"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Бугун бетакрор ёзувчи Абулқосим Мамарасулов таваллуд топган кун!

Адабиёт | 05/02/2016 03:56-     13226 марта ўқилди

 абулқосим 1 Ўзбек адиби Абулқосим Мамарасулов таваллуд топган кун
 1958-02-05
Абулқосим Мамарасулов 1958 йил 5 февралда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Барлос қишлоғида туғилган.
Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат университетининг рус филологияси факультетини тугатган (1979), «Суюнчи» (1982), «Ҳаётнинг бир лаҳзаси» (1985), «Сен учун ёниб» (1988), «Барлос қишлоғининг зумрад тонглари» (1990), «Севишганлар» (1992) каби  асарлари нашр этилган.
“Дунё ўзбеклари”дан: Буюк инсон Одил Ёқубовнинг “Оқ йўли” билан адабиётимизга кириб келган истеъдодли ёзувчи дўстимизни бугунги таваллуд куни билан муборакбод этарканмиз, унга сиҳат саломатлик, бахт саодат ва узоқ умр тилаб қоламиз.

 

Абулқосим Мамарасулов: Икки ҳикоя
  икки ҳикоя шу
099
Абулқосим Мамарасулов
ИККИ ҲИКОЯ

 

                           «БАХИТЛИ САВЕТ АЯЛИНИНГ АРЗАСИ»

 

   Қаршигул қаламининг учини тишлаб турди, ўйланди. Ниҳоят ёзишга қарор қилди. Эри Худойберди билан ажрашиб ажрашолмайди, ярашиб ярашолмайди. Тўрт боласи билан саккиз ойдан бери  отасиникида сиғинди бўлиб ўтирипти. Кеча райижроқўмга борган эди. Қабул қилган одам яхши гаплашди. Яхши одам экан. Худойберди бўлса, уни мен ўзим зириллатаман, сен уйга бор-да, ўйлаб, битта яхши ариза ёзиб кел, ораларингда нима гап ўтган бўлса, барини ёз, деди. Қаршигул икки кунки, ариза ёзишга уринади, аммо… тўрт бола?.. Қирилгур, бўйнинг узилгур саккиз ойдан бери тайинли хабар олмади. Болаларимнинг аҳволи нима кечди, усти бутми, қорни тўқми, демади. Онасини юборипти. Қаршигулнинг қайнонасини! Қайин опаси билан бирга! Қаршигул уларни бошига урадими? Қаршигул… ахир…
   — Ҳеч ким сизларни яраштиришга уринмадими? – деб сўради қабул қилган одам.
   — Яраштиришганди, бари бир бўлмади, — деди Қаршигул қимтиниб.
   — Нега?
   — Шундай. Яшолмадик.
   — Тўрт бола туғилганча яшапсизлар-ку. Энди… синглим, сиз бор гапни очиқчасига айтаверинг. Тортинманг. Нега яшолмадинглар?
   Қаршигулнинг қўлидаги гўдаги чириллай бошлади. У қилди-бу қилди, гўдак овунмади. Қаршигул хижолатдан қизариб, ўрнидан турганча, болани силкиб, овутмоққа уринди. Бола кўнмади.
   — Биз бола кўрмаганмизми? Эмизаверинг, -деди  райижроқум бува, қандайдир, оталарча зарда билан.
   Қаршигул ана шу ишорага маҳтал эди. Боласига кўкрагини тутди. Бола талпиниб эмишга тушди. Гўдагига қараб туриб, Қаршигулнинг хўрлиги келди. “Болаларингни шу кўйга солганча аваря бўлиб ўл!”, дея ичида қарғанганча, кўз ёшлари юзига сизиб чиқди. Буни ўзи сезмади. Кўз олдида Худойберди турарди. “Тур йўқол! Сен менинг тенгим эмассан!”, деган эди ўшанда.
   “Тенги бўлмасам  нега уйланди? Этагига осилиб олганим йўқ эди-ку!”
   Қаршигул  узил-кесил қарорга келиб, енги билан кўз ёшларини артди-да, ёзишга тутинди:
                             “АРЗА
   “Биздинг турмуш қурушимизға эналаримиз сабабчи бўған. Ўнинг энаси мени келин қимоқчи бўб келдию “Биттагина тоғамдинг улидан қизимди аяймамма?!” деп  менинг энам тўппа-тўсиннан рози бўлди. Кейин Худойбердиминан мени учраштиришди. Бир-биримизди кўрдик. Экавмизам тўйға рози бўлдиқ.. Мен ў вахтлари 17 жашдайдим. Турмуш, хаят, севги нималигини тушунмаганман. Энам  қариндошлигимиз маккам бўсин деган. Мен эмасам хаят шундайчақитакен, вояға жетган қиз  эрга тийиб кетайбериши керагакан деп ўйлағамман. Тувриси, Худойберди балант бўйли, келишган жигит эди. Мунинг устига институтти битириб кеганийди. Шуларди ўйлаб, роса қувонганман. Мактабти мен б-н питирган қизлар кетманчигаям, ўроқчигаям тийиб борайтиб эди. Шундай бўсаям мен қараб турғаним жўқ. Худойберди мактапта ишлаб пул товған бўса, мен далага чиқиб, хашак жийдим. Қанорга солиб, эшшакта уйга ташидим. Худойберди бу ишларди қилишга ийманарийди. Майли дедим. Олий маълумотли одамди уялтмай дедим. Жийган хашагим қишта моллардан ортиб қолди. Ортганини бозорга опчиқиб соттик. Ўзингиз биласиз, бизда лалмикор. Мен сомонди, хашакди урламаганман. Мошинга ортип кетганнам кейин  уюмдинг тагида қоған  майдасини ташиганман.  Совхоз дириктири Хидир акаям бир марта кўриб қоп: “Ҳа майли. Бу урликка кирмайди, ташийбер” деган.
   Қўни-қўшниларимиз гилам тўқир эди. Кейинчалик менам қизиқиб, уйрандим. Сингилчаларига бош бўп 6 та гилам тўқидик. Мина шуйтиб рўзғорди анча бутлаб олдик.  Пулимиз кўпайди. Ў кўтарилиб, районга ишга ўтди.  Жилт жанга мошин олди. “Жигули”. Мошин олдию, айниди. Ўни шу даражага жетказган мен жомон бўп қолдим. Авваллари майда жанжаллар бўп турар эди. Биринчи фарзандимиз 25 кунлик бўғанда  мени биринчи марта урди ва тепти. Калтак ва тепки зарбидан ҳушумди билмай, эсим овуб қопти.Шўннан сўғин белим овруйдиган бўп қолди.  Шўнда жанжал нимадан чиққанини билмайман. Ҳар куни охшомлари  менга тирғаларийди. Менинг чиллам чиқмаған бўса, қайтайин… Кейин ўнинг очуви чиқар эди. “Ота-боволаримиз бекорга эки-учтадан хотин омағанакен. Ўлардинг калласи ишлаганакен!” деб гап сотар эди. Нима десанг дейбер, иложим жўқ, деб туриб олар эдим.  Шуниям айтишим керак, райижроқўм бова, Худойберди нуқул: “Мен бутун дуняни оған Амир Темирдинг уруғиман, барлосман. Сен Шайбонийхондинг авлодисан, барлослардинг душманисан. Сендан яхшилик кутиб бўмайди” дегич эди. Биринчи жанжалгача бу гапларди ҳазиллашиб айтар эди. Кейин чини билан мени душманга чиқариб қўйди. Ў шундайчақит, ўтакетган миллатчи. Миллатчи бўмаса мени – аммасининг қизини нимага хўрлайди? Биз ахир савет замонида жашаяппиз. Амир Темир бовосининг бизга нима алоқаси бор.. Аслида, Худойбердиям шў бовосига ўхшап зўр бўсам дейди. Уйдаям, кўчадаям, қишлоқдаям ҳамма уннан қўрқади. Ҳатто қишлоқда ҳеч кимга гап бермайдиган Эшқобил ферманиям бир тўйда ичиб олиб урган. Менинг  билишимча, шўнда ўзини атай мастликка соған. Асли маст бўмаған. Биздинг бовомиз Шайбонийхон ўнинг айтишича, Амир Темирдинг болларини Ўзбекистоннан  қувиб чиқарганакен. Ажаб қипти, хўп қипти. Менам сиздан райис бово, Худойбердини районнам ҳайдашингизди сўрайман. Сиз биздинг уруғдан экансиз-ку. Илтимос сиздан, барлосман, Амир Темирдинг авлодиман, деб керилиб журганига ўнинг бир таъзирини беринг. Шайбонийхондинг авлодлари ҳазирам зўрлиғини билиб қўйсин. Районда барлослар озчилик, қўрқманг, Худойбердининг тарафини оладиған ҳеч ким жўқ.. Бу яқда мен дод-вой қип тураман, урди-сўкди, савет заманида аялларди ҳимоя қиладиған борма, жўқма деб. Шуйтиб бир бопламасангиз, жуда ҳаддидан ошиб кетди. Нима, ичиб келдим деб урай берадима? Ўтакетган жомон у!  Ҳеч кимдан қўрқмай қўйған. Жиловини тортмасангиз илож жўқ.. Иложи бўса бир-эки  жилға қаматинг…”
   Қаршигул сўнгги жумлани ёзган заҳоти  ўчириб ташлади. Ўла-ар, тағин… Худойбердини қаматиб ўзи нима қилади?
   “… Иложи бўса қаматаман деб қўрқитинг. Шуйтип, экинчи марта кўз жоришимдан сал авал  яна жанжал қилди. Кечаси соат 9-10 ларда маст ҳолда кириб келиб, юзимга шапалоқ тортди ва қўлини мушт қип овзима урди. Овзим қонга тўлиб, миям зирқираб овриди. Бир жилдан кейин  10 декабр куни кечаси тўйдан маст бўп қайтиб яна урди ва  сочимдинг бир ўримини жулиб олди. Ташқарига қочиб чиқиб эдим, акаси кўриб қоп, ўртаға тушди. Худойбердини қўлидан тутиб, ҳомиладор аялди урасамма, эсинг қаяқда, деб қайтармоқчи бўлди. Шунда Худойберди худой ургур менинг жавобимди берди. Шўннан сўғин мен бирга яшашга кўнмадим. Худойберди келиб отамға жолинди. Буннан энам эриб, “Э, болангди қайтиб отасиз ўстирасан”, деб мени уришди. Бошқа буйтмасликка сўз берди-ку, деб қайтиб бордим. Ў эса худой бермагир ўзи жолинип уйга оппориб оғаннан сўнг 6 ойғача кечалари чаппа қараб жотди. Мен б-н гаплашмади. Пиширган овқатимди жемади. Нима, мени қуруқ чўриликка оғамма,  буйтиб жашаганнам ўлган жохши, деб менинг очувим чиқди. Лекин бир нима дейишга иложим жўқ, қайтаманакен, деб журибидим, энамдинг давленияси кўтарилиб тўсатдан вафот этди  Отамдинг  бир ўзи жош-жош укаларим ва сингилларим билан  қолди. Шуйтиб аразлаб борадиған жойимдинг тинчлиги бузилиб, ўзлари билан ўзлари бўп қолди. Шунинг устига мен 3 бола б-н бормайин деб тақдирга тан бердим.  Барлосга яна бир холам ҳам келин бўлиб тушган. Э, бу барлослар жуда миллатчи бўларакен. Биздинг уруққа битта қиз бериб, меган ўхшагандинг эки-учтасини келин қип оп қўйди. Шуйтиб ғам-ташвишларим кўпайиб, нима қиларимди билмай, холамдикига бордим. Ҳасратлашиб, озроқ ўтирдим. Қайтиб кесам авзойи бузилиб, жўлимди пойлаб ўтири. Холангдикида қ… борма деб, ҳа, шуйтиб сўкди. Бетимга бир шапат урди. Тепди. Жиғилиб, бошим зирқираб, кўзларим тиниб кетди. Шундаям уйтиб-буйтиб уй-рўзғор ташвишлари б-н ғимирлаб кунди кеч қилдим. Аммо кечаси бошим овриб, жотолмай журагим сиғилиб, худди ҳазир ўлиб қоладиғандай бўлай бердим. Боллар  қўрқмасин деб ташқариға чиқиб ўтирдим. Кечаси соат 2 да келди-да, “ўладиган бўсанг кўчага чиқиб ўл, ўлигинг маған дардисар бўмасин, деди. Оврувим баттар кучайиб, оёқ-қўлим уйишиб, жомон бўп қолдим. Сўнг катта улимди уйғотиб, бирор мошин товиб духтурга бораман деган хаёл б-н кечаси кўчага чиқдим”.
   Қаршигул аламдан чимирилиб кетди. Ҳали-ҳамон ўша ҳолати ўзига таъсир қилади. Орқамдан чиқар, уйга кир деб айтар, деб умид қилганди. Кечаси соат иккида қишлоқда машина нима қилади? Аёл боши билан кимникига борарди? Шуни яхши англагани ҳолда “арза”сида бошқача ёзди. Ҳар қалай ғурурини ерга уришни истамади.
   “Мошин тополмай қайтиб кирдим. Шў-шў касалим зўрайиб жотиб қолдим. 2-3 кундан кейин синглиси келди. Энаси билан тил бириктириб, мен билан жанжаллашди. Туволмай ўл касалча, чиллашир, деб мени тоза ахлатга булғаб ташлади. Ўлиб кетган энам ҳам, падарим ҳам қомади. Кечқурун хўжайиним кеб эди, қайннам ўған:  “бу касалингди жавобини бер. Қиз оппераман деб эдим-ку! Сен Барлосдинг эрка улисан. Энаси ўппаган қиз сеган тияди”, деб бақирди. Шуйтиб учаласи   3  жоқдан  куткилай берди. Бош оврувим кўпайиб, бу кеча ўлиб қоламан-ов, деб 1 тийинсиз яна чиқиб кетдим. Худойбердига айтдим… Райис бова, арзамди хўжайинимга кўрсатманг. Отимди тилга опсан деб бала бўлади. Ўнинг борида худога шукр деб айтишгаям қўрқаман. Шўндайчақит ариятчил. Шуйтиб хўжайинимга айтдим. Отамдикига бораман, ўлигим кўчада қоп саған жук бўмасин дедим. Отам мени духтурга кўрсатди. Духтурлар мени қонинг кам деб оп қолди. 15  кун касалхонада жотиб чиқдим. Барака топсин, жомон кунимга жомон отам жоради. Духтурларди рози қилди, бир қанча пул  эвазига дори, қуйишга қон топиб келди. Ў эса хабар омади. Биттасиям кўришга бормади. Духтурдан келайтсак, Х. астанофкада турғанакен, кеп отамға: “бўлди, қизингизди  жийиштириб опкетинг”,  деди. Шўндаям отам, акамлар қариндошчилик ҳурмати, 3 боланинг ҳурмати деб йороштиришга олиб борди. Ў эса ҳеч нарсадан  ҳеч нарса жўқ, жавобимди бериб жерди.
   Бир ўлимдан қолиб, 4 болам жети ойлик бўп дуняга  келди. Бир-биридан ширин, бир-биридан жажжи уч болага оталик меҳрини беролмаган, дуняга жонга 4 фарзанди кегандаям кўришга қизиқмаган ота яна қайтиб оталик қилиши мумкин? Ота-боволаримиздан қоған нақл бор: “Ота бўлиш онсот, оталик қилиш қийин”.
   Қаршигул ўзи топган иборадан ғурурланиб кетди. Худойберди юрипти-да, район бўйича муаллимларга катталик қиляпман деб. Қаршигул ўқимаса-да, керак бўлса, мана бунақа гапларни топиб қўяди.  Қараб турсин. Бу хатга кўзи тушиб қолсаям роса анграйса керак. Наҳотки шунча гап менинг хотинимдан чиқди деб. Судга ариза берган ўзи. Қаршигул ҳам бўпти, ажрашсак ажрашаверамиз, деб кўнди. Мана, яна Худойбердининг ўзи ишни пайсалга соляпти. Онаси кўнмаяпти-да жодугар! Ёмон бўлгандаям ўтакетган ёмон, ярамас кампир экан. Қаршигул бир марта айтганини қилмаган эди, шу-шу қайнона-келин терслашиб қолишди. Невараларини бирон марта қўлига олган эмас. Жудаям меҳри қаттиқ. Худойбердининг ўзига қолса-ку… Ичмаган пайтлари ундан яхши одам йўқ, лекин… Тўрт боласи билан кўчага  ҳайдаб, қиз олиб бўпти. Ҳо-о! Туғадиганидан оладими, туғмайдиганими? У ҳали тўрт бола туғиб, ўстириб бера оладими Қаршигулдай? Осон бўпти-да, а?! Худойберди жимгина мунда-ай қилиб юрса бўлади Мунда-ай қилиб юрмаса, энди Қаршигул ҳам бўш келмайди. Худойбердининг болаларни бир кўришга зор бўлиб юрганиниям билади. Зор бўлмаса, онасини, сўнгра синглисини, ҳа, ҳа, айнан Худойбердини хотинига қайраб солганларни орқасидан юбормас, болаларга деб бир дунё кийим-кечак жўнатмас эди. Мен эркакман, хотинга ялинмайман, деб ахмоқ бўлиб юрипти-да. Керак бўлса, ялинади. Ҳали шунақа ялинадики… Ана шу ниятда кеча у райижроқўмга борган эди. Тўғри, мени эрим билан яраштириб қўйинглар, демади. Лекин ажрашаман деган сўзни ҳам айтгани йўқ. Қачонгача бундай юради. Ё у ёқли, ё бу ёқли  бўлиши керак-да. Шунинг учун шунақа-шунақа гаплар, деб тушунтирди. Айтаётиб, ўзиям йиғлаб юборди. Бир томондан қўлидаги гўдаги чириллаб турипти. Хуллас, райис бованинг кўнгли юмшади. Худойбердининг кўзига кўрсатаман,  деди.  Ё райОНОда ишлаб, бола-чақасини уйига опкелади, ё … Қаршигулнинг нияти ҳам шу эди. Худойберди амалдан кеткиси келмайди. “Районни нуқул сенинг уруғинг эгаллаб олган. Барлосларга кун йўқ”, деб Қаршигулга даъво қилгич эди. Охири, куёвларинг бўламан, мен ҳам бегона эмасман”,  деб ишга жойлашдию, шу-шу ўзи айтмоқчи, Шайбонийхоннинг авлоди билан бирикиб, ҳатто ўзининг барлосликларини ҳам тан олмай қўйди. Охир-оқибат хотинини бола-чақаси билан ҳайдади. Қаршигулни райижроқўмга боришга тезлаганлар ана шу гапларни албатта айтишни тайинлашган. “Райижроқўм ўзимиздан. Худойбердининг “бизга душмансан” деган гапларини эшитса, орияти қўзийди”, дейишди. Шундай бўлди ҳам. Барлосдан бош кўтариб чиққан битта менман деб гердайиб юргич эди. Қани қаергача борар экан? Тезлаб жўнатганлар: “Нима касалинг бор деб сўраши билан бирдан ҳўнграб йиғлаб юбор. Иложи бўлса, райижроқўмга билдирмасдан болангни чимчила, уям йиғласин”, деб тайинлашганди. Райижроқўм гап сўрагандан кейин сира йиғлагиси келмади. Гапиниям йўқотиб қўйди. Боласиниям чимчилашни унутди. Тутилиб-тутилиб гапираётганди, боласи ғингшийверди. Ўз ҳолига  ўзи асабийлашиб турган Қаршигул аччиқ билан боласини қаттиқроқ силкиган экан, чириллаб йиғлаб берди. Шу-шу райижроқўмнинг рухсати билан боласини эмиза туриб, хўрлиги келган Қаршигулнинг гап халтаси очилиб кетдию, бор дардини тўкиб солди. Унинг ҳолини эри бўла туриб, уй-жойи бўла туриб, тўрт боласи билан отасиникида саккиз ой бадалида сиғинди-боқиманда  бўлиб ўтирган хотин билади. Ғурур ҳам ўлсин. Баъзи кунлари, э, боре, деб эри рухсат берадими, йўқми, бора солиб, болалари билан ўз уйига кириб ўтириб олгиси келади. Шундай қилса, Худойберди уни қуволмасди. Ўзинг кетавер, мен тўрт бола билан қаёққаям борардим, дерди Қаршигул. Аммо… аччиқ устида отасиникига келишга келиб қўйган, энди… Аччиғи ёмон-да Қаршигулнинг. Худойберди ичиб келган пайтлари сал кайфияти бузилиб турарди. Шунда Қаршигул индамаса-ку! Тили қичийди. Кейин…  Худойберди ёмон эмас. Қаршигулдан ҳам ўтган. Неча бор Худойберди ичиб келган маҳаллари “Э қоч!” деб чаппа қараб ётиб қолган. Ўзи етти йил турмуш қургани бадалида бор-йўғи  уч марта уч шапалоғу, бир мушт урган. Ана, қўшнилари… худонинг берган куни эр-хотин жанжаллашиб, хотинининг гоҳ у ери, гоҳ бу ери кўкариб юради. Парво қилмайди, отамникига кетаман, демайди. Қашқатаёқ. Ўрганган. Икки-уч кун тинч яшашса, хотини ўзини қўйгани жой тополмай, асабийлашаверади. Калтакни соғинаверади.Унинг  олдида Қаршигулники ҳолва. Ўша шапалоқларни ҳам Худойберди, керак бўлса, аяб, оғритмай урган. Фақат калтак емай ўрганган хотин калтак еса “чибижинглаб” кетармикан, ҳар қалай. Умуман, Худойберди ичиб келгани учун эмас, онасининг хархашаси туфайли уни урган. Қаршигулга ана шу алам қилади. Ишқилиб, қайнона-келин келишиб яшаши қийин экан. Ғурбат чиқмаслиги мумкин эмас экан. Айтишларига қараганда қайнонаси Қаршигулни ҳайдатишга ҳайдатиб қўйиб, энди ўзи афсусланиб юрганмиш. Яхши кўрган қизи келиб, Қаршигулнинг оиласини бузишга буздирди, аммо ўзининг эри бор, рўзғори бор, кетди, онасига қарашмади. Ҳовлидаги мол-ҳолнинг бари  кампирга қолди. Олдида овқати йўқ, қайноқ чойи йўқ. Чуғурлашиб ётган неваралари йўқ. Уйи гўристондай тинчиб қолган. Акадир, укадир, ўғилдир, қиздир, рўзғори бошқами, бўлди, кўнглиям бошқа бўлади. Яқинда она-бола жанжаллашган эмиш. Онаси: “келинимни невараларим билан олиб кел. Нима бўлса бўлиб ўтди”, деган экан, Худойберди жириллаб онасига тармашипти. “Ҳаммасини сиз қилгансиз. Сиз бориб опкелинг”, депти. Синглиси келиб орага тушмоқчи экан, Худойберди уни шириқтириб қувиб юборипти. “Онамни айнитган, рўзғоримни бузган сенсан”, депти. Шунақа гаплар. Бу  ёқда Худойбердининг ўзи судга ажрашиш учун ариза бериб қўйган. Аризасини қайтариб олишга юзи чидамаяпти.  Қаршигул ялинади, ажрашмайман, деб туриб олади, ўшанда шарт қўяман, деб ўйлаган-да. Қаршигул паст кетмади. Шайбонийхон бовоси каби барлоснинг эрка ўғлини енгишига ишонади. Шунинг учун райижроқўмга борди. Шунинг учун тап тортмай шунақа гапларни ёзяпти. Ёлғони йўқ, ҳаммаси бўлган воқеа. Фақат ўша жанжалларга ўзининг тили тезлиги сабаб бўлганини ёзмаганини айтмаганда… Негадир ўша қайинсинглиси билан аввал-бошдан келишмай қолган. Акасини Қаршигулдан рашк қиладими-ей. Шунчалик ҳам бўладими? Топган гапи шу:  “Янгам ёмон, акамни ажратиб оламан”. “Ажратиб олиб ўзинг бирга ётасанми?”, деб бўлмаса. Қийин экан. Мана энди ҳар ким қилса – ўзига,  дегандай, яхши кўрган акаси  итдай ҳайдапти-ку! Баттар бўлсин! Ўз акасининг рўзғорини бузганга буям кам. Энди керак бўлса, Қаршигул ўйин кўрсатади, ўзини лаълига солади.
   Қаршигул ёзишда давом этди:
   “Дарҳаққат Х. ўз фарзантларига оталиқ қилолмайди. Ўзингиз айтингчи райис бова, шу  даражада бузилған айлани  тиклаймиз деб  сўд ходимлари бизди сарсон қиб журиши жохшима?  — “Бизди” сўзини  ёзишга ёзиб қўйиб, Қаршигулнинг бадани  жимирлаб кетди. Нега энди “мени”  эмас? Ҳар қалай кўнгли… ҳа майли… – “6 ой сурок берган бўса суроги  тамом бўп кетди. Нимага бизди ажратиб қўймаяпти? Ё ажраш учунам сўдга пора бериш керакма?  Сўд секретари Искандар рўйхатти туври омади. Рўйхатига рози бўмаған эдим, дўқ урди. Бир жоқдан ўзлари қонунди бузиб, 6 ой сурокди ўткизиб жерди. Тағин дўқ қиса. Рабочи, бечара одамди, тўрт болали аялди дўхлаш мумкин деб қайси савет қонунида жозилғанакен? Искандар шўни меган товиб берсин. Ўннанам сўраб кўринг, райис бова.  Бўмаса  мен ўнингам устидан арз қиламан. Райижроқўмга ёзай бер, ҳаққат қип беради, деб одамлар айтти. Искандар рўйхатга молларди киргизмади. “Молларда боллардинг ҳаққи бор”,  деб эдим, “болларингизга алимент оласиз”, деди. Мен ахир шўл уйда  8 та молди одам қиламан деб ўлиб кетай дедим. Ҳеч бўмаса, тўрт бола учун биттаям сигир бермаймакен? Алименти нима бўлар эди? Алиментини бошима ураманма?”
   Тўғри, шундай ёзиш керак. Алимент олмайман, дегани – ярашаман дегани. Раис бова ўзи тушуниб олади. Ақлли, ўта шум одамга ўхшайди. “Арза”си чўзилиб кетди. Энди тугатса ҳам бўлар. Тугатишда… райижроқўмга жўнатганлар ўргатгандай  ёзиш керак:
   “Шуйтиб райис бова, менинг – бир жабрдийда савет аялининг гапини эшитасиз, ҳаққат қип берасиз, деб олдингизга кеб эдим. Ҳўкиматга  раҳмат, хўжайиним  кўчага қувиб жерсаям очимдан ўлмадим, дори сепсаям майли, ҳўкиматтинг пахтаси боракен, шўнда ишлаб, пул товиб, кунимди кўрдим. Пахтазорда ўз бахтимди қайтадан товғандай бўлдим.
   Сизга арза билан муражат қилувчи Барлос қишлоғига келин бўп тушган, лекин ҳазир отасиникига қувилган бир жабрдийда бахитли Савет аяли
                                                                               Қаршигул.
                                                                               28/ V11 – 1989 г.”   
 
ТЕЛБА МУҲАББАТ
“Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,
Фақат бош эгаман қайғунгга сўзсиз.
Мен сенга талпиниб асло толмасман,
Мен сени севаман, йиғлаётган қиз.”
Йўлдош Эшбек
Ўша куни Ҳалима шифохонадаги узун курсиларда дугоналари билан қалдирғочлардай тизилишиб ўтиришганди. Мурод бир тўда йигитлар билан аллақаёқдан келаверди. Ҳаммасининг думоғи чоғ.
Осмон узилиб ерга тушмади. Ер чаппа айланмади. Бўрон кўтарилмади. Оламни ларзага солиб, момоқалдироқ қарсилламади. Чақмоқ чақмади. Жала қуймади. Фақат Ҳалима – миқтигина, чайир, кўзлари шўхчан, қорачадан келган, истараси иссиқ қиз ўтирган жойида – доим китобларда ёзилганидек – қотиб қолганди. Гўё елкасида бир ботмон тош. Ҳайрат тўла қоп-қора қорачиқлари кенгайиб кетгандай.
— Ана, сенинг йигитинг! – деди қизлардан бири.
Қизлар кулиб юборишди, чунки Мурод Ҳалиманинг ҳеч қанақа “йигити” эмас, уч ярим ойдан бери шифохонада баравар ётишса-да, ҳали бирон марта юзма-юз дуч келишмаганди.
Умуман, Мурод жуда ғалати.
Ғалатилиги учунми, Ҳалима унга қизиқиб, қизлар даврасида бир-икки марта ундан гап очган, шунинг учун қизлар Муродни Ҳалиманинг “йигити”га айлантиришганди. Бу шунчаки ҳазил. Ҳазил дея авваллари Ҳалима ҳам ўзини ишонтирарди, лекин…
Бора-бора давраларда Ҳалима Муроддан гап очмай қўйди.
Бора-бора Ҳалима иштирок этадиган давраларда қизлар атайлаб, Муроддан гап очадиган бўлишди.
Бора-бора Муроддан гап очилса, Ҳалима қизарадиган, юраги типирчилайдиган ва бу суҳбатга ўзини гўё унча эътибор бермаётгандай кўрсатишга уринадиган бўлиб қолди.
Ҳалима истардики, бир кун Мурод уни тушунса, ўт-олов кўзларини қадаб, ёнига келса ва… нимадир деса… Аммо Мурод ҳалигача Ҳалиманинг яқинига йўламаганди. Ҳалима эса шундай дамни кутарди. Умид қилар ва кутарди.
Даволанувчилар орасида “кандидат” лақабини олган Мурод ҳақиқатан ҳам ғалати эди. Кўпинча ёлғиз юрар, умуман, шифохона ҳовлисида кам кўринарди. Миш-мишларга қараганда палатасида ўтириб олиб, нуқул диссертация ёзгани-ёзганмиш. Яқинда фан кандидати бўлармиш. Дугоналар тегишиб, Ҳалимани “кандидатнинг хотини” деб чақиришарди. Бу ҳазил Ҳалимага ёқарди. Шундай йигит умрига йўлдош бўлиш — бахт.
Келишган, хушбичим, билимли, ва ҳоказо, ва ҳоказо…
Ҳалима гоҳо йигитлар даврасида Мурод жуда қизиқ гаплар айиб, ҳаммани кулдираётганини кўриб қоларди. Ҳа-да! Айнан ҳаммадан четда юрадиган, хаёлпараст йигитни кўпчиликнинг ўртасида кўрсанг қизиқ бўларкан. Яна, ҳаммани кулдирса.
Ўша дамда “сенинг йигитинг” деган қиз Ҳалиманинг яхшигина муштини еди. Бари бир Ҳалимага “сенинг йигитинг” ибораси ёққан, юраги ширин орзиқиб, ҳатто Мурод узоқдан кўрингандаёқ анча-мунча талвасага тушган, зўр бериб ўзини бепарво кўрсатишга уринаётганди. Аммо қалбан Муроднинг йигитлар даврасидаги ҳар бир қадамини, ҳар бир қарашини кузатаётганди. Кам ҳолларда бўлганидек, Мурод жуда хушҳол, кўзлари чақноқ. Дўстларига ниманидир қувнаб гапиряпти. Ҳалима ҳам қувониб кетди.
Қизлар ҳам шод эдилар. Боядан бери сафсата сотиб, кулишиб ўтиргандилар. Шу қувноқ руҳ боис Дилором:
— Мурод, бу ёққа келинг! – деб қолди.
Бирдан Ҳалиманинг нафаси ичига тушди. Устига биров бир пақир муздай ағдаргандай. Юрак уриши сустлашаётгандай. Муродни чақирган Дилоромга жавдираб бир қарадию, кўзларини ерга тикди.
Мурод яқинлашди.
“Ўзини тутгани маъқул. Тағин, Ҳалима чиндан яхши кўриб қолипти, деб ўйлашмасин”.
— Сиз нега бунчалар бепарвосиз? – деди дабдурустдан Дилором, дугоналарга кўз қисаркан.
— Нима, биронтаси мени севиб қолдими? – сўради Мурод, хушҳол қизларга бир-бир назар ташларкан, ҳаммасининг валақлашгиси келаётганини пайқагандай.
Кўз танишлигини ҳисобга олмаганда Мурод бу қизларнинг биронтаси билан ҳалигача ҳамсуҳбат бўлмаган, ҳозирги ҳазил-чин аралаш гап қўшишлар эса табиий равишда уларни бирдан руҳан яқинлаштираётган, йигит қизларнинг мақсадини гаплари тугамасдан англаб етганди.
— Албатта-да! – Дилором юзига ачиниш тусини берди. – Бечора Ҳалима дугонамиз сизнинг дардингизда куйиб кул бўлди. Адо бўлди! Бир қарамайсиз ҳам, аҳволини сўрамайсмз ҳам! – Дилором Ҳалимани бағрига босди, сочлари, юзини силаб овутган бўлди.
Бутун вужуди билан асл ҳолатини билдириб қўймасликка уринаётган Ҳалима ҳам ёлғондакам қовоқларини солганча, қўлларини икки ёнга осилтириб, ерга қаради.
— Си-из? Мени яхши кўриб қолдингизми?! Наҳотки?..
— Ҳа,.. энди,.. сизни… – деди Ҳалима тутила-тутила, худди ҳозир йиғлаб юборадигандай (аслида ҳам йиғлашига сал қолиб), — кўпдан бери… кўз остига… олиб юргандим.
Қийқириқ кулгу кўтарилди.
— О, Ҳалима! – Мурод ногаҳон унинг қаршисида тиз чўкди. – Қиз ҳатто кафтлари йигитнинг кафтларига тушиб қолганини сезмади ҳисоб. Сезса-да, тортиб олишга юраги бетламади. – Наҳотки сиз рост сўзлаяпсиз?! Наҳотки мана шу беғубор кўзлар алдамайди? Наҳотки бу ошуфта кўзлар бир умр менга мафтункорона термулади? — Мурод шунақанги илҳом билан кўзлари ёниб гапирардики, қизлар ўзлари бошлаган кулгули машмашанинг давомини зўр қизиқиш билан кузатишарди. Мурод қизиқчилик қилаётгани аён эдию, бари бир севги изҳори ҳазилми, чинми, ҳеч кимни ҳеч қачон лоқайд қолдирмаган.
— Мен сизга ишонаман, Ҳалима! Бир сиз эмас, ахир мен ҳам олти ойдан бери ғойибона сизнинг дардингизда куяман! Ёнаман!! Мен ҳам сизни жон-дилимдан севаман, Ҳалима!!! Дардимни қандай етказишни билмай, аросатда эдим. Бахтли тасодифни қарангки, дугоналарингиз бизга холис хизмат қилдилар. О, бу қандай самовий бахт! Сира ишонгим келмаяпти… Ҳалима сизмисиз ўзи? — Мурод Дилоромга ўгирилди: — Мен айнан мени яхши кўриб қолган қизга севги изҳор қиляпманми?
Яна кулги кўтарилди.
— Ҳа, ҳа, адашмадингиз.
“Э, ажойиб йигит экан-ку бу Мурод деганлари!”
— Ана, — деди Мурод ҳамон ўша алфозда, — менинг юрагим ҳам сизга бўлган оташ муҳаббатга лиммо-лим. Сизга талпиняпман, севгилим! Энди сизсиз менга ҳаёт йўқ! Сиз борсиз – мен борман бу дунёда. Энди ҳеч қачон ажралмаймиз. Бирга яшаймиз. Эртага эрталаб загсдан ўтамиз, Йўқ, қизлар, сизлар кулмангизлар. Ҳалима, жонгинам, сиз ҳам кулманг, мен юрагимда бор гапларни айтяпман. Мен юрагимни бўшатиб олмасам, тарс ёрилиб кетади. Биз бирга бахтли яшаймиз. Болаларимиз кўп бўлади. Сиз “Қаҳрамон она” бўласиз. Олти марта эгизак туғиб берсангиз кифоя. О. Сиз билсангиз эди…
— Ие, севги изҳори шунақа бўларканми? – ажабланди қизлардан бири.
— Сиз менинг устимдан куляпсиз! Мен нечун ўз дардимни сизлардан яширишим керак? Бу ташна юрак тўлиб кетган. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деганлар. Ҳалима, сиз уялманг, майли, дугоналарингиз мени ҳазиллашяпти, деб ўйлайверсин. Ҳазил яхши. Кулишсин, майли. Ҳазил ҳазил билану, аммо мен сизни чиндан яхши кўриб қоляпман…
Шунча гапни қаердан оляпсиз? Доим индамай юрардингиз-ку! – сўради Дилором завқланиб.
— Мен асли камгап одамман, тўғри, — дея давом этди Мурод, аммо билингки?
Юраккинам алвон яйлов, титраб ётар, севгилим.
Ундан тинмай дукур-дукур, отлар ўтар, севгилим.
О, бу хўрланган юрак туёқларнинг топташларига бардош беролмайди. Йўқ, мен ортиқ чидолмайман. Мен кетаман! Бу ўлкалардан бош олиб кетаман. Алвидо, севгилим! – дея Мурод Ҳалиманинг қўлини лабига тортди, лекин қизнинг қўллари устида турган ўзининг қўлини ўпдию, жўнаб қолди.
— Индамай юргани билан кўп бало бор экан бу кандидатингизда! – деди Дилором. – Ҳаммани жим қилди, кетди.
* * *
Ўша воқеа бўлиб, Тошкентдан қайтгандан сўнг Ҳалима бир инсонга дардини ёролмай юрган кунларнинг бирида дефолиация навбати уларга келдию, механизатор касал бўлиб қолди. Ғўза ривожи бусиз ҳам кечки бўлиб, вақт ўтиб борар, дефолиацияни кечиктириш мутлақо мумкин эмасди. Шунинг учун Ҳалима ҳамма ташвишларини йиғиштириб қўйиб, трактор рулига ўзи ўтирди. Респиратор тақишу, яна бир қанча эҳтиёт чораларини кўриш хаёлига ҳам келмади. Алам зўр эдию Иккинчи дефолиацияда баргни тезроқ тўксин деб бутифос миқдорини кўпайтиришган эди,.. терим бошланмай ўзи касалхонага тушди. Ўпкасига заҳар йиғилиб қолганмиш! Ётипти ўшандан бери сил касаллар шифохонасида.. Биринчи кунлари “энди умрим дард билан ўтаркан”, деб неча бор йиғлаган бўлса ҳам табиатан хушчақчақ қиз тезда ўзини овутиб олганди. Шифохонадаги йигитларни қизларга “бўлиштирган”, ўзига Муродни “танлаган” ҳам Ҳалима эди. Давраларда Ҳалиманинг қаттиқ-қаттиқ овози, шўх кулгуси алоҳида ажралиб турарди.
Ана шу қиз Муродни чинакамига севиб қолди, шекилли.
Бир гапириб ўн куладиган, унча-мунча йигитларни мот қилиб кетадиган қиз Муроднинг қаршисида хижолатдан қизариб, тили айланмади.
Мурод ошхонада бир стол атрофида икки жувон билан ўтирарди. Мурод ҳазил тарифасида уларга ҳам севги изҳор қилганини ён томонда ўтиргани учун Ҳалима неча марталаб эшитган.
Мурод ҳозир ўзига ҳам ўшанақа гапларни ҳазил-мазах аралаш айтиб кетди.
Бари бир яхши гап яхши-да.
Энди Ҳалима Муродни кўрса ҳаяжонланаверади. Айниқса унинг қарашлари,.. кулишлари…
Мурод эса кўчада кам кўринади. Ошхонада ўша икки жувон билан чақчақлашиб ўтирар, кейин йўлакдан тўғри шифохона биносига йўл оларди.
Кечалари кинога ҳам чиқмайди.
Нуқул ёзармиш. Кандидат бўлиш осон эмас, шекилли.
Мурод йигирма тўртга тўлиб йигирма бешга ўтган, аспирантурада ўқир, ўзбек классик адабиётидан диссертация ёзар, шу сабабли ўзини адабиётчи дўстлари даврасида “классик” деб атар, улар эса Муродни дарвиш дейишар, буни Муроднинг ўзи ҳам биларди. У ҳақиқий кайфият кишиси бўлиб, дам олаётган пайтлари, агар вақти чоғ бўлса, тўғри келган қизга албатта ҳазил тариқасида севги изҳор қилаверар, қизиғи шундаки, ҳар бир сўзи чин юракдан айтилаётганга ўхшар, кўзлари қаршисидаги қизга энг соф муҳаббат илан тикиларди. Мурод ҳеч қачон қиз болага биринчи бўлиб сўз қотмаган, аммо қиз бола…
Орадан тўрт кун ўтди. Ҳалима Дилором билан кечки овқатдан чиқиб келишаётганди, кимдир қўлидан ушлаб тўхтатди. Ҳалима ўгирилди. Ўгирилдию, вужудига ҳарорат югурди. Хушҳол ишшайиб, Мурод турарди.
— Ҳа, бевафо! – деди у. – Кўринмайсиз! Учрашувга чиқмайсиз? Нима, умримиз висол дамларини интиқиб кутиш билан ўтиб кетадими? Ё бошқа биттасини топиб олдингизми?
Ҳалима лол. Юраги ийди. Кулимсиради. Айниқса, Муроднинг ўтли нигоҳи уни “ўлдираётганди”.
— Ҳалима бевафоми, сизми? – Дилором орага суқилди. – Севги изҳор қилгандан бери думингизни ушлатмайсизку!
— Мен Ҳалимани бу ўлкалардан олиб кетмоқ истайман. Не бахтки, биз бир-биримизни шифохонадан топдик. Энди кетамиз. Менинг юртимга кетамиз.
— Юртингиз қаёқда? – сўради Дилором.
— Бахмалда. Бахмал тоғларини, Ойқор чўққисини эшитганмисиз? Ўша тоғлар этагида бизнинг Барлос қишлоғимиз бор.
— Мен тоғда яшолмайман! – деди Ҳалима азбаройи ҳаяжонланганидан, гўё Мурод уни ҳозир олиб кетиб қоладигандай.
— Яшайсиз! – деди Мурод комил ишонч билан. – Биз сизга барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Ҳовлимизда йигирмата қўй, ўттизта эчки, йигирмата қорамол бор. Ҳар куни эрталаб соат тўртдан еттигача сиз уларни тоғ бағрида боқиб келасиз.
— Э, боқмайман!
— Нечун? Ахир бу сиз учун катта бахт-ку! Тонг отмасдан сиз Ойқор чўққисининг этагида ширин орзулар оғушида чўпонлик қиласиз. Тўғри, бизда бўрилар кўп. Еса еб кетар, нима бўпти? Ахир бу романтика-ку! Тасаввур қилинг: Агар қайтиб келмасангиз, бутун қишлоқ оёққа туради. Сизни излаймиз… ва харсанглар орасидан сизнинг қоп-қора қонга беланган оппоқ ҳарир кўйлагингизни топиб оламиз. Тўй кечаси сиз ана шу кўйлакда эдингиз. О, менинг армонларим! – Ушалмаган орзуларим! Қонли кўйлагингизни кўзларимга суртиб йиғлайман. Сиз эмас, бир умр мен бахтсиз бўлиб қоламан. О-о! Ойқорда бир қабр бор. Унга сиз дафн этилгансиз. Сиз эмас, у ерга менинг ушалмаган орзуларим дафн этилган. Ҳар тонг ғам-андуҳга ботган бир ғариб кимса қўлида бир даста анвойи гуллар била Ойқорга кўтарилади. У ҳар куни кабрни чангаллаб, сочларини юлиб, бетларини тимдалаб, фарёд чекади. У – мен! Севгилингиз, сининг бебахт севгилингиз! – Мурод гапдан тўхтади. Бир неча дақиқа ҳаммалари жимиб қолишди.
Одамнинг эти жунжикиб кетди, — деди Дилором ниҳоят ўзига келиб. – Гапларингиз бунча совуқ?
— Нима, диссертациянгизга шунақа нарсалар ёзяпсизми? – сўради Ҳалима чуқур ички ҳаяжон билан.
— Ҳа. “Мурод билан Ҳалиманинг фожиали севгиси тарихи” деган мавзуда.
— Қизиқ экансиз, — деди Ҳалима паст овозда, ҳаяжонини яширишга уриниб, чунки Муроднинг сўнгги гапи уни яна ларзага солганди. – Қачон жиддий гапиряпсиз, қачон ҳазиллашяпсиз, билиб бўлмайди. Уч-тўрт кунлаб кўринмайсиз. Кўринсангиз, гапириб-гапириб жўнаб қоласиз…
— Ёнингизда юришимни истайсизми?!
Ҳалима Муродга ўгирилди. Энг қўрққани – Муроднинг кўзларига дуч келдию… “Мен сени севаман!”, дерди Муроднинг кўзлари. Битмас-туганмас бахт ваъда қиларди бу кўзлар! Бу кўзлар ёнарди. Бу кўзлар Ҳалиманинг оромини ўғирлаганди.
— Нима бало, сиз мени ростдан яхши кўриб қоляпсизми, дейман-да, а!?
— Сиз-чи? Сиз ёлғондакам деб ўйлаганмидингиз? – дугонаси ўрнига Дилором жавоб берди.
— Ҳа-да!
— Демак, ўзингиз ҳам ёлғондан севги изҳор қилаётган экансиз-да?!
— Менку, Ҳалима деб эс-ҳушимни йўқотганман, аммо Ҳалима ҳазиллашяпти, менинг устимдан кулиб юрипти, деб ўйлагандим.
— Бу гапингиз ҳам ҳазилми?
— Тўғриси, қачон ҳазиллашаман, қачон жиддийман, ўзим ҳам ажратолмай қолдим. – Мурод кулиб юборди. – Хўш, борасизми бизнинг Бахмалга?
— Шунақа ваҳимали нарсалар айтяпсизки, мен Ҳалиманинг ўрнида бўлсам сираям бормасдим.
— Кўнгилга хуш ёқадиган нарсалар ҳам айтиш мумкин: Майли, Ҳалимани бўрилар емасин. Ҳалима ҳеч қачон қўй-эчки боқмасин. Тасаввур қилинг: Баҳор! Лолалар ҳамма тарафда қип-қизил бўлиб очилган. Қизғалдоқлар қир-адирларга тўшалган. Ён бағирдаги Ойшаррак булоғидан шарқираб оқаётган зилол сувлар сойларга томон югуради. Эрта тонг. Ҳалима оппоқ ҳарир келинлик либосида кўза кўтарганча булоқ бошига бормоқда. Майин тоғ шабадаси сочларини ўйнаяпти. Ҳалима бахтиёр! Лабларида сокин табассум. Ана! Юзини муздай сувга чайқаяпти. Шу пайт мен орқасидан бораману, кўзларини яшираман. Бу мен эканлигимни Ҳалима яхши билгани учун қўлларини қўлларим устидан босади. Қалблардаги ҳарорат қўлларга, қўллардаги ҳарорат қалбларга ўтади. Ҳалима ўзини менинг оғушимга ташлайди. Бир-биримизга термуламиз. “Мен бахтлиман!” дея пичирлайди Ҳалима ва кўзларини юмади. Мен Ҳалиманинг қоп-қора, майин сочларини меҳр билан силайман…
— Билибсиз! Кўзларимни яширганингиздаёқ кўза билан бошингизга солиб қоламан, — деди Ҳалима, оз-моз оғриниш билан.
— Ана сизга булоқ!Энди нима бўлди?
— Нима бўларди. Бошим ёрилиб, ҳушимдан кетиб, йиқиламан. Ҳалима ўгириладию, қаттиқ даҳшатга тушади, чунки мени қандайдир ёвуз ниятли одам деб ўйлаган-да. Тезда бошимни тиззасига олиб, пешанамни танғийди. Аммо қон оқаверади. Нафас олмай ётавераман. Ҳалима юзимга сув сепади, ёқамдан тортиб, силкийди, юм-юм йиғлайди. “Сизки бу дунёда йўқсиз, менга яшаш на даркор?”, деб сал наридаги тик жарлик томон югуради. Ҳалима ўзини ҳалок қилишга чоғланаётганини англайману, тўлқинланиб кетаман. (Ёлғондакам ўзимни ўлганга солиб ётган бўламан-да.). Томоғим бўғилади. “Тўхта, Ҳалима!” дея ҳайқираман. Ҳалима тўхтайди. Кўзларига ишонмайди. Мажоли қуриб чўкка тушади. Кулиб йиғлайди, йиғлаб кулади. Бармоқларини тишлаганча, титроғини босмоқчи бўлади, лекин босолмайди. Мен ҳам йиғлайман. Ҳеч ким ҳеч қачон мени Ҳалимадек сева олмаслигига ҳозиргина ишонганим учун йиғлайман. Сал бўлмаса Ҳалимадан ажраб қолишим мумкинлигини англаб етганим учун худога шукр қилиб йиғлайман…
Мурод бу эртагини ҳам тугатди.
— Ёзувчига ўхшаб гапирасиз-а! – Дилором ҳайратланди.
— Аспирантурага киришдан олдин мухбирлик қилганман. Ҳалималарнинг қишлоғида ҳам бўлганман, — деди Мурод. Ногоҳ унинг нигоҳи совуқ чақнади.
Шифохона биносига етиб келдилар. Қизлар ҳали сайр қилишни истардилар “Унда ўзларинг айланаверинглар”, деб Мурод ичкариг йўл олди.
“Демак, хабари бор шекилли”.
Ҳалиманинг бутун вужуди зирқираб кетди.
* * *
Ўшанда, марказда бўлган мажлисда Ҳалимани мукофотлашди. Мажлисдан чиқиб, Клара, Исмат билан бирга кечқурун ресторанга боришди. Ҳалиманинг мукофотини ювишди. Ҳалима ҳам озроқ ичди. Эс-ҳуши жойида эди. Меҳмонхона келиб, Клара иккови ўзларига ажратилган хонада ётишга ҳозирланишди. Кейин ярим кечага яқин “опа чақиряпти” деб, Исмат Ҳалимани чеккадаги бир хонада Эркин Эшбоевичга дуч қилди. “Опа” вилоят комсомол қўмитасининг биринчи котиби эди. У чақирган жойга бормаслик мумкин эмасди. Кейин… нима воқеа юз берганини Ҳалима фақат эрталаб англади. Лекин бақирмади, чақирмади, Эркин Эшбоевичга йиғлаб тармашмади. Шунақа ҳолга тушган қизлар ҳақида кўп эшитгани боис қачондир ўзи ҳам шу ҳолга тушиб қолишдан қўрқиб, ҳадиксираб юргани боисми, тушуниб бўлмайдиган бир хотиржамлик ва бефарқлик билан кийимларини кийиб, айвончага чиқди-да, панжарага суянди. Ўҳ-ҳў! Тўққизинчи қаватда… ўзини ташласачи? Нега? Нима учун? Ким учун?
— Ие, Ҳалима!
Ҳалима ўзини ташламоқчи деб ўйлади шекилли, Эркин Эшбоевич жонҳолатда югуриб келиб, қизнинг елкасидан тутди. Ҳалима бир силкиниб ўзини бўшатди.
— Эсингизни еб қўйдингизми? – Эркин Эшбоевич ҳансирарди. Кейин ўз қурбонининг ўта лоқайд, лўқ кўзларига қараб, шаштидан тушди. Қўлини тортиб олиб, “сизга нима бўлди?” деганча панжара томонга ўтди – Ҳалима, сиз менга қизим қаторисиз, ўз қизимдай… Билмайман, мени… Хаёлимда ҳеч нарса йўқ эди. Сизга ҳурматим жуда зўр. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Сиз менинг гапларимни эшитишни истамаяпсиз. Майли, бўлар иш бўлди. Тўғриси, олдимдан норози бўлиб чиқишингизни истамайман. Ҳозирча сиз мана шуни олиб кетинг. Қолганини кейин гаплашамиз.
Эркин Эшбоевич қизга бир даста пул тутқазди. Ҳалима ҳамон лоқайд аҳволда тургани учун пулни қандай олганини ўзи ҳам англамади. Қўлидаги пулга қарадию, биринчи марта хўрлиги келди. Демак… аммо… Эркин Эшбоевич яна гапга тушди. Бир бало қилиб, тинчгина қутулмоқчи. Ҳалима тирқираб келаётган кўз ёшларини кўрсатмаслик учун лом-мим демай чиқиб кетди. Хаёлига бир фикр келган эди. Шунинг учун тўғри Исматнинг хонасига борди. Ўйлаганидай, йўқ экан. Ўзларининг хонасига ўтди. Эшикни анча тақиллатишга тўғри келди. Ниҳоят сочларини нари-бери тараган Клара тугмаларининг кўпи қадалмаган халатининг ёқасини ғижимлаганча, эшикни қия очди. Ҳалима ўзини ичкарига урди.
Гумони тўғри эди. Исмат шу ерда экан. Шоша-пиша кийинарди. Ҳалимани кўриб, бармоқларининг учи тугмани қадай олмай, қалтираб қолди. Ҳалиманинг эс-ҳуши жойида, фикрларини жамлаб бир қарорга келган эди. Ўша лоқайд алфозда кўзларини лўқ қилиб, бир қадам олдга юрди. Исмат тисарилиб, диванга ўтириб қолди. Ҳалима қўлидаги пулни Исматнинг тиззасига қўйди. Сўнг жомадонини олиб, кийимларини йиғиштиришга тушди. Клара билан Исмат нима дейишларини, нима қилишларини билишмасди. Ҳалима эса, гўё хонада ҳеч ким йўқдай, сочиқни олиб, ваннахонага кириб ювинди, кийимларини алмаштирди. Бу орада ичкарида ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилиб турди. Клара билан Исмат ниманидир тортишарди. Ҳалима қайтиб чиққанда иккови яна жим бўлиб қолди. Ниҳоят Ҳалима жомадонини кўтариб, кетишга чоғланганда Исмат чидай олмади.
— Тўхтанг, Ҳалима! Бу биргина менинг ишим эмас! – Исмат йиғламсираганча пулни отиб ташлаб, кўкрагига муштлади. – Бўлиб ўтган гапларни билиб кетинг. Мен бор-йўғи буйруқни бажардим, холос. Менинг ҳеч қанча айбим йўқ. Сиз мени тушунинг, Ҳалима! – Исматнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди.
— Исмат Саъдуллаевич!
— Нима? Нима? Нима?!
Исмат ўгирилганча Клара томон юрганди, Клара уни шапалоқлаб солди. Исмат юзини ушлаганча ғазаби ҳам, алами ҳам сўнгандай диванга чўкди. Ҳалима ҳали айтилмаган гаплар борлигини англаб, тўхтади. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмасди. Ногаҳон Ҳалиманинг нигоҳи диванда, полда бетартиб сочилиб ётган пулларга тушди. Жомадонини қўйиб, эринмасдан пулларни битталаб териб олди-да, яна Исматнинг тиззасига қўйди.
– Буни ановинга беринг! – деди Исмат жонҳолатда пулларни Кларанинг юзига отиб. – Ҳамма ишни қилган ўша! Менга бундай қараманг, Ҳалима! Қаҳвага қўшиб берасиз, деб Эркин Эшбоевичга ухлатадиган дори топиб берган ҳам анови жалаб!..
— Аблах! – Кларанинг кўзлари телбаларча чақнаб, Исматнинг юзига чанг солди. – Син жалаб! Иркин Ишбаевич жалаб!..
Иккови жиққамушт бўлиб кетишди. Ҳалима тишларини тишларига босганча ташқарига отилди.
* * *
Ғалати йигитнинг ёнида юрсанг ўзинг ҳам ғалати бўлиб қоларкансан. Ҳалима бу гапларни айтаман, деб сира ўйламаганди.
Орадан яна уч-тўрт кун ўтди. Мурод яна аввалгидай паришонхотир ҳолда фақат ошхонада кўринар, қизларга кўзи тушса, бош рғаб саломлашар, тушмаса, ўзи билан ўзи банд, хаёл сурарди.
Ҳалима эса… Ҳалима энди… у ҳам ўзини ўзи тушунмаётганди. Мурод уни яхши кўрмаслиги аниқ. Шунда ҳам кўнгил… Дардларини дугоналаридан яширишга уринар, агар даврада Мурод ҳақда гап очилса, кулгу билан қутуларди. Мурод эса…
Бир куни оқшом шифохона боғида сайр қилиб юришганда тасодифан (тасодифмикан?) қаршиларидан Мурод бир дўсти билан чиқиб қолди.
— Менинг жондан азиз севгилим! – деди Мурод қулочларини ёзиб. – Наҳотки бу сиз?! Мен сизнинг дардингизда куйиб кул бўлдим. Сизни излаб чиққан эдим. Юринг. Ҳозир ҳаётимизда илк висол дамлари бошланади. Дилором, сиз менинг дўстимни оввутиб туринг. Бизнинг Ҳалима билан анча-мунча махфий гапларимиз бор.
Мурод Ҳалимани етаклаганча кичик йўлакча бўйлаб кетаверди. Ҳалима қаршилик қилишга ўзида на куч, на журъат топа олди.
— Сиз нега доим мендан қочасиз? – сўради Мурод йўл-йўлакай.
— Қочган менми, сизми?
— Демак, мени кузатаркансиз-да!
— Энди сиз,.. касалхонада ўзи битта йигитсиз, албатта кузатамиз, — деди Ҳалима оғриниб.
— Майли, шундай экан, бугундан, ҳозирдан бошлаб бир умрга бирга бўламиз, хўпми?
— Ғалати гаплар… худди бозордан мол сотиб олаётгандай савдолашасиз, а? – деди Ҳалиманинг кўнгли бузилиб.
Икковлон неча марта суҳбатлашган бўлса, Мурод биринчи марта гап тополмай қолди. Улар жимгина боғнинг қоронғи, хилват томонларига борардилар. Муроднинг юзидаги шод қувонч ўрнини аянчли ишшайиш эгаллаган, буни Ҳалима пайқамас, пайқашга уринмасди ҳам.
— Ҳалима! – деди жиддийлашган Мурод тўхтаганча уни икки елкасидан тутиб ўзига қаратаркан. Унинг важоҳати бузилган, қиз ўзини қаттиқ севиб қолганини эндигина пайқаётган, нималарнидир аниқлашга уринар, қизнинг муҳаббати уни ҳангу-манг қилиб қўйганди. – Мен ахмоқ нималарни ўйлаб… Эҳ! Наҳотки сиз мени севиб қолдингиз?
Ҳалима бошини эгди.
— Нимага жавоб бермайсиз, Ҳалима? – Муроднинг овози қалтиради. – Мен буни билишим керак.
Олисдаги симёғочга илинган электр чироғи иккови тарафга сал-пал нур таратар, Ҳалиманинг юзи зўрға кўринар, кайфияти қаттиқ бузилгани аниқ эди. Ҳалиманинг елкалари секин-секин титрай бошлади. Кейин йўлка ўртасига ўтирганча, тиззаларига бошини қўйди. Мурод ҳайрон бўлиб, чўккаладию, қизнинг бошини кўтариб, ўзига қаратишга уринди. Ҳалима уни силкиб ташлади. Ҳалима йиғларди. Унсиз, бутун вужуди қақшаб, қалтираб, йиғларди.
— Ий-э! Сизга нима бўлди?!
— Сиз? Сиз барига айбдорсиз! Мен ҳали сизни яхши кўриб ахмоқ бўлганим йўқ. Сизнинг нимангизни яхши кўраман? Кандидат бўлсангиз ўзингизга! Нима қиласиз мендан кўнгил сўраб? Бари бир икки дунёдаям менга уйланмайсиз-ку! Қизлар менга “йигитинг” деб сизни кўрсатишаяпти. Сиз ахир менинг йигитим эмасссиз-ку! Ҳозир мени пойлаб келдингиз. Сизни яхши кўришимни аллақачон билгансиз. Тоқатим тоқ бўлганига ишонч ҳосил қилиб мени қоронғуликка бошлаб келдингиз… Хўш, нега индамайсиз? Шумиди мақсадингиз? Шумиди?! Ё ёлғонми? Сиз нуқул қизларни ахмоқ қилиб ўргангансиз. Ё мени ҳам ахмоқ деб ўйладингизми?.. Мен ахмоқ бўлмасам, сиздек аблахни севиб қоламанми? Дунёда йигит зоти қуриб кетганми? Мен… эҳ, шўрпешана! Нимага жимсиз? Нимага?! Нимага?! – Ҳалима сакраб турганча, йигитнинг ёқасидан тутди. – Гапирсангизчи ахир, Мурод ака! Сиз индамаганингиз сари мен қўрқаяпман. Мен ахмоқман! Мен жинниман! Мен сизни яхши кўраман, Мурод ака!..
— Ҳалима, Ҳалима!.. – Мурод яна нимадир деб ғўлдираётганди, Ҳалима кафти билан унинг оғзини тўсди.
— Йўқ, гапирманг! Гапирсангиз баттар қўрқаман. Илтимос, Мурод ака, гапирманг. Мен жинни бўлиб қолаётганга ўхшайман…
— Ҳалима!!!
— Гапирманг! Кетинг! Кўргани кўзим йўқ сизни! – Ҳалима панжалари билан юзини тўсганча, яна чўккалади.
— Ҳалима, ўзингизни босинг.
— Кетинг дедим. Шафқатингизга зор эмасман. Истамайман,.. билдингизм, истаманман! – Ҳалима ўрнидан турганча ер депсинди. – Нимага бўзраясиз? Яна кўз ёшларимни кўрмоқчимисиз? Сиз учун йиғлаган мен тентак! – Ҳалиманинг кўзларидан шашқатор ёш қуйиларди. – Кетинг ахир!.. тинч қўйинг мени, илтимос…
Мурод ниҳоят бошини эгганча йўлга тушди.
— Мурод ака, сиз нима қиляпсиз?
Мурод шошилганча ўгирилди.
— Нега мени ташлаб кетяпсиз? Кет деса кетаверасизми? Сиз ахир йигитсиз-ку! – Ҳалима сал ёруғроққа чиққан, йиғидан нам кўзлари бахтиёр чақнар эдию Мурод чопқиллаб қайтиб келди.
— Сиз ҳақиқатан ҳам ғалатисиз, а, товба! Қиз боланинг ҳам айтганини қиларканми? Ушланг қўлтиғимдан, ҳа ана, энди юринг. Гап деган бундай бўпти-да. Вой товба-эй! Жуда ғалати қизга дуч келиб қолдим, деб ўйлаётган бўлсангиз керак, а?
— Ҳалима, мен сизга бир гапни…
— Йў, йў, гапингиз керак эмас, гапирманг.
— Мен билишингизни истайман! Мен уйланганман, ахир!
Бир дам Ҳалиманинг нафаси ичига тушиб кетди. Кейин шод кайфиятини йўқотмасликка уриниб, ясама қувноқ ҳолда, аммо синиқ овоз билан деди:
— Майли, ҳеч қачон менга уйланманг! Мана шу юришимизнинг ўзи мен учун катта бахт!
Уларнинг юриши тезлашиб, ёруққа чиқдилар. Дилором билан Муроднинг дўсти боғнинг четидаги курсида ўтиришган экан. Ҳалима йигитни қўлтиғидан бўшатди-да, “яхши сайр қилинг” деганча сирли, айни дамда аянчли шивирлаб, чопқллаганча Дилоромни судраб кетди. Палатага кирар-кирмас Ҳалима Дилоромни маҳқам қучоқлаганча ўпаверди. Тишлаб-тишлаб ўпарди. Дилором вой-войлаб юлқинар, аммо Ҳалима қўймасди.
— Еб ташлагим келяпти сизни! Э тавба! Жинниман мен, ғирт жинниман! Кандидатни капут қилдим. Бечора мунғайиб қолипти. Мен – маладес! Зўрман! Таржимаи ҳолини буткул айтиб беришга мажбур қилдим. Оҳ! Та-ра-рам-рам, та-ра-рам-рам!… – Ҳалима ўйинга тушиб кетди.
Дилором Ҳалиманинг телба-тескари ҳаракатларига кўникиб қолган эди, лекин…
— Сиз уни ҳақиқатан севиб қолипсиз!
— Мен сизга нима деяпман, ни-ма де-яп-ман?! – Шу топда Ҳалимани мутлақо тушуниб бўлмасди. – Мен уни эмас, у, у мени севиб қолди! У11
Хонага бошқа қизлар кириб келишди.
— Дсўтларим! – деди мағрур Ҳалима тантанавор, қўлларини кескин силкитаркан, — мен эс-ҳушимни йўқотдим. Биласизларми, мен… жинниман! – Ҳалима ўзини кроватга ташлади. – Биласизларми, севиш қандай яхши! Уҳ номарлар-эй. Нега индамайсизлар?.. Менга ҳеч нарса керак эмас. Биттанг ҳам керак эмассан! Кетинглар! Ҳамманг кет. – Ҳалима бирдан ўкириб йиғлаб юборди. Юзини ёстиққа яширди.
Қизлар ҳозиргина булбулдай бийрон сайраётган Ҳалимага тушунмасдилар.
— Кетинглар, кетинглар! – юлқинарди йиғлаётган Ҳалима. – Тинч қўйинглар мени. Ҳамманг,.. ҳаммаси… бир гўр! Севмайди у мени…
— Э, қуриб кетсин Муродингиз! – Дилором аччиқланди. – Қўйсангизчи, ўшанга ҳам йиғлайсизми? Мурод сизнинг тирноғингизга ҳам арзимайди, керак бўлса… Қизлар, боринглар энди, Ҳалима озроқ дам олсин.
Палатада икковлон қолишди. Ҳалима қимирламай жим ётар, Дилоромнинг эса юраги зиқ бўлиб кетган, аммо бир оғиз гап сўрашга журъати етишмасди. Ниҳоят Ҳалима ўгирилиб, дугонасига хомуш тикилди. Кулимсирашга уринди, аммо кўзларида ёш. Чексиз дард ётарди Ҳалиманинг қорачиқларида. Бу дардларни Сўз билан ифодалаш шарт эмас.
Муҳаббат ана шундай кучли…
Ҳақиқий муҳаббат минг йилда бир келади, деганлари ростмикан?
— Қўйинг ўшани, — деди Дилором дугонасини юпатишга уриниб. – Дунёда ундан минг карра яхши йигитлар тўлиб-тошиб ётипти.
Ҳалима сукут сақлади. Армон билан кўзларини юмди. У ҳозирги ҳолатида умрини йиғи билан ўтказган, кулиш нималигини билмайдиган одамга ўхшарди. Муродга кўнгил қўя бошлагандан бери дилининг тўрида чўкиб, тўпланиб ётган армонлари ҳозир бирваракай жунбушга келиб, Ҳалимани минг бир кўйга солаётганди.
— Гапирсангизчи, юрагим тўлиб боряпти. Ҳозир мен ҳам йиғлаб юбораман. Нимага… ғалати бўлиб қолдингиз? – Дилором “жинни” деб юборишига сал қолди.
Ҳалима мийиғида кулимсиради.
— Уйлансанг уйлан, йўқса калламни гаранг қилма, менга сендан бошқа совчи юбораётганлар ҳам тўлиб ётипти, демадингизми?
— Бизнинг баҳоримиз ўтган, — деди Ҳалима афсус билан, — ўн саккиз ёшли қизлар камми?
— Вой номард-эй! Ҳали ўшанақасидан оламан, дедими? Унда “нега тиз чўкдинг? Нега у гапларни айтдинг?”, деб ёқасидан олмадингизми?
Ҳалима маюс бош чайқади.
— Шошмай турсин, кўрсатиб қўяман унга… Менинг қўлимга тушади ҳали. Уфф! Ёниб боряпман! – Дилором шашт билан айвонча эшигини очди.
Палатага хушбўй баҳор ҳавоси кириб келди. Май ойининг энг латиф кечаларидан бири. Шифохона бўйлаб экилган қатор тераклар охирги тўртинчи қаватдан ҳам баланд. Дарахтларнинг нарёғи бедазор. Яқинда ўрим бошланади. Ҳалималарнинг хонаси учинчи қаватда…
Юқориги қаватдан ҳазин хиргойи эшитиларди. Айвончада тинмай гапираётган Дилором ўгирилиб дугонасига қарадию,.. Ҳалима жилмаярди.
— Нима бало, ростдан жинни бўлиб қолдингизми?
— Эшитинг, — дея шивирлади Ҳалима, кўрсаткич бармоғини лабига босиб шивирлаган кўйи айвончага чиқаркан.
Тўртинчи қаватда, ўзларидан икки дераза нарида Мурод айвонча панжарасига суянганча, қоронғилик қаърига маюс тикилиб, қўшиқ айтарди:
Сени юпатмоққа журъат йўқ менда,
Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.
Мурод қизларни кўрмасди. Ўзича хиргойи қиларди. Балки атайлаб Ҳалима учун куйлаётгандир.
— Оббо жиннилар-эй! – Дилором ўзини тўхтата олмасди. – Бир сизми десам, у сиздан баттар.
Ҳалима Дилоромнинг гапини эшитмади. Эшитса ҳам эътибор бермади. Мурод уни…
— Сизларни тушунмаяпман, — ажабланди Дилором. – Бир дақақа ўтмайди – куласиз. Бир дақиқа ўтмайди – йиғлайсиз.
Мурод эса куйларди:
Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин!
Тишларингни секин қайраб йиғлагин!
— Ҳа, дў-ўст! – дея юқорига қичқирди Дилором. – Жуфт бўлсин. Янгилик-ку! Битта-яримтаси юракдан урдими?
— Ҳа-да! Ошиқ кўнгил куйламоқ истайди, — деди Мурод куйлашдан тўхтаб. – Бу телба кўнгил кўп нарсалар истайди.
— Нимагадир шу ишларинг менга ёқмаяпти, — деди бир жойда туролмай ичкарига кириб чиқаётган Дилором. – Сиз соғлигингизни ўйлашингиз керак. Врачнинг гапини унутдингизми?
“— Сиз ўзингизни ниҳоятда эҳтиёт қилишингиз керак, — деган эди врач Ҳалимага. – Бутифос нафақат ўпкангизга, балки жигарингизга, юрагингизга ҳам таъсир қилган. Сизга қаттиқ ҳаяжонланиш мутлақо мумкин эмас. Агар айтганларимни қилсангиз, ҳали узоқ йиллар яшайсиз. Сиз ҳали ҳаётда нимани кўрипсиз”
— Ҳалима маюс, паришон кулимсираб кроватига ўтиб ётди. Дилором чироқни ўчирди.
Ҳалима ухлай олмас, тўлғанарди. Кечаси билан Дилором Ҳалиманинг гоҳ ҳиқиллаб, гоҳ шивирлаб нималарнидир гапиринаётганини сезиб ётди. Фақат тонг олдидан Ҳалима тинчиб қолди.
Тонг отди. Навбатчи ҳамшира аввал палаталарга бир-бир кириб, кимга иссиқлик ўлчагич кераклигини сўраб чиқди, кейин дори ташлаб кетди.
Ҳалима деворга ўгирилганча қимир этмай ётаверди.
Дилором ювиниб келди, ошхонага нонуштага бориш пайти яқинлашди ҳамки, Ҳалима қимирламасди. Ниҳоят нонуштага боришга тайёрланаётган Дилором ўз кроватида ўтириб, соч тараркан:
— Туринг, эй, ошиқи-беқарор! Муродингиз кўзлари тўрт бўлиб, йўлакда сизни кутяпти, — деди.
Ҳалима қимирламай ётаверди. Авваллари Муроддан гап очилса, Ҳалима ҳазилми, чинми, типирчилаб қоларди.
— Турсангизчи! – Дилором чўзилиб, Ҳалиманинг елкасидан тортди.
Ҳалима шилқиллаб ағдарилдию, ярим юмуқ кўзлари шифтга тикилганча, қотди. Унинг бадани дақиқа сайин совуб борар, қоп-қора қорачиқларида ҳайронлик, ҳайрат, изирб, алам, “мен дунёга келиб нима кўрдим?” деган аччиқ савол ва билинар-билинмас табассум қотиб қолган эди.

 

Ёзувчи ҳақида
029 Абулқосим Мамарасулов 1958 йил 5 февралда Самарқанд (ҳозирги Жиззах) вилоятининг Булунғур (ҳозирги Бахмал) туманидаги Барлос қишлоғида туғилган.
Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат университетининг рус филологияси факултетини тугатган (1979).
«Суюнчи» (1982), «Ҳаётнинг бир лаҳзаси» (1985), «Сен учун ёниб» (1988), «Барлос қишлоғининг зумрад тонглари» (1990), «Севишганлар» (1992) каби асарлари нашр этилган.
http://www.gglit.uz/
Одил Ёқубов: Умид учқуни – Абулқосим Мамарасулов: Севишганлар (Ҳикоя)
Абулқосимнинг яхшисиУМИД УЧҚУНИ
Бунга ҳам беш-олти йилча бўлди. Ўша пайтлар Ғафур Ғулом номли Адабиёт санъат нашриётида бош муҳаррир муовини эдим. Кунларнинг бирида эшик очилдию, қорачадан келган, озғингина йигит ичкари кирди, кейин у мендан: «Сиз Одил акамисиз?» деб сўради. «Ҳа» дедим. «Мен ҳикоялар опкелувдим». Иш бошимиздан ошиб ётган эди. Рости, бир оз энсам қотди. «Қолдиринг, бирорта муҳаррирга бераман, кўради. Фикрларини айтади сизга» дедим.
Унинг кўзлари жовдиради. Ҳикояларимни сизга ўқитаман деган ниятда узоқдан йўл босиб келгандим. Жиллақурса, биронтасини варақлаб чиқмайсизми, а?» – Шу илтижо боис, қўлёзмалари билан батафсил танишиш ниятида эмас албатта, бирон ҳикоясига кўз югуртиб чиқа қолай, деган ўйда қўлидаги жилдни олдим, очдим: «Сомончилар» – биринчи ҳикоянинг номи. Унга кўз югурта бошладиму… қандай ниҳоясига етганимни ҳам сезмай қолдим. Ҳикоя қишлоқнинг эл қатори яшаётган оддий бир йигити ҳақида эди. Яъни: куз, барлосликлар ҳам ғимирлаб қолишган. Қош қорайгандан кейин кўпчилиги совхоз ғаллазорига уриб кетишади. Сабаби – тирикчилик, сомон ўғирлашади. Ҳикоя қаҳрамони – манглай тери билан обрў топган, анавиларга қўшилишни истамайди. Севикли хотини, нима, ҳаммага ҳалол сомон сизга ноҳалолми, бизниям мол-ҳолимиз бор-ку, қаҳратон қишда ҳали бир сиқим сомонга зор бўламиз, деб уни қистовга олади. Бундай ўйлаб қараса, хотинининг гапидаям жон бор. Ҳамма ташиб ётибдию, биров бир нарса деяётгани йўқ! Хуллас, қаҳрамонимиз сомон ўғирлашга чиқади ва… бир неча кундан бери сомон ташиётган ҳамқишлоқлари бир четда қолиб, у қўлга тушади…
Нозик юморга йўғрилган бу асар қаҳрамонга катта муҳаббат билан ёзилган эди. «Сомончилар»дан сўнг бош кўтармай бирин-кетин қолган ҳикояларни ҳам ўқиб чиқдим. Уларда оддий қишлоқ кишиларининг ҳаёти ўйноқи оҳангларда, тиниқ ва бағоят самимий ифода этилган эди. Ўша ёш ёзувчи ким экан ўзи, деб сўрарсиз. У – Абулқосим Мамарасулов…
Эҳтимол, эшитмаган қулоққа ғалати туюлар, лекин рости: ўша кунгача гарчи ўнлаб ёшларнинг қўлёзмаларини ўқиган бўлсам-да, ҳали бирон марта бу қадар ҳаётий, қаҳрамонлари тирик, воқеалари таъсирчан ҳикояларни учратмаган эдим.
Бугун Абулқосим Мамарасуловнинг янги ҳикоялари билан танишгач, ўша галдагидек, беихтиёр яна Василий Шукшинни эсладим. У оддий рус кишилари: ҳаром – ҳаришдан йироқ, пок, ҳалол кимсалар, уддабурро ва қилвирлар билан тўқнашиб, ёниб-куйиб юрадиган «чудак»лар, яъни ғалати одамлар ҳақида дурдоналар яратди. Шукшин асарларига хос бўлган айрим жиҳатлар Абулқосим Мамарасулов ҳикояларида ҳам кўзга ташланади, у барлослик «чудак»ларнинг жонли қиёфаларини чизади, табиийки, бу ўзига хос истеъдоддан далолатдир.
 Абулқосим Мамарасулов қаҳрамонлари ғалати: содда-муғамбир, анқов-айёр бу кимсаларнинг ҳатти- ҳаракатлари одатийликка сиғишмайди. Мана, «Севишганлар» ҳикоясидаги Сайдан, у ғаройиб йигит, Норхолга соядай эргашиб юради, мақсади – қиз севадими, йўқми, шуни билиш.
Беихтиёр кулгинг қистайди: чудак. Унинг анойинамо қилиқларида қалбининг беғуборлиги кўзгудагидай кўриниб туради. Сайдан оғзидаги ошини олдириб қўядиганлардан ҳам эмас. Бир сўз билан айтганда у ёш замондошимиз. Ўзи зўр йигит-да. Қадди-қомати келишган…
Норхол уни севадими? Ўзи ҳам билмайдиююю Унинг сўроғига бир нима демайди. Чунки мактабни битириб, ўқишга бормоқчи. Институтга кириб ўқийдиган бўлгач, севмаслиги керак-да. Йўқса, хаёли бўлиниб, миясига дарс кирмай қолади». Бундан ташқари, Норхол гап-сўз бўлишдан қаттиқ чўчийди. Аксига олиб шундай бўладики, Сайдан унинг йўлини тўсади, ўпади ва албатта Норхолнинг «эҳтиёткор»лиги туфайли бу гап ўша оқшомдаёқ бутун Барлосга ёйилади…
«Жарима»даги Банот, барлосликларнинг назарида, худонинг балоси. Аслида у тирикчилик деб дийдаси қотган, ҳақни жойида қарор топтиришга қодир аёл. Ҳикояни ўқир экансиз, барча ундан юз ўгирганига гувоҳ бўласиз, ўзингиз эса ич-ичингиздан Банотни ёқлайсиз. Ундан юз ўгирган барлосликлар асарда кам кўринса-да, тасаввурингизда яхлит жонланади. Чунки бу тоифани – муросачиларни кўп кўрганмиз, уларга қолса, ҳеч ким тинчини бузмаса, сен же, мен же, деб баҳамжиҳат яшашса. Шу сабаб ҳақгўй Банотни сиғдирмайди улар…
«Йигит ҳам йиғлайдими?»да ёш ёзувчи катталар дунёсига эрта тушган мурғак қалбнинг изтиробли кечинмаларию, соғинчини таъсирчан йўсинда ифода этса, «Ойша холанинг «куёви»да яна ғаройиб кишилар ҳаётини қаламга олади. Асосан диалогга қурилган ҳикояда муаллиф бадиий восита имкониятларидан дуруст фойдаланади: мунозараю, суҳбатлар ҳарактер қирраларини очишга хизмат қилади.
Ҳикоядаги Абдураззоқ ҳам ғалати одам. Э йўқ, бе йўқ, Ойша холанинг бир оғиз гапига ишониб, сени уйлантираман, деб сўпинамо Тоштемирнинг соқол-мўйловини қириб ташлайди. Боёқишни не куйларга солади. Ҳатто тайинсиз шубҳа туфайли келинини уйдан ҳайдаб чиқаёзди. Кейин… шуниси муҳимки, Абдураззоқнинг ҳатти-ҳаракатлари хамирида ҳам эзгулик яширин. Қилиқларидан кулиш баробарида астойдил унга хайрихоҳ бўласиз.
Булар барчаси ўз навбатида ёш ёзувчи ғаройиб замондошлари дарди-дунёсини, орзу-ўйларини, қувончу-ташвишларини чуқур ҳил қилишини, уларга меҳри чексиз эканлигини кўрсатади. Абулқосим Мамарасулов қаҳрамонлари – тирик одамлар. Менимча, адабиётнинг бош вазифаси – тирик одамлар қиёфасини яратиш, уларнинг қалб драмасини санъаткорона ифодалашдан иборат.
Ёш ёзувчининг қайси ҳикоясини ўқиманг, хоҳ «Йўловчи», хоҳ у – «Жарима» бўлсин, ҳаётнинг саркаш бир парчасидек таасурот қолдиради. Шу хусусиятни Даниил Гранин ҳам эътироф этди. Бу ҳикоялар ҳақида яна батафсил гапириш мумкин. Лекин шу ўринда мен бошқа бир масалага тўхталмоқчиман: чин санъат асарини китобий, юзаки нарсалардан ажратиш осон эмас. Бунинг учун дид ва эстетик саъвия юксак бўлмоғи даркор. Худди шу йўналишда қилиниши лозим ишлар оз эмас.
Бироқ афсус-надоматлар бўлсинки, китобийликка кўниккан айрим мунаққидларимиз ҳам ўқувчи дидини ўстиришга эмас, аксинча, қашшоқлаштиришга «хизмат» қилишади. Эҳтимол, Абулқосим Мамарасулов асарлари ўшандайларнинг «юксак талаб»ига жавоб бермас, лекин имоним комилки, нозиктаъб китобхон бу ҳикояларни ҳаяжон билан ўқийди ва ўқиш баробарида ғаройиб замондошлари билан ҳамдард, ҳамнафас бўлади. Яхши асар атрофида баҳсу-мунозара туғилиши табиий. Кимнидир мафтун этган ҳикоя бошқа бировга ёқмас, бироқ ҳаётий асар билан китобий асарни ажрата билмаслик – дидсизлик, холос.
Абулқосим Мамарасулов истеъдодли ёш ёзувчи. Унинг ҳикояларига хос асосий фазилат – бу, менимча, инсонни маънавий фаолликка даъват этувчи кучдир.
Одил ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

????????????????????????????????????

Абулқосим Мамарасулов. Севишганлар (ҳикоя)
Чоп этилган: 11.04.2012
Сайдан (яъни Сайдирасул) кўпдан бери Норхолга соядай эргашиб юрарди… Норхол тўққизинчида, ўзи ўнинчида ўқиб юрган кезлари. Э йўқ, бе йўқ, бир кун у қизнинг йўлини тўсиб, ёдлаб олган шеърини эсдан чиқариб қўядигандек, шоша-пиша, «мен сени севаман», деди. Дабдурустдан айтилган гапга Норхолнинг кулгиси қистади.
– Нима қилай шунга? Қоч, йўлимни тўсма.
– Мен сенга, сени севаман, деяпман?!
– Ҳай, нима қилай севсанг? Қоч йўлимдан!
– Қочмайман. Олдин айт: сен ҳам мени севасанми, йўқми?
– Э бор-э! Калланг ишлайдими ўзи?
– Ишламайди. Айт: севасанми, йўқми?
Сайданнинг бир этикка икки оёғини тиқишидан қизнинг аччиғи чиқа бошлади.
– Қоч, бўлмаса, ҳозир бориб отамга айтаман.
– Айтсанг айтавер. Отангдан қўрқмайман. Бари бир сени севавераман.
– Э бор-э! – деб Норхол уни силтаб, кетди, қолди.
Шунга ҳам бир йилча бўлди. Лекин ҳалиям Сайдан Норхолнинг кетидан қолмайди. Нуқул севиш-севмаслигингни айт, деб тиқилинч қилади. Норхол эса… гарчи ўшанда отамга айтаман, деб уни қўрқитган бўлса-да, отасига айтмаган. Сайданнинг қилиғига роса кулганди.
Сайдан ўзи зўр йигит-да! Қадди-қомати келишган. Тенгқурлари унинг олдида шунақа титрашадики, асти қўяверинг. Қаерда жанжал – Сайдан ҳозиру-нозир, тағин енгиб чиқади. Норхол уни севадими – ўзи ҳам билмайди. У йўлини тўсиб, саркашлик қилгандан кейин у ҳақда оз-моз ўйлаб қўядию, кейин эсдан чиқаради. Унинг сўроғига бир нима демайди. Чунки, мактабни битириб, ўқишга бормоқчи. Институтга кириб ўқийдиган бўлгач, севмаслиги керак-а. Йўқса, хаёли бўлиниб, миясига дарс кирмай қолади. Сайдан-ку, ўзи яхши йигит-а, лекин… Норхол рўйхуш бермаслигининг сабаби бор. Онаси севишганларни жуда ёмон кўради. «Ота-онаси турганда қиз боланинг шуйтиб юришини ким қўйипти?» дейди. Норхол онасининг раъйига қарайди. Иложи қанча – ўқишга юбормай қўйишлари ҳеч гап эмас. Устига устак бирон киши, «фалончи фалончига кўз сузибди», деб қолса борми, худо урди-да. Шу куниёқ Барлос қишлоғини қора мушук каби миш-миш оралайди. Ўзини ақлли қиз деб ҳисоблайдиган Норхол эса гап бўлишни истамайди. Аввал гап-сўз бўлиб, кейин қиз томондан ота-она «совчилик»ка қатнаб юрганини кўп кўрган. Ана, Улбозорнинг отаси Боғмон ака ҳам Абулхайрнинг орқасидан югуравериб, овора бўлиб кетди-ку! Тўғри, Сайдан Абулхайрга ўхшаганлардан эмас, яхши йигит, лекин Норхолга ҳали ҳеч ким керак эмас. Тўғриси – шу. Сайдан эса буни тушунмайди. Нуқул севасанми, йўқми, айт, деб оёқ тирайди. «Севаман десанг, бас, қачонгача бўлсаям кутаман. Агар бошқа дардинг бўлса, буни айт, орқангдан овора бўлиб юрмайин», дейди. Албатта, Норхол майли, демаган, демайди ҳам ҳам. Сайданни ўлгудай яхши кўриб қолганда ҳам , бари бир, айтмасди. Қадрини биладиган қиз бунақа гапни оғзидан чиқармайди-ку! Лекин узил-кесил йўқ дейишга ҳам, рости, тили бормайди. Бир йигит соядай кетингдан эргашиб юрса, ғалати-да. Шунинг учун ҳам дугоналарининг Норхолга ҳаваси келади. Унинг йўлини пойлаб Сайдан мактаб атрофида айланишгани-айланишган. Унга раҳми келибми, гоҳо дугоналари Норхолни койишади: «Нимага уни қийнайсан? Бер-да, жавобини! Ё ҳа де, ё йўқ!» Аслида ким унга овора бўл, депти. Норхол айтиптими? Бир гал кампирга ўхшаб мижинглайдиган дугонаси шунақа гапни айтганда Норхолнинг жини қўзиди: «Жуда жонинг ачиб бораётган бўлса, бор, ўзинг тег. Менга зарил эмас». Буни қаранг, бу гапи Сайданга ҳам етиб борипти. Ўша куни яна йўлтусарлик қилди: «Бу нима деганинг? Севмайман, деганингми? Бари бир мен севавераман. Лекин сен ҳам мени севишинг керак-ку!», деб туриб олди. «Севаман деганингча қўймайман!», дейди. Билиб олгани – шу. Худди тўтиқушга ўхшайди.
Бугун дам олиш куни бўлгани учун Норхоллар далага ишга чиқишди. Сайдан ҳам шу ерга келдию Бир оёғини ерга, иккинчи оёғини велосипедининг педалига тираганча, ишдан бош кўтармаётган қизларга пича қараб турди-да, кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Норхол иккита дугонаси билан токзор орасидаги йўлдан уйга қайтишаётганда Сайдан велосипедини учириб келиб, уларнинг йўлига кўндаланг қилди-да, қизларга: «Сизлар кетаверингизлар. Менинг Норхолда ишим бор», деди. Норхол ҳам дугоналарига эргашиб кетаётганди , Сайдан астагина, лекин буйруқ оҳангида: «Тўхта, гапим бор», деди. Худди унга боғланиб қолгандай, Норхол тўхтади. Ҳар доимгидай, бор-э, деб кетаверса, бўлардию, нимагадир кетолмади. Сайданнинг овозидаги ҳукм оҳанги таъсир қилдими ёки унинг нияти қатъийлигини сезгач, кетаман, деб балога қолишини билдими, ҳар қалай, унга бўйсунди. Йўқса, у бир қилиқ чиқаришдан тоймайди-да. Э, бу Сайдан!.. Қизнинг вужудига титроқ югурди. Дугоналари эса узоқлашиб кетяпти. Ниҳоят, Сайдан велосипеддан тушди.
– Юр бу ёққа! – У хотинини етаклагандай, Норхолнинг қўлидан тортиб, токзор орасига бошлади.
– Охирги марта сўраяпман, – деди Сайдан ўқрайиб, – мени севасанми, йўқми?!
Норхол унинг сўроғидан кўра важоҳатидан қўрқди. Йиғлагиси келди. Ерга қаради. Кейин нима бўлганини ўзи ҳам билмай қолди. Бир пайт ўзини Сайданнинг қучоғида кўрди… Сайдан уни қўйиб юборганда Норхол бирдан хавфсираб қолди: дугоналари кузатишаётган бўлса-я!? Энди Норхол билан Сайдан ўпишди, деган гап бутун қишлоққа овоза бўлади. Онаси ер муштлаб қарғанади. Шуни ўйлаб, Норхол даҳшатга тушди. Юрагини ўртаётган алам билан Сайданга ёмон тикилди. Шунда у аввалгидай қўрқинчли туюлмади. Афтидан, ўпич олганидан хурсанд, лабини ялаб, кулимсираб турибди. Кулимсираши қурсин, масхара қилаётганга ўхшайди. Норхол шартта бурилиб, уйига жўнади. Орқасидан Сайданнинг югуриб келишини, тиз чўкиб «мени кечир!», дея илтижо қилишини истади. Лекин… у шошганча кетиб бораркан, йўл бурилган жойда бояги икки дугонасини кўрди. Улар шивирлашиб, ишшайганча, Норхол томонга қараб қўйишди. Норхол эса ўзини бепарво тутишга уринди. Қарамасдан ўтиб кетдию Худо берди уларга, энди гап тарқатишгани-тарқатишган. Тешик қулоқ – онаси ҳам эшитади. Шунинг учун Норхолнинг ўзи айтгани маъқул. Кейин боши балога қолмайди. Нега энди анави кечирим сўрашга изидан келмаяпти? Норхол унинг нима қилаётганини, қай ҳолатда турганини билишни истарди, аммо орқасига бурилиб қарашга юраги бетламасди. Кўчани тўлдириб ўтишни истамай, томорқа тарафдаги ёлғизоёқ йўлга бурилди. Назарида ҳамма кўчага чиқиб тургандай: «Ай-яй,яйй! Норхолни қаранглар! Шундай қиз куппа-кундузи анави Сайдан билан токзорда ўпишиб юрипти-я!» деяётгандай бўлаверди. Сайдан… орқасидан келмади-я! Қандай қилиб унинг… Жуда иссиқ экан… Шундагина Норхол терлаб кетганини, Сайдан ўпган бети тобора қизиб бораётганини ҳис қилди. Ўпиш қизиқ бўларкан. Ўша пайтда унинг ичидан бир тўлқин отилиб чиқаётгандай бўлаверди. Агар Сайданнинг ўзи қучоғидан бўшатмаганда унинг бағридан чиқиш хаёлига ҳам келмасмиди? У қўйиб юборгандан сўнг бир лаҳза ҳайрон бўлиб турдию, кейин алам қилиб кетди-да. Ўпишга-ку, ўпди, тағин юзингда кўзинг борми демай, тиржайиб тургани ортиқча.
Норхол пақир кўтариб, молхонадан чиқаётган онасини кўрдию, бўшашиб кетдию
– Ҳа, нега бу ёқдан келяпсан? – сўради онаси ҳайрон бўлиб. Сўнг Норхолнинг олазарак кўзларига кўзи тушдию, ранги ўчди. – Нима бўлди?!
– Сайдан… – дедию, ўпкаси тўлиб, Норхол йиғлаб юборди.
– Нима Сайдан?! Урдими?!!
– Йўқ.
– Бўлмаса, нима қилди?!
Норхол йиғини авжга чиқарди.
– Ҳай, бунча изиллайсан? Гапирсанг-чи!! Нима бўлди ўзи?
– Қўлимдан ушлади.
– Ким? Сайданми? Қайси Сайдан? Давлат бовойнинг неварасими?
– Ҳа. Ўша!
– Вой қирилгур-эй! Нимага ушлайди?! Нима керак экан унга? Нима деди?
– Сени севаман, дедию Севиб қолганмиш!..
– Вой қирилгур-эй! Вой, ер юткур-эй! Севармиш?! Ҳа, илоё, севгинг бошингни есин! Бурнингни артиб ол, демадингми? Ҳалигача кўчада жанжал қилиб юради-ку, вой мишиқи-ей! Олдин отанг ўзини эплаб олсин, де! Ана! Ана шу-да. Булар…
Худди шу пайт пойлаб тургандай, отаси келиб қолди.
– Ҳа, она қизим, сенга нима бўлди?
Норхол ҳўнграб йиғлаб берди. Онаси қишлоқни бошига кўтариб қарғанди.
– Бу – Давлат бовойнинг невараси!.. Вой ер юткур-эй!..
Бу гап ўша оқшом бутун Барлосга овоза бўлди.
Норхол кечаси тушида уни кўрди: Сайдан унинг билагидан маҳкам тутиб олганмиш. Норхол, қўйвор, деб ялинса, нуқул ишшаярмиш…
“Барлос қишлоғининг зумрад тонглари”
китобидан
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.