Ҳамроқул Асқардан Зулайҳо Бойхоновага байрам табриги
Хамроқул Асқар: –
Илоҳий китобларда нақл этилганидек, Одам Ато жаннатдан Момо Ҳавога муҳаббати туфайли ҳайдалган бўлса, бу унинг энг буюк гуноҳидир.
Агар, қалбингизда Аёл муқаддас деган Она тасаввур яшамас экан, Сизнинг ҲАЁТ ЭКАНЛИГИНГИЗ ҲАМ шубҳалик. Чунки фақат, фақат муҳаббатгина инсоннинг тириклиги ҳақидаги энг буюк гувоҳномадир! Бу серғалва дунёнинг барча шовқинлари ўзаро бахт талашаётган очкўз кимсаларнинг можороларидир.
Улар билмайдиларки, бу оламда чинакам бахт Аёл меҳрини қозонган, лоақал унинг бир лаҳзалик самимий илтифотига сазовор бўлган ошиқнинг илкидадир.
Зеро, Бизнинг аёл зотига буюк эҳтиром ва муҳаббатдан ўзга бойлигимиз йўқ. Ер юзидаги барча аёлларни ўзлари каби гўзал байрамлари ила чин юракдан қутлайман!
ЗУЛАЙХО БОЙХОНОВАГА
Гоҳ, сурнайдан зўр ялтироқ бир най,
Лекин, ёмон экан бу қурғур вай – пай,
Лифт деган балога чиқмагил синглим –
Эски зиналардан қўймасин ҳай –ҳай.
Зулайҳо Бойхонова:
«Сен кимга ўхшадинг, уялмай қўшиқ кўйлаб юриб…»
-
Лойиҳамизнинг навбатдаги иштирокчиси Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова. Танқидчи ва ҳимоячи бошловчиларнинг саволларига қаҳрамонимизнинг зукколик билан берган жавоблари сизни лол қолдирса ажабмас. Суҳбатимиз «Тегирмон» қаҳвахонасида бўлиб ўтди… Зайнаббегим: — Зулайҳо опа, кутилмагандаги латофат ва нафосатнинг сабаби нимада? Шундай давом этаверса, ёш хонандалар қандай «кун кўради» (кулади)? — (Кулади). Эътибор ҳамда назарда бўлган одам ўз устида ишлашга, ўзига қарашга, янгиликлар яратишга ўзгача куч топар экан. Ижодкор бўлганим учунми, табиатан бир хилликни ёқтирмайман. Хатто уйимдаги жиҳозларга ҳам тез-тез ўзгартиришлар киритишни яхши кўраман. Зайнаббегим: — Бу ижодда ўз самарасини беради, аммо ҳаётда бир хилликдан қочиш қанчалик ёрдам беради ё аксинча? — Бу албатта ижодда, лекин ҳаётга жиддий назар билан қарайман. Зайнаббегим: — Машҳурлик ҳаммага ҳар хил даврда берилади. Шахсан сизга ўрта ёш пайтингизда насиб этди. Бу қанчалик яхши? — «Муқимий» театрига ишга келганимдан бошлаб, энг сара асарларнинг бош қаҳрамонларини ижро этганман, ўзимга яраша мухлисларим бўлган. Меҳнатни қилиб-қилиб, сандиқни бир очсангиз, анча ишлар бажариб қўйганингизни кўрар экансиз. Театрда ишлаш билан бир қаторда «Олтин мерос» қошидаги «Муножот» миллий мумтоз рақс ансамблида ҳам хонанда бўлиб ишлардим. Шу ансамбль билан кўпгина чет давлатларига боришга муяссар бўлдим. Шунча муваффақиятларга қарамай, ичимда бир нарса мени қийнайверарди. Нега овозим бўла туриб, ўзимнинг қўшиқларим йўқ. Качонгача бошқа санъаткорларнинг қўшиқларини куйлаб юраман, деган фикр тинчлик бермасди. Шу каби яхши ниятларим кун келиб ўз ижобатини топди. Устозим Орифхон Хотамов сабабли Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан учрашдим ва ҳамкорликда ишлай бошладик. Устозим 1996 йил «Гар соғинсам» қўшиғини туҳфа қилганди. «Хай-ҳай» қўшиғимдан олдин ҳам кўп қўшиқларим бўлган. Аммо айнан «Хай-ҳай» орқали халқ назарига тушдим. Зайнаббегим: — Дарвоқе, «Хай-ҳай» қўшиғингиз борасида тўхталмоқчи эдим. Мазкур қўшиғингиз одамларга ёд бўлиб кетгандан кейин экранларда клипи «айлана» бошлади… — Тўғри, «Хай-ҳай» қўшиғига мухлисларнинг талаби билан клип олганмиз. Лекин клип қўшиқ даражасида бўлмаган, деган танқидий фикрлар бўлган. Хамманинг диди ҳар хил. Шунинг учун ҳаммага бирдек ёқмагани табиий. Ирода: — Хозир етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган мухлисларга эгасиз. Аммо театрда ишлаб юрган пайтларингизни ижодингизнинг гуркираган даври, деёлмаймиз. Агар сизга машҳурлик йигирма ёшингизда берилганида, ҳозир нималар бошқача бўларди? — Билмадим, ҳаммаси Яратганнинг ўзидан. Гоҳида устозим Абдуҳошим акага «ижодимни театрдан бошламай, бор эътиборимни хонандаликка қаратганимда, ҳозир анча-мунча қўшиқларим бўларди, тўғрими?» десам, «ҳамма нарсанинг ўз вақт-соати бор. Шу пайтгача санъат ва ҳаётнинг баланд-пастини, оқу қорасини кўрдинг. Сенга бугунгидек чиройли кунлар жудаям чиройли вақтда берилди», дейди. Балки фикрларида жон бордир, яна ким билсин… Зайнаббегим: — Сизга омад келтирган қўшиқларингиз теша тегмаган мавзуларда, деб бўлмайди. Аммо халқнинг эътирофига сазовор бўлган. Агар шу қўшиқларингизни ёш хонандалар куйлаганида у қадар таъсирли бўлмасди. Демак, қайсидир мавзуни ёритиш учун ҳам ҳаётда қайсидир йўлни босиб ўтиш керак экан-да? — Фикрингизга қўшиламан. Қўшиқнинг сўзлари таъсирли ва мазмунли бўлса, куйи ҳам ўзи билан бирга яралади, дейишади. Қолаверса, шу қўшиқ ўз ижрочисини топа олиши керак. Ва хонанда қўшиқни мухлисга тўғри етказиб бериши учун шу қўшиқнинг дарди билан куйлаши керак. Хамма қўшиқларим ҳам менинг дардим, деёлмайман. «Рашк» қўшиғим мисолида тушунтирадиган бўлсам, ҳар бир одамда рашк бор. Рашк имондан, аммо қизғанишда ҳам қизғаниш бор. Масалан, турмуш ўртоғим санъатни тушунган инсон бўлгани учун ҳам ҳар кимдан рашк қилавермайди. Айтмоқчи бўлганим, ҳамма нарсада меъёр бўлгани маъқул. Ирода: — Санъаткорлар орасида хушмуомалалигингиз билан ажралиб турасиз. Бу «юлдузлик касали»га чалинмаганингизданми? — Балки бу туғилиб ўсган оилавий муҳитимга боғлиқ бўлса керак. Машҳурликни фақат саҳнада қўшиқ куйлаётганимда, мухлисларнинг менга жўр бўлаётганини ва уларнинг чеҳрасидаги менга бўлган илиқликни кўрганимда ҳис қилиб, теримга сиғмай кетаман. Аммо саҳнадан тушганимда, оддий аёлга айланаман. Ирода: — Санъаткорлар доим миш-мишлар қуршовида юради, айниқса шоу-бизнесда. Ўзингиз ҳақингиздаги гап-сўзларни эшитгандирсиз? — Ха, эшитганман. Умуман олганда, мен ҳақимда сира миш-миш тарқалмайди, деб ўйлардим. Машҳур санъаткорларни эслайлик, қай бирлари ҳақида миш-мишлар тарқалмаган, дейсиз? Агар бу каби гап-сўзларга эътибор берганимда, бу даражага етишмган бўлардим. Ирода: — Хар хил гап-сўзлар одатда халқдан чиқади. Сиз билан боғлиқ миш-мишларни эса айнан ҳамкасбларингиз тарқатган. Бу кўролмасликданми ё?.. — Иш билан банд бўлган киши бундай майда-чуйда нарсаларга вақт тополмайди. Омадсиз ва заифларгина шу даражада тубанлашади. Қайси ҳамкасбим миш-миш тарқатганини икковингиз ҳам яхши биласиз. У бошқа ҳамкасблари билан ҳам шундай йўл тутган. «Тегирмон навбати билан» деганларидек, гал менга ҳам етиб келган экан (кулади)! Хаммаси Худодан, ўзига тўғри бўлган инсоннинг юзини Яратганнинг ўзи ёруғ қилади. Зайнаббегим: — Шу вақтгача турмуш ўртоғини сенсираб, жеркийдиган аёл санъаткорларнинг кўпини кўрганман. Менда уларга нисбатан нафрат пайдо бўлган. Хозиргина турмуш ўртоғингиз машинада олиб келиб қўйганида самимий равишда «раҳмат, дадаси, яхши боринг!» деганингизда бир энтикдим. Чунки, хозирги кунда «рахмат» мулозамат сўзга айланиб қолган. Бу сўз одатда манзилингизга тезда олиб борган такси хайдовчисига айтилади. Сиздаги бу самимият тарбияга боғлиқми? — Албатта, қуш уясида кўрганини қилади. Мен кўчада Зулайҳо Бойхоноваман, уйда эса оддий аёлман. Зайнаббегим: — Турмуш ўртоғингизнинг доим сизга айтадиган мулозамати… — (Кулади) «Зулайҳо, семириб кетяапсан, ўзингга эътиборлироқ бўл», дейди. Зайнаббегим: — Ўзингиз ҳам у кишига мулозамат қиласизми? — У кишига ҳам ўзининг мулозаматини айтаман (кулади). Ирода: — Турмуш ўртоғингиздан эшитадиган энг кўп танбеҳингиз-чи? — «Зулайҳо, тўхтаб қолдинг, қўшиқ ёзмаяпсан ёки фалон қўшиғингнинг мана бу жойини айтолмабсан», деган танбеҳларни беради. Ирода: — Сизнинг кийиниш услубингиз ёшу қарига бирдек манзур. Бунинг сири нимада? — На саҳнада, на ҳаётда ялтир-юлтурга бурканиб чиққанимни ҳеч ким кўрмаган. Доим ўзимдан келиб чиқиб, либос танлайман. Хамма нарсани ҳам дид билан яраштириб кийишни ёқтираман. Саҳнадаги либосларим борасида дизайнер Илмира Ибрагимова билан уч йилдан бери ҳамкорлик қиламан. Турмуш ўртоғим баъзида «нега доим сочингни кекса аёлларникидек турмаклайсан? Бундай юришнинг ҳам вақти келади, шошилма. Ёшингга яраша кийиниб, замонавий услубда юрсанг-чи», дейди. Балки у киши ҳақдир, аммо ўзимда кескин ўзгаришлар қилолмаяпман. Ирода: — Сизни кўрган одамларда «Зулайҳо Бойхонованинг ҳаёти эртакдагидек бўлса керак», деган фикр уйғонади. Кўринишдан шундай бўлганингиз билан ичингизда ўзингизга яраша дардингиз бўлса керак. Шундай пайтларда тушкунликдан қандай қутуласиз? — Баъзан ёлғиз қолиш, гоҳида қувноқ давраларга кириб, ўзимни чалғитиш ёки қўшиқ, куй тинглаш орқали тушкунликни бартараф этаман. Хаётда ношукр инсонларни ёмон кўраман. Доим яхшиликка интилиш лозим. Ирода: — Хаётингизда дуч келган энг қаттиқ зарба… — Онамнинг қандай жон бераётганини кўрганман. У киши «церроз» касаллиги билан оғригани учун якуни қандай бўлишини билардим. Мен пойтахтда, онам Наманганда бўлгани сабаб, Худодан «волидам жон бераётганида ёнида ўзим турай», деб илтижо қилардим. Оҳим Худога етган шекилли, онам жон беришидан бир кун олдин қишлоққа борганман (кўзига ёш олиб). Бўлмаса, уч кун олдин Наманганга бориб келгандим. Ички сезгими, билмадим, Тошкентга сиғмай қолдим, тўғри Наманганга йўл олдим. Эртаси куни онам қўлимда жон берди. Зайнаббегим: — Келинг, кайфиятни кўтарсак. Энг қувончли кунингизни хотирлайлик… — Хар бир қиз ёшлигидан оппоқ келин либосини кийишни орзу қилади. Бу истак мени ҳам четлаб ўтмаган. Энг қувончли куним албатта оппоқ келин либосини кийган куним. Қолаверса, фарзандларим туғилган ва унвонлар олган куним ҳам мен учун қувонарли. Зайнаббегим: — Кўпчилик хонандалар орасида ёшларбоп қўшиқ яратиш урфга кирди. Сизнинг ижодингизда бу жараённи кузатмаганмиз. Шундай қўшиқлар яратиш ҳақида ўйлаганмисиз? — Давраларда ҳар хил ёшдаги мухлислар бўлади. Тўғрисини айтсам, яқиндан бери ёшлар ҳақида қўшиқ куйлаш ҳақида ўйлаб юрибман. Зайнаббегим: — Интервью беришни у қадар ёқтирмайсиз-а? — Тўғри, ОАВларда ҳадеб чиқаверишни ёқтирмайман. Суҳбатлардан ўзимни олиб қочаман. Бу менсимаслик, манманликдан эмас, мухлисларим менинг гапимни эмас, қўшиқ ва клипларимни тинглаб дам олишсин. Ирода: — Сизга ошиқ бўлиб қолганлар бўлганми? — Ха, аслида улар қўшиқларим туфайли менга ошиқ бўлиб қолишган. Аммо ёнимга келиб, юзимга дилидагини очиқ айтишга ботинолмаган. Ирода: — Театр саҳнасини қўмсайсизми? — Хозирча бор эътиборимни хонандаликка қаратганман. Вақти келиб, балки театрга қайтарман… Охирги пайтларда фильмларга чақиришаяпти. Фильмдаги қаҳрамоннинг ҳаёти актёрнинг тақдирига кўчишига кўп бор гувоҳ бўлдим. Бироз иримчироқ бўлсам керак, шунинг учун менга таклиф қилинган образда салбий нарсалар борлиги учун уни рад этдим. Ёшимга мос роль бўлса, албатта ўйнардим, фақат фожеани эмас. ХУЛОСА Зайнаббегим ЮНУСОВА: — Сухбат давомида нафақат санъаткор аёл, балки хақиқий актриса аёл билан гаплашганимни хис қилдим. Табиий равишда гапиргани учун хеч қийинчиликсиз у холатдан бу холатга ўтиб, яъни хар бир гапираётган одамининг образига кира олди. Тан олиш керак, хар бир сўзини таъсирли қилиб гапириш унча-бунча санъаткорнинг қўлидан келмайди. Бир сўз билан айтганда, Зулайхо Бойхонованинг хаёти хақида бадиий фильм тамоша қилгандек бўлдим. Сухбат давомида у кишиниг жахлини чиқарадиган саволлар беришга уриндик, аммо танқидий саволларга хеч хаяжонланмайжавоб берди. Хуллас, Зулайхо опа журналистни тўлқинлантира оладиган зўр сухбатдош. Ирода НОСИРОВА: — Зулайхо Бойхонова билан бугун илк бор яқиндан танишишга мушарраф бўлдим. Хар доим у кишини ёш санъаткорларга ўрнак бўла оладиган аёл сифатида кўриб келганман. Бугун шу фикрим қанчалик тўғрилигига яна бир бор амин бўлдим. Зулайхо опа самимий ва болаларча содда, беғубор инсон. Назаримда, шу феъл-атворини бироз ўзгартириши керакмикан, деб ўйлаб қолдим. Сабаби айнан шу кўнгилчанликлари бошқа санъаткорларга нишон бўлиши мумкин. Балки фикрим нотўғридир. Эхтимол, айнан шу хислатлари учун хам Худо у кишини халққа азизу-мукаррам қилиб қўйгандир. Бир сўз билан айтганда, хамма аёл санъаткорлар Зулайхо Бойхонова каби бўлишларини истардим.
http://www.muloqat.uz/
Зулайҳо Бойхонова: Дилимни оғритди дилимдагилар…
-
«Дунё ўзбеклари» учун махсус