Ойдин Солиҳ хотирасига («Ўтганлар ёди» туркумидан)
Суҳайлийдан Ойдин Солиҳ хотирасига (Марсия)
2014 йил орамиздан кетганлар: Ойдин Солиҳ
Гулнора Равшан: Аччиқ айрилиқ (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
Кузнинг сўнгги ойи — ноябр… Бурса шаҳридаги мева ва сабзавот бозорларининг бирида савдо-сотиқ авжида. Олти яшар қизим Дилошуб билан у ёқтирган мева — анор, менга эса қизилча олиб бозордан чиқдик.
Қизилчани кўпроқ истеъмол қилишни менга таниқли биолог олима Ойдин Солиҳ тавсия қилганди. Шу кунгача бу сабзавот турини таниб, унинг инсон организмига фойдасидан хабарим бўлган, бироқ, унинг фавқулотда таъсирини билмаган эканман…
Бозор яқинидаги маршрут-такси бекатида навбат кутиб тургандик. Ойдин хонимнинг котибаси Наргис телефон қилиб қолди. Овози бўғиқ, ўзини йиғидан тияолмасди. “Наргис, тинчликми, нима бўлди, гапирсанг-чи?”, дея бир неча марта такрорлаганимдан кейин у “Гул абла, Айдин ханими қайб этдик”, деди.
Совуқ хабар ортидан бошимга урилган зарбадан кўзларим тинди, назаримда дунё бир дам гардишдан тўхтади, қўлимдаги мевалар ерга тўкилди… Бурсанинг серқатнов кўчаларидан ҳиссиз юриб борар эканман Ойдин Солиҳ билан бўлган илк ва кейинги учрашувларимиз кўз ўнгимдан кино лентаси сингари ўтарди…
Самимий суҳбатдошим, онам сингари меҳрибон инсонни йўқотиб қўйганимга ҳеч ишонгим келмасди. У кишининг саломатлиги кейинги вақтлар ёмонлашгани айтилса-да, лекин ҳар ҳолда тузалиб кетишига умид катта эди. Аммо афсус…
“Ойи бекорга йиғлаяпсиз, зотан доктор хоним жаннатга кетдилар”. Олти яшар қизчамнинг бу иддаосидан ҳушёр тортдим.
Туркияга келганимизда бу қизалоқ тўрт ёшда эди. Ойдин Солиҳни болаларим “доктор хоним”, деб аташарди.
“Сен қаердан биласан”, дея ажабланиб сўрадим қизимдан. “Э, биламан чунки, доктор хоним кўп одамларга ёрдам қилган, бизга ҳам. Одамларга яхшилик қилиб яшаган одам албатта жаннатга кетишини бизга истанбуллик Айше ўқитувчимиз айтган”, деди қизчам. У буларни жуда жиддийлик билан айтди.
Тўрт-беш ёшидан яхшилик билан ёмонликни фарқлай олган, Ойдин Солиҳнинг инсонларга, хусусан бизга яхшилигини унутмаган бу боланинг гапида жон бор.
Дарвоқе, Туркияга ризқ илинжида келган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Солиҳлар оиласига ёрдам учун мурожаат қилганидан хабарим бор. Ойдин Солиҳ шундайларнинг аксариятига беғараз ёрдам берганини ҳам яхши биламан. Туркияда ижарага уй олиб қийналиб қолганларга ҳатто кўрпа-тўшак, уй-рўзғор буюмлари билан ёрдам қиларди. Оиласидан бирор кишини даволашга олиб келганларга эса албатта текин тиббий хизмат қиларди. Аммо кўп ҳолатларда “раҳмат” ўрнига шукрсизлик қилиб кетганларини кўрганимда асабийлашардим. Ойдин опа эса, “мен бу ишларни фақат Иброҳим алайҳиссалом миллатидан бўлганим учун қиламан”, деб ширингина жилмайиб қўярди.
Дарҳақиқат, Ойдин Солиҳ бу дунёнинг фоний эканини яхши англаган ҳолда ўзи учун яшамади. У фақат инсонлар хурсандчилиги учун елди-югирди. Бугунги кунда турк жамиятида ўзбек аёли, ўзбекистонлик олима Ойдин Солиҳ Туркия Соғлиқни сақлаш тизимида жуда катта бурилиш ясагани эътироф қилинмоқда. Замонавий тиббиёт хизматидан воз кечиб Ойдин Солиҳ йўлга қўйган Ҳақиқий тиббиёт усулида даволанишга қарор қилаётган туркияликлар сони йилдан-йилга ошиб бораётир. Бу ҳаводан олиб гапирилаётган фикр эмас. Ўзаро суҳбатларда туркияликлар “дорихонага йўлини йўқотганлари”ни севиниб гапиришади. “Ойдин хоним туфайли биз ҳақиқий ҳаёт тарзини ўргандик, Аллоҳ раҳмат қилсин”, дейишади.
Бурса шаҳрида қор ёғмаган бўлса-да, ҳаволар совиди. Шаҳар марказидаги энг катта масжид Улуғ жомий ёнидан юриб бораман, оёқларим остида хазонрез шивирлайди….бир гўшада ўтирган кўча ҳофизининг ҳузунли овози диққатни чекади: “Бугун элин чекиб бенден ашким гедар олди”… Ойдин Солиҳ асос солган институт қошида фаолият қилаётган “Саде пазар” да устозидан ишни пухта ўрганган бурсалик ҳожамотчилар Ойдин хонимни хотирлашади. “ Бугунги прогрессда Пайғамбаримиз с.а.в суннатларига асосланган даволаш услубини жамиятимизда қайта тиклай олиш, уни кенг жорий қилиш, ҳамда Ғарб ўлкаларининг бунга диққатини тортиш буюк бир ютуқ. Ҳозирда ҳамма ҳам шу нарсани том маъносини англай олмаяпти. Видолашув куни устозимизни қабирга қўйгач, қабр бошида туриб қолдик. Аслида у ердан тезда кетилади, лекин биз ундай қилолмадик. Чунки, айрилиқ, бу йўқотиш жуда оғир эди”, дейди Аҳмад исмли ҳожамотчи.
Тўғри, Ойдин Солиҳнинг вафоти жуда катта йўқотиш бўлди, ҳаммамиз учун. Аммо ҳукм Аллоҳдан. Яратгандан Ойдин Солиҳга Жаннат эшикларини очишини ёлвориб дуо қиламиз. Бизга ҳам Ойдин Солиҳдек лойиқ банда, лойиқ уммат бўлиб яшаш насиб қилсин. Амин.
Гулнора Равшан,
Истанбул
http://uzxalqharakati.com/
Суҳайлийдан Ойдин Солиҳ хотирасига (Марсия)
ҲАМДАРДЛИК Муҳаммад Солиҳ ажаб айрилибди ёридан, Айрилган эди аввал ўз она диёридан! Бу қандайин кўргулик, бу қандайин бедодлик, Чунон жудо бўлибди Бутун йўқу..боридан! Бу оламда ҳеч киши эрта жудо бўлмасин, Ўз уйин фариштаси, севикли дилдоридан! Бутун олам..жаҳонни тутиб кетди азаси, Борлик ларзага келди унинг оҳу зоридан! Ёруғ жаҳон қоронғу, кўзларига тор энди, Ақл..идроки кетди демак ихтиёридан! Айрилиқ ўти ёмон, жудолик Мажнун этар, Ким ҳам айрилсам дейди кўзлари хуморидан? Оллоҳ Ўзи қалбига берсин сабр..қаноат, Бу синов..имтиҳондир яъни Парвардигоридан! Мотам соҳибларига Суҳайлий ҳам қайғудош, Ҳамдардлик билдиради барча дўсту ёридан! ............................ 15. Х1. 14 й. СУҲАЙЛИЙ ОЙДИН СОЛИҲ ( Марсия ) Фан..техника юксалиб, баланд чўққига етди. Фандаги янгиликлар жаҳон..оламни тутди! Ва балки инсоният ўтмишини унутди, Чунки инсоннинг онги фандан ҳам ўтиб кетди, Ойдин Солиҳ ишларин жаҳон эътироф этди, Наҳотки бу олима бугун оламдан ўтди?! Унинг мотами учун ер юзи аза тутар, Туғишган қондошлари ғам ва аламлар ютар! Умр ҳеч боқий эмас, балки барча ҳам ўтар, Лекин унинг ўлими инсонларни лол этар, “Ҳақиқий тиббиёт”ин жаҳон эътироф этди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Тиббиёт оламида минг дардга даво топди, Ҳар қандай касалга ҳам йўл..йўриқ, раво топди! Тиббиётнинг илмида ажойиб маъво топди, Жон таслим қилганларга шифобахш ҳаво топди! Тиббий муаммоларнинг ечимини я р а т д и , Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Миллионлаб беморларнинг дардига қўйди малҳам, Ҳар қандай беморнинг ҳам дардин кўрарди баҳам! Неча минг касалликка бермоқчи эди барҳам! “Йўқотилган шифонинг изидан” юрганди ҳам! Неча касалликларнинг илдизини қуритди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Тўрт юздан ортиқ бўлган ҳасталик сирин очди, Шифо топиб уларга, ёғду нурларин сочди! Мардона курашлардан барча иллатлар қочди, Ҳаста, беморлар учун хатто жонидан кечди! Т и б б и ё т оламига янгиликлар киритди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Ўзбек фарзанди эди, Туркияда қолди у, Бутун миллат қалбига қайғу..алам солди у”!! “Ҳақиқий тиббиёт”нинг йўл..йўриғин олди у, Мардона курашлардан балки чарчаб..толди у! Ўз турмушин роҳатин эҳтимолки унутди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Пайғамбар суннатларин энг жоиз деб биларди, Тиббиётда ў з и н и ҳам воиз деб биларди! Барча дардга давони юз фоиз деб биларди, Ўтиб кетгай касаллик ҳам беиз деб биларди, Тиббиётда олима боболар йўлин тутди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Ибн Сино издоши эмас, чин қизи эди, Табобатда ва ёки ҳам худди ўзи эди! Унинг кашфиётлари к и т о б и ..сўзи эди, Тиббиёт оламининг о й и , юлдузи эди! Ўша ой ва юлдуз ҳам нега б е в а қ т ботди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! Суҳайлий ҳам шеър ёди менгзаб булбул гўёга, Балки бундай олима қайта келмас дунёга, Қилган кашфиётлари тенгдир азим дарёга! Шундай инсон афсуски ўхшаб кетар рўёга, Унинг қайғу, мотами жаҳонни тутиб кетди, Наҳотки Ойдин Солиҳ бугун оламдан ўтди?! ........................... 15. Х1. 2014 й. С У Ҳ А Й Л И Й Ў з б е к и с т о н
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ