“Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Тинчликнинг қадри улуғ
Тинчликнинг қадри улуғ
Дарҳақиқат, халқимизнинг “Тинч ўтган ҳар кунинг байрам”, “Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади”, “Осойишталик – олий неъмат” каби минг йиллар мобайнида ўз исботини топиб келаётган ақидалари борки, булар тинчликни ҳамиша, ҳар лаҳза қадрига етишга, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундаб туради.
Шу боис ҳам озод ва обод Ўзбекистон истиқлол йилларида тинчликпарвар ва тараққийпарвар мамлакатлар қаторида истиқбол сари дадил ва шаҳдам одимлаб бормоқда.
Бунинг эътирофи тарзида қуйидаги биргина далилни келтириб ўтиш кифоя: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида ташкилотнинг олти расмий тилида юртимизнинг халқаро тизимлар билан ҳамкорлиги ҳақида ахборот материали БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Мазкур материалда Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, унинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлари БМТ фаолияти билан ҳамоҳанглиги таъкидланган.
Бизнинг юртимиз, бизнинг халқимиз барча эзгу ният ва мақсадлари рўёбини, аввало, тинчлик барқарорлигида, мусаффо осмон ва элнинг омонлигида кўришига бундан ортиқ изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ҳа, биз ҳамиша, ҳар лаҳза тинчликни сақлашни энг олий мақсад, энг устувор маслак деб билганмиз.
Ана шундай бир пайтда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларидаги ҳолат юзасидан глобал тармоқдаги турли сайтлардаги чиқишлар бизни вазиятга муносабат билдиришга ундади.
Зотан, интернет сайтлари ва хорижий ОАВ, хусусан, Қирғизистон телеканаллари чиқишларида вазиятни холис ва ҳаққоний, тўғри баҳоламаслик, тескари талқин қилишга уриниш кўзга ташланади.
Аввало, таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимиз томонидан қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудудлардаги назорат ҳар қачонгидан кучайтирилгани, ҳушёрлик, огоҳлик масалаларига эътибор оширилгани бор гап. Бунинг боиси шундаки, биз одатда халқимизга бир олам қувончу шодликлар бахш этадиган умумхалқ байрамларини муносиб нишонлаш мақсадида байрамлар арафасида тинчликни асрашга, хавфсизликни таъминлашга янада муҳим эътибор қаратамиз. Қувончли онлар кўнгилдагидек ўтишини истаймиз. Биз тинчликпарвар давлат сифатида хурсандчилигимизга, халқимизнинг кўтаринки кайфиятига ҳар хил ғараз ниятли кучлар ва озод элларнинг омонлигини кўролмайдиган гуруҳ ва оқимлар таъсир ўтказишини, раҳна солишини асло истамаймиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз!
Ана шундай эзгу аҳд билан чегара ҳудудларидаги, хусусан, Қирғизистон билан чегарадош масканлардаги назорат кучайтирилди.
18 март куни давлатимиз чегарачилари томонидан “Карвон – Олабуқа” ўтиш йўлида назорат пости ташкил этилгани, “Маданият – автодорожный”, “Дўстлик – автодорожный” назорат-ўтиш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад ҳам шу эди. Боиси, юртимизда қадимий ва навқирон, ардоқли байрам Наврўзи олам шукуҳи кезмоқда. Мустақиллик йилларида тинчлик ва осойишталик, эзгулик ва инсонпарварлик, халқона қадриятлар, эзгу урф-одат ва анъаналар шодиёнаси сифатида янада сайқал топиб бораётган байрамни ҳар йили муносиб нишонлаймиз. Уни Шарқона янги йил, йил боши сифатида эъзозлаймиз.
Аммо ана шу мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни яқин қўшнимиз, дўстлик-биродарлик, қўшничилик ва азалий қон-қариндошлик ришталаримиз боғланиб кетган қўшни диёр Қирғизистонда нотўғри баҳолаш, тўғри қабул қилмасликка сабаб бўлди чоғи, бу борада 18 март куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Дониёр Сидиқов норозилик нотаси билдирди. Қолаверса, бизнинг эзгуликни кўзлаб амалга оширган ишимизга жавобан Қирғизистон томони чегара ҳудудидаги “Боймоқ – автодорожный”, “Кен-сой – автодорожный” ва “Қадамжой – автодорожный” назорат-ўтиш йўллари орқали Ўзбекистон фуқароларининг ўтишини таъқиқлаб қўйди.
Ўз ўрнида мамлакатимизнинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов бизнинг чегарадош ҳудуддаги хавфсизлик борасидаги ҳаракатларимиз бўйича билдириш берди ва бу вазиятда қўшниларимизнинг хавотирига асос йўқлигини баён этди.
Чунки, истаймизми-йўқми айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида нотинч ва таҳликали вазият ҳукм сурмоқда. Туркия, Белгия, Суриядаги хунрезликлар, террористик ҳуружлар, қонли тўқнашувлар шунинг ифодаси эмасми?!
Азал-азалдан яхшилик билан ёмонлик, нур билан соя, оқ-билан қора қадам бақадам юрганидек, эзгулик билан ёвузлик ўртасида кураш кечган. Инсоният тинчлигини, тўкин ва фаровон ҳаётини кўролмайдиган ёвуз кучлар, турли хил ғараз ниятли оқим ва тўдалар мавжуд эканлиги ва улар тубан мақсадларини амалга ошириш учун пайт пойлашини ҳаётнинг ўзи бир неча марта кўрсатгани ўтган яқин йиллардан маълум. Агарда биз ҳушёрликни, огоҳликни бирозгина сусайтирсак, салгина эътиборсизликка берилсак, шундай ғаразгўйларнинг ҳудудларимизга суқулиб кирмаслигига ким кафолат беради?! Бу аччиқ, аммо очиқ ҳақиқат. Буни ўз бошидан кечирган Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар асло-асло шундай хунрезликлар такрорланишини истамаймиз. Табиийки, қўшниларимиз қирғизистонликларнинг қалбларида ҳам шундай аҳд мужассам.
Ҳар икки халқ, хар икки давлат фақат ва фақат тинчлик тарафдоридир. Ўзбекистон ўз халқининг қадимий байрамни тинч ва осойишта шоду хуррамлик билан ўтказиши учунгина хавфсизлик масалаларига эътиборни кучайтирганди. Назоратни оширганди. Сарҳадларимизга ёвуз ниятли кучлар кириб келишига йўл қўймаслигини намоён этганди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, бизнинг ўз хавфсизлигимизни таъминлаш ва юртимиз тинчлигини кўзлашга қаратилган ҳаракатимиз икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларга ва халқаро мезонларга раҳна солмайди ва бунга асос ҳам йўқ. Зотан, бу ҳақда ҳам чегара масалалари бўйича мутасаддилар билдириб ўтдилар.
Демак, аввало, ҳар икки давлат халқига, қолаверса, турли доираларга билдириб ўтиш жоизки, Ўзбекистон фақат ва фақат тинчлик тарафдори бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Зотан, муҳтарам Юртбошимиз ўз чиқишларидан бирида таъкидлаганидек, “Тинчлик учун курашмоқ керак”.
Тинчлик учун курашиш, уни асраш эса, шак-шубҳасиз, ҳамиша, ҳар лаҳза ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ўзингни, ўз уйингни, Ватанингни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга боғлиқдир.
Шундай экан умид қиламизки, асрлар мобайнида қон-қариндош, қуда-анда, дўст-биродар бўлиб яшаб келаётган, тўй ва тантаналари, бозорларию мозорлари бирлашиб кетган, қарашлари, турмуш-тарзи бир-бирига уйғун қўшни Қирғизистон халқи билан юртдошларимиз ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам. Бунинг ифодасини юртимизнинг, қолаверса, вилоятимизнинг Чуст, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон каби чегарадош туманларидаги қатор қишлоқ ва маҳаллаларда ҳар икки миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётганида, қирғизлар ҳам кўп миллатли озод ва обод юртимизда барча қулайликлар, эмин-эркинликлардан баҳраманд умргузаронлик қилаётганликларида, фарзандлари, шодон ва дуркун ўсиб-улғайиб, ўқиб, илм олиб камол топаётганликларида кўриш мумкин.
Демак, азалий ва абадий анъаналар, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталаримиз янада мустаҳкамланиб бораверади.
Шерзод Қаюмов,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ