Абулқосим Мамарасулов: Шароф Рашидовнинг илк бор нишонланган туғилган куни…
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: СУРОНЛИ 1990-94 ЙИЛЛАР (1)
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
СУРОНЛИ 1990-94 ЙИЛЛАР
1990 йил 6 ноябр
Катталар билан узоқ тортишувлардан сўнг, – Шароф Рашидов вафотидан сўнг биринчи бор! – Жиззах туманига қарашли Шароф Рашидов туғилиб ўсган ҳудуд – “Москва” колхози клубининг кичик залида Шароф Рашидовнинг туғилган кунини нишонладик.
Мен 1990 йил 16 июндан Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилари уюшмаси Жиззах вилояти бўлимида масъул котиб бўлиб ишлай бошлаган эдим. Шу даврдаги фаолиятимнинг дастлабки якуни эди бу. Биз сентябрдаги секретариат йиғилишида Шарофат Ботирова таклифига кўра бўлим қошида “Шароф Рашидов қадриятини тиклаш комиссияси тузган, унга: Тўпа Раҳмонқулова – СССР халқ депутати, Мели Қобилов – Ўзбекистон халқ депутати, Умарқул Эгамов – вилоят кенгаши депутати, Акром Иномов – “Жиззах овози” (Жиззах шаҳри ва Жиззах тумани) газетаси бош муҳаррири, вилоят “Жиззах ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Жавлонов, вилоят “Джизакская правда” газетаси бош муҳаррири Леонид Адильшаев, журналист ва ёзувчи Нўъмон Мирзаев, шоира, Жиззах педагогика институти доценти Шарофат Ботирова, Жиззах тумани байналмилалчи жангчилар етакчиси, шоир Фурқат Ортиқов ва мен аъзо бўлиб кирган, Акром Иномовни комиссия раиси этиб сайлаган, расмий ташкилот сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарларига ўзимизнинг Шароф Рашидов хотирасини қайтадан тиклаш бўйича аниқ таклифларимизни жўнатган эдик:
-
6 ноябрда Ш.Рашидов туғилган кунни тантанали нишонлаш.
-
Жиззах шаҳар Дўстлик майдонида Ш.Рашидов бюстини яна олдинги ўрнида тиклаш. Ш.Рашидов номи олиб ташланган жойларга яна бу номни тиклаш. Хусусан, вилоят кутубхонасига, ип-йигирув фабрикасига, шаҳар ва “Москва” колхозидаги марказий кўчаларга Ш.Рашидов номини қайтиб бериш.
-
Ш.Рашидов номидаги халқаро жамғарма тузиш.
-
Ш.Рашидов номли ижод боғи яратиш ва ҳоказолар.
Avvalo tavallud kuningiz qutlug’ bo’lsin!
Qolaversa, Sh Rashidovning muborak ruhi poklari qo’llasin sizni.