"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Шайх Муҳаммад Содиқ Самарқандийнинг «Исломий Давлат» ҳақидаги МУРОЖААТИ

Дунё, Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 05/02/2016 03:10-     10561 марта ўқилди

ШАЙХ МУХАММАД СОДИК САМАРКАНДИЙнинг Ироқ ва Сурияда эълон қилинган «Исломий Давлат» фаолиятига ва уни рахбарларига МУРОЖААТИ

исломий давлат

Ироқ ва Сурияда эълон қилинган Исломий Давлатни дунёдаги бирон олим шаръан тўғри Исломий Давлат деб ҳисобламайди.
Зеро, Исломда ҳар бир нарса шариатга мувофиқ, сийратга биноан бажарилиши керак, бинобарин «Исломий давлат» ҳам фақат барча олимлар розилиги ва талаби билан ҳамда шариатга мувофиқ қурилиши шарт. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ИШИД раҳбариятининг даъвоси билан ҳақиқат ўртасида жуда катта фарқ бор.
Бироз моддий имкониятга эга бўлган бир гуруҳ одамлар тўпланиб, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, илмий ва сиёсий салоҳиятга ҳам эга бўлмай, «Исломий давлат» эълон қилиши – чиндан ҳам дунё харитасида бундай давлат пайдо бўлганини англатмайди. Давлат бўлиш учун бир гуруҳ одамнинг бу ҳақда эълон қилиши кифоя эмас. Агар давлатчилик масаласи шунчалик жўн бўлганида, ҳар замонда у ёки бу ерда Исломий ёки бошқа давлат эълон қилиб турилганига гувоҳ бўлар эдик.
Давлат учун бир қанча дунёвий ҳамда диний талаблар қўйиладики, уларнинг бирортасига ИШИД ҳозирча жавоб бермайди. Хусусан, динимиздаги шартлар ҳақида гапирсак, биринчи навбатда исломий давлат раҳбари шу ҳудудда яшаётган халқнинг розилиги билан сайланиши лозим. Бўлиб ҳам, агар барча мусулмонлар бошини қовуштирувчи Халифалик даъво қилинаётган бўлса, шунга яраша бутун дунё мусулмонлари бунга розилик билдиришлари керак.
Албатта, бу ерда «жамоа» лафзидан мурод шунчаки мусулмонларнинг аксарияти эмас, балки ўз тасарруфи остидаги мусулмонлар номидан сўзлаш ва қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳамда уларнинг манфаатини ҳимоя қилишга масъул олимлар, амирлар ва нуфузли шахслардир. Бундай одамларни шариатда «Аҳли ҳалл вал ақд» деб номланади.
Имом Бухорий «Жомеи Саҳиҳ» тўпламида ривоят қилган ҳадисда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтади:
“Кимки мусулмонлар билан кенгашмай туриб, бир кишига байъат берган бўлса, унинг ўзига ҳам, байъат берилган кимсага ҳам эргашилмайди. Зеро, иккиси ҳам ҳеч бир заруратсиз ўз жонини ўлимга дучор қилгандир…”
Яна, Ибн Саъд саҳиҳ иснод билан чиқарган асарда Умар разияллоҳу анҳу ўлимидан олдин мўминларга халифа сайлаш ҳақида васият қилар экан, жумладан қуйидагиларни айтгани ривоят қилинади: «Агар менга бирор нарса бўлса, уч кун давомида Суҳайб сизларга намозда имомликка ўтсин. Кимда-ким мусулмонлар билан маслаҳатлашмай туриб, устингиздан амирликни даъво қилса, бўйнига қилич уринглар!»
Бу ерда мусулмонлар билан кенгашиш дейилганда – уммат номидан энг муҳим ишларни ҳал қилишга мутасадди бўлган бошлиқлар, лаёқатли олимлар ва фазилат соҳиблари назарда тутилган. Токи шулар маслаҳат ва розилик билдирмай туриб, ҳеч ким мусулмонлар умумий тақдирига алоқадор бўлган ишни, бўлиб ҳам «Исломий давлат» эълон қилишни ўзича амалга ошириши мумкин эмас.

Чунки «Исломий халифалик»ка тааллуқли кўплаб аҳкомлар борки, уларни бажариш ҳам, назорат қилиш ҳам ҳозирги ИШИД раҳбариятининг қўлидан келмайди, бунга уларнинг ақли ҳам, илми ҳам етмайди.
Чунончи, ИШИДни шаръан қонуний деб тан олишдан, ваҳоланки бу умуман шаритага ҳам, сийратга ҳам тўғри келмайди, бир қанча ўта жиддий масалалар келиб чиқади, масалан барча мусулмонлар шу давлатга байъат беришлари шарт бўлади, фақат муайян ва хос масалаларда эмас, балки ҳаётнинг барча соҳаларида итоат этишлари вожиб бўлади, итоатдан бўйин товлаш ҳаром бўлиб, шу ҳолда ўлган инсон жоҳилият ўлимида ўлган бўлади. Шунинг учун ҳам, бундай давлатнинг қонунийлиги ва халифанинг легитимлиги барча мусулмон олимлар, биринчи навбатда Аҳли ҳал вал ақд олимлари тарафидан тан олиниши шарт.
Шундай экан, бу ўта жиддий мавзу бўлиб, бир тўда қуролланган шоввознинг ўзича «Исломий давлат» эълон қилиши, ҳеч ким танимайдиган ва рози бўлмайдиган нотаниш ва илмсиз бир шахсни олиб келиб: «Бу энди сизларнинг халифангиз бўлади!», деб тиқиштириши ўта ножиддий, балки ўта кулгили ҳол бўлиб, даъвогарларнинг нақадар жоҳил ва ҳовлиқма одамлар эканлигига далолат қилади.
Шунга кўра, ИШИДга ҳижрат қилиш масаласи ҳам мутлақо нотўғридир. Умуман нотинч ердан омонлик бор ерга ҳижрат қилиш жоиз бўлса-да, буни муайян ерга боғлаб қўйиш нотўғридир. Муайян ерга ҳижратнинг вожиблиги фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида ва фақат Мадинаи мунавварага шаръан вожиб эди. Лекин, бу ҳукм ҳам, у зотдан сўнг, аниқроғи, ҳадисда айтилганидек, «Макка фатҳидан кейин» бекор бўлган.
Аслида, бунинг акси тўғри бўлиб, бугун ИШИДга эмас, балки ИШИДдан бошқа ерга тезроқ қочиш-ҳижрат қилиш лозим. Чунки у ерда ҳеч бир инсон, ҳатто тиш-тирноғигача қуролланган жангариларни ўзи ҳам бирон лаҳза омонда эмаслар. Бу ўзбошимча тузилган давлатнинг бутун ҳудуди бўйлаб бебошлик ва анархия ҳукм сургани боис, унинг “ўзбошимча халифаси” ҳам қуролни қучоқлаганча ухлаб, яна шу ҳолда уйғонишга мажбур.
Шуниси эътиборлики, Исломий жиҳоднинг мақсадларидан бири – мункарларни ўзгартириш, йўқотишдир. Бунинг учун эса, фақат шу эзгу мақсад рўёбга чиқиши аниқ бўлган ҳолатдагина рухсат этилади. Лекин, мункарни ўзгартиришга киришилган тақдирда – ундан бадтар мункар келиб чиқиши эҳтимоли бўлса, бу ҳолда мункарни ўзгартиришдан, яъни жиҳоддан қайтарилади. Ҳатто уламолар бу ҳолда жиҳод ҳаром бўлади, деганлар. Бугунги кунда ИШИДда бўлаётган уруш ортида бирон мункарни йўқолиши у ёқда турсин, аксинча, янги-янги мункарлар пайдо бўлаётганини ҳамма кўриб турибди. ИШИДда аввал бўлмаган бирон маъруф-яхшилик ҳосил бўлишни қўя туринг, бор маъруф нарсалар ҳам чилпарчин бўлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Шу жиҳатдан бугун ИШИДга жиҳод учун боришнинг ўзи ҳам мутлақо ҳаромдир.
Ассаламу алайкум ва рохматуллохи вабарокатух.

 

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. О хлопке, языковом вопросе в Узбекистане и преемнике И.Каримова
  2. Ўзбек тилидаги энг машҳур веб-сайт қайси?
  3. Financial Times Гулнора Каримовага “байрам совғаси” ҳадя қилди
  4. Исломий Давлат ташвиқоти қандай ишлайди?
  5. Рамзон Қодиров намозни адо қилаётганида унга қараб катта илон ўрмалаб келди
  6. Швецияда муҳожир муслима таълим вазири лавозимни эгаллади
  7. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади: ТУРКИЯ ИСТИҚЛОЛ МАРШИ
  8. Таҳлил: ИШИД минтақада нималарга қодир бўлади?
  9. Британиядаги истиҳборот ва хавфсизлик хизматлари GCHQ, MI5 and MI6
  10. «Дунё ўзбеклари» тақдимоти — Абу Муслим: Ҳаёт қирқ ёшда энди бошланадими?
  11. Туркияда кеча кутилмаган сиёсий воқеа рўй берди…
  12. ББС ўзбек хизмати: Замонавий аёллар қандай бўлиши керак?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.