Ўзини ёзувчи, драматург, сценарист ва адвокат деб эълон қилган Испандиёр таниқли журналист Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” интернет газетасида нола, дод-войларга тўла бир мақола эълон қилди. Бу мақола шахсан Каримов, Мирзиёев ҳамда Иноятовга қарата мурожаат сифатида тақдим этилган.
Мақола услуб, оҳанги жиҳатидан жуда агрессив кайфиятда.
Уни ўқир эканман, ғийбат ва бўҳтонлар кундалигини ёхуд майдагап аёлларнинг дийдиёсини эшитгандек бўлдим ва ўзимда шундай бир кайфият ва қоришиқ ахборотлар бўтқаси шаклланганини сездим: ўтган йили сентябрда Миллий театрда мажлис бўпти, уни вазир бошқарибди; ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим ва театр директори В.Умаров бутун театрни хароб қилибди, артистларга гонарар беришмабди, 100 миллион сўмни ўзлаштиришибди, бу жиноятни Ўзбекистон Халқ артисти Муҳаммадали Қундузов ҳам қилган.
Қолаверса, Испандиёр жуда “кучли” ижодкор, унинг битта пьесасига минглаб одамлар ёпирилиб келади, Усмон Азимнинг пьесасига эса ҳеч ким деярли келмайди. Испандиёрнинг совет даврида қилган хизматлари унутилган ва бугун у анча қийналиб қолган.
Миллий театрга жуда кўп марта тушганман, ўнлаб спектакллар кўрганман, нафақат бу театр, бошқа театрларда ҳам бўлганман, яхши спектакль томошасидан жуда ҳам яхши дам оламан. Лекин нима учундир артистларнинг кайфиятида гонарар олмай қолдик деган бир оҳанг сезилмаган. Балки артистликлари учун яширишгандир. Маиший мавзулар театр саҳнасини эгаллаб олган. Кучли драматик асарлар жуда кам.
Катта истеъдодга эга актёрлар ўз иқтидорига мос рол топа олмай, умрларини ўтказишмоқда. Кучли театр ва кучли дунёқарашга эга режиссура йўқлиги учун кундан кун ўзбек театри таназзулга юз тутмоқда.
Буни сезаман.
Бироқ барибир қандайдир бир потенциал ўзбек театрини ушлаб туради. Спектаклларда матнлар устида жиддий ишлашади, диалоглар фавқулодда ўткир ҳам чиқади, айнан Миллий театрни назарда тутсак, спектакл матнидаги ютуқларда Усмон Азимнинг катта меҳнати бор. Зотан, Усмон Азим олган унвонига лойиқ, адабий қобилияти юксак шоир. Шахсий табиати эса ўзига юк.
Ўзбек театрини чангалда тутиб турган куч – Каримов режимидир.
Театр бор ҳақиқатларни айтишга чоғланади, аммо цензура унинг овозини бўғади. Бугун ўзбек актёрларининг аксари Каримов маддоҳига айлантириб қўйилган. Бироқ шу нарсани мамнуният ила таъкидлаш жоизки, Каримов режимининг қаттолликларини чуқур биладиган халқ артистлари бор. Улар бу режимдан ўта норози. Аммо дардларини ичга ютишган. Актёр халқи одатда жуда эмоционал, аксари ҳолларда эса ҳақиқатпараст ҳам бўлади. Ўзининг иқтидорини билган актёр ҳеч қачон ўзини ерга урмайди.
Дарвоқе, Испандиёрнинг мақоласига қайтсак. У киши театр актёрлари гонарарсиз қолган деган ва айбдорларни келтирган. Мен у айтган фактларнинг тўғри ёки нотўғри эканини билмайман, Испандиёр ҳикоя қилиб берган фитналар ростдан ҳам бўлгандир, агар бўлган бўлса, бу Каримов режимининг расволигини асослаб берадиган бир далил. Уч йил актёрлар гонарарсиз тилини ютиб юришганининг ўзи ақлга сиғмайди.
Мени мақоладаги кичик бир нуқталар ўзига жалб этди. Бу Усмон Азим, Мурод Муҳаммад Дўст каби ўзбек адабиёти йирик вакилларининг Муҳаммад Солиҳ билан бўлган муносабатининг ёритилишидир.
Бу икки ижодкор Муҳаммад Солиҳ бўлган жуда яқин дўст бўлган дейилган ва уларнинг дўстлиги нима учундир жиноят даражасида баҳоланган.
Иккинчидан, Муҳаммад Солиҳни қўллаб-қувватлаганлар “пьяных сторонников и писателей” деб келтирилган.
Мақолада, асосан, Усмон Азим ва яна Мурод Муҳаммад Дўстга бўлган ички бир қора ғараз намоён, бу икки ижодкорни, иложи бўлса, йўқ қилиш учун муаллиф уларнинг Муҳаммад Солиҳ билан бўлган дўстлигини ўртага солади.
Бу билан бир чақимчилик (доносительство) ни амалга оширган. Яъни Каримов ўз рақиби билан дўст бўлган бу икки адибни уларнинг “гуноҳлари” учун жазоламаса ҳам, зора Муҳаммад Солиҳ сабабли жазоласа деган ғараз, чиркин ният бор.
Иккинчи томондан, Солиҳнинг “дўстлари” ана шундай пасткаш деган тасаввур уйғотишга зўр берилган. Солиҳнинг номини қоралаш билан муаллиф ўзини Каримовга, унинг югурдакларига ўзини содиқ бир жонзод сифатида кўрсатиб олишга чоғлаган.
(Аслида, Солиҳ ва юқорида исми зикр этилган икки ёзувчи дўстлиги хам зўраки «фактор». Улар иккалови ҳам сўнгги 25 йил ичида ҳукумат тарафида туриб фаолият кўрсатган шахслардир).
Ҳар қандай мақола, умуман, ижодкорнинг ҳар қандай бадиий ёки публицистик иши моҳиятан ҳақиқатни тиклаш учун хизмат қилиши шарт. Шунинг учун оммага тақдим қилинаётган мақолада иложи бўлса, ижодкорнинг шахсий “мен”и, манфаати умуман кўринмагани мақсадга мувофиқдир.
Ижодкор фақат ва фақат халқнинг – одамларнинг муаммолари ҳақида сўз юритиш учун масъул. Ижодкор учун шахсий оғриқлар, шахсий муаммолар эмас, халқнинг, жамиятнинг оғриқлари, муаммолари изтиробли бўлади. Агар ёзувчи одам эл, улусни эмас, ўз ғаразини ёқлай бошласа, демак, унинг ўлгани шудир.
Испандиёрнинг мақоласида шахсан камина ўзидан бошқа учун қайғуриш ҳиссини топмадим. У фақат ўзини биринчи планга қўйган. Ўзини жабрдийда кўрсатган. Кейин, нима учундир, Тўра Мирзо деган бир ёзувчини (уни Ўзбекистонда оддий халқ ичида ҳеч ким танимайди десак, умуман янглиш эмас) кўкларга кўтариб мақтаган.
Мақола кўз ўнгимда Испаниёр ва Тўра Мирзонинг шахсий ғаразлари йиғиндиси бўлиб намоён бўлди.
Гўёки Испандиёр ўз истеъдоди билан ўзбек адабиётида ажралмас ўрин топиб бўлган Усмон Азим ва Мурод Муҳаммад Дўстга бирор зарар бериш, уларнинг обрўсини тўкиш учун ҳаракат қилган.
Башарти, Испандиёрни ўзи айтганидек, ёзувчи деб тасаввур қилсак, унинг “ижодий мероси” ҳеч нарсага арзимаслиги, ҳатто, саъвияси паст бир ўқувчини ҳам ўзига жалб қила олмаслиги аниқ. Чунки асосан жиноят олами вакилларининг ола-тасир “ҳаёти” тасвирига бағишланган “роман”ларни бир марта ўқиб чиқиш ҳам увол.
Шундай экан, Испандиёрнинг икки адибга бу ҳужуми ва ўртага Муҳаммад Солиҳ номини тиқиштиргани унинг асл маънавий дунёси қанчалик тубанда қолганига далолат қилади.
Менда бир-икки мулоҳаза бор эди. Аввало, шунча ноҳақликлар бўлибди, нима учун Испандиёр бу дардини тўғридан-тўғри Каримовнинг олдига кириб айтмабди?
Шунча ғийбат билан бутун бошли интернет газетасидан жой эгаллаш шартмиди?
Унинг мақоласи оддий ўқувчиларга қандай манфаат берди?
Ўзбекистонда унинг оҳу дардини эшитадиган ва кенг оммага ёритадиган бирор оммавий ахборот воситаси топилмадими?
Албатта, бундай восита мавжуд эмас.
Шунингдек, Испандиёр қандайдир топшириқни бажариш учун бу мақолани ёзди дейишга ҳам асосимиз йўқ, шундай бўлган ёки бўлмаган тақдирда ҳам, бу чиқиши унинг ва Каримов режимининг ичидаги бир кирликни, қораликни, бадбўйликни билдириб қўйди.
Ҳурматли муҳаррир Исмат Хушев ҳамиша нейтрал ва холис позицияда бўлишга ҳаракат қилган, шунинг учун у турли қарама-қарши тарафларнинг чиқишларига ўз газетасидан кенг ўрин бераверади. Унинг бу фазилати мақтовга арзийди, аммо Испандиёрнинг ушбу мақоласи каби асоссиз гапларга тўла матнларни эълон қилишдан олдин ўйлаб кўриш зарурати бор, шекилли, деб қоламан гоҳо.
Чунки ўзганинг холислигидан ўз манфаати йўлида фойдаланадиганлар етарлича топилиши ҳеч кимга сир эмас.
“Исмат – демократ, унинг газетасида истаганча фитна қўзғай оламиз”, деб ўйлашларига йўл бермаслик керакдир.
Балки одамлар: “Исмат асосли ва ҳужжатли материалларни ёритади, бу ўйинимиз ўтмайди унга…” деган фикрда бўлишлари яхшироқдир.