«Нуроний» жамғармаси раиси Эркин Боқибоев вафот этди
Эркин Боқибоев ўзининг қарийб 60 йиллик иш фаолияти давомида республикамизда банк-молия соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши раиси Эркин Боқибоев 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Эркин Боқибоев 1934 йилда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. 1957 йилда Тошкент молия-иқтисод институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлади.
У Халқ банкининг Фарғона вилояти Олтиариқ тумани бўлимида иқтисодчи бўлиб иш бошлади.
Кейинчалик бўлим бошқарувчиси, банкнинг Сирдарё вилояти бошқарувчиси ўринбосари, “Ўзагросаноатбанк” бошқаруви раиси, Марказий банк раиси, молия вазири сингари масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди. 1999 йилдан умрининг охиригача “Нуроний” жамғармасининг Марказий кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатди.
Эркин Боқибоев ўзининг қарийб 60 йиллик иш фаолияти давомида республикамизда банк-молия соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
“Нуроний” жамғармасидаги фаолияти давомида мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларимизни она Ватанга, халқимизга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада кекса авлод вакилларининг фаол иштирокини таъминлашда ўзининг ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатларини намоён этди.
Э.Боқибоевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони, “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган эди.
http://qalampir.uz/
Суратда: Молия вазири Эркин Боқибоев Марказий Банк Бошқаруви раиси Файзулла Муллажонов билан Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида…
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан)
«Дунё ўзбеклари»дан:
Эркин ака билан мен жуда яхши ва яқин муносабатда эдим.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан эътиборан у киши жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига шиддат билан кириб келган ҳалол ва фидойи инсон эдилар.
Аввал район ва вилоят банк тизимида, сўнг республика «Агросаноатбанк» ва Марказий Банк Бошқаруви раиси лавозимларида меҳнат қилдилар. Ўзбекистонда эндигина давлатчилик тамоиллари шаклланаётган ва тамал тоши қўйилаётган йилларда ўзбек иқтисодиётининг энг нозик соҳаси бўлмиш — Молия вазирлигини бошқардилар.
У киши қаерда ва ким бўлиб ишламасин, ҳамиша одамларни тушунишга, уларнинг оғирини енгил қилишга интилардилар.
Биз Эркин ака билан Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияларида тез-тез учрашиб, кўришиб, суҳбатлашиб турардик. Камтар ва камсуқум инсон эдилар.
Мен бирор маротаба ҳам у кишининг каттамсираб, ман-манликка берилганларини кўрмаганман, сезмаганман.
У киши Банк Бошқаруви раиси ва ё Молия вазиридан кўра кўпроқ кечагина қишлоқдан келган оддий ўқитувчига ўхшардилар.
Содда ва самимийликлари, камтар ва камсуқумликлари шу қадар эди.
2000 йиллардан эътиборан сурункали 15-16 йил Эркин Боқибоев «Нуроний» жамғармасини бошқариб келдилар.
Шахсан Президент рўйхати ва тавсияси билан то умрининг сўнгги дақиқасига қадар «сенатор» мақомида бўлдилар.
Бугун ўз умрининг муборак 82 ёшида бизни шу ёлғон дунёда қолдириб, рост ва чин дунёга рихлат қилган Эркин аканинг оила аъзолари ва барча яқинларига олис Канададан туриб ўзимнинг чуқур ва аламли таъзиямни билдираман.
Эркин ака яхши одам эдилар. Яратган Эгам у кишини ўз раҳмат ва марҳаматига олиб, жойларини жаннатдан қилган бўлсин, илоҳим.
Худо раҳматига олган бўлсин!