Қўқон адабий муҳити ўтган асрлар ичида ўзбек адабиётига кўплаб алломалар ва ижодкорларни етказиб берди, миллий адабиётимиз бешигини тебратди. 20-асрда ҳам бу анъана қўқонлик ижодкорлар томонидан том маънода адабий жараёнга таъсир қиларли даражада ривож топди.
Замондошимиз, таниқли шоира, адиба, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мақсуда Эгамбердиева ҳам ана шу муҳитда тарбияланди, камол топди. Мақсуда Эгамбердиева 1955 йилда Данғара туманида хизматчи оиласида туғилди. 1958 йилда отаси Бердибой Эгамбердиев Қўқон 1-пахта тозалаш заводига режалаштириш бўлими бошлиғи бўлиб ишга ўтади. Уларнинг оиласи Қўқон шаҳрига кўчиб келади. Ҳали мактаб ёшига ҳам етиб-етмаган Мақсудахоннинг адабиётга мойиллиги бор эди. М.Эгамбердиева Қўқон шаҳридаги 15-ўрта мактабга ўқишга боради. Биринчи синф партасига ўтирган чоғидан қўлига қалам олади. 9 ёшида “Менинг дадам инженар” номли биринчи шеъри шаҳар газетасида нашр қилинади. 10 ёшидан шаҳардаги адабий анжуманларда, шоирлар билан учрашувларда фаол қатнашди. Отаси Бердибой ака ва онаси – педагог Мунирахон Мухторовалар уни қўллаб-қувватладилар.
Ёш шоира Ўзбекистон халқ шоири, устоз Чархий ҳузурларида ижод сабоқларини олган. Мақсуда Эгамбердиева 1967 йилдан бошлаб “Ниҳол” адабий тўгарагига қатнади. Бу тўгарак 1965 йилда “Меҳнат байроғи” (ҳозирги “Қўқон садоси”) газетаси қошида ташкил этилган бўлиб, бу вақтда истеъдодли шоирлар Анвар Юнус ва Ҳабибулло Саид Ғанилар тўгаракни бошқарар эдилар. Тўгарак машғулотлари жуда қизғин ўтар, республиканинг машҳур шоирлари, мунаққидлари ҳам бу тўгарак машғулотларида қатнашар эдилар. Жумладан, устоз адабиётшунос Озод Шарафиддинов тўгарак дафтарига Ҳабибулло Саид Ғани, Мақсуда Эгамбердиева, Дилбар Ҳамзахўжаевалар номини алоҳида ҳурмат билан тилга олиб, тилак билдииб ёзганлар. Асқад Мухтор “Гулистон” журналида тўгарак аъзоларининг шеърларини чоп этиб, “Ниҳол”ни республикана кашф этиб берди. Мақсуда опанинг ҳам туркум шеърлари 1972 йилда таҳририятнинг “оқ йўли” билан “Гулистон” журналида босилди. “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) вилоят газетасида профессор Умарали Норматовнинг “оқ йўли” билан ҳам туркум шеърлари босилиб чиқди. Шу йили шоира Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ)га ўқишга киради. Университет сабоқлари, пойтахтдаги қизғин адабий муҳит, Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилиш ва семинарлар таъсирида ижоди сайқал топиб борди.
Ўқишни тугатиб Қўқонга қайтган шоира шаҳар ва вилоятимиздаги турли давлат ташкилотларида, таълим даргоҳларида, музейларда ишлади. Бу даврларда ижоддан сира ҳам узоқлашмади. 1978 йилда биринчи шеърий тўплами “Гулбарг” босилиб чиқди. 1982 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. 1984 йилда ёш ёзувчиларнинг Москва семинарида иштирок этди. 1980 йилда “Мактуб”, 1985 йилда “Насиба”, 2013 йилда “Осмон соҳилида” шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Шоира жуда ёшлигидан Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг назарига тушди. “Мактуб” тўпламини ўқиб, Зулфия унга мактуб юборди. Бу мактубда Мақсуда Эгамбердиева ижодига катта баҳо берган эди.
Шоира болалар адабиёти ривожи учун ҳам сезиларли ҳисса қўшди. Унинг “Она бўрининг ҳийласи”(2002), “Ақлсиз қуёнча”(2004), “Шимол айиғи ва Оқ қуён” номли эртаклар тўпламлари, “Қалдирғочнинг қўшниси”(2013) номли шеърлар ва “Мушук сичқонни нега қувади?”(2013) номли эртаклар тўпламлари нашр этилди. Шоира ҳозирги кунда ҳам жўшқин ижод билан машғул. Янги шеърий тўплами нашр қилиниш арафасида. Болалар учун шеърлар, эртаклар, эсдаликлар ёзмоқда.
Шоиранинг “Осмон соҳилида” шеърлар тўпламининг номланишига диққат қиладиган бўлсак, шоира бежиз бу номни танламаганига ишонч ҳосил қиламиз. Бу бирикмадаги сўзлар ёнма-ён қўлланиши ўзига хос маъно касб этади. Ўқувчи осмоннинг соҳили борми, деган саволни бериши табиий. Бу осмон ижодкорнинг кўнглидир. Кўнгил сарҳадлари эса осмон каби чексиздир. Ана шу маънода шоира бизни кўнгилнинг кенг мамлакатига, чексизликларига олиб кираётганига ишонамиз. Осмон соҳили – бу кўнгил соҳилидир. Кўнгил соҳилига бориб унинг ажойиботларидан баҳраманд бўламиз. Мақсуда опани кўнгилни кашф этган шоира деб аташимиз мумкин.
Тўплам, аввало, мавзулар ранг-баранглиги билан диққатингизни тортади. Азалий мавзулар – Ватан, Баҳор, Муҳаббат мавзуларига жуда кўп шеърлари бағишланган. “Кўнглимга шифо ватан”, “Халқим”, “Ватан”, “Элимга”, “Қўқон”, “Ватандошларимга” каби шеърларида шоиранинг ваианга чексиз муҳаббати акс этган. Ва умуман, табиат тасвири ифода этилган шеърларида ҳам Ватан суратлари намоён бўлади. У турли фаслларда ўзи яшаб турган замин гўзалликларини кўра билади. Ватан суратини чизган шеърларининг бирида:
Болаларнинг қора кўзи – сен,
Сен элимнинг ўзлиги, Ватан,
Ботирларнинг кескир сўзи – сен,
Сен йўлимнинг ўзлиги, Ватан
дея хитоб қилади. Инсоннинг ўзлигини топиши Ватанни англаши, унга муҳаббати зиёда бўлиши билан боғлиқ эканлигини айтади.
Бугунги шеърият ижтимоий воқеликка муносабат билдириш, ундан пайдо бўлган туйғулар аксини ифода этишдан ташқари, ўз кўнгли инкишофини ифода этаётганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Инсоннинг ботинидаги “ички мен” қиёфаси шоира шеъриятининг асосий образларидан биридир. Бу, кўпинча, ёлғиз инсон образидир. “Ёлғизлик”, “Ўкинчлар сеники”, “Тўртинчи қаватга чиқар бир аёл” каби туркум шеърларида бунинг ифодасига дуч келамиз. Бу ёлғизлик оддийгина, ҳаётда ёлғиз яшаётган кимса эмас, балки руҳиятида ўзини ёлғиз ҳис қилаётган, “хилват дар анжуман” тутган инсондир. Ҳар бир одам кўнглида ёлғиз, Оллоҳ билан биргадир. Жамиятда унинг каби инсонларнинг йўқлиги, кўнглининг тушуниксизлиги ҳам ёлғизлик ҳиссини келтириб чиқаради. Шундай шеърларидан бирида шоира гўзал ташбеҳлар қўллайди:
Йиғласа, кўзидан дур тўкилмаган,
Оғзидан гул сочмай қўйган пари – мен.
Ўша – даврон чертиб кўрганда синган,
Жонон пиёланинг синиқлари –мен.
Шоира халқ оғзаки ижоди эртаклари қаҳрамонларидан унумли фойдаланади. Биз эртаклар орқали “кулса – гул, йиғласа – дур” сочадиган маликаларни биламиз. Лирик шеърнинг қаҳрамони ҳам бир пайтлар ўзини маликадай ҳис қилган, энди эса гул ва дур сочмай маҳзун қолган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Ахир уни давр, тақдир синдириб қўйган. Шунинг учун энг қимматбаҳо саналмиш “жонон пиёла”га ўзини ўхшатади. Даврон нега англамадийкин, нега қадрламади экан бу жонон пиёлани? Кўнгил пиёласи – жонон пиёла синди. Бу сатрлар ортида камтарингина, хокисоргина кўнгил кўриниб туради.
“Ички мен” – шоиранинг қаҳрамони ҳаётдаги ижодкордан кескин фарқ қилиши мумкин. Ҳаётда шодон, босиқ одамнинг шеърларида исёнкор қалбини, йиғлаётган кўнглини кўриш мумкин.
Турмуш кўринишлари ҳам шоира лирикасидан муҳим ўрин олган. Масалан, “Кўринишлар”, “Манфаатпарастлик”, “Босиқ бўлиб” каби кўплаб шеърлари фикримизга далилдир. “Кўринишлар” шеърида пулдор одамни кўзлари қаттиқ, тошбағир деса, камхарж инсонни лолақизғалдоқдек омонат эканини айтади. Бу қиёс ниҳоятда ўринли топилганки, инсоннинг кўз олдида ҳар дам тўкилишга тайёр гул яққол гавдаланади ва инсон кўнгли ҳам ана шу гулдан фарқ қилмаслигини ўйлайсиз. “Босиқ бўлиб” шеъри қисқа, лекин катта ҳақиқатни англатади:
Босиқ бўлиб босганмидим оёғингизни,
Оғир бўлиб оғритдимми томоғингизни.
Сизга менмас, балки менинг менлигим оғир,
Синдирмовдим вазмин бўлиб бутоғингизни,
Сизга менмас, балки менинг менлигим оғир…
Кимлардир кимнингдир оғирини олади, доимо унинг борлигидан малол чекади. Шоира шундайларга қарата айтган бу сўзларида ҳаётда ўзи муваффақиятга эришмай, бахиллик туфайли бошқаларни кўролмайдиган одамлар тоифасини моҳирона кўрсатиб бера олган.
Шоиранинг тўпламидан “Қисқа сатрлар” деган туркум ҳам ўрин олган. Бу унинг ижодида алоҳида йўналиш дейиш мумкин. Ана шу қисқа сатрларга ижодкор бутун бошли инсон тақдирини жойлай олган. Масалан:
На олтин, на гавҳар кутиб яшадим.
Мен сиздан бир хабар кутиб яшадим.
Шеър икки мисрадан иборат. Ҳар бир сатр алоҳида поэтик майдонни ташкил этади, бир-биридан мустақил ҳолда ифода этилган. Уларни қофия ва вазн боғлаб туради. Ҳар икки сатр ҳам нуқта билан ажратилган. Бу эса биринчи мисранинг ўзи бир инсон умрининг маълум бир манзилга етганлигини кўрсатади. Шу нуқтагача келганлигини билдиради. Демак, бу – умр манзили. Иккинчи мисрада биринчи мисранинг мазмуни очилади: лирик қаҳрамон азиз инсонидан бир хабарни олтиндан ҳам, гавҳардан ҳам азиз билади. Умрини шунинг учун ўтказиб юборди. Ёки:
Юрагимни элтдим изтиробларга,
Аслида мен битта дастёрман, холос.
Бу сатрларда ҳам ҳаётда доимо кўнглининг айтганини қилолмай, уни изтиробларга ташлаб ўтган инсон тақдири намоёндур. Инсон доимо кўнгли билан тескари, чунки унинг хоҳишларига ҳаёт ҳақиқатлари зид келади. Кўнгилни кўтариб юрган одам битта дастёр эканлиги ҳам ажойиб топилмадир. Мақсуда Эгамбердиева кўнгилни кашф этар экан, унга шундай деб мурожаат этади: