Бердиёр Жумаев: Оқсарой – малоҳатда танҳо, маломатда тоқ сарой!
Бердиёр ЖУМАЕВ
Оқсарой – малоҳатда танҳо,
маломатда тоқ сарой!
Ёхуд Кеш – Шаҳрисабзнинг донғи-ю довруғи ҳамда
ўзбекнинг дарди-ю оғриғи бўлган улкан обида бобида
* * *
(Тадқиқий бадиа).
Кундузлари офтоб тан бериб, тунлари қойил қолмиш ой,
Бетакрор маҳобат-салобат, бемонанд нафосат-чирой,
Очунда тимсоли топилмас тилсимот-синоатга бой –
Вақтида шундайин эдинг-ку, энди-чи, нечун ҳолинг вой,
Эй, малоҳатда якто – эҳ, маломатда танҳо Оқсарой!
Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари қалбининг қўри,
Етти иқлимдаги иморатлар-иншоотларнинг зўри,
Дастлаб ўзингнинг кунгурангга тушган қуёшнинг илк нури,
Ҳайҳот, сендай боқий қасрнинг шунча тез қуридими шўри,
Тавсифингга ҳар қандайин ташбеҳ-тасбеҳ тўмтоқ, сарой!
Жаҳолатлар-қабоҳатлар етдиму охири бошингга,
Ёвинг чўх бисёр экан-ку – тўзимлар берсин-а дошингга,
Минг йиллар яшаш ўрнига йиқдилар етмай юз ёшингга,
Термулиб яксон лошингга, йиғларман тиз чўкиб қошингга,
Кечмиш-кечирмиши сўроқ, туриш-турмуши жумбоқ, сарой!
Фожеъ қисматингнинг олдида турибдурмен нолон-ҳайрон,
Сени ёғийлар эмас – йўқ – ўзникилар айлашди вайрон,
Ўз илдизин болталаганлар ҳолимиз этдилар ёмон,
“Қуролмасам – бузолмасманми?!” даъвоси амалда ҳамон,
Тобакай, сардорлар юҳо, токай, саркорлар ютоқ, сарой?!
Надоматлар-ки, асл шакл-у шамойилингниям билмасмиз,
Борингни асраш учун-да зарур ишларниям қилмасмиз,
Соҳибқирон васиятларин ҳам-ки назарга илмасмиз,
Емрилмоқдасан нураб, биз-чи жойимиздан-да жилмасмиз,
Диққат-эътиборга муҳтож, ёрдам-кўмакка муштоқ сарой!
* * *
Ижод оламининг қутлуғ остонасидан илк қадамимни қўйибман-ки, Кеш – Шаҳрисабзнинг етти иқлим мўъжизаси саналмиш олийшон Оқсаройи, айнан олиймақомлиги ҳамда олийнишонлиги ўз бошига етган мазкур қасрнинг аччиқ ўтмиши хусусида, унинг фожеий қисмати тўғрисида, ҳозирги ҳамда келгуси аянчли тақдири ҳақида ўзига хос бирор битик ёзиш армонида келмоқдаман. Юқоридаги шеъримнинг қораламасини бошлаб қўйганимдан бериям ўртада мўл-кўл сувлар оқиб кетди.
Мана, ниҳоят, орадан чорак асрдан босимроқ муддат кечиб, ушбу мавзуга катта истиҳола-ю кичик журъат билан қўл ураётирман. Ахир, мана шунақа мукаммалликда якто-ю такомилликда танҳо ёдгорлик, бемисл ва табаррук осори атиқа ҳақида, шунчаки ёхуд юзаки ҳикоя қилиб бўладими?!
Шундайин эса-да, топабилганим тегишли тарихий манбаларни титкилаб ҳамда ўзимнинг шоирона тахайюлий ҳиссиётларимга суянганим ва тасаввурий туйғуларимга таянганим ҳолда аниқлаганларимни қоғозга туширишга жазм айладим.
— I —
Одатда, ҳар қандайин халқнинг шундайин эъзозли-қадрли меъморий ёдгорликлари мавжуддир-ки, улар ўша эл мансуб бўлган миллатнинг Ер юзидаги ҳар қайси намояндасига (у сайёрамизнинг қай кунжагида яшашидан қатъий назар) дахлдор, ҳар бир вакили учун фахр ва ифтихор бўлмоқлари даркор. Мен ўзбекларимизнинг ана шундай тарихий обидалари рўйхати бошидаги қаторларидан бирига, албатта қадим Кеш – Шаҳрисабзнинг донғи-ю довруғи эканлиги билан биргаликда миллатимизнинг дарди-ю оғриғи ҳам ҳисобланмиш Оқсарой мажмуини қўярдим. (Сезаяпман-ки, бу гапимга дарҳол эътироз билдирувчилар чиқиб қолди. Илтимос, баҳслашишга шошилмай туринг, бунга ҳар қачон улгурасиз, олдин кўнгилдаги гапларимни айтиб олишимга изн беринг-чи…).
Яна ўзимга қолса, дунёнинг қадимий етти мўъжизаси сонини биттага кўпайтириб, саккизинчи мўъжиза сифатида Оқсаройни киритган бўлардим.
Илло, Оқсарой каби улуғвор – бетакрор – қамровдор тарихий ёдгорлик, худди ана шундайлиги туфайли унинг сингари зор – хор – хоксор этилган ўзга мўъжизакор обида бу азим заминда-ю қадим жаҳонда бошқа йўқ. Гарчи бор бўлса, марҳамат қилиб кўрсатиб беринг!
Қуйида битганларимни сабр билан ўқиб чиқсангиз, балки сиз ҳам ушмундоқ иддао-ю муддаоларимни қўллаб-қувватласангиз не ажаб – не тонг!
* * *
Аввало, шуни таъкидламоқ даркор-ки, Оқсарой қурилишининг илк бошланиши ва бунёд этилишининг биринчи даврлариёқ турфа фасоналарга чулғанган, турли ривоятларга буркангандир. “Қадимги Кеш – Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар” (Тошкент, “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни – 1998 йил) илмий-тарихий тадқиқотлар тўпламида ушбу хусусда, жумладан, шундай дейилади:
“Оқсарой биноси қурилиши ҳақида бир қанча афсоналар ҳам мавжуд. Уларнинг бирида айтилиши-ча, Амир Темур ўз Ватани Шаҳрисабзда улкан иморат барпо этишни режалаштиргач, бош меъморни чақириб, унга фикрларини баён этади. Шунда бош меъмор ўзини давлат хазинасига элтишларини сўрайди ва Соҳибқироннинг кўзи олдида тиллаларни лой билан қориштириб, ғишт ясайди. Бу ғиштларни бўлажак бинонинг пойдевори учун ишлатишини айтади.
Шундан сўнг, бу ерда ҳозир бўлган Амир Темур ўзининг бу ишини бамайлихотир кузатганини кўрган бош меъмор ғиштларни синдириб, тиллаларни хазиначига қайтаради. Нима учун бундай қилдинг, деган саволга бош меъмор Соҳибқироннинг улкан ва гўзал иморат барпо этиш истаги қанчалар кучли эканлигини кўриши ва бундай кўркам иморат барпо этиш жуда катта харажатлар талаб этса ҳам, Соҳибқирон ушбу харажатларга рози эканлигига ишонч ҳосил қилиши, шундан кейингина қурилиш ишларини бошлаши мумкинлигини айтган экан.
Яна бир афсонада айтилиши-ча, Оқсарой қурилишининг дастлабки ишлари тугаши биланоқ, Амир Темур зудлик билан бинони рангдор ялтироқ қопламалар билан безаш борасида меъморларни шошира бошлайди. Соҳибқирон бунчалик шошма-шошарлик қилавергач, бош уста марказий гумбазнинг деворига одам бўйича, лекин ерга тегмайдиган қилиб, занжир осиб қўяди ва ўзи қочиб кетади.
Бош меъморнинг ўрнида ишлаш учун маъқул бўлган одам топилмагач, Оқсарой биносининг дастлабки қоплама ва безак ишлари вақтинча тўхтатилади. Орадан икки йил ўтгач, қочиб кетган бош меъмор қайтиб келади ва Оқсаройга бориб, ўзи қўйиб кетган занжирни текшириб, унинг пастга тушганлигига ишонч ҳосил қилади. Шундан сўнг, у Соҳибқирон ҳузурига бориб, бинода безак ишларини бошлашга рухсат сўрайди. Нима учун қочиб кетдинг, деган саволга бош меъмор, агар кетмаганимда бино чўкиб, ўз ўрнида жойлашмаган бўлар эди. Икки йил давомида иморат ўз оғирлиги билан чўкди, ерга текис жойлашди, энди бемалол безак ишларини давом эттириш мумкин, дея жавоб берган экан”.
— II —
Лия Маньковскаянинг “Қашқадарё воҳасининг архитектура ёдгорликлари” (Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти – 1979 йил) китобида эса, айни манзаралар қуйидагича, яъни бошқачароқ талқинда ёритилади:
“Ажойиб ёдгорлик шундай афсоналар билан чулғанган-ки, унинг қурилиши ва вайрон бўлишининг ўзи ҳар қандай эртакдан ошиб тушади: бунда бир афсона қаҳрамони, ҳатто, Темурнинг ўзи эмас, балки ақлли ва тадбиркор меъмордир. Ҳа, бундай саройни қуриш учун Темур ҳамма бойликларидан маҳрум бўлишга чидай оладими – йўқми, дея синаб кўриш мақсадида меъмор дастлабки ғиштга лой тайёрлашга давлат хазинасидан ҳовуч-ҳовуч олтин қумлар сарфлаган.
Лекин Темурнинг ўзи иштирок этгани ҳолда, унинг нақ олдида “кўз очиб-юмгунча” қурилиш бошланиб кетди. Бироқ бинонинг ғарбий томонидаги ғиштлар бир оз туртиб чиқиб қолди, бунинг устига устак, Темур ҳам қоплама ишларини қистовга солганди, бош уста эса, равоқ тепасига занжир боғлаб, уни ергача одам бўйи етар-етмас қилиб осилтириб қўйди-да, ўзи бирдан ғойиб бўлди. У, фақат икки йилдан кейин пайдо бўлди: тунда яширинча келиб, бинонинг қанчалик ўтирганлигини (чўкканлигини) текшириб кўрди ва шундан сўнггина Темур ҳузурига келиб, қоплама ишларини бошлашга тайёр эканлигини изҳор қилди. Бешафқат амир моҳир устанинг мағрурлиги олдида чор-ночор келишишга кўнди…”
— III —
Энди Оқсаройнинг кечмиши-ю кечирмишига дахлдор бўлган бошқа ёзма тарихий маълумотлар хусусидаям тўхталиб ўтсак. Зеро, тадқиқотимизнинг мақсади Оқсаройнинг бунёд этилиши ҳамда яксон қилиниши билан боғлиқ воқеаларни-ҳодисаларни ёритиш экан, мазкур мавзуга доир ҳар қандайин далил биз учун ниҳоятда муҳимдир.
Омонулло Бўриевнинг “Манбаларда Шаҳрисабз тавсифи” китобида (Қарши, “Насаф” нашриёти, 2004 йил) ўрта аср муаррихлари Оқсарой тўғрисида битиб қолдирган тубандаги маълумотлар келтирилади:
“Кеш. Уни “Шаҳрисабз” дейдилар, йилнинг аксари фаслида унинг ери кўм-кўк (майсазордир), айниқса баҳор фаслида унинг ҳовли, том ва кўчалари ям-яшил бўлади…
Кешнинг қадимий шаҳрбанди бўлган, лекин у бузилиб кетган эди. Ҳазрат Амир Соҳибқирон, – Оллоҳ унинг шуҳратини ёрқин этсин – етти юз саксонинчи (милодий 1378-1379 йиллар) йили унинг шаҳрбандини қайта тиклади ва ўша йилнинг ўзидаёқ ниҳоясига етказди. Орадан уч йил ўтиб, Ҳирот шаҳрини эгаллаганда, Ҳиротнинг шаҳрбандини буздирди ва унинг устига темир қопланган дарвозаларини Мовароуннаҳрга жўнатди, уларни Кеш шаҳрининг дарвозалари ўрнига қўндирдилар.
Соҳибқирон (Амир Темур) давлати айёмида (Кеш шаҳри) жуда обод бўлди, у ерда тошдан бинолар қурдилар. Шу жумладан, Дор-ус-Саодат, муҳташам бино; унга обод ерлар, қишлоқлар ва маъмур мулкларни вақф қилди. Шахсан онҳазратнинг ўзи учун баланд кўшк қурдилар ва у Оқсарой, деб аталади, тошдан қурилган иморатдир, унинг айвони бир неча фарсанг (масофа)дан кўзга ташланади. Булардан ташқари, шаҳарда ва Кеш шаҳрига қарашли атрофларида бир қисми онҳазратнинг ўзига, баъзилари амирлар ва аркони давлатга тегишли бўлган мадрасалар, ҳонақоҳлар, работлар, ҳовузлар ҳам бунёд этилган. (Ҳофизи Абрўнинг “Жуғрофия” китобидан).
— IV —
“Соҳибқирон Амир Темур бунёдкорлик фаолиятининг энг улуғвор намуналаридан бири Шаҳрисабз Оқсаройидир. Унинг барпо этилиши хусусида темурийлар даври тарихий манбаларида ҳам маълумотлар қайд этилган. Дастлабки манбалардан бири Соҳибқироннинг бевосита топшириғига кўра битилган Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ушбу ҳақда қуйидагилар ёзилган:
“Баҳор фасли келгач (1380 йили), Кеш шаҳри қурилишига олий фармон берди ва у ерда қўрғон бунёд этди. Шу ўртада Оқсаройни ҳам бино қилдилар, унинг пештоқ ва равоқларини Айюқ (юлдузи)га етказдилар, чунончи бирон кимса жаҳонда унга тенг келадиган иморатни кўрмаган ва эшитмаган эди”.
Темурийлар даврининг яна бир тарихчиси Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида юқорида қайд этилганларга бир мунча аниқликлар киритган. Унда мазкур иморат қурилиши бошланган йил кўрсатилган ҳамда бу бино оппоқ рангдаги қаср шаклида қурилганлиги таъкидланган.
Жумладан: “Сичқон йилига тўғри келган 781 йилнинг охири эрта баҳор фасли эди (милодий 1380 йил, март). Олий ҳазрат Соҳибқирон гулларидан мушк-у анбар бўйи таралувчи, сувидан гулоб таъми келувчи Кешнинг хушҳаво ва ром этувчи заминида шодлик нашъасини суриб, ором олмоқ азми билан бу ерда салтанат тахтини ўрнаттирди. Сўнг Шаҳрисабз қўрғонини қуриш ҳақида фармон берди ва ишларни амирлар-у лашкар аҳли ўртасида тақсимлади. Қўрғон қурилиши учун муносиб келувчи саодатли соатда унинг пойдеворини қурдилар.
Шаҳар ичида эса, фармонга мувофиқ, бир қаср бунёдига асос солдилар. Унинг кунгураси ўта баланд ва деворлари оппоқ эди. Ердан самога бош кўтарган ушбу саройнинг номи шарифи шу сабабдан “Оқсарой” аталди” – деб ёзади Али Яздий.
Қўшимча маълумот сифатида айтиш мумкин-ки, ранги оқлигидан ташқари, яна олий ҳукмдор Амир Темурнинг қасри бўлганлиги учун ҳам “Оқсарой” дейилган. Зеро, Амир Темур даврида ҳукмдорлар қароргоҳи, одатда, “Оқсарой” аталишининг бошқа мисолларини ҳам кўриш мумкин. Чунончи “Оқсарой” Хатлон вилоятида ва яна Рум (Кичик Осиё)да ҳам қайд этилган”.
— V —
Водариғо-вовайлато-ки, манбаларнинг тақчиллиги боисидан, биз Оқсарой хусусидаги нисбатан батафсилроқ маълумотларни, фақат Кастилия қироли Энрико III нинг элчиси Рюи Гонсалес де Клавихо битикларидангина ўқиймиз. Мабодо, у йироқ йўлларнинг узоқ давом этган заҳматлари-машаққатларидан сўнг, Соҳибқирон бобомиз ҳазратлари ҳузурида бўлиб, “1403-1406 йилларда Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” китобини ёзмаганида эди, Оқсарой ҳақидаям арзирли, деярли ҳеч қандай тасаввуримиз бўлмаслиги турган гап эди. Мана, неча асрлардир-ки, кўпчиликка ушбу асар айни борадаги асосий дастак сифатида хизмат қилиб келаётир. Мазкур ўринда эса, унинг Оқсаройга тегишли тафсилотларини тўлиқ келтиришимиз мақсадга мувофиқ кўринади.
“Кейинги кун – жумада (милодий 1404 йилнинг 29 августи назарда тутилмоқда. Б. Ж.) элчиларни подшоҳнинг буйруғи билан бунёд этилган катта саройга олиб бордилар. Айтишлари-ча, бу ерда йигирма йилдан буён ҳар куни ишлашар экан. Ҳатто, ҳозир ҳам кўп усталар меҳнат билан банд эдилар. Саройнинг киравериш йўли жуда узун ва дарвозаси ҳам жуда баланд. Кириш жойида, ўнг ва чап томонда кошинлар ва турли нақшлар билан безатилган ғиштин арклар қад кўтарган. Арклар тагида эшиксиз кичик хоналар бўлиб, уларнинг сатҳи кошинлар билан қопланган. Бу қоплама шунинг учун қилинган-ки, подшоҳ саройга келган пайтида одамлар бу ерда ўтирадилар.
Катта дарвозадан сўнг, яна бошқа дарвозалар бор. Улардан нарида улкан ҳовли мавжуд бўлиб, унинг саҳнига оқ мармардан безак берилган; атрофида жуда ҳашаматли кўркам айвонлар қурилган. Ҳовли ўртасида катта ҳовуз бор. Бу ҳовлининг саҳни энига уч юз қадам келарди, у ердан сарой (мажмуаси)даги энг катта бинога ўтилади; киришда улкан, баланд эшик бор, у олтин ва ложувард бўёқлар билан ишланган ва ажойиб услубда кошинкори қилинган. Эшик тепасида ўртада қуёш акси ва арслон сурати ишланган, чеккаларида ҳам шунга ўхшаш тасвирлар бор… Ана шу эшикдан қабулхонага кирилади; у тўртбурчак шаклда, деворлари зарҳал ва ложувард бўёқлар билан ишланган, кошинкорлик қилинган, уйнинг шифтлари бошдан-оёқ тиллакори қилиб ҳашамланган.
Элчиларни бу ердан юқори қаватга олиб чиқдилар, унда ҳамма хоналар олтин безакли қилиб ишланган, улар (элчилар)га шунчалик кўп хоналарни намойиш этдилар-ки, ҳаммасини тавсифлаш амри маҳол. Бу ердаги барча хоналар зарҳал, ложувард ва бошқа ранглардаги бўёқлар билан шу даражада безатилган-ки, ҳатто, моҳир усталар (макони) Парижда ҳам бунга ҳайратлансалар арзийди. Бундай санъат улар наздида ҳам ажойиб саналарди.
(Сўнгра элчиларга) Темурбек ва унинг хотинлари учун қурилган хоналарни кўрсатдилар, уларнинг деворлари, шифтлари ва саҳнлари ҳайратланарли даражада чиройли безатилган. Ушбу саройнинг қурилишида жуда кўп турли касбдаги усталар ишлаганлар.
Шундан сўнг, элчиларни Темурбек тўй-ҳашамлар учун қурдирган хонага олиб бордилар. Бу жуда кенг гўша ва мафтункор қилиб безакланган; уй олдида хилма-хил мевали ва манзарали соя-салқин боғ ястанган; унда кўплаб ҳовузлар ва майсазорлар бор. Боғга кираверишда кенг саҳн қолдирилган ва жазирама ёз палласида ушбу жойда дарахтлар соясида жуда кўп одамлар ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Мазкур кўшк шу даражада муҳташам ва безакланган-ки, уни яхшилаб тавсифлаш учун ҳамма қисмларини шошмасдан, бирма-бир айланиб чиқиш лозим бўлади. Бу масжид ва кўшк сеньор (Темурбек) шу пайтгача барпо этган иморатлар ичида энг олий даражадагиси саналади”.
* * *
Юқоридаги таъриф-тавсифлардан ёрқин англашилади-ки, улуғвор Оқсарой қасри-қароргоҳи тилсимотлар-синоатлар жамулжами бўлмиш улкан ва яхлит бир мажмуа – гўзалликда бетакрор иншоотлар, мукаммалликда бетимсол иморатлар, ажойиб гулзорлар-у майсазорлар, ғаройиб ҳовузлар-у фавворалар, ажиб боғлар-у хиёбонларни ўз ичига олган шаҳарнинг ичидаги фирдавсмонанд шаҳарча бўлган экан-да! Ушмундоқ беқиёс кўламдорликни ҳамда бемиқёс қамровдорликни олти аср беридан туриб ҳам-ки, тасаввурларга-да сиғдириш душвор.
Мулоҳазаларимни назардан ўтказар эканман, жаноб Рюи Гонсалес де Клавихонинг мусаввир эмаслигига афсусланиб кетдим, гарчи шундай бўлганида эди, балки кастилиялик айни элчи ҳамда сайёҳнинг рассомлик мўйқалами воситасида Оқсаройнинг жуда ноёб – ўта камёб гўзалликлардан баҳраманд этилган бўлармидик…
— VI —
Фурсатдан фойдаланиб, таниқли олима ҳамда профессионал меъмор – мутахассис Лия Маньковскаянинг “Қашқадарё воҳасининг арихитектура ёдгорликлари” китобидаги бундан ўттиз етти йил муқаддам билдирилган Оқсарой тўғрисидаги фикрларга қулоқ тутайлик:
“Китобдан (Китоб шаҳри назарда тутилаётир. Б. Ж.) автобусда ярим соатча юрсангиз, ўзингизни Шаҳрисабзда, темурийлар саройи – Оқсаройнинг муҳташам пештоқи харобалари ёнида кўрасиз. Тарихчиларнинг шоҳидлик беришлари-ча, Кеш – Мовароуннаҳрнинг шаҳарларидан бири бўлиб, у “ям-яшиллиги ва кўзни қувонтирадиган чечаклари туфайли Шаҳрисабз номи билан машҳур”. Уни жаҳоннинг гўзал жойларидан бири ҳисоблайдилар. “Баҳорда унинг ёнбағирлари шу қадар гўзал ва ям-яшил бўлади-ки, гўё бу ерга самовий гилам ёзилгандек… Уйларнинг томлари ва деворларда қип-қизил ва бошқа анвойи гуллар очилади” – дея ёзганди Маҳмуд ибн Вали.
Темур милодий 1378-1379 йиллардаёқ Шаҳрисабзда катта ободончилик ишларини бошлаган эди. Шаҳар янгитдан тўрт дарвозали пахса девор билан ўралди, ташқи томонда гир айлана хандақ қазилиб, осма кўприклардан ўтиладиган бўлди. (Симметрик равишда икки асосий йўл бир — бирини кесишиб ўтган тўғри бурчакли бундай шаҳарлар Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда машҳурдир, бу қадим вақтлардан буён расм бўлиб келган).
Шаҳарнинг жануби-шарқий бурчагида, асосий майдонга яқин бўлган аъёнлар маҳалласида, 1380 йилда Темур саройи қурила бошлади. Бу воқеа Темурнинг Хоразмга қилган ғолибона юриши билан боғланади. Солномаларда айтилиши-ча, Темур Хоразмни истило қилгач, ушбу ўлкадаги ҳамма ишга яроқли олимлар ва ҳунарманд усталарини Мовароуннаҳрга ва ундан Кеш шаҳрига кўчириш тўғрисида фармон берган. Хоразмлик меъмор усталар (Лия Маньковскаянинг ушбу фикри баҳсталабдир, негаки, Оқсарой қурилишида, нафақат Хоразм усталари, балки ўнлаб юртлардан келтирилган мутахассислар қатнашганликлариям манбаларда айтилган. Б. Ж.) бунда муҳташам сарой қурдилар, бу, энди Оқсарой номи билан машҳур. Сарой ўзининг улуғворлиги ва муҳташамлиги билан замондошларини ҳайратда қолдирди. Унинг тўғрисида Темурнинг сарой тарихчилари шавқ-завқ билан мана бундай ёзган эдилар:
“…Торих етти юз сексан бирда (милодий 1380 йил март) ул шаҳарға (яъни Кеш – Шаҳрисабзга) қалъа солдирди. Ва андоқ шаҳре бўлдиким, гардун муҳандиси мунча ёши билан оламни кезиб, ҳеч бир ерда мундоқ шаҳар ва кўшк кўрмаган турур… Кунгурасининг баландлиги чексиздир. У само юлдузларининг кўзлари билан баҳслаша олади” (Шарафиддин Али Яздий).
Муҳташам бинодан ҳозир, фақат кираверишдаги пештоқнинг бир-биридан ажралган икки асоси сақланиб қолган, холос. Дарҳақиқат, бундан 200 йилларча муқаддам қулаб тушган Оқсаройнинг кириш пештоқи чиндан ҳам Ўрта Осиёда энг йирик пештоқ бўлиб, унинг равоқ оралиғи 22,5 метрдир. Таққослаш учун шуни айтиш мумкин-ки, XIV аср охиридан бери сақланиб қолган Туркистондаги (Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси) ва Самарқанддаги (Бибихоним масжиди) энг катта пештоқларнинг кенглиги 18,5 метрдан ошмайди. Минорасининг ҳозирги вайрона ҳолидаги баландлиги ҳам 38 метрдир, агар пештоқининг кенглиги 40 метрга яқинлигини назарда тутилса, солномаларда эслатилганидек, унинг пештоқи галереяси рўй-рост баландлиги 50 метрдан ортиқроқ бўлган, дея фараз қилиш мумкин. Бу эса, ҳозирги 16-18 қаватли иморатларнинг баландлигига тенг келади, деганидир.
Оқсарой ғишт массасининг метинлиги, шимолий олд томонининг бутун сирти сидирға қилиб, кошинкор нақшли зеб-зийнатлар билан безатилганлиги туфайли ана шундай ажойиб таъсирчанлик кашф этган. Қуббанинг ички катта юзаси, бурчак миноралари либоси ғиштин кошиндан терилган; қоплама эса, геометрик кўринишдаги кошинлардан иборат бўлиб, у силлиқ ғишт фонида бинафша рангли қуюқ лента билан ажратилган ва унга хатти куфий битилган. Оқсарой деворларига қопланган сидирға либос, турли шаклдаги кошинлар ва сиркор сополлар – чинакам мўъжиза, ижодий изланган достондир; теран ва тиниқ бўёқлар: бинафша-кўкимтир, зумрад-яшил, охрали-тилла, сутли-ҳаворанг, тилла суви ва бўёқлар аралаштирилиб, қуюқлаштирилган оқиш ранг, контурдаги ажойиб нуқталар – ўрта аср гуллари… сюжетли нақшлар ва гулдор сополлар, “куфий”, “сулс” усулларида хушхат қилиб битилган тарихий ва диний ёзувлар, турли-туман ўсимликлар дунёси, навда-ниҳоллардан ясалган ажиб безакли даъватлар, чечаклар, япроқлар ҳайратомуздир. Бу муҳташам даргоҳнинг “Оқсарой” номи унинг улуғвор ва муҳташам мавқеига нисбатан берилган”.
— VII —
Яна “Қадимги Кеш – Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар” китобига навбат берайлик-чи:
“Ўз даврида умумий баландлиги 70 метрга яқин бўлган Оқсарой биносининг ҳозирги кунда сақланиб қолган қолдиғи 38 метр. Сақланиб қолган кириш пештоқининг иккита улкан устуни сирланган мозаика ва бетакрор ўйма нақшлар билан безатилган. Бу ердаги геометрик ва табиий нақшлар етти хил рангда танланган бўлиб, халқ орасида “ҳафт ранги” деб номланади.
Саройни меъморий безашда нақшинкор усулларда битилган диний-фалсафий ёзувларга алоҳида эътибор берилган. Ҳозирги кунга келиб, олиб борилган кўпгина тадқиқотлар натижасида бу ердаги кўпгина араб ва форс тилларидаги ёзувлар ўқилиб, таржима қилинган.
Оқсаройдаги матнлар бурчакли минораларда катта араб ҳарфлари билан “куфий” ёзувида, мозаикада битилган. Ёзув қуйидагича ўқилади: “Султон – Оллоҳнинг ердаги соясидир”. Ундан ташқари, “Подшо – Оллоҳнинг ердаги соясидир” мазмунидаги ёзув пештоқ юзасининг бир неча жойида такрорланган. Куфий ёзувларнинг жуда катта ўлчамда битилганлиги (2,8 метр) ва матнларнинг мазмунидан кўриниб турибди-ки, улар халқ онгида феодал ҳокимиятнинг обрўйини ошириш ва таъсирини кучайтириш мақсадларида битилган бўлиши мумкин. Шунингдек, пештоқ устунининг олд томонида чўзилган олтибурчак шаклда, араб тилида: “Адолат – давлат асоси ва ҳукмдорларнинг шиоридир” – деб ўқиладиган ёзув олти марта такрорланган. “Сулс” усулида ёзилган бу ёзув ташвиқот характерига эгадир.
Олд томондаги чўзилган жимжимадор лавҳаларда мазмун жиҳатидан бошқача бўлган, араб тилида, “куфий” услубида ва тилла суви югуртирилган яна бир матн бор. Матн шундай ўқилади: “Подшоларнинг сўзи – сўзлар орасида подшодир”. Бу матн оқсуяк зодагонларга хос бўлиб, ўз навбатида қонун чиқарувчи ҳокимиятни ҳам акс эттиради. Бу матнни, шунингдек, “Подшоларнинг сўзи – барча учун қонундир” деб тушуниш ҳам мумкин. Бу ёзув, афтидан, “олий табақалар” учун мўлжалланган бўлиши керак. Чунки XIV асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрдаги сиёсий аҳвол ниҳоятда танг бўлиб, феодал тарқоқлик туфайли, мамлакат бир нечта вилоятларга бўлиниб кетган эди. Ўзаро кураш олиб бораётган феодаллар ҳокимият учун курашар эдилар. Ҳатто, Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳам марказий ҳокимиятга бўйсунмайдиган айрим феодаллар мавжуд эди.
Пештоқ ғарбий устунининг олд томонида битилган ёзувлар ҳам кишида қизиқиш уйғотади. Оқсарой биносининг ҳозирги сақланиб қолган қисмининг бутун баландлиги бўйлаб чўзилган бу ёзув шундай ўқилади: “Гўзаллиги жиҳатидан ҳайратланарли ва кўк гумбазлари бўлган ушбу бино, пештоқ қуббаларида ўз аксини топган ва жилваланувчи турли рангдаги нурлар таратувчи машъалага ўхшайди”. Бу матн охиригача ўқилмаган. Унинг айрим жойлари бузилган. Матннинг сақланиб қолган қисмидан кўриниб турибди-ки, меъморлар ўз барпо этган иморатлари нақадар гўзал эканлигини намойиш этмоқдалар.
Ундан ташқари, яна шу ғарбий устуннинг олд томонида: “Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурдирган иморатларга боқ!” – деган машҳур хитобнома ҳам бор. Бу даъватнома Амир Темур номидан ёзилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида Соҳибқироннинг қудрати ва кучидан ҳамда меъморларнинг ҳукмдорлар буйруғини бажараётган пайтдаги ёруғ фикрлилиги, маънавий бойлиги ва дидлилигидан далолат беради. Ушбу матн ҳам йирик араб ёзувида, “сулс” услубида битилган. Шунингдек, бу ерда Амир Темурни турли мақтов сўзлар билан улуғловчи матнлар ҳам бор.
Ҳозирги кунда Оқсарой биносининг сақланиб қолган меъморий қолдиқлари шундан далолат беради-ки, у ҳажми жиҳатидан ниҳоятда улкан бўлиб, ўрта асрларда шакли ва меъморий безатилиши жиҳатидан тенги йўқ эди”.
— VIII —
Мана, ушбу жумлалар ҳам юқоридаги тўпламга тегишли:
“С. К. Кабанов ва Г. А. Пугаченкова маълумотларига қараганда, 1936 йили Оқсаройда олиб борилган қазишмалар пайтида шарқий устуннинг жанубий томонидан узунлиги бир метр бўлган дастлабки сатҳ очилган. У ердан топилган кошинлар қаршилик Усто Али томонидан бунёд этилган Шоҳи Зинда мақбараси кошинлари услубида тайёрланган.
1976 йилда археолог Х. Т. Султонов Оқсарой биноси режавий тузилишининг ўзига хослиги ва бино меъморий қолдиқларини консервация қилиш мақсадида кириш пештоқи харобаларидан 3-4 метр жануброқда археологик қазишмалар бошлади. Ҳозирда ер юзасидан 1,5 метр чуқурликда бинонинг сатҳига қопланган турли рангдаги ажойиб қоплама кошинлар очилди.
Қазишмалар давомида қачонлардир сарой хоналарини безаган меъморчиликка оид кўп сонли сополлар топилди. Оҳактошли сирланган ва тилла суви юритилган карнизлар парчалари ҳамда бўртма эпиграфик нақшлари бўлган сопол тахтачалар, ўйма нақшли мармар тахтачалар, ганч ва сополдан ишланган қолиплар шулар жумласидандир.
Клавихо маълумотларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, Оқсарой режавий тузилиши, қурилиши ва фойдаланилиши нуқтаи назаридан ўзаро боғлиқ бўлган уч қисмдан иборат бўлган. Киришда маъмурий бошқарув қисми, қабулхона ва турар-жой хоналари бўлган сарой ва боғ хиёбони қисмларидир. Сарой анъанавий асосда, яъни чўзилган тўғри бурчакли, тимлар (айвонлар) билан ўралган ҳовлида қад кўтарган. Сарой ҳовлисининг эни 120-125 метр, узунлиги эса, сақланиб қолган микрорельефга қараганда, 240-250 метрни ташкил этади.
Археологик қазишмаларнинг гувоҳлик беришлари-ча, Оқсаройнинг қурилиш режаси тўғри бурчакли бўлиб, ҳовли охирида қабул зали, ҳовли бўйлаб эса, серҳашам айвонлар, хизматкорлар учун турар-жойлар мавжуд бўлган. Саройнинг ўзи ҳажми ва эгаллаган майдони жиҳатидан нисбатан йирик бино бўлган. Унинг улкан ва серҳашам бўлганлигини, нафақат сақланиб қолган улкан меъморий устунлар, балки қазишмалар орқали очилган қурилиш қолдиқлари орқали янада ёрқинроқ тасаввур этишимиз мумкин. Қазишмалар орқали олинган ашёвий далиллар Шарқ муаллифларининг маълумотлари билан янада тўлдирилади.
Амир Темур ва темурийлар даври Ўрта Осиёдаги сарой иншоотлари кўп ҳолларда вайрона ҳолатда сақланиб қолган. Археологик тадқиқотларнинг таҳлили шундан далолат беради-ки, ушбу иншоотларнинг меъморий кўриниши ўзидан олдинги ўтган асрлар меъморчилик анъаналарини давом эттиради. Уларнинг тузилиши кўп ҳолларда ўзига хос иқлим шароитига боғлиқ бўлган. Бу ҳолат, нафақат турар-жойлар, жамоатчилик ва маданий-меъморий иншоотлар қурилишида, балки атрофи айвонлар билан ўралган ҳовлилар ўртасида қад кўтарган саройлар учун ҳам хос бўлиб, Оқсарой ҳам бундан мустасно эмас. Бу сарой ўрта асрлар Ўрта Осиё, Афғонистон ва Эрон меъморларининг улкан ютуқларини ўзида мужассамлантирган.
Ўрта асрларда кириш пештоқининг улкан устунлари бўлган, ҳовли ўртасида қад кўтарган саройлар қурилиши кенг расм бўлган эди. Кўриниши ва тузилиши жиҳатидан XI-XII асрларга оид Термиз ҳокимларининг саройи Оқсаройга ўхшайди. Шунингдек, XI асрда салжуқийлар ҳукмронлиги даврида бунёд этилган Марвдаги Шаҳриёр – арк ҳокимининг саройи ҳам режавий тузилиши жиҳатидан Оқсарой кўринишини гавдалантиради. Ундан ташқари, ғазнавийларнинг Афғонистондаги XI асрга оид Лашкаргоҳ саройи режавий тузилиши жиҳатидан Оқсаройга кўп томонлама ўхшайди.
Темурийлар даврида Оқсаройга ўхшаш маъмурий бино ҳамда меъморчилик иншоотларидан ташқари, ҳукмдорларнинг шаҳар ва шаҳардан ташқари қароргоҳлари вазифасини ўтайдиган саройлар ҳам бунёд этилган. Масалан, 1397 йилда Мироншоҳнинг қизи шарафига Боғишамол қурилган. Заҳириддин Бобур маълумотларига қараганда, бу сарой-боғ Самарқанд шаҳрининг жанубий қисмида барпо этилади. Яна бир боғ – Боғи Нав, М. Е. Массон маълумотларига қараганда, Самарқанд девори ёнида, ҳозирги шаҳар хиёбони ўрнида бўлган. Булардан ташқари, Темур ва темурийлар томонидан Самарқанд атрофларида Боғи Биҳишт, Боғи Давлатобод, Боғи Дилкушо каби дам олиш ва зиёфатлар ўтказиш мақсадида бунёд этилган боғлар бор эди.
Олиб борилган тадқиқотлар ва кузатишлардан шундай хулоса чиқариш мумкин-ки, Амир Темур ва темурийлар даврида сарой иншоотларининг Ўрта Осиё ва Афғонистонда икки тури кенг тарқалади. Биринчиси – қабул қилувчи-расмий, маъмурий-бошқарув; иккинчиси – шаҳардан ташқаридаги қароргоҳ вазифасини бажарувчи дам олиш иншоотларидир.
Оқсарой биноси, шубҳасиз, биринчи тур саройлар тоифасига кириб, бу ерда сиёсий, маъмурий ва мафкуравий ҳокимият марказлашган. Унинг шаҳар деворининг ичкарисида барпо этилгани ҳам юқорида кўрсатилган вазифаларни бажарганидан далолат беради.
Кириш пештоқи устунларининг улкан қолдиқлари Оқсаройга ўхшаган улкан бино яқин ва Ўрта Шарқда бўлмаганлигининг далилидир. Ҳозирги кунга қадар Оқсарой биноси ҳовлисига қопланган кошинлар бунчалик кенг ҳовли бўйлаб бирорта ҳам саройда учрамайди. Самарқанддаги Кўксарой, Ҳиротдаги Боғи Шаҳр саройлари ҳам Амир Темур томонидан бунёд этилган бўлиб, давлат бошқаруви жойи ҳисобланган. Аммо улар Оқсарой каби биринчи даражали аҳамиятга эга эмас эди”.
* * *
Мен саноқлигина манбаларда тилга олинган юқоридаги тафсилотларни бежизга тўлиқ келтирмаётирман. Илло, мазкур йўналишдаги изланишларим жараёнида ҳамда қидирувларим натижасида Оқсарой тўғрисидаги биронтаям алоҳида на тарихий, на замонавий жиддий илмий-ижодий тадқиқотни учратмадим (мумкин, балки ушмундоқ манба мавжуд эса-да, топа билмадим). Айнан шунинг учун ҳам, мавзумизга дахлдор ҳамда тегишли тасарруфимда бор маълумотларни бир жойга тўплаган ҳолда эълон этишга қарор қилдим-ки, зора, буларнинг воситасида Оқсарой тўғрисидаги ниҳоятда тор ҳамда юзаки тасаввурларимизнинг ва тушунчаларимизнинг қамровини имкон қадар кенгайтирсак, деган холисона ниятдаман.
— IX —
Энди Оқсаройнинг бунёд қилиниши қанча муддат давом этганлиги хусусида икки оғиз эътироф ва эътироз: қатор тарихий манбаларда келтирилган аниқ маълумотларга таянган ҳолда, айни қасрнинг пойдевори 1380 йилнинг март ойида ташланган, дея ҳисобласак, Рюи Гонсалес де Клавихо Кеш – Шаҳрисабзда бўлган 1404 йилнинг август ойи охирига келиб, Оқсарой қурилишининг бошланганига оз эмас – кўп эмас нақ 24 йил-у 6 ой ўтган бўлиб чиқади. Демак, Рюи Гонсалес де Клавихонинг бошқалардан эшитганларига таяниб, Оқсарой 20 йил мобайнида қурилган, дея айтган юқоридаги гапи ҳам, шунингдек, балки Кастилия элчиси ва сайёҳига асосланган ҳолда мана шу муддатни иддао этгувчиларнинг даъволариям нотўғри эканлиги аниқлашади, илло, оддий ҳисоблаш бўйичаям кўриниб турибди-ки, улар камида тўрт ярим йилга адашмоқдалар.
Рюи Гонсалес де Клавихонинг гувоҳликларига мувофиқ, у Шаҳрисабзда бўлган пайтидаям Оқсарой қурилиши ниҳоясига етмаганлиги, яъни “ҳозир ҳам кўп усталар меҳнат билан банд” бўлганликлари кундаликларда алоҳида урғуланган. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 1-жилдида (шунингдек, тегишли бошқа барча манбалардаям) “Амир Темур Кичик Осиёдан Самарқандга қайтгач, 1404 йилнинг 27 ноябрида 200 минг қўшини билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди” – дейилгандир. Бизнинг ушбу санани эслатаётганимиздан муддаомиз бундан – Кастилия қироли элчисининг Кеш – Шаҳрисабзда бўлган вақти билан Соҳибқирон бобомизнинг Чин фатҳи сари отланган муддати оралиғида салкам уч ой ўтганлиги аёнлашади.
Демак, бундан шундайин бир мантиқий хулосага келиш мумкин-ки, Оқсаройнинг қурилиши шу уч ойдаям, яъни ўша сафаргачаям, ҳатто Амир Темур ҳазратлари Ўтрорда тўсатдан қазо топган 1405 йилнинг 18 февралигачаям, ундан кейин ҳам – умуман ҳеч қачон тугалланиб улгурилмаган.
Ушбу фикримизга Оқсаройнинг, замонавий тил билан айтганда: тантанали очилиш маросими ўтказилганлиги ёинки унинг айни нуқтаи назардан олгандаги фойдаланишга топширилганлиги хусусида бирон жойдаям бирор маълумот келтирилмайди. Ҳолбуки, бизнингча, Оқсаройдек Мағриб-у Машриқ тарафларга донғи-ю довруғи таралган иншоотнинг битказилиши, албатта нишонланиши, ушбу хусусда қаерлардадир нелардир тилга олиниши даркор эди.
Беҳад-беадад надоматлар ҳамда беғоят-бениҳоят таассуфлар-ки, Амир Темур ҳазратларига эса, 1404 йилнинг 27 ноябридан кейин на Шаҳрисабзни ва на Самарқандни кўриш насиб этмади…
— X —
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Оқсаройдек тилсимотлар мужассами ҳамда синоатлар жамулжами хусусида тўхталар экан, нимагадир, уни айтарлича ва атрофлича тасвирлаб-тавсифлаб бермайди: “Темурбекнинг зод-у буди Кешдин учун, шаҳр ва пойтахт қилурлариға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешда бино қилди. Ўзига девон ўлтурур учун бир улуғ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва яна сўл ёнида тавочи (навоҳи) беклари била девон беклари ўлтуруб, девон сўрар учун икки кичикрак пештоқ қилибтур. Яна саврун эли ўлтурур учун бу девонхонанинг ҳар зилъида кичик-кичик тоқчалар қилибтур, мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким Кисро тоқидин бу бийикрактур”.
Бу ердаям нимадир ғалатироқ кўринади, назаримда. Мирзо Бобурдек синчков ва серэътибор ижодкор ҳамда буюк ҳукмдор Оқсаройдек гўзаллик ва улуғворлик тимсолини қандайдир кайфиятсизлик билан тасвирлагани сезилиб турибди. Бундан англашилади-ки, ё ўша даврдаги Оқсаройнинг ҳоли хароблашиб-ябоблашиб улгурган, ёинки Заҳириддин Бобурнинг аҳволи забун-тушкун бўлган…
* * *
Алалхусус, Оқсаройга нисбат берилган ўша Кисро қасрининг қаерда ва қай аҳволдалиги билан-да қизиқдик. Айни салобатли иншоот бизнинг мўлжалимизча, ўрта асрлар Испаниясининг энг машҳур тарихий обидаси ҳисобланиб, Сеговиядаги Алькасар қасри, дея аталаркан. Унинг илк пойдевори Оқсаройдан анча-мунча илгари ташланган эса-да, Сеговия Алькасари (ҳозирги кунлардаги суратларда акс этишичаям) ҳали-ҳануз виқор тўкиб турибди. (Дарвоқе, қачонлардир қатор испан қиролларининг қароргоҳи сифатидаям хизмат қилган ушбу қаср-қалъада адолат зали ҳам мавжуд экан-ки, Испаниянинг Педро Шафқатсиз отли қироли тўртта судьяни порахўрликлари сабабли сўйдириб, бошқа қонун муҳофазачиларига сабоқ бўлмоғи учун уларнинг танасидан жудо қилинган каллаларини ушбу залга осдириб қўйганлиги билан ҳам ушбу ёдгорлик маълум ва машҳур экан).
* * *
Ушмундоқ таққослашларни келтираётганимга сабаб шул-ки, қатор ҳақли саволлар туғилади: Бобур Мирзонинг таърифи бўйича Оқсаройнинг тоқи Кисро-Алькасарнинг тоқидан бийикрак (яъни улканроқ-баландроқ) экани ҳамда Кисро-Алькасар Оқсаройдан илгарироқ тиклангани ҳолда, эндиликда нега Оқсаройнинг юздан тўқсон тўққиз қисми яксон-вайрон этилган-у Кисро-Алькасар эса, залвориниям йўқотмасдан самога бўй чўзиб турибди? (Тағин тагига етиб бўлмас навбатдаги жумбоқ: умуман олгандаям, нимага Ғарбдаги қадимги тарихий ёдгорликлар нисбатан яхши асралган-у биз тарафлардаги улардан анча маҳкам ва мустаҳкам қилиб қурилган мана шунақа обидалар эса емирилиб-бузилиб кетган?!)
Нечун чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида минглаб (баъзи битикларда ушбу қурилиш ишларида 50 минг нафардан зиёдроқ одамларнинг қатнашганликлари урғуланади) моҳир усталар (меъморлар, муҳандислар, мусаввирлар, наққошлар, тоштарошлар, нажжорлар, дурадгорлар)нинг фидокорона меҳнатлари – заҳматларининг эвазига ўнлаб асрлар салобат тўкиб туриши учун мўлжаллаб ўта маҳкам, жуда мустаҳкам, бекам-кўркам қилиб бунёд этилган айни осмонўпар кошона – Оқсарой бир асргаям етиб-етмай харобага айланди, янаям тўғрироғи, вайронага айлантирилди?!
— XI —
Менимча, ушмундоқ оғриқли сўроққа можор (венгер) жаҳонгаштаси ҳамда шарқшунос-туркшунос алломаси Арминий Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китобида тегишли жавоб бордай. У шундай ёзади:
“Темур ворислари билан жаҳонгирлик майдонида ўзидан илгари ҳукмронлик қилган мўғуллар сингари бахтли бўла олмади. Мўғул ҳукмдори катта бир давлатнинг асосини тузди, ўғиллари ва ворислари воситасида уни кучайтирди ҳамда кенгайтирди. Темур эса, ҳокимиятнинг биносини баланд кўтарди; аммо унинг фарзандлари кучли суянчиқ бўлиш ўрнига, ноаҳиллик ва ўзаро урушлар қилиб, ушбу иморатнинг нураши ва емирилишига олиб келдилар. Чингизийлар Ўрта ва Ғарбий Осиёда икки асрга яқин ҳукм сурдилар. Темурнинг ворислари эса, гарчи улар орасида ҳокимият ишларидаги маҳорати, порлоқ истеъдоди ва олижаноблиги билан келажак наслларни узоқ давр ҳайратга соладиган зотлар бўлса-да, салтанатни атиги бир асрга яқин бошқариб турдилар, холос”.
Юқоридаги жумлаларда чингизийлар ҳамда темурийларнинг ҳокимиятни ўз қўлларида қанчалик қаттиқ тутиб турганликлари борасидаги салоҳиятлари ҳақида фикр юритилса-да, бемалол айтиш мумкин-ки, ушбу таназзулий йўқотиш ёинки айнан Амир Темур салтанатининг юз йилгаям етмайин инқирозга юз буриши – Оқсаройнинг тимсолидаям даҳшатли акс садо қайтариб, ҳали охиригача тикланиб бўлмаган ушбу қасрнинг ҳам фожиали тақдирини белгилаб берди.
Соҳибқирон ҳазратларининг кутилмаган вафотидан кейин, темурийлар ўртасида тож-тахт учун ҳаёт-мамот жанглари бошланиб кетди. Ота болага, бола отага, оға инига, ини оғага қарши чиққан бундай ўзаро қирғинбарот урушлар-курашлар оқибатида, бирлашган-жипслашган ягона империянинг тагзамини титроққа-ларзага тушди. Мунақа ит эгасини танимайдиган алғов-далғов замонда ҳамма нарса парокандаликка юз тутди, шу жумладан, Оқсаройнинг аҳволоти ҳам…
— XII —
Хўш, бундай вазиятда, одатда, нималар рўй беради?! Ўйлашимча, салтанат бош соҳибсиз қолганлиги тўғрисидаги мудҳиш хабар етиб келиши биланоқ, Оқсаройдаги барча ишлар жой-жойида қолиб кетган. Янаям ёмонроғи: қурилиш ишларини ниҳоясига етказиш ўрнига, Оқсаройни талон-торож қилиш бошлаб юборилган. Албатта бунақа ваҳшатли-ю даҳшатли вайронгарчиликлар-у бузғунчиликларга Соҳибқирон ҳазратлари ҳамда темурийлардан аламзада бўлган кейинги ҳукмдорлар ҳам “муносиб ҳиссалари”ни қўшганлар. Тағин манбаларга мурожаат этайлик:
“Амир Темур ўз ватанида бунёд этган улуғвор кошона кейинги асрларда эътибордан четда қолади, ҳатто нақлларда айтилиши-ча, XVI аср иккинчи ярмига келиб, уни атайин бузиш ҳоллари юз беради. Ривоятда келади-ки, Абдуллахон Шаҳрисабзга яқинлашар экан, Оқсарой шундайгина рўпарада, қўл чўзса, етадигандек масофада тургандек туйилади. У тезроқ етмоқ ниятида ўзининг энг учқур тулпорини қистаб ҳайдайди. Бедов от елдек югуриб, толиқади, аммо унга ҳали узоқ. Чопавериб ҳолдан тойган от, ниҳоят, таппа йиқилиб, ўлиб қолади – Оқсаройга эса, анча йўл бор. Узоқдан савлат тўкиб, яқин бўлиб кўринадиган қасрга шунда Абдуллахоннинг ҳасади келиб, уни бузишга амр қилган экан.
Абдуллахоннинг Темурийлар қурган обидаларга бўлган салбий муносабати Самарқандда ҳам содир бўлганлиги нақлларда зикр этилади. Оқсаройнинг бузилиши, нафақат унинг, умуман Кешдаги темурийлар даври ёдгорликларининг хонавайрон этилиши кейинги асрларда темурийларга адоватли сулоланинг ҳокимиятга чиқиши билан боғлиқ бўлгани каби, бунинг бошқа сабаблари ҳам йўқ эмасди. Чунончи, собиқ Шўро даврида, маданий-оқартув ташкилоти (“Пролеткульт”) тазйиқи ўлароқ, 20-йилларда Оқсаройга Бенбин деган кас тўпдан ўқ узишгача бориб етган. Улуғворликда тенги йўқ обида шу тариқа, ХХ асрга ўзининг бир қисми ғишти ва тупроғи билан етиб келди”. (Поён Равшанов, “Қашқадарё тарихи”, Тошкент, “Фан” – 1995 йил).
* * *
“Оқсарой шайбонийлар даврида харобага айланди. Чунки XVII аср тарихчиси Маҳмуд ибн Валининг “Баҳр-ул-асрор” асарида унинг, фақат икки олд пештоқигина қолгани қайд этилган”. (Омонулло Бўриев, “Манбаларда Шаҳрисабз тавсифи”).
* * *
“Оқсарой харобаларидан шаҳар эҳтиёжлари учун анча вақтгача ғишт териб олишган. Тарихий маълумотларда айтилиши-ча, ҳатто, 1707 йилда ҳам Оқсаройнинг пештоқи тагида Бухоро хони Убайдуллахон тож кийиб, тахтга ўтирган, бу маълумот ҳам ўша вақтда ҳали пештоқ бутун эканлигидан далолат беради.
XVIII асрнинг 60-йилларида Оқсарой харобалари Шаҳрисабз бегининг саройи территориясига киритилган эди, фақат совет даврида ёдгорликлар ўзининг эскирган, бузуқ қиёфасидан халос этилиб, қайта тиклана бошланди. Ғишт ва нақшларни кўчириш каби таъмир ишлари изора қисмидагина бажарилди. Яқинда пештоқ олдида ўтказилган археологик қазишмалар вақтида тош ётқизиқларидаги ажойиб кошинлар топилди”. (Лия Маньковская, “Қашқадарё воҳасининг архитектура ёдгорликлари”).
— XIII —
Мана, Оқсарой хусусидаги иқтибосли қайғули қайдлар-да ўз интиҳосига етаётир. Уларни ўрганиш асносида Оқсаройдек олийшон обида-ю ёдгорлик, ўхшаши йўқ улуғвор иншоот шафқатсиз табиатнинг, узоқ муддатлик вақтнинг таъсирида эмас, балки, асосан айрим бандаларнинг ваҳшийликлари, нодонликлари ҳамда жоҳилликлари ҳамда ўзаро кин-хусуматлари оқибатида вайрон-яксон, паришон-нолон этилганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Эндиликда Оқсаройнинг, айтайлик, ўндан биргина қисмини эса-да, қайта тиклаш тўғрисидаги орзу-истакниям хаёлга келтириш иложсиз. Бундан буёғига уни ҳозирги ҳолатича сақлаган ва асраган ҳолда авлодларга, ҳеч қурса, шу туришида етказиб бериш ҳам-ки, улкан муаммодир.
— XIV —
Бошқачароқ қилиб таърифлаганимизда ҳозирги замонавий оқсаройшунослардан бири бундан икки йилча муқаддам ушбу борадаги ўз мулоҳазаларини мен билан ўртоқлашганди. Унингча, биринчи навбатда, зудлик билан ўнг пештоқнинг шамол ҳамда қор-ёмғирлар доимий равишда уриб турадиган орқа тарафини махсус ҳимоя воситалари ёрдамида муҳофаза этмоқ даркор. Эндиликда ўша жойда юз бериши аниқ бўлган катта емирилиш ва нураш хавфини, фақат ана шу йўл ва усул билангина бартараф айлаш мумкин.
Ўша мутахассис яна шундай, деганди: Оқсаройнинг аслий юксаклиги турфа манбаларда турлича келтирилади, аммо унинг баландлиги камида етмиш метрни ташкил этган, Оқсаройнинг неча қаватдан иборат бўлганлигини ҳозирча айтолмайман-у, бироқ бутун мажмуа таркибида юзлаб катта-кичик хоналар бўлганлиги аниқ. Шунингдек, Оқсарой тепасида ҳовуз мавжуд эди ҳамда фавворалар отилиб турарди, деган даъволар мутлақо ортиқча. Улар ҳовлида бўлган, негаки, Тахтиқорача довонидан қувурлар-коризлар орқали шиддат билан тушган сув шундай юксакликка “сапчиб” отилган-ки, сиртдан қаралганда, бамисоли қаср тепасидан фаввора отилаётгандай туйилган.
Ҳозирги пайтда Оқсарой обидасининг чор тарафи анча-мунча очилиб, кенгайиб, археологик қазишмалар олиб бориш учун тегишли шароитлар туғилди. Демак, шошилинч равишда қайтадан қадимшунослик бўйича илмий-амалий тадқиқотларга киришмоқ зарур. Ана шундагина Оқсаройнинг ҳали-ҳамон барчанинг назаридан ниҳон-пинҳон қолаётган юзтадан тўқсонта синоатидан-тилсимотидан баъзилари кашф қилиниши эҳтимол. Негаки, Оқсарой мажмуининг умумий майдони 4 гектар жойни ишғол қилган, яхлитлаб ҳисоблаганда, бу – унинг эни 100 метр, бўйи эса, 400 метр, яъни жами сатҳи 40 минг квадрат метр, деган гап. Ахир бунчалик кенг жойдаги турли-турфа улкан қурилиш объектларига сарфланган олам-олам нарсалар беиз-бежиз йўқолиб кетиши мумкин эмас, уларнинг маълум қисми тупроқ остида ётибди.
Мабодо теварак-атрофдаги бугун бўш турган жойларда яна ҳар хил объектлар қурилиб кетадиган бўлса, ушбу ғанимат имконият ҳам бой берилади…
— XV —
Айнан ҳозир Оқсарой чекаётган нолаларга қулоқ тута билмоқ, унинг нидоларига жавоб қайтара олмоқ лозим. Хуллас, айнан Оқсарой ёдгорлигининг жароҳатлари бисёр, иложи борича, уларнинг баъзиларига эса-да, барча имкониятларни ишга солган ҳолатда малҳам қўя билмоқ даркор!
Умидимиз-ки, Соҳибқирон ҳазратларининг табаррук санаси доирасида маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ҳамда тегишли мутасадди ташкилотларнинг бошлиқлариям Оқсарой мажмуининг келгуси тақдири юзасидан юқорида билдирилган таклифлар борасида жиддий равишда ўйланиб кўрадилар ва муҳим фурсат қўлдан чиқарилмасдан туриб, унинг қисматини енгиллаштириш борасида бошланган зарурий амалий чора-тадбирларни давом эттирадилар.
* * *
Фурсатдан фойдаланган ҳолда, мамнуният-ла таъкидламоқ зарур ва ўринли-ки, Амир Темур бобомиз таваллудининг 680 йиллиги арафасида Соҳибқирон ҳазратларининг она шаҳри Кеш – Шаҳрисабзда ҳамда Оқсаройнинг атрофларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шунингдек, мазкур муносабат билан айни кунларда ушбу муборак заминда мамлакатимиз қамровидаги улкан тантаналар ўтказилиши мўлжалланмоқда.
«Men» bo’lmasa kimga xizmat qilish kerak. Mana shu «men» sabab millat tirik bolmasa hammasi qul bolib ketar edi kimlargadir. «Men» bor ekan o’zbek millati bor.
ДИНДАГИ ВА СИЁСАТДАГИ «МЕН»
Динда ҳам сиёсатда ҳам «МЕН» бўлади. Диндаги «МЕН» имон билан ўралгани учун бўлар бўлмасга ўртана чиқавермайди, чиқса энг муҳим жойда, инсонлар йўлини тополмай қолган ниҳоятда қийин вазиятларда ўртага чиқади ва «МЕН»ни рози қилиш учун эмас, фақатгина Аллоҳ ризоси учун ҳаракат қилиб, инсонларга фойдаси тегишга ҳаракат қилади…
Ҳозирги куннинг дунёпараст сиёсатида (имон ва адолат сиёсатида эмас) эса «МЕН» ҳар куни ўзини ўртага отади, тинмасдан одамларга ўзини кўз кўз қилади, ярим кун ўзини халққа намойиш қилмаса, худди одамлар уни унутиб юборгандай, талвасага тушади. Ёши етмишга, саксонга ҳатто тўқсонга етса ҳам «Мен, Мен», деяверади, чунки тахтни эгаллаган бўлсада ёки тахт йўлида интилаётган бўлсада, шу тахтдан бошқа нарса ақлу хаёлига келмайди, дунёда ягона орзуси, бахти ёки бахт деб билгани тахт, мансаб, инсонларни ўзига итоат қилдириш истаги бўлади. Муҳими сиёсатдаги «Мен» бу йўлда ҳеч қандай разиллик ва зулмдан қайтмайди, нима бўлса бўлсин у тахтда турсин ёки унга эришсин…
Ўзим амалий ҳаётда гувоҳ бўлганим Туркияда ёши 80 га етган, яъни ёшини яшаган, ошини ошаган бир сиёсатчи ҳатто гапиришга ҳам кучи қолмаган бўлсада, бир сиёсий партия раҳбарлигини тарк эмас ва шундай ғўлдирарди:
«Сиёсатга , яъни тахт учун курашига ва уни эгаллашга ҳали ҳам иштаҳам бор…»
Ҳолбуки, халқ тилида айтганда «ёш етмиш иш битмишдир». Ҳеч қурмаса бундан бу ёғига дунё тахтини демай, охират бахтини ўйласа бўларди..
Намоз НОРМЎМИН
11.04.2016
Berdiyor aka sizning tadqiqotlaringiz arablarning yoki ruslarning ta’siri ostida bo’ladi. Shuning uchun men sizning tadqiqotlarizga ishonmayman. Tinchgina yuring odamlarga xato ma’lumotlarni berguncha.