Бугунги кунда бутун дунё халқлари тинчлигига раҳна, одамларнинг қалбларига қўрқув, ғулғула солаётган, кимларнидир жигарпорасидан, кимларнидир эса меҳрибон ота-онасидан айираётган, оила деб аталмиш кичик жамиятни пароканда қилаётган ёвуз куч бу – шубҳасиз ИШИД яъни “Ироқ ва Шом ислом давлати” деб ном олган террорчи ташкилотдир.
Бу террорчи ташкилот ҳаракатлари биздан узоқ деб бепарво бўлиш бугунги кунда ҳеч бир кишига лойиқ иш эмас. Шу боис ҳам Президентимиз халқимизни ИШИД каби тажовузкор фирқалар ёмонлигидан сақлашга қаратилган ғояларни олға сурдилар. Натижада масъул ташкилотлар, устозлар ва мураббийлар, маҳалла фаоллари томонидан огоҳликка чақирув ишлари амалга оширилмоқда.
Муқаддас динимизда Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларига раҳм-шафқат, меҳрибончилик ила муносабатда бўлиш таълим берилган. Ҳадиси шарифларда чанқоқ итга сув берган кишига ажр берилганлиги ҳақида шундай хабар берилади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бир киши йўлда жуда қаттиқ чанқоқликка учради. Шу пайт бир қудуқни кўриб, унга тушди ва ўз чанқоғини қондирди. Сунгра у ердан чиқса бир ит чанқоқдан тили осилиб тупроқ ялаётган эди. Шунда у: “Бу ит ҳам мен чанқаганим каби сувга ташна бўлиб қолибди”, — деди-да, қудуққа тушиб оёқ кийимига сув тўлдириб, итни суғорди. Шунда Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қаради ва гуноҳларини мағфират қилди”. Саҳобийлар: “Эй Аллоҳнинг расули, бизлар учун ҳайвонлар сабабидан ҳам ажр ёзиладими?”, — деб сўрашди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир тирик мавжудот сабабли ажр бор”, — дедилар.”(Муттафақун алайҳ.)
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, бир аёл қарамоғидаги мушукни қийнаб ўлдирганлиги сабабли дўзахга маҳкум бўлганлиги қуйидагича баён қилинади:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир аёл мушугини вафот этгунича қафасга солиб қўйганлиги сабаб азобга дучор бўлди ва дўзахга тушди. У аёл мушукни қафасдалик вақтида таом ҳам сув ҳам бермади ва уни Ер ҳашоратларидан озуқаланиши учун қўйиб ҳам юбормади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Мазкур ҳадиси шарифлардан кишининг бир ҳайвон туфайли азобга дучор бўлиши маълум бўлади. Динимизда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни ҳам сўйиш олдидан уларнинг кўзига пичоқ кўрсатилмаслиги буюрилади. Бу меҳр-шафқат дини бўлмиш динимиз Исломнинг ҳатто ҳайвонларга бўлган риояси ва меҳрибончилигини намоён этади. ИШИД аъзолари эса инсонларга нисбатан қилаётган жиноятлари: эр-хотин олдида фарзандларини, ёш норасида гўдаклар кўз ўнгида ота-онасини худди ҳайвонни бўғизлагани каби сўйиши, бир вақтлар илм-фан маркази, авлиёлар, олимлар сарчашмаси бўлган Бағдод каби шаҳарлар улар туфайли вайронага айланганлиги, Аллоҳ таоло дўстларининг қадамлари ва қабрлари билан тўла тупроқ бугун бегуноҳлар қони билан белангани уларнинг ҳаракатлари динимиз буйруқларига зид эканини кўрсатиб беради.
Бир мушук риоясини қилмаган аёл дўзахга маҳкум бўлса-ю, бундай манфур кишиларга қандай жазо берилар экан деб ўйлайсан киши. Юқоридаги ҳадисларнинг бирида ва бошқа кўплаб ҳадиси шарифларда ҳайвонлар туфайли бандага ажр берилиши, гуноҳлари кечирилиши зикр қилиниб Аллоҳнинг барча махлуқотларига меҳрибон, раҳм-шафқатда бўлишга тарғиб этилади. Аслида, инсонлар дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар меҳрибончиликка энг ҳақли эмасми?
Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи инсонни барча махлуқотлардан улуғ эканини таъкидлаб: “Биз Одам болаларини мукаррам қилдик”- деб оят нозил қилган бўлса. Айниқса, ўша манфур кимсаларнинг динимизда аёлларга қўл кўтариш қайтарилганлигига қарамай уларга нисбатан қилган зўравонликлари нафақат динга, балки ҳеч бир ақл ва одоб-ахлоқ доирасига ҳам тўғри келмайди.
Шундай экан маданият, одоб-ахлоқ ва инсоният кушандаси бўлган “ИШИД” дек зарарли тоифанинг хатарларидан огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Аллоҳ барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!