Ҳолландияда “Замондош” асосчиси Ризо Обидов вафот этган
Ўзбекистон
Ҳолландияда ўзбек журналисти Ризо Обид вафот этди
30.03.2016
Замондош сайти асосчиси, ўзбекистонлик таниқли журналист Ризохўжа Обидов оғир хасталикдан сўнг Ҳолландиянинг Тиль шаҳридаги касалхонада 30 мартга ўтар кечаси 58 ёшида оламдан ўтди.
Бу ҳақда Озодликка Замондош сайти муҳаррири Анвар Каримов маълум қилди.
— [Ризохўжа ака] шу бугун кечаси ўтиб қолдилар. Голландия вақти билан соат 8 да больницадан майитларини беришади. Шунга ҳаракат қилиб, одам жўнатдик. Мен ҳам учиб кетаяпман, ҳозир рейс қидираяпман, — деди айни пайтда Киевда бўлган Анвар Каримов.
Унинг айтишича, Ризо Обид 3 ойлик оғир хасталикдан сўнг жон берган.
— Биринчи ташхис бўйича “касал йўқ” деб берганди. Иккинчи ташхис бўйича “саратон” деб берувди. Учинчи ташхис бўйича айтолмайману, лекин кимёвий-биологик экспертиза қилдирмоқчийдик. Ҳозир энди иккинчи ташхис бўйича “саратоннинг оғир шакли” бўляпти, — деди Анвар Каримов.
“Замондош”нинг бош муҳаррири мусибат ҳақида Ризо Обиднинг оила аъзоларига хабар қилингани, улар ҳам чуқур изтиробда экани, бироқ журналистнинг майитини Ўзбекистонга йўллаш имкони бўлмай қолиши эҳтимолдан ҳоли эмаслиги, шу сабабли у Ҳолландияда дафн этилиши мумкинлигини айтди.
Анвар Каримов Ризо Обид Ҳолландиядан сиёсий бошпана олиб яшагани билан бу мамлакатда фуқаролик олмаганини, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаганини ҳам қўшимча қилди.
Ризо Обид тахаллуси билан ижод қилган Ризохўжа Обидов 1958 йил 1 январида Наманганда туғилганди. Қатор маҳаллий ва халқаро нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган Ризо Обид 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган ва Ҳолландиядан бошпана олиб яшаётганди.
Озодликнинг Намангандаги собиқ мухбири Носир Зокир Ризо Обиднинг Ўзбекистондаги журналистик фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
— 1991 йили Бирлик халқ ҳаракати рўйхатдан ўтиб, иш фаолиятини бошлаб, газета чиқара бошлаганда Ризохўжа бизнинг сафимизга қўшилмаган бўлса ҳам, газета чиқаришимизга ёрдам бериб юрганди. Орада йўқ бўлиб қолиб, 5-6 йилдан кейин қайтиб келди. Шу орада “Америка овози”дан Жаҳонгир Муҳаммад қўнғироқ қилиб, “Носир ака, бир мухбир топиб берсангиз, бирга ишласак”, деб қолди. Мен Ризохўжани таклиф қилдим. Ризо улар билан боғланиб, бир йилча жуда яхши ишлаб юрди. Кейин “Америка овози” билан келишмовчилик бўлиб, уни бўшатиб юборишди у ердан.
Андижон фожеаси бўлганда менинг уйимга келиб, шеър ўқиди ҳукумат сиёсатига тўғри келмайдиган. Энди мен мухбирман, уни [радиога] бердим. Шеър эфирда кетиб бўлганидан кейин бир кун келсам, уйга келибди. “Мен Попга кетаяпман, акам билан уйда ўтириб туринглар” деб кетиб, қайтиб келсам, йўқ. Бишкекдан қўнғироқ қиляпти: “Носир ака, мен ташқарига чиқиб кетдим”, деди. Кейин ўша шеър бўйича иккаламизнинг устимиздан жиноий иш қўзғалди. Хабарингиз бор, 2005 йил мен 6 ойга қамоққа олинганимда ўша статья ҳам қўшилди. Лекин кейинчалик “шериги ташқарида бўлгани учун қолдирилди” деб, умуман менинг бўйнимдан олиб ташланди бу айблов, — дейди Носир Зокир.
Бу орада Замондош сайти муҳаррири Анвар Каримов Ризохўжа Обидов касал бўлиб қолган пайтда дунёдан ўтиб кетгудек бўлса, катта-кичик барчадан узр ва розилик сўраб қўйишни унга васият қилганини айтади.
— Ризохўжа Обидов номларидан — ўзларининг васиятлари бўйича — барча инсонлардан, агар уларни хафа қилган бўлсак, ёки бирор инсоннинг кўнгли ранжиган бўлса, узр сўраймиз, — деди Анвар Каримов.
Жорий йил февралида ўзбекистонлик мустақил журналист, uznews.net веб-сайти муассиси Галима Бухарбаева zamondosh веб сайти устидан судга арз қилгани тўғрисида хабар тарқатди. Бухарбаева Ризо Обидовни ўзига ҳамда унинг uznews.net сайтига қарши информацион кампания уюштиришда айблаган.
Лекин zamondosh веб сайти таҳририяти Бухарбаева илгари сурган айбловларни рад этган. Сайтнинг бош муҳаррири Анвар Каримов Озодлик саволларига жавоб бераркан, у етакчилик қилаётган таҳриятнинг Галима Бухарбаева ва унинг сайтига қарши эътирозлари борлигини айтган.
Озодлик маҳрумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
ОЗОДЛИК
“Замондош” асосчиси Ризо Обидов вафот этган
-
2 соатлар аввал
Баҳам кўринг
Image copyrightturonzamin
Голландиянинг Тиль шаҳрида асли ўзбекистонлик журналист Ризо Обидов 58 ёшида вафот этган.
Бу ҳақда марҳумнинг ҳамкасблари хабар қилган.
“Биз учун катта йўқотиш бўлди. У бизга устоз, дўст ва ака эди”, дейилади таҳририят номидан йўлланган номада.
Ризо Обидов Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ўзбек журналистларидан бири эди.
У асос солган “Замондош” вебсаҳифаси демократия ва сўз эркинлигига хизмат қилишини ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва Ўзбекистонда тақиқланган ўнлаб мустақил нашрлардан бири эди.
Ўтган ой ўзбекистонлик бошқа бир таниқли мустақил журналист, ҳозирда иши тўхтатилган uznews.net хабарлар сайтининг муҳаррири Галима Бухарбаева «Замондош» сайтини Голландияда судга берганини айтган эди.
Галима Бухарбаева «Замондош» у ҳақида ёзган мақолаларни расман рад этиши ва унга моддий товон тўлашини талаб қилган эди.
«Замондош» Галима Бухарбаева томонидан илгари сурилган айбловларни расман рад этган эди.
ББС
Hammamiz Yaratgan Egamning oldiga boramiz va qilgan ishlarimizga hisob beramiz. Marhumning javobini va ajrini Yaratgan Egamning o’zi hal qiladi endi. Bizning qo’limizdan endi hech narsa kelmaydi. Tirikligida yordam bera olmadik. Yaratgan Egamni qabul qildira olmadik marhumga. Endi esa juda kech.
Rizobek akaning imoni hamrohi bulsin.
Uning vafoti bu bevafo dunyoga hammamiz ham omonat ekanimizni yana bir bor eslatganday buldi.
Urni kelganida aytsam «Dunyo uzbeklari» (I.Xushev) ham hamdardlik bildirib bagrikenglik namunasini kursatibdi.
Ризо Обиднинг вафоти муносабати унинг оила азоларига хамдардлигимни билдираман. Мархумнинг охирати обод бўлсин.
Мен учун қадирдон бўлиб қолган дўстим Ризо Обиднинг вафотидан истиробда эканлигимни айтган холда унинг оила азоларига сабр тилайман. Мархумнинг охирати обод бўлсин.
Мен Сизни доим қўллаб ва қувватлаб келгандим. Лекин шу бугун мана шу таъзияни бермаслигингиз керак эди…