Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: ТОЛИБ ЁҚУБОВГА ЖАВОБ ЎРНИДА
ТОЛИБ ЁҚУБОВГА ЖАВОБ ЎРНИДА
Ассалому алайкум Толиб оға!
Мен сизни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Шу сабабли сизга ушбу мактубни жавоб ўрнида битишни маъқул топдим. Сиз Исмат Хушевнинг мақоласига “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” сайтида эълон қилинган Эргаш Сулаймоннинг муносабат мақоласи юзасидан “Сарафроз этгали келдик” номли мақола орқали фикр билдиришни лозим топган экансиз. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Негаки, муборак ёшингизга қарамай, бугун ҳам фаолсиз. Интернет нашрларини мунтазам кузатиб боришга ўзингизда куч, хоҳиш ва имкон топган экансиз, демак, аҳволингиз яхши.
Агар малол келмаса, фикрларингиз юзасидан мен ҳам ўз фикрларимни билдирсам. Малол келса, тағин, ўзингиз биласиз.
1.
Афтидан, сиз фикр билдиргунга қадар Исмат Хушевнинг мақоласини ўқимаган кўринасиз. Негаки, сиз қўяётган саволларга Исмат Хушев ўз мақоласида батафсил жавоб берган. Яъни не сабабдан, қандай имкониятлар топиб, Ўзбекистонга келгани, ота юрти то Китобга қадар бемалол бориб келгани, бунинг учун Исмат Хушевга МХХ қандай сабаблар юзасидан шароит яратиб бергани хусусида батафсил айтган.
Ҳеч нарсани яширмаган.
На ўзини, на бошқаларни аямаган.
2.
Сиз аввал охир интернет нашрларда турли мухолифат ва мухолифатга кирмаган, қўшилмаган кишиларни МХХ билан ҳамкорлик қилишда айблаб келасиз: Исмат Хушев, Абдужалил Бойматов, Юсуф Жума… рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Уларнинг ҳаммасини мухолифатга состқинликда, МХХ билан ҳамкорликда айблайсиз. Айниқса, Ўзбекистон қамоқларида ўтириб чиқиб, кейин чет элга чиқиб кетганларни тўлалигича МХХ топшириғини бажарувчиларга чиқарасиз. Биттагина савол, Толиб оға:
-
Ўзингиз бирон кун бўлса-да, ИИБ ёки МХХ ертўласида ётиб кўрганмисиз?!
Яна битта савол:
-
Сизнинг куёвингиз Аъзам Фармонов ҳам неча йилларки ўша ерларда ётипти. Агар у қамоқдан чиққанда уни ҳам худди сиз айблагандай, “МХХ топшириғини бажариш учун чиқарилди”, дея айблашса, қандай аҳволга тушасиз?!
Ана шунақа, Толиб оға! Савол бериш осон, жавоб топиш, ўринли жавоб топиш жуда қийин. Қийин, Толиб оға!
Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бошқага!..
3.
2004 йили жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозир Швецияда сиёсий эмигрант бўлиб яшаётган Муҳиддин Қурбонов иккинчи бор ҳибс этилганда терговчилар қанақа айбловларни кўтариб келишса, барини бўйнига олиб, қўл қўйиб бераверган экан.
-
Нега бундай қилдинг? – деб сўрашган ундан, уни озодликка чиқариб олишгандан сўнг.
-
Менинг аҳволимни ўша ерда ётиб чиққанлар билади, — дея жавоб берган эди Муҳиддин Қурбонов. – Қани, бўйнингга олмай, қўл қўймай кўр-чи, уриб, пўла қилиб ташлашади. Майиб-мажруҳ қилиб ташлашади.
-
Ана шулар сабабли, қамоқдан чиқиб келган мухолифатдагилар, бошқача фикрловчиларни “МХХнинг айғоқчиси” дея айбдор қилиш ўтакетган пасткашлик, тубанлик дея баҳолашимни сизга билдириб қўймоқчиман, холос.
-
Фикримни қандай қабул қилиш – сизнинг измингизда.
4.
Сизнинг интернетдаги мақолаларингизни ўқиб, гоҳо ҳайрон қоламан: “Толиб оға мухолифатчими, ёки мухолифатчилар орасидаги МХХ айғоқчиларини аниқлайдиган машинами?!”, дея ўзимга ўзим савол бераман.
Фақат нопок одамгина ўзини мутлақ ҳақ билиб, ўзгаларни турли-туман айбловлар гирдобига ўраб ташлайди.
Ахир ҳаммамиз ҳам одаммиз.
Одам эса хом сут эмган банда!
Хато қилиш ва хатонинг жазосини тортиш бизга Одам Отадан мерос.
5.
Ўзбекистонга келишга уринаётганингизни, Ўзбекистон консулхонасига хат киритганингизни ёзибсиз.
Қандай яхши.
Аммо Ватанга қайтишнинг уддасидан чиқолмаётган экансиз, бунда сиз айбни ўзингиздан ҳам қидирсангиз яхши бўларди. Исмат Хушев Ватанга йўл топган бўлса, нима учун у албатта “сотқин” бўлиши керак экан?!
В. И. Лениннинг “Детская болезнь левизны при коммунизме” номли асарини ўқиганмисиз. Ўқимаган бўлсангиз – ўқинг. Ўша асарда Ленин германиялик коммунистларнинг болаларча хомхаёллиги устидан кулади.
Агар В. И. Ленин тирик бўлиб, сизнинг асарларингизни ўқиса, сизнинг устингиздан ҳам худди шу тахлит кулган бўлар эди.: “Ҳа-аа, ёш бола-я!”, деб. Ҳолбуки, бу ёш бола аллақачон қари бола бўлиб улгурган…
6.
Ушбу “Жавобга жавоб”ни ёзарканман: “энди Толиб оға менга нисбатан ҳам бир вагон айблов топса керак”, деган фикрлар чулғаб оляпти.
Начора!
Бошга тушганни кўз кўради. Қолаверса, тўғри сўз туққанингга ёқмайди, деган гаплар бор. Сиз билан биз эса етти ёт бегоналармиз, дейишга тил бормайди.
Негаки, биз Турон ўлкасининг, Жиззах вилоятининг фарзандларимиз.
Ҳар қалай, омон бўлинг, Толиб оға!!
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
1 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ3 комментария
-
Энди оқсоқол Исмат акага тан бериб, кечирим сўраса гўзал бир иш бўларди. Тўғри ёшлари улуғ, лекин қупол хатога йўл қўйдилар. Нима бўлганда ҳам ўзлари билишади Толиб бобони биз оддий бетараф инсонмиз.
-
Исмат Хушев мақоласи гўзал мақола! Т.Ёқубов бор — йўғи бундан-да гўзал бўлсайди., демоқчи бўлган. И.Хушев пошшо эркатойи бўлган пайтларда, Т.Ёқубов мазлумларни ҳимоя қилиб пикет уюштирар, ҳатто очлик эълон қиларди. Бу инкор этиб бўлмас тарих. «Фақат нопок одамгина ўзини мутлақ ҳақ билиб, ўзгаларни турли-туман айбловлар гирдобига ўраб ташлайди. Ахир ҳаммамиз ҳам одаммиз.
Одам эса хом сут эмган банда.,» дебсиз. Вақт улуғ ҳакам… -
Чорак асирда фикр доираси бир қолипга мослаштирилган, мажрух, бутун бошли бир қурқоқ авлод пайдо бўлди. Бу авлод порахўрлик ва кўзбўямачиликни бир урф одат, қонуният деб қабул қилди. Жамият қадриятга тайаниб эмас, балки тушинча, қурқувга асосланиб яшашга махкум қилинди. Исмат ака, сиз бизнинг энг ишонган ва суянган тоғимиз, осмонимиз ва душманларни ер билан яксон қилувчи посбонимизсиз.
Leave a Reply
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Абулқосим Мамарасулов қойил! Дахшат ёзибсиз! Бу мақолага бирон бир сўз қўшиш ортиқча. “Сизнинг интернетдаги мақолаларингизни ўқиб, гоҳо ҳайрон қоламан: “Толиб оға мухолифатчими, ёки мухолифатчилар орасидаги МХХ айғоқчиларини аниқлайдиган машинами?!”, дея ўзимга ўзим савол бераман.
Фақат нопок одамгина ўзини мутлақ ҳақ билиб, ўзгаларни турли-туман айбловлар гирдобига ўраб ташлайди.
Ахир ҳаммамиз ҳам одаммиз”.
Одам эса хом сут эмган банда!”