Лондонда анжуман: Ўзбек маданиятида дутор ва аёл ижрочилар ўрни
Лондондаги Қироллик Антропология Марказида шу кунларда ўзбек мусиқасида дуторнинг тутган роли борасида илмий-ижодий анжуман бўлиб ўтди. Ушбу анжуман уюштирувчиси доктор Розия Султонова ўз таасуротларини Би-би-си билан ўртоқлашди.
«Инсоният тарихини ўрганишда 150 йилдан бери иш олиб бораётган тарихий Қироллик Антропология Марказида дутор мусиқаси анжуманини олиб бориш учун таклиф этилганим мен учун катта шараф эди.
Мумтоз мусиқа асбоби дутор, аёллар томонидан ижро этилувчи мусиқа ва ўзбек маданиятини тақдим этиш мени ҳамиша фахрлантиради. Чунки мен бу соҳада 25 йилдан бери илмий тадқиқотлар олиб бораман.
Анжуман жуда қизғин ўтди.
Дуторга келганда, у ўзбек маданиятида муҳим ўрин тутувчи мусиқа асбобидир.
Марказий Осиё халқларининг бошқа мусиқа асбоблари орасида дутор ўзининг «аёлий» рамзи билан таниш ва дуторчи аёллар анчайин кўп.
Бундан ташқари дутор Марказий Осиёда суфий тариқатини оилада сақлаган аёллар орасида ҳам жуда муҳим рол ўйнайди.
Ўзбекистонда эса дутор аёлларнинг уйда мусиқа ижро этишлари, аёллар иштирокидаги гап-гаштаклар, шеърхонликлар ва сўфийлик расм-русмларини ижро этишда фойдаланиб келинган тарихий ролга ҳам эга.
Баъзида, доира истисно, дутор аёллар томонидан чалиниши мумкин бўлган ягона мусиқа асбоби сифатида ҳам кўрилган.
Мусиқачилар эса дуторнинг ҳилол шакли, узун ва ингичка бўйни, доира шаклидаги қорни туфайли лайлакка менгзатадилар. Оҳанги ҳам учиб бораётган лайлаклар овозига ўхшатилади.
«Икки тор» маъносини берувчи дуторнинг торлари Ўзбекистонда асосан шойидан ишланади.
Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидага гап-гаштак, тўй-ҳашамларда қўлга олинадиган асосий мусиқа асбоби ҳам дутордир.
Унинг торлари шойидан ишлангани учун юмшоқ оҳанг беради ва уй ичида, осуда фазода чалишга жуда мосдир.
Овоз ёки бошқа мусиқа асбобларига жўр бўлиш учун ҳам жуда қулай.
Классик мақомларни ижро этишда дутор бошқа асбоблар билан бирга чалинади.
Асрлар мобайнида Марказий Осиёда аёллар деярли бор вақтини уй ичкарисида ўтказишган.
Лекин уларнинг мусиқа ва адабиётдаги роллари ўзига яраша бўлган. Турли манбалардан биз уларнинг дутор чалиш тарихида тутган ўринлари ҳақида ҳам маълумот ола биламиз.
Тарихий миниатюраларда дутор чалаётган аёллар сиймосини учратиш мумкин. Шуниндек, Нодирабегим шеъриятининг Ўзбекистонда нашр этилган нусҳасида унинг аёл дуторчи жўрлигида шеър ўқиётгани расми бор.
Фарғона водийсида кўплаб таниқли аёл шоирлар яшаб ижод қилгани туфайли сўфийлар тариқатидаги дутор чалиш анъаналари ҳам айни шу минтақада кўпроқ кўзга ташланиши табиий.
Сўфий расм-русумларини ҳам ўз ичига олган қиз-жувонларнинг гап-гаштакларида мусиқалар яралиб, дуторнинг юмшоқ оҳанглари туфайли уни куну-туннинг истаган вақтида чалиб, ёпиқ кичик хоналарда қўшиқ айтиб, рақс тушиш имкони яралган.
19 аср охирларида баъзи сураткашлар олишга муваффақ бўлган фотосуратларда аёл дуторчиларни кўриш мумкин.
Ана шу каби суратлардан бири Хива хонлиги пойтахти Хоразмда 1896 йили Россиялик саёҳатчи Волжинский томонидан олинган.
Суратда ҳашаматли бир хонада беш қиз қўлларида дутор, доира, шеърлар битилган китоб ва гуллар ушлаб турганлари кўзга ташланади. Уларнинг уст-бошларидан профессионал санъаткор эканликлари ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Улар тўй маросими ёки сўфий анжуманида аёллар даврасида ўз маҳоратларини намойиш қилганларини тахмин қилишимиз мумкин.
Абдулла Қодирийнинг » Ўтган кунлар» романида ҳам Марғилондаги аёллар гаштагида дуторчи қизлар мусиқа ижро этишгани саҳнаси бор.
Чўлпоннинг «Кеча ва Кундуз»и асарининг аёл қаҳрамонлари Қумри, Зеби ва бошқалар дутор чалиб, қўшиқ ижро этганлари ва рақсга тушганлари акс эттирилган.
Улар қўшни қишлоққа йўл олар эканлар, от қўшилган аравадаги саёҳатлари мобайнида дутор чалиб, қўшиқ айтиб борадилар.
Дутор Фарғона водийси профессионал аёл қўшиқчилари ижодида ҳам муҳим рол ўйнайди. Британия Овоз ёзиш Архивида сўфий қўшиқларининг таниқли ижрочиси Тожинисо қўшиқлари бор. Унинг мумтоз ва фолклор қўшиқларини Британининг Grammophone ширкати 1906 йили ёзиб олган.
1920 йили Андижонда ташкил этилган Мусиқий Драма театри саҳнасида ҳам аёл дуторчилар пайдо бўлишган.
1996 йили ушбу театрнинг актрисаларидан бири бўлган 90 ёшни қоралаган Шарофат Аҳмедованинг мен билан суҳбатида айтишича, ишга олинажак актрисалардан дутор чала билиш талаб қилинган экан.
Фарғонадан қатор таниқли дуторчи аёллар чиқишган. Муҳтарам Азизова (1930-95) ва Кимсанхон Аҳмедова (1942- 2004) каби ижодкорлар ҳатто катта ашула, ёки Фарғона-Қўқон саройларида удум бўлган жўранавоз русумидаги қўшиқларни ҳам айтишган. Жўранавоз сўфийларнинг зикр русумига монанд ижро усули бўлиб, асосан баланд овозли икки ижрочи томонидан ижро этилади.
Дутор мусиқаси Шўролар даврида йирик ўзгаришларни бошдан кечирди. Анъанавий сўфий оҳанглари ўрнига ижрочилардан янги давр қадриятларини акс эттирувчи шўх оҳангларни ижро этиш талаб қилина бошлади. Бу эса маъюс ва кўнгил торларини чертувчи классик дутор мусиқаларидан кескин фарқ қиларди.
Ҳозирги кунда дутор яна ўз асл ўзлигини қайтариб олаётгандек. Умид қиламизки, Марказий Осиё ва хусусан ўзбек маданияти рамзи бўлган дутор шу кеча кундузда ва келажакда мусиқачилар ва мусиқа ихлосмандлари томонидан тегишли эътиборга эга бўлади.
ББС
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ