“Ушбу дамдин тортиб, то олам инқирозиға қадар бундайин (яъни, Алишер Навоийдек) шонли-шарафли одамнинг дунёга келиши маҳолдур”.
Ўн бешинчи асрнинг машҳур алломаларидан бири Давлатшоҳ Самарқандийнинг (1435-1495) “Тазкират-уш-шуаро” (“Шоирлар ҳақида тўплам”) асарининг: “Амирлар подшоси, фозиллар мададкори, улуғ амир Низомиддин Алишер зикрида” – дея аталмиш бобидан олинган юқоридаги жумла нақадар башорат билан ва тўғри айтилганлиги, мана, олти асрга яқинлашаётир-ки, такрор-такрор исботланиб келмоқда. Давлатшоҳ жаноблари айни кароматини мустаҳкам далилламоқ ниятида яна сўзида давом этиб: “Бу улуғ Амирнинг мақбул ишлари ва қутлуғ зикри рубъи маскун (Ер юзининг инсонлар яшайдиган қисми)нинг барча мамлакатларида маълум, фазилати шуҳрати ва олий ҳимматининг камолоти бутун оламга ёйилгандир” – дея таъкидлайди.
Муборак таваллудининг 575 йиллиги санаси арафасида турганимиз бетимсол ва бетакрор бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари тўғрисида ушбу сингари эъзоз — эҳтиромли фикрларни ўнлаб, балки, юзлаб келтириш мумкин. Султон Ҳусайн Бойқаронинг Навоий бобомизни: “Жаноб ҳидоят эгаси, шараф ва ҳурмат мурожаатгоҳи, дин-у давлат арбобларининг сараси, мулк-у миллат дўстларининг йўлбошловчиси, ҳайрат муассиси, хайр-эҳсон манзилгоҳи, салтанат рукни, мамлакат таянчи, хоқоний давлатининг етакчиси, Султон ҳазратларининг яқин дўсти, адл-у адолат, ҳақиқат ва диннинг низоми – Амир Алишер…” – дея, кўкларга кўтарганлигини эса, бундай кўнгил эътирофларининг чўққиси, дейиш мумкиндир.
Ҳали ҳаётлигидаёқ олий улуғлашларга ҳамда юксак сифатлашларга мушарраф этилган Алишер Навоий бобомиз айни таъриф-тавсифларга ҳамда қойил қолишларга жуда лойиқ ва муносиб эдилар. Таъкидлаш даркор-ки, кўпчилик
ҳануз Мир Алишер ҳазратларининг аксарият фазл-у ҳунарларидан тўла воқиф эмасдирлар. Мазкур ўринда, у кишининг шуғулланган соҳаларини санаб ўтмоқ мақсадга мувофиқ кўринади:
1. Алишер Навоий – шоир ва хамсанавис.
2. Алишер Навоий – адабиётшунос-мунаққид.
3. Алишер Навоий – тарихчи (муаррих).
4. Алишер Навоий – тил назариётчиси.
5. Алишер Навоий – таржимон (мутаржим).
6. Алишер Навоий – ислом дини тарғиботчиси.
7. Алишер Навоий – созанда-бастакор.
8. Алишер Навоий – бунёдкор-меъмор.
9. Алишер Навоий – рассом-мусаввир.
10. Алишер Навоий – муҳрдор ҳамда вазир.
11. Алишер Навоий – давлат ва жамоат арбоби.
12. Алишер Навоий – сулҳпарвар элчи.
13. Алишер Навоий – йирик тадбиркор.
14. Алишер Навоий – валинеъмат, қиблагоҳ.
15. Алишер Навоий – мазлумлар ғамхўри.
16. Алишер Навоий – яхшилик ва эзгулик курашчиси.
Энди буюк бобомизнинг ҳар қайсиси бир одамнинг бутун умрига етиб-ортадиган айни ҳунарлари-ю касб-корларига мухтасар тарзда тўхталиб ўтсак. У кишининг шоирликлари хусусида кўп ва хўб гапирилган. Шунинг учун ўз устозлари ва дўстлари Абдураҳмон Жомийнинг: “Эй (Навоий), сенинг табъинг сўз устодидир. Қаламинг очқичи билан сўз эшигини очдинг. Равнақдан қолиб кетган ва хорлик бурчагидан ўрин олган (туркий) сўзга сен янгидан обрў бердинг. Уни ижод майдонига олиб чиқдинг. У сенинг раъйинг нуридан сафоли бўлди, лутфинг навосидан наволи бўлди” мазмунидаги дил изҳорлари билан чекланамиз.
1490-1491 йилларда ёзилган “Мажолис-ун-нафоис” (“Нафислар мажлиси”) асари адабиётшунослик ва адабий танқидга доир жуда йирик тадқиқот сифатида мумтоз адабиётнинг ишончли қомусидир. Китобда XV асргача яшаб ўтган ва ўша даврда ҳаёт бўлган 459 нафар шоирлар, фозиллар,
шунингдек, назм фидойилари тўғрисида фикр юритилади. Муаллиф уларнинг ҳар қайсига қисқача тавсиф беради, ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида маълумотлардан воқиф этади, ижодидан айрим намуналар келтиради.
Шунингдек, бобомизнинг насрийда ёзилган “Маҳбуб-ул-қулуб”, “Вақфия”, “Муншаот”, “Хамсат-ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Мезон-ул-авзон” асарлари ўз замонасида ҳам, кейинчалик ҳам улкан муваффақиятлар қозонди. Бемалол айтиш мумкин-ки, улар мумтоз насрий адабиётимизнинг шаклланишига қўшилган салмоқли ҳиссалардир.
Тарихий мавзудаги “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ҳамда “Тарихи мулуки Ажам” тадқиқий-таҳқиқий асарлари Мир Алишер ҳазратларининг кечмиш ҳамда ўтмишни нақадар чуқур билишини далиллаб, ул зотни етук муаррих сифатида намоён айлайди.
Навоий бобомизнинг тил назариётчиси эканлиги тўғрисида академик Иззат Султон ўзининг “Навоийнинг қалб дафтари” китобида: “Навоий, энди ўз ижодий қаҳрамонлигининг аҳамиятини назарий жиҳатдан асослашга ва замона ҳамда келажак шоирларига туркий шеърият учун курашни давом этдиришни васият қилиб қолдиришга қарор беради. 1499 йилнинг декабрида тамом этилган “Муҳокамат-ул-луғатайн” (“Икки тил ҳақида муҳокама”) ана шу мақсадни кўзда тутади. Навоий форс тилини ерга урмаган ва бу тилда ўзи ҳам яхши асарлар яратгани билан фахрлангани ҳолда, икки тилни чоғиштиради ва ўзбек тилида уни ҳақиқий бой, шеърий тил қиладиган кўп жиҳатларни топади ва шуларнинг қадрига етишга чақиради” – дея, одилона баҳо берилган.
Мир Алишер ҳазратларининг моҳир мутаржимликлари хусусида эса, академик Азиз Қаюмовнинг “Алишер Навоий” рисоласида шундай дейилади: “Жомий авлиё сифатида ном чиқарган суфий файласуфлар тўғрисида “Нафоҳат-ул-унс” асарини ёзган эди. Навоий ушбу китобни туркий тилга таржима қилди. Аммо ушбу таржима асносида асарни кўпгина янги маълумотлар билан тўлдириб, таҳлил этди. Китоб “Насойим-ул-муҳаббат мин шамойим-ул-футувват”
(“Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) – деб номланган. “Насойим-ул-муҳаббат…”нинг асосида Жомий асари ётгани туфайли, бу китобда баён этилган фикр ва қарашлар ҳар иккала шоирга тааллуқли эканини эътироф этиш керак”.
Шунингдек, мазкур нашрда 1485 йил битилган “Назм-ул-жавоҳир” асари, Навоийнинг эътирофлари-ча, халифа Алига нисбат бериладиган “Насруллаолий” дея аталмиш панд-у ўгитлар тўпламининг ижодий таржимаси эканлигиям таъкидланади.
Алишер Навоий ҳар битта йирик асарининг муқаддимасида, ғазалларида Оллоҳ таолони, Муҳаммад алайҳиссаломни улуғлаш билан биргаликда алоҳида “Муножот” манзумасини ҳамда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ўтинишига биноан, ислом динининг беш асосий қоидасини содда ва лўнда қилиб тушунтириб берувчи шеърий қўлланмасини яратди. Ана шу йўл билан “Сирож-ул-муслимийн” (“Мусулмонлар чароғи”) асари дунёга келди ва аҳли ислом тарафидан илиқ кутиб олинди.
Маълум ва машҳур тарихчи Хондамир қаламига мансуб “Хулосат-ул-ахбор” китобининг “Банданавоз Амирнинг тарбияти остида паноҳ топиб, етишган созандаларнинг баъзилари зикрида” бобида: “Олиҳазрат Амир Алишер мусиқа илмида ҳам шу қадар маҳорат ҳосил қилган эрдилар-ки, агар муаллими соний Абу Наср Форобий ҳаёт бўлганларида унга шогирдлик сирғасини қулоғига тақиб оларди. У киши қонун-у удда зўр таълим олгандилар. Бинобарин, созанда аҳлининг кўпчилиги ҳамиша олиҳазратнинг мулозаматида бўладилар” – дейилади ва бундай шарафга муносиб кўрилган Ҳофиз Қозоқ, Сайид Аҳмад, Шоҳқули, Ҳусайн, Шайхий Ноий сингари ва бошқа мусиқа фидойиларининг номлари санаб ўтилади.
Навоий бобомиз ўз даврининг энг бой-бадавлат кишиларидан бири эди. У киши ўз тасарруфларида бўлган бисёр мол-мулк орқали келадиган ниҳоятда кўп даромадлардан, фақат: бир кишининг тирикчилигига етадиган қисмини ўзига қолдириб, қолган ҳаммасини эл-у юрт манфаати учун сарф қилганлар. Тарихдан маълумки, Мир
Алишер ҳазратлари шахсий маблағлари ҳисобидан пойтахт Ҳиротда ва турли вилоятларда 52 та работ, 20 та ҳовуз, 16 та кўприк, 9 та ҳаммом, кўплаб масжидлар қурдирган. У киши солдирган “Ихлосия”, “Халосия”, “Шифоия” диний-дунёвий масканларидан минглаб кишилар баҳраманд бўлганлар.
Давлатшоҳ Самарқандий уларни умумлаштириб: “Улуғ Амирнинг иморатлари ҳамда хайр-эҳсонларининг ҳаммасини таърифлаб, тугатиб бўлмас, чунки, уларнинг ҳисобига етиб бўлмас”лигини таъкидласа, Заҳириддин Муҳаммад Бобур: “Мунча бинойи хайрким, ул (Алишербек) барпо қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай”лигини урғулайди.
Мир Алишер ҳазратлари Камолиддин Беҳзод ҳамда Қосим Али Чеҳракушой ва бошқа улар сингари атоқли мусаввирлар, таниқли музаҳҳиблар, наққошларга ҳомийлик-валинеъматлик қилиш билан биргаликда ўзиям яхшигина суратлар чизгани маълум. Аммо, улардан, фақат, биргинаси – “Занжирбанд шер” расми бизгача етиб келган, холос. Илло-ки, машҳур муаррих Хондамир: “Буюк устоз (Беҳзод) ўзининг ҳақиқий машҳур мусаввирлигига Амир Низомиддин Алишернинг марҳамати ва ғамхўрлиги туфайли эришди” – деганида нақадар ҳақ эди.
Навоий бобомизнинг муҳрдор ва вазир, давлат ва жамоат арбоби, сулҳпарвар элчи, ниҳоятда йирик тадбиркор, ижод аҳлининг валинеъмати (яъни ҳозирги тил билан айтганда меценати), қиблагоҳи, мазлумларнинг беқиёс ғамхўри, яхшилик ва эзгулик курашчиси бўлганликларининг тафсилотлари-ю таассуротларини ёзаверсак, улар ўнлаб китобларга-да сиғмагайдир.
* * *
У киши тўлиқ бўлмаган 60 йиллик умрини инсониятнинг бахт-саодати учун курашга бағишладилар, инсонни ҳамма нарсадан устун қўйиб ўтдилар. Жаҳондаги ҳар бир мавжуд нарса инсон учун яратилган, негаки, Парвардигорнинг энг олий маҳсули – ИНСОНдир ғояси бутун ижодида бўй кўрсатиб турибди.
“Барча саволларга Навоий ижодида жавоб бор, ҳамма
муаммоларга ул Ҳазратнинг битикларида ечим бор!” – дея уқтирган эди кечмиш мутафаккирларимиздан бири. Бу – ниҳоятда ҳаққоний ҳамда билиб ва топиб айтилган гапдир!
Бердиёр Жумаев,
Қозоғистон.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.