ЎШ ШАҲАР МИЛИЦИЯСИНИНГ АСОСЧИСИ ВА БИРИНЧИ БОШЛИҒИ
Аммамнинг ўғли Азизулло Султонович Иззатуллаевнинг амакиси Болтиҳожи Султонович Султонов (1884-1919 йиллар) Ўш шаҳрини шарқий қисмини инқилобдан олдин бошқаришган Ўш шаҳар мингбошилари, катта оқсоқоллари мулла Султон Тоирбоевни катта ўғли ва мулла Қудрат Тоирбоевни жияни бўлган.
Б.Султонов 1887 йили Ўшда очилган рус-тузем мактабини муслим саводхонлиги ўқитувчиси, Ўш уездида Совет ҳокимияти ўрнатиш учун курашининг фаол қатнашчиси бўлган. Ўш мусулмон ишчилари ва чорикор депутатлари Кенгашининг асосчиларидан бири бўлган (21 август 1917 йил). Туркистон ўлкаси Кенгашларининг 3 съезди делегати (1917 йил). Ўш уезди солдатлари, ишчилари ва дехқон депутатлари Кенгашининг депутати, асосчиларидан ва раис ўринбосари бўлган (16-17 январ 1918 йилда сайланган).
Совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг Ўш шаҳар милициясининг асосчиси ва биринчи бошлиғи (5 феврал 1918 йил), кейинчалик уезд тергов комиссиясининг бошлиғи бўлган. 1918 йил 30 апрелида Туркистон АССРни тузган Бутунтуркистон Кенгашларининг 5 съезди делегати. Шунингдек халқ таълими ва совет мактаблари тизими тузишга ва ривожланишига катта ҳисса қўшган.
1917 йил май ойининг охирларида Ўш шаҳрида РСДРПнинг легал гуруҳи ташкил этилди. Унга А.Г.Аношин, Б.Султонов, Қ.Қобулжонов, М.Саримсоқовлар кирган. 1918 йил август ойигача Ўш шаҳар большевиклар партия ташкилотида 26 та киши бор эди холос. Фарғона вилояти Кенгашларининг 6 съездидан (6-7 декабр 1917 йил) кейин уездлардаги ҳокимият Кенгашларга ўтиши бошланди ва Ўш шаҳрида ҳокимият Кенгашга ўтгани эълон қилинди.
Ўш мусулмонлар ва чорикорлар депутатлари Кенгаши Ўш уезди Кенгашига асосий овозга эга хуқуқи билан ўзининг учта вакилини киргизди: Б.Султонов, У.Қосимхонов, Ю.Алиев. Ушбу Кенгашнинг қарори билан улар маҳаллий аҳоли депутатлари деб тан олинди. 17 январ 1918 йили Ўш уезди Кенгаши қайта сайланди ва большевиклаштирилди ва у уездда пролетариат диктатураси органи бўлиб қолди. Ўш уезди Кенгаши раҳбарлигида большевиклар А.Г.Аношин-раис (Ўшдаги большевиклар ташкилотининг биринчи раиси), ўринбосарлари Б.С.Султонов, Ю.Алиевлар бўлишган.
Советлаштириш жараёни ўлка Кенгашларини 5 съезди тарафидан тасдиқланди ва 30 апрел 1918 йили Туркистон АССР тузилгани хақида эълон қилинди, унинг таркибига Қирғизистон жануби ҳам кирди. Съезд ишида Ўш уезди Кенгаши делегатлари-большевиклар А.Г.Аношин, Б.С.Султонов, Л.Н.Гречаниновлар қатнашишди. 5 декабр 1918 йили Ўш уезди Кенгаши уезд-шаҳар революция қўмитаси бўлиб қайта тузилди. Б.Султонов Ўш вилояти халқ таълими ривожланишига катта ҳисса қўшди. 20 май 1918 йили у Ўшда халқ таълими кенгаши тузилишида фаол иштирок этди. Унинг бевосита иштирокида 1918 йил августида 95 та кичкинтойга мўлжалланган боғча очилди, 1918 йили Ўш уездида 13 та мактаб очилди, у ерда 939 та бола билим оларди.
1918 йил январ ойи охирида Ўш уезд-шаҳар милициясини ташкил этиш учун ҳарбий комиссия тузилди. 5 феврал 1918 йили ушбу комиссиянинг канцеляриясида халқ милициясини тузиш ва халқдан мусодара қилинган қуролларни милицияга беришга бағишланган Ўшдаги жамоат ташкилотларининг қўшма йиғилиши бўлди. Ўшдаги партия ташкилоти ўзининг энг яхши вакилларини ташкил этилаётган милицияга юборди. Ўш милициясининг биринчи бошлиғи бўлиб большевик Болтиҳожи Султонов тайинланди.
Совет ҳокимияти ўрнатилаётган даврда милиция пролетариат диктатураси органи бўлиб қолди. Қизил армия тузилгунга қадар революция ҳимоясида турди ва тарғибот-ташвиқот, сиёсий-тарбиявий ишларни олиб борди, милиция ходимлари қишлоқ ва волост ревкомлари ва мусулмон халқи орасида газеталарни тарқатди. Фуқаролик уруши ва босмачилик билан кураш даврида милиция функциясини бажарган ўз-ўзини ҳимоя қилиш отрядлари тузилди.
Босмачилик билан курашда Ўш шаҳар милициясининг, кейинчалик уезд тергов комиссиясининг бошлиғи Б.Султонов катта хизмат кўрсатди. Фуқаролар уруши даврида Ўш ҳудуди ва унинг теварак-атроф туманлари фронт майдонига айланди. Б.Султонов Туркистон фронти Реввоенсовети қошида 1918 йили ташкил этилган театр труппасига ҳам шу фронтнинг иштирокчиси, партиянинг тарғиботчиси бўлишни таклиф этди.
Театрнинг асосчиси оппоқдадам Раҳмонберди ҳожи Мадазимов шундай ҳикоя қилган эди:
— Қурбоши Мадаминбек Андижон атрофида изғиб, халқни талаб юрган эди. Ўш гарнизони Андижон ҳарбий қисмига қурол-яроғ билан ёрдам қилмоқчи бўлди. Лекин қуролларни қандай етказиш мумкин? Бу мушкулни театр артистлари ҳал қилдилар.
Соябон арава безатилиб, қурол-яроғлар текис тахланди. Устига полос, кўрпа-тўшаклар солинди. Раҳмонберди Мадазимов грим билан катта эшон қиёфасига кирди. Яна икки артист унинг “муридлари” бўлди. Уччаласи ҳам олдига эски китоблардан очиб, “хатми-хўжа” қилгандай йўлга тушишди. Арава Хўжаободга яқинлашганда милтиқ овози эшитилди. Ўн нафар босмачи келиб аравани ўради. Шунда аравакаш босмачиларга қараб, “жим” ишорасини қилди ва пардани қия очди.
Босмачилар “эшон” ва “муридлар”ни кўриб, таъзим қилишди. Сўнгра ҳурмат билан Андижонга кузатиб қўйди. Қурол билан таъминлаш мақсадида труппанинг бундай “постановкалари” бир-неча марта такрорланди.
1919 йили Болтиҳожи Султонов Ўшга бостириб кирган босмачилар қўлидан фожиали равишда ўлдирилди ва Ўшдаги совет ҳокимиятини ўрнатиш учун ҳалок бўлганлар қабрига биринчи бўлиб дафн этилди. Қабри Ўш шаҳар марказий скверида маданият уйини (ҳозирги рус черкови), Ўш вилояти ва Ўш шаҳар ҳокимликлари бинолари олдида жойлашган. Қабрда мемориал доска, юлдуз ўрнатилган ва қора плитада доимий олов ёниб туради. Бронзадан “Совет ҳокимияти учун курашда ҳалок бўлганларга шон-шарафлар” деган сўзлар ёзилган.
Болтиҳожи Султонов Қирғизистонда Совет ҳокимиятини ўрнатиш учун, таълимни ривожлантириш ва озодлиги учун курашган инқилобчи сифатида тарих варақларида абадийлаштирилишига муносибдир.
Б.Султонов ҳақида Қирғизистон фанлар Академияси томонидан 1987 йили чиқарилган Ўш вилояти Энциклопедиясининг 389 бетида расми ва 60, 101, 143, 209, 308, 331, 350, 379, 388, 414 бетларида, Қирғизистон ССР Энциклопедиясининг 1982 йил, 135 бетида, А.Абдуғофуровнинг “Ўшнинг оқил фарзандлари” китобининг 44 бетида маълумотлар берилган.
Ўшлик Султон мингбошини авлодидан бошқа кўплаб таниқли шахслар ҳам чиққан. Жумладан: Ўзбекистон ССР вазирлар кенгаши раиси ўринбосари, академик ва драматург Иззат Султон, Ўзбекистон ССР ички ишлар вазири ўринбосари милиция генерал-майори Мухтор Насруллаевич Султонов, Ўзбекистон ССР вазирлар кенгаши раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Ғани Султонович Султонов, Ўзбекистон ССР таълим вазири Султонов, Янгийўл тумани ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Азизулло Султонович Иззатуллаев.
Тожикистон ССР вазирлар кенгаши раиси, Ўш вилояти ва Ўш шаҳар ижроия қўмиталари раиси, Ўш шаҳар Помир автотрестининг директори (уни бошчилигида 1120 та одам ишлаган) Мамадали Қурбонов (невараси Раҳимахонни умр йўлдоши).
Куёви Мамадали Қурбонов шарафига Ўш шаҳар 15 сонли мактаби ва ўзи туғилиб ўсган Боткен вилояти Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғидаги мактаб ва Тожикистон пойтахти Душанба шаҳрида ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида кўчалар номига қўйилган.
Hamma haqida yozish shart. Tariximizni bilishimiz zarur.
Sovetlar (kommunistlar) ga xizmat qilganLAR haqida yozish shartmikan…