Фарғонада 8 март куни хотин-қизларга транспорт текин бўлди
08.03.2016
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва транспорт агентлиги 8 март — Хотин-қизлар куни муносабати билан вилоятда қатнаётган жамоат транспортини хотин-қизларга текин қилиб қўйди.
Daryo.uz сайтининг вилоят ҳокимлигига таяниб хабар қилишича, лойиҳага хусусий корхоналарга қарашли таксилар ҳам жалб этилган.
Маълумки, ҳозир вилоятларда давлатга тегишли жамоат транспортлари қисқариб кетган ва асосан, хусусий автомобиллар — таксилар хизмат кўрсатмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, Автомобиль ва дарё транспорти вилоят ҳудудий бўлими ҳамда бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилаётган эътибор лойиҳаси доирасида 8 март – халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан барча турдаги жамоат транспортлари хотин-қизларга бепул хизмат кўрсатиши белгиланган.
8 март куни вилоят ҳудудида йўналиш автобуслари, хусусий корхоналарга тегишли аҳолига хизмат кўрсатувчи енгил машиналар ушбу лойиҳада фаол иштирок этиб, хотин-қизларимизнинг узоғини яқин қилишга ўз ҳиссаларини қўшяптилар.
– Вилоят ҳокимлигининг, ҳамкор ташкилотларнинг ушбу ташаббусларидан хурсанд бўлдик, – дейди Фарғона шаҳрида яшовчи онахон Зарифахон Бобоева. – Байрам куни эрта тонгда келинлар, неваралар билан шаҳар марказига дам олгани чиқсак, барча жамоат транспортлари, ҳатто таксилар ҳам бепул хизмат кўрсатишяпти. Йигитларнинг эътибори ва ғамхўрлигидан бошимиз осмонга етди. Ўзи аёл кишига эр йигитнинг эътибори ва ғамхўрлиги кифоя деб ўйлайман.