Исмат ХУШЕВ: “ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА” (2-КИТОБ, 43-БОБ) 2-Якуний қисм
ИККИНЧИ КИТОБНИНГ СЎНГГИ БОБЛАРИ
Исмат Хушев
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Иккинчи китоб: 43-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: «Ҳаёт ва Иқтисод» — Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (иккинчи қаторда чапдан — биринчи) бир гуруҳ Бош муҳаррирлар — Неъмат Аминов («Муштум» журнали), Мирмуҳсин («Гулистон» журнали), Барот Бойқобилов («Мулоқот» журнали) ва Расул Раҳмонов (Ўзбекистон овози» газетаси) билан Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида…
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда…)
Исмат ХУШЕВ:
«ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА» ёки «ҲАЙДАЛИШ КУЙИ»НИНГ ЧАЛИНИШИ…
1.
1994 йилнинг 6 июнь — душанба куни ишга борсам, котиба қиз мени Мурод Шарифхўжаев ўз ҳузурига чақиртирганини айтиб қолди.
Мурод Шарифхўжаев «Госкомпрогнозстат» (одинги «Госплан») нинг раиси — айни пайтда Бош вазир ўринбосари ҳам эди. Мен Бош муҳаррир бўлган журнал эса — олдин «Госплан», сўнг «Госкомпрогнозстат»нинг нашри ҳисобланиб, бевосита Мурод Шарифхўжаевга бўйсунарди.
Умуман «Госплан» то бугунги кунга қадар бир неча маротаба номи ўзгарган бўлса ҳам лекин кўпчиликнинг тилида ҳали-ҳануз ўша биз билган, бир пайтлар Каримов ва Мирсаидовлар раис бўлган — «Госплан» бўлиб қолди.
Ҳукумат уйига борсам, Мурод Шарифхўжаев Коллегия мажлисини чақиртирган бўлиб, мени ишдан олиш масаласи кун тартибига қўйилган экан. Ҳамма менинг келишимни кутиб турарди.
Шарифхўжаевнинг кенг ва узун — ҳашаматли кабинетига киришим биланоқ, мажлис бошланди. Мен ҳеч нарсадан хабарсиз эдим ва олдинига бир оз шошиб қолдим. Кейин ўзимга келиб: «Нима учун ишдан бўшашим керак? Мен нима гуноҳ қилдим?» — деб роса тўполон қилдим.
Коллегия аъзоларидан икки ё уч киши ҳам менинг ёнимни олди:
— Хўш, Исмат Хушевнинг нима айби бор экан? — деб сўрашди.
— Тўғри-да, жавоб беринглар, менинг қандай айбим бор экан? — деб руҳланиб кетдим ўзим ҳам…
2.
Мен ўзимнинг ишдан олинишим ҳақидаги хотираларимни олдинги бобларда ёзганим боис, ўша эсдаликларга мурожаат қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Демак, «Президент ёрдамчиси Гергий Крайновнинг сиёсий портретига шарҳ» номли бобдан кўчирма:
«13.
1994 йилнинг июнь ойида мени кутилмаганда Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев ҳузурига йўқлаб қолишди. Бу пайтга келиб Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов аллақачон ишдан олинган бўлиб, Сирдарё вилоятига ҳоким ўринбосари қилиб юборилган эди.
Лекин мен ҳали Бош муҳаррир эдим ва мени ҳеч ким ишдан ололмайди деган ишонч ва ақида юрагимда мустаҳкам зуҳур эди. Мурод Шарифхўжаев ўшанда Бош вазир ўринбосари бўлиш билан бирга “Госплан”нинг ҳам бошлиғи эди. “Ҳаёт ва иқтисод” журнали эса “Госплан” нашри бўлиб, Мурод ака бевосита менинг ҳам раҳбарим ҳисобланарди.
Мурод Шарифхўжаевнинг кенг ва мўл – мўҳташам кабинетида “Госплан” коллегиясининг барча аъзолари жам бўлишган, хонада совуқ бир сукунат ҳукмрон эди. Ҳамма мени кутиб турарди…
Мен хонага киришим билан Мурод ака ўрнидан турди-да, кўз ойнагини қўлига олиб, бир муддат гапни нимадан бошлашни билмай туриб қолди.
Сўнг ниҳоят чуқур бир хурсиниш ва ҳаяжон билан рус тилида: Бугун фақат бир масала муҳокама қилинади. Ташкилий масала. Ўртоқ Хушевни Бош муҳаррирлик лавозимидан озод қилиш масаласи…
Мен Мурод акадан ҳар нарсани кутган бўлсам ҳам, лекин бу гапни мутлақо кутмаган эдим. Бошимга биров гурзи билан ургандай бўлди. Бунинг устига Мурод ака ҳали сўзини тугатмай туриб, хонада ғала ғовур бошланди.
Демак бу масалани улар ҳам энди эшитишяпти. Ҳатто “Давлат Статистика қўмитаси” раиси Шуҳрат Ҳожимуродов деган акахонимиз ўрнидан ирғиб туриб: “Нима учун Исмат Хушев ишдан олишимиз керак? Сабаб нима, асос борми? Тушунтириш бераоласизми?” — деб масала овозга қўйилишига қаршилик қилди…
Шу менга далда бердими, ё ҳали ҳам ўзимни осмонда деб ўйладимми, Ислом акага ишончим шу қадар кучли эканми, билмадим, ғойибдан бир куч келиб, шу пайтгача ҳурмат қилиб келган академик олимга, меҳри дарё устозимиз, қолаверса — бевосита раҳбаримизга дағдаға қилиб, ташланиб қолдим: “Сиз нима деяпсиз, ўйлаб гапираяпсизми, ҳали бу гапингиз учун жавоб берасиз! Мен Сизларга кўрсатиб қўяман — Исмат Хушевни ишдан олиш қанақа бўлишини?!»
Мендан бундай қаршиликни кутмаган шекилли, Мурод Шарифхўжаев бир лаҳза довдираб — ўзини йўқотиб қўйди. Коллегия аъзолари ҳам жимиб қолишди…
Шундай деб, шундай шаккоклик қилиб, ўзимга ярашмаган асабий бир ҳолатда қабулхонага отилдим. Ортимда эшик очиқ қолди. Қабулхонада ҳукумат телефони – вертушка бор эди. Бора солиб, котибадан ҳам сўрамай вертушкадан жаҳл билан Президент ёрдамчиси — Крайновни тердим: 69-69 миди, 69-00 миди, ҳозир аниқ эсимда йўқ.
– Крайнов эшитади, ассалому алайкум – деб соф ўзбек тилида трубкани кўтарди Георгий Алексеевич. У ким телефон қилаётганини ҳали билмасди, албатта.
Унинг бу илиқ каломини эшитиб, ўзимга ишонч руҳи билан суғорилган яна олдинги жанговар ҳолатга қайтдим-қўйдим:
– Георгий Алексеевич, Я — Исмат Хушев, Шарифходжаев с ума сошел, чтоли?! Он хочет снять меня с должности! Можно поговарить с Президентом?
Котиба қиз, орқамда очиқ қолган кабинетдагилар – ҳамма донг қотиб қолган, қабулхонада ҳам, ичкари хонада ҳам ажиб бир сукунат ҳукмрон эди. Пашша учса эшитилар, ҳамма Крайновнинг менга нима деб жавоб беришини кутиб турарди. Одатда вертушкадаги сўзлашув худди микрафондан гапиргандай хонада акс садо бериб, ҳаммага бемалол эшитилар эди.
Крайнов ниҳоят ҳукумат телефонидан ким унга қўнғироқ қилаётганини англаб етди, шекилли, бир лаҳза ҳам ўзини йўқотиб қўймай, сокин ва хотиржам овозда, лекин қатъий қилиб шундай деди:
– Больше сюда не звони…
Нариги томондан телефон трубкасининг шарақлатиб қўйилгани эшитилди. Менинг қўлимдаги муаллақ трубкада эса гудок овозлари “Ту-Ту”лаб қолди.
Томоғимга нимадир келиб тиқилгандай бўлди…
14.
Демак ҳаммаси тушунарли.
Мени ишдан олиш ҳақидаги топшириқ Мурод Шарифхўжаевга энг олий идорадан – Президент маҳкамасидан тушган. Ажамаски, Президентнинг бу топшириғини ижрочига етказган ҳам айнан Крайнов бўлиши мумкин.
Лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, Крайнов ҳамиша Президентнинг қовоғига қараб одамларга муомила қилади. Ислом аканинг у ёки бу мулозим ҳақида фикри ўзгарса, у ҳам автоматик тарзда шунга бўйсунади.
Ва сира ютқизмайди…
Одатда бундай одамларни роботлар деб юритишади. Крайнов хўжасининг топшириғини сўзсиз бажарадиган бўлгани учун айнан робот номини олган бўлса ажаб эмас. Тўрт давлат раҳбари билан ишлаганининг сабабини ҳам биз унинг ўз касбига бўлган меҳру муҳаббатидан эмас, балки амалга ва хўжасига бўлган автоматик роботларча садоқатидан изласак, мақсадга мувофиқ бўлармиди…
Хуллас, Крайновнинг кутилмаган бу муомиласидан мен тамомила гангиб қолдим. Унинг бу сўзларини котиба ҳам, ҳатто ичкарида сукут сақлаб жим қотган коллегия аъзолари ҳам, Мурод Шарифхўжаев ҳам аниқ тиниқ эшитганларига менда шубҳа йўқ эди.
Крайновнинг шу биргина жавоби мени сувга тушган мушукдай ожиз ва итоатгўй қилиб қўйди. Во ажаб, боягина Бош вазир ўринбосари тугул, бутун коллегия аъзоларини еб-ичиб, ҳатто янчиб ташлашга ҳам қодир бўлган Исмат Хушев қани? Унга нима бўлди?
Шу пайтгача журналистлар орасида Президентнинг эркатойи бўлиб келган китоблик қудратли Бош муҳаррирдан, унинг шашти ва оловидан энди асар ҳам қолмаган эди…
15.
Бошларимни эгиб, икки қўлим билан кўз ёшларимни артган ҳолда, Мурод Шарифхўжаевнинг кабинетига қайтиб кириб, бир чеккада турган стулга оҳиста чўкдим.
Мурод ака яна ўрниларидан туриб, бояги сўзларини такрорладилар:
-Демак ўша масалани яна овозга қўяман. Ўртоқ Хушев ўз вазифасидан озод қилинсин деганлар қўл кўтарсин. Қаршилар. Йўқ. Бетарафлар – бир киши – Шуҳрат Ҳожимуродов. Демак қарор қабул қилинди…
Мендан кейин кўп ўтмай тошкентлик ажойиб раҳбар Шуҳрат Ҳожимуродовнинг ҳам Давлат статистика Қўмитаси раҳбарлигидан ишдан олинганини эшитдим.
Шу ўринда икки оғиз сўз Шуҳрат Ҳожимуродов ҳақида.
Тошкент шаҳрида туғилган бу ажойиб ва ўта камтарин инсон ўз вақтида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Шукрилла Раҳматович Мирсаидов билан бирга ишлаган. Бундан сал олдинроқ эса, Шукрилла Мирсаидов “Давлат статистика Қўмитаси” нинг раиси бўлган. Бу лавозимдан Тошкент горисполкомига раис бўлиб ўтганида, Шуҳрат Ҳожимуродов унинг ўрнини эгаллаган…»
16.
Кейин орадан бир икки ой вақт ўтиб, отам Тошкентга келиб, вазиятни билиш ва менинг кейинги тақдиримни аниқлаш учун Бош вазир ўринбосари Мурод Шарифхўжаевга учрайдилар. Мурод ака отамни яхши кутиб олади, ҳурмат иззатини жойига қўйиб, мулозамат кўрсатади. Сўнг тўғрисини айтади:
– Уруш кўрган, оқ қорани таниган, ўқитувчи одам экансиз. Ўғлингизнинг Тошкентдаги сиёсий каръераси тугади. Энди уни қишлоққа олиб кетинг. Бирорта мактабда ўқитувчилик қилиб, ота касбини давом эттирсин. Сизга бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмайман…
2-китобнинг 36-бобидан кўчирма тугади.
http://dunyouzbeklari.com/archives/105128
3.
Ўшанда «Госкомпрогнозстат» Коллегияси аъзолари — Вячеслав Голишев билан Галина Саидовалар ҳам ҳеч иккиланмасдан менинг ишдан бўшатилишимни ёқлаб овоз беришади.
Ҳолбуки, биз учаламиз — Президентнинг барча йиғилишларида биргаликда иштирок этардик. «Госплан»дан шу учовимиз — Президентга яқин эканимизни ҳамма биларди.
Ҳа, биз ростдан ҳам президентга яқин эдик. Умрзоқов масаласида «Госкомпрогнозстат» коллегиясида ишдан олиниб, сўнг кўп ўтмай ҳибс этилган Исмат Хушевнинг сиёсий каръераси Мурод Шарифхўжаев отамга айтгани каби — шу билан тугамади.
Иқтисод фанлари доктори, ўз вақтида Президентга илмий иши бўйича раҳбар бўлган академик Мурод Шарифхўжаевнинг отамга айтган ҳамма гапи тўғри эди. Фақат менинг сиёсий каръерам масаласида у киши адашди. Мен яна шахсан Президентнинг амри билан “Ҳамкор” – “Деловой партнер Узбекистана” газетаси Бош муҳаррири этиб тайинланганда у киши энди қудратли Бош вазир муовини эмас, балки оддий бир Молия институтининг ректори эди, холос.
Лекин барибир амал — «элим деб, юртим деб ёниб яшовчи»ларга вафо қилмас экан. Лавозимда узоқ қолиш учун элу улусни — юртни эмас, тожу тахтнинг — шоҳнинг ғамини кўпроқ еб юриш керак экан.
Юқорида айтганимиз каби, бир пайтлар «Госкомпрогнозстат» дан Президентга яқин бўлган бу «учлик»нинг бири — журналист Исмат Хушев бугун Ўзбекистондан олис ва хориж диёрларда муҳожирликнинг аччиқ ва тахир нонини еб юрибди.
Чунки у лавозимда бўлганида кўпроқ одамларнинг дардига шерик эди, ҳукуматнинг эмас. Лекин ундан фарқли ўлароқ, ҳамиша давлат ва ҳукумат тарафида турган, оддий халқни ва шўрлик одамларни мутлақо ўйламаган бошқа икковлон эса ҳануз от устида, ҳануз амалда.
Вячеслав Аркадьевич, ажабки, чорак асрдан бўён иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси. Галина Саидова эса олдин — Ташки Иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири эди.
2011 йилнинг 29 июлидан эътиборан эса Ўзбекистон Президенти Фармонига биноан — Иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаб келяпти.
Ҳолбуки, Ислом Каримов яратган тузум ва жамият адолатли бўлганида эди, аксинча бўлиши керак эмасми?
Исмат Хушевнинг мақола ва хотиралари бугун хорижда, муҳожирликда эмас, балки она Ватанда — Ўзбекистонда чоп этилиши, унинг ўзи ҳам камида «Дунё ўзбеклари» номли Ўзбекистондаги расмий ҳукумат нашрининг Бош муҳаррири бўлиши керак эди — Торонтодаги оддийгина мустақил интернет порталнинг эмас.
Мен эрта бир кун Ўзбекистонга ҳам демократия кириб келишига, ўзимиз орзу қилган адолатли ва диёнатли жамият барпо этилишига ишонаман.
Фақат, не-не орзу умидлар билан бу ёруғ дунёга келган менинг авлодим ўша демократияни кўролмай бу дунёдан армон билан ўтиб кетса — менга алам қилади…
Карим Баҳриев бир пайтлар айтган эди: «Исмат ака, умр бизга бир марта берилади. Шунда ҳам демократияни кўрмай бу дунёдан ўтиб кетиш нақадар ачинарли…» — деб.
Ҳа, Каримжон ҳақ. Нафақат демократияни, балки адолат ва диёнат тантанасини кўрмай ўтиб кетиш ҳам аслида ҳур ва озод туғилган инсон учун ўлим билан тенг.
Лекин, на чора. Инсон пешонасига ёзилган ўз тақдири ва қисматидан қочиб кета олмас экан. Тақдир бизга шу аччиқ ва аламли қисматни насиб этди.
Энди дунё ўзбеклари бир ёқадан бош чиқариб, бирлашсалар, Амир Темур бобомиз васият қилиб кетганидек: «Адолат — кучдадир!» ёки «Куч — адолатда!» деб бир сафга тизилсалар, ҳалиям Ўзбекистон тугул, дунёнинг ярмини ҳам ишғол қилишлари ҳеч гап эмас…
4.
Майли, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтайлик.
Крайнов билан гаплашганимдан кейин мен учун ҳамма нарса тушунарли эди.
Лекин чўкаётган одам хасга ҳам тармашади деганларидек, Коллегия мажлисидан кейин — тўппа тўғри Бош вазир Абдуҳошим Мўталовнинг олдига чиқдим.
Мени ҳеч ким тўхтата олмасди, соқчилар менга «честь» бериб туришарди. Ёрдамчилар доим меҳр билан кутиб олишарди.
Лекин бу гал улар мени кўрибоқ, қабулхонадаги чоғроққина бир хонага олиб киришди.
Президент амри билан лавозимидан олинган одамни хизмат кабинетида қабул қилиш оқибатларидан қўрқди, шекилли, кўп ўтмай Абдуҳошим Мўталовнинг ўзи олдимга кириб келди. У кишининг ранглари бир оз оқарган, кайфияти меникидан ҳам ёмон эди:
— Исматжон, на чора, Каттанинг топшириғи шундай бўлди, биз энди ҳеч нарса қила олмаймиз, — деган эди ўшанда Абдуҳошим ака бош бармоғи билан Президент саройи томонга ишора қилиб…
Бугун мен «Дунё ўзбеклари» ўқувчиларига бир гапни рўй-рост айтиб ўтишим керак. Мени ишдан олишганда энг кўп куйган ва азият чеккан раҳбар ҳам — Ўзбекистон ҳукумати раиси, Бош вазир Абдуҳошим Мўталов бўлди. У киши менга худди отамдек меҳр ва изтироб билан боқаркан, кўзимга тик боқолмаган кўзларида ёш милтираб турганини кўрдим.
Абдуҳошим Мўталов билан биз ака укадек яқин ва қадрдон эканимизни олдинги бобларда кўп ёздим. Ҳар гал олдига кирганимда Бош вазир бўла туриб, ўз ҳуқуқларини асосан Жўрабековга бериб қўйишганларидан нолиб юрувчи одам бугун энди дарду ҳасратларини айтиб, таскин ва тасаалли топувчи — Президентга яқин бўлган якааю ягона укасидан ҳам айрилган эди.
Ва энг даҳшатлиси, ўша Президентнинг қарори ва амри билан…
5.
Хуллас, Бош вазир қабулхонасидан чиқиб, хизмат машинамга ҳам ўтирмай, «Анҳор» бўйлаб яёв кетдим.
Тўлиб тошиб оқаётган Анҳор бугун тамомила бошқача эди.
Ҳар доим кўм-кўк ва зилол бўлиб, тинч ва сокин оққан Анҳор энди лойқаланиб, пишқириб, ўзанига сиғмай оқарди.
Боягина менинг зор ва забун ҳолатимни кўриб, кўзларида ёш милтираган Бош вазир каби, Анҳор ҳам менинг ишдан кетганим учун кўз ёш тўкиб, фарёд чекиб, ўзанига сиғмай, тўлқинланиб, тўлқинланиб оқарди гўё…
Бошингга бир кулфат тушса, ғам ва алам гирдобида қолсанг — қабристон ё уммон қошига бор деб бежиз айтишмаган эканлар.
Анҳор бўйлаб кезарканман, Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб ўтган беш йиллик умрим бир бир кўз ўнгимдан кино лентасидай ўта бошлади.
Ислом Каримов 1989 йилнинг 23 июнь куни ҳокимиятга келган бўлса, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай мени «Госплан» қошидаги «Экономика и Жизнь» журналига Бош муҳаррир қилиб тайинлаган эди.
«Бу нашрнинг номини ўзгартириб, ходимларини янгилаб, асосан ўзбек тилида чиқар, майли, илова сифатида русчаси ҳам чиқиб турсин, лекин уни бошдан оёқ миллийлаштир» деган эдилар ўшанда Ислом ака.
Бугун энди 1994 йилнинг 6 июнь куни — беш йиллик мулозимлик даврим ҳам якун топиб, мени вазифамдан олишди.
Мени Ислом Каримов тавсияси билан иқтисод фанлари доктори Шукрилла Мирсаидов вазифага қўйган, «Исмат Хушев энди Бош муҳаррир» деб Фармон чиқарган бўлса, бугун ҳам Ислом Каримов амри билан, академик Мурод Шарифхўжаев «Исмат Хушев энди ҳеч ким эмас!» деб, ишдан бўшатди.
Шундай қилиб, Исмат Хушевнинг ҳукуматдаги беш йиллик шонли ва суронли Бош муҳаррирлик умри якунига етган эди.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шуни истаган эди…
6.
Кейинчалик, Президент атрофидаги ишончли манбалардан бири — махсус хизмат мулозими менга бу воқеани батафсил ҳикоя қилиб берган эди.
Жума куни тушдан сўнг Президент кабинетида МХХ раиси Ғулом Алиев, Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва Президентнинг кампир ияк Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимовлар тўпланишади.
— Мана, Ислом ака, Исмат Хушев ҳақида Китобдан касета ҳам келди, «ашёвий далил» қўлга киритилди, — дейди Тимур Алимов.
Бу ўша — етимча бола Исмоилдан пул сўрагани учун мен ишдан ҳайдаттириб юборган Китоб райони прокурори Шайманов овозимни ёзиб олган касета эди.
Албатта, Ислом ака касетада нима гаплар ёзилганини эшитиб кўрмайди, маслаҳатчисига ишонади.
Сўнг Ғулом Алиев ахборот беради:
— Опер группа тўплаган маълумотларга қараганда Умрзоқовнинг Тошкентдаги коттежига ҳам, Боёвутдаги уйига ҳам ишдан олинганидан сўнг, қариндош уруғларини ҳисобга олмаганда — фақат Исмат Хушев бориб турган. Ашёвий далиллар — аудио ва видео ёзувларга эгамиз… — Ҳаммасини кўришингиз шарт эмас, Ислом ака. Фақат — мана бу видео кадрни кўрсангиз кифоя.
Ғулом Алиев шундай деб, сўзини тугатар тугатмас, Президент столи рўпарасидаги кичик экранда менинг Боёвутга борган ҳолатларим акс этган лавҳалар кўринади. Хизмат машинамнинг давлат номерлари катта катта қилиб видеога туширилган бу лавҳада мен қўлимдаги тўқ жигар ранг дипломат билан Мавлон аканинг ҳовлисига кириб кетаётган ҳолат акс этган эди.
— Исматжоннинг Умрзоқов доирасида муҳим ўринга ва ролга эга эканлиги ҳақида бизда ишончли маълумотлар бор, Ислом ака, — дейди видеони кўриб, ўйланиб қолган Президентга қараб Алиев.
Назаримда, булардан ташқари Мавлон аканинг ҳар икки уйида «жучок»лар ҳам ўрнатилган бўлиб, бизнинг Президентдан норози бўлиб айтган гапларимиз яширинчи ёзиб олинган эди. Ўшандай суҳбатларда мен ҳам: «Ислом ака садоқатли ўз укасининг қадрига етмади!» — деб Мавлон аканинг фикрларини қўллаб-қувватлаган эдим.
Чамамда ана шундай гап-сўзлар ҳам Ислом Каримовга оқизмай-томизмай етказилади…
— Бўпти, уни ҳам ишдан бўшатинглар, — деб розилик беради ниҳоят Ислом ака…
7.
Яширмайман, мени ишдан олиш ва ҳибс этишга Президентни кўндириш, унинг атрофидагиларга осон бўлмаган.
Ислом ака мени айрича меҳр билан яхши кўришини улар яхши билишган. Шунинг учун тайёргарликни ҳам шунга яраша — пишиқ ва пухта қилишган.
Демак, тўртинчи ва бешинчи июнь — шанба ва якшанба кунлари ҳам президент девонида менинг устимдан қўшимча маълумотлар тўпланади.
Олтинчи июнь — душанба куни эса мени Коллегия мажлисида ишдан бўшатишади.
Ростини айтсам, ишдан кетиш жараёни ҳам ниҳоятда даҳшат бўлар экан. Буни Ўзбекистон Олий раҳбариятида ишлаган ва ўша ердан бўшатилган мулозимлар яхши билишади.
Эҳтимол, бошқа Бош муҳаррир бўлганида уни ишдан бўшатиш ҳеч гап эмасдир. Бош муҳаррирлик лавозими аслида Ўзбекистон Олий раҳбариятига ҳам тааллуқли эмас, шунчаки — ўрта бўғин амалдор ҳисобланади.
Лекин Исмат Хушев оддий Бош муҳаррир эмас эди.
Уни бу лавозимга шахсан Ислом Каримов тавсия қилган ва тайинлаган ҳолда, лавозими жиҳатидан у қадар аҳамиятли бўлмаса ҳам, лекин президент командасида тутган мавқеи ва давлат бошлиғининг эътибори жиҳатидан — у аллақачон Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимлар сирасига кириб улгурган эди…
8.
Хуллас, Президент ишончидан чиқиш, раҳбарлик лавозимидан ҳайдалиш — ниҳоятда дахшатли бўлар экан.
Ўша куни Коллегия мажлиси ниҳоятсига етгач:
— Сиздан ишни, сейфингизнинг калитларини, таҳририят байроғи ва муҳрини қабул қилиб олиш учун кимни юборайлик? — деб ўзимдан сўрашди.
Шунинг ўзиёқ — уларнинг менга хайрихоҳлигидан, лекин юқоридаги буйруқни бажармасликнинг иложи йўқлигидан далолат эди.
Шунда мен Мурод Шарифхўжаевга:
— Илтимос, Сизлар у ёққа одам юбориб, мени шарманда қилманглар. Ўзим коллективни йиғиб, улар билан хайрлашиб, ишни муовинимга топшириб кетаман, — дедим.
Улар менинг илтимосимни қондирадилар…
Анҳор бўйларида яёв кезиб, ўтган беш йиллик мулозимлик умримни сарҳисоб қилиб: «Шу билан ҳаёт тугамайди-ку», — деб, сал ўзимга келдим-да, ўксик ва шикаста дил билан ишхонага бордим.
Бориб, дарҳол коллективни йиғдим:
— Мен ишдан кетдим… Мени ишдан бўшатишди… — дедим.
Шунда биринчи маротаба товушим титраб чиқди.
Қабулхонамда ўтирадиган Меҳри Алимқулова деган самарқандлик котиба қизнинг бирдан йиғлаб юборгани эсимда.
Мендан кейин у Ўзбекистон радиосига ишга ўтиб кетибди. Яхши қалами бор, яхши ҳикоялар ёзадиган, ўзи ҳам яхши ва меҳрли, истараси иссиқ қиз эди.
Ишдан кетганимни эшитган бошқа ходимларим ҳам ғалати аҳволга тушиб қолишди. Шунда уларга қарата:
— Иш, амал деб кимнидир ранжитиб, дилини оғритган бўлсам, узр сўрайман, мени кечиринглар. Бу ерда ўтирганларнинг ҳаммасини ўзим суҳбатлашиб, ишга олганман. Ҳеч кимни бировнинг илтимоси ва ё ёрдами билан олмадим. Шунинг учун ҳам бир оила аъзоларидай иноқ эдик. Сизлар менга ишондинглар ва шахсий муаммоларни ҳам доим мен билан баҳам кўрдинглар. Мен ҳам Сизларни имкон қадар қўллаб қувватлаб келдим. Тўю-томошоларда, яхши ва ёмон кунларда доим бирга бўлдик. Мен Сизларга ўрганиб қолгандим. Энди Сизларсиз, Сизларнинг меҳру муҳаббатларингсиз мен қандай яшарканман…
Гапираётган пайтимда кўзларим жиққа ёшга тўлган эди.
Бир оз ўзимни босиб олай, ҳаяжоним босилсин деб, атрофга қарасам, ходимларимнинг ҳаммаси, ҳатто рус редакциясидаги аёллар ҳам кўзларида ёш билан ҳайрон бўлиб, худди мени биринчи кўришаётгандек, чексиз бир ҳайрат ва ҳасрат билан мўлтираб туришарди.
Ортиқ гапиролмадим…
9.
Ўринбосарим — Геннадий Мара Новикни Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганимни уларга маълум қилдим.
Коллектив билан хайр-хушлашиб уларнинг олдида сейфни очдим.
Бўйим тенги келадиган уч қаватли темир сейфларда майда-чуйда совға саломлар, турли туман ичимликлар, қўл ва осма соатлар, ҳар хил ручка ва значоклар, пачка-пачка олий навли конфет ва шоколадлар, қимматбаҳо сигаретлар қалашиб ётарди.
Бош муҳаррирга журнал таҳрир ҳайъати аъзоларидан, Олий ўқув юрти домлалари, профессор ва деканлардан, институт ректорларидан келган совға салом ва «пора»лар эди булар.
Иқтисод журналимиз Олий Аттестация Комиссияси рўйхатида бўлгани учун ҳам илмий иш ёқлашдан аввал бўлажак олимларнинг изланиш ва тадқиқотлари, мақолалари бизда албатта чиққан бўлиши керак эди.
Ана шунинг эвазига улар ва уларнинг илмий раҳбарлари олиб келган совға саломлар эди булар.
Мен хайрлашаётган маҳал кабинетимда ўттизга яқин одам бор эди. Уларнинг ҳар бирига мендан эсдалик учун деб, нимадир бердим.
Қўл соатларини ўзбек йигитларига, сигарет ва ичимликлар — ароқ, вино, вискиларни рус редакцияси ходимларига, осма соат, коньяк, шоколад ва шампанларни хотин қизларимизга беармон тарқатдим.
Бизнинг бинони қўриқлайдиган милиция ходимларини чақириб, уларнинг ёрдамида кабинетимни йиғиштирдим, сейфларни бўшатиб қўйдим…
10.
Ўзинг учун азиз бўлиб қолган, умрингнинг энг ёруғ ва мунаввар кунлари ўтган кабинетни тарк этиш ниҳоятда оғир ва аламли бўлишини мен ўшанда билган эдим.
Акам автомобиль ҳалокати боис фожеали ҳалок бўлганида, у Китоб район марказий шифохонасида қон қўйиш бўлимининг бошлиғи эди, унинг ишхонасини йиғиштириш ҳам мен учун ниҳоятда оғир ва азобли — қийин бўлган эди, лекин у бошқа масала.
Ўлган аканг энди тирилиб келмаслигини ҳар сонияда ҳис этиб, ич-ичингдан эзилиб турасан. Бу бевафо дунёнинг ўткинчи ва муваққат эканидан қалбингда афсус ва надомат чекиб, бир умрлик айрилиқ ва ҳижрон азобларига ўзингни тайёрлаб қўясан.
Аммо ўзингга қадрдон бўлиб қолган кабинет билан хайрлашиш ҳам жуда оғир бўлар экан. Телефонлар, ойна остидаги суратлар ҳам энди кўзларингга бошқача кўринади.
Мен бу кабинетда 1989 йилдан бери — беш йил давомида яхши-ёмон кунларни бошимдан кечирган эдим. Шу кабинетда ўтириб баҳоли қудрат «Ҳаёт ва Иқтисод» — «Жизнь и Экономика» журналларини чиқардим.
Озми-кўпми жамиятда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қилдим…
11.
Ўшанда икки-уч соат хонани йиғиштирганман.
Телевизорнинг устида турган товоқдаги сунъий гулларни менга Нодирбек Юсуфбеков совға қилган эди.
Портретларнинг олдига қўйиладиган, вазаларга солинган чиройли гуллар ҳам бор эди.
Тепамда осиғлиқ турган Ислом Каримовнинг нафис портретини ҳам Нодирбек ака совға қилган эдилар.
У киши Пўлат Ҳабибуллаевдан кейин «Фан ва Техника Давлат қўмитаси»нинг раиси этиб тайинланган эдилар.
Ишхонамиз бир бинода бўлиб, тўрт қаватли бу катта ва муҳташам кошонада фақат иккимиз бош бўлган жамоа жойлашган эди.
— Ислом Каримовнинг портретини машинага олиб чиқинглар, мен уни уйга олиб кетаман, — дедим.
Қизиқ ҳолат, аслида мени Ислом ака ишдан бўшатаяпти. Лекин мен у кишининг суратини уйга олиб кетаётган эдим.
Бундан кўпчилик ҳайрон бўлади, лекин мен ишдан кетганим билан Президентга бўлган ишонч ҳали ҳам юрагимда мустаҳкам эди…
12.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, кўч-кўронимни йиғиштираётган пайтда, ишхонамга Норқобил Жалил деган дўстим келиб қолади.
Унинг қўлига кабинетга қўйиладиган битта яп-янги телефон аппаратини бериб: «Жўра, бу сенга совға, эрта бир кун раҳбар бўлиш сенга ҳам насиб этсин!» — дегандим.
Фаришталар «омин» деган экан, кейинчалик Норқобил ҳам кўтарилиб кетди.
Ҳозир у «Оила ва Жамият» газетасида Бош муҳаррир.
Постда турган милиционерлар хонамни йиғиштиришга ёрдам берганлари учун уларнинг ҳам қўлига нимадир бердим. Ҳаммага биттадан совға салом улашдим.
Кабинетимда майда-чуйда нарсалар, ҳатто ҳали очиб кўрилмаган каробкалар ҳам кўп эди, уларни уйга олиб кетиб бўлмасди.
Аслида, ҳаммасини машинамга ортиб, уйга олиб кетишим ҳам мумкин эди, лекин ишхонамга атаб келтирилган нарсаларни уйга ташишга ўрганмагандим.
Ўтники — ўтга, сувники — сувга деган гап бор…
13.
У пайтларда бошимга оғир кун тушганда таскин ва тасалли берадиган яқинларим олис қишлоғимда — Китобда эдилар.
Орамизда — Катта Ўзбек Тракти орқали бориладиган — 364 километрлик узун масофа бор эди. Ўнқир-чўнқир бу йўлни энг камида беш-олти соатда босиб ўтиш мумкин.
Канада ва Американинг силлиқ ва равон, тез юрар йўлларида бу масофани кўпи билан икки-уч соатда босиб ўтасиз.
Лекин Самарқанднинг Тахта Қорача довони орқали ўтиладиган Тошкент ва Китоб йўллари билан — Канада ва Америка йўллари орасида ер-у осмончалик каттакон фарқ бор.
Телефонлар эса — ёрдам беролмасди. Таскин ва тасалли топиш учун Қашқадарёга — уйга бориш керак.
Ҳар сафар қоп-қора хизмат «Волга»сида ваҳима ва даб-даба билан қишлоғига борувчи Исмат Хушев энди ишдан олиндим деб, энди қайси юз билан уй томонларга бора олади?!
Ноҳақ ишдан олинган одам шу қадар чўкиб қолишини ҳаётимда биринчи бор юрак юракдан ҳис этиб турардим.
Айниқса, сен бир умр ишонган, девоналарча меҳр ва садоқат қўйган халоскоринг ва устозинг — Ислом Каримовдек суюкли зот топшириғига биноан ишдан кетсанг, одамга ниҳоятда алам қилар экан…
14.
Хуллас, кабинетимни топшириб, ҳамма билан хайр-хушлашиб, оғир ва изтиробли хаёллар билан уйга келдим.
Энди шофер билан ҳам хайрлашиш, хизмат машинасини ҳам топшириш керак эди.
Энди менинг уйим олдида ҳар куни эрталаб қоп қора «Волга» келиб тўхтамайди. Энди биз турадиган ҳукумат «доми»даги мулозимлар сони биттага камайган эди.
Уйга кириб, хавотир билан рўпарамга чиққан хотинимга: «Мени ишдан олишди!» дедим-у, йиғлаб юбордим.
Мен ҳеч қачон ишдан кетаман деб ўйламаган эдим. Ишдан кетишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим, тасаввуримга ҳам сиғдиролмасдим.
Президентнинг менга, менинг унга бўлган содда ва самимий, қалин ва қадрли муносабат, мени ишдан кетишим мумкинлигини хаёлга ҳам келтирмайдиган ана шундай қудратли бир ишончга ёр қилиб қўйган эди.
Йиғлаб юборганимдан сўнг Наргиз ҳам кўзларида ёш билан:
— Майли, ўзингизни эҳтиёт қилинг! Биз ҳам бир кунимизни кўрармиз, — деб таскин берганди…
Маълумки, биз яшайдиган «Дом» МарказҚўмда ишлайдиган одамлар учун қурилган бўлиб, унда асосан давлат ва ҳукумат мулозимлари истиқомат қилишарди.
Эртаси кундан эътиборан «Исмат Хушев ишдан бўшатилибди!» деган шов-шув тарқалади ва қўни-қўшниларнинг бизга муносабати ўзгариб қолади, деярли ҳаммаси биздан ўзларини олиб қочади.
Шу нарсалар одамга оғир ботар экан…
15.
Янглишмасам, Нурали Қобул: «Худо ургандан эмас, Подшо ургандан қўрқ!» деган киноявий гапни тез-тез такрорлаб турарди.
Нурали аканинг ўша гапини эшитган дастлабки чоғларда мен шунчаки кулиб қўярдим, холос.
Кейинчалик, ўз аччиқ тажрибамда кўрдимки, бу гап бекорга айтилмаган экан. Нурали Қобул ҳаётни, одамларни мендан кўра яхшироқ ва мукаммалроқ билар экан.
Дарҳақиқат, бизнинг замонамизда — Мустақил Ўзбекистонда — подшо урган, подшонинг назаридан қолган одамнинг тамомила шўри қуриб, уйи куйиб кетар экан…
16.
Бирдан одамларнинг муомиласи ўзгарди.
Бутун оиламиз билан биргаликда ғалати аҳволга тушиб қолдик.
Мен ҳар куни эрталаб хизмат машинасида ишга боришга ўрганиб қолган одам эдим.
Кун бўйи қандайдир ташвишлар билан елиб югурардим, тиним нималигини билмасдим.
Энди бўлса, тонг саҳардаёқ уйқу қочиб кетади, яна бир кунни шифтга термулиб ётиб, ўтказишим кераклигини эслайман-у, юрагим орқасига тортиб кетади. Сиқилавериб, жинни бўлиб қолай дердим.
Уйда ётаверсангиз, хотинингизнинг ҳам кўзига ёмон кўриниб, ўзингизни ожиз ва нотавон одамдек ҳис эта бошлар экансиз.
Актив фаолият билан машғул бўлган одам уйида ўтириб қолса, ҳамма давлат идоралари у учун тақа-тақ ёпилса, бу ҳол кишини руҳан эзиб юборар экан.
Шундай қилиб энди таҳликага туша бошладим. Боз устига ҳар хил гап-сўзлар, ваҳималар кўпайиб кетди: «Мавлон Умрзоқов қамалар экан!» деган миш-миш тарқалди. Ўшанда ҳам мен эрта-индин қамалишим мумкин деб ўйламасдим. Ўйлаганимда, мамлакатдан чиқиб кетган бўлардим.
Биласиз, чет элларда таниш-билишларим кўп эди, норасмий ташкилотлар мени қучоқ очиб кутиб олишарди. Яна бир марта айтаман: Қамалишимни билганимда албатта қочиб кетардим.
Лекин у пайтларда қамалиш ҳам, қочиш ҳам хаёлимда йўқ эди.
Тошкентда эса кундан кунга ваҳималар кучаяверди.
Ишдан кетганимдан кейин бирдан бир овунчоғим Мавлон ака бўлиб қолди. Энди у кишининг олдига ҳамдард сифатида борардим: авваллари унга таскин бериш учун борсам, энди ўзим таскин топиш учун борардим.
У киши Сирдарё вилояти ҳокимининг муовини эди, лекин деярли ишга чиқмасди. Икки ишсиз бир бўлиб ҳасратлашардик, Мавлон ака кўнглимни кўтарарди.
Кўнглимни кўтарадиган, менга таскин берадиган бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳамма мендан ўзини олиб қоча бошлади.
Ҳатто энг яқин дўстларим ҳам турли нарсаларни баҳона қилиб, мен билан кўришмасликка, телефон қўнғироқларимни бежавоб қолдиришга ҳаракат қилишарди.
Ўзбекистон махсус хизмат идораси одамлар орасига ёйган қўрқитиш ва саросимага солиш сиёсатининг оқибатлари ниҳоятда даҳшатли бўлишини мен ўшанда биринчи маротаба кўриб, билиб, ич-ичимдан аниқ-тиниқ ҳис этган эдим…
17.
Тошкентда ваҳималар кучая бошлади.
Нима бало бўлди-ю, ўз-ўзимдан қўрқиб, ваҳимага тушадиган вос-восга ўхшаб қолдим.
Ён-атрофимда жонсарак «маслаҳатгўйларим» пайдо бўлди, аксарият ваҳимали гапларни ҳам ўшалар топиб келишарди.
Кейинчалик аниқ бўлдики, улар МХХ нинг одамлари экан.
(Худди матбуотда бўлганидек, уларнинг соҳасида ҳам «штатсиз мухбирлар» ҳар томонда изғиб юришарди).
— Агар Умрзоқовнинг кирдикорлари тўғрисида МХХ га маълумот ёзиб берсанг, сени ишга қайта тиклашлари мумкин, — деб аҳмоқона маслаҳат берди ўша «штатсиз мухбирлар»дан бири. — У энди тамом бўлди, сен ўзингни ўйлашинг керак, ҳали ёшсан, келажагинг олдинда…
Шундан кейин мен СНБга хат ёздим. Гўёки, Мавлон аканинг ва Ҳалима опанинг «кирдикорлари»ни ўзимча фош қилганман.
Ҳолбуки, мен ёзган «кирдикорлар» оддий иғво гаплардан фарқ қилмасди. Жумладан, «Президент тўғрисида ундай деди, бундай деди» дегандек гапларни тўплаб бергандим. Яъни бу хатни «Чақмачақар» студиясининг маҳсулоти дейиш мумкин.
СНБга ёзилган ўша хат — қўрқувга тушиб қолган кўнгилнинг ожиз бир кўриниши эди. Мен Миллий Хавфсизлик Хизмати раисига мурожаат қилдим.
Ўйладимки, тавба-тазарру қилсам, тушунтирсам, «Кумуш» каби юзимга бир тарсаки уриб: «Энди бизни тинч қўйгин, сен бизга тегмасанг, биз ҳам сенга тегмаймиз!» — деб Ғулом Алиев ҳам бир марта ўғил болалик қилади деб ўйлаганман.
Менга СНБ агентлари шундай маслаҳат беришган эди. Кейин билсам, улар менга жўрттага шундай йўл кўрсатишган экан.
Улар аслида мени тақиллатишганди.
Афсуски, мен аҳмоқ ҳам чучварани хом санаган эканман! Аҳмоқ бўлмасам, «Мен Мавлон аканинг душман эканлигини, Президентга қарши эканлигини олдинроқ билмаган эканман, мени кечиринглар!» деб хат ёзармидим.
Чўкаётган одам хасга ёпишади деб бекорга айтишмас экан.
Ҳақиқатан ҳам шунақа бўлар экан — хасга ҳам ёпишаверар экансан. Шу хатни ёзсам, улар менга қутқарув баллонини ирғитиб, соҳилга чиқариб олишади деб ўйлаган эдим.
Лекин хато ўйлаган эканман…
19.
Майли, Умрзоқовга тўҳмат қилган фақат мен эмас, деб ўзимни минг овутганим билан тарих энди ортга қайтмайди. Сотқинлик ва хоинлик унутилмайди. Бу бор гап.
Лекин шу билан бирга бу дунёда адолат ва диёнат деган гаплар ҳам бор. Шу билан бирга пушаймон ва тавба тазарру қилиш ҳуқуқи ҳам йўқолмаган.
Адолат ва диёнат олдида, қолаверса, бу тўҳмат ва ҳақоратлар эвазига 25 йилдан бўён ярим ва шикаста дил билан яшаб юрган Мавлон Умрзоқов олдида ҳеч бўлмаса шуларни тан ола билиш ҳам виждонли одамнинг бурчи эмасми?
Қачонгача виждонсизлик ва имонсизлик бизни қийнаши керак?
Шу ўринда Абдулла Ориповнинг бир шеъри ёдимга тушди:
Ватерлода хато қилди Напалеон,
Жаҳонгирнинг қочди шу кун омади.
Мана ўтса ҳамки неча бир замон,
У ҳақда гапирмаган одам қомади.
Темур Пайғамбарлар қасоси учун,
Етмиш минг одамнинг олди бошини,
Уни қарғадилар хатоси учун,
Ҳамон отмоқдалар таъна тошини.
Хато қилган бўлсам, кечиргил болам,
Минг йил давомида чўзаверма, бас.
Кўриб турибсанки мен оддий одам,
Напалеон эмасман, Темур ҳам эмас…
20.
Бугун СНБга хат олиб бориб берган бўлсам, худди хатимни интизорлик билан кутиб туришгандек, эртаси куниёқ менга телефон қилишди.
Бу тахминан 20 июль кунлари эди.
— Исмат ака, раисимиз номига хат ёзган экансиз… — деб одоб билан сўрашиб, сўнг мақсадга ўтди бир йигит.
— Ҳа, ёзгандим, — дедим бу қадар тез жавоб бўлишини кутмаганим учун ҳам ҳаяжонланиб.
— Эртага эрталаб соат тўққизларда уйда бўлиб турсангиз, йигитларимиз боришади. Хат бўйича суҳбатлашиш учун…
— Яхши, кутаман, — дедим гапни қисқа қилгани учун мен ҳам чўзиб ўтирмай…
Эртаси куни эрталаб роппа роса тўққизу ноль нолда яна қўнғироқ қилиб, кўчага чиқишимни илтимос қилишди. Уйдан чиққан заҳоти рўпарамга оқ «Жигули» келиб тўхтади.
— Исмат ака, чиқинг, Сизни кутишяпти, — деди рулда ўтирган ёшгина йигит.
Машинада ҳайдовчининг ёнида яна бир киши бор эди. Улар мен билан совуққина сўрашдилар. Лекин исмларини айтишмади.
— Сизни Бош прокуратурага олиб боришимиз керак, — дейишди менга. Ўша ерда сиз билан суҳбатлашадилар. Сўнг уйга олиб келиб қўямиз…
Тушунмадим, мен хатни СНБ га ёзган бўлсам, нега энди прокуратурага боршим керак экан деб ҳайрон бўлдим. Лекин уларга эътироз билдиролмадим.
Машина ўрнидан қўзғалиши билан, елдек учиб кетди. Бир пасда Бош прокуратурага етиб келдик.
Йўлда йигитлар бир оғиз ҳам гапиришмади. Мен ҳам индамадим.
Бош прокуратурага кираверишда эшик ёнида турган милиционер мени бошлаб борган йигитларни кўриши билан, ўнг қўлини чеккасига олиб бориб, ғоз туриб «честь» берди.
Ҳужжатларини ҳам кўрмай, ҳурмат бажо қилганидан билдимки, уларни бу ердаги соқчилар яхши таниркан.
Юқори қаватдаги хоналарнинг бирига кирдик. Хонадаги икки йигит ҳам уларни кўрибоқ ўринларидан ирғиб туриб, илиқ сўрашишди. Ҳаммамиз ўтириб, кимнидир кута бошладик. Мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмади.
Ўн минутлар чамаси вақт ўтиб, кабинетга ёш ва келишган бир йигит шитоб билан кириб келди. Мўйлови ўзига ярашиб турган бу йигит кириб келган заҳоти хонадагилар ирғиб ўринларидан туриб, худди ҳарбийлардек ғоз қотиб туришди. Прокуратура ходимлари ҳам, СНБ даги йигитлар ҳам.
Уларнинг муомиласидан хонага кириб келган одамнинг катта амалдор эканини дарҳол сездим. Фақат кимлигини билолмадим. Илгари уни кўрмаган эканман. Мен уни СНБ раҳбарларидан бири бўлса керак деб ўйладим.
Демак, СНБ билан Бош прокуратура Умрзоқов ишини биргаликда олиб боришаётган бўлса, улар шу бинода қўним топишибди-да, деб ўйладим.
— Исмат Хушев шу йигитми? — деб менга юзланди ҳалиги одам.
У менга синчков назар ташлаб, олдимга яқинлашиб келаркан, мен ҳам унинг ҳурматига ўрнимдан туриб:
— Ҳа, мен Исмат Хушевман! — дедим одоб билан.
У кўп эмас, бир лаҳза кўзларимга тикилиб турди-да, сўнг:
— Яхши, бу кишини олиб кетишларинг мумкин, — деб хонани тарк этди…
Мен ҳеч нарсага тушунмадим. Йигитлар ҳам менга ҳеч нарса дейишмади.
Қандай тез прокуратурага борган бўлсак, ўшандай тезлик билан мени уйга олиб келиб қўйишди.
Фақат мен машинадан тушар пайтим, йигитлардан бири:
— Суҳбат кейинги гапга қолди, узр, — деди совуққина қилиб.
Уларнинг ортиқча гапирмаслигини билганим учун ҳам, индамай машинадан тушиб қолавердим…
21.
1994 йилнинг 25 июль куни эрталаб уйимга СНБдан яна телефон қилишди.
— Исмат ака, бизга хат ёзган экансиз, — дейишди яна ўшандай одоб билан.
— Ҳа, ёзган эдим, — дедим мен ҳам яна ўша ҳайронлик билан.
— Ўтган сафар сиз билан суҳбат қилишолмади. Бунинг учун узр. Эртага эрталаб соат тўққизларда уйда бўлиб туринг. Биз сизга телефон қиламиз, чақирамиз. Энди бизнинг идорага келасиз, ўша хат бўйича гаплашамиз, — дейишди.
— Яхши, ака, — дедим бир оз ҳаяжонланиб…
Ажабки, ўша кечаси уйимга Республика прокуратурасида ишловчи дўстим Хуррам Холиқов келди.
Агар эсингизда бўлса, у 9-май куни Қибрайдаги дачамда бўлган зиёфатда пазандалиги билан Мавлон аканинг ҳурматига сазовор бўлган эди.
Мени ишдан бўшатишган — 6 июндан то 25 июлгача қандай яшаганимни битта ўзим биламан: қўрқув, ваҳима ва таҳликада яшаш одамнинг жонидан ҳам тўйдириб юборар экан…
Ўша кунларнинг ҳосиласи ўлароқ — Миллик Хавфсизлик Хизматига хат ёзишга мажбур бўлганман.
Эҳтимол, хатнинг нусхаси сақланиб қолган бўлса, шу китобга илова қиларман (Жиноят «дело»сида бор)…
22.
Шу ўринда ҳурматли адибимиз Саид Аҳмад домланинг битта гапи эсимга тушиб қолди.
У кишининг ҳикоя қилишича, домла эллигинчи йилларда қамалиб келганларидан сўнг устоз Абдулла Қаҳҳор йўқлаб борадилар. Ҳол-аҳвол сўрашилгандан кейин Абдулла Қаҳҳор: «Саидаҳмад, бари бир ютуқ сеники бўлди, чунки сен эсон-омон қамоқда ётиб келдинг. Биз бўлсак, бўхчамизни ҳозирлаб қўйиб, ҳар куни эшикка тикилиб ўтирамиз. Кечаси кўчадан мошина ўтиб қолса ҳам, уйқумиз қочиб кетади, ҳойнаҳой, мени олиб кетгани келишди деб ўйлаймиз. Ҳар куни ит азобида яшагандан кўра, қамалиб кетган ҳам афзал!» деган эканлар…
Хуллас, устоз Абдулла Қаҳҳор қамоқдан келган шогирдига ҳавас қилган экан!
Ҳа, фақат қамалишини кутиб юрган одамгина Абдулла Қаҳҳорнинг эллигинчи йиллардаги аҳволини юракдан ҳис этиши мумкин.
Мен буни ўз бошимдан кечирдим, мен ҳам айнан ўшандай аҳволда яшар эдим…
Тан олиб айтишим керакки, бошга мусибат тушмагунча, киши ўзининг ожиз томонларини билмас экан.
Мен ҳам ўзимнинг ожиз томонларимни — «Эр бошига иш тушган» шу оғир ва таҳликали дамларда англаб етдим: 1994 йилнинг 5 июнидан 25 июлигача ниҳоятда жиддий синовни бошимдан кечирдим…
23.
Қисқаси, 25 июль куни улар телефон қилиб мени текшириб кўришади. Тошкентда эканлигимни билмоқчи бўлишади.
Сўнг яна бир марта ишонч ҳосил қилиш учун кечқурун уйимга энг яқин оғайним Хуррам Холиқовни «разведка»га жўнатишади.
Ҳамиша уйимга эмин-эркин келиб кетадиган одам ўша куни кечаси енгил машинасини ҳув олисдаги майдончада қолдириб, ўзи ҳовли томондан яқинлашиб, деразадан мени имлаб чақирди, уйга кирмади.
Ўзини қоронғиликка олиб турди. Биз ташқарида кўришдик.
— Хуррам ака, уйга кирайлик, — деб яна таклиф қилдим.
— Йўқ, раҳмат, — деди бесаронжом бўлиб. — Исматжон, ҳаётда баъзан оғир кунлар ҳам бўлади. Ҳаётнинг ўзи шунақа. Илтимос, телефонда ҳар хил гапларни гапирманг. Бу бир. Иккинчидан, пул-муллар бўлса, шу бугун кечасиёқ у ёқ — бу ёққа тарқатиб юборинг…
— Нима деяпсиз, Хуррам ака!! — дедим жаҳлим чиқиб. — Пул менда нима иш қилсин?!
Аслида у мени хавф хатардан огоҳлантириш учун келган экан. У менинг эрта индин қамалишимни билган.
Қамалиб чиққанимдан сўнг: «Хуррам ака, ўшанда менга сал тушунарлироқ қилиб, очиқ ойдин айтганингизда, балки бунча мусибатлар бошимга тушмасмиди?!» деганман. «Мен Сизни тушунади деб ўйлагандим…» «Ахир менга тушунарли қилиб гапирмадингиз-ку!» дейман бўғриқиб. «Э-э, нима деяпсиз, агар очиқ айтганимда мени сиқиб юборишарди!» деб жавоб беради чап қўлининг доирасига ўнг қўлининг кафти билан уриб.
«Агар Исмат Хушев чет элга қочиб кетса, сен калланг билан жавоб берасан!» — дейишган эди. «Тағин ҳам мен сизнинг уйингизга келиб, огоҳлантириб кетганман, шунисига ҳам раҳмат денг!»
Ҳақиқатан ҳам Хуррам Холиқовнинг уйимга келиши мардлик эди. Лекин у келиб, «Эртага сени олиб кетишади!» демади-да. «Фақат ҳукуматга қарши бўлган ортиқча қоғозлар йўқми?» — деб сўрайди.
— Э-э, сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? — деб ғазабим қўзиб кетади ва у билан совуққина хайрлашиб, уйга кириб кетган эдим.
Афсуски, ўшанда фалокат остонамда пойлаб турганини билмаган эдим.
Эр бошига жиддий иш тушган эди…
Сўнгсўз ўрнида
1.
20 июль куни мени Бош прокуратурага олиб боришганларида, бир лаҳза кўзларимга тикилиб, сўнг олиб кетинглар деб, хонадан чиқиб кетган ёш ва келишган, мўйловли йигит — Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Рашид Қодиров эканини, мен ўшанинг санкцияси билан ҳибсга олинганимни қамалганимдан кейин билдим.
У мени ҳибсга олиш учун санкция беришдан олдин юзма-юз суҳбатга чақиртирган экан. Лекин суҳбатлашиш ўрнига, кўзларимга бир лаҳза диққат билан тикилиб туриб, ўз қарорини аллақачон қабул қилган экан…
Болалигимда қайсидир бир ёзувчининг «Меҳмон» номли асарини ўқиган эдим. Эндигини прокурор этиб тайинланган ёш ва адолатли бир йигитнинг бошидан ўтган ташвишли кунлари ҳақида ҳикоя қилувчи бу асарни ўқиб, мен ҳам унингдек адолатпарвар прокурор бўлишни илк бор орзу қилган эдим.
Шу китобда ёзилишича, прокурор бировни ҳибсга олишдан олдин, у билан суҳбатлашиб, кўзларига тикилиб, унинг ростдан ҳам жиноят содир этганига ишонч ҳосил қилиши ўта муҳим ва шарт экани ҳақида ёзилган эди.
Рашид Қодиров мен билан гаплашмай, фақат кўзларимга тикилиб, нималарни кўра олди, била олди, бу энди Яратган Эгамга аён.
Менинг ҳабсга олинишим зарур ва шарт эканини Қодиров яхши билган. Шунинг учун ҳам ортиқча мулозамат қилиб ўтирмаган — савол жавоб ортиқча деб билган…
2.
Энди икки оғиз сўз Умрзоқовни ёмонлаб, ўзимни қутқариб қоламан деб ўйлаган ўйим ҳақида.
Мавлон акани ёмонлаб СНБ га хат ёзсам, мени қора рўйхатдан чиқариб олишади деб ўйлаганим рост. Аниқроғи, мени шундай бўлади деб ишонтиришди.
Гап бунда ҳам эмас. Бугун энг муҳим — умр йўлларида йўл қўйилган ана шу хато ва камчиликларни мардлик билан тан ола билишда.
Менинг ҳеч ким кутмаган ва очиқ ойдин тан олиб айтилаётган бу дилрозларимни ўқиб, кимдир: «Исмат Хушев шу айби ва гуноҳини айтмаса ҳам бўлар эди» деб ўйлаши табиий, албатта.
Ростини айтганда, бу гапда ҳам жон бор. Мен бугун Умрзоқовга нисбатан қилган ўша хоинлигим ва ожизлигимни тан олмасам, эсламасам ҳам бўларди.
Лекин унда мен: «Шу сиёсий хотираларимда — Ислом Каримов пошшолигида ўтган кунларимни қандай бўлса шундайлигича, холислик ва одиллик билан, йўл қўйган хато ва камчиликларни ҳам яширмай, очиқ ойдин айтаман ва ёзаман! — деб чин юракдан азму қарор қилган Исмат Хушев бўлиб қололмас эдим.
Қолаверса, мени ҳамиша одил ва адолатли бўлишга чорлаб келган раҳматли отамнинг муборак ва пок руҳи ҳаққи ҳурмати мен бошқача йўл тутолмасдим.
Ўзимни — мақтаб, ўзгаларни -ёмонлаш йўлидан боролмасдим…
3.
Бу дунёда «Беайб — Парвардигор!» деган бир сўз ҳам бор.
Инсон ўз хато ва камчиликларини рўй рост тан олса, буни тўғри тушуниш керак.
«Қуръони Карим» китобидаги 17-Исра сурасининг, 84-оятида бир ҳикмат бор, мазмуни тахминан шундай: «Тангри Таолло Расулуллоҳ Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу аллайҳи васалламга шундай дейди: Ҳар бир инсон ўзининг кўнгли ва ақли буюргани бўйича яшайди. Қайси инсон тўғри йўлдан бораётганини ёлғиз Раббинг билади деб одамларга айтгин!» — дейди.
Яъни: «Одамлар бир бирини маломат қилишга ҳақли эмас. Бу ёлғиз Худонинг — Яратган Эгамнинг ихтиёрида!» — деб таълим беради Қуръони Карим.
Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса — истеъдодли ўзбек шоири Усмон Азимов айтгани каби, инсонни тушуниш керак, тушунишга ҳаракат қилиш керак.
Бир пайтлар — бедард ва бетакрор талабалик йилларимда яна бир талантли шоир дўстим Мирзо Кенжабоевнинг ажойиб бир шеърини ўқиган эдим.
Унда — ёши бир жойга бориб қолган ота, ҳақиқий шоир бўламан деб орзу қилган ва шу улуғ ният билан пойтахтни забт этиш учун Тошкентга йўл олган ўғлига «Оқ йўл» тиларкан: «Умримда хатолар кўп бўлди, ўғлим!» деб уни бешафқат ҳаётнинг шафқатсизликларига доим тайёр бўлиб юришга ундайди.
Шунда ҳали ҳаёт синовларига дуч келиб улгурмаган, лекин китоб ўқиб — ҳаёт кўрган донишманд ўғил отасига қарата: «Сизнинг хато ўтган умр — хатомас, хатосиз умрнинг ўтгани — хато!» деб ўзича отасига таскин ва тасалли беради.
Аслида мен бу бобнинг номини ҳам Мирзонинг шеъридаги ўша ҳаётий ва ўлмас сатрлар билан: » ХАТОСИЗ УМРНИНГ ЎТГАНИ — ХАТО!!!» — деб қўймоқчи эдим.
Ҳа, бу дунёда хато қилмай яшаган ким бор?
Ҳамма гап шу хатоларни ўз вақтида тан ола билишда.
Очиқ ва самимий тавба тазаррунинг одамлар меҳрини қозонувчи оҳанграбодек сирли ва сеҳрли сири ҳам шунда эмасми?
4.
«Дунё ўзбеклари»ни бугун дунёнинг 155 давлат ва мамлакатидаги Ватандошлар ўқиётгани боис бўлса керак, ҳар куни мухлис ва ўқувчилардан ўнлаб хат ва хабарлар келади.
Уларнинг кўпчилиги нашримизда чоп этилаётган мақолалар ҳақида бўлса, лекин асосий қисми — Исмат Хушев қаламига мансуб: «Подшо эркатойининг саргўзаштлари» номли китоб ҳақида.
Яширмайман, бу хатларда ўқувчилар менинг Ислом Каримов пошшолигига алоқадор бўлган шонли ва сўронли, шу билан бирга ғалвали ва мураккаб ҳаётимга ўта қизиқиш билан қарашларини, ҳатто ҳавас қилишларини ошкор этишади.
Мен эса ўз навбатида — кўплар ҳавас қилаётган ана шу салтанат ва шайтанатга аралаш ҳаётнинг ожиз ва хато томонлари ҳам борлигини одамлар билишини ва бундан тегишли сабоқ олишини истайман.
Яхши ва соф ният билан келажакда раҳбар бўлишни орзу қилган ёшлар биз йўл қўйган хатоларни такрорламаслигини орзу қиламан.
«Президентга ҳурмат — Ватанга муҳаббат», «Давлат раҳбарига бўлган садоқат — Бу дунёда энг олий саодат!» — деб биздек ўзларини ўзлари алдаб, сароб орзу умидлар билан яшаб юрмасликларини, одил ва адолатли — Президентга, озод ва саодатли — Ватанга меҳр қўйишларини ва содиқ бўлишларини Яратган Эгамдан сўраб қоламан…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
3 март, 2016 йил, чоршанба…
ИККИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ
Суратда: “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Сатторов (ўнгдан – иккинчи), Бош муҳаррир Исмат Хушев (ўнгдан – учинчи), адабий ходим Суюн Қораев (ўнгдан – биринчи), адабий ходим Азамат Суюнов (чапдан биринчи), Бош муҳаррир ўринбосари Алишер Таксанов (орқа планда – чапдан биринчи), Бобир Раҳимов (учинчи) директор – ишлар бошқарувчиси, Шуҳрат Соҳибов – масъул котиб ва Дилшод Қосимов (таржимон, адабий ходим) лар Бош муҳаррир кабинетида.
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (биринчи қаторда – чапдан иккинчи), унинг ёнида – қора плашда Ўзбекистон Статистика Давлат Қўмитаси раиси Шуҳрат Ҳожимуродов ва бошқа мулозимлар расмий ҳукумат делегацияси билан Германияда хизмат сафарида..
Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўртада), Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Содиқ Сафоев (ўнгда) матбуот анжуманидан қайтишаётган пайт…
Суратда: Бош муҳаррир Исмат Хушев (ўртада) рус ва ўзбек редакциясининг бир гуруҳ ижодий ходимлари билан. Исмат Хушевнинг ёнида ва орқа томонида ширингина жилмайиб турганлар – журналист Матлуба Азаматова ва бугунги таниқли ёзувчи Муҳаммад Шариф. Чапдан биринчи – ёзувчи Маҳкам Маҳмудов (Бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари) ва Геннадий Мара Новик (Бош муҳаррир ўринбосари), Шуҳрат Иброҳимов (Иқтисод ва Адабиёт бўлими мудири) ва бошқалар…
Суратда: Бош муҳаррир Исмат Хушев, унинг орқа томонида редакция ходимлари Муқаддас Юсупова ва Шуҳрат Иброҳимовлар Наврўз анжумани очилишида…
Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев ўз кабинетида йиғилиш ўтказаётган пайт…
Рўпарасида ўтирган ходимларига боқиб хаёл сураётган Бош муҳаррир Исмат Хушев эрта бир кун бу шинам кабинетдан қувиб чиқарилишини хаёлига ҳам келтирмаган эди…
Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев Нархоз (Халқ хўжалиги институти) бугунги Иқтисодиёт университети ректори, академик Саидаҳрор Ғуломов, нархозда биринчи проректор, профессор А.Н.Ким ва Плеханов номли Москва Иқтисодиёт Академияси Тошкент филиали раҳбари, академик Қаландар Абдураҳмоновлар билан…
Суратда: Бош муҳаррир Исмат Хушев ва редакция ходимлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ артисти Малика Аҳмедова билан ижодий учрашувда…
Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев иқтисод фанлари докторлари, профессор ва академиклардан иборат бўлган журнал таҳрир ҳайъати йиғилишини бошқариб турган пайт.
Йиғилишда иштирок этаётган академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгдан – биринчи) орадан уч-тўрт йил ўтиб, Бош вазир ўринбосари бўлганида Исмат Хушевни Бош муҳаррирлик вазифасидан озод қилади. Унинг ёнидаги – Статистика ва Давлат Қўмитаси раиси Шуҳрат Ҳожимуродов эса (ўнгдан – иккинчи) бу таклифга қарши чиқади ва кўп ўтмай у ҳам ишдан олинади…
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда…)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
14 комментариев
-
Ҳурматли Исмат ака! Фақат авлоди тоза инсонларгина ўз айбларини бўйинларига оладилар.
Зоти пастлар эса ОТА мерос бўлгани учун жим ифлосликларини баралла давом эттириб, мингаб инсонларнинг бошига етиб, айбларини исботлаб берсанг ҳам жимгина ўтиб кетаверадилар!
Нафақат Мавлон ака оиласи олдида, балким Ҳалқимиз олдида хам ўзингизни оқлаб олиш баробарида, казоларнинг ифлос башараларини очиб ташладингиз!
Бизнинг юқори эшелондагилар, дўстлик, садоқат, Ватанга мухаббат ва яна кўплаб ҳислатлардан мосуво эканлар… -
Ismat Xushev Sizni Gosplandan ketqazishib togri qilishgan deb `oylayman. Chunki siz atrofingizdagi och bori qashqirlar bilan ishlayolmas edingiz buni men sizni yozganlaringizdan oqib korib yozyapman. Och borilar, qashqirlar sizga tinchlik bermagan bolar edi chunki siz pora olishni vositachilik qilishni bilmaysiz. Men boshimga qora kun kelib men xamma yuqori mansabdorlarni korib chiqqan edim va ulardan judayam konglim qolib ketgan edi. Dunye Ozbeklari bu tarix — kelajakda judayam asqotadi.
-
ЖУДА БЕРИЛИБ НАФАС ОЛМАСДАН ЎҚИДИМ. ПАДАРИГА МИНГ МАРТА ЛАНАТ БУНДАЙ МАНСАБЛАРНИ. ЭНДИ ТУШИНДИМ НИМА УЧУН АМАЛДАН КЕТГАНЛАР ТЕЗДА СОҒЛИГИНИ ЮҚОТИБ, БИР ХИЛЛАРИ ТЕЗДА ИНСУЛЬТ БЎЛИБ ЎЛИБ КЕТИШИНИ. ҲОЗИРГИ ДАВЛАТНИ БОШҚАРИШ АХМОҚОНА УСЛУБИ КОММУНИСТИК ДАВРДАН ҚОЛГАН, ҲЕЧ ҲАМ ЎЗГАРМАГАН. БИЗГА КАРИМОВ САЛТАНАТИНИНГ НОЗИК ТОМОНЛАРИНИ ОЧИБ БЕРАЁТГАНИНГИЗ УЧУН КАТТА РАҲМАТ ИСМАТЖОН.
-
Ислом Каримов Сиёсий тизими шундай қурилганки бу ерда ҳалол ишлашни ҳеч ҳам имкони йўқ. Исмат ака, мана шу биргина боб сизнинг қандай улуғ инсон эканлигингизни кўрсатиб турибди. Мен сизнинг ёзаётган хотираларингизни бошидан ўқиб келаман. Сизга минг раҳмат, мен сизга чин юракдан хавас киламан.
-
Соғ одам касал бўлмагунча, соғликни қадрига етмагандик, амалдор ҳам мансабдан кетмагинча уни асоратлрини сезмас экан. Қойил Исмат Хушев!!! Ўқиб роса мазза қилдим. Айниқса, узингизни хам аямай танқид қилганингиз учун сизни бир умрга хурмат қиламан.
-
Бу Каримов режими қип қизил жаҳаннамни ўзи экан-ку. Исмат ака бир томондан тўғри қилгансиз чет элга чиқиб. Сизга ўхшаганларни у ёқда тинч қўйишмасди. Чунки рахматли дадангиз сизга доим тўғри йўлдан юришни ургатган. Сиз хеч қачон эгри йулдан юролмайсиз. Ёзган китобингиз буни тасдиклаб турибди. Агар сизнинг сайтингиз ва китобларингиз булмаганида билмадим нима килар эдик. Бир оз кутинг. Давр узгарсин, узимиз сизни юртимизга олиб бориб рахбарликка кўтарамиз. Бу шунчаки гап эмас. Қасам ичиб шуни сизга ёздим.
-
А.Қодирийни «Ўтган кунлар» романидек таъсирли бўлибди Исмат ака! Шундай табий романтик чиққибди, тўғрисини айтсам кўзларим ёшга тўлиб ўқидим. Мен ижодкорлар ичида кўп бўлганман булар қалблари нозик, тоза бўлишади албатта ҳақиқийларини. Сиз ичингиз тоза, юрагида гард ҳам йўқ инсонсиз. Мана шунинг учун ҳам ҳаммасини очиқ ойдин қандай бўлган бўлса шундай ёзаяпсиз. Сиздек улуғ ва талантли одамнинг кадрига етмаган Каримов хали куп пушмон килади, ака. Кунглингизни чўктирманг, ёнингизда биз бормиз. Фақат давомини кўп чўзмай чиқаринг, илтимос.
-
Беайб парвардигор!
-
Абдулла Қаҳҳор ёлғон гапирган бўлса керак. Лекин ҳар қалай топиб айтилган гап. Ич этини емириб юрган гап.
-
Койил Исмат ака!
Асарларизни укиб Рус журналисти Леонид Млечинни Совет Иттифоки пайтидаги рахбарлар тугрисида документ-публицистик курсатувларни кургандай булдим.
Факат Каримов хали хам давлатни тепасида. Яна бир нарсаки сиз уша пайтдаги куп хатоларингиздан пушаймондасиз ва характерингиздаги айрим камчиликларни коралаб чиккансиз. «Мусофир булмагунча мусулмон булмайсан» дейишган, ва аминманки сиздаги купгина узгаришларга Канада диёридаги хаёт ва эркинлик сабаб булган.Айтайлик ёки фараз килайлик сиз уша пайтлар Канадага эмас, аксинча Узбекистонда колганингизда ёки камалиб кетганингизда 5-10йилга (худо асрасин, лекин Узб шароитида бу осон), сизнинг тафакуррингиз канчалик узгарган буларди. Юрагингиздаги, дилингиздаги хар бир фикрни ёза олишингиз неча фоизга тушган буларди деб уйлайсиз. Бу ковлаш эмас, факатгина камок шароити канчалик инсонга таъсир этар эканлигини сизни назарингизни билмокчи эдим. Аввалдан рахмат.
-
Беихтиёр чуқур, изтиробли ўйга толдиради бу асар ўқувчини. Унча-мунча кучли бадиий асарлардан зўрроқ, қизиқарлироқ хотиралар булар…
-
Раҳмат! Ҳаммасини ошкора, яширмай, очиқ ёзганингиз учун ҳам раҳмат! Ҳали 90 йиллар ҳақида бошқа бирон бир ижодкор нафақат шунчаки тайинли хотиралар ёзмади. Балки… бунақасини фақат Исмат Хушев ёзяпти. Нақадар аччиқ ҳақиқатлар…
-
Men bugun so`z aytishga ham ojizman, lolman. Ismat Xushev birgina mana shu jasoratli iqrori bilan tarihda qoladi. Kelajak avlod uning asarlarini o`qib Islom Karimov davri siyosatiga baho beradi. Yaxshi va yomon tomnlarini o`qib o`rganadi. Bu asar yosh avlod uchun sub bilan havodek zarur va kerakli asar ekaniga men bugun iqror bo`ldim. Mardlik va soflikni, samimiyatni biz hammamiz bugun Islom Karimovdan emas, balki Ismat Xushevdan o`rganishimiz kerak. Ming rahmat, Ismatjon. Umringiz uzoq bo`lsin.
-
Икки тоифа инсонлар бўларкан, иккиси ҳам хатокор. Бири хатоларини тан олади, тазарруъ қилади ва виждонини поклайди. У мард ва саодатли инсон. Иккинчи тоифа, тан ҳам олмайди, балки бошқаларга тўнкайди.
Исмат ака, сизни мардлигингиз учун қутлаймиз, келажак авлодни бу каби хатолардан, шайтанат оламининг хийлакор ўйинларидан огоҳлантирганингиз учун раҳматлар айтамиз.
Яратган Эгамиз барчаларимизнинг хатоларимизга бу дунёдан кўз юммай туриб тазарруъ қилишликка ва атрофимиздагиларнинг розилигини олиб қолишликка насиб этсин!
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Yosh yigitni hayot va iqtisod jurnaliga bosh muharrir qilish Karimovning qanaqa iqtisodchi ekanligini ko’rsatadi.
Ha Ozod tushmagur, ohiriyam basharingni ochibsanda
Бир нафас билан ўқиб чиқиладиган асар. Зўр бадиий асар бўлипти. Тарихий жиҳатдан ҳам қиммати юқори. Раҳмат сизга Исмат Хушев!
Бу нафақат мукаммал бадиий асар, балки етук тарихий асар ҳам. Гап йўқ!
Ҳақиқий талантлар йўқолиб кетмайди айтишади ку “оққан дарё ҳамиша оқади” деб. Мавжуд тизим ўз югурдаклари билан вақти соати келади йўқ бўлиб кетади, утмишда эсланса ҳам бир салбий мазмунда келажак авлодлар томондан нафрат билан тилга олинади холос. Сиз Исмат ака бўларни асил қиёфаси билан тарихга ҳақоний критиб бўлдингиз. Одамдан хотирадан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Бу маймун сифат амалдорлар оммани чалғитамиз, хохлаган кўйимизга соламиз, сувдан қуруқ чиқамиз деб ўйлашади. Энди ўпкалашмасин юзлари қийшиқ бўлса ойнадан.
“Нафақат демократияни, балки адолат ва диёнат тантанасини кўрмай ўтиб кетиш ҳам аслида ҳур ва озод туғилган инсон учун ўлим билан тенг.
Лекин, на чора. Инсон пешонасига ёзилган ўз тақдири ва қисматидан қочиб кета олмас экан. Тақдир бизга шу аччиқ ва аламли қисматни насиб этди”.
Исмат Хушевнинг бу гаплари кишини ўйлантириб қўйиши табиий.
Биз киммиз? Тўғрида вазиятни ўзгартира олмаймиз, қолаверса уни таъсирида яшаймиз. Кўпчилик онгида сиёсий ўзгариш ясаш нақадар қийин, уни устига ҳокимият шарт шароит яратиш ўрнига, тескари равишда оммани чалғитса, пассивликни рағбатлантирса. Менинг назаримда айнан Исмат Хушевнинг асарлари кишилар қалбида ва онгида ўзгариш ясаши лозим!!!
Men hali umrm bino bo`lib bunday samimiy hotiralarni – dil rozlarini o`qimagan edim. Toshkent maktablarida 20 yildan bo`yon adabiyotdan dars beraman. Lekin Ismat Xushev yozayotgan hotiralardan olayotgan hayot darsinimen hali hech bir kitobdan ololganim yo`q. Bu dunyoda sizdek irodali va talantli odamlar borligi uchun ham biz ertaga ozod va hur jamiyat qurilishiga ishonib yashayotgan o`lsak, ajab emas…
Исматбек, анчадан бери ёзганларингизни ўқиб келаман. Жасорат ва истеъдодингиз мухлисиман. Дубайга яна келсангиз, кўришайлик. Олдинги келганингизда сизни меҳмон қилган дўстлар айтишганди. Лекин сизни яхши билмаганим учун ўзимни олиб қочгандим. Энди келсангиз албатта кўришамиз. Азиз меҳмонимиз бўласиз.
“Oqqan daryo oqmasdan qolmas” degan maqol bor.
Bugun bulmasa ertaga, kechi bilan indinga, hech bo’maganda manashu xotiralaringiz-u sherlaringiz bilan oqasiz nasib bo’lsa.
Esda tuting, amaldoru podsholar, badavlatu boylar bir kun kelib o’ladilar. Olimu ijodkorlar o’lmaydilar, deyilgan hadisda.
Bunga ming yillar osha yashab kelayotga Xorazmiy, Beruniy, Navoiy, Firog’iylar misol bo’laoladi.