Тириклик улуғ неъмат. Яратган томонидан берилган тенги йўқ инъом. Бу дунёга ҳеч бир тирик жонзотга насиб қилмаган ақл-идрок эгаси – одамзот қавмида келиб-кетишнинг ўзи табиат томонидан берилган тенгсиз туҳфа эканлигини англаш катта бахт. Инсон умрининг ҳар куни, соат ва лаҳзалари омонатлигини шоира қуйидаги мисраларда ажиб бир тарзда тасвирлайди.
Этагингдан шамол ўтдими, басдир,
Тириклик олдида ҳар неки, хасдир,
Бошинг омон бўлса, тоғлар ҳам пастдир,
Умр асли бир кундир,
Ўша кун – бугундир.
Менимча, ҳақиқий шоирга ватан ҳақида ёзиш ниҳоятда қийин кечса керак. Билмадим, ҳар ҳолда, менга шундай туюлади.
Фарида Афрўз ҳам йиллар давомида ватан ҳақида кўнглидан кечган туйғуларини чиройли бир шеърий шаклда қоғозга тушуролмай қийналган, ўртанган пайтларини қўйидаги сатрларда самимият билан ифодалайди.
Тўғриси, сен ҳақда шеър битмоқ азоб,
Қирқ беш йил инграндим, жимжит, беитоб,
Пойингга йиқилдим чечакдек шу тоб,
Сочларим гуллатган бир оқсан, Ватан!
Ҳақиқатан ҳам шоиранинг ватан ҳақидаги битган сатрлари жонли ва самимий. Бу унинг:”Қирқ беш йил инграндим, жимжит, беитоб”, “Сочларим гуллатган бир оқсан, Ватан!” – дея қилган хитобларига жавобан ёзилгандек гўё.
Даланинг қоқ ўртасида,
Саратон мавжида,
Тут соясида,
Гўдагини бағрига босган жувон-
Менинг Ватаним!-
Ёхуд
Пахтасининг гулларин ўпиб,
эгатларга жон терин тўкиб,
кўсагининг кулганин кўриб,
кўзларига ёш олган деҳқон –
менинг Ватаним!
Бу сатрлар мени яна болалигим сари етаклаб кетди.
Мен бу ҳолни – қишлоғимиздаги опаларимизнинг болаларини бағрига босиб, гоҳ эмизиб, гоҳ аллалаб ўтирган ҳолатларини кўп бора кўрганман. Онамнинг невараларини опичлаб тутқатор соясида андормон бўлиб ўтирган ҳорғин, лекин ўктам қиёфасини кўз ўнгимда гавдалантирди.
Биз тенги қишлоқда ўсган болаларнинг аксар қисми пахта далаларида ўсганмиз. Биринчи гуллаган ғўзани кўрсатган одамга суюнчи берилгани ҳам ҳақиқат. Очилган ғўза гулларига қараб кўзларимиз қувнаган, дилимиз ёришган. Бу энди болалик хотиралари. Биз ўшанда оналаримиз қиёфасида ватанни бирда англаб, бирда англамаганлигимиз ҳам табиий. Сатрлар пахта далаларини, кичик-кичик кўлларни, юлғунли, ёвшанли шўрхок даштларни, лойхўракларнинг “таккаллик, такаллик” деган чўзиқ овозларини жонлантириб юборди.
Ҳозирда, таъма илинжида бири олиб, бири қўйиб, ватан ҳақида ким ўзарга шеърлар, достон ва қасидалар битаётган маддоҳлар шоиранинг юқоридаги сатрларини ўқишса фойдадан ҳоли бўлмас эди.
Шоира сафларини тоза кўрмоқ илинжида:
…Шеър не қилур тама бор жойда, —
Ёки
…Миллатим, иймоним, деб ҳайқирганлар,
Амалга минса-ю овози тинса!? – дея куйиниб ёзади.
Шеърият майдонига довруғ солиб кириб келган не бир истеъдод эгалари қанот чиқариб, бургут мисол юксакларни кўзлаганлари рост. Лекин таъма аралашгач бургут бўлиб учмоқ тугул, терак бўйичалик ҳам парвоз қилолмай, кўрсичқонга айланганлари ҳам бор гап.
Сатрларини ўқиб этим жимирлаб кетди. Юртга келган баҳор қиру адирларни, дашту чўлларни яшнатади. Қабристонларни яшиллик қоплаб, мозор бошларида ҳам чечаклар очади. Бу ҳақда шоирларимиз “кўп ва хўп” ёзишган. Лекин, ҳали ҳеч бир шоир дунёдан ўтган ота-оналари руҳига бағишлаб “бир ҳовуч дуом бор бериб келайлик” демаган. Бу ерда фарзанднинг ота-она олдидаги қарздорлик бурчи шундай бир шоироналик билан кўрсатилганки, бунда иқтидор ва топқирлик қоришиб, ўлмас сатрларни дунёга келтирган.
Шоирнинг қибласи шеърият бўлса, каъбаси сўздир. У сўзга сиғинади ва унга эргашади. У сўзнинг қули. Бу қулликни ўзига шараф деб билади ва бундан ғурур туяди. Шу сабабдан ҳам шеър битмоқни ибодат қилмоқ билан тенг қўяди.
Ёмонлик изламанг, шоирдан макр,
Мўъжиза бор жойда фириб бегона.
Аслида шеър битмоқ ибодат қилмоқ,
Бу ҳақнинг сўзидир, ишқдир ягона.
“Ўзимга сўз бердим” деб бошланувчи шеърида юқоридаги фикрини бадиий тимсоллар воситасида янада кўчайтиради. Ишқ номасини киприклари билан битаётган маъшуқа ҳолати:
Сочимни сочаман:
Ҳар бир толаси,
Нурларга туташар қақнус патидай.
Ишқимни битаман, киприклар қонар,
Ҳар ошиқ ўқийди, Илоҳ хатидай.
Ҳаётида иғво ва миш-мишдан тўймаган одам бормикан? Ширин ошингизга оғу солишга урунувчи пасткашлар озми? Кўпинча ижодкор аҳли ошига. Сизни баъзан ҳеч ким тушунмайди. Кўнгил кечинмаларингизни англамайди. Айниқса, яқинларингиз! Бегоналарнинг сўзлари шунчаки унитилади. Қалбга яқинларингиз қилган ғийбат ва миш-мишлари киши қалбида узоқ йиллар сақланиб қолади. Шунда сиз ёлғизликни истаб қоласиз. Ёлғизлик сари қадам қўясиз. Ёлғизлик оғир қисмат. Лекин ўзга чора йўқ. Фақат ёлғизликдагина фикрингизга тароқ урасиз. Уларни кечириш учун қанча куч, қанча ирода керак. Сатрлар миямда чарх уради.
Дилимни оғритди дилимдагилар,
Туну кун номлари тилимдагилар,
Офтобим, шамолим, селимдагилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.
…Дастурхон тўримда шарбат тотдилар,
Ўгрилдим, ортимдан тошлар отдилар,
Улар мени бунча арзон сотдилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.
Мен, бу ерда мақоланинг чўзилиб кетишини назарда тутиб шеърни тўлиқ келтириб ўтирмадим. Шу битта шеърнинг ўзига алоҳида таҳлилий мақола билан чиқиш қилинса арзийди, деб ўйлайман. Шеър ҳеч бир муболағасиз классика даражасида ёзилган. Тенгсиз овоз соҳибаси Зулайҳо Бойхонова ижроси эса шеърни янада очиб юборган.
Бу сатрларни ўқиб ўқувчилар муболағанинг ҳам чегараси бор, деган хаёлга бормасинлар. Фарида опа кўнглидан кечган туйғуларини ҳеч бир иккиланишларсиз самимий, гўзал тарзда қоғозга тушириб келаётганлиги боис ҳам ўзгаларга ўхшамаган шоирадир.
Бахт ҳақида кимлар ёзмаган, дейсиз. Кимлар бахтга таъриф бермаган. Шоира қуйидаги шеърида бахт нималигини дил сўзлари орқали шундай очиб беролганки, беихтиёр ёқа ушлайсиз.
Асли
Бир жуфт ширин сўз айтмоқлик ҳам бахт эрур,
Озоридил шахдингдан қайтмоқлик ҳам бахт эрур.
…Сиринг
Айтсанг ўртаниб, бориб сотса ғанимга,
Хоин
Дўстнинг баҳридан кечмоқлик ҳам бахт эрур.
Бу шеърида фикр етакчилиги кўзга ташланиб турса-да, бадиийлик шоира қалбидаги туйғулар билан қоришиб абадиятга дахлдор шеър юзага келган.
Шоиранинг бугунги ўзбек шеъриятининг асл, етук намуналари қаторидан ўрин олишга ҳақли шеърларидан яна бири унинг қуйидаги сатрлар билан бошланувчи шеъридир.
Туркистон дарди шу юртнинг фарзандиман дегувчи шоирлар юрагида чексиз армон, терскайдаги қордай бўлиб ётибди. Кўксида ўти бор, аждодлар хатосидан юраги қийма шоир борки, қадим Туронни, Ота Туркистонни қаламга олганлар. Унинг парча-парча бўлган ҳудудларига кўзлари тушганида қалби ўртанмаган туркигўй шоир бормикан? Ижодкорларимиз кўксини кўйдириб келаётган Туркистон, Турон дарди Фарида Афрўз ижодида ҳам ўз аксини топган.
Турон замин момомнинг маҳри,
Тупроғингда ҳамон жанг заҳри,
Бардошларнинг тошди-ку наҳри,
Мудроқ элим, уйғон, кўзинг оч,
Ватан сенинг меҳрингга муҳтож…
Меҳр жон озиғи. Кўнгил меҳрдан сув ичади. Шу боисдан ҳам инсон кўнгли меҳр талаб. Кўнгилнинг меҳрга зорлардан меҳр – садақа тиланиши ажиб ҳол.
КЎНГЛИМ БОР:
Меҳрга жонини берар у,
Гадодан садақа тиланар.
Бир тикан заҳридан ўлар-у,
Райҳонни ҳидлатсанг тирилар!
Жаннат гули — райҳоннинг хушбўй ҳиди димоғингга урилгандай бўлади.
Фанзанд дард билан, тўлғоқ билан туғилганидек, шеър ҳам дард билан дунёга келади.
Ором олай дардларим қучиб,
У меники, ўзим туққанман.
Не бўлса ҳам кўрдим манглайдан,
Ўзим ўксиб, ўзим қутлайман.
Бундай ҳолат тасвирини қай бир шоирда ўқигансиз?
Дардлари ўзиники, дардларини ўзи туққан, уни ўзгага бергиси йўқ. “Ором олай дарларим қучиб”. Ҳаётингизда “дардларини қучиб ором олган одам”ни учратганмисиз? Ёхуд шундай одам борлигини эшитганмисиз?
Шоиранинг топқирлиги шунда.
Мен, Фарида Афрўзнинг юқоридаги сатрларини ўқиб, бу сатрларни кўкдан тушган битиклар, дегувчи бўлсам, мени шаккокликда айблашга шошилманг. Негаки, бу сатрлар шунчаки эрмак учун ёзилган сатрлар эмас. Бу сатрлар шоира қалби оташи қўрида обдон пишганлигида, ақл элагидан ўтказилиб, тафакккур тарозусида тортилиб, тенгсиз сўз жавоҳири сифатида сизларга тақдим қилинганлигида.
Фарида Афрўзнинг ижодини бир-иккита мақола билан таҳлил қилишнинг имкони йўқ. Унинг ижод йўли ўзи бир мактаб. У ўзбек адабиёти шеъриятида ўзига хос мактаб ярата олган шоираларимиздан бири. Ҳали, пайти келиб шоира ижоди ҳақида адабиётшунослар ўз илмий — таҳлилий мақолалари билан чиқишлар қилишади, деган умиддаман.