Исмат ХУШЕВ: ТЎҚҚИЗИНЧИ МАЙ – “КУЗАТУВ”НИНГ БОШЛАНИШИ (2-КИТОБ, 41-БОБ)
ИККИНЧИ КИТОБНИНГ СЎНГГИ БОБЛАРИ
Исмат Хушев
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Иккинчи китоб. 41-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
1989 йилда раҳбарликка тайинланган бўлсам, қизғин фаолият билан беш йил қандай ўтиб кетганини билмай қолдим…
Суратда: Улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов, Республика Ички Ишлар вазирлиги қошидаги ГАИ хизмати раҳбари, ички ишлар полковниги Маҳмуд Бекмуродовлар Бош муҳаррир Исмат Хушев кабинетида…
Исмат ХУШЕВ: ТЎҚҚИЗИНЧИ МАЙ…
(БИЗНИ ХУФЁНА КУЗАТА БОШЛАШГАН КУН)
1.
1989 йилда раҳбарликка тайинланган бўлсам, қизғин фаолият билан беш йил қандай ўтиб кетганини билмай қолдим. Раҳбарлик имтиёзларига, хизмат машиналарига, одамларнинг юзаки мулозаматларига маҳлиё бўлиб юраверибман.
Албатта, сиёсий фаолиятим ҳам, раҳбарлик даврим ҳам маълум муддат тўхтатилиши Яратган Эгам томонидан белгилаб қўйилганини мен ҳали англаб етмаган эдим.
Хуллас, мулозимликнинг шонли ва суронли, айтиш мумкинки – жўшқин фаолияти билан 1994 йилнинг 9 май кунига етиб келдик. Лекин мен ҳали ҳеч нарсадан хабарсиз эдим. 9-май санаси – ҳаётимда бурилиш нуқтаси бўлади.
Биласиз, мустақил бўлганимиздан сўнг 9 май аввалгидай мисли кўрилмаган тантаналар билан “Ғалаба байрами” сифатида нишонланмасди.
Тўғри, Президентимиз кейинчалик бу санани “Хотирлаш ва Қадрлаш куни” деб эълон қилган бўлса-да, лекин мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ “Ғалаба” бизнинг халқимизга жуда қимматга тушганини ҳис эта бошлагандик…
2.
Хуллас, 1994 йилнинг 9 май санаси – “Ғалаба байрами” бўлгани учун эмас, балки бутунлай бошқа бир воқеа туфайли ёдимда қолган.
Ўша куни Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов мени ҳузурига чақиради. Президент девонига борсам, Умрзоқовнинг қабулхонасида одамлар кўп экан.
– Исмат ака, марҳамат Сиз бенавбат кираверинг, Мавлон Бобожонович Сизни кутиб ўтирибдилар, – деди қош-кўзлари қуралай гўзал котиба қиз Муҳиба.
1994 йил 9 май санаси турли туман тадбир ва тантаналар билан нишонланмаганини шу нарсадан ҳам билса бўладики, агар республика миқёсида бирор тадбир ўтказилса, унда албатта Мавлон Умрзоқов ҳам қатнашарди. Лекин ўша куни у ўз кабинетида ўз ишлари билан банд эди.
Мавлон Умрзоқовнинг узун ва кенг – ҳашаматли кабинетига кирдим. Салом аликдан сўнг у кишининг биринчи ўринбосари Отажонов ҳам пайдо бўлди.
– Бугун дам оламиз. Хўш, қаерда бемалол ўтириш мумкин? – деб сўради Мавлон ака.
Ҳар хил таклифлар айтилганидан кейин негадир менинг дала боғ ҳовлимни танлашди. Дарҳақиқат, Қибрайнинг энг сўлим ва оромижон гўшаси бўлмиш – Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли боғ-ҳовлилар ўрамида – “дачам” бор эди. Улар шу “дача”га бориб, чоп-пой ичамиз дейишди.
– Бажонидил, – дедим.
Ахир, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси меҳмонга борамиз деса, “йўқ” деб бўладими?! Боз устига Мавлон аканинг ўринбосари Аҳмаджон ака ҳам қўлларини кўксига қўйиб: “Буюринг, хўжайин!” деб турарди. Қабулхонада хизмат қилишга шайланиб турган бошқа мулозимлар ҳам Мавлон аканинг бир оғиз имо-ишорасига мунтазир эди.
Шу заҳоти қаердандир бир яшик ароқ, турли туман бошқа ичимликлар, сўйилган семиз қўй топиб келишди. Буларни олдиндан ҳозирлаб қўйишган эканми, билмайман. Ўзимнинг хизмат машинам – “13-58 ТНВ”, Мавлон аканинг хизмат машинаси – “10-10 ТНВ” “ГАЗ-31” йўлга чиқишга ҳозир эди.
Дарвоқе, ўша кунларда Мирзамурод Икромов эндигина Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланган эди. Биз у киши билан “Академгородок”даги Мирзо Улуғбек ҳайкали ёнида учрашдик. Сўнг уч-тўрт машинада олдинма кейин Қибрай томонга жўнаб кетдик.
Бир нарса ҳеч эсимдан чиқмайди: Мавлон ака билан Мирзамурод Икромовнинг ҳайдовчилари йўл-йўлакай хизмат машиналари рақами (давлат номери) ни алмаштириб олишди.
Кейинчалик билсам, баъзи давлат раҳбарларига хизмат машиналари учун икки-учтадан рақам берилар экан. Улар хоҳлаган пайтда бу рақамларни алмаштириб, кимларнидир чалғитиб юриш ҳуқуқига расман эга бўлишаркан.
Тўғри, махсус ва хуфия хизматлари ёки прокуратура ва куч ишлатар тизимига оид соҳа раҳбарларига бундай ҳуқуқ берилишини тушуниш мумкин. Лекин давлат мулозимларига ҳам шундай имконият берилганини биринчи кўришим ва эшитишим эди.
Хуллас, “Дача”га етиб борганимизда машиналарнинг расмий номерлари ўзгариб қолганини пайқадим…
3.
Тўртта яп-янги хизмат машиналарида ваҳима билан бизнинг “дача”га бордик.
Ёнимизда қизлар – аёллар йўқ эди. “Дача”га борганимиздан сўнг бизнинг гилос ва ўрикларга бурканган, зордоли ва ёнғоқлари пишай деб қолган маҳалламиз ёпилиб қолди.
Кўчамиз тор ва ёлғизоёқ бўлгани учун ҳам бошқа машиналар нариги йўлдан айланиб ўтишга мажбур эди.
Аслида кўчани ёпмаслик керак. Лекин казо-казо одамларнинг ваҳимали хизмат машиналари кўчага қатор қилиб қўйилганидан кейин қатнов ҳам ўз-ўзидан тўхтаб қолар экан.
Машиналардан тушганимиздан сўнг дарҳол гўшт қовурилди, дастурхон тузалди. Руспублика прокуратурасида ишлайдиган Хуррам Холиқов деган пазадаликда қўли гул дўстим ошхонада – қозон бошида парвона эди.
Агар ўқувчиларнинг ёдида бўлса, олдинги бобларда биз бу йигит билан Яккабоққа – менинг ёрдамим туфайли ҳоким қилиб тайинланган Холмурод Раҳмонов ҳузурига бориб, унинг энг азиз меҳмони бўлган эдик. У Мавлон Умрзоқов билан танишиш иштиёқида юрарди.
Уйимиздаги зиёфатларнинг бирида мен уни Мавлон ака билан таништириб қўйган эдим. “Ўртоғингиз менга маъқул бўлди” деган эди Мавлон ака ўшанда. Боз устига Хуррам ака ошни зўр пиширар, гўшт ва турли-туман газаклар тайёрлашда устаси фаранг эди.
Хуллас, пазанда йигитлар гўшт қовуриб келишгач, зиёфат бошланди.
Дастурхон устида бўлиб ўтган турли мавзудаги суҳбатлар батафсил ёдимда бўлмаса ҳам, лекин бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Ўша куни зиёфат зўр бўлди. “Дача”нинг кенг ва мўл меҳмонхонасида биз – Мавлон ака, мен, Мирзамурод Икромов ва Аҳмаджон Отажонов, бошқа хоналарда Хуррам ака ва бошқалар, ташқарида – ҳовуз бўйидаги чорпояда эса – ҳайдовчиларимиз улфатчилик қилиб ўтирардик.
Бу улфатлар орасидаги – Аҳмаджон Отажонов номини алоҳида эслаб қолишингизни истардим. Чунки айнан шу йигит – шу даврада ўтирган Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги гуруҳнинг ишдан олиниб, қамалиб кетишига сабабчи бўлади.
Ўша куни у – ичкаридаги гап сўзларни, СНБ “наружкаси” эса – ташқаридаги ҳолатларни, машиналар карвони ва номерларини видео тасмага тушираётганларини биз бахтли мулозимлар ҳали билмасдик…
4.
Аслида менинг боғ-ҳовлим юқори мартабали амалдорларни шоҳона меҳмон қиладиган кошона эмасди. Мен уни бир немис чолидан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Равшан Файзуллаев воситачилигида сўм-купон муомалада юрган пайтлари – арзон баҳода сотиб олган эдим.
Шошилинч равишда Германияга кўчиб кетаётган немис бобо боғ-ҳовлисини бор жиҳозлари ва мебеллари билан арзон гаровга сотиб кетганди. Боғ ўн икки сотихдан кам эмас: мевали дарахтлари мўл-кўл ҳосил берарди, биз борганда эса – гилос ва олчалар пишиб қолган эди. Дачада барча шароит ва қулайликлар – сув, электр, газ ва ҳакозолар мавжуд эди.
Қисқаси, вилоят ҳокимларининг дачалари каби тўкин дастурхон атрофида улфатчилик давом этарди.
Зиёфат маълум бир босқичга етганидан сўнг:
– Исматжоннинг боғ-ҳовлиси зўр, баҳаволи жой экан! – деди Мавлон ака.
Сўнг сим тўр девордан гилослари осилиб, биз томонга соя солиб турган боғ-ҳовлини кўрсатиб: – Қўшни дача кимники? – деб сўради.
– Яхши одамники, – деб жавоб бердим. – У киши ҳам ўзимиздан…
Мен бу билан қўшним Болтабой ака ҳам – сурхондарёлик. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мулозим эканини назарда тутгандим.
Лекин мен сўзимни тугатмасданоқ Аҳмад Отажонов қўлини кўксига қўйиб:
– Ака, фақат бир оғиз сўзингиз кифоя, эртага шу дача Сизники бўлсинми? – деб хушомад қилди.
– Йўғе, кошкийди! – деди Мавлон ака ишонқирамай.
– Мана, вилоятнинг Каттаси шу ерда ўтирибди, ака, бир оғиз гапингиз! – деди Аҳмад Отажонов.
– Ундай бўлса, майли, сотиб оламиз! – деди Мавлон ака.
– Бўлди, гап йўқ! – деди Аҳмад Отажонов.
Дарҳол қадаҳлар тўлдирилди: Мавлон аканинг янги боғ-ҳовлиси учун тост кўтарилди…
5.
Шу ерда айтиб ўтишим керак, Мирзамурод Икромовни вилоят ҳокимлигига Президент қарори асосида – Мавлон ака кўтаргани билан, лекин бу лавозимга уни – у билан бирга ўқиган Аҳмад Отажонов тавсия қилган экан.
Мирзамурод Икромов жуда маданиятли, оғир-босиқ мулозим эди. У ўзини ҳокимликка кўтарган дўстининг хушомад ва валломатликларига муносабат билдирмади. Афтидан, у ҳар хил “авантюра” ва “интрига”ларга ишқибоз эмас эди. Бу унинг очиқ ва нурли юзидан, табиий ва самимий муносабатидан яққол кўриниб турарди.
Бироқ Аҳмад Отажонов бунақа ишларга ниҳоятда уста экан:
– Гап битта, Мавлон ака! Эртадан бошлаб шу дача Сизники бўлади! – деб ваъда берди Аҳмад Отажонов.
Кейинчалик билсам, у – бунақа дачаларнинг йигирма-ўттизтасини ҳам сотиб олишга қурби етадиган корчалон экан.
Даврамиз яхши кайфиятда давом этарди.
Хизмат қилиб юрган йигитларга, ҳайдовчиларга боя айтганимдай – алоҳида жой қилинган эди. Улар ҳам ўзларича ҳангома қилиб ўтиришарди.
Шундай қилиб ҳазил-ҳузул билан анчагача гурунглашдик. Ўша куни пешиндан кечга қадар дачада яхши дам олдик.
Улар Хуррам акани жуда ёқтириб қолишди. “Оғир-босиқ, камтар йигит экан” дейишди.
Ҳатто Тошкент вилояти прокурорлигига таклиф ҳам қилишди…
6.
Тўрт-беш соатдан сўнг зиёфат тугаб Тошкентга қайтарканмиз, хизмат машиналарининг номерлари яна алмаштирилганини сездим.
Яна такрорлайман: ўшанда Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари бизни зимдан кузатиб юрганини, даврамизни яширинча видео тасвирга туширганини сезмаган эдим. Боғ-ҳовлининг атрофи тўр девор (сетка) билан ўралган бўлиб, хоҳлаган нуқтадан бизни тасвирга тушириш мумкин эди.
Бирорта дарахтнинг устига чиқиб тасвирга туширишганми ёки қўшни дачаларнинг чердакларидан суратга олишганми, у ёғини мен билмайман.
Билаганим шуки, бу пайтга келиб Мавлон Умрзоқовнинг тагига аллақачон сув кетган экан…
7.
Муқаддам олдинги бобларда эслатиб ўтганимдек, қайсидир бир даврада МХХ раиси Ғулом Алиев чин-ҳазил аралаш: “Биз истаган олдамни кузатиш ҳуқуқига эгамиз!” деб айтган эди.
Шунда Мавлон Умрзоқов кайф биланми ё атайлаб: “Мени кузатиб юрадиган “Штирлиц”нинг йўғон ичагини суғуриб оламан!” деб жавоб қайтарганди.
Бу гап айтилган даврада Олий Кенгаш депутати ва Енгил саноат вазири Ўктам Исмоилов, Тошкент вилоятининг янги тайинланган ҳокими Мирзамурод Икромов, Олий Кенггашнинг Мандат комиссияси раиси, Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шавкат Мирзиёев, Мавлон аканинг ўринбосари Аҳмад Отажонов ва бошқалар бор эди.
Мен ҳам хизмат қилиб, ичкарига кириб чиқиб юрган эдим. Ғулом Алиевнинг гапини эшитмадим-у, лекин Мавлон ака айтган сўзларни аниқ эшитдим. Бу пайтда мен дастурхонга эндигина таом олиб кирган эдим…
8.
Шундан сўнг МХХ раиси Ғулом Алиев Президентнинг бевосита рухсати билан бизни кузатишни бошлаган бўлиши мумкин.
Бу билан мен – Мавлон ака ўша куни МХХ раисини ҳақорат қилмаганида биз қамалмасдик демоқчи эмасман. Йўқ, бизнинг қамалишимизни Ғулом Алиев эмас, балки Ислом Каримов истаган. МХХ раисининг Умрзоқов томонидан “ҳақоратланиши” эса – бу қамалишни янада тезлаштирган ва пухта асослашга хизмат қилган, холос.
Менинг қамалишимга эса – “Подшо эркатойининг саргузаштлари”нинг биринчи китобида ёзилганидек, Қарши пединститути комсомол комитети секретари, ўт-олов Исмат Хушевнинг шу олийгоҳ талабаси бўлмиш – Ғулом Алиевнинг эрка ўғли билан бўлган тўқнашувларига бориб тақалади.
Эслатиб ўтамиз, бу пайтларда Ғулом Алиев – Қашқадарёда КГБ бошлиғи эди.
Кейинчалик терговга асос бўлгани учун ҳам 9-май куни рўй берган юқоридаги воқелар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Ўша куни биз “дача”да мазза қилиб дам оларканмиз, шонли ва суронли мулозимлик давримиз ўзининг энг сўнгги кунларини яшаётганини ҳали билмаганмиз.
Бизнинг шоҳона даврамиз ва қувноқ қаҳ-қаҳамиз махфий хизмат ходимлари томонидан яширин тарзда соатма-соат видео ва аудио тасмаларга муҳрланаркан, эрта бир кун бу гулгун ва шодон даврадаги меҳмонлар Ўзбекистоннинг қон ва тер ҳиди анқиб турган зиндонларида банди бўлишларини етти ухлаб тушларида ҳам кўраолмас, тасаввурларига ҳам сиғдираолмас эдилар…
9.
Умрзоқовнинг қамалишини КГБ раиси эмас, балки Президент истаган дедик ва бу бор гап.
Мавлон Умрзоқов Ислом Каримовнинг кўнглини қачон ва қандай қилиб қолдиргани менга ноаён. Умуман, Ўзбекистон Олий раҳбариятида жуда камдан-кам одам Президентнинг кўнглидан чиқиб ишлаши мумкин.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, “ўзи хон – кўланкаси майдон” ёки “айтгани – айтган, дегани – деган” қаттиққўл ва яккаҳоким амалдор ҳукмдор бўлган мамлакатда одатда шундай бўлади.
Мавлон Умрзоқов Ислом аканинг кўзига ҳеч қачон тик қарамаган, унга ҳамиша садоқат билан хизмат қилиб келган мулозим эди. Мавлон ака Президентга шу қадар яқин ва ишончли одам эдики, Ислом ака уни ҳатто ўзининг Давлат маслаҳатчилигидан олиб, Шавкат Йўлдошевнинг ўрнига – Олий Кенгаш раиси лавозимига ўтказишни кўнглига тугиб ҳам қўйганди.
Бу ҳақда ҳатто Мавлон Умрзоқовнинг ўзига ҳам айтган эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша куни кечга яқин Мавлон ака Президентнинг ҳузуридан хуш ва шодон кайфиятда чиқди. Мен уни бешинчи қаватдаги кабинетида кутиб ўтирардим. Мени кўриб, одатда қўл бериб саломлашадиган одам, бу гал қувонч билан бағрига босиб, қучоқлаб олди. Кайфияти баландлиги шундоққина кўриниб турарди.
– Президент улуғ инсон, Исматжон. Мен ўлгунимча шу кишининг хизматида бўламан…
Ўша куни бошқа ҳеч гап айтмадилар. Қайсидир министрнинг даврасига зиёфатга боришимиз керак эди, жўнаб кетдик.
Кейин – бирор ҳафталар ўтиб ўзлари ёрилдилар: Ўша куни Ислом ака мени Олий Кенгаш раислигига ўтишимни таклиф қилдилар. Бир оз иккиланиб, сўнг: “Сиз нима десангиз шу, Ислом ака!” – деб жавоб бердим. “Мен шуни истайман!” – деб кескин айтдилар…
Кейин уларнинг орасида нима бўлди, нима қўйди – хабарим йўқ. Лекин Олий Кенгаш раислигига Эркин Халилов номзоди танланиб, аввал ўринбосар, сўнг Кенгаш раиси этиб сайланди.
Мавлон ака негадир қолиб кетди…
Президент билан унинг энг яқин давлат маслаҳатчиси орасида нима гап ўтгани менга қоронғу.
Эҳтимол, шу қарордан кейин Умрзоқвнинг давлат маслаҳатчилигидаги умри ҳам инқирозга юз тутган бўлса, ажаб эмас…
“Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (суратда) ўз қадрдон кабинетида раҳбарлик ва мулозимлик даврининг энг сўнгги кунлари ўтаётганини ҳали билмасди…
41 боб тугади
7 шарҳ
-
Temur
Гапти қаранг “Гап битта, Мавлон ака! Эртадан бошлаб шу дача Сизники бўлади”! Айнан мана шундай катта кетган нафси акула сифатларни дастидан қонунлар ишламайди милионлар сарсон ҳамма томон мардикорга тўлиб кетган. Мана шундай ўғри муттаҳамларни зиндонларга ташлаш керак токи тавба қилсин тазим қилиб халқдан кечирим сўрасин.
-
Ажойиб хотиралар! Тўғриси махсус хизматларнинг шпионлари хар бир даврада хам бўлганлиги аниқдек. Аммо уларни кейин биласиз, тузингизни еб-тузлигингизга тупурганини.
Куч ишлатар тизимлар ходимларининг жуда кўпчилиги эса шахсий адоватларини мансаб ваколатини суъистемол қилишиб ифлослик қилишади. Бугунги кунларда эса кимнинг боласи, фарзандлари етим қолади, ноҳақлик қилаяпман деган ўйлар ҳаёлларининг бир четидан ҳам ўтмасдан заказни олаверадиганлар замони бўлди.
Буларнинг сирларини тўлиғича очдингиз ака -
Bobur
Дектатура шароитида давлатни ҳақиқий эгаси махсус хизмат бўлади. Шу туфайли дектатур бу ташкилот билан ҳисоблашади. Бошқа иложи ҳам йўқ.Исмат ака Ҳар доимгидик очиқ равон ёзибсиз. Катта раҳмат!!!
-
O’zbekxan
Мавлон ака ҳаддан ташқари кўп ишониб юборибди ўзига. Наҳотки Каримовни асил кимлигини – “моҳир ўйинчи” эканлигини сезмаган бўлса. Ахир яқиндан билган-ку уни! Ислом Каримнинг ёпиқ салтанати сирларини яхши очиб бераяпсиз, Исмат ака.
-
1988 йилнинг кузида Тўркул райкоми ходими А.Отожонов ва Боғот райкоми ходими А.Хоразмий – яъни менинг ЦК да инструктор бўлиб ишлашга ҳужжатларимиз кетган.
ЦК да зав. отдел А.Тошкенбоевнинг тавсияси билан мени чақиришган ЦК га. Лекин шундан 3 кун олдин – 1988 йил 28 декабрда мен мамлакатдаги энг катта совхозлардан бири бўлган “Боғот” совхрзига директор қилиб сайлангандим. Шу боис менинг ўрнимга А.Отожонов кетганди. СНБга агетлик қилиб, кейин эса қамалиб кетди.
Демак Худо мени асраб қолган экан. -
Tangrim dini -Turkiylar dini
Zo’r yozilgan. Bu kitobni O’zbekistonda sotish kerak. Juda mashhur bolib ketasiz.
-
Muxlis
Ozod, sendan nuqul tuturiqsiz takliflar chiqadi, maqola zur, lekin uni hozirgi kunda O’zbekistonda sotmoqchi bulgan odamni boshiga ming balolar keladi. Web-siteda chop etilayotgani, xalqimiz tomonidan internetta o’qilishi uzi muvaffaqiyat.
Yoki, mard bulib o’zlari boshlab bersin sotishni bulmasam.
-