Исмат ХУШЕВ: МАЙДА ЧУЙДА ИНТРИГАЛАР ЁКИ ИХТИЛОФ САБАБЛАРИ (40-боб)
ИККИНЧИ КИТОБНИНГ СЎНГГИ БОБЛАРИ
Исмат Хушев
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Иккинчи китоб. 40-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: «Ҳаёт ва Иқтисод» — «Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи), Республика Адлия вазири Алишер Мардиев (ўртада), Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоевлар Олий Кенгаш сессияси залларида…
МАЙДА ЧУЙДА ИНТРИГИЛАР ЁКИ ИХТИЛОФ САБАБЛАРИ
1.
Мен шу пайтгача бир саволга жавоб беришдан ўзимни олиб қочиб юрдим.
Бу – Китоб район ҳокими Озод Пармонов, унинг биринчи ўринбосари Усмон Валиев, устозим – Муҳаммаджон Раҳмонов билан менинг орамизда қандай қилиб совуқчилик тушгани ҳақидаги нохуш воқеалар билан боғлиқ.
Биласиз – Озод Давронович билан аввал бошдан қалин ака ука эдик.
Равшанки, у кишининг биринчи ўринбосари бўлган Усмон Валиев билан ҳам бир биримизга душман бўлшимиз мумкин эмасди. Чунки ўртада бизни боғлаб турадиган — Озод ака бор эди.
(Антипатия пайдо бўлишига турки бўлган воқеа – Усмон аканинг аёли ўзига ўт қўйиши ўз йўлига)…
2.
Истеъдодли ўзбек шоири, ҳамюртим, устозим Муҳаммаджон Раҳмонов ҳақида ҳам илгари кўп самимий ҳикоя қилганман ва у кишидан миннатдор эканимни бот-бот эътироф этганман.
Ўйлаб кўрсам, бизнинг орамизда бўлиб ўтган гап сўзлар майда чуйда интрига эмас экан.
Тўғри, дастлаб бу ҳақда айтгим келмади. Бундан ташқари, Китоб районига прокурор этиб тайинланаётган Фарҳод Шайманов масаласида исботланмаган маълумотни Бош прокурор Бўритош Мустафоевга етказиб, хато қилганимни ҳам юқоридаги – олдинги бобларда айтиб ўтдим.
Ҳозир Фарҳод Шайманов билан муносабатларимиз яхши. Умуман, қамалишимга сабаб бўлган тергов ва суд жараёнида кимки менга тўҳмат қилган бўлса, уларнинг ҳаммаси кейинчалик менга яхши муносабатда бўлишган. Шунинг учун бўлса керак, бугун уларга нисбатан кўнглимда заррача ҳам адоват қолмаган.
Бироқ илгари бўлиб ўтган баъзи воқеаларни — майда чуйда интрига ва гап сўзларни айтишим лозим.
Акс ҳолда – бошимга тушган кейинги мусибатлар ўқувчи учун тушунарсиз бўлиб қолиши мумкин….
3.
Қандай қилиб Китоб райони раҳбарлари билан бизнинг орамизда ихтилоф пайдо бўлди?
Муқаддам таъкидлаб ўтганимдек, мен ҳар гал Китобга борганимда туман ҳокими Озод Пармонов жуда катта эҳтиромлар билан кутиб оларди.
Лекин Президент девонида ишлайдиган Муҳаммаджон Раҳмонов Китобга бориб келса – бу қадар эҳтиром билан кутиб олишмасди. Чунки Озод Пармонов жуда кучли шахс эди – у девондаги матбуот хизматининг оддий ходимларини сариқ чақага ҳам олмасди.
Кейин билишимча бу нарса Муҳаммаджон акага оғир ботади…
4.
Бир куни Муҳаммаджон Раҳмонов мени Девонга – ҳузурига чақирди.
Биз у киши билан оилавий борди келди қилардик, яқин эдик — оғир ва синовли кунларда туз-намак бўлгандик. Ахир, бир кун туз ичган жойингга – қирк кун салом бер деган гап бор.
Муҳаммаджон ака ота-онасиз, болалар уйида вояга етган. Китоб “детдом”ида директор бўлиб ишлаган отам уни ўқитган, унга таълим берган.
Отам биринчи марта мени Тошкентга олиб келганида Муҳаммад Раҳмонни қора тортиб, унинг Қорақамишдаги квартирасига борган эдик. Биз уни “катта одам” деб ўйлаганмиз. Умуман, қишлоқдагилар Тошкентда юрган барча шоир ва ёзувчиларни “катта одам” деб ўйлашади.
Муҳаммаджон ака бир қўли ва оёғи йўқ ногирон одамнинг уйида ижрада турар экан. Кейинчалик ўша киши ҳақида “Чопаётган одам” номли баллада ҳам ёзган. У одам доим ичиб ётаверар экан.
Биз борганда Муҳаммаджон ака хижолат чекиб:
— Бўпти домла, ҳаракат қиламиз, жой пой топиб берамиз, лекин ўзим ижрада тураман, — деган эди…
Хуллас, бир куни Муҳаммад Раҳмон мени Президент девонига – ҳузурига чақирди:
— Исматжон, район катталари чегарадан чиқиб кетишяпти. Шуни Сиз Мавлон акага айтинг, — деди. — Мен Китобдаги болалар уйини оталиққа олганман, — деб сукут қилди.
Бу гапни шундай тушуниш керакки, Муҳаммад Раҳмон Президент девонига ишга ўтгунга қадар “Юлдузча” (ҳозирги “Чўлпон” нашриётида) хизмат қиларди. Муҳаммаджон ака ўзи тарбияланган ва отам директор бўлиб ишлаган Китобдаги “Болалар уйи”га нашриётда чоп этиладиган китоблардан бепул юбориб турар экан. Улар китоб олиб борган пайтлари Китоб районининг олдинги раҳбарлари ҳомийларни иззат-икром билан кутиб олишарди. Кейинчалик раҳбарлар ўзгариб кетгач, бу анъана барҳам топади.
Хусусан, Озод Пармонов Китобга ҳоким бўлгач, қандайдир нашриётнинг қандайдир шоирини назар писанд ҳам қилмайди.
Бу албатта Муҳаммаджон акага оғир ботади ва ҳокозо…
5.
Хуллас, энди Президент девонига кўтарилиб кетган Муҳаммаджон Раҳмоновга ўзи оталиққа олган “Болалар уйи”нинг бир гуруҳ ўқитувчилари арз-дод қилиб келишади:
— Китоб районига Фарҳод Шайманов деган янги прокурор келди. У бизнинг “Детдом”га ажратилган ун ҳисобидан ўзига нон ёптириб олаяпти, — дейишади шикоятчилар.
Кейинчалик бу факт тасдиқланади. Ҳақиқатан ҳам янги прокурор “Болалар уйи”нинг тандирхонасида ўзи учун олий навли ундан тайёрланган махсус нон ёптириб олар экан.
Муҳаммаджон ака район раҳбарларига мурожаат қилади. Лекин уларга таъсир ўтказаолмайди. Бунинг устига район раҳбарлари анчадан бўён “Болалар уйи”нинг директори бўлиб ишлаётган аёлни ишдан бўшатишга ҳозирлик кўра бошлайдилар.
Албатта, Муҳаммаджон Раҳмонов ўзи оталиққа олган ва қўлидан келганча – баҳоли қудрат ёрдам бериб юрган “Болалар уйи”да рўй бераётган нохуш воқеаларга табиий равишда аралашади, аммо ҳеч қандай натижага эриша олмайди.
Кейин бу ишга мен аралашдим.
Муҳаммаджон ака шу баҳонада “ҳаддидан ошган” Китоб райони раҳбарларини мен орқали Мавлон акага айттириб, танобини тортиб қўймоқчи бўлган. Чунки Озод Пармонов президент девонидаги улай булай мулозимни назар писанд қилмаслигини Муҳаммаджон ака яхши биларди. Унга фақат Президентга энг яқин бўлган Давлат маслаҳатчисининг гапи ўтиши мумкин эди.
Мен Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Бобожоновичга Китобдаги “Болалар уйи”да рўй бераётган нохуш воқеаларни айтиб бердим. Мавлон ака Муҳаммаджон Раҳмоновни ҳузурига чақириб, суҳбатлашди. Сўнг бизнинг олдимизда вилоят ҳокими Темур Хидировга телефон қилиб, унга танбеҳ берди, қаттиқ уришди.
Опа ҳам директорлик вазифасида қолдирилди…
6.
Китоб райони раҳбарлари билан Муҳаммаджон Раҳмонов орасида (менинг иштирокимда) бўлиб ўтган майда чуйда интрига ва ихтилофларнинг асосий тафсилоти ана шулардан иборат.
Лекин кейинчалик Президентнинг топшириғи билан мени ишдан бўшатиб, қамоққа олиш лозим бўлганида, Ўзбекистон Олий раҳбарияти бу ихтилофдан унумли фойдаланишади.
Хусусан, Китоб райони собиқ прокурори Фарҳод Шайманов аризасига биноан мени ҳибсга олишади. Биласиз, мен Фарҳод Шайманов масаласида Бош прокурор Бўритош Мустафоевга мурожаат қилганман. Унинг маълум миқдордаги пора эвазига Китобга прокурор бўлаётганини, Бош прокуратура буни текшириб кўриши лозимлигини айтганман.
Кейин Бўритош Мустафоев менга қўнғироқ қилиб, Бош прокуратура Коллегияси Фарҳод Шаймановни Китоб районига прокурор этиб тасдиқлаётганини, агар унинг пора олди бердисига оид фактларим бўлса, уларга етказишимни сўраган эди.
Мен бу ҳақда олдинги бобларда батафсил ёзганим учун ҳозир тўхталиб ўтирмайман.
Хуллас, Шайманов менинг бу “адолатпарвар”лигимни унутмаган эди…
Ўқувчиларда кейинчалик менинг қамалишимга асос бўлган бу воқеа ҳақида тўлиқ тасаввур пайдо бўлиши учун “Президент билан юзма юз ёки юракка кўчган учрашувлар” номли бобнинг шу ҳақдаги қисмини қайта нашр этишни мақсадга мувофиқ деб билдик:
2 китоб, 34-боб.
“ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ ЁКИ ЮРАККА КЎЧГАН УЧРАШУВЛАР” ДАН ПАРЧА:
11.
Хуллас, шунга ўхшаш ишларни кўп қилардим. Баъзан орқа-олдини ўйламасдан ҳам қалтис ишларга аралашиб кетаверардим.
Масалан, бир куни республика Бош прокурори Бўритош Мустафоевга “вертушка”дан телефон қилдим.
Китоб районига Абдураҳмон Ашуров раҳбар бўлиб боргач, у ерда район прокурори лавозими учун кескин кураш бошланади. Албатта, бундай кураш бўлганини кейинроқ билганман.
Хуллас, Китоб райони прокурори лавозимига икки киши даъвогарлик қилади. Бири – Фарҳод Шайманов деган йигит. Иккинчиси – муқаддам Шаҳрисабз прокурори бўлиб ишлаган Амир Янгибоев ҳам Ҳисор тоғларининг сўлим гўшасида жойлашган Китобга прокурор бўлиб ўтмоқчи бўлади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам асли чироқчилик бўлиб, Ўзбекистон Швецарияси ҳисобланмиш Китоб ва Шаҳрисабзда прокурор бўлиб ишлаш ҳуқуқшунослар учун энг катта бахт ва олий саодат эди.
Фарҳод Чироқчидан Китобга жуда катта пул эвазига прокурор бўлиб ўтяпти, у республика прокуратурасида ишлайдиган одамларга “доля”сини узтиб қўйган деган маълумотни менга етказишади.
Нодонлигим шундаки, менга шу маълумотни етказган одамларнинг гапларига чиппа-чин ишонганман. Аслида, ўша маълумотни текшириб кўришим лозим эди. Мен бўлсам, ўзимнинг ички туйғуларимга ишониб, Бош прокурор Бўритош Мустафоевга қўнғироқ қилганман:
– Фарҳод Шайманов деган йигит Китобга прокурор бўлиб ишга ўтаётган экан. У ҳақда ҳар хил гаплар етиб келяпти. Мана, ҳозир ёнимда ҳам бир-икки киши ўтирибди. Пора аралашган деган гаплар бор, – дедим…
Бўритош аканинг яхши бир одати бор эди: у киши “вертушка”сини доим ўзи кўтарарди. Кўпчилик раҳбарлар ҳукумат телефонини ҳам ёрдамчилари ё котибаларига улаб қўядилар, ўзлари гаплашмайди.
Хусусан, ҳозирги Прокурор Рашиджон Қодиров ҳам “вертушка”сини ёрдамчисига топшириб қўярди. Мен ҳали Бош муҳаррир бўлган 2002-2003 йилларда бир-икки маротаба телефон қилиб, ўзига тушолмаганман. Трубкани нуқул ёрдамчиси кўтарарди.
Бироқ, Бўритош ака доимо ҳукумат телефонига ўзи жавоб берарди. Хуллас, бояги гапларни Бўритош Мустафоевга айтдим-у, хайрлашдим.
Орадан икки ёки уч ойлар чамаси вақт ўтиб, хонамдаги “вертушка” жиринглаб қолди. Трубкани кўтарсам, Бош прокурор:
– Ассалому алайкум, Исмат ака! Мен Бўритош Мустафоевман, – деди у киши ваҳимали овоз билан. У киши ҳеч телефон қилмасди. Лекин ҳукумат коридорларида, йиғилишларда эҳтиром билан қуюқ салом-алик қилиб юрарди.
– Яхшимисиз, ака! – дедим.
– Исмат ака, мен ҳозир коллегия мажлисини ўтказаяпман. Навбатдаги масала бўйича янги вазифага тасдиқланиш учун ҳузуримизга Фарҳод Шайманов киради. Бир пайтлар менга телефон қилиб, у киши ҳақида қандайдир маълумот борлигини айтган эдингиз. Агар қўлингизда фактлар бўлса, илтимос, бизга етказсангиз. Чунки ҳозир биз унинг масаласини ҳал этишимиз керак, – деди…
Ана, холос!
Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим.
– Бўритош ака, менда ҳеч қандай факт йўқ, фақат шунақа маълумотлар келяпти, ўзларинг текшириб кўринглар деган маънода айтгандим, – дедим шошиб.
– Бўпти, мен сизнинг олдингиздан бир ўтиб қўймоқчи эдим, – деб трубкани қўйиб қўяди…
Ўша куни Фарҳод Шайманов Китоб районига прокурор этиб тайинланади…
12.
Эҳтимол, бу воқеага шу ерда ҳам нуқта қўйса бўларди.
Лекин кейинчалик мен ишдан олинганимдан сўнг қамалишимга асос бўлган бирдан-бир аризани ҳам айнан Китоб район прокурори Фарҳод Шайманов республика Бош прокурори номига ёзиб беради.
У: “Менинг хизмат вазифамни бажаришимга тўсқинлик қилди”, деган мазмунда устимдан арз қилади. Жиноят Кодексида шундай ҳаракатлар учун ҳам жавобгарликка тортиш кўзда тутилган экан: 194-модданинг “6” банди…
Тергов олиб бораётган одамнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш мумкин эмас.
Агар район прокурори тергов олиб бораётган бўлса, унга фақат вилоят ёки республика прокурори тўсқинлик қилиши мумкин. У бўлса, “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг Бош муҳаррири ўз мансаб фаолиятидан фойдаланиб, фаолиятимга тўсқинлик қилди деб ариза ёзади.
Ваҳоланки, бирорта Бош муҳаррир, жумладан, мен ҳам, ўшандай ваколатга эга эмасмиз. Афсуски, ўша модда бўйича мени айбдор топиб, қамаш мумкин эмаслигини кейинроқ аниқладим.
Ҳолбуки, улар мени айнан ўша модда бўйича қамайдилар.
Аслида, мансабдор шахс, яъни прокурорга тазйиқ ўтказиш ваколатига эга бўлган айни соҳадаги юқори лавозимли амалдоргина ўша моддага асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин экан.
Қонун бўйича менинг ўша ариза бўйича қамалишим мумкин эмас эди.
Юқоридаги гапларнинг ростлигини Бўритош Мустафоев ҳам бемалол тасдиқлаши мумкин. У киши 25 йилдан бўён Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги «ўтда ёнмас * сувда чўкмас» мулозимлардан бири. Ҳозир Рспублика Конституциявий Суд раисига ўринбосар бўлиб ишлаяптилар…
13.
Майли, бу ҳақда – менинг ишдан олинишим, қамалишим ва ҳибсдаги кунларим хусусида “Подшо эркатойининг саргузаштлари» нинг учинчи китобида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Шу ерда Бўритош Мустафоев ҳақида ҳам икки оғиз ўз мулоҳазамни айтиб ўтишим керак.
Бўритош ака бу ерда номардлик, аниғроғи – мунофиқлик қилган. Қўли ва кўнгли пок одам бундай қилмаслиги керак эди.
Минглаб одамларнинг тақдирига дахлдор одамнинг ичи кир бўлиши, шундай улуғ ва мўътабар лавозимга тайинланиши аслида нотўғри бўлган…
“Беайб – Парвардигор!” деган бир гап бор. Мен ўз хатоимни тан оламан. Эшитган гапимни текширмай нетмай Бош прокурорга айтиб, авваламбор ёшлик, қолаверса эҳтиётсизлик қилгандирман.
Аслида, ҳеч қаёққа бошимни суқмай, тинчгина Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрсам,ўз хизмат ваколатим доирасидан чиқмай юрганимда, балки узоғроқ ҳам ишлаб қолардим.
Лекин нима қилай, бировнинг кўз ёшини кўрсам, ноҳақлик бўлаётганини билсам, пора аралашганини эшитсам – дарҳол шу ишга киришиб, бутун Ўзбекистонни ағдар тўнтар қилиб юборардим.
Лекин Ўзбекистонга бундай одамлар керак эмаслигини, Ислом Каримовнинг «Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!» деган шиори шунчаки «хўжам кўрсин» учун айтилганини, бундай одамларнинг жойи эса – Ўзбекистонда эмас, балки олис ва совуқ Канадада эканлигини мен ҳали билмас эдим…
14.
Бугун Ватандаги, хусусан прокуратура ва суд тизимидаги порахўрлик қамровининг нақадар катталиги, кенглиги ва доимийлиги мезонларини ўлчаганда, баъзи дўстларимиз Исмат Хушевнинг аччиқ қисматидаги шу кичик бир нуқтани ҳам эслаб ўтсалар ёмон бўлмас эди.
Мен одамларнинг дардига бефарқ қарай олмасдим.
Менга бу одат отамдан юққан, у киши мени доим ҳақиқат учун курашишга тарғиб қилган эди: “Бу дунёда ҳақиқат бор, ўғлим! Баъзан қадди букилиши мумкин, лекин ҳеч қачон синмайди, шуни ёдингда тут!” деб, ўзлари ҳам шунга бир умр амал қилиб яшаб ўтдилар.
Мен отамнинг бу сўзларига амал қиламан деб, ростини айтсам, бутун ҳаётимни барбод қилдим.
Умрим хорижда, муҳожирликда ўтишида ҳам аслида отамнинг шу гапларига – адолатларига амал қилишим сабаб эмасми деб баъзан оғир ва аламли ўйларга толаман.
Отамнинг бу ақидаси катта шаҳарларга ўтмаслигини у эҳтимол билмагандир. Катта шаҳар мафиясини у балки хаёлига ҳам келтирмагандир.
Бу ерда ҳақиқат қилиш мумкин бўлган идораларда ўтирган казо казолар – айни пайтда ўғрилар ва қароқчилар билан аллақачон оғиз бурун ўпишиб кетганини бечора қишлоқдаги отам қаёқдан ҳам билсин. Унинг ҳақиқат ҳақидаги бу фалсафаси қишлоқдаги ўз ҳаёти ва атрофи даражасидагги фалсафалардан иборат эди.
Бу ҳақиқатни ҳам мен, афсуски, мен пешонам деворга теккандан кейин – жуда кеч англадим.
Лекин, ажабки, мен тақдирнинг бу аччиқ қисматидан хафа эмасман.
Аксинча, бугун мен дунё кўрдим. Ҳаётга янада теранроқ ва кенгроқ назар ташлайдиган бўлдим.
Ва энг муҳими, отамнинг сўзлари, менга айтган ўгитлари тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим, иймон келтирдим…
15.
Яна Бўритош Мустафоевга қайтсак.
Ўшанда мен Тошкент кўчаларига чиқиб: “Прокурорлар пора билан ишга қўйилаяпти!” деб қичқирганим, жар солганим йўқ эди. Мен Бош прокурорга – телефон қилиб, текшириб кўринг деганман, холос…
Ҳолбуки, бугун Ўзбекистон прокурорлари ҳақида одамларнинг ҳам ўз фикри бор.
Ва бу очиқ ва аччиқ фикр ва қарашлар силсиласида менинг ўшанда Бош прокурорга қўнғироқ қилишим янада ойдинроқ ва равшанроқ аҳамият касб этаётган бўлса, не тонг!
Шу ерда яна бир гап.
Менга ўхшаб янги амалга чиққан ва ўзининг босар-тусарини билмай қолган ёшларга айтмоқчиманки, агар бирор маълумотдан хабар топсангиз, дарҳол ҳукумат телефонига ёпишмасдан, аввало, ўша маълумотнинг тўғри ёки нотўғрилигини синчиклаб текшириб кўринг, ўшандан кейингина керакли жойга “сигнал” беринг.
Акс ҳолда, биргина ноўрин ҳатти-ҳаракатингиз сизга ниҳоятда қимматга тушиши мумкин экан.
Мен бу билан Бўритош Мустафоевга қўнғироқ қилиб, уни прокуратура тизимидаги порахўрликдан огоҳлантирган сўзимнинг ижтимоий аҳамиятини камситмоқчи ёки камайтирмоқчи эмасман. Зинҳор базинҳор ёшларни ноҳақлик билан муросасозликка, келишувчиликка, кўзбўямачиликка чорламоқчи эмасман. Асло!
Фақат, Ўзбекистонда – Шарқда ҳушёр бўлиб яшаш керак, ўйлаб, эҳтиёт бўлиб қадам ташлаш керак демоқчиман, холос
Ғарбда яшаётганларга эса бу эҳтиёткорлик энди у қадар шарт бўлмаса керак. Қолаверса, умримизнинг кўпи кетиб, ози қолгани ҳам энди ҳеч кимга сир эмас.
Фақат шу умримизнинг энг кучга тўлган, курашадиган – қирчиллама йигитлик фасли Ўзбекистондан олис ва хориж элларда ўтаётгани кишига алам қилади, холос…
«ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ ЁКИ ЮРАККА КЎЧГАН УЧРАШУВЛАР»ДАН ПАРЧА ТУГАДИ
http://dunyouzbeklari.com/archives/97249
7.
Шайманов билан биринчи тўқнашувимиз Бош прокурорга оғзаки мурожаат шаклида “сиртдан” рўй берган бўлса, лекин иккинчи тўқнашувимиз юзма юз содир бўлади.
Менинг қайнотам узоқ йиллар Шахрисабздаги “Заготзерно”да директор бўлиб ишлаганини хотираларимда муқаддам ёзганман. Унинг қўлида юк ташувчи бўлиб оддий ишда ишлаб юрган Исмоил исмли, ҳеч кими йўқ етимча бола терговга тушиб қолади.
Терговга қатнаб юрган кезлари Китоб район прокурори Фарҳод Шайманов ундан 500 АҚШ доллари миқдорида пора сўраётганини Исмоил Тошкентга келиб менга айтади. Бундан ниҳоятда дарғазаб бўлдим.
Китобга борганимда Шаймановга учрашиб: “Фарҳод ака, Исмоил етимча бола, камбағал, ундан пул сўраманг, уят бўлади!” деган эдим. “Майли, Тошкентга борганимда бу ҳақда бафуржа гаплашамиз!” — деб жавоб қилганди Шайманов.
Сўнг кимлар биландир маслаҳатлашган шекилли, Мазура опа (Китоб район ҳокими Озод Пармоновнинг янгаси – биология фанлари доктори, профессор Қаҳрамон аканинг оиласи) вафот этгани боис — Тошкентга таъзияга келганида чўнтагига овоз ёзиб оладиган диктафон солиб олган экан. Мен бундан бехабар эдим, албатта.
Шунда у мени бир четга бошлаб чиқиб:
— Исматжон, анави воқеани Сизга нотўғри тушунтиришибди, — деди.
— Фарҳод ака, Исмоил қайнотамнинг қўлида ишлайди. Ўзи етимча бола, унинг мўмай пули йўқ. Кимдир анча бунча пулини олибди. Ахир бунақа қилиш яхши эмас-да. Чўнгаги қаппайган бойвачча болалар кўп-ку. Агар ўшалар қўлга тушса, улардан пул сўрасангиз, мен аралашмайман. Лекин бу боладан Сиз пул сўраманг! – деб кўзларига дадил тикилиб айтдим. – Сиз тергов ишларини олиб бораётган ҳозирги ҳолатда, мен бу ишдан яхши хабардорман, Исмоил айбдор эмас!
8.
Аслида воқеа бундай бўлган эди: “Заготзерно” ўрамидан қаергадир бир прцеп ун жўнатилади. Йўлда уларни милиция тўхтатиб, ҳужжат сўрашади. Ўша тобда ҳужжатларни кўрсата олишмайди, милиция прицепни вақтинча ҳибсга олади. Сўнг улар ҳужжатларини қолдирилган жойдан олишиб, милицияга кўрсатишади. Бўлган гап шу, холос.
Кейин милиция ун юкланган прицепни озод қилади, лекин айрим одамларни тергов қилишда давом этадилар. Охири бу ишга район прокурори аралашади ва ҳоказо.
— Исмоил қайнотангизнинг қўлида ишлайди-да, шунинг учун унинг ёнини олаяпсиз, — дейди Шайманов.
— Ия, нима деяпсиз?! Агар қайнотамнинг айби бўлса, уни ҳам олиб бориб қаманг. Лекин айбсиз одамларга жабр қилманг. Бир етимча боладан шунча пора сўрайсизми? – дедим. Айбдор одамни қамасангиз мен ғинг демайман. Лекин Исмоилга нисбатан қилган юлғичлигингиздан наҳот хабар топишимни ўйламадингиз?
Мана шу гапларни у — Манзура янганинг маъракасидаги учрашувимизда чўнтагидаги диктафонга ёзиб олган экан.
Китоб райони прокурори Фарҳод Шайманов билан Тошкентдаги нуфузли иқтисод журнали Бош муҳаррири Исмат Хушев орасида бўлиб ўтган мана шу нохуш суҳбатдан сўнг кўп ўтмай, шахсий амбицияси ҳаддидан ошган ва юлғичликда айбланган район прокурори ишдан олинади.
Мен унинг ишдан олинишини шахсан уюштирганимни ва шунга эришганимни бугун очиқ ойдин халққа айтишим керак…
9.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Бизда “Тегирмон навбати билан…” деган бир гап бор. Орадан бир йиллар чамаси вақт ўтгач, Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов Ислом Каримовнинг қаҳрига учраб, у билан бирга — биз ҳам ишдан олиндик, устимиздан жиноий иш қўзғатилади.
Ҳамманинг устидан маълумот тўплашади-ю, лекин мени қамашга ҳеч бир асос топишолмайди.
Мустақил Ўзбекистон давлатида — Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи бор қамалиши эди. Бу иш — Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан амалга оширилган бўлиб, у хуфия идора раиси Ғулом Алиевнинг бевосита назоратида эди. Жумладан мени ҳам ушбу – “олий табақали жиноий гуруҳ” сафига қўшиб юборишади.
Энди устимдан маълумот тўплаш борасида уларга Китоб райони раҳбарлари ва ишдан ҳайдалган собиқ прокурор ёрдамга келишади. Уларнинг ҳаммаси Президент девони матбуот хизмати ходими Муҳаммад Раҳмон бошчилигида Мавлон Умрзоқовнинг ўрнига тайинланган янги давлат маслаҳатчиси Тимур Алимов номига ариза ёзиб беришади.
Кимдир: “Фарҳод Шаймановни чақирсаларинг, унинг қўлида Исмат Хушев ҳақида маълумот ва овози ёзиб олинган кассета бор дейди. Қарангки, район прокурорлигидан урилиб, кўчада қолган йигитни бирдан республика Бош прокурорининг ёрдамчиси вазифасига ишга олишади. Кейин билсам барча давлат қораловчилари – айни пайтда Бош прокурор ёрдамчиси ҳисобланар экан.
Омади кулган Шайманов менинг муборак овозим ёзилган кассетани дарҳол “харидорлар”га тақдим этади. Айнан шу кассета туфайли мени Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 194-моддаси, олтинчи банди бўйича жиноий жавобгарликка тортадилар. Бу Жиноят Процессуал Кодексида — “Тергов олиб бораётган шахснинг фаолиятига тўсқинлик қилиш” деган маънони англатадиган банд экан.
Кассета ашёвий далил бўлади ва Ф.Шаймановнинг аризасига биноан мени ҳибсга олиб, устимдан жиноий иш очишади. Ажабки, мен ҳибсга олиниб, олти ой тергов изоляторларида тутқинликда сақланиб, то Олий суд Қарори билан озодликка чиқиб кетгунимга қадар Ф.Шайманов Бош прокурор ёрдамчиси вазифасида ишлаб туради.
Мен қамоқдан озод қилинганимдан сўнг у ҳам вазифасидан бўшатилиб, яна ишсиз қолади. Демак ундан унумли фойдаланадилар…
10.
Кейинчалик бу воқеани Муҳаммаджон Раҳмонов отамга шундай изоҳлайди: “Домла, Умрзоқовни қамашганида унинг ўрнига тайинланган Тимур Алимов мени ҳузурига чақириб, агар шогирдинг (Исмат Хушевни демоқчи) ни ҳимоя қилсанг, бу ерда бир соат ҳам ишламайсан!” деб шарт қўйди.
Олдимда Китоб район ҳокими билан телефонда гаплашди. Улар Исматжонга қарши кўргазма беришди.
Мен ҳам уларга қўшилишга мажбур бўлдим. Мени тўғри тушунинг, бошқа иложим йўқ эди…”
Яна бир бор эслатиб ўтаман: Отам Китобдаги “Болалар уйи”да директор бўлиб ишлаганида Муҳаммаджон у ерда тарбияланган. Бошқа болаларни ота-оналари ҳар шанба ва якшанба кунлари уйларига олиб кетиб, меҳр ва муҳаббат билан сийлашганда, ҳеч кими бўлмаган ва йўқлаб келмаган 4-5 ёшлардаги Муҳаммаджонни отам кўнгли ўксимасин деб, уйимизга олиб келиб, меҳмон қиларканлар.
Кейинчалик шоир бўлиб шаклланганидан сўнг етимликнинг шу аччиқ ва аламли кунларидан ёдгорлик сифатида Муҳммад Раҳмонов “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир” номли машҳур шеърини ёзади.
Унда шоир ёш бола номидан бошқа тенгқурлари орзиқиб кутган якшанбаларни ёмон кўришини, бошқаларга бахт ва шодлик улашувчи бу кун унинг учун лаънат ва маломатга бурканган аламзада туйғуларни уйғотгани учун ҳам ҳар якшанба келишидан тамомила юрак олдириб қўйганини очиқ ойдин изҳор этади.
Бу ҳақдаги Муҳаммаджон Раҳмонов ҳақидаги хотираларимдан қуйидаги қисм аҳамиятлидир:
3.
…Уйланганимдан кейин оиламни олиб эндигина Тошкентга келган кезларим эди.
Яшаш учун ижарага уй излаб юрган пайтимда Наргиз билан Муҳаммаджон аканикида бир-икки кун туришимизга тўғри келди.
Ўшанда у кишининг оиласи Холтош опа Оқтепадаги айлана уйларнинг биридан бизга ижарага уй топиб берганидан сўнггина Муҳаммаджон аканинг ёрдамлари билан ўша уйга кўчиб ўтган эдик.
Муҳаммаджон ака Китоб районидаги Паландара қишлоғида туғилган эдилар.
Ота-онадан жуда эрта айрилиб қолганликлари боисми, билмадим, у киши болалар уйида катта бўлганлар.
Эллигинчи йилларнинг бошида урушдан ғалаба билан қайтиб келган отамни Китобдаги болалар уйига директор этиб тайинлаганларида Муҳаммаджон ака ҳам шу ерда бўлган.
Отам бошқалардан нимаси биландир ажралиб турадиган бу қобилиятли ва зийрак болани ўшандаёқ таниб қолган.
– Отангиз мени ҳар якшанба кунлари уйларига олиб кетардилар. У пайтларда катта акангиз Неъматжон туғилган эди, холос, – деб хотирларди Муҳаммаджон ака ўша болалик кунларини эслаб. – Биз у билан бирга ўйнардик, уришиб ё тортишиб қолсак, отангиз кўпинча менинг тарафимни олиб ҳимоя қилиб чиқардилар. Ҳар якшанба куни “детдом”даги ота-онаси бор болалар уйларига борар, мени олиб кетиш учун эса ҳеч ким келмасди. Шунинг учунми, билмадим, отангиз мени ўзларининг уйларига олиб кетардилар…
Кейинчалик Муҳаммаджон ака “Якшанбалар аслида болаларнинг кунидир!” деб ёзган машҳур шеърларининг яратилиш тарихини сўзлаб берганларида мен бу гаплардан хабар топган эдим.
Болалигида отамдан меҳр ва мурувват кўргани учунми, билмадим, Муҳаммаджон ака менга ҳам ҳаётим давомида жуда кўп яхшиликлар қилган…
Исмат Хушев: Болалар уйида улғайган шоир.
(Ажойиб инсон, истеъдодли шоир Муҳаммад Раҳмонни хотирлаб)
http://dunyouzbeklari.com/archives/46786
11.
Менинг устимдан бўлаётган суд маҳкамасининг охирги мажлисида Фарҳод Шайманов:
— Энди менинг ишим нима бўлади, — деб сўраган эди.
— Биз Сизни ишга жойлаштириб қўямиз деб ваъда бермаганмиз, — дейди судга раислик қилаётган Каримжон ака.
Қизиқ ҳолат. Мана кўрдингизми, бу бор гап. Буларни китобда ёзиш масъулиятини мен тўғри тушунаман…
Кейинчалик орадан йиллар ўтиб, бир икки жойда биз Фарҳод Шайманов билан тасодифан учрашиб қолдик. У сўрашмоқчи бўлиб ҳар гал ёнимга келганида мен тескари бурилиб кетардим.
Бир гал қамоқдалик пайтимда у менинг ёнимга – камерага кирган эди. Шунда мен кўзда ёш билан:
— Нега тўҳмат қилаяпсиз? – деб сўраган эдим.
У жавоб беролмасдан кўзларини олиб қочганди, бечора. Унинг ёнида ўшанда Бош прокурорнинг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси ҳам бор эди. Улар мен ётган камерага киришиб, ўша лаънати кассетани қўйиб беришган.
— Мана шу товушни экспертизага бериб, бу Сизнинг товушингиз эканини исботлаб берамиз, — дейишганда улар.
— Экспертизага беришнинг ҳожати йўқ! – дегандим уларга. – Бу менинг товушим, тан оламан, — деб жавоб берганман. – Керак бўлса, ёзма равишда ҳам тилхат беришим мумкин. Лекин бу кассетадаги товушни охиригача эшитинг-да. Унда нима дейилган? “Пул-пора сўраманг, инсоф қилинг!” — деган одам қамалиб кетиши керакми?!
12.
Орадан йиллар ўтиб, биз Фарҳод Шайманов билан Китобда тасодифан кўришиб қолдик.
У бир гуруҳ ГАИ ходимлари билан йўл четида турган экан. Ёнида хотини ва болалари ҳам бор эди. Бу пайтга келиб унинг Косон районига прокурор бўлиб кетганини эшитгандим. Ажабки, бу пайтда мен ҳам яна лавозимга тикланиб, Бош муҳаррирлик рутбасини қайтадан қўлга киритган эдим. Хизмат машинасида Китобга боргандим.
ГАИ ходимлари бирдан менга ғоз туриб, “Честь” беришганидан тўлқинланиб кетдим. Азбаройи, шу муттаҳамнинг олдида ГАИ ходимлари менга “Честь” беришганидан хурсанд бўлиб, хизмат машинамни тўхтатиб, улар билан бирма-бир қўл бериб сўрашдим.
— Салом, Исматжон, — деди Фарҳод Шайманов ҳам мен билан кўришаркан, самимий оҳангда.
Унга ноилож қўлимни узатдим-у, лекин ўзига гапиришга тилим бормай:
— Янга, яхшимисиз? – дедим хотинига юзланиб.
Кейин болалари билан бир бир сўрашдим. Сўнг машинамга ўтириб, жўнаб кетдим. Ўтган воқеаларни эслаб, кўнглим бузилди.
Орадан уч йил ўтгач, ўзи яна биринчи бўлиб менга қўл чўзди. Энди кўришиб қолсак, саломалашмиз…
Хуллас, тавба тазарру учун энг олий ҳакам — вақт экан.
Йиллар ўтиб, биз иккимиз — гина кудуратларни унутиб, ярашиб кетдик.
У кишини ҳар кўрганимда қамоқдаги ғариб кунларимни тушдек эслаб, сесканиб кетаман, юрагим сиқилади…
2 китобнинг 40 боби тугади…
Суратда: Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев (ўртада), Республика Божхона Давлат Қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдурайимов (ўнгда), «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири, Тошкент обкоми аъзоси Исмат Хушев (чапда), Тошкент вилоят прокурори Абдуманноб Рашидов, Тошкент вилояти ҳокими Тўлқин Миртожиев, Адлия вазири Алишер Мардиев Тошкент вилояти анжуманида.
Суратда: Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев…
Суратда: Муҳаммад Раҳмон шеър ўқимоқда. Студент Исмат Хушев ( чапдан биринчи), ёзувчи Эркин Аъзам (иккинчи) ва шоир Муҳаммад Раҳмон (тўртинчи) “Вуз городок” даги 84- ётоқхонада талабалар билан учрашувда.
Суратда: шоир Муҳаммаджон Раҳмонов (чапдан иккинчи), устоз Абдулла Орипов, бастакор Тоштемир Шарипов, талаба Исмат Хушев ва домла Муҳсин Олимовлар ВУЗ городокдаги 84 ётоқхонада — шеърият анжуманидан сўнг…
Бечора Фарход Шаймановнинг узи хам камалиб кетди, тухматга учраб. Яратган Эгам жуда хисоб китобли Зот.
Тухматлар ,нохакликлар килшсин (хатто етимларниям нонини тортиб олишсин) аммо лекин узига узларига, ла’натдан бошка нарса олишмайди бундай одамлар.
Емонлик ва зулмкорлик килувчилар хеч качон яхшилик килувчиларга тенглашишолмайди. Голиблар аслида яхшилардир .
Рахмат Исмат ака! Ажойиб ва хаётий воқеалар, тўғри инсон кечиримли бўлиши керак, аммо ҳиёнат қилиб туҳмат қилган кимсаларни мутлоқ кечириб дўстлашиб кетиш палаги тоза одамнинг қўлидан келмайди. Шайманов билан кўпчилик қатори саломлашиш мумкин ноиложликдан. Порахўрлик прокуратура ва суд соҳасида кейинчалик қай даражага чиқганлиги дунёга машҳур бўлиб бўлди ва Бўритош акам ва Қодировнинг хизмати туфайлидир бу шармандачилик!
Бугунги кунда адолатли СУД бўлса буларни бир умр қамашга етадиган далиллар бор!!
ЎЗБЕК МАҚОЛИ БОР «ЎЗИНГНИКИ ЎЗАГИНГНИ КЕСАДИ» ДИГАН. БУ БЕКОРГА АЙТИЛМАГАН. ХАФ ХАТАР ДОИМО ЎЗИНГ БИЛАН ИШЛАЁТГАНЛАР,СЕНИ ЯҚИНДАН БИЛАДИГАНЛАР ОРАСИДАН ЧИҚАДИ. СИЗНИ ИСМАТ АКА КИТОБЛИК АМАЛДОРЛАР ЗИМЛЯКЛАРИНГИЗ ЯҚИНДАН БИЛГАН, УНДАН ТАШҚАРИ УЛАРНИ НИЯТИ ТОЗА, ИЧИ ТЎҒРИ БЎЛМАГАН. УЛАР СИЗГА ДОИМ ХАСАД КИЛИБ КЕЛИШГАН. СИЗ ЭСА УЛАРГА ҲАМИША БАҒРИНГИЗНИ ОЧИБ ЮРГАНСИЗ. ОЧИҚКЎНГИЛ ВА САМИМИЙ ОДАМЛАРГА ЎЗБЕКИСТОНДА КУН ЙЎҚ ЭКАНЛИГИ БУГУН ЎЗ ИСБОТИНИ ТОПИБ БЎЛДИ. БИЗДА ФАҚАТ БИР КИШИ МАШҲУР ВА САМИМИЙ БЎЛИШИ КЕРАК, ХАЛҚ ҲАМ ФАҚАТ БИР КИШИНИ ТАНИШИ КЕРАК. БОШҚАЛАР Ё СИЗГА ЎХШАБ ЧЕТ
ЭЛГА КЕТИШИ КЕРАК Ё ГЕНЕРАЛ УСМОНОВГА ЎХШАБ ИШДАН УРИЛИБ, ҚАМАЛИШИ КЕРАК, БОШҚА ЙЎЛ ЙЎҚ.
Кечирилган душман камдан кам ҳолдагина самимий бўлиши мумкин. Бир марта ифлосчилик қилдими уни яна қайтармасликка кафолат йўқ. Фарҳод Шайманов билан кўришиб тўғри қилгансиз, бу иродали эканлигингиздан далолат. Лекин кимни ким эканлигини доимо эсда сақлаш керак. Ким билади гоҳида шудай юзсиз кимсаларга эртачироқ учраган мақулдир, нимаики катта мактаб вазифасини ўтайди узоқ ҳаёт давомида.