Ўш шаҳрида азалдан билимдон инсонлар етишиб чиққан, уларнинг кўпчилиги жаҳоннинг ҳар хил давлатларида ишлаб, ўз меҳнати билан етакчи лавозимларида ишламоқда ва Ўш шаҳрининг довруғини бутун дунёга ёймоқда.
Укам Давлатбек Раҳмонов 1949 йил 1 июл куни Ўш шаҳрининг Шайҳлар маҳалласида ҳозирги Алебастрова кўчасида туғилган. Ёшлигидан билимга чанқоқ Давлатбек 1972 йили Тошкент давлат дорилфунунининг юридика куллиётига ўқишга кириб, уни аъло баҳолар билан 1977 йили тамомлаб, Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани прокуратурасига прокурор ёрдамчиси этиб юборилади.
Ёш истеъдодли туман прокурорининг ёрдамчиси Давлатбек Раҳмонов бир қанча оғир жиноятларни фош этиб, кўзга ташланиб қолади ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ва жиноятчилик билан курашишни фаоллаштириш мақсадида Андижон туманига юборилади. Давлатбек Андижон тумани прокуратурасига ишга келганда, прокуратура биноси эски ва талабга жавоб бермас эди. Давлатбекнинг саъй-ҳаракатлари туфайли туман прокуратурасининг икки қаватли янги биноси қурилди.
Андижон туманида Давлатбек Раҳмонов прокурорлик вазифасини бажарар экан, у биринчи навбатда жиноятчиликни олдини олиш чора-тадбирларини тузди. Туманнинг барча қишлоқларида бўлиб, оддий халқ вакиллари билан учрашди, уларга қонун устиворлиги йўлида қилинаётган ишлар хақида ахборот етказарди, саволларига жавоб берарди ва керак бўлса ўзининг ёрдамини аямасди.
Андижон туманида жойлашган пахтачилик олийгохида, барча билим юртларида ва мактабларда ўқиётган ёшлар билан учрашиб, уларни жиноятчилик йўлига кириб қолишдан огоҳ этиб, кенг қамровли профилактика ишларини олиб борарди. Хаттоки дам олиш кунлари ҳам дам олмасдан, шанба кунлари Андижон пахтачилик олийгохида талабаларга ҳуқуқшунослик фанидан дарс берарди.
Натижада ўтган асрнинг 80 йиллар ўрталарида Андижон туманида жиноятчилик, қонун бузилиш фактлари кескин камайди. Прокурор Давлатбек Раҳмонов ўз иш фаолиятида давлат мол-мулкини талон-торож қилган ва унга кўз олайтирган жиноятчилар билан қаттиқ кураш олиб боргани туфайли, Андижон тумани халқи орасида “Давлатбек давлатни ўйлайди”, “Давлатбек — давлат қўриқчиси” каби иборалар пайдо бўлди.
Бу албатта бежиз бўлмаса керак. Андижон вилоятининг ҳар хил сохаларида ишлаган ўшликларимизни Давлатбек ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган. Андижонда ишлаган кўп ўшликлар ҳанузгача Давлатбекни яхши гаплар билан эслаб юришади. Давлатбек кўп жиянларини ўз бағрига олиб, уларни ўқитди, уйлади, ишга жойлади ва уйлик қилди. Давлатбекни қонунчиликни мустаҳкамлаш йўлида қилаётган ишлари халқ томонидан ижобий баҳоланиб, у бир неча марта туман кенгаши депутати этиб сайланди.
Андижон туманида жиноятчилик билан курашиш кўрсаткичлари яхшиланганда, Давлатбек Раҳмонов Андижон вилояти прокуратурасига ишга юборилади. Давлатбек вилоят прокуратурасида ҳам жиноятчилик билан кескин, принципиал равишда курашди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг бир неча марта рахматномалари ва совғалари билан тақдирланди. Давлатбек Раҳмонов Харьков юридика олийгохида ўз хизмат квалификациясини ошириб келади ва Ўзбекистон прокуратура тизими ходимлари ичида ягона ўзи аъло баҳолар олади ва ушбу олийгохдан ҳам рахматнома олади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Бўритош Мустафоев Давлатбекни республика Бош прокуратурасига ишга таклиф этади, бироқ Давлатбекни ушбу вақтга келиб соғлиги ёмонлашганлиги сабабли ишдан кетишга мажбур бўлади. Лекин, Давлатбек юраги оғриса ҳам, уйда бекор ўтира олмади ва “Унум”, “Давлатбек саҳовати” фермер хўжаликларини тузиб, уларга раҳбарлик қилди ва ҳамиша давлат буюртмаларини ошиғи билан бажариб борди. Фермерлик фаолиятида Давлатбек кўплаб қонун бузилиш фактларига дучор бўлди.
Жумладан, қишлоқ хўжалигини ислоҳот қилиш мақсадида Андижон туманидаги жамоа хўжаликларини тугатиш жараёни кетаётганда раҳбарлар томонидан давлат мулки, бинолари, қишлоқ ерлари ва агротехникалари ноқонуний ўзлаштирилиб, талон-торож этилди. Қишлоқ хўжалиги ислоҳоти ниқобида оддий қишлоқ аҳолисининг манфаатларига қарши “ислоҳот” юргизилаётган эди. Давлатбек Раҳмонов туман раҳбарларининг ушбу жиноятларига кўз юма олмади ва тегишли идораларга ушбу хақда мурожаат этди. Бир қанча нопок раҳбарлар вазифасидан озод этилди. Лекин бир нопок раҳбарнинг ўрнига яна бир таъмагир келарди ва эски қинғир ишларни давом эттирарди.
Чунки жамоа хўжаликлар тугатилаётганда, ушбу хўжаликлар балансида ота-боболаримизнинг беғараз меҳнати эвазига тўпланган юз миллион сўмлик мол-мулк бор эди. Булар гаражлар, автотехникалар, ҳар хил бинолар, минглаб гектар ер, боғлар, шийпонлар, тайёрлов пунктлари, ҳар хил цехлар, омборлар, клублар ва бошқа кўплаб шу каби мол-мулк эди.
Шунинг учун баъзи-бир нопок раҳбарлар ушбу давлат ва халқ мулкини ўзининг ихтиёрига ўтказиб, ноқонуний фойдаланишни кўзлаган эди. Лекин уларнинг бу жиноий хатти-ҳаракатларига ҳамиша Давлатбек Раҳмонов тўғаноқ бўларди. Ушбу нопок раҳбарлар Давлатбекка бир неча марта тахдид солса ҳам, у ҳамиша қонун устувор чиқади, хақиқат енгиб чиқади, деб ўйларди ва оддий қишлоқ халқининг манфаатини ҳимоя қилиб келди.
2006 йил 6 мартида Давлатбек Раҳмонов фожиали равишда автоҳалокатда вафот этади. Тўртта фарзанднинг отасини автомашинасида катта тезликда уриб юборган кимса, хаттоки бир кун ҳам қамалмади ва қонун олдида жавоб бермади.
Шафқатсиз ўлим сафимиздан эрта юлиб кетган, қисқа фурсатли ҳаёти давомида чин инсон номини оқлай олган раҳматли укам Давлатбекнинг ёрқин хотирасига бағишлайман:
ҚАЙҒУЛИ ШЕЪР
Яхшиларга бу дунёда умр йўқми?
Ёмонларга жазо йўқми, жабр йўқми?
Ортингиздан ким ачиниб йиғламайди?
Сиздай инсон орамизда ахир йўқдир!
Сиз ўлмайин ғаним кўнгли тўлмасмиди?
Ёмонларни ер бағрига олмасмиди?
Э воҳ, ажал не дилларни вайрон этиб,
Сизни олиб кетмаса ҳеч бўлмасмиди?
Жойлари жаннатдан бўлсин! Бугунги кунларда инсофлик диёнатлик орган ходимларининг қарийиб барчаси ишдан бўшатилган, муддатидан олдин нафақага чиқарилган ё «авария» бўлиб ўлиб кетишган ва ҳокозолар. Мустақиллик бошланган пайтлари анча яхши эди ва кейин йилдан — йил виждонлик кадрлардан ўзлари қутулиб бошлашди.
Бир инсонни ўлдириб йўқ қилиш заказининг пули теппагача етиб боргач хеч ким жазоланмайди ва худди шунингдек вайрон қилинаётган корхоналарнинг пули хам бўлиб олинади. Қанчалик ёзиб чизманг фойдасиз.
Жойлари жаннатдан бўлсин! Бугунги кунларда инсофлик диёнатлик орган ходимларининг қарийиб барчаси ишдан бўшатилган, муддатидан олдин нафақага чиқарилган ё «авария» бўлиб ўлиб кетишган ва ҳокозолар. Мустақиллик бошланган пайтлари анча яхши эди ва кейин йилдан — йил виждонлик кадрлардан ўзлари қутулиб бошлашди.
Бир инсонни ўлдириб йўқ қилиш заказининг пули теппагача етиб боргач хеч ким жазоланмайди ва худди шунингдек вайрон қилинаётган корхоналарнинг пули хам бўлиб олинади. Қанчалик ёзиб чизманг фойдасиз.