“Ҳар қандай давлат бамисоли мўъжаз соатга ўхшайди. Бирор қисми шикастланган соат таъмирга муҳтож. Қатағон йиллари кўплаб мурватларимиз ишдан чиқди. Натижада жамиятимиз соати вақтни нотўғри кўрсата бошлади…”ушбу иқтибос 23 йил муқаддам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 15.05.1992 йил сонида чоп этилган“Иқтисоднинг сирли дастаклари” сарлавҳали мақоламиздан олинган…
Мустабид даврдан мерос соатнинг матбуот аталмиш мурвати тузатилдими, ёки ҳануз моҳир соатсозга муҳтожми?! Барча муқаддас китобларда Аллоҳ таолло инсонни тўрт унсур: – сув, ҳаво, тупроқ ва нурдан яратганлиги айтилган. Ушбу тўрт унсурдан бири сал камайса, ё ортса вужудимизда мувозанат бузулиб, соғлиғимиз хатарда қолади. Бу ҳолатни таркибан жамиятга менгазасак, тўртинчи ҳокимият аталмиш матбуот бамисоли нур тимсоли. Сўз эркинлиги танқислиги гўё, нур камайса соялар кўпайиб, сўнса борлиқ зулматга чулғонган каби.
Демократиянинг таъмали сўз эркинлиги. Матбуотнинг қуроли сўз. Айрим алломаларимиз, сўз эркинлиги дейишга ийманишиб, ҳануз: — биз ҳали демократияга тайёр эмасмиз., дейдилар. Бу гўё, ортиқча ёғду кўзимизни кўр қилиб қўяди., деган қўрқувда офтобнинг пилигини пасайтиришга урунишдек телбалик. Нур манбаи бўлмиш бобо Қуёш аслида, энг буюк демократ! У шоҳу гадо, зиндондаги маҳбусдан тортиб, кўчада ириб ётган итнинг ўлигига ҳам бирдай нур сочаверади. Агар, матбуотимизни ана шундай улуғ даражотлар мақоматида таҳлил этмоқчи бўлсак офтоб билан шамнинг фарқига бормайдиган ўсал ҳолига тушиб қолмаймизми?! Ҳақиқат офтобга ўхшайди, шу боис унга тик қараш қийин…
Жанг олди қуролини артиб, тозалаган ғалабадан умидвор аскар каби журналистнинг ҳам маҳорати ошгани сайин қалами ўткирлаша боради. Қуролни ташлаб жангоҳдан қочган жангчини командир отиб ташлайди, ё хоин сифатида трибуналга топширади. Бизнинг журналистларимиз орасида таъмагирлиги учун калтакланган, қамалган ёки хорижга қочганлари бўлса бордир, лекин бирор жиноий уюшмани фош этиб отилгани йўқ.
Матбуотимиз ўта шарқона, иболи, уятчан! Мақолалар (агар уларни мақола дейиш мумкин бўлса) хаспўшлашлар, доно ўгитлар, ҳадис иқтибосларига тўла. Жумлалар асосан гумон олмошларидан иборат. Аслида, оддийгина: — мумкинми.,деган сўзни ҳатто пичирлаб айтишга чўчийдиган журналистнинг на фақат газетада ишлаш, қалам тутишга маънавий ҳақи йўқ.
Чунки, журналист дегани ҳар қандай зулмга қарши қаламини қурол қилиб курашишга шай ўзига ўзи қўмондон жангчидир. У манқурт мамлук каби қиличини дуч келган кимсанинг бошини сапчадай узишга шай телба қиличвоз эмас, юксак онг, ҳуқуқий илм, диёнату – сиёсатдан бохабар юксак маданият соҳибидир.
Чинакам журналистнинг юраги қўрқувдан эмас, қўрқув балосини даф этаолмаганида, қон йиғлаган мазлум эли ёнида бел тураолмаганида оғрийди. Ўзини ўтга, чўғга уриб бўлсада фитналарни фош этиб, сўнгги нафасигача ҳақиқат учун курашади… Хўш, бизнинг шундай жасур, ўтнафас журналистларимиз борми?! Ушбу сатрларнинг ўқиётиб кўз олдингизда кимларнинг қиёфаси гавдаланмоқда…
Аскар жанг олди қуролини артиб, тозалаганидек, ҳақийқий журналистнинг ҳам маҳорати ошгани сайин қалами ўткирлаша боради. Қуролини ташлаб жангоҳдан қочган жангчини командир отиб ташлайди, ё хоин сифатида трибуналга топширади.
Таниқли журналист Нусрат Раҳмат: – ҳақийқий журналистга милтиқ ҳам, бомба ҳам керакмас, сўзининг ўзи бомба.,дейди. Яъни, чинакам журналист ўткир сўзи билан зулм ва хурофот этган ҳудудларни “бомбордимон” қилади. Устоз иқтибосига кўра мулоҳаза этадурғон бўлсак, ўтнафас журналист Исмат Хушевни мерган – снайперга қиёслаш мумкин. У ҳозир ҳам уммон орти, олис Канададан туриб хурофот ҳудудларини аниқ мўлжалга уриб турипти. Шу боис унинг “Дунё ўзбеклари” аталмиш тезкор нашри шоир Кенжабий таърифлаганидек энг кўп ўқилаётган, энг муҳими — миллат минбарига айланди!
Афсус, миллатимиз корига ярайдиган бундай журналистлар бармоқ билан санарлик. Депутатлик пайтими, ё ҳукумат билан аразлашганидан кейинми, хуллас демократ дўстимиз Карим Баҳри: – Сензорми – Сензўр., деган мақоласи, сўнгра сўз эркинлиги, цензура ва демократия мавзусидаги ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилган китоби билан машҳур бўлганди. Сўнг адоқсиз ҳасратвозлик жонига тегди чоғи., ўзиям мақолабозликни йиғиштириб шеърият баҳрига шўнғиб кетди.
Яхшиям, Президент ташаббуси билан Ўзбекистонда цензура расман бекор бўлди! Лекин, қафасдан қутулгач: — бу осмон деганлари жудаа кенг экан, тағин адашиб кетмайлик., деб қафасга қайтишни маъқул кўрган маъсума қушчаларга ўхшаб журналистларимиз бироз шошиб, ҳатто довдираб қолдилар. Аслида, қувонишга жиндай шошилган эканмиз, “цензор” деганлари йўқ бўлмаган, у қурғур ҳар бир жўрналист, ҳар бир муҳаррирнинг миясига ўз манфур уруғини қадашга улгурган экан.
Мустақил фикрлаш мурвати хаста муҳаррир энди ҳамма нарсадан шубҳаланиб, ҳадиксираб ҳансирайди. Тайёр топшириққа ўрганган муҳаррирларнинг ялқов миячалари бамисоли унумдор ерлар каби “цензор личинка”ларини аллалаб улғайтирмоқда. Ахир, мамлакат раҳбари: — ҳар бир муҳаррирнинг миячасини очиб, цензура деган ўсимтачасини олиб ташланглар., дея жарроҳларга фармон бераолмайдику?!
Ана шу ҳадик ва қўрқув асоратлари боис тўртинчи ҳокимият шунқорлари “шудгор” қилиши лозим бўлган минглаб мавзу майдонларини шўр босиб кетди…
Матбуот, ахборотлаштириш, ахборот олиш кафолатлари., ҳақида жаҳон андозаларига мусаллам қонунларимиз бор. Лекин, бу қонунлар муҳофзасида қалам тебратадиган журналист анқонинг уруғи. Дейлик, Сиз бир нашр муҳарририсиз. Қонун қабул қилингач, унга риоя этмаслик, қонунчиликга итоатсизлик эканлигини яхши биласиз.
Чорасиз содда фуқоро туни билан ухламай, дардини достон қилиб таҳририятга шикоят ёзади. Сиз бўлсангиз, журналистик текширув ўтказмасдан, тўртинчи ҳокимият мададидан умидвор жабрдийданинг шикоятини унга ситам ўтказган жиноий гуруҳ раҳбарига юборасиз. Раҳбар эса шикоятни худди ўша зўравонга топширади…
Шўрлик фуқоро энди додини кимга айтсин?! Сиз унинг энг сўнгги умидини кунфаякун этиш баробарида Жиноят кодексида қайд этилган: – жиноят ҳақида хабар бермаслик, жиноятни била туриб яшириш., мансаб ваколатини суистеъмол этиш.,каби туркум жиноятларни манфаатдор бўлган ҳолда содир этдингиз. Ахир, бу хоинлик эмасми?! Шу инсофданми, муҳтарам мухбирбоши?!
Эркин бозор иқтисодиёти талабига кўра газета сотилмаса муассис зарар кўради. Шу ўринда адашдим чоғи… Газета зарар кўрмайди., дейди муғомбир муҳаррир хотиржам. Чунки, унинг ўзига мос йўли бор. Пахта мавсумида тер тўкиб меҳнат қилган пахтакор каби каби, обуна мавсумида ғайрат қилган муҳаррир ҳам қаҳрамон. Ўзига хослик шулки, газета муҳаррири вилоятлардаги (аслида мамлакатдаги) камчиликлардан кўз юмади. Ол тавоғу – бер тавоқ…
Вилоят раҳбарлари, прокурор, туман ҳокимлари эса, бу суллоҳона сўқирлик эвазига обунани ташкил қилиб беради. Учар тадқиқотчилар: — бундай уддабурон муҳаррирга ҳайкал қўйиш керак., деб аюҳаннос солсаларда, бунинг иложи йўқ. Биринчидан: – тирик одамга ҳайкал қўйиш ноқулай, иккинчидан: — шунча ҳайкални қаёққа сиғдирамиз., деган муаммо ҳам йўқ эмас. Шу боис, ноилож олтин қаламлару, озгина ақчали мукофотлар ила чекланамиз…
Халқимиз суюб ўқийдиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деган газетага бир улуғ шоир тавсияси билан ҳамюрти бош муҳаррир бўлганди. Умр бўйи орзу қилган муроди ҳосил бўлган кекса жўрналист ана шу машҳур газетани бир йилга етказмай, ҳеч ким ўқимайдиган туман газетасидан ҳам паст савияга туширишга муваффақ бўлди! Энди уни яна кўтаришга бутун бошли ёзувчилар армияси ҳам ожиз…
Хуллас, мухлислар талашиб ўқийдиган донгдор газета вилоят раҳбарлари кўмагида зўрлаб обуна этиладиган нашрлар сафидан жой олди. Барибир қойил қолиш керак. Ҳеч ким ўқимайдиган шунча гапни қаердан ўйлаб топаркин бу зот?! Чидаса бўлар, ҳар ҳолда газетанинг номи омон қолдику! Лекин, ул зот яна бир савобли ишга қўл уриб Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг “Ёзувчи” газетасига ҳам ҳаммуҳаррир бўлиб, бир – иккита ҳамюртларнинг асарларини чоп этиб, муроди ҳосил бўлгач нашрни таг – туги билан тугатиб бердилар. Таълим берган устозингга салламно!
Яхши ниятлар билан ташкил этилган мустақил “Ҳуррият” газетасининг ҳам аҳволи шундай. Ҳадиквоз муҳаррирлар туфайли “шаҳид” кетган ўнларча нашрларни мисол келтириш мумкин. Бу гўё, марҳумларни эсга олишга ўхшаш ғалати кайфият пайдо қилади. Чунки, марҳумни жойига қўйгач, сўрайдилар: — эй, биродарлар фалонча қандай одам эди?! Яхши эдилар., дейди оломон жўр овоз билан. Биз ҳам фалон газета қандай нашр эди., деб сўраймиз. Марҳумни ким ўлдирди деб сўраш ножоиз, мабодо унинг бировдан қарзи бўлса айтсин., деб айтиш ҳам ноқулай. Йўқ, марҳум бепушт бўлмаган, у шўрлик шунчаки обуна билан оввора бўлиб чимилдиқ кўришга улгурмасдан оламдан ўтганлар…
Адлия вазирлиги нашри бўлган “Инсон ва қонун” газетаси ҳуқуқий мавзуда танқидий мақола чоп этмаслиги билан довруқ қозонган. Бош муҳаррир жаноблари ҳатто ўз ходими тайёрлаган мақолани чоп этишдан олдин: – мухбиримиз Қурбон Эшмат журналистик суриштирув ўтказиб, тайёрлаган “Айблов” сарлавҳали мақолани юборар эканмиз, унда кўтарилган масалага Бош прокуратура мутахасислари қонуний баҳо бериб, ўз муносабатларини билдиришларига ишонамиз., деган нома ёзиб мухбир танқид остига олган, жиноят фош этилмаслигидан манфаатдор прокурордан мақолага цензорлик қилишни ўтиниб сўрайди?!
Ушбу ҳол Ўзбекистон Республикаси констититуциясининг 67-моддасидаги: — Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди., Цензурага йўл қўйилмайди., дейилган қомусий талаб асосида таҳлил этилса: — Оммавий ахборот воситаси бўлмиш “Инсон ва қонун” газетаси эркин., лекин бош муҳаррири эрксиз бўлса, у бечора ўзи эркин бўлмай туриб эркин оммавий ахборот воситасини қандай қилиб қонунга мувофиқ бошқаради., конституцияда цензурага йўл қўйилмайди., дейилган бўлсаю, айнан шу конституцон талабни бузиб, ҳатто ўзи ашаддий цензорга айланган бош муҳаррир констититуцияни бузганлиги учун жавобгар бўладими., деган саволлар болалаб ёқангиздан олади.
Биз бир-биримизни шарафлашга берилиб, газета аслида ҳар куни чоп этилиб (айрим “қолоқ” давлатларда баъзи газеталар бир кунда икки марта чоп этилади, тонгги ва кечки) зудтар тарқаладиган оммавий ахборот воситаси эканлигини батамом унутиб қўйганимизга ҳам анча бўлди. Газеталар бизга етиб келганида, ахборотлар эскириб кераксиз макалатурага айланган бўлади.
Ҳафтада бир, ўн беш кун ё ойда бир чиқадиган нашрларни газета дейиш мумкинми?! Мудофа вазирлигининг “Ватанпарвар” ҳафталик газетаси бошидан охиригача рангли, шу 24 – бетлик жўрнал – газета ижодий жамоаси бош муҳаррирдан тортиб, ходимларигача ҳарбийлар. Шиори: — Ватан туйғуси – муқаддас бурч! Газетадаги ўзбекча ва русча матлар кирилча, лотинча яъни шўравий байналминал алфозда. Бир неча сонини қайта – қайта ўқиб ҳеч нарса эсимда қолмади. Ҳеч кимнинг эсида қолмайдиган турли хабарлар билан 24 саҳифани тўлдириш ҳам жасорат! Газета десак ҳафтада бир чиқади, журнал десак, шаклан газета.
Хуллас, омухта! Мавзулар ҳам олға, долға, болға…
Кроссоврд ечишга уста аскарлар севимли газеталарини бир ҳафта кутиб, роса диққинафас бўлса керак. Тиражи 41050 дона “Ватанпарвар” учун бир йилда неча тонна қоғоз зарур. Газетхонларнинг неча тонна маънавий озуқ олганларини ўлчайдиган тарози ҳатто Хитойда ҳам йўқ. Лекин, бизнинг тўғрисўз Насридин бобомиз ҳамиша тарозига таяниб иш кўргани учун хўжа деган рутбага сазовор бўлганлар.
Насриддин Афанди бир куни ярим кило гўшт олиб келиб: – кечга чучвара қилиб қўй., деб хотинига тайинлаб, деб ишга кетибди. Нафси юҳо хотин гўштни қовуриб паққос еб қўйипти. Ишдан қайтган Афанди: — қани чучварани келтир.,деса, хотини: — овқат йўқ, гўштни мушук еб қўйипти деб., мушукка туҳмат қилипти. Иттифақо, шу пайт кириб келган мушукни тутиб тарозига қўйса, роппа роса ярим кило чиққач, Афанди: — эй, хотин бу мушук бўлса, гўшт қани., агар бу гўшт бўлса мушук қани., деган эканлар… Бизким, Хўжа Насриддин авлодлари ҳам анойи эмасмиз. Агар, бу газит бўлса жўрнални не деб атаймиз?! Агар, бу жўрнал бўлса., хуллас мушук қани?!
Муҳими, оммавий нашрлар рўйхатдан ўтаётганда: — нашрингиз газетами ё, журнал бўладими., деган масала қонуний ҳал этилмаса яна: — қўйингиз совлиқми ё, қўчқормиди., қабилидаги омухтачилик давом этаверади.
Яна бир муаммо, янги фарзанд кўрган оталардек, нашр таъсисчилари ҳам яхши ном ахтаради. Бу ном рўйхатдан ўтгач, нашр ёпилсада бошқага берилмайди. Ўзингиз тасаввур қилинг, барча яхши номларни олган газеталар бир икки йилда ёпилиб кетаверса, янги ноширлар дуруст ном ахтариб сарсон бўлмайдиларми?!
Шу танқислик ўлароқ “7Х7”каби алмойи – жалмойи супер номлар пайдо бўлмоқда…
Номларни қўйинг, шиори ҳам шубҳалик. Худди ўчакишгандек, деярлик барчаси адолат ҳақида. Шиорлар нечоғлик сержило бўлмасин, у чекловдан ўзга ҳеч нарса эмас. Қизил майдонидан тортиб то чўчқахоналаригача Лениннинг доно сўзлари битилган СССР давлатини гўзал шиорлар инқироздан қутқараолмадику?! Матбуот – ойна., дейдилар. Кўзгунинг тепасига афтинг қийшиқлар ўпкаламасин., деб ёзиб қўйсангиз ҳам асл моҳият ўзгармайди. Ҳар куни почтасига фуқороларнинг арзу – доди дўлдай ёғилаётган, шиори: — куч адолатдир., бўлган газета лоаққал йилда битта танқидий мақола чоп этаолмаслигининг ўзи адолатсизлик эмасми?!
Сариқ матбуотни қўятуринг, расмий ҳукумат нашрлари ҳам ҳар хил ривояту, амру маъруфларга тўла. Гўё, бутун бошли катта мамлакатда бошқа муаммо йўқдай?! Ахир, газета ҳадислар солномаси эмаску. Кўпчилик матнлар таҳрирсиз. Имло хатоларига тўла айрим хабар ва мақолаларнинг ярмини қисқартирсангиз ҳам мазмунига заррача путур етмайди. Ахир, бу маҳорот эмасми?!
Оммабоп газитларимиз ишқий олди – қочди саргузаштларга аксар хориж гўзалларнинг суратлари билан зеб берадилар. Ўз юртида катта обрў, шон – шуҳрат соҳибаси бўлган ўша актриса тасоддифан “Даракчи” ё “Ҳордиқ” газетасида суратини кўриб, миллион доллар тавон талаб қилса нима бўлади?! Бу масаланинг ҳуқуқий томони. Ҳатто, баъзи номдор саргузашт асар ижодкорлари ҳам процессуал қонунлардан бехабар. Жиноий ҳаракат, жиноий мафия ҳақида даҳшатли сюжетларни тўқишади-ю., тергов жараёнлари бошлангач, юридик чалкашлик бошланади.
Яъни, қонун талабига кўра прокурор шуғулланиши лозим бўлган ишни милиция терговчиси олиб боради, ёки аксинча. Ахир, бадиий асар, эртак эмаску!? Қолаверса, адабиётда жанр деган гаплар бор. Таниқли журналист Шароф Убайдуллаев куйиниб айтганларидек, тергов дарожотидаги журналистик текширув деган., деган жумлалар ҳам архаик иборалар сандиғида қолиб кетди. Ҳимояга муҳтож ҳимоячидек, ўз ҳуқуқини билмайдиган журналист бошқаларни қандай ҳимоя қилиши мумкин…
Бир марказий газета муҳаррири пахта даласи четларига сабзи пиёз экиб, катта мувафақиятга эришган фермерни шарафлаб шундай мақола ёздики, гўё золим шўролар давлати деҳқонга ҳатто шу имконни бермаган ва истиқлол шарофати боис у пахта майдони атрофига гир айлана томорқа қилишдек бахтга мушарраф бўлган эмиш. Бу муҳаррир на фақат қонун., оддий агротехника, мелиорация талабларидан бехабар. Муҳтарам муҳаррир, пахта экини, “болалик” чоғида ғўза бўлади. Уни суғоришнинг асрлар мобайнида шаклланган илмий меъёрлари бор.
Сизнинг тадбиркорингиз юқори ҳосил олиш учун сабзига тинимсиз сув берса, унга туташ ерлардаги ғўзалар шоналаб, тошдай қотади. Бунга оддий бригадир ҳам рухсат бермасди ўша мустабид шўро даврида! Буни англаш учун лоаққал Тоғай Муроднинг“Отамдан қолган далалар” асарини варақлаб кўрсангиз фойдадан холи бўлмасди… Сиз эса газетангиз орқали бу аянчли тажрибани бутун республикага ёйишни тарғиб қилиб шуҳратингизга шуҳрат қўшилди. Энг улуғ, энг азиз., танловида айни мақолангизга берилган мукофот билан қутлашни унутибмиз, узр эй, донишманд муҳаррир!
Матбуот, газета., деганлари аслида халқ минбари! Шу боис яхши ниятлар ила уларнинг номини “ХАЛҚ СЎЗИ”, “ЎЗБЕКИСТОН ОВОЗИ” , “ҲУРРИЯТ” деб атаганлар. Лекин, жарангдор номнинг ўзи кам, уни оқлаш ҳам керак! Ахир, халқ сўзи – халқ минбари дегани эмасми?
Сўнгги пайтларда ўқилабериб саҳифалари сарғайиб, титилиб кетган газеталар йўқолиб қолди. Одамлар газит ўқимай қўйди деган гаплар ёлғон. Шўрлик халқ йўқ нарсани қандай ўқисин?! “ДАРАКЧИ” газетаси бир неча кун чиқмай қолганди, одамлар излаб қолишди. Демак, ўрни бор эканда!
Айрим, сариқ, пистоқи олди – қочди газитларни уйда қолдирсак, болалар ўқиб қўймасин., деган хавотирда хотинга қўнғироқ қилиб огоҳлантирамиз. Газит деганлари синмайди, букланади. Ҳар қандай газетани қўрқоқ муҳаррир ва ёмон мақолалар синдиради!
Деярлик барча вазирликлар, маъсулияти чекланган, чекланмаган катта кичик корхоналарнинг ўз нашрлари, нашрларнинг қошида яна “болача”лари бор. Бир томондан гўё, бу жуда яхши бизнес. Иккинчи томондан эса., иккинчи, учинчи томонларни қўяберинг эй, қаламкаш дўстларим: — ҳар куни гектар – гектар ўрмонлар ёнмоқда!
Бутун мамлакат бўйлаб бекордан бекорга, бир чойдиш сувни илитмасдан ўрмонлар ёнмоқда, тутаб ёнмоқда… Биз эса, танловлар ўтказиб, ўрмонга ким кўпроқ ўт қўйса, ўшанга мукофот бериш билан машғулмиз. Хуллас мушук қани., эй ўткир, ўтмас акалар!