«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Умида ТУРСУНОВА: ҚЎШНИЛАР (Сумалак ҳикояси)
ҚЎШНИЛАР
Дийдорингиз ғанимат, тезрок чиқинг қўшнилар,
Сумалак бир баҳона, кўришайлик қўшнилар.
Қорлар эриб, совуқнинг ҳовридан тушганига бир ҳафта бўлгани йўқ. Ҳаво бирдан исиб кетиб, ёзнинг жазирама кунларига ўхшаб қолди. Яқиндагина жонга тегиб кетган қишнинг қачон тугашини орзиқиб кутиб ўтирганлари эсдан чиқиб, oдамлар энди иссиқдан нолий бошлаган.
Пўлатой элликка бориб қолган бўлса ҳам, ёшлигидагидек чаққон. Қошлари қоп-қора, оппоқ думалоқдан келган юзи қизи Хуршиданикидан фарқ қилмайди. Хуршидани кўрганлар “Сетора” гурухидаги Феруза деб ўйлайди. Пўлатойнинг, юзига мос келмаган улкан гавдасининг оғирлиги гўё йўқдай, у тонг-саҳардан туриб, чаққонлик билан Чорсу бозорига жўнади.
Чорсуни у уйларига яқингина жойлашган Марказий универмаг ёки Госпитал бозоридан ҳам яқин деб ҳисоблайди. Ростдан ҳам, уйининг тагидаги “Ойбек” метросига тушса, ўн минут ўтмай, “Чорсу”дан чиқади. Бозордан у яхши буғдой олиб келди. Буғдойни ҳар йили Пўлатойнинг ўзи олади, бошқаларга ишонмайди. Сумалак учун энг яхши буғдой бўлиши керак, деб ҳисоблайди у. Буғдойнинг яхшисини олган бўлса ҳам, уйга келгандан кейин битталаб тозалайди, сал чети ейилиб қолган донани ҳам ажратиб ташлайди. Буғдойни кўкaртириш учун балконидаги сўрига чиройлик қилиб клиёнка солади, ивитилган буғдойни бир текис қилиб сепиб чиқади. Унинг буғдойлари етти кун ўтгандан бармоқ тенги бўлиб, кўкариб чиқади.
Бизникига Ҳилола қизини юборади. Биз Пўлатойлар билан тўққизинчи қаватда турамиз.
— Гўшт майдалагич, элак ҳамда тоғорангизни олиб бизникига чиқаркансиз, ойим сумалак бошлаймиз, дедилар. Кейин Ҳилола олтинчи қаватга тушиб кетади. Қолганларга телефон қилинади.
Иккинчи қаватдан бошқа Пўлатой чиқади. Бу Пўлатой тиш доктори бўлиб ишлайди. Унинг учта боласи бор. Иккита ўғли Шомаҳмуд билан Шомақсуд тиббиёт институтида ўқишади. Феруза қизи эса тиббиёт билим юртини тамомлаган. Пўлатойнинг эри «Шарқ» нашриётида ишлайди. Бу нашриёт аввал партия МК нинг нашриёти деб аталар эди.
Қўшнимникига чиқсам, Лаъли опамиз шу ерда эканлар. Лаъли опа “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаган, ҳозир эса нафақага чиққанлар. Маҳaллада Лаъли опа янги чиққан асарлaрнинг шархловчиси. Буни ўқинглар, буниси қиззиқ эмас экан, деб ахбарот бериб туради. Унинг тўртта боласи бўлиб, иккита қиз, иккита ўғли бор. Қизлари Ҳулкар, Нилуфарлар маҳалланинг гўзаллари эди. Опа-сингиллар бу опа-сингилларни келин қилишган. Ўғли Шаҳриёр ёзувчи Вали Ғофуровнинг набираси Нилуфарга уйланган, Бахтиёри эса, нашриётда ишлайди. Лаъли опанинг турмуш ўртоғи Шофайзи Шoисмоилов журналист ва шоир, аввал “Ўзбекистон овозида” ишлагaн, ҳозир “Жаҳон адабиёти” журналида ишлайди.
Маҳаламизда журналист, ёзувчи, шоир, артист, нашриёт ходимлари, олимлар кўп. Қўшниларимизнинг кўпини республикамизда яхши танишади. Улардан Клара Жалилова, артист (биринчи бор “Мафтунингман” фильмида ўйнаган), Мансур Тошматов (Ғанижон Тошматовнинг ўғли, қўшиқчи), Абдунаби Бойқўзиев, Шоҳруҳ ака Акбаров — адиблар, Маъмура Эргашева, онаси Тўти опа (раққосалар), Гулбаҳор Сулаймонова (қўшиқчи), Ўлмас Алиҳўжаев (“Ўткан кунлар”да Отабекни ўйнаган), Гавҳар опа “Баҳор” ансамблида раққоса бўлган.
Яна ёзаверишим мумкин, лекин мен ўзим яхши таниганларни ёзаябман.
Шундай қилиб Пўлатойникида Лаъли опа бор экан. Мендан кейин “тўртқaват” дан, биз рўпарамиздаги тўрт қаватли уйларни шундай деб атаймиз, Собира опа (“Россия” меҳмонхонасида ишлаган), Қутби опа (эри учувчи эди), Сайёра опа (Ўзбекистон фанлар Академиясининг Химия институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада)лар чиқиб келишди.
Клара опа келмас экан, улардан айтиб юборибди. Чарчаб келган эканлар; уларнинг чарчаб келганига ишонамиз, чунки Пўлатойга ўхшаганлар Чорсуга кўпи билан бир соатда бориб келса, Клара Жалилова учун кун бўйи юрса ҳам етмaсди. Клара опанинг yчта ўғли бор, синглисининг қизи Наргизани ҳам Клара опа катта қилган. Ўғиллари “Ойижон, сиз бозорга борманг, ўзимиз югуриб бориб келамиз,” деганига қулоқ солмай, айланиб келаман, деб чиқиб кетаркан, халқсиз туролмайди.
Бозорда Клара опа одамлар билан ҳангома қилиб келади. Катта ёшлиларнинг ҳаммаси уни яхши танийди. Клара опа ҳам эринмай уларга “интервью” бериб келади.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, менинг “гап”им бир сафар рўза вақтига тўғри келиб қолди. Ҳамма ифторлик вақтига келиши керак эди. Битта Клара опанинг келишини кутиб ўтирибмиз, тез келавермади. Бир-икки марта чиқиб зинапояларга қулоқ солиб келдим. Клара опа бизга келганда, қўрқамaн, деб, тўққизинчи қаватга чиқишда лифтдан фойдаланмасди, дойим пиёда чиқар эди. Бир вақти Клара опа шошиб кириб келди.
— Бошлайверинглар, мен бугун оғзимни очиб қўйганман, — дейди у. Кейин билсак, Клара опа бозорга борибди, қайтишдан олдин нишолда олиб кетай, деб нишолдафурушларнинг олдига борибди. Одати бўйича аввалига роса ҳангома қилган.
— Клара опа сиз ҳам рўза тутасизми? — деб сўрабди биттаси. — Алҳамдуллоҳ, мусулмонман, албатта тутаман, семизлигимга тутмайди деб ўйлайсиларми, ширинликни яхши кўраман-де. Рўзани эса, худога шукур, ҳар йили тутаман, — дебди.
— Ёшлигингизда жуда чиройлик бўлгансиз-а, “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан”, ашулангизни жуда яхши кўраман-да, мана менинг нишолдамни кўринг, арзон у ёқда турсин, сизга текинга ҳам бериб юбораман, дебди муҳлисларидан бири бўлган нишолдафуриш. Клара опа кўрсаткич бармоғининг учида нишолдадан татиб кўрибди. Ўша нишолдафуришнинг ёнида ўтирган ўрта ёшли аёл: Клара опа мана буни бир кўринг, нақ асал дейсиз, бунинг рангини қаранг, қуюқлигини айтмайсизми, — деб қўлидаги нишолдага ботирилган ёғоч кафкурини унга тутибди. Олдинги татиб кўрган нишолдаси иштаҳасини очиб юборган шекилли, Клара опа бунисидан кўпроқ олиб оғзига солибди. Орқа томондаги сотувчи: Мен сиздан хафа бўлдим, лоақaл қайрилиб ҳам нишолдамга қарамадингиз, — дебди
— Вой, ўргилиб кетай, хафа бўлманг, ҳозир кўраман, – деб, унинг нишолдасидан ҳам еб кўрибди.
Хуллас, ялайвериб тўйиб кетганидан бошқасини татиб кўришга ярамай: Йўқ, энди еб кўрмайман, оғзим жуда шира бўлиб кетди, — деса, нарироқда ўтирганлардан биттаси пиёлада чой узатибди. Клара опа чойни мазза қилиб ичиб олибди. Пиёлани қайтариб бераётганида, рўзалиги эсига тушиб кетибди. Шундай қилиб, Клара опамиз оғзини эртароқ очиб қўйибди.
Рўза тамом бўлиб, ҳайитдан кейин кўрганимда, Клара опа рўза эди, қaрзимни тутаябман, деди…
Клара опани кўрмaганлар, хафа бўлманглар, телевизор ёки фильмларда, айниқса “Келинлар қўзғалони” да қандай бўлса, ҳаётда ҳам шундай, гримни ҳам, либосни ҳам унча ўзгартирмайди.
Уйига борсангиз, деворида битта ўғлининг ёшлигидаги расми бор, атлас кўйлакча кийдириб, бантик тақиб қўйилган. Учинчи боласи ҳам ўғил бўлгандан кейин, қизгa ҳавас қилиб, ўғилчасига атлас кўйлак тикдирибди, кийинтириб расмга туширибди.
— Клара опа расмни олиб қўйинг. Ўғлингиз ўзи ота бўлган бўлса, энди хафa бўлар, — дедим бир куни.
— Болаларимни биласиз-ку, менинг кўнглимга қарашади. ”Ойижон сизга ёқса, тураверсин,” — дебди ўғли ҳам.
Бир куни кичкина ўғлим Шоҳруҳ қўлида бир қисим конфет билан уйга кириб келди. Бунча конфетни қаердан олдинг, деб сўрасам, Клара опам бердилар, дейди. Бир соат олдин Клара опани кўтариниб метродан чиқиб келаётганини деразадан кўрган эдим. Ҳали уйига етиб бормабди-да, деб ётоқхонамга ўтиб, энди бу деразадан пастга қарадим, Клара опа болалар майдончасидаги “беседка”да ўтириб олган, атрофида маҳалламизнинг мактабга бормайдиган ёш болалари. Оқила билан Абдунабининг Дилёр ўғли, Адҳам (республиканинг тожик газетасида ишладган Тохир акаинг набираси), Қутби опанинг тўртта набираси, Ферузанинг энг кенжа, бешинчи ўғли, бешинчи қаватдаги Владимирнинг ўғли Юра, Нажиянинг иккита кичкинаси, Ботирбек ва Саодатнинг эркатойи Муроджон, Собира опанинг Сабина набираси, Элбек ва Умиданинг (у 110-мактабда физикадан дарс беради) Асил ўғли — умуман қарийиб ҳамма бола шу ерда. Клара опа ҳаммасини отини айтиб, биттадан ўпиб чиққан, мен буни аниқ биламан, жуда болажон, доим шундай қилади. Уларнинг ҳаммасига конфет бериб чиқибди. Олган икки кило конфетидан тўртта қолган экан, болалардан узоқроқда турган Павел (сал ақли заифроқ бола) ни чақириб унга берибди.
Мен пастга тушдим. Сўрашиб бўлгач, “Клара опа энди уйингизга бора қолинг, бу туришда бозорда олганларингиздан ҳеч нарса қолмайди,” — дедим.
— Оғзидан қони келсин нарсаларнинг, булар ҳам болалар билан ширин-да, — дейди, маъносига эътибор бермай доим “оғзидан қони келсин” жумласини ишлатадиган Клара опа.
Маҳалламизда Наврузми, тўйми, бошқа байрамними нишонласак, четдан артист чақирамиз, уларнинг вақти тугаб кетиб қолишса, ҳеч ким хафа ҳам бўлмайди, афсусланмайди ҳам, чунки дарров Клара опамизни тургизамиз. Клара опа айрим вақтлари қўшиқ сўзларини эсдан чиқариб, бошқасини айтиб юбораверишига ҳам ўрганиб қолганмиз. Бунинг устига ўйинни ҳам жуда қотиради. Клара опа ҳам маҳалласида эканлигини сезиб, ўзини жуда эркин, бўш тутади. Асли Клара опа ҳақида китоб ёзиш керак, Обид Асомовлар билан кинога тушгани Ҳиндистонга борганининг ўзи бир асар, кичкинагина қиссага уни сиғдириш қийин.
Гулбаҳор Сулаймонова ҳам (уйимизга кейинроқ кўчиб келган бўлса ҳам) дарров ҳаммамиз билан тил топишиб кетди. Мaҳалламиздан биронтамиз қўшиқчининг хизматига мухтож бўлсак, ҳеч қачон “йўқ” демаган. Ўғли Шоҳруҳ менинг Шоҳруҳимдан каттароқ бўлса ҳам, улар жуда яқин ўртоқ.
Шундай қилиб Клара опа кейинроқ чиқар экан.
Ҳеч вақт ўтмай Пўлатойларникига биринчи подъезднинг учинчи қаватида турадиган Мамлакат опа кириб келди. Мамлакат опа чиройлик хушчақчақ аёл, кўришганда бағрига босиб, анчадан бери кўришмаганимизнинг хуморидан чиқайлик, деб кўришади, учта қизини чиқаргaн, Баҳодир ўғли доктор, келини мен ишлайдиган фармацевтика иститутини тамомлаган, Ўзар Аҳмедовинг жияни, Ўзар Аҳмедов кўп йиллар бизда декан бўлиб ишлаган. Ҳозир менга ўхшаб кафедра мудири. Мамлакат опа журналист, “Тошкентдан гапирамиз” газетасида ишлайди.
Собира опаларнинг уйида мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Гавҳар опа туради. Эри Турсунқул ака учувчи бўлиб ишлаган.
Ўнг томондаги тўрт қаватли уйда раққоса Маъмура Эргашеваларнинг тепасида Маликалар туради. Малика ҳаммамизга ёқади. Бунёд ва Шаҳло деган болалари бор. Юнусобод томондан участка қуриб кўчиб кетган бўлишса ҳам, доимо биз билан бирга. Турмуш ўртоғи Раҳмон ака Қамбаров жуда ўқимишли, ақлли одам. Ҳозир у Тошкентнинг энг кўзга кўринган тадбиркорларидан. Раҳмон аканинг дадалари ҳозирги аэропорт жойлашган районда узоқ йиллар райкомнинг биринчи секретари бўлиб ишлаган.
Малика жуда чиройлик ўйнайди, у хамма билан ўртоқ. Унинг энг яқин дугонаси Гулчеҳра бўлади. Гулчеҳра мен турган уйда туради. У баланд бўйли, оппок, кўзга тез ташланадиган аёл, Шарқ нашриётида Пўлатой билан бирга ишлайди. Икки ўғли, Элмурод ва Сайдуллани бир кунда уйлантирди. Бундай чиройлик куёвларни маҳалламиз ҳали кўрмаган эди. Қизи тиббиёт билим юртида ўқийди. “Гап”имиз Гулчеҳраникида бўлган куни, у бизни бутунлай бошқача кутиб олади. Орамизда ҳақиқий пaзанда Гулчеҳра бўлса керак деб ўйлайман.
Гулчеҳрадан нариги подъездда Оқила ва Сиёсатхонлар туришади. Иккаласи ҳам Андижон вилоятидан. Уларнинг эрлари Абдунаби Бойқўзиев ҳам, Шоҳруҳ ака Акбаров ҳам доим матбуотда ишлаб келишган. Иккаласининг ҳам китоблари чоп этилган. Оқиланинг уч ўғли ва Ҳаётхон деган бир қизи бор. Оқила мактабда ўқитувчи бўлиб ишлар эди. Мустақилликдан кейин бизнес билан шуғилланади. Оқила пул кетса кетсин, обрўй кетмасин деган маҳалланинг мард аёлларидан.
Сиёсатхоннинг Ҳулкар, Гулруҳ, Ирода деган учта қизи бўлиб, учаласи ҳам сутга чайиб олингандек оппоқ қизлар. Ҳозир учаласининг ҳам ўз оиласи бор. Ҳулкарнинг ўғли Нуриддин, Шоҳруҳ бобосининг ўғли, бошқаларни тан олмайди. Сиёсат ҳам маҳалланинг тўй, маракаларига чиқиб туради.
Бизнинг уйда Саодатлар хам туришади.Уларнинг уч фарзанди бўлиб, катта ўғли институтда, қизи тиббиёт билим юртида, кичкинаси мактабда ўқийди.
Саодат ёш булса хам жуда босиқ, ақилли жувон. Унинг қилган ишлари тартибли, режали. Оиласида ҳамма нарсалар бамаслаҳат қилинади. Саодат маҳалланинг яхши тикувчиси деб ҳам ҳисобланади. У бундан бир неча йил олдин ўтказилган “Маҳалланинг энг яхши келини” кўригининг ғолиби. Турмуш ўртоғи Ботирбек тўй – маърака маросимларини ўтказилишида фаол қатнашади.
Юқорида ёзганларим “гап”га, сумалакка доимий чиқиб турадиганлар.
Бизнинг уйимизга кўндаланг қилиб яна битта тўққиз қаватли уй қурилган, тагида “Ўзбегим” супермаркети бор. Бу уйдагилар ҳам маҳалла ишида фаол қатнашиб туради. Улар Пўлатойникига чиқишмаса ҳам, пастда чойхонадаги ишни бошлаб юборишган. Бу уйда Мавлуда деган аёл, менда ишлайдиган Ноила ҳам туради. Ноиланинг турмуш ўртоғи Челакдан, Жўра ака. Битта қизлари бор. У ҳам бизнининг институтни битириб, тўй бўлиб кетиб, ҳозир бир қиз, бир ўғилли бўлган. Ўғли Акбар Жўра бобосининг жони-дили.
Нaжия, Зуҳралар бир поъездда туради. Зуҳра жуда ёқимтой аёл, Азиз деган ўғли бор.
Насиба учинчи қаватда туради, у “давлат одами.” Ҳамма нарсадан ҳабардор. Ўғли уйланган, Наргиза деган зўр замонавий қизи бор. Мунира қўшнимиз жуда чиройлик аёл, ўйини ўзидан чиройлик. Унга профессионал раққосаларимиз ҳам таслим бўлишади. Госпитал бозори олдидаги мактабда “Маънавият ва маърифат” ишлари бўйича директор ўринбосари. Ўғли Акмал ҳам Шоҳруҳимнинг ўртоғи.
Меҳри ҳам ҳамиша маҳалла билан бирга. Унинг тўрттa қизи бор. Кичкина қизи Феруза менга ўхшайди, балки шунинг учундир, мен уни жуда яхши кўраман. Меҳри Қозоғистонлик, яхши аёл. Қизлари каттаравергач, чиқаришга кучи етмаслигини тушингандaн эри уйини ташлаб чиқиб кетибди. Бу гапни қанчалик рост-ёлғонлигини билмайман, болани берган худо, насибасини ҳам беради, деганларидек, улар ҳам бошқалардан кам эмас эди.
Маҳалламизнинг xотин қизлар ташкилотининг бошлиғи Хосият опа, у Пастдарғомлик. Мактабда русча ўқигани учун, маҳалланинг русийзабон яшовчилари билан ҳам “тил” топишади. Унинг кимидир тожик бўлса керак, уйида тожикча гаплашишди. Менинг фикримча кимидир татар ҳам бўлса керак. Нима бўлганда ҳам, Хосият опа байналминал аёл. Хореографиядан дарс берар эди. У яхши ташкилотчи. Сумалакнинг кўкатини гўшт майдалагичдан ўтказишга чарчаб кетсак, “Хосият опа рўпарадаги кафe ёки ресторан билан гаплашиб беринг, электоро-мясорубкаcида ўтказиб берсин”, дер эдик. Хосият опа дарров бориб ишни ҳал қилиб берар эди. Аёллар байрами борми, болалар байрами-ми, қизиқ-қизиқ тадбирларни уюштириб юради.
Маҳалламизнинг чойхонаси бизнинг подъезднинг биринчи қаватида жойлашган бўлиб, деворда “Миробод туман Муса Тошмуҳаммад номли маҳалла чойxонаси” деган ёзув бор. Пўлатойнинг уйидан ўндан зиёд аёл пастга тушамиз. Кўплар чойхонада ун элаябди. Бошқалари чалпак пиширишаябди. Ҳар доим сумалак бошлашдан аввал ёғига чалпак пишириб олинади. Кимдир уйидан ёнғоқ олиб чиққан. Тошни эса болалар териб келишибди.”Сумалакдан тош топдим, бир парча қуёш топдим,” деб ашула ҳам қилиб қўйишади.
Пўлатойнинг эри Жалолиддин электр ходими бўлганидан, ҳар йилгидек ёрулик ва музика учун симларни тайёрлаган. Каттароқ болалар ўчоққа ўт ёқишмоқда. Чалпак тайёр бўлгач, сумалакни бошлаймиз. Унни қовуриб бўлиб, сув соламиз. Аёллар қозон атрофида ғуж бўлиб, унни эзишмоқда.
Кайванилар бу муҳим дақиқаларда жуда эҳтиёткорлик, лекин ўта чаққонлик билан қарашиб туради. Сумалак бир қайнаб олгунча аҳвол шу. Қайнагандан кейин улар дам олишга ўтиради. Энди кафкурлар ёшларнинг қўлига ўтади.
Кафкурларга узун дасталар улангани учун қозонни анча нарида туриб қўзғаса ҳам бўлаверади, айниқсa ўтиннинг ҳўлроғи тушиб қолиб, тутунига чидаб бўлмай қолган вақтлари.
Маҳалламизда келинлар ҳам кўпайиб қолган. Ёнимиздаги уйдан журналист Карим Бахриевнинг хотини Илмирахон уч қизини етаклаб чиқади. Учинчи қизи Раъно Каримнинг нусхаси, агар у ўғил бўлганда кичкина Карим Бахриeв деган бўлардингиз. Илмира телевиденияда музика эшиттиришларини олиб боради. Унинг келин бўлиб тушган куни кечагидек ҳамманинг эсида. Кейин бошқа келинлар чиқади.
Кеч соат ўндан ўтгандан кейин музика янада авж олади, ўйин — кулги бошланади. Сумалакнинг ўзидан ҳам, сумалани тайёрлаш, қўшниларнинг учрашуви ҳаммага ёқади. Ҳар дойим “Дунё ғаниматдур, дўстлар хабар беринг” қўшиғини албатта бир эшитиб оламиз.
Менинг Шерзод ўғлим қўшниларни хурсанд қилиш учун уйдан видиокамера кўтариб чиқади. Ўзим эса еттинчи қаватда турадиган фотожурналист Губенкони чақириб келаман. Улар асли Украиналик бўлиб, қизи Оля менинг катта ўғлим Одилжон билан бир синфда ўқишган. Мактабдан кейин у университетни томомлaди. Губенко бизни қозон бошида расмга туширади. Унинг “Маҳаллада сумалак” деб аталган бу сурати кўп конкурслар ғолиби бўлгaн, мактабларнинг тарих китобига ҳам киритилган. Дарсликдаги ўша суратдагилар бизнинг маҳалламиз яшовчиларидир.
Кечаси соат иккидан кейин кўплар уйларига кетишади. Дойимгидек, Пўлатойнинг ўзи, Лаъли опа, Собира опа, Қутби опа, мен қозон бошида қоламиз. Эрталабга яқин сумалакни тайёр бўлганини ҳаммамиз бир-бир текшириб кўрамиз. Тирноғимизга томизган сyмалак оқиб тушмаcа, демак тайёр бўлай дебди, қозонни маҳкам ёпиб, димлаб қўямиз. Оловлари ўчоқдан чиқарилади. Кейин ухлашга кетамиз.
Энди чойхонада қозонга қаровул бўлиб Жалолиддин ўғли Маҳаммаджон билан қолади.
Соат ўн-ўн бирларда Пўлатой сумалакни очишга тушади. Маҳаллада яшовчилар, ҳоҳ ўрис, ҳоҳ ўзбек бўлсин, ҳоҳ армани, ҳоҳ жуҳуд ёки бошқа бўлсин — ҳамма сумалакка чиқади. Пастдаги ғала-ғовурдан уйғониб кетиб, деразадан қарайман.
Биров коса, бошқаси пиёла, яна бошқалар ҳар хил ҳажмда банкалар, костюлчалар кўтариб сумалакка навбатда туришибди. Ана шунда ҳақиқий байрам бошланади. Тепадан, тўққизинчи қаватдан томошо қилиш жуда қизиқ. Қиши билан кўринмай қолган одамларни бугун кўриш мумкин. Вой, бир қўлида ҳасса, бир қўлида банка билан деярли бир йилдан бери кўринмай қолган Иван бобо ҳам бор-ку, мен уни ўлган бўлса керак, деб юрардим, умри узоқ бўлсин.
Корейc қўшнимиз Рита ҳам юрибди, анчадан бери уйида йўқ эди. Отасининг маззаси бўлмай Чирчиқ районига кетган эди. Унинг бир ўғли бор, ўзи Шарқ нашриётида ишлар эди. Ўзбекчани aйрим ўзбеклардан яхши гапиради.
Секин-секин навбaтда турганларнинг сони камая бошлайди. Пўлатой охирги идишга сумалак солиб берадиям, сумалак ҳам тугайди. Пулатой сумалак тақсимлашнинг устаси бўлиб кетган. Қозонни очган вақти маҳаллага, ишлаганларга деб cумалакни челакларга солиб чойхонага киритиб қўйган бўлади. Охирида келганларга ҳам “қолмади” деб айтмаслик учун, бошқа идишга озроқ олиб қўяди. Умуман ҳамманинг кўнглини топади.
Қозонлар ювилиб, куллар йиғиштирилиб олингандан кейин ҳамма тарқалади. Мен ҳам дераза олдидан кетиб, чала қолган уйқумни давом эттирмоқчи бўлиб, яна ётиб оламан. Соат иккида Наврўзни нишонлашга чиқиш керак.
Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди, туриб очаман. Пўлатойнинг қизи Ҳилола экан. Косада сумалак олиб чиқибди. Бу йилги сумалагимиз ҳам жуда яхши бўлибди.
УМИДА ТУРСУНОВА
«Дунё ўзбеклари»
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ