилган “Йил дизайни” танловининг гран-при мукофотига сазовор бўлган эди. Ушбу нуфузли мукофот ўзининг 17 йиллик тарихида биринчи марта аёл кишига насиб этди. “Бу мафтункор меъморчилик намунаси ёрқин истеъдодли архитектор ижодининг энг юксак чўққиси бўлди”,– деган эди мукофот ҳайъати аъзолари ичида мазкур иншоотни ўз кўзи билан кўрган ягона инсон, архитектор Пирс Гог. – Бино бокира қиз, эгнидаги шойи кўйлаги шамолда оҳиста кўтарилган Мэрлин Манрони эслатади”.
Заҳа Ҳадид ва унинг архитектура бюроси ишларига ҳам эътироз билдирадиган танқидчилар топилади. Биз ҳам адолат юзасидан улар ҳақида фикр билдиришни лозим топдик. Ахир, ҳақиқат бахсларда туғилади, деб бежиз айтишмайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот саналган Human Rights Watch бу бино мукофотга лойиқ эмас, деб чиққани ҳақида “The Guardian” газетаси ахборот тарқатди. “Баку кристал зали” (Bakı Kristal Zalı) ва Қишки боғ ичидаги кўнгилочар савдо комплекси билан бирга Алиев Маркази ҳам улкан нефтедоллар лойиҳалари қаторига киради. Унинг қурилиши ортидан 250 хонадонда яшовчи маҳаллий аҳоли ноқулайликка учраган эди. Заҳа Ҳадид ва унинг ҳамкасбларини тоталитар режимлар билан ишлагани учун қаттиқ танқид қилиб келади. Ғарб Озарбайжон ҳукуматини инсон ҳуқуқларини паймол қилувчи, сиёсий мухолифларни жазоловчи ва сайловларни қалбакилаштирувчи сифатида айиблайди.[[25]].
Аммо архитекторнинг таъкидлашича, у жамоат биноларини қаерда бўлмасин, қуришга тайёр, умуман, бино одамлар турмушини яхшилашга хизмат қилса бас. Қанақа режим бўлса ҳам унга барибир, чунки режимлар тез ўзгаради, иморатлар эса қолади. Дунёдаги энг демократик давлатда қамоқхона қуришдан у бутунлай бош тортишини айтади.[[26]].
Баъзи таҳлилчи ва мутахассислар Заҳа Ҳадид бюроси кичик шаклдан тортиб улкан иншоотгача лойиҳалаб беришини таъкидлаш билан бирга, архитекторнинг ўта машҳур юлдуз экани ва юксак фантазияси архитектура ишининг ўта қиммат бўлишига олиб келаяпти, деб ёзишади. Ҳадид эса ҳар қандай лойиҳа арзон бўлиши керак дейди. Балки у нархлашда буюртмачининг мавқеини ҳисобга олади, чоғи. Улар россиялик алигархлар, нефт экспорт қилувчи кичик давлатлар ва дунёнинг улкан иқтисодиётга эга бўлган мамлакатларидан иборат.
2020 йилда Олимпиада ўйинлари очилиш маросимига қуриб битказилиши режалаштирилган Токиодаги янги стадион атрофида юзага чиққан бахс ҳануз давом этмоқда. Чунки қурилиш сметаси тахминан 2 миллиард доллар атрофида баҳоланяпти. Япон ҳукумати маҳаллий архитекторлар ва аҳоли фикрига қулоқ тутиб, лойиҳани бутунлай бошқадан кўриб чиқилиши тўғрисида ваъда берган. Ўйин ташкилотчиларининг фикрича, ҳали ишни янгидан бошлаш учун вақт етарли. Шу билан бирга, стадион 2019 йилда ўтказиладиган сув спорти бўйича дунё кубоги беллашувига тайёр бўлиши лозим.
Ҳадид лойиҳалари асосида қуриладиган биноларнинг ўта қимматига нисбатан Жанубий Кореяда ҳам эътироз билдирилган. Сеул шаҳрида қурилган дизайн маркази (Dongdaemun Design Plaza) сарф-харажатлари 450 миллионга тушган, шаҳар мэри Се-Хуна 2011 йилда лавозимидан кетган бўлса ҳам, ҳануз ижтимоий масалалар учун ажратилган маблағларни қурилишга сарфлаб юборгани учун танқид қилинади. Жумладан, Римдаги MAXXI музейи 150 миллион, Бокудаги Гейдар Алиев Маркази қурилишига 250 миллион доллар сарфланган.
Балки иморатларнинг сарф-харажатида тежамкорлик ва арзон бўлиши ҳам заруратдир. Аммо арзон қурилиш кўп ҳолда панд бериши ҳеч гап эмас. Биноларнинг мустаҳкамлиги ашё ва қурилиш материалга ҳам боғлиқ. Миср эҳромлари минг йиллар оша қад кўтариб турар экан, улар монолит тошдан кўтарилган. Жосер эҳроми (пирамидаси)нинг қурилиши катта тошдан улкан бино ихтиро қилган ва ёзув санъатида юксак ютуққа эришган меъмор Имхотеп номи билан боғлиқ. Жосер қабри Қоҳирадан тахминан 6 км нарида жойлашган. Тошдан ишланган бу улкан мақбара дунёдаги энг қадимги ёдгорликдир. Унинг қурилиш вақти эрамиздан аввалги 2780 йилга тўғри келади.
Мисрдаги машҳур пирамида 4-сулоланипг биринчи фиръавни Ҳуфу томонидан қурилган. Уни юнонликлар Хеопс деб атаган. Бу пирамида Қоҳира яқинида Нилнинг ғарб томонидаги тошлоқ ерда қад кўтариб туради. Ундан унча узоқ бўлмаган масофада Хеопс меросхўрлари Хафр (Хефрен — юнонча) ва Микериносларнинг пирамидалари жойлашган. Ана шу учала пирамида биргаликда таъсирчан архитектура уйғунлигини вужудга келтиради.
Хеопснинг улкан пирамидаси ягона сақланган пирамида бўлиб, юнонликлар уни Етти Иқлим мўъжизаси деб атаган. Дарҳақиқат, у яхлит ва етарли даражада мустаҳкам иншоот бўлиб, 2 300 000 та оҳактош блокидан ишланган. Жумладан, ҳар бир блок ҳисобда 2,5 тонна оғирликда бўлган. Пирамиданинг ичида бир нечта бир-бири билан чалкаш йўллар бўлиб, улардан бири шоҳнинг жасади қўйилган хонага олиб боради, лекин бу ердаги жасад ўша Жосернинг гўрхонасидан фарқ қилгани ҳолда, пирамиданинг ўртасига жойлашган. Хона гранит блоклар билан қопланган. Ҳар бири тахминан 60 тонна келадиган блоклар 900 км масофадан – Ассуандан келтирилган. Саркофаг ҳамда тош тобутнинг сиртқи томони мустаҳкам гранитдан ишланган.
Эрамиздан 4500 йил аввал қад кўтарган бу бино бизни ҳануз таажжублантиради, чунки мисрликлар бу даврда ғилдирак билан ҳали таниш эмас эди. Қурилишда улар ихтиёрида фақат цилиндрсимон жисмдан дастаг бор эди, холос. Аммо одамлар улкан блокларни сомондан тўқилган арқон ёрдамида тер тўкиб қандай ташиган? Кишини ҳайратда қолдирадиган мўъжизалардан яна бири улкан иморатни шимол, жануб, шарқ ва ғарб томонга йўналтиришдир. Қарангки, пирамида ўлчовларининг жуда катта бўлишига қарамасдан (асосининг ҳар бир томони 137 м, баландлиги 147 м), унинг йўналиши абсолют аниқлик билан бажарилган. Яна бир мисол, Темурийлар даврида қўрилган иморатларнинг энг мустаҳкамлари бизнинг давримизгача саланиб қолгани сир эмас. Ҳом ғиштдан қурилган бинолар тупроққа айланиб кетган. Мирзо Бобур Кисро тоқидан буюкроқ деб таърифлаган иншоот бу Оқсарой эди. У 1380 йилда қурила бошланган. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Амир Темур Хоразмни Олтин Ўрда тасарруфидан тортиб олганч, дунёга машхур хоразмлик усталарни ва ишга яроқли кишиларни Мовароуннаҳрга кўчириб, Кеш шаҳрига жойлаштиришга фармон беради. Хоразмлик усталар Оқсаройни тиклайди. “Ҳеч ким бундай иморатни ҳеч қачон кўрмаган ва унга ухшашини бунёд этмаган,”– деб хитоб қилган эди “Зафарнома” муаллифи Низомиддин Шоший. “Зафарномаи Соний” муаллифи Шарофиддин Али Яздий бу бино ҳақда шундай ёзади: “Сичқон йилига тўғри келган, ҳижрий 781 йилнинг охири (мелодий 1380 йил марти), эрта баҳор фасли эди. Ўз қуввати билан табиатни гуллатиб яшнатувчи меъмор кўкатлар ва майсалар шаҳрини обод қилишга киришган, атиргул буталаридан қасрлар яратиб, лаългун шоҳчалари учини баланд кўтарган ва уларни ферузаранг нақшли барглар билан безаган бир вақтда… Олий ҳазрат Соҳибқирон гулларидан мушки анбар таралувчи, сувидан гулоб таъми келувчи Кешнинг хушҳаво ва ром этувчи заминида шодлик нашъасини суриб, ором олмоқ азми билан бу ерда салтанат тахтини ўрнаттирди. Сўнг Шаҳрисабз қўрғонини қуриш ҳақида фармон берди ва (ишларни) амирлару лашкарлар ўртасида тақсим қилди. Қўрғон қурилиши учун муносиб келувчи саодатли соатда унинг пойдеворини қурдилар.
Шаҳар ичида бир қаср бунёдига асос солдилар. Унинг кўгураси баландлиги шу даражада эдики, ҳассаддан осмон кўзидан юлдузлар тўкар, қора тунда унинг деворлари чунонам оппоқ бўлиб кўринардики, ҳатто муаззинлар тонг отибди, деб гумон қилардилар. Иморат шу қадар баланд ва фавқулотда жозибали эдики, ҳатто кекса муҳандис бўлмиш гардун шунча йиллар жаҳон атрофида айланган бўлишига қарамай, бундай гўзал бинони ҳали кўрмаган эди. Ердан самога бош кўтарган бу саройнинг номи шарифи Оқсарой деб аталди”.[[27]].
Сарой деворларига, Соҳибқирон амрига биноан, шундай битик битилди: “Мин шакка фи валоятино ва кароматино фанзур ило иморатино”, яъни “ агар қудратимиз ва кароматимизга шубҳа қилсанг, шак келтирсанг, иморатимизга қара!”
Амир Темур етти йиллик юришдан қайтган йили Кастилия элчиси Рюи Хонзалес де Клавихо шаҳарни ва қарийб чорак асрдан буён қурилаётган саройни қуйидагича таърифлайди: “28 август пайшанба куни чошгоҳда Кеш деб аталган катта шаҳарга келдик. Кеш сой ва анҳорлар ўтган теккисликка жойлашган Шаҳар атрофлари кўплаб боғлар ва ҳовлилар билан ўралган. Аҳоли яшайдиган қишлоқлар, кўм-кўк ўтлоқлардан иборат, сувга сероб бу мазил ёзда жуда гўзал манзара касб этса керак. Далаларда буғдой, пахта, қовун-тарвуз экилган бўлиб, ичкарига кўтарма кўприклар орқали кирилган. Темур ушбу шаҳарда туғилган. Кешда кўплаб катта иморатлар, масжидлар бор… Эртаси жума куни элчиларга катта саройни кўрсатдилар. Шоҳ буйруғи билан бунёд этилаётган мазкур сарой қурилиши, айтишларича, йигирма йилдан буён ҳар куни давом этаркан. Шу кунларда ҳам кўплаб усталар ишлар эдилар. Саройга жуда узун йўлакдан ғоят катта дарвоза орқали кирилади. Йўлнинг икки томонидаги ғиштли равоқ ҳар хил гулдор кошинлар билан қопланган. Одамлар шу жойда шоҳни кутиб оларканлар. Шундан сўнг бошқа эшикдан катта хонага чиқилади. Ҳовли саҳнига оппоқ тоштахталар ётқизилган бўлиб, хашаматли девор билан ўралган. Ҳовлининг ўртасида катта ҳовуз бор. Ҳовли саҳнининг эни уч юз газ келади. Мазкур ҳовлидан кенг уйга кирилади. Уйнинг жуда баланд ва кенг эшигига зарҳал ва ловжувард буёқлар ҳамда нақшинкор кошинлар билан сайқал берилган. Эшик пештоқининг ўрта қисмида қуёш нури кўламида шер сурати акс эттирилган. Унинг четлари ҳам худди шундай суратлар билан безатилибди. Бу рамзий белги Самарқанд подшоҳининг рамзий тамғаси ҳисобланади. Бу эшикдан тўрт бурчак қабулхонага кирилади. Қабулхонанинг деворларига олтин ва ложувард ранг берилган ҳамда ялтироқ кошинлар ёпиштирилган, шифти эса сидирғасига заррин буёқ билан мойланган”.[[28]].
Бу мисолларни келтиришимиздан мақсад, оғир меҳнатни қўллаш эмас, балки Шарқ меъморлари иморатларни ўта пишиқ ва мустаҳкам , чиройли, мафтункор қуришга ўрганганини ёдга солиш. Чунки иморатларда инсон юзи, рамзий, ҳам тўғри маънода ўз жамолини кўрсатади. Меъмор ва бунёдкори ҳақида маълумот беради. Асрларни ошиб яшайди. Ҳозир кўҳна обидаларни қурган инсоният ҳукмдор, меъморлар йўқ. Аммо эски иморатлар ҳамон одамлар хизматида.Самарқанд Регистони майдонидаги обидалар ана шулар жумласидандир. Заҳа Ҳадид қурган, лойиҳалаган биноларда Шарқ меъморларининг ана шу анъанаси мужассам. Архитекторнинг ўзи ҳам ёруғ дунёни тарк этди (худо раҳмат қилсин!). Аммо иморатлари яна кўп замонлар қад кўтариб туради, одамлар хизматида бўлади.
Заҳа Ҳадид учун архитектура – ноёб меъморий образ яратиш санъати, унинг ўз метафораси, рамзи ва мавҳумлик тили мужассам. Унинг ижоди шунчалар бетакрор, индивидуал хусусиятга эгаки, бу йўналишни Заҳа Ҳадид архитектура мактаби деб аташ мумкин. Унинг бетакор ва мафтункор, доҳиёна ижод намунасини ёруғ жаҳоннинг ҳамма бурчагида – Милан, Марсель, Неаполь, Дубай, Москва, Лондон, Рим, Барселона, Сингапур ва ҳатто Австрия Альпларида ҳам учратишимиз мумкин. Унинг иш мундарижаси, режалари дастури харидор ва мижозлар томонидан 2021 йилгача банд этилган эди.
Заҳа Ҳадид архитектура лойиҳаси асосида яқинда қуриб битқазилган қурилишни ҳақли равишда “Хитой гиганти” деб номлаганлар. Буюк Хитой девори ҳақида ҳам ҳар қанча рост-ёлғон тўқисак арзийди. У Хитой мемор ва ҳунармандлари томонидан абадиятга қўйилган улкан ёдгорлик, инсоният тамаддунининг тенгги йўқ кашфиётидан биридир. Хитойликлар буюк девори билан чексиз фахрланади ва истедодли дизайнер хитойликларнинг миллий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, бу улкан меъморий лойиҳани яратди.
Хитойликлар ушбу мўъжизавий иншоотни тиклаб, бутун дунёни лол қолдирди. Ер юзидаги энг улкан, алоҳида қад кўтарган бино – New Contury Global Center – Супер Мега Мўъжиза Маркази қурилиши ниҳоясига етди. У Ченду шаҳрида бунёд этилди.
Сичуань вилояти пойтахти маъмуриятининг режаларига кўра, 2020 йилга бориб, бу ҳудуд АҚШ Кремний водийси каби энг ривожланган иқтисодий ва маданий марказга айланиши кўзда тутилган. 2007 йили иқтисодиёт, савдо, молия, фан ва техниканинг улкан маркази ҳисобланган Ченду шаҳрига Хитой инвестицион иқлими намунаси ҳисоблангани боис, Супер Мега Мўъжиза Маркази қурилиши учун Жаҳон банки томонидан маблағ ажратилган эди.
New Contury Global Center катталиги инсон ақлини лол қолдиради. Иншоот узинаси 500 метр, эни 400 метр, баландлиги эса 100 метрни ташкил этади. Бу Пентагон биносидан уч марта, Сидней операсидан 20 марта каттадир. Бу улкан иморат жуда гавжум жойда – замонавий санъат маркази тўғрисида бунёд этилди. Жаҳон архитектура Олимпининг ёрқин юулдузи, Притцкер мукофоти совриндори, араб миллатига мансуб, Британия архитектори Заҳа Ҳадид иштирокида New Contury Global Center лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу архитекторнинг футуристик дизайнида унинг услуби ёрқин акс этиб турибди.
Марказнинг энг ажойиб жойидан бири денгиз парки ҳисобланади. Унинг сунъий пляжи бўлиб, узунлиги 400 метр, майдони 5000 метр куб, бирданига 600 нафар одам чўмилиши, кечаю кундуз ботмайдиган сунъий қуёшда тобланиши, ҳатто узинаси 150 метр, эни 40 метр бўлган экран орқали денгиз тўлқинини томоша қилиш, гўёки ана шу тўлқиндан сочилаётган сув томчиларини ўз таналасида ҳис қилиши мумкин. New Contury Global Center фахри ҳисобланган Ғарбий Хитойдаги энг катта замонавий санъат маркази New Contury Contemporary Art Center музейи (ўттиз минг куб метр ҳажмда), кўргазма зали (12 минг куб метр) ва 1800 нафар томошабинга мўлжалланган театри билан машҳурдир. Марказ томон олиб борувчи майдон 44 та оддий фавворалар билан безатилган. Диаметри 150 метр бўлган бу фантанлар заррин томчилари билан гўё рақсга тушади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу фавворалар Дубай, Макао ва Лас-Вегас сув томошасидан қолишмайди.[ [29]].
Бу масканда бизнес-марказлар, мода-шопинглари (унинг майдони 300 метр квадрат), кинотеатр IMAX ва ғилдиракли учиш жойлари мавжуд. Меҳмонлар учун иккита беш юлдузли отель бўлиб, уларнинг ҳар бири минг нафардан мижозга хизмат кўрсатади.
Британиядаги “Қурилиш соҳасида энг яхши меъмор” деган номга ҳам илк бор муслима аёл Заҳа Ҳадид муносиб кўрилган эди. Британия Қироллиги архтитекорлари институти олтин медалига аввалроқ Фрэнк Гери (Frank Gehry), Фрэнк Ллойд Райт (Frank Lloyd Wright) ва Норман Фостер (Norman Foster) сазовор бўлган.
Заҳа Ҳадид ижоди ва фаолияти ҳақида унинг ҳамкасблари айтган фиркга ҳам эътибор қаратамиз. Балки бу архитекторнинг касбий ва инсоний фазилатларини янада аниқлаштиради.
Оливер Уэйнрайт, архитектура танқидчиси – The Guardian: – Унинг энг яхши иморатларида физика қонунлари бутунлай амал қилмай қўяди. Пол билан деворлар уйқашиб кетади. Шиплар гўёки тўлқинланаётган пўртанага айланади, пештоқлар бино ичига синггиб кетади. Ялонғоч девор ва сумалак қопламалар бино ичига ташриф буюрган одамни бутунлай бошқа олам ўлчамларига ғарқ қилади. Бу бинолардаги кенг понорамалар она ер қудрати ва нурли меҳрини намоён қилади.
Ричард Роджерс, Британиялик архитектор: – Бу аёл буюк архитектор, ажойиб инсон эди. Кейинги ўн йилликда архитекторлардан ҳеч ким у каби катта обрўга эга бўлган эмас.
Жейн Дункан, Британия архитекторлари Қироллик институти президенти (RIBA): – Заҳа Ҳадид хоним мафтункор аёл ва архитектор эди, ундай аёл илҳом парисидир. Хаёлпараст ва экспериментчи. Ёшига қараганда, у қолдирган мерос ниҳоятда катта.
Аманда Левит, британиялик архитектор: – У дунёга кучли таъсир ўтказди, унинг ижоди бизга кўп йиллар ибрат бўлади, чунки у архитектура маданияти, бинолар шакли ҳақидаги тассаввурларимизни тубдан ўзгартирди. Ўғлимга у араб алифбосида қандай ёзишни ўргатган эди. Шунда мен бу инсоннинг келиб чиқиши буюк меъморлар наслидан эканини ҳис этганман.
Майкл Киммелмэн, архитектура танқидчиси –The New York Times: – У архитектурадан геометрияни озод қилди, унга экспрессив индивидуаллик инъом этди. Бу архитекторнинг қўлида геометрия ҳали учрамаган, чексиз ҳудудларни яратиш воситасигина эмас, турли эҳтирос манбаига ҳам айланди.[[30]].
Бизнинг замонимизда дунёнинг бирон бурчагида юз берган воқеадан бир неча дақиқа ичида хабардор бўламиз.Телеэкранларга, интернет саҳифаларига қарасангиз, эзулик ва қабоҳат кураши, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги зиддиятни тасаввур этасиз. Ҳеч қандай тушунтиришсиз воқеаларни идрок этишингиз мумкин. Баъзи кимсалар Мосул ва Пальмира шаҳарларидаги музейларни вайрон қилмоқда. Биров куйиб-пишиб, бундан беш минг йил муқаддам яратилган кўза ва инсон тасвири туширилган маданий ёдгорликларни “кувалда” билан уриб, майдаламоқда. Терлаб-пишиб кетган кимса, музей қоровулини бўғизлаяпти. Вайрон қилмоқда, бузаяпти. Бошқа телевизион лавҳаларда эса ҳарбий самалётлар одамлар устига бомба ёғдираяпти. Одамлар Шарқдан Ғарбга қараб жон сақлаш илинжида бола- чақаси билан қочиб кетаяпти. Денгизга ғарқ бўлган қочқин қизалоқнинг мурдаси соҳилда ётибди. Одамлар кўз ёшидан уммон йиғилмоқда. Дард ва армон, ғазаб, нафрат, азоб-уқубат даҳшатлари. Иккинчи томонда эса яратувчилик, дўстлик, бағрикенглик ва тинчлик онларини акс эттируувчи тасвирлар. Гўзал иморат, улкан иншоотлар. Қуёш электр станциялари. Осмонўпар, жамоат ва спорт бинолари қуриб битказилганини кўриб, бироз тинчланасиз. Умид уйғонади. Тасаввур қилинг, мезонга солинг. Қўлида кувалда, пичоқ ушлаган, учоқлардан бомба отиб, вайрон қиллаётганлар кучлими, ёки қўлида қалам ушлаб, чиройли уйларнинг расмини чизган, дунёнинг салкам эллик мамлакатида улкан ва гўзал бинолар қурган аёлми? Ким қудратли? Ким маърифатли? Бугун қўлида қурол ушлаганларнинг бирортаси ҳам архитектор аёл Заҳа Ҳадид бажарган эзгу ишларни қилишга ожиз. Хулоса чиқариш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Бузғунчилик дегани Аллоҳ яратган, инсон томонидан иҳтиро этилган нарсаларни бузиш, синдириш, одамлар ўртасига раҳна солиш, одам ўлдириш ёки унга сабабчи бўлиш демакдир. Биров қуради, бошқаси бузади. Иморат, йўл, кўприклар қурган одамга бериладиган савоблар бир томон, уларни вайрон қилувчининг гуноҳлари иккинчи томон. Инсон тасаввурида пайдо бўлган икки қирғоқ, биринчиси – жаннат, тенгги йўқ гўзаллик ва ором маскани, иккинчиси – дўзах, олов ва қийноқ, афсус ва надоматлар уяси. Ана шу қирғоқлар сари йўл, бу дунёдан бошланади. Эзгулик, яратувчиликка интилган одам савоб йўлини танлайди. Гуноҳ йўли ҳам инсон тириклик чоғидаёқ унга аён бўлади. Бу фикрлар оддий инсоний қараш, холос. Ундан катта фалсафа, диний билим, сиёсий ғоя қидиришга хожат йўқ.
Диний-ахлоқий қарашимизда, энг аввало, эзгу ва яхши ишларни амалга ошириш инсоний мезон сифатида қаралади. Яратувчилик, дизайн назарияси ва фалсафасига инсон ҳаёти учун фойда келтирадиган, гўзаллик, мамнунлик ҳисларини уйғотадиган урф-одатларимиз асос бўлиши табиий заруратдир. “Европа ва араб халқлари учун у буюк инсон эди. Унинг мактаби, услуби, руҳи бизнинг замонамизга жуда катта таъсир ўтказди ва келгувси авлод учун тенгсиз мерос қолдирди. Боғдод, Мосул ва Ироқлик бошқа оддий қизлар учун Заҳа озодлик, маърифат ва ижодкорлик рамзига айланди. Биз уруш, фожиа ва йўқотишлардан қадди дол бўлган Ироқ муҳити учун Заҳа Ҳадид каби инсонлар ибратига жуда муҳтожмиз.Бизга у каби соғлом ва эзгу намуна керак. У дунёдаги кўпчилик одамлар учун тинчлик рамзи бўлиб қолди”.[[31]].
Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарида ёзилганидек, Набий (с.а.в.) айтадилар: Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир”. Аҳли илмларнинг баъзилари бу ҳадис ҳақида шундай дейишади: “Чунки киши ниятининг яхшилиги учун савоб олаверади, гарчи амал қилмаган бўлса ҳам. Амалга эса ниятсиз савоб ололмайди”.
Бир олим киши айтади: “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир. Чунки нияти кўп, амали кам. У тирик экан, яхши амал қилишни ният этади, аммо у ўлгунча, яхши амални давом эттира олмайди”.
Баъзилар дейишади: ”Чунки ният қалбнинг амалидир. Қалб маърифатнинг макони. Нимаики маърифат маконида бўлса, бошқасидан афзалдир”.
“Менинг ҳузуримга ташриф буюрган буюртмачи нима иш билан шуғулланаётганимни ҳис этмоғи зарур”, – деди архитектор журналист билан суҳбатлашар экан.
– Тушунарли, архитектура бўйича дунёда энг катта мукофот ва унвон эгасига, Притцкер совриндорига ҳамма қулоқ солиши керак, тўғрими?
– Нотўғри! Архитектура хизмат кўрсатиш соҳаси эмас, балки яратувчилик соҳасидир.
-
Ахир, ўттиз йиллик фаолиятингиз мобайнида ютуқ, омадсизлик ҳам бўлганку?! Сизнинг кўргазмангизда “Амалга ошмаган лойиҳалар” учун алоҳида бўлим ажратилган. Лойиҳаларингиз руёбга чиқмаган, амалга ошмай қолган онларда тушкунликка тушмаганингизнинг сабаби нимада?
“Майли, ҳозирча мени яхши тушунишмади. Қачондир яна менга мурожаат қилишади. Гонконгдаги “Чўққи” ёки Берлиндаги Курфюрстендамм лойиҳалари шакли тайёр, ҳеч бўлмаганда, уларнинг ғояси мавжуд. Ғоя беиз кетмайди. Вақти-соати билан амалга ошади”.[[32]]. Бу архитектор Заҳа Ҳадиднинг сўнгги интервьюси эди.
Эндиликда Zaha Hadid Architects бюросида 400 нафар хизматчи фаолият кўрсатмоқда. Заҳирада эса 44 мамлакатдан 950 лойиҳага буюртма мавжуд. Афсус, Заҳа учун юксак чўққилар сари машаққатли сафар ниҳоясига етди…
“Одам ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳатто билимларнинг юқори чўққисига чиққан бўлса ҳам инсонлигича қолмоғи зарур. Ҳозирги замон муаммоларидан энг муҳими ҳам, долзарби ҳам шу”, – деб ёзган эди Чингиз Айтматов ўзининг “Фудзиямага кўтарилиш” асарида. Чиндан ҳам, архитектор Заҳа Ҳадид яратган мўъжизада, ҳаётий интилиш, ва фаолиятида буюк инсонпарварликни кўрамиз.
Юксак орзу билан яшаётган ёшлар ана шундай ижодкор ҳаётини ўрганиш орқали юксак ибрат дарсини олади, яратувчилик сари дастлабки қадамини ташлайди, бахт тоғини забт этади.
Дизайн таълими – шахснинг мустақил равишда билим олиш, маҳорат ва ҳаётий тажрибани ошириш ҳамда ўз ижодий изланишини лойиҳалаш демакдир. У инсонни яратувчиликка чорлайверади. Заҳа Ҳадид дизайни ўз бағрига қуёшни жойлаган томчи. У ҳеч қачон сўнмайдиган юлдуз. Фақат ўзи бунёд этган бинолар мисоли борлиқ бағрига синггиб кетди… Ундан бизга ибрат бўлиб дизайн қолди. Юзлаб қуриб битказилган ва келажакда бунёд этиладиган иморатлар қолди. Яна кўп замон унинг юлдузи йўлимизни ёритиб туради.
Мукаммал ёруғ олам, Ҳақ этган-чун дизайн,
Ўзи Қодир-Мусоввир, яратмоққа безайин.
Ўқинг! Дея қаламни, берган инсон қўлига,
У ҳам илмин бошлади, оҳанг рамзин чизайин.
Сўзлардан гап терилди, кўнгилларни боғлади,
Мукаррам бўлди одам, Ер юзини кезайин.
Тошни тошга урди у, чақнаштирди оловни,
Сопол, жезни тоблади, касб-ҳунар тузайин.
Ғор ўрнида гумбазлар, тошдан сарой кўтарди,
Ўйғониш даври келди, эрк қанотин ёзайин.
Саноатда инқилоб, машиналар ясалди,
Санъатидан ажралди, ҳунар аҳли безайин.
Эйфел осмонни ўпар, Биллур сарой товланар,
Темир-ойна-бинолар, ғаштлик дилни эзайин.
Моррису Рёскин, Модерн,Уста Ширин наққошлар,
Табиат-ла уйғундир, бонг урдилар сезайин.
Олов энди лазердир, митти бўлди ЭҲМлар,
Ўлик гуллар сўлмайди, экибандан ўзайин.
Ипакдан йўл солдилар, атлас,абри-камалак,
Метафизик эмасдир, фалсафали дизайн.
Услублар келиб кетар, мода айланар мудом,
Одамзод гоҳ адашиб, кашф этади бузайин.
Эски чирик ўрнидан, олиб қувват – озуқа,
Янгилик ниш уради, осмонга бўй чўзайин.
Заҳа Ҳадид биноси, юлдуз сиққан томчидир,
Ҳаракатда зарра ҳам, улғаярмиш ўсайин.
Дизайн дегани усул, бунёдкорлик йўлидир,
Эзгу- ният-моҳият,”инсонга мос тузайин”.
Яратишни инсонга, Тангрим ўзи ўргатган,
Илоҳий қалам бирла, бахт тасвирин чизайин.
Хаттот, наққош-мухандис, турмуш обод меҳнатдан,
“Маданият” асосин -“лойиҳа” деб ёзайин.
Ҳар бир инсон дизайнер, ниятидир яхшилик,
Дили нозик майсадек, тошни ёрар сизайин.
Дадахон ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон санъат арбоби,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
[1] © 2016 Muxlis.uz
[2] Қуръони карим. 96 сура, 1-оят.
[3] Қуръони карим. 96 сура, 3,4,5-оятлар.
[4] Зиёмуҳаммедов Б. Комилликка элтувчи китоб. Turon-iqbol нашриёти. Т., 2006. 60- 159 -бетлар.
[5] Х.Нурбоғий. Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари. 156 б.
[6] Малик Э. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари. “Шарқ” нашриёти. Тошкент–2015.
[7] McKenzie S. Zaha Hadid: ‘Would they still call me a diva if I was a man?’ // CNN,
[8] Ковешникова А.Н. «История и теория дизайна». Учебник для вузов. Москва–2009
[9] Essay by AaronBetsky. Zaha Hadid. The Complete Buildings and Projects. — N.Y.: Thames@Hudson,1998.
[10] Эркин Воҳидов. Сўз забаржад, сўз гавҳар,олтин. “Китоб дунёси“ газетаси. 24. 10. 2013.
[11] Конрад Н.И. “3апад-Восток”.Mосква. 1972 г.
[12] Романова О.А. Заха Хадид: “Криволинейная парадигма” в актуальной архитектуре и дизайне. (ГИУСТ БГУ).
[13] © 2015 Salon. All Rights Reserved.
[14] Третьякова М. С. докторант, Университет искусства и дизайна, Киото,Япония. Анализ специфики японского дизайна. Статья.
[15] GA (Global Architecture) Houses Japan III 20. – Tokyo: A.D.A.EDITA, 1988. – 239 p.
[16] Розенсон И.А. Основы теория дизайна. Учебник для вузов. Питер. 2009 с- 37.
[17] Engeser M. Architektin Zaha Hadid im Interview „Beton ist sexy“ // Wirtschafts Woche, 21.01.2007
[18] © 2016 Wonderzine.
[19] ©2011—2016 «Post@-Magazine»
[20] Фролова Н.Феномен Хадид // Архи.ру – зарубежные новости. 01.04.2016
[21] Абрамова М. Великий Дизайнер – ЗАХА ХАДИД. 2013-11-02.
[22] Ревзин, Г.И. Деконструкция органического / Г.И. Ревзин // Проект классика, 2006.XVIII–MMVI. С. 32–33.
[23] Абрамова М. Великий Дизайнер – ЗАХА ХАДИД. 2013-11-02.
[24] © 2016 Wonderzine.
[25] Aref M. Zaha Hadid, genius of the place // Contemporary Arab Affairs, London. Vol. 4, No. 3, July—September 2011.
[26] Zuparova D.D. Karimova N.N. Dizayn tarixi.Lesson press. 2016. 44-45-b.b.
[27] Olcayto R. Zaha in human rights row over Azerbaijan project // Building Design, 25.01.2008
[28] Brooks X. Zaha Hadid: ‘I don’t make nice little buildings’ // The Guardian, 22.09.2013
[29] Ҳуршид Даврон “Соҳибқирон набираси”. “Шарқ”. Тошкент. 1995 йил.
[30] Херман Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”. Тошкент Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1990 йил
[31] Zuparova D.D. Karimova N.N. Dizayn tarixi.Lesson press. 2016. 158-b.
[32] © 2016 Meduza.
[33] Асаад Аль-Басри (Ирак) Оригинал публикации: زها حديد لم تحمل طفلا فالإبداع طفلها الوحيد 08.04.2016
[34] Абрамова М. Великий Дизайнер – ЗАХА ХАДИД. 2013-11-02.
[1] © 2016 Muxlis.uz
[2] Қуръони карим. 96 сура, 1-оят.
[3] Қуръони карим. 96 сура, 3,4,5-оятлар.
[4] Зиёмуҳаммедов Б. Комилликка элтувчи китоб. Turon-iqbol нашриёти. Т., 2006. 60- 159 -бетлар.
[5] Х.Нурбоғий. Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари. 156 -бет.
[6] Малик Э. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари. “Шарқ” нашриёти. Тошкент–2015.
[7] McKenzie S. Zaha Hadid: ‘Would they still call me a diva if I was a man?’ // CNN,
[8] Essay by AaronBetsky. Zaha Hadid. The Complete Buildings and Projects. — N.Y.: Thames@Hudson,1998.
[9] Эркин Воҳидов. Сўз забаржад, сўз гавҳар,олтин. “Китоб дунёси “газетаси. 24. 10. 2013.
[10] Конрад Н.И. “3апад-Восток”.Mосква. 1972 г.
[11] Романова О.А. Заха Хадид: “Криволинейная парадигма” в актуальной архитектуре и дизайне. (ГИУСТ БГУ).
[12] © 2015 Salon. All Rights Reserved.
[13] Третьякова М. С. докторант, Университет искусства и дизайна, Киото, Япония. Анализ специфики японского дизайна. Статья.
[14] GA (Global Architecture) Houses Japan III 20. – Tokyo: A.D.A.EDITA, 1988. – 239 p.
[15] Engeser M. Architektin Zaha Hadid im Interview „Beton ist sexy“ // Wirtschafts Woche, 21.01.2007
[16] © 2016 Wonderzine.
[17] ©2011—2016 «Post@-Magazine»
[18] Фролова Н.Феномен Хадид // Архи.ру – зарубежные новости. 01.04.2016
[19] Абрамова М. Великий Дизайнер – ЗАХА ХАДИД. 2013-11-02.
[20] Ревзин, Г.И. Деконструкция органического / Г.И. Ревзин // Проект классика, 2006.
XVIII–MMVI. С. 32–33.
[21] Абрамова М. Великий Дизайнер – ЗАХА ХАДИД. 2013-11-02.
[22] © 2016 Wonderzine.
[23] Aref M. Zaha Hadid, genius of the place // Contemporary Arab Affairs, London. Vol. 4, No. 3, July—September 2011.
[24] Zuparova D.D. Karimova N.N. Dizayn tarixi.Lesson press. 2016. 44-45-b.b.
[25] Olcayto R. Zaha in human rights row over Azerbaijan project // Building Design, 25.01.2008
[26] Brooks X. Zaha Hadid: ‘I don’t make nice little buildings’ // The Guardian, 22.09.2013
[27] Ҳуршид Даврон “Соҳибқирон набираси”. “Шарқ”. Тошкент. 1995 йил.
[28] Херман Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”. Тошкент Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1990 йил
[29] Zuparova D.D. Karimova N.N. Dizayn tarixi.Lesson press. 2016. 158-b.
[30] © 2016 Meduza.
[31] Асаад Аль-Басри (Ирак) Оригинал публикации: زها حديد لم تحمل طفلا فالإبداع طفلها الوحيد 08.04.2016
[32] Абрамова М. Великий Дизайнер – ЗАХА ХАДИД. 2013-11-02.
Суратда: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли журналист Дадахон Ёқубов мухлислари билан…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Британиялик архитектор Заҳа Ҳадид вафот этди
