Шеърият инсон қалбига, руҳиятига ғизо беради, унга қанот бўлиб, юксакка кўтаради. Соз ва оҳанглар, мўйқалам ва ранглар каби қалам ва сўз ҳам туйғулар тарбиячиси, инсонни камолот сари етакловчи улкан қудратдир.
Инсоннинг инсондан, сўзнинг сўздан фарқи бор. Олим сўзи онг ва фикратга, шоир сўзи қалб ва ҳиссиётга қаратилган бўлади.
Ижоддаги самимийлик анчагина камёб ҳодиса. Шеър ёзиш олифтагарчилик қилиш дегани эмас, аксинча, кўнглингдаги дардингни бошқа бир дардмандга ботмайдиган, уни авайлаб ўзига келтирадиган ҳолда етказолсанг — мана шу шеър бўлади.
Шоира Фарида Афрўз шеъриятида айни шу хусусиятлар кўзга ёрқинроқ ташланади. Шоиранинг сатрларида ўзбек қизининг ибога йўғрилган дарди, ўзбек аёлининг ҳаё пардасига яширинган ноласи бор. Унинг шеърларини шундай, шунчаки ўқиб бўлмайди. Фарида Афрўз шеърларидаги маъно, мантиқни англаш учун гўзалликка ошуфта қалб ва уни лиммо-лим тўлдириб турган МУҲАББАТ керак. «… Мен қалбимни Лайло қизнинг ҳур қалбига бўйлайман…» дея севгисини қалбининг туб-тубида пинҳон асраган, «… Мен уларни кечирай бир қудрат бергин, Аллоҳим меҳрингдан бир хилват бергин!..» деб дилига озор берганларга офият истаган шоира билан дилдан суҳбат қуришга муваффақ бўлдик.
— Кўнгил — сирли диёр. Ҳали- ҳануз одамизот унинг тилсимотини ечолгани йўқ ва ечолмаса ҳам керак.
Дард — ўзни англаш.
Шеър — юракка сиғмаган алам.
Бахт — ўз бахтини таниш.
— Аёл кишига ошиқлик, шоирлик оғир эмасми?
— Аллоҳ томонидан берилган ҳар қандай вазифа ҳеч қачон оғирлик қилмайди. Чунки, У ҳар кимнинг тоқатидан ортиқ юкни юкламайди. Ишқ ҳам, шеър ҳам Илоҳийдир.
— Бугун шеъриятнинг оҳори тўкилгандек, бирозгина хат-саводи бор одам ҳам қоғоз қоралаб, тўрт-беш машқини китоб қилиб, адабиётни, шеъриятни мавқеини оддийлаштираётгандек…
— Тўғри, бу ҳақиқий шеъриятдан бехабарларнинг иши. Бир дугонам бор. Яхшигина шеърлар ёзарди. Ўзбек ва рус тилида бинойидек ижод қиларди. Ҳатто, иккита шеърий тўплами ҳам чоп этилган. Кейинги пайтларда негадир, жим бўлиб қолди. Авваллари қалам аҳли тўпланган давраларда шеърларидан ўқиб берар, атрофдагиларнинг ижодига муносабати, фикрларини билишга интиларди. Энди бўлса шеърлари ҳақида оғиз очишга ийманадиган бўлиб қолди. Сабабини сўрасам: «Мен ҳақиқий шеъриятни таниб қолдим ва чин адабиётга хиёнат қилаётганимни англадим. Энди ҳеч қачон ёзмайман! Ўртача шеър ёзгандан кўра, ёзмаслик маъқул экан! «- деди.
Ҳақиқий адабиётнинг йўлида тўғаноқ бўлиб турган бир неча омиллар борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Баъзи адабиёт ўқитувчиларининг ўз устиларида ишламай қўйганликлари, ота-оналарнинг фарзандининг китоб ўқиши, шеъриятга, ижодга қизиқишига бепарволиги ва бу бепарволигини «вақти йўқ»лиги билан изоҳлаши, ёки аксинча, фарзандида «йилт» этган истеъдод учқунини кўриб, ҳою ҳаваслар билан тўрттагина машқини китобча қилиб, болани ижодга дастлабки қадамлариданоқ кибрга ошно қилишлари, ижодни тирикчилик манбаига айлантириш, хусусий нашриёт ва босмахоналарнинг кўпайиши кабилар ҳақиқий адабиёт мавқеига путур етказмоқда. Аммо олтин зангламас дейдилар, демак, юқоридаги ҳолатлар ҳам вақтинча. Барибир адабиёт оламида ҳақиқий асар, ҳақиқий шеър ўз ўрнини йўқотмайди.
— Шеърларингиз элнинг ардоқли санъаткорлари томонидан қўшиққа солинганини биламиз ва сизнинг сўзларингиз билан куйланган қўшиқлар юрак-юракларга етиб, аллақачон мухлислар қалбидан чуқур жой олган. Ҳар бир хонанданинг истеъдод имкониятидан келиб чиқиб шеър ёзиб берасизми ёки санъаткорлар шеърий тўпламларингиздан ўзлари шеър танлашганми?
— Кўпинча, китобдан олишади. Бугунги кунда иш фаолиятим, бевосита қўшиқчиликка боғлиқ бўлгани учун, овоз ёзиш студиямизга тез-тез хонандалар келиб турадилар. Санъаткорлар билан бўладиган ижодий суҳбатларимиз жараёнида ҳам кўп қўшиқлар дунёга келиб қолади. Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Ғуломжон Ёқубов, Зулайҳо Бойхонова, Муножот Йўлчиева, Замира Суюнова, хонандалар Дилдора Ниёзова, Гулзода Худойназарова, Ҳилола Ҳамидова, Ваҳобиддин Зиё ва бошқалар билан тез тил топишамиз. Кўнгил-кўнгилдан сув ичади-да.
— Муҳаббат… Сизнинг тасаввурингизда унинг тасвири қандай?
— Муҳаббатнинг тасвири — хазон билмас баҳордир. У бор юракда ғубор йўқ. Сўлиш йўқ, синиш йўқ. Гина-кудурат, ғам ва алам йўқ. Қани эди, ҳамма дунёга муҳаббат кўзи билан боқса… Балки, армон ва надоматлар ҳам бўлмасмиди?!.. Муҳаббатли кишининг ёмонликлар, хусуматларга вақти бўлмайди. Умри эса, увол бўлмайди…
Муҳаббат — менинг томиримда оқаётган қонимдир.
— Кейинги пайтларда муҳаббат, ишқ, вафо каби инсоний туйғулар бироз қадрсизлангандек, назаримда…
— Туйғулар — бетаъма, самимий бўлса, чин ва соф бўлса, ҳар қачон ҳам қадрли бўлган, бўлаверади!
— «Ёзолмаяпман!..» Баъзан ижодкорни шу ҳолат қийнайди. Кунлаб, ҳафталаб, ойлаб, баъзан йиллаб илҳом париларининг йўлига муштоқ бўлади. Кўнгилда дард, оғриқ, ҳаяжон, ҳиссиёт бор, аммо илҳом йўқ, ёзишга иштиёқ йўқ. Шундай кезларда нимадан таскин излайсиз?
— Бундай ҳолат мени ҳам қийнайди. Мен ҳам илҳом парисини кутиб, ойларимни, йилларимни ўтказаман… Аммо у келганида, йигирма, ўттиз, қирқталаб шеър ёзган вақтларим бўлади.
Таскинни эса мутоаладан оламан. Жуда кўп китоб ўқийман.
Лекин ёзолмай қолишликнинг яна бошқа сабаблари ҳам бор: энг биринчиси — Ўзидан қониқиш, яъни «Мен зўр шеър ёздим…» деган ўз-ўзига берилган баланд баҳо. Иккинчиси — мақтовлар гирдобига тушиб қолиш. Ва ёки ўсиш, яъни ўзига талабчанликнинг кучайиши.
Илҳомсиз яшаган кунларим ҳақидаги бир шеърим ёдимга тушди:
Яна тонг отди,
Яна уйқу йўқ…
Илҳом парилари хабар олмайди.
Яна тўлғониш,
Яна изтироб…
Соат миллари сайраб толмайди.
Яна ғужғон хаёл,
Яна сарҳисоб…
Увол фурсатларим тутар, ёнмайди.
Яна кўзда ёш,
Яна шеърсизлик,..
Ажаб, доғли ой ҳам мен-ла қолмайди.
— Бугунги кун аёлининг сурати ва сийрати ҳақида: оғриқларингиз, мамнуниятингиз ва ўйларингиз…
— Бугунги кун аёлининг сурати — гўзал. Сийрати — илм. Аммо… оғриқлар ҳали давосини топгани йўқ. Аёл бугун нимагадир эришаётгандир, баъзан, ҳаттоки, эркаклардан илғорлаб кетаётгандир, аммо у ҳар қанча олий мартабада ўтирмасин, унинг ўзининг аслияти бўлмиш моҳияти қадар юксала ололгани йўқ, деб ўйлайман. Агар у ўзининг кимлигини яъни қандай мавжудотлигини ва илоҳий бурч ва вазифасини англаганда эди, ўзини бунчалар хор ва зор этмаган бўларди: юртма-юрт кезиб, савдогарлик баҳонаси билан бошқа турли «савдо»ларни бошидан кечирмасди!
Президентимиз томонидан турли қонун ва қарорлар орқали ҳимояниб, отамиз, ака-укаларимиз, турмуш ўртоғимиз ва ўғлонларимиз қуршовидаги қўрғонда бахтли яшаётган биз ўзбек аёллари — ана шу эъзозга муносиб бўлишимиз шарт.
Шуни билдимки, ўзини хор қилмаганни, ҳеч ким хор қилолмайди!
— Ҳаётингиз давомида сиз англаб етган ҳақиқат нима?
— МАВЖУДЛИК! Сен борсан, ҳаёт бор. Мана шу борлик ичра ўзингни топиб, ўзгаларга ўзингни танитиб ўтмоқ. Ўзингдан ўзинггача босган йўлларингнинг покизалиги!
Иккинчиси — ҲАЛОЛЛИК! Ҳар ишда, ҳар соҳада, ҳар дам ва ҳар нафасда ҳалоллик!
— 2011 йили Туркиянинг Елазик шаҳрида бўлиб ўтган «Ҳазар шеър оқшомлари» фестивалида иштирок этдим. Ҳазар кўли бўйида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган бу фестивал халқаро бўлганлиги учун 26та мамлакатдан 57та шоир ва ёзувчилар қатнашдик. Ҳар хил миллат вакилларидан 2-3тадан келишган. Мен эса битта ўзим. Оқшом ўтаётган кўл бўйига етиб келдик. Автобусдан тушар эканман, кўл бўйидаги қатор терилган мамлакатлар байроғига кўзим тушди. Бирдан ўзимизнинг байроғимизни излай бошладим. Наҳот, бўлмаса?! Юрагим ҳаприқиб кетди… Йўқ, хайриятки, топдим! Кўл эпкинида мағрур ҳилпираб турарди у!.. Билсангиз эди, кўнглимдан нималар кечганини! Бу фахр, бу ифтихорнинг чегараси йўқ! Бир ўзимга бутун бошли Ўзбекистоннинг байроғи тикланди-я!? Ҳозир ҳам ўйласам, кўзимга ёш келади.
— Охирги марта қачон тўйиб йиғладингиз ва нима учун?
— Ҳаммасига эришдим, десам, ёлғон бўлади. Деярли, десам, яқинлашаман. Чунки, орзулар ҳам серфарзанд бўларкан. Аммо умимий қилиб олганда, Мен бахтли АЁЛман, ОНАман, ИЖОДКОРман!
— Аёлни ларзага соладиган, оғринтирадиган нарса нима деб ўйлайсиз?
— Ёлғизлик! Кўнгил ёлғизлиги! Аёл ҳамиша нимагадир ошуфта бўлиб яшайди. Ундаги доимий ишқ ва меҳр даъвоси, уни сира ҳам тинч қўймайди…
Кўнгил, қалб, дил ёлғизлиги уни пароканда қилади, қаритади, сўлдиради… Жисм ёлғизлиги ҳақида асло ва асло гапирмаяпман. Ёнингда сени тушунмаган одам билан яшаш ҳам ёлғизлик!
— Фарида опа, шоир ўзи ким? Шоирлик нима?
— Бу азалий ва хамишалик савол. Бу саволга жавоб топиш учун не-не олимлар тўп-тўплашиб жавоб излашди, не не ҳофизлар бўй-бўйлашиб нола чекдилар, не-не худбинлар «миш-миш»лашиб ғийбатлашдилар. Аммо ҳар ким ўз қаричи ила ўлчади, ўз фикр дунёсидан нари ўтолмади. Улар шоирни бу дунёда ўзлари таниган қолипларга, қафасларга, зиндонларга солмоқчи бўлдилар. Бироқ шоирлик оламига кираолмадилар. Шоир — руҳ кишиси, руҳиятнинг бандаси. Унинг руҳияти ўн саккиз минг олам ичра яшайдиган зотдир. Шоир мана шу оламон яшайдиган олам ичра ҳаёт кечиргани билан, бу олам ичра унинг фақат вужуди, танаси, бурчи ва вазифаси яшар, аммо асло ва асло руҳи эмас.
— Шоирлик қисматингиздан розимисиз?
— Ҳа, албатта! Беадад ва беҳисоб хамду саноларим бўлсин Аллоҳимга! Менга шу неъмат насиб бўлмаганида, мана шу сиз билан қураётган суҳбатимиз ҳам бўлмас эди.
Мен СЎЗ ИШҚида ёнаётган бир оловман! Ёруғлик ва иссиқлик бермоқ — ҚИСМАТим!
— Фарида опа, гўзал ва самимий суҳбат учун ташаккур. Шеърият ихлосмандлари сиздан ажойиб, соҳир шеърларингизни кутиб қолади. Муштарийларимиз номидан сизга саломатлик, хотиржамлик ва офият истаб қоламиз.