Ўзбекистон Президенти, Бош вазир, Бош прокурор ва Қашқадарё вилоят ҳокимига
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов,
Бош вазир Ш.М.Мирзиёев, Бош прокурор И.Б.Абдуллаев,
Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш.Рўзиевга
Қашқадарё вилояти, Қамаши туман, “Бобир Тепа” ҚФЙ,
Паст Тол қишлоғида яшовчи, 1982 йилда туғилган,
Зоҳид Шодмонович Санаев томонидан
Ш И К О Я Т
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14,16, 39, 45, 63, 64-моддалари тартибида.
Маълумотим ўрта, вақтинча ишсизман. 2009 йилда Моҳира Бойқобиловага расмий никоҳдан ўтган ҳолда уйланганман. Турмуш ўртоғим уй бекаси сифатида фарзандлар тарбияси билан машғул. Ушбу никоҳдан:
-
05.2010 йилда туғилган Шодмонов Оғабек Зоҳид ўғли;
-
01.2012 йилда туғилган Шодмонов Бобир Зоҳид ўғли исмли икки нафар фарзандларимиз бор.
Нафақадаги 1952 йилда туғилган отам Санаев Шодмон Маманович, 1956 йилда туғилган онам Султонова Ойрушан ва 1987 йилда туғилган укам Санаев Рустам Шодмонович ҳамда унинг турмуш ўртоғи билан юқорида кўрсатилган манзилда доимий рўйхатдан ўтган ҳолда бирга яшаймиз.
04.05.2010 йилда туғилган ўғлим Шодмонов ОғабекЗоҳид ўғли туғилганидан сўнг бир йил нафақа олмадик. Бир йилдан сўнг тахминан 8 ой нафақа берилгач, бизга номаълум сабабга кўра нафақа тўхтаб қолди. 01.01.2012 йилда туғилган Шодмонов Бобир Зоҳид ўғлининг икки ёшгача бўлган нафақаси учун зарур ҳужжатларни ҚФЙ га топширганимиздан сўнг маҳалла раиси эрта, индин ҳал бўлади деб ваъда бериб юрсада, бир йилдан сўнг маҳалла котиби А.Дўстёров: — боланг икки ёшга тўлипти энди нафақа берилмайди., деб оғзаки жавоб берди.
14 ёшгача бўлган нафақага тегишли ҳужжатларни топширганимиздан сўнг бор – йўғи 2 марта 6 ойлик нафақа олдик. Шундан буён на биринчи, на иккинчи фарзандимизга нега нафақа берилмаяпти деб сўрасак ҚФЙ котиби: — Сизларнинг отангизнинг автомашинаси бор экан., шунинг учун комиссия нафақа беришни тўхтатди., деди.
Вояга етмаган болаларга нафақа берилмаслигига отамнинг машинасининг мутлақа алоқаси йўқ, шу боис комиссия хулосаси Конституция талабига хилоф! Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16-моддасида: — бирорта ҳам қонунёки норматив – ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларга зид келиши мумкин эмас., дейилган.
Агар, холис тафтиш ўтказилса қўш- қўш машинаси бор, таъминоти етарли оилалар ҳам болалари учун нафақа олаётгани маълум бўлади. Давлат томонидан ажратилган нафақа пулига болаларга тўкис шароит яратиш, овқатлантириш, кийинтиришнинг тўла имкони йўқ. Болаларга давлатимиз ажратган нафақа оиламиз учун бир қўшимча мадад эди, маҳалла котиби айтган комиссия хулосаси билан шу мурувватдан ҳам маҳрум бўлдик. Ана шундай моддий қийинчиликлар оқибатида айни пайтда оиламиз жуда аянчли ҳолда кун кечирсада туман, вилоят мулозимлари ушбу ҳолни инобатга олмасдан келаётгани учун Сизга мурожаат этишга мажбур бўлмоқдаман…
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!
Сиз 2016 йилни Соғлом она ва бола йили деб эълон этганингизнинг ўзи халқимиз, бизга ўхшаган кам таъминланган фуқороларнинг ҳаётида катта воқеа бўлди! Юқорида қайд этилган ҳолатларга холис баҳо берган ҳолда Сиздан:
-
Менинг фарзандларим учун давлатимиз томонидан ажратилган нафақа пуллари тўлиқ ундирилиб, уларнинг маҳаллий мансабдорлар томонидан поймол бўлган конституцион ҳуқуқлари тикланишида амалий, қонуний ёрдам беришингизни сўрайман!