Инқилобчи Мамасиддиқ Мадумаров Ўзган шаҳрида ва туманида босмачиларни тор-мор этишда фаол иштирок этади, узоқ йиллар Ўзгандаги жамоа хўжалиги раиси бўлиб ишлаган. Менинг аммам ўшлик Ҳожинисо Раҳмонова билан турмуш қуришади ва 12 январ 1929 йили Абдураҳмон исмли фарзанд кўришади. Уч ёшлигида онаси Ҳожинисо вафот этади ва Абдураҳмон ёшлигидан меҳнатга чиниқиб ўсади.
Улуғ Ватан уруши йилларида отаси Мамасиддиқ Мадумаров фронтга кетади. Абдураҳмон Ўш шаҳридаги тоғаси Ўринбой Раҳмоновнинг оиласида яшаб, урушнинг оғир йилларида фронт ортида меҳнат қилади. Совет армияси сафида хизмат қилиб қайтиб келгач, самбо бўйича 20 асрнинг 50 йилларида Ўш вилояти ва Қирғизистон мусобақалари ғолиби, 1953 йили қўли синиб, Тошкентда самбо бўйича мураббий бўлади. 1954 йилдан токи нафақага чиққунча Ўшдаги маиший хизмат корхонасида тери-жун цехининг мудири бўлиб ишлаган. 1980-1982 йилларда Ўш шаҳрида гилам ишлаб чиқариш цехини очган ва ишини юритган. 1990 йилда Ўш шаҳридаги янги тери-жун фабрикасида фаолият юритган.
Абдураҳмон Мадумаров изланувчан ва янгиликка интилувчан раҳбар бўлгани учун, 1988 йили Россия корхоналари билан ҳамкорликда Ўш шаҳрида резина маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод очмоқчи эди. Лекин айрим амалдорларнинг янгиликни тушунмаслиги ва масъулиятсизлиги оқибатида бу орзусини амалга ошира олмади.
Ҳукуматимиз Абдураҳмон Мадумаровни Ўш шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ва ишлаб чиқарилувчи халқ истеъмоли молларини янги хилларини кўпайтиришга, сифатини яхшилашга қўшган ҳиссасини юксак баҳолади, ҳалол ва кўп йиллик меҳнати, давлат буюртмаларини ошиғи билан бажарганлиги учун кўплаб медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаган.
Менинг амаким Абдураҳмон ака менинг холам Минавар ҳожи ая Тўйчибоева билан бирга 51 йил турмуш қуриб, олтита фарзандни вояга етказишган. Ўғли Қахрамон ҳожи Тошкент шарқшунослик олийгохини тамомлаб, СССРнинг Сурия, Яман, Иордания Араб давлатларидаги элчихоналарида таржимон, Ўш қирғиз-ўзбек дорилфунунида араб маркази раҳбари, араб тили ўқитувчиси, бош ошпаз бўлиб ишлаган.
Яна бир ўғли Ботиржон Тошкент давлат дорилфунуни журналистика куллиётини тамомлаган, Ўзбекистон ва Қирғизистон рўзномаларида кўплаб мақолалари чиққан. Қизи Мисирё ҳожи мактабда математика ўқитувчиси, кичик ўғли Абдумалик ҳожи ишбилармон ва ҳайдовчи, қизи Феруза ҳожи Кореяда тадбиркор.
Абдураҳмон ҳожи Мадумаров жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб ўзи яшаган Ўш шаҳрининг Алебастрова кўчасини бир қисмига газ, свет, канализация, сув, телефон олиб келган. Кўчани йўлини кенгроқ қилиб очдирган, асфальт ётқиздирган.
1994 йили турмуш ўртоғи ва катта ўғли билан бирга муқаддас ҳаж сафарига бориб, бешинчи фарзни адо этиб келдилар. 24 март 2008 йили жамоат арбоби Абдураҳмон ҳожи Мадумаров вафот этган бўлса-да, лекин у қилган ижобий ишлари ва меҳнатлари билан элимизнинг ёрқин хотираларида абадий сақланиб қолади.