Хамроқул Асқар: МУБОРАК НАВРЎЗ АЙЁМИ ТАБРИГИ (Дўстим Исмат Хушевга)
Эъзгулик элчиси бўлсин сайтларинг.
Муҳаббатга ошно бўлсин байтларинг…
Хамроқул Асқар
НАВРЎЗ АЙЁМИ ТАБРИГИ
Дўстим Исмат Хушевга
“Дунё ўзбеклари” айлади ишғол,
Дилларни қитъалар, уммонлар оша.
Исмат Хушевни ҳам эслашар хушҳол,
Ватан фурқатлари ўзга яраша.
То, ҳаёт бор экан инсон зотига,
Сув билан ҳаводай зарур ҳақиқат.
Аччиқ қамчи урмай даврон отига —
Англасак бўлгани надур тариқат!
Хотинни алдама, болангни тинч қўй.,
Мўъжаз рўзғорингнинг бўлгайсан шоҳи.
Гоҳида Самарқанд, Торонтада тўй,
Улгурмай қоласан кечикиб гоҳи…
Сени унутганни унутгин сен ҳам,
Душманинг тушига кирма беташриф.
Қаерда дили шод, озоддир одам –
Ўшал маскан Макка, Қуддиси шариф.
Момом дуосини эслайман ҳануз,
Инсоф берсин., дерди азиз шоҳларга.
Таомни бузгайдир гоҳо чимдим туз,
Тўқлар қулоқ солмас оҳу воҳларга.
Душман орттирма., деб айтарди отам,
Дуолар айлагач нон – туз ҳақига.
Истиқлолдан сўнг озод бўлса ҳам,
Душман камаймади ўзбек халқига?!
Буғдой донасидай сочилиб гирён,
Турон фарзандлари кезади жаҳон.
Бир тараф Россия, Америка бир ён,
Бизни қул қилмоққа интилар ҳар он.
Кимнинг ҳақи бўлса бир кун узармиз,
Токи, жонимиздан бўлгунча жудо.
Ташқи душман билан сулҳ ҳам тузармиз,
Ички душманлардан асрасин Худо!
Эски йил кетгиси келмай турипти,
Иши чала қолган бозорчи каби.
Шоиринг оқидан яна урипти –
Хонавайрон бўлган янгибой каби.
Дунё ўзбеклари меҳрга маҳтал,
Эъзгулик элчиси бўлсин сайтларинг.
Ҳамиша битганинг шеър ила ғазал,
Муҳаббатга ошно бўлсин байтларинг…
Хамроқул Асқар
САЛОМ БАҲОР,
АССАЛОМ НАВРЎЗ
Баҳор дея энтикар боғлар,
Салласини силкитар тоғлар,
Сир қолмади сирларда энди,
Кир қолмади қирларда энди —
Қайдан келди, қайлардан келди,
Илк севгига ўхшаган чоғлар!
Салом баҳор, ассалом наврўз,
Салом наврўз, ассалом баҳор!
Гўзал кўклам сеники бўлсин,
Неки кўркам сеники бўлсин,
Кўҳна ўлкам сеники бўлсин –
Қайдан келди, қайлардан келди,
Илк севгига ўхшаган чоғлар!
Салом баҳор, ассалом наврўз,
Салом наврўз, ассалом баҳор!
Осмонларга сиғмас бургутлар,
Фарғоналар, Жиззах, Ургутлар,
Дарёларни ташир булутлар –
Қайдан келди, қайлардан келди,
Илк севгига ўхшаган чоғлар!
Салом баҳор, ассалом наврўз,
Салом наврўз, ассалом баҳор!
17.03.2007