Бердиёр Жумаев ижодидан: ТУРМУШ СЎҚМОҚЛАРИ – ТАҚДИР ТЎҚМОҚЛАРИ
Бердиёр ЖУМАЕВ
ТУРМУШ СЎҚМОҚЛАРИ – ТАҚДИР ТЎҚМОҚЛАРИ
Менинг қуйидаги шеърларим, кимларгадир ғайритабиийдек туйилиши мумкин, ҳатто-ки, айрим ўқувчиларда эътирозлар туғдиришиям эҳтимолдан холи эмас. Негаки, одатда, ушбу сингари вазиятлар, деярли қаламга олинмайди. Аммо, нима бўлгандаям, булар – ҳаётнинг аччиқ ҳамда яшириш-у инкор қилиш имконсиз ҳақиқатлари. Ахир, турмуш сўқмоқларида дуч келаётганимиз тақдирнинг шуларга ўхшаш аёвсиз тўқмоқларидан, уларнинг аянчли қурбонларидан кўз юма олмаймиз-ку, илло, улардан қочиб-да қутулолмаймиз-ку!
Холис ниятим-ки: ушмундоқ фожиавий ҳолатлардан тегишли хулосалар чиқарилса, сабоқлар олинса…
ҚАЙДАН КЕЛАР ЁМОН ХОТИНЛАР?!
“Ҳамма қизлар яхши-ю, қаердан келади ёмон хотинлар?!”
Мавжуддир турфа миллатлар тил ғазнасида ушмундоқ мақол.
Бежиз масала қўймаганлар онги бутун-у нобутунлар,
Неча асрлардир-ки, айни жумбоққа жавоб топмоқлик маҳол.
“Яхши қизлар хотинларга айлангач, нетиб ёмонга дўнсин?!”
Эл қатори бандасиниям, гоҳ ўйлантирмиш шундоқ савол.
Бироқ мундоқ мушкулни ечмоққа мендай авомга йўл ўлсин,
Не донолар бунинг охирига етолмай – қучмишлар завол.
Барибир, ушбу нақл шарҳин, ақли ожизимча этиб талқин,
Дастлаб гуноҳни босмоқ истадим замон бўйнига – беомон.
Кейин хаёлимга ўзимгаям ёқмас бир фикр келди, секин:
“Эмасмикинмиз биз – эркаклар ҳам хотинларни этган ёмон?!”
Уйланиб олгунимизча ва сўнграям анча-мунча вақтлар,
Уларни авайлаб-ардоқлаб, гўё кўтаргаймиз бошларга.
Йиллар ўтаверган сайин, ўша суюкларимизнинг аксар,
Орзу-умидларин айлармиз чил-чил, урган каби тошларга.
Қизлигида гўзаллиги, меҳрибонлиги, муҳаббатини,
Таъриф-тавсифлаганимиз ҳолда, мисли шоирлар-бахшилар.
Хотинлигида хорласак, кўпайтсак ҳасрати-заҳматини,
Уларни қоралаш мумкинми, ахир, эмассиз, деб, яхшилар?!
“Демак, гуллардан тиканлар унишига бизлар-да айбдорми” –
Менга қолсайди, мабодо, айни иддаони тан олмасдим.
Аччиқ хулоса келиб чиқишини, алҳол, билганимда борми,
Мазкур машмашани қўзғаб, эрлар кўнглига ғулу солмасдим.
Не қилгандаям: “Қизлар яхши-ю – хотинлар ёмон” баҳсига,
Дахлдорлигимизни инкорлаш инсофданмас, ахир, эркаклар!
Лек бунга мажбур этилганмиз, оқиб терс тузумнинг наҳрига,
Давр имкон берганида, гар бўлардик-ку уларга тиргаклар!
Зикрлаб боқсам: бул мужмал даҳмазани
кавлаштирганим учун,
Ич-этимни еб ётиш тўғри келмас экан, ўйлаб пойма-пой.
Муаммо мағзин қанча тез англасак, сабоқ олсак, инчунин,
Ўшандагина аёлларниям кўпроқ қадрлагаймиз, ҳойнаҳой.
* * *
Мулоҳазаларимни, балки, рад айларлар айру отинлар,
Эътироз этарлар, эҳтимол, жинсдошлари ҳифзига мос-хос.
Яхши аёллар-да бисёр, демам: ёмондир бари хотинлар,
Камина халқ ҳикмати – маталини изоҳлаяпман, холос…
* * *
Хўш, барча қизлар болми, осмондан тушарми заҳар хотинлар?!
ҲАЛОВАТ, БАМИСЛИ ҲАЛОКАТ
(Бир хоним билан узрли айтишув-қайтишув)
ХОНИМ:
– Нима бало, чорласак ҳам-ки, қарамагайсиз қайрилиб,
Олтмишгаям кирмасингиздан чол бўлиб ё қолганмисиз?!
Эрта-кеч қоғозга термулиб, буд-шудингиздан айрилиб,
Қадди-ю яна неларидир дол бўлиб ё қолганмисиз?!
МЕН:
– Жа унчаликмас, эҳтимол, хаёлингизга туйилгандир,
Қаришга-чи, ҳали тағин беш-олти йилча бордир муддат.
Бошқа бирон боисдан, балки қабоғингиз уйилгандир,
Бастимиз-да букчаймаган, тарк этганча йўқ белни қувват.
ХОНИМ:
– Хўш, унда қандайин муаммо – муҳожиротдасиз, ахир,
Хоҳлаганингизча уйланиб, давр-у даврон сурмассизми?!
Боши очиқ аёллар бор, афсус, тақдирлари тахир,
Баъзиларин кўнглин топиб, авраб-овлаб юрмассизми?!
МЕН:
– Мусофирлик – оғир қисмат, машаққатлариям-ки чандон,
Ул уқубатларга ҳеч кимни шерикликка олгим келмас.
Эркин хонимлар осмонда, мен-чи, заминда ғариб-сарсон,
Ки, уларга измим бериб, бўйним сиртмоққа солгим келмас.
ХОНИМ:
– Барибирам, яхши эмас, агар сўққабошликдан бундай,
Кечсангиз: яшаш жойингиз, иссиқ-совуғингиз тайин.
Сизнинг ёшингиздагиларга доим даркор маҳрам шундай,
Рухсат беринг, айни хизматни ўзим-оқ адо этайин!
МЕН:
– Раҳмат! Миннатдорман, фидойи-адойилигингиз учун, Таассуф-ки, таклифингизга розиман, деб айтолмасман.
Ҳаловат истаб, йўлдан чалғиш, бамисли, ҳалокат мен-чун,
Жонимнинг тинчин кўзлаб, узр, маслагимдан-да қайтолмасман.
ХОТИНҚУЛИ ЭР(КАК)ЛАР
(Билмаганларга ҳазил)
Хотиннинг хўрлашига йўл қўйган эркак – эркак
ҳам эмас, одам ҳам эмас, балки, шунчаки, ҳеч нарса.
Наполеон БОНАПАРТ.
Зани бад дар саройи марди накў,
Ҳам дар ин оламе аст дўзахи ў.
Бизнинг талқинимиздаги таржимаси:
Яхши одам уйидаги ёмон хотин
Ушбу дунё дўзахидур унинг учун.
Форс ҳикмати.
Хотиндан қўрқиб, бел букар то сингудай суяклар,
Зан буюрса, ювар, қолмай туваклар ҳам сумаклар,
Тур, деса туриб, ёт, деса ётиб, ҳатто эмаклар,
Куйишгаям, кулишгаям лойиқ – элга эрмаклар –
Бисёр шундай хотинқули, умри пучак эр(как)лар.
Кўплари қайноталарнинг бойлигига учишган,
Ё, тенгин топмай ажина-шайтонани қучишган,
Ёки, зан зулми-ла ота-онадан воз кечишган,
Ёхуд, ёзмишнинг янада талх жомини ичишган –
Оқибат-ки, хотин дастак – қадри пастак эр(как)лар.
Занларининг ёнларида бундайларнинг жони йўқ,
Оғзини оча олмаслар – рангларининг қони йўқ,
Фарзандлари олдидаям салмоғи-ю сони йўқ,
Қўйинг-ки, бечораларнинг ҳаловатли они йўқ –
Хотинлари ётар тўрда, ўрни – пойгак, эр(как)лар.
Юрак ютиб даргоҳига дўст-у меҳмон айтолмас,
Хизматдан, хоҳи кўчадан бемалолроқ қайтолмас,
“Хоними” қаҳридан чўчиб, қаттиқроқ йўталолмас,
Бамисоли, занжирбанд ит – бирён эркин кетолмас –
Хотин оёғи остида, гўё патак, эр(как)лар.
Балки эр амал-мансабда улкан соҳиби имкон,
Балки қаерга қўл чўзса, етгудек пулдор чандон,
Балки жойи келса – қилич, лозим фурсатда – қалқон,
Аммо, у занга қул бўлса, хотин – мушук, эр – сичқон –
Янглиш уйланиб, ўлгунча, бешак, эшак эр(как)лар.
Занига муте-малайлар, айни дўзах аҳлидур,
“Хотин зўри – эрнинг шўри!” халқнинг ибрат нақлидур,
Асли уйда хожаликка, фақат эркак ҳақлидур,
Эр ва ота эъзозланган оилалар бахтлидур –
Эсларингизнинг борида ёпинг этак, эр(как)лар!
* * *
Ҳаёт ҳақиқати булар – сўйламасман эртаклар…
НОБОП ЭР-ХОТИНЛАР – ТУРМУШИ ТУТУНЛАР
ёки ёстиқдошлар, лек бир-бирига бегона бошлар!
Эр-хотинлар улар, аммо шўрпешоналар,
Наздларида, гарчи розлари пинҳоналар,
Хаёлан ҳар қайси ўзича ягоналар,
Ё, нуқул шахсий дарди-ла девоналар –
Бир ёстиқда ётсаям, бироқ бегоналар.
Муроса қилишолмай, касали кўп соғдан,
Эр “тоғдан” энганда, хотин чиқади “боғдан”,
Рўзғор бебарака улар уришган чоғдан,
Жамиятдаям ларза бисёр бундай лоғдан –
Магар, ўзаро муносабатлар ёналар.
Эр: “– Оилада мен хўжайин!” – деб, пишқирар,
Хотин аксини иддао айлаб, ўшқирар,
Кўзларда меҳр ўрнига совуқ қаҳр ялтирар,
Ўртада ганг-оввора фарзандлар мўлтирар –
Жуфтларнинг мақсадлари бўлса ғайроналар.
Эр вайсайди: “– Қондош-қариндошларинг ёмон!”,
Хотин жаврар: “– Сеникилар баттар ўн чандон!”,
Бунда: “Бизники!” сўзи айтилмас ҳеч қачон,
Уловни тортарлар қарама-қарши томон –
Ётганида битта ёстиқда бегоналар.
Қўрғонлари қумдандир, қордандир уйлари,
Яккаш бир-бирин тупроққа қориш ўйлари,
Қирпичоқликда кечгай тадбирлар-тўйлари,
Иззат-у ҳурмат қилмас маҳалла-кўйлари –
Токи, эр-хотинлар зидма-зид – хуфёналар.
Ҳеч кас дош беролмас, гар олмосдан асаби,
Кимсаларга бу норий нор1 – Ҳақнинг ғазаби,
Қутқаролмас бойлиги, мансаби, ҳасаб2и,
Тағин, ўнгланмас зарб егай насли-насаби –
Ёстиқдош эса, қачонки, ёт – бегоналар.
Жиққамушт жанг-у жадалларда умр ҳам ўтгай,
Малак-ул-мавт3, охири, жонларидан тутгай,
Бошқаларгаям ботмонлаб озорлар етгай,
Орқаларида неларни қолдириб кетгай –
Эр-хотин, лек турмуши тутун – терсоналар?!
* * *
Фожеъ-ки: бундайлар мўл, янаям бекам бўлар,
Ҳали қанча оилавий қалъалар қулар,
Афсус, зурёдларнинг-да умидлари сўлар,
Таассуф-ки, тағин, не паймоналар тўлар –
Никоҳга кирсалар ёввойи – бегоналар…
1: “норий нор” – “нор” сўзининг “дўзах” ва “олов” маънолариям бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу ерда – “жаҳаннамнинг
ўтидай жазо” мазмунида; 2: “ҳасаб” – насл-насаб орқали ёхуд зўр ва зар ортидан эмас, шахсан ўз кучи билан қозонилган шуҳрат-шон; 3: “малак-ул-мавт” – ажал фариштаси, яъни Азроил.
ШУНДАЙ ЖАҲАННАМИЯЛАР БОР-КИ,
улар олдида медуза1лар ҳам ақлдан озалар
Медузалар, аслан олганда, мавжуд оламда ўтмагандай,
Чун, улар сочлари ўрнида илонлар ўсган “дажжола”2лар.
Яна каллаларидан самум3 сочиш ваҳшати етмагандай,
Медузаларга қараганлар ҳам тошга айланиб қолалар.
Лек учратдим улардан бешбаттар сақарёқар4 хотинларни,
Бул таққос учун яхши оналар-қизлардан
минг-минг узрим бор.
Негаки, ушмундоқ инсоний зоҳир, иблисий ботинларни,
Покдомон аёлларимизнинг шаънига доғ, деб билмоқ даркор.
Бундайларнинг гапиям муҳлик5 – оғизларидан оғу отар,
Ёвузликлари олдида медузалар ҳам ақлдан озажак.
Кинли кўз ташлашлариям куйдириб-ёндириб, кулга қотар,
Дуч келиб қолсанг, магар, ўлдирмай турибоқ,
қабринг қазажак.
Ҳар бирининг макрини юкласанг – қирқ туянинг бели чиққай,
Заҳри бий6ларни-да қийратгай, хук7никидан қалин этлари.
Шаллақи-шатталигидан маймун уялиб, путга бош тиққай,
Дерлар-ку: – Шармандага шаҳар кенг – тенг кетлари-ю бетлари.
Ушбу “дажжолалар”га ҳеч бандаси келолмагай басма-бас,
Ноҳақ қаҳрлари-ю қарғишлари, ҳатто чўктиргай тоғларни.
Уларни яратганидан Худоям афсусланса, ажабмас,
Ки, бундайлар телба ё маҳв айламиш сон-саноқсиз соғларни.
Ёсуман, алвасти, ажиналарни билманг, деб афсоналар,
Ўзлари эмаса, балки қариндошлари ёнимиздадур.
Бисёр бадбахтликлар-фожеълар сабабкори бул шайтоналар,
Лек улар олдида ожизлик-лоқайдлик ҳам қонимиздадир.
* * *
Не қилгандаям, айни ҳолатни иложсиздур инкор этмак,
Таассуфим сизга – шундай жаҳаннамияларга жуфт эрлар.
Сиздай умри барбодларга у дунёда мумкин ниятга етмак:
– Дўзахи хотин билан яшаганлар жаннатга тушгай, дерлар…
1: “медузалар” – кўҳна юнон асотирларига кўра, бошларида сочлар эмас, балки, сочлар қадар мўл заҳар сочиб турувчи илонлар ўсган, бир нигоҳи билан ҳар қандай жонзотни тошга айлантириб қўядиган махлуқалар; 2: “дажжолалар” – ривоятларга мувофиқ, энг ёвуз ва ярамас, ваҳшатли жондорларнинг урғочилари; 3: “самум” – заҳарлар; 4: “сақарёқар” – “сақар”, бу – “дўзах” дегани, яъни, дўзахниям ёқиб юбориши эҳтимоли мавжуд бўлган ғайритабиий махлуқалар; 5 “муҳлик” – ҳалок этувчи; 6 “бий” – қорақуртнинг ашаддий заҳарли тури, чақса, аксар ҳолларда ўлдирмасдан қўймайди, дейишади; 7: “хук” – тўнғиз, ёввойи чўчқа.
Zor, ajoib…