МАВЛОН ШУКУРЗОДА: АМЕРИКАЛИК БИРИНЧИ ЎЗБEК МИЛЛИОНEРИ
АМЕРИКАЛИК БИРИНЧИ ЎЗБEК МИЛЛИОНEРИ
Исокжон Нарзикул, Филодельфия (АКШ), 1980 йил.
Америкадаги туркистонликлар жамияти асосчиларидан бири Исоқжон Нарзиқулнинг ҳаёт қувончлари ва ташвишлари ҳақида
«Фожиавийлик одам ички дунёсининг туб моҳиятидир. Адолат, ҳаққонийлик йўлидаги фаолиятда ёвуз кучларга дуч келинганда, шахс хусусияти фожиали кечинмалар орқали очила боради. Фожиа – одамнинг бахт йўлидаги қайғули ҳамроҳидир. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам севги-муҳаббат, ҳам нафрат, ҳам даъват, ҳам садоқат бўлиб, охир-оқибат, одамнинг ўз умри бадалига ўзлигини намоён қила олишидир». (Чингиз Айтматов).
Исоқжон Нарзиқул Туркистон-Америка ассоциацияси президентлари орасида тадбиркорлиги, ишбилармонлиги ва ташкилотчилик қобилиятлари билан алоҳида ажралиб турарди. У ватансевар, миллатпарвар инсон эди. У Иккинчи жаҳон урушидан кейин, Америкага кўчиб ўтган биринчи ўзбеклардан биридир. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Америкада туркистонлик мухожирларни бирлаштириш, уларга амалий ёрдам бериш мақсадида Исоқжон Нарзиқулнинг ташаббуси билан, дўстлари Эргаш Шермат, Маҳмуд Мақсудбек, Ҳусуайн Икром, Рўзи Назар ва Шарифжон Алибеклар билан ҳамкорликда Туркистон-Америка Ассоциациясига (ТАА) асос солинади. ТАА нотижорат-нодавлат ташкилоти сифатида 1958 йили Пенсилвания штати ҳудудида рўйхатга олинади. 1960 йили эса Нью-Йоркда уни қайта рўйхатдан ўтказиб, ассоциация нуфузини федерал миқёсга кўтаради. Исоқжон ТААнинг биринчи президенти бўлиб сайланади ва 1958–1961 йилларда бу вазифани шараф билан бажаради. Исоқжон Нарзиқул Нью-Йорк шаҳри Бруклин мавзесида ТААнинг миллий-маданий маркази биносини сотиб олишга ўз шахсий маблағи билан катта ҳисса қўшиб, ТАА олдидаги унутилмас хизматлардан бирини амалга оширади. У Америкага кўчиб келган туркистонлик ватандошларга молиявий масалаларда амалий ёрдам берди.

Туркистон-Америка ассоциациясининг навбатдаги сиёсий тадбири. Вашингтон шахри.
Исоқжон Жиззах шаҳрида таваллуд топди. Ёшлигидан самарқанддаги ўрта мактабда билимга чанқоқлиги, интилувчанлиги билан кўзга ташланган ўспирин Тошкентдаги ҳарбий билим юртига ўқишга киради. Ўқишга кирар-кирмас, 2-жаҳон уруши бошланади. Исоқжон ўқишни тезкор дастур асосида тугатиб, биринчилардан бўлиб урушга жўнайди ва урушда лейтенант ҳарбий унвони билан ротага командирлик қилади. Шафқатсиз кечган жанглардан бирида армияси душман қуршовида қолиб, асирга тушади. Исоқжон асирликда минглаб бегуноҳ туркистонликларни қириб ташлаган фашистларнинг концлагер азобларини бошидан кечиради… Кейинчалик у Туркистон легионига қабул қилинади, офицер лавозимида 2-Туркистон батальонига рахбарлик килади… Урушдан сўнг Чехословакияда қолиб, у ерда словак миллатига мансуб Ева исмли жувонга уйланади. Ундан икки ўғил кўради. Кейинроқ Германияда яшаб, 1949 йили Чехословакия фуқароси сифатида АҚШга кўчиб келади. Исоқжон Нарзиқул америкадаги меҳнат фаолиятини оддий кўча супурувчи фаррошликдан бошлаб, кейин ишлари юришган ишбилармон, миллионерга айланади…
Исоқжоннинг болалик ва ўсмирлик йиллари
Исоқжон Нарзиқул 1923 йил баҳорида Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳрида туғилган. Отаси Маҳмуд Нарзиқул босмачи сифатида Советлар томонидан халқ душмани деб эълон қилиниб, 10 йилдан ортиқ Сибир сургунида бўлган, қамоқдан келганидан кейин эса 1939 йили сургунда ортирган оғир касаллик сабабли вафот этган эди. Коллективлаштириш даврида Исоқжоннинг буваси Нарзиқул ота колхозга раис қилиб сайланади. Лекин катта оила учун буванинг топгани етмасди, шунинг учун Исоқжон болалигидан онасига ёрдам беради. Мактабда у ўз истеъдодини намоён қилиб, чет тилларини яхши ўрганади ва маҳаллий газеталарга кичик-кичик мақолалар ҳам ёзади. Ўша мактабда ўқиб юрган кезларида, у ўша пайтда Самарқандда фаолият юргизаётган Ўзбекистоннинг собик рахбари Шароф Рашидовнинг назарига ҳам тушиб қолади. Шароф ака Исоқжон Нарзиқулга тўғри маслаҳатлар ва тавсияларни бергани у доимо эслаб юрарди.
Исокжон Нарзикул, Тошкент Олий харбий билим юрти талабаси. Тошкент, 1941 йил.
1933 йили 10 ёшлигида Исоқжон колхоз идорасига бориб иш сўрайди. Унинг иқтидоридан хабардор бўлган янги раис Исоқжонни бригада ишларини ҳисоб-китоб қилувчи табелчи вазифасига қўяди. 1939 йили «Қизил Ўзбекистон» газетасининг бош муҳаррир ўринбосари бўлган тоғаси уни Тошкентга билим олишга даъват этади. Исоқжон ўқиш учун, ўзига ёққан Тошкент Олий ҳарбий билим юртини танлайди. Билим юрти талабига кўра, курсантлар камида 18 ёшга тўлган бўлишлари керак эди. Исоқжон рус тилини яхши билиши ва бошқа фанлардан ҳам билими кучлилиги ҳисобга олиниб, ёш бўлса ҳам билим юртига қабул қилинади. Кейинчалик у билим юртининг аълочи талабаларидан бири бўлиб танилади. Мазкур билим юртида, асосан, русийзабон миллат вакиллари ўқир, ўзбек талабалар эса бир-иккита холос эди. 1939 йили Исоқжон Тошкентда Эргаш Шермат билан танишади ва умрбод у билан дўст бўлиб қолади. У Эргаш Шерматдан Туркистон миллий озодлик ҳаракати масалалари бўйича илк сабоқларни олади. Ундан биринчи бор Туркистон миллий озодлиги ҳаракати намояндаси Мустафо Чўқай тўғрисида эшитади.
Исоқжон Нарзиқул 2-жаҳон уруши йилларида
1941 йили Исоқжон ўқиган ҳарбий билим юртида дарсларнинг тезлаштирилган дастури эълон қилинади. 10 июнь куни Исоқжон Нарзиқул ҳарбий билим юртини битириб, лейтенант унвонини олади. У 18 ёшга тўлмасдан туриб Болтиқбўйи ҳарбий округига ҳарбий хизматга юборилади. Вақт тиғизлигидан у ҳатто онаси билан хайрлашишга ҳам улгурмайди… 22 июнь куни эса СССРга Германия ҳужум қилади. Шу куни у Латвияда биринчи бор немис самолётларининг бомбардимони ва ҳақиқий урушнинг жаҳаннам ўти нима эканини ўз кўзи билан кўради. Немислар артиллерия ва миномётлардан ўққа тутиб ҳужумга ўтадилар. Урушнинг илк кунлари аксарият ватандош аскарлар нобуд бўлади, ҳамма ер қонга беланади. Исоқжон ўшанда биринчи бор ўлим билан юзлашади… Оғир аҳволда ярадор ётган Исоқжонни немислар асирга олишади…

Латвиядаги фашистларнинг концлагери… 1941 йил.
Концлагердаги ватандошларимизнинг қисмати.
Асирга олинган барча яҳудийлар фюрер буйруғига биноан сўзсиз отиб ташланар эди. Уларга ўхшаш суннат қилинган минглаб мусулмон туркистонликлар ҳам урушнинг биринчи кунлари яҳудийлар деб отиб ташланган эди. Польша концлагерида дастлабки кунлар яҳудий деб гумон қилиниб 28000 туркистонлик отиб ташлангани кейинчалик Исоқжонга маълум бўлади. У немис тилини билгани боис, туркистонликларни яҳудийлардан қандай фарқлашни тушунтиради ва шу тариқа кўпчилик туркистонликларни ўлим чангалидан асраб қолади. Худди шу тарзда, яҳудийларга ҳам мен туркистонликман, деб айтишни, керак бўлса, калимаи шаҳодатни ёдлаб, айтишни тайинлайди. Кўпчилик яҳудийлар унинг гапига амал қилиб, жон сақлаб қолишади… Асирлар кейинчалик Каунас (Литва) яқинидаги лагерга кўчирилади. Бу ерда улар тиббий кўрикдан ўтказилади. Исоқжон яраси тузалгач, Пруссиянинг Эйбенрот шаҳридаги концлагерга жўнатилади.

Фашистларнинг концлагеридаги махбуслар…
Дунё ҳамжамияти томонидан 1929 йили қабул қилинган ҳарбий асирлар тўғрисидаги Женева конвенциясини фақат СССР ратификация қилмаган эди. Сталин, «Бизда асирлар йўқ, фақат сотқинлар бўлиши мумкин», деган ақидага ёпишиб олган эди. Шу сабабли совет ҳарбий асирларини фашистлар энг оғир ва одамзот чидай олмайдиган қийноқларга солишарди. Унда уларнинг кўпчилиги очликдан, касалликдан, мадорсизликдан ва фашистларнинг жаҳаннам ўти бўлмиш крематорийларидан ўлим топар эдилар. Чунки улар ҳуқуқи йўқ асир эдилар.
Қишлоқда меҳнат қилиб чиниққан Исоқжон концлагернинг совуқларига, оғир ҳаётига чидайди. Бир томондан русчани, иккинчи томондан немис тилини билгани унга қўл келади ва бу ерда у секин-аста ўз ўрнини топа олади. У бўш вақтини латишлар ва туркистонликлар даврасида ўтказарди. Улар орасида бўлиб, советлар зулми тўғрисида ўзи учун кўп янгиликларни эшитади…
Исоқжон Нарзиқулнинг Шарқий легионга қабул қилиниши

Туркистон легиони асосчиларидан бири Вали Каюмхон.
1941 йилнинг сентябрида Исоқжоннинг лагерига Фон Менде деган немис профессори келиб, туркистонликлар билан учрашув ташкил қилади. У Туркистон тарихини яхши биладиган катта мутахассис бўлиб, асир тушган туркистонликлар билан ўзбек тилида гаплашади ва туркистонликларнинг ҳаёти келажакда яхши бўлишига ишонч билдиради. Унинг ёнида туркистонлик Вали Қаюмхон ҳам бор эди. Вали Қаюмхон Туркистон миллий озодлиги учун кураш олиб борилаётгани тўғрисида гапириб беради. Вали Қаюмхон улар билан суҳбатлашиб, Туркистон миллий озодлиги учун курашиш истагида бўлганлар рўйхатини тузади. Кейинроқ яна келишини айтиб, қайтиб кетади.
Икки ҳафтадан сўнг, бир гуруҳ немислар лагерга келиб рўйхатни ўқиб эшиттиришади, унда собиқ офицерлар, зиёлилар бор эди. Уларни лагернинг бошқа томонига олиб кетишади. Кейин уларни Олмониянинг Люкинволд шаҳрига олиб келишади. Бу ерда асирларни немис тилига, немис ҳарбий техникасидан фойдаланишга ўргатадилар. Исоқжон Нарзиқул туркистонликлар орасида юриб, ўшанда Туркистон замини қанчалик бой ўлка эканини, қадимдан савдо-сотиқ маркази бўлганини, унинг ер ости бойликларини Масков ташиб кетаётгани ҳақида биринчи бор эшитади. Бир куни улар олдига Вали Қаюмхон келиб, тез орада хушхабар эшитишларини, Туркистон ҳам болшевизм чангалиадн халос бўлиб озодликка чиқишига оз қолганини айтади.
Шарқий легион таркибида биринчи Туркистон полкининг тузилиши
1300 туркистонлик етти ротага тақсимланиб, алоҳида баталён тузилади. Немислар уни нима учундир «Шерлар баталёни» деб атайди. У пайтларда ҳали Туркистон легиони тузилмаган эди. Тузилган роталардан бири коммуникация-артиллерия ва қолганлари пиёда-оператив гуруҳлар сифатида хизмат қилади. Исоқжон Нарзиқул коммуникация бўлими бошлиғи – алоқа катта сержанти этиб тайинланади ва унга 240 та аскар берилади. 1941 йилнинг 11 декабрида Шарқий легионнинг Туркистон батальони аскарларига Вермахтнинг улар учун янги тайёрланган янги кийимлари топширилади. Батальон аскари кийимининг Вермахт аскари кийимидан фарқи, ўнг енгида «Аллоҳ биз билан» сўзлари ёзилган Туркистон эмблемаси бор эди. Ўша кунлари Исоқжон ҳам туркистонликлар орасида биринчилар қаторида сержантликдан офицерликка ўтказилади.
Исоқжон Нарзиқулнинг СССР ҳудудига қайта кириши

Туркистон легиони аскарлари. 1942 йил.
1941 йилнинг сўнгги кунларида Исоқжон Нарзиқул СССРнинг Шимолий Кавказ ҳудудига жўнатилади ва Таврия, Краснодар, Ставрополь, Ростов-Дон ва бошқа жойларда жанговар бўлмаган турли харбий-хужалик ишларга жалб қилинади. Улар йирик завод ва коммуникация обектларини қўриқлашади. 1942 йили у Германияга чақиртирилиб, Украинага жўнатилади. Киевдан қайтгач, Исоқжон Нарзиқул Люкенволд (Олмония) ёнида жойлашган туркистонликлар учун тренинг мактабига келади. Сўнг Польшага юборилади. Раҳбарларнинг мақсади унинг тажрибасини ҳар тарафлама тезроқ ошириш ва бошқа каттароқ лавозимларга тавсия қилиш эди. 1942 йилнинг май ойига келиб Туркистон легионида хизмат қилишга ёзма розилик билдирган туркистонликлар сони 130 мингдан ошган эди. Вали Қаюмхон раҳбарлигида туркистонликлар қурултойи ўтказилади. Унда Вали Қаюмхон қилинадиган ишлар режаси, Туркистон мустақиллиги учун кураш тўғрисида маъруза қилади. Урушнинг айни қизиган пайтида Гиммлер ва бошқаларнинг қаршилигига қарамай, қурултойни ўтказишга муваффақ бўлинади. Исоқжон ватандан олисда билимли, ақлли ва зиёли ўзбекларни кўриб жуда қувонади. Русларнинг туркистонликлар уқувсиз, билимсиз кишилар, деб гапиришлари ёлғон эканига яна бир карра амин бўлади.
Исоқжоннинг келажакка бўлган ишонч ва умиди.

Туркистон легиони эмблемаси.
1943 йилнинг апрелида тренинг марказида бир неча минг туркистонликнинг таҳсилларини якунлашларига бағишланган тадбир бўлиб ўтади. Битирувчилар кейинчалик Туркистон легионига хизматга юборилади. Тадбирда сўзга чиққан Вали Қаюмхон уларни Туркистон озодлиги учун фидойи бўлиб курашишга даъват этади. Улар орасидан тренингда билим савияси билан алоҳида ажралиб турган 70 киши офицер ва имом лавозимларига тавсия қилинади. Туркистон легиони аскарлари бу даврга келиб 180–200 мингга яқинлашган эди.
Исоқжоннинг немис офицерларига муносабати

Эргаш Шермат Булокбоши. Исокжон Нарзикулнинг гоявий устози.
Исоқжоннинг гапига қараганда, Гитлер Берлинга катта умидлар билан боққан бўлса-да, Берлин аҳолисининг ҳаммаси ҳам унинг фашистик ғоясини қўллаб-қувватламас эди. Немисларни Исоқжон турли тоифаларга бўлган, чунончи, офицерлар ичида туркистонликларни унча хушламайдиганлари ҳам борлигини пайқаган эди. Мазкур масалада унинг ғоявий устози Эргаш Шермат билан тез-тез мулоқот қилиб турар ва маслаҳат олар эди. Эргаш Шермат унга немисларнинг бизга бўлган муносабатларига эътибор бермай, Туркистон озодлиги йўлида, тишни-тишга қўйиб, мақсад сари дадил бориш кераклигини айтади. «Тарихда ҳеч вақт Германиянинг Ўрта Осиёни истило қилиш режаси бўлмаган. Советлар эса доимо бизни босиб олиш пайида бўлган. Украина Россия билан Германия ўртасида, шу сабабли уни ўз тасарруфига олиш учун кураш олиб боришмоқда», деб таъкидларди ўшанда Эргаш Шермат.
Исоқжоннинг Германия ҳақидаги илк хулосалари

Туркистон легиони рахбарларидан бири Боймирза Хайит.
Исоқжон Германияда, хусусан, Берлинда жуда кўп музей, кутубхона ва бошқа зиё масканларида бўлиб, зиёли одамлар билан учрашади, улардан дунё тарихи, маданиятини ўрганади. Рус-немис сиёсатини тубдан ўрганишга эришади. Бундан ташқари, немислар туркистонликларга, иккинчи даражали миллат вакили сифатида қараганларидан ҳам озор чекади. Нацистларнинг такаббурлиги Исоқжоннинг ғашига тегса-да, у чидаб туришга мажбур эди. 1943 йилнинг иккинчи ярмида Исоқжон Грецияга юборилади. Греклар немисларни хуш кўрмасдилар. 1944 йилнинг кузида эса у Чехословакияга жўнатилади. Боймирза Ҳайитнинг кўрсатмаси ва тавсияси билан Исоқжон Словакияда жойлашган 2-Туркистон баталёни командири этиб тайинланади ва унга Вермахт капитани унвони берилади. Шундай қилиб, Исоқжон Нарзиқул Туркистон легиони (Шарқий Европа қисмидаги) раҳбарлари ичида ўз ўрни ва даражаси бўйича учинчи лавозимни эгаллайди. Шу даврда немис офицерлари билан айрим келишмовчиликлар авжга чиққан эди…
Исоқжоннинг партизанларга қўшилиши ёхуд янги ҳаёт бўсағасида

1944 йилнинг сўнгги кунларида Исоқжоннинг сафдоши, 1-Туркистон баталёни командири К.Алимов кириб келаётган янги йил муносабати билан кичик ўтириш ташкил қилмоқчи бўлиб, бир неча немис офицерини ўз уйига таклиф қилади. Ҳарбий статуси бўйича у Исоқжондан бир поғона устун эди. Исоқжонга ҳам бу ўтиришга зудлик билан етиб келишни буюради. Кеча бошланади, немисларни атайлаб қаттиқ ичиришади, сўнгра К.Алимовнинг аскарлари барча немис офицерларини ўша ернинг ўзида отиб ташлашади. К.Алимов Исоқжон Нарзиқул ва ўзига қарашли мингдан ортиқ аскарга немислардан фойда йўқлигини, улардан қочиб Словак партизанларига қўшилиш вақти келгани ва советлар шунда уларни кечиришини айтиб, бирга кетишга даъват қилади.
Исоқжонга бу таклиф унчалик ёқмайди, аммо Алимов унга икки офицерни қўшиб, бирга кетишга мажбур қилади. Словакия ҳудудида уларни партизанлар бошлиғи полковник Болшинский кутиб олади ва у ҳам совет ҳукумати албатта кечиришини айтади. Лекин совет ҳарбий мактабида таълим олган Исоқжон русларга ишонмас, советлар ҳеч қачон асирга тушганларни кечирмаслигини биларди ва бу ердан қочиб кетиш йўлларини ахтара бошлайди… У яна ғарбга қайтишга аҳд қилади. Партизанлар бошлиғи Исоқжонга 100 та солдатга раҳбарлик қилишни топширади. Биринчи жангдаёқ Исоқжон ҳийла ишлатиб, ўзини ўлдига чиқаради ва ишончли 8–10 аскарлари билан Ғарбга ўтиб кетади. Алимовнинг аскарлари партизанларга рота қуршовда қолганини ва жангда Исоқжоннинг ўлганини етказишади. Шундай қилиб, 1945 йилнинг бошида Исоқжон Нарзиқул учун уруш тамом бўлади…
Исоқжоннинг Чехословакиядаги ҳаёти
Нью-Йорк, Туркистон миллий маданий Марказни очилиш маросими. Уртада Исокжон Нарзикул.
1945 йилининг бошида Исоқжон Нарзиқул жанговар дўстлари билан Чехословакиянинг Долна-Ждана шаҳрига келиб, бу ерда муқим бўлиб қолади. Унга немис ва словак тилларини билиши қўл келади. У Франк Фридреич исмли бадавлат Словак уйида қолади. Унинг Ева, Елена ва Мейна исмли уч қизи бор эди. Исоқжон Словакияда яшаганида маҳаллий полиция ва совет маҳкамалари уни уч марта қаттиқ сўроққа тортиб, СССРга жўнатишга уринадилар. Аммо у ҳар гал ҳийла ишлатиб бир амаллаб қочиб қутулади. Биринчи сўроққа чақиришганда полиция ходимларини алдаб, полиция маҳкамасидан қочиб ўрмонга яшириниб олади. Иккинчисида унга эски таниши – совет комендатурасида ишлаётган самарқандлик яҳудий Сатторов ёрдам беради. Исоқжон 1941 йили концлагерлардан бирида фашистларга Сатторовни ўзбек танишим деб айтиб ўлимдан қутқариб қолган эди. Учинчи тафтишда унга бир татар майор катта ёрдам беради. Шундай қилиб Исоқжон СМEРЧдан (СМEРЧ /СМЕРШ (қисқача маъноси «Шпионларга ўлим!») омон қолади. СССР мудофаа Халқ комиссарлигига қарашли «СМEРЧ» контрразведка Бош Бошқармаси 1943 йилнинг 19 апрелида шахсан Сталин ташаббуси билан ташкил қилинган. Собиқ Иттифоқ Мудофаа вазирлиги архиви маълумотларига кўра, «СМEРЧ» филтридан 1943–1946 йилларда олти миллион киши ўтган, улардан чораги қатл қилинган.)
Исоқжон 1945 йил охирида Франк Фридреичнинг ўзи ёқтириб қолган катта қизи Ева Фридреичга уйланади ва ўша йили Чехословакия фуқаролигини қабул қилади. Қайнотасидан бизнес сирларини, хўжалик юритишни, молия ҳисоб-китоби, назорати ва ҳаёт учун зарур бошқа нарсаларни ўрганади. Айнан мана шу амалий билимлар унга АҚШда миллионер бўлишига ёрдам беради. Аммо Советларнинг Европада социалистик лагер қуриши Исоқжонни Ғарбий Германияга кетишга мажбур қилади. У оиласини қолдириб Ғарбий Германияга ўтиб кетади.
Мюнхендаги учрашувлар
Исокжон Нарзикул хаёти давомида куп дуст ортирган. Германиянинг 5- канцлери, дусти Гельмут Шмидт биланг бирга. Бонн, 1979 йил.
1948 йили Исоқжон Нарзиқул Мюнхенда Боймирза Ҳайит, Эргаш Шермат ва бошқа туркистонликлар билан учрашади. Улар майор Алимов, Сатторов ва Жўрабойлар кўпдан буён совет агентлари эканликларини, Советлар улардан тўлиқ фойдаланиб бўлгач, Сибир турмаларига жўнатганликлари хусусида айтиб беради. Исоқжон Мюнхенда бироз қийналади, лекин иш топиб, Евага ва икки боласига пул, озиқ-овқат юбориб туради. У Евани ҳам Ғарбга олиб кетмоқчи бўлади. Лекин Ева бунга кўнмайди, чунки Исоқжоннинг ўз уйи йўқ, бундан ташқари, касал онасини ташлаб кета олмас эди. Исоқжон чорасиз қолади. Ўша вақтдаги вазият унинг Америкага кетишини тақозо этади. Кўп ўтмай Канадада яшовчи эски таниши Мартин Суезз уни чақириб, яхши бир иш таклиф этади. Лекин у Андрей деган дўстининг маслаҳати билан Мюнхендаги брокерлик фирмаси бўлими орқали Чехословакия фуқароси сифатида Америкага кетади.
Америкадаги ҳаёт. Биринчи ўзбек миллионери.

Исокжон Нарзикул.
1949 йилнинг 30 апрелида Исоқжон Нарзиқул Нью-Йоркка келади. У ўзбеклар орасида Америкага кириб келган биринчилардан эди. Нью-Йоркда уни Андрейнинг акаси кутиб олади ва Филаделфияга юборади. Исоқжон дастлаб Филаделфия шаҳридаги «Женерел Стил» корхонасида ҳовли супурувчи бўлиб ишга киради. Кейинчалик машҳур «Боинг» самолётлари ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорлик қиладиган ва унга керакли детал ҳамда мосламаларни етказиб берадиган «Балдвин Мануфактуринг Компани» корхонасига ишга ўтади. Шу кундан эътиборан Исоқжон ўз устида ишлаб, тил ўрганади, техника ва бошқа нарсалар билан жиддий шуғуллана бошлайди. Қисқа муддат ичида инглиз тилида сўзлашишни ўрганиб олади. Исоқжонни яхши билганлар унга тузукроқ иш таклиф қилишади, шунингдек Американинг махсус давлат бўлинмалари ҳам унга бир неча бор қизиқиш билдиради ва жиддий иш таклиф қилишади. Аммо у барча таклифларни рад этиб, фақат бизнес билан шуғулланишини айтади.
Исокжон Нарзикул ва рафикаси Мерий. Филадельфия, 1965 йил.
1951 йили у Америкада Мерий исмли ирланд аёлга уйланади ва уч ўғил кўради. Эрининг бизнес ишларига Мерий ҳам қўшилиб, секин-аста ўз ишларини йўлга қўйишади. Исоқжон корхонада ишламай чанг босиб ётган станок ва машиналарни сотиб олиб таъмирлайди ва ижарага олган жойида қайта ишлатади. Ижарага олган корхонанинг бўш майдонларини кейинчалик бирин-кетин сотиб ола бошлайди, янги цех ва ишчи кучларини кўпайтиради. 1960 йили у бутун корхонани сотиб олиб эгалик қила бошлайди. Ўша йиллари унинг бир йиллик айланма маблағи 500 минг АҚШ долларидан ошиб кетади. Тез орада у америкалик ўзбеклардан чиққан биринчи миллионерга айланади. Исоқжон Нарзиқул Америкадаги туркистонликлар жамиятини ташкил этишдаги ролини биз юқорида қисқача ёритиб ўтдик.

Исокжон Нарзикулнинг угли доктор Грегори Исокжон.
1968 йилнинг августида Прагада ҳарбий тўнтариш бўлганлиги сабабли аввалги хотинидан кўрган иккала ўғлини Америкага чақириб олади ва барча фарзандларини касб-ҳунарга ўргатади, ўқитади, катта ҳаётга йўллайди.
1971 йили Исоқжон Нарзиқул биринчи бор онасидан мактуб олади. Кўп йиллик уринишлардан сўнг волидасини Америкага чақиртириб олади. Унинг сўзларига қараганда, бу у учун ҳаётидаги энг қувончли дамлар эди. Америкада онаси Жўрабой дўсти 25 йил Сибир турмахоналарида ўтириб чиққанини гапириб беради. Бундан ташқари у бир куни мастлигида Исоқжон ўлмай тирик қолган, деб айтганини, бу сўзларга бир ишониб-бир ишонмай, ўғлини кутганини Исоқжонга гапириб беради.

Америкада илк учрашув: Исокжон Нарзикул, рафикаси, синглиси ва куёви билан. Филадельфия, 1985 йил.
1978 йили Исоқжоннинг онаси Ўғилой ая вафот қилади. 1981 йили СССР ҳукумати Исоқжон Нарзиқулга Ўзбекистонга келиб-кетишга рухсат беради, аммо Исоқжон Нарзиқул Эргаш Шермат ва бошқа дўстларининг маслаҳати билан СССРга бормайди. Чунки уларда совет тизимига ишонч йўқ эди.
1989 йили Ўзбекистон мустақиллигига икки йил қолганда Исоқжон Нарзиқул оламдан кўз юмади. У Пенсилвания штатининг Филаделфиядаги қабристонига дафн қилинади.

Исокжон Нарзикулнинг кабри ёнида… Филадельфия, 2013 йил.