Исмат ХУШЕВ: БИРИНЧИ ВА ОХИРГИ ЖАНГЧИ (2-КИТОБ, 39-БОБ) Якуний қисм
Исмат Хушев
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
Иккинчи китоб. 39-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Муҳаммад Солиҳ рафиқаси Ойдин Солиҳ билан Қора денгиз соҳилида, 2013 йил.
БИРИНЧИ ВА ОХИРГИ ЖАНГЧИ
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий портретига чизгилар
1.
…Ўзбекистонда бир шоир йигит бор эди. Ўзини яхши танирдим-у, лекин ёзганларини яхши тушунмасдим. Юртнинг илғор фикрли кишилари, адабиёт билимдонлари унинг ғарб услубида ёзилган бу шеърлари мавжуд тоталитар тузумга қарши исён эканини урғулашарди…
Муҳамад Солиҳнинг Ўзбекистонда чиққан энг сўнгги китобининг номи “Орзу фуқароси”.
Бу китоб шу сатрлар билан битади:
“Мен бу ерлик эмасман асли,
Мен Орзунинг фуқаросиман”.
Яъни Муҳаммад Солиҳ Совет давридаги режимга БЕГОНАлик руҳида тарбияланган, Ўзбекистон учун типик бўлмаган бир авлод вакилидир.
Россия ва Болтиқ бўйи жумҳурятларига нисбатан Ўзбекистонда диссидентлик ҳаракати йўқ эди.
70- йилларда Туркистон диссидентлигининг илк “намуналари” сифатида жадид шоир Абдулҳамид Чўлпон ва Фитратларнинг қўлёзмаларида тарбияланган бир авлод пайдо бўлди.
Муҳаммад Солиҳ шу авлод тамсилчиси эди.
Зеҳниятан, Солиҳ ўз даврига Бегона, ўз ватанида бир Келгинди эди. Унинг ҳеч қачон комммунист бўлаолмаганига сабаб ҳам ўша Бегоналик эди.
Бу хусусият унинг “Йўлнома” китобида муаллиф тарафидан ғалати бир услубда фош этилганини кўрамиз.
Муҳаммад Солиҳнинг бу характери унинг сиёсий фаолиятида ҳам давом этди ва этаяпти. У ўз халкини озод кўришни истаган бир хаёлпараст, бир идеалист ўларок ҳали ҳам курашдан тўхтагани йўқ.
Том маънода Орзу фуқароси яъни…
Оғзинг қулоғингда, — Нимани эшитди ўзи қулоғинг? Кайфиятинг яхши, Жўнбушдасан қандай хабардан? Қачон? Қай мaҳал? Эрталаб? Тонг пайтида? Қайси соатнинг, Қайси лаҳзасида? Қайси радио? Қайси халқнинг? Қанақа Эркка Эришганин эълон қилажак? Оғзинг қулоғингда, Кайфиятинг баланд – Биз ҳам воқиф бўлайлик сирдан, Тонггача ухламай юрайлик биз ҳам.
1983.
Бу шеър 1983 йилда ёзилган ва унда бир халкнинг озодликка эришгани ҳақдаги Орзу тасвирланган.
Тасаввур қилинг, бу сатрлар ўша пайтларда Совет матбаасида чоп этилган!
Дарҳақиқат, бугуннинг минбаридан қаралганда, қуйидаги сатрлар ҳам Совет тузумида ёзилиши мумкину, босилиши мумкин бўлмаган сатрлар эди:
БАҲОР
(ёки мустақиллик ҳақда орзулар)
Қуш билан одамнинг манфаатлари
Ҳаливери дуч келиб қолмайди.
Ҳозирча дарахтда ухламас одам,
Кун кечирмас қурт-қумурсқа еб.
Ёки бирорта қуш дўкон олдида
Навбатда турмайди мен билан.
Ҳатто энг рашкчи эркак ҳам
Қушдан рашк қилмайди ўз хотинини.
Шунинг учунмикан, баҳор айёми
Қушлар ёт тилларда қўшиқлар айтиб,
Эгаллаб олганда Ўзбекистонни
Қувончга тўламиз, хафа бўлмаймиз.
(1979 йил)
Бу шеър русларнинг Ўрта Осиё ишғоли ҳақдаги метафора, рамздир. Фақат совет даври нашрларида сарлавҳа тагидаги “ёки мустақиллик ҳақда орзулар” деган изоҳ йўқ эди.
Ёки мана бу шеър:
“Фақат Oктябрга эмас,
Сенга-да шараф-шон бўлсин, қор!…”
(1978),
деб бошлайди бу шеърини Муҳаммад Солиҳ ва Совет диёрининг ҳар кўчасида осиғлик “Октябрга шон-шарафлар!” деган шиорнинг устидан кулади.
Рамз, ташбеҳ Муҳаммад Солиҳ учун сиёсий қарашларини чиройли шаклда ўртиш (ўраш) учун бир гўзал ниқоб эди. У бу услубини насрий асарларида ҳам давом эттирди.
Унинг “Адашган ҳайкаллар” деб номланган эссеси Русларни Тошкентдан кетиши – рус мустамлакасининг тугаши ҳақдаги гўзал бир бир орзудан бошқа нарса эмас эди.
Бу эссени тўла келтираман:
1. “АДАШГАН ҲАЙКАЛЛАР
Улар навбатда туришибди. Нон дўкони олдида турган одамлардай, қаторлашиб туришибди улар. Ҳар бирининг қўлида ўз юраги. Ойлаб, йиллаб тураверади. Ёмғир, қор остиди тураверади.
— Мен шу ерликман, ўтказиб юборинг, – демайди ҳеч ким.
— Мен пенсионерман, ўтказиб юборинг, – деб бирортаси айтмайди.
— Мен фалон урушда қатнашдим, – деб ҳеч ким миқ этмайди.
Уларнинг ичида имтиёзлилар йўқ. Салла ўрагани ҳам, фрак кийгани ҳам индамай тураверади.
Бу ҳолат бир қарашда лоқайдлик бўлиб кўриниши мумкин, аммо уларнинг қиёфасига диққат қилган киши бир нарсани пайқайди: ҳайкаллар бири иккинчисини таниш учун қаттиқ тиришаяпти – саллали шоир пешонасини тириштириб, “буни қаерда кўрувдим-а”, дегандай фрак кийган шоирга, фракли шоир эса, унга тикилади.
Ҳайкаллар навбатда туришибди, аммо нима учун турганини ҳаммаси ёдидан чиқарган: ҳаммасининг диққати бир нарсага – бир-бирини таниб олишга қаратилган…
Чиндан ҳам, жуда кўп ҳайкалларимиз қаерга ва нима учун келиб қолганлигини билишмайди. Кимдир уларни боладай етаклаб келади-да, “мана шу ерда туринг, мен ҳозир қайтиб келаман”, деганича ғойиб бўлади… ва ҳеч қачон қайтиб келмайди. Ҳайкал бўлса, бу ерда мусофир – ёнидаги одамни таний олмай сарсон – тураверади.
Кези келганда шуни айтиш керак-ки, омадли ҳайкаллар хиёбонда ёлғиз ўзи туради. Ҳа турмушдаги ажиб фалсафа ҳайкаллар ўртасида ҳам расм: буюк одам – доим танҳодир.
Ҳатто ҳайкалларнинг навбатда турганларидан фарқли, у ўзининг қаерда – ватанидами ё хориждами эканлиги билан қизиқмай, бемалол хаёлга шўнғий олади, бунинг устига, танҳо ҳайкалнинг қўлида бирорта китоб бўлиши муқаррар – шуни ўқиб вақт ўтказади, ҳеч бўлмаганда.
-
ТАНҲОЛАР
Байроннинг мухлиси бу хиёбондан ўтса, доим хафа бўлади: нега бу ерда Байрон эмас, Пушкин турибди?
— Негак-ки… – деб жавоб бермоқчи бўласиз-у, ўзингиз ҳам билмайсиз, негалигини. Узоқ билмай турасиз.
— Мен Пушкин мухлиси бўлганим учун! – деб фахр аралаш ҳазил қиласиз, лекин дўстингизнинг бошқа шоирга муҳаббатини ҳақорат қилишдан қўрқиб, алдашда давом этасиз: “Пушкин Ўзбекистонни севгани учун. Пушкин Дантес дуэлининг сабабини биласизми? Сабаби бир – Ўзбекистон”.
Байроннинг мухлиси сизга телба одамга қарагандай қарайди, юзингиздаги жиддийликни кўриб, эсанкирай бошлайди.
Эсанкирайверсин.
Сизга бунинг алоқаси йўқ. Сиз Пушкинни севасиз ва унинг нега айнан шу ерда турганлигини оқлаш учун ҳар қандай ёлғонга тайёрсиз.
Буюк шоирни қуршаган тошкентлик канизак дарахтлар эса, оҳиста қўшиқ айтадилар. Одатда, Шарқ одамлари қўшиқ тинглаётиб, беихтиёр оҳангга мос бош тебрата бошлайдилар. Афсуски, бу иш ҳайкалларнинг қўлидан келмайди.
Айниқса, Пушкиннинг.
Чунки, Оврупода бош тебратишмайди. Овруполиклар ҳар қандай оҳангга оёғи билан жўр бўлишади. Пушкин хиёбонидан ўтаётган ҳар бир йўловчи шоирнинг жим депсиниб, нотаниш халқ музикасини бутун бронза вужуди билан тинглаётганига гувоҳ бўлади …
Мана бу хиёбонда эса, иккинчи бир буюк сиймо турибди.
Бу ёзувчига қўйилган ҳайкаллар дунёнинг ҳамма бурчагида бўлса керак. Лондоннинг қайси кўчасига қўйилган экан унинг ҳайкали? Парижнинг қайси булварига?
Ҳар ҳолда, у Тошкентнинг энг гўзал чорраҳасида турибди.
Унинг ёнидан ўтсангиз, сизга меҳри ийиб кетади, буюк пролетар ёзувчисининг сизга ўхшаган оддий одамларни қанчалик севганини яхши билганингиз учун, унга биродарларча таъзим қиласиз, салом берасиз:
— Қайси шамол учирди бу ёқларга, Алексей Максимович?!
Албатта, у ҳайкал сизга қайрилиб ҳам қарамайди. Биринчидан, ҳайкалларнинг бўйни жуда қаттиқ – қайрилиш учун уларга камида юз йил вақт керак. Иккинчидан, саволингиз ниҳоятда бачкана: сиз ва бизни учирган оддий шамол ҳайкалларни учиролмайди. Уларни жуда катта ижтимоий воқеалар, лоақал, инқилоб бўрони учириши мумкин.
Айниқса, Тошкентдай узоқ шаҳарга.
-
МАЖЛИС
Агар ҳайкалтарош узоқни кўра оладиган санъаткор бўлса, унинг яратган ҳайкаллари ҳам узоқ-узоқларга қраб туради. Борди-ю, ҳайкалтарош ҳаракатчан, курашчан бўлса, у асарини ўзи севган таҳайюлда – ҳаракат жараёнида тасвирлайди.
“Бўрон қуши ҳақида қўшиқ” муаллифи буюк Горкий ҳайкали худди шундай ҳаракат қуюнида кўрсатилган.
Агар ҳайкалдаги бу шиддат самимий бўлса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, Алексей Максимович бир куни ўзининг қироллик супасидан шарт тушади-да, чорраҳани кесиб ўтади ва телефон буткасига боради.
Баҳайбат Горкий бу катакка сиғармиди. У қўлини жаҳл билан силтаб, изига қайтади ва катта йўлга тушади, йўловчилар, ҳайдовчилар, ойнабанд дўкондаги сотувчилар-у, сартарошхонадаги мижозларни ҳайратга солиб, тўғри Пушкиннинг ёнига келади.
Бир ерда туравериб чарчаган одамнинг ортиқча илтифотга унча хуши бўлмайди, шунинг учун ҳам Горкий хаёлга чўмган Александр Сергеевичга имилламай қўл чўзади:
— Танишайлик, пролетар ёзувчиси Горкий.
Пушкин “пролетар”, “Горкий” сўзларини унча тушунмаганиданми, ёки ҳали ҳам хаёл сураётганиданми, бир зум паришон туради, кейин ҳаракатга келиб, тагкурсидан сакраб ерга тушади:
— Танишганимдан ғоят хурсандман. Лекин кечирасиз, айтинг-чи, мен ўзи қаердаман?
— Бунинг аҳамияти йўқ, азизим Александ Сергеевич, – дейди Горкий бироз вазмин, бироз асабий, – ҳар ҳолда, биз Русияда эмасмиз, аниқроқ айтганда, сиз мен турган мамлакатдасиз.
Буюк Пушкин киноясимон ҳазилни тез тушунади ва шунга мос жумла тузади:
— Биласизми, мен оқ қайинларни жуда соғиндим. Ҳозир бирдан соғиниб кетдим. Кетмаймизми, а?
Горкий фақат қайинларни эмас, азим дарё Волгани, Нижний Новгородни, қадрдони Владимир Илични соғинганини тўкиб солмоқчи бўлади-ю, аммо реалистнинг вазминлиги бунга йўл қўймайди.
— Мен боя Московга қўнғироқ қилмоқчи эдим, бўлмади. Энди ўзимиз бир илож қилиб жўнашимиз керак. Фақат, азизим Александр Сергеевич, сиз атрофингизга қараб, жуда ҳайрон бўлаверманг – мен йўл-йўлакай тушунтириб бераман, сизга. Ҳозир муҳими – Русияга жўнашимиз керак.
Қарабсиз-ки, бу икки сиймо эрталабки учоққа чипта олишади.
Икковлон учоқда суҳбатлашиб борар экан, Алексей Максимович кутилмаганда ўрнидан туриб кетди.
— Шўрим қурсин, Александ Сергеевич, таёғимни унутиб қолдирибман!
-Ҳечқиси йўқ, жаноб Горкий, Московдан хабар қилиб олдирамиз таёғингизни.
Алексей Максимович “жаноб” сўзининг ҳақорат эканлигини йўлдошига тушунтирмоқчи бўлади-ю, аммо унинг хаёлини севимли таёғи банд қилганидан, қўлларини ёзганча туриб қолади.
— Азизим, хабар қиламиз, лекин қаерга хабар қиламиз – биз учган шаҳарнинг номини билмаймиз-ку…
Шундай қилиб, агар ҳайкаллардаги шиддат ёлғон бўлмаса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, улар ўзлари турган супадан бир куни, шубҳасиз, тушади ва хоҳлаган томонга равона бўлади.
Биз – улуғ сиймоларнинг мухлислари – улар унутиб қолдирган машҳур таёқ учун янги музей очамиз.
1979″
2.
Мамлакатда қайта қуриш ва ошкоралик бошланган кезлар Ўзбекистондаги демократик кайфиятдаги ҳур фикрли ёшлар аллақачон Муҳаммад Солиҳ атрофида тўпланиб улгуришган эди.
Порахўрлик, пахта яккаҳокимлиги, Орол фожеаси ва икки тиллиликка қарши кураш каби сиёсий шиорлар атрофида бирлашган илк норасмий гуруҳларнинг ташкил этилиши ҳам бевосита унинг номи билан боғлиқ.
Кейинчалик у Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган илк сиёсий партияларга асос солди. Шоирлигини ташлаб, сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлди.
Мустақиллик унинг якка-ю, ягона орзуси эди. Бу йўлда у ҳатто ўлимга боришга ҳам тайёр эди. Давр ва замон унинг елкасига ана шундай улуғ вазифани юклаган эди.
Афсуски, ўз Ватани озодлиги ва мустақиллиги учун курашган, унинг кучли ва ривожланган давлат сифатида шаклланишини орзу қилган бу йигит, алал-оқибат, таъқиб ва тазйиқлар боис хориж ва муҳожирликка юз тутди.
Не тонгки, бу халқпарвар йигит учун Ватан дарвозалари ёпиб қўйилди, у сиртдан ўн олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Хўш, нима гуноҳлари ва қайси хатолари учун у бундай кўргиликка дучор бўлди?
Ўзбекистон ҳукумати неча йиллардан бўён айтиб келаётган миллатчи, террорчи ва Ватан хоиними у ва ё ўзбек мухолифати ўзига раҳнамо деб билган озодлик ва демократия учун толмас курашчими?
Биз бугун ана шу саволларга баҳоли қудрат жавоб излашга ҳаракат қиламиз…
3.
“Мозийга қайтиб иш тутиш хайрлидир” деб ёзган эди бир пайтлар суюкли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ўзининг машҳур “Ўтган кунлар” номли тарихий романи муқаддимасида.
Биз ҳам ҳикоямизни анча олисдан – Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган қайта қуриш ва ошкоралик даври – тўқсонинчи йиллардан бошлашга қарор қилдик…
…1990 йил бошларида Ўзбекистонда бир гуруҳ ҳурфикр ва эрксевар ёшлар гуруҳи “Бирлик”дан кўнгли қолган Муҳаммад Солиҳ ташаббуси билан “Эрк” демократик партиясига асос солишади.
“Эндигина қаддини тиклаб келаётган ўзбек мухолифатининг юзига урилган бир тарсаки, умумий манфаатларига берилган кучли бир зарба!” дейишди бу бўлинишни Шукрилло билан Эркин Воҳидовлар ўша машҳур ва тарихий йиғилиш минбаридаги ўз нутқларида.
“Кейинчалик ўзбек мухолифатининг иккига бўлинишини бошлаб берган бу сиёсий воқеа Муҳаммад Солиҳнинг энг катта хатоларидан бири!” деб бонг урмоқда мухолифатнинг йигирма беш йилдан бўён хорижда яшаётган баъзи намоёндалари…
“Ўзбекистон раҳбарияти Муҳаммад Солиҳнинг бу “ташаббуси”ни ўзига хос услубда “рағбатлантирди. Унга Тошкентнинг Дархонидаги ёзувчиларга мўлжаллаб қурилган уйдан уч хонали иккита квартира тақдим этилди. Номзоди эса Тошкентнинг Профессорлар шаҳарчасидан Олий Кенгаш депутатлигига муносиб кўрилди ва у осонгина депутат этиб сайланди! У ўзбек мухолифатини иккига бўлган сотқин ва манфур бир зот!” деб аюҳаннос солмоқда айнан Солиҳнинг тавсияси билан «Бирлик» раиси этиб сайланган ва сиёсатга кириб келган Абдураҳим Пўлатов.
Тўғри, дастлаб у билан бирга ТошДУ ўқитувчиси Мухтор Шапсанов ва сиёсий арбоб Нуриддин Муҳиддиновлар номзоди ҳам депутатликка кўрсатилган эди.
Лекин улар раҳбарият тавсияси билан ўз номзодларини Муҳаммад Солиҳ фойдасига қайтариб олишади…
Шу тариқа Ислом Каримов эндигина ҳокимиятга келган даврда Муҳаммад Солиҳ олимлар шаҳарчасидан ҳеч бир қийнчиликсиз Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланади…
Бундан бир оз муқаддам эса, Рафиқ Нишонов даврида унинг номзоди СССР Халқ депутатлигига қўйилганида, республика раҳбариятининг қаттиқ қаршилиги боис мағлубиятга учраган эди.
Биз бу мавзуга ҳали қайтамиз.
Хўш, нима учун Ислом Каримов раҳбарликка келгач, Муҳаммад Солиҳ билан конструктив алоқа ўрнатиш йўлини танлади?
Нима учун гапга кирмас ўжар ва шаккок Муҳаммад Солиҳ ҳам Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилишга ихтиёр сезди?
Ростдан ҳам Муҳаммад Солиҳ ҳукумат билан келишиб, мухолифатни бўлдими? Ёки бу ерда бошқа гап борми?
Биринчидан, уларнинг иккаласи ҳам ўз характер ва ҳаракатига эга инсонлар эди.
Иккаласи ҳам шахс сифатида ҳам, арбоб сифатида ҳам мамлакатда танилган ва тан олинган кишилар бўлиб, бир бирини яхши тушунарди.
Шу маънода яхши тушунардики, Ислом Каримов бу олифта ва шоиртабиат йигит ёрдамида яқинда бўлажак сайловларни муқобиллик асосида ўтказиб, ғарб олдида ўзини демoкратик йўл билан сайланган раҳбар қилиб кўсатишни истарди. Чунки Муҳаммад Солиҳнинг чет элда ҳам обрў эътибори ниҳоятда кучли ва нуфузли эди.
Сайловлар тугандан кейин эса ҳали бурнига ип ўтказиб олиб, ҳар муқомга йўрғалатиб, сиёсат қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман деб ўйларди Президент…
Муҳаммад Солиҳ ҳам ўз ўрнида: “Президентга комфирқаликдан яна давлат раҳбарлигига ўтиб, лўттибозлик қилиш, одамларни лаққиллатиш ва энг муҳими мени сотиб олиш мумкин деб ўйлаш қандай оқибатлар олиб келишини кўрсатиб қўяман, ҳали”, деб умидли режалар тузарди…
Лекин И.Каримов кун ўтган сари сайлов назоратини қўлда тутиб туришнинг осон бўлмаслигини сеза бошлайди.
М.Солиҳнинг “Йўлнома” китобида айтишича, Ислом Абдуганиевич аввал Шахобиддин Зиёмов, кейин хоразмлик собиқ облисполком раиси Абдулла Искандаровни Солиҳга йўллаб, президентликдан номзодини қайтариб олишга ундаган.
Бу хусусда “Йўлнома” китобидан шу парчани эътиборингизга хавола қиламан:
“Ноябрда Олий Кенгашнинг Фавқулодда сессияси чақирилиб, декабр ойига Президентлик сайловлари белгиланди. Бизнинг гуруҳ сайловларни 1992 йилда ўтказилишини талаб қилди. Лекин Каримовнинг тазйиқи остида Кенгаш сайловларни 1991 йилнинг 29-декабрига тайинлади.
«Эрк» партияси сайловда қатнашиш қарорини аввалдан олганди. Фақат биз сайловларни 1992 йилга кўчиришга умид қилгандик, бўлмади.
Мен Олий Кенгашда «Эрк» партиясининг сайловларда қатнашиш қарорини эълон қилдим. Бу эълон ҳукуматга совуқ сув сепгандек таъсир қилди. Ўша куниёқ уйга одам юборишди. Ҳозирча партияни мустаҳкамлаб олиши кераклиги, бу қийин даврда ҳукуматга келиш обрўни тушириши муқаррар эканлиги ҳақида «фойдали маслаҳатлар» берилди. Бу одамнинг айтган гаплари, асосан, тўғри эди, аммо бу тўғри гапдан кўзланган ният -»Эрк» ташкилотини Каримовнинг қаршисига чиқармаслик эди. Мен бу одамга раҳмат айтдим, ташкилот сайловда қатнашиш қарорини олган, у билан маслаҳатлашай, балки қарорини ўзгартирар, дедим. Одам қувониб чиқиб кетди.
Эртасига саройдан, адабиётчилардан чиққан бир маслаҳатчи қўнғироқ қилиб:
— Тўғри қарор қабул қилибсизлар, – деди.
— Нима қарор, сайловда қатнашишми? – деб сўрадим.
— Йўқ, қатнашмаслик қарори, – деди маслаҳатчи, – кўрасиз, бунинг фойдаси кўп бўлади ҳали..!
— Номзодни рўйхатдан ўтказайлик, қайтиб олиш ҳақида гапириш ҳали эрта, – дедим маслаҳатчига.
— Сизни тушундим, – деди, севинч билан бечора.
Аммо у мени тушунмаганди. У менинг «қайтиб олиш ҳақида гапириш эрта» деганимни қайтиб олади, деб ўйлаганди. Агар бу тасодифий сўз тузилиши бўлмасайди, балки, менинг номзодим ҳеч қачон рўйхатга олинмасди. Албатта, «Эрк» партияси машру, расмий ташкилот эди, у сайловда қатнашиши учун тарафдорлар имзоси ҳам талаб қилинмасди, партия пленумида сайловга номзод кўрсатилса, бас, сайлов комиссияси бу номзодни регистрация қилишга, қонун бўйича мажбур эди. Аммо Ўзбекистонда қонун Президентнинг чўнтагида бўлгани учун, у истаган нарса қонуний, истамагани ноқонуний, деб топилаверарди. Демак, «Эрк»нинг сайловларда қатнашувини Президентга боғлиқ бўлган қонун билан эмас, ўз иродамизга боғлиқ тадбир билан кафолатлаб қўйишимиз керак эди. Ва биз буни кафолатладик. Энди Каримов то сайлов кунига қадар «Эрк» ўз номзодини эртага қайтариб олади, деб умид қилаверсин, дедик.
Албатта, «Эрк»чиларнинг энг хаёлпарасти ҳам сайловда ғалаба қиламиз, деган орзудан йироқ эди. Биринчидан, тарғибот учун ташкилотнинг пул-маблағи йўқди. Давлат ҳар бир номзодга ажратадиган маблағни бир баҳона топиб «Эрк»ка бермаслиги мумкин эди. Айнан шундай бўлди. Иккинчидан, овоз бериш қутиларини назорат қилишга «Эрк»чиларни йўлатмасликлари мумкин эди. Айнан шундай бўлди. Учинчидан, сайлов натижалари сохталаштирилиши мумкин эди, бу ҳам худди шундай бўлди.
Лекин биз сайловда қатнашишга қарорли эдик. Бутун бу бизнинг фойдамизга бўлмаган нарсалар ичида битта фойда бор эди. Сайлов бизга халқ билан юзма-юз учрашиш, унинг дардини тинглаб, бу асосда «чоралар программаси» тайёрлаш, айни пайтда партия ғояларини тарғиб этиб, унинг ижтимоий базасини кенгайтириш имконини яратарди.
Сайлов кампанияси бошланган бўлса-да, мен ўн кун давомида Тошкентдан чиқолмадим. Сайлов комиссияси менга ишончли вакил бўлган одамларни тасдиқламай, ўзининг илк тазйиқларини бошлаганди ва 10 куним ўшанақа бюрократик тўсиқлар билан «курашга» кетди.
Ниҳоят, кўрдим-ки, буларни енгиш қийин, ишончли вакиллардан воз кечиб, Самарқандга кетдим. Каримовнинг ватанидан бошладим «юриш»ни.
Вилоят театри залида сайловчилар билан учрашдим. Одамларнинг кайфияти яхши эди. Сўзлаган нутқим яхши акс-садо берди. Савол-жавоблар самимий бўлди. Мажлисни бошқараётган Самарқанд вилоят раҳбари ҳам ўзини вазмин тутди. Президентдан қўрқиб, мажлис руҳини ўзгартиришга ҳаракат қилмади. Бу ҳолат эсимда қолди, чунки, кейин ўтказилган барча учрашувларда вилоят раҳбарлари худди игна устида ўтиргандай ўтирдилар. Одамлар менинг деганларимга қарсак чаларкан, раҳбар шўрликлар қўлларини қаергадир яшириб, Президентга ўз садоқатини изҳор қилишга мажбур бўлгандилар. Учрашувларнинг бирортаси, қисқа хабарлар мустасно, на радио, на-да телевидениеда берилди. Зотан, учрашувлар ҳам вилоят марказларида бўлди, ярим-юмалоқ қилиб ўтказилди. Сал чеккароқда ташкил қилинганлари ҳокимият тарафидан зўрлаб тарқатиб юборилди. Ёки учрашув залларининг поли бўялиб, сайловчилар ичкарига қўйилмади. Ёки электрни ўчириб қўйдилар, сув бостирдилар, ремонт қилдилар. Ёки сайловчиларга Муҳаммад Солиҳ фалон жойда учрашув ўтказади, деб тўртта адрес беришди, бу тўртта адресга одамлар бориб, президентликка номзод келмагандан кейин, қарғаб-қарғаб тарқалдилар. Ишқилиб, қизиқ ҳангомалар бўлди бу сайловда.
Сайлов кампаниясининг ўрталарида Саройдан Шаҳобиддин Зиёмов келди. У билан суҳбатлашдик. Нияти маълум бўлди. Номзодимни қайтариб олиш учун илҳомлантирмоқчи, аммо очиқ таклиф қилишдан чўчийди. 12-декабрда президент бошчилигида 10 кишилик давлат аркони Туркияга кетаётибди, юқори савияда қабул бўлади, Ислом ака (Каримов) Сизни шу ҳайъатга ўн биринчи бўлиб қўшилишингизни истаяпти. Учоқда сайлов масаласида келишиб оласизлар, деди. Мен ўйлаб кўраман, дедим. Аммо Сарой шу қадар шошилган эди-ки, дипломатик паспортимга Москвадан виза қўйдириб, уйга ташлаб кетишибди.
11-декабр куни Зиёмов телефон қилиб, «Эртага кетаяпсиз, унутманг яна,» деб кулди. Мен «эртага кетмайман, чунки, ишим кўп экан,» дедим. Нима ишингиз бўлса, Оқсоқолга айтасиз, илтимос, бизни уялтирманг, деди Зиёмов. Мен қатъий бормаслигимни айтиб, уни уялтирадиган қилдим. Бошқа чора йўқ эди. Буёғига Саройни умидлантиришда давом этиш мумкин эмасди. Очиқ кураш, тенгсиз, аммо машру курашнинг пайти келганди. Энди Президент менинг номзодимни ҳеч бир баҳона билан рўйхатдан ўчира олмасди. Чунки, ўзи телевизорга чиқиб, алтернатив номзоднинг борлигини тан олган, уни «менинг рақибим,» дейиш ўрнига «менинг душманим» деб, ҳаммани лол қолдирганди. Ортиқ «Эрк» партиясининг ҳеч бир имконият ва тайёргарликсиз давлатнинг бутун моддий имкониятлари ва ташкилотларига ҳоким бўлган коммунистлар партиясига қарши майдон ўқиганини бутун дунё эшитганди. Бу ишни тўхтатиб бўлмасди. Қирқ кунлик сайлов кампаниясида менга бир марта телевидениеда чиқишга имкон бердилар. Ўнбеш дақиқа гапирдим. Унинг уч дақиқасини Президентга ҳақорат қилинган деб, қайчилашди. Лекин менинг кайфим чоғ эди. Коммунистик партиянинг ичи бўш, иродасиз бир маҳлуқ эканини кўргандим. Озгина имкон, озгина тайёргарлик ва озгина ғайрат билан бу маҳлуқнинг оёғини осмондан келтириш мумкинлигини кўргандим. Сайловдан олдин биринчи сабоқ шу бўлди.
Иккинчи сабоқ – биз ўз кучимизнинг нимада эканлигини ўргангандик. Бизнинг кучимиз тўғриликда, ҳалолликда ва биз ташиган ғояларнинг самимиятида эди. Бизнинг кучимиз анъанавий сиёсатни рад этиб, халқнинг дардлари билан чинакамига ўртоқлашганимизда эди. Бир сўз билан айтганда, бизнинг Кучимиз коммунистларга ўхшамаганимизда эди.
Сайловда 12.7 фойиз овоз олдим, бундан на хурсанд, на хафа бўлдим. Натижалар сохталаштирилганининг исботи сифатида йигитлар бир неча халта сохта бюллетенни халққа намойиш қилмоқчи эдилар, тўхтатдик. Чунки, сайловдан кейинги босқич ташкилот учун жуда муҳим эди. Сайлов халққа бизга нисбатан фавқулодда кучли таважжуҳ уйғотди, бу юксак тўлқинни қочирмаслигимиз шарт эди. Унинг устига миниб, денгизга томон очилишимиз зарур эди. Майда нарсаларга чалғимаслик керак эди. Ҳукуматнинг қўшимча ғазаби бизга қўшимча юк бўларди, холос. Ҳисобли ҳаракат қилишга мажбур эдик. Шу мулоҳаза билан сайловнинг сохталаштирилгани ҳақида кўп ҳам шовқин қилмадик. Сайловдан кейин сайловни кузатган сенатор Де Кенсини бошчилигидаги ҳайъат партия марказий биносига келиб, биз билан фикр алмашди… Уларнинг гап-сўзидан неокоммунистик Ўзбекистон учун шундай «сайлов» ҳам ёмон нарса эмас, қабилидаги қараш сезилиб турарди. Умуман, 1991 сайловларига барча Ғарб ўлкалари биз кутгандек талабчанлик билан ёндошмади. Энди мустақилликка эришган ўлка, дарров демократия талаб қилавермайлик, бир неча йилдан кейин, секин-аста демократлашар, деган умид билан шундай қилинди. Аммо бир неча йил ўтиб, аҳволнинг бешбаттар бўлишини, ҳокимиятини мустаҳкамлаган коммунист лидернинг аввал зоҳир бўлмаган атавистик майллари юз кўрсатиб, ўлка аҳолисини сталинча қатағонга дучор қилажагини ҳеч ким билмасди.”…..
(Муҳаммад Солиҳнинг «Йўлнома» китобидан)
4.
Муҳаммад Солиҳ “Эрк”ни тузмаса, Олий Кенгашга бўладиган сайловларда иштирок эта олмасди. Мамлакат ва жамиятдаги сиёсий вазият ҳам шуни тақозо этаётган эди.
Ислом Каримов ўзидан олдинги раҳбар Рафиқ Нишоновни жиддий қўрқитиб қўйган “Бирлик” билан ҳеч қачон муросага бора олмаслигини Муҳаммад Солиҳ аллақачон англаб етган эди. У нима қилиб бўлсада, янги тузилаётган Парламент сайловларида иштирок этиб, демократик йўл билан ҳокимиятга келишига умид қилаётганди.
Михаил Горбачев ҳокимиятга келиши асносида аввал Москвада, сўнг Болтиқ бўйи республикаларида эса бошлаган Эрк, Озодлик ва Ҳурриятнинг баҳорий эпкинлари унинг ана шундай умидли орзуларига қанот бағишлаётган эди.
Ажабки бу пайтда Ислом Каримов ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзига ишонган ва ўз йўлидан ҳеч қачон ва ҳеч қандай вазиятда ҳам қайтмайдиган иродаси ва дийдаси қаттиқ, ўжар ва энг муҳими истеъдодли сиёсатчилар бўлиб етишган эдилар…
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетгач, ўша тарихий воқеларни нотўғри талқин этиб, Муҳаммад Солиҳ ўзбек мухолифатини атай иккига бўлиб, “Эрк”ни тузди, сотқинлик қилди дейиш бу энди бориб турган калтабинлик, мунофиқлик ва гўлликдир!
Хўш, қайта қуриш ва ошкоралик насимлари биринчилардан бўлиб кириб борган Болтиқбўйи республикаларида биздаги каби ҳоллар бўлмадими? У ерларда ҳам мухолифатнинг битта эмас, бир нечта сиёсий партиялари тузилганини наҳот бугун Солиҳга тош отаётганлар билмаса?
Биз тўқсонинчи йиллар бошидаги мамлакат ва давлат ҳаётида муҳим из қолдирган бу муҳим сиёсий воқеа ҳодисалар таҳлилига ҳали бафуржа қайтамиз.
Лекин бир нарсани ҳозироқ айтмасак бўлмас: Муҳаммад Солиҳ сотилиш тугул, ҳеч қачон Ислом Каримовга ишонмаган ва унга ялтоқилик қилмаган. Бу унинг характерига ёт нарса!
Аксинча, Ислом ака уни кўп бор мулоқотга чорлаган ва бир неча маротаба сотиб олишга ҳаракат қилган.
Биз бу ҳақда, хусусан Президентнинг Ишлар Бошқармаси бошлиғи Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган бобларда қисман айтдик, яна айтамиз.
Лекин Муҳаммад Солиҳ, ажабки, сотилмаган. Катта-катта амал ва имтиёзларга учмаган.
Ислом акага ялтоқиликни биз қилдик, Солиҳ эмас. Биз сотилдик катта катта амал ва имтиёзларга, Солиҳ сотилмади.
Ана шундай кейингина унга ва унинг тарафдорларига нисбатан таъқиб ва тазйиқ давлат ва мамлакат миқёсида энг олий даражада амалга оширила бошланди.
Бу таъқиб йигирма беш йилдирки, бир дақиқа бўлса ҳам тўхтагани йўқ…
Биз бу воқеалар тафсилотига ҳам ҳали қайтамиз…
5.
1990 – йилларнинг бошида Олий Кенгаш сессияларининг бирида рўй берган воқеа ҳануз хаёлимдан нари кетмайди.
Ўшанда Муҳаммад Солиҳ сессияда сўзга чиқиб, ниманидир қаттиқ талаб қилади, лекин депутатлар қарсак чалиб, уни минбардан тушириб юборишади.
Танаффус пайтида Президиумда ўтирган Ислом ака Муҳаммад Солиҳни ёнига чақириб олади. Улар Президиумда ўтириб узоқ баҳc-мунозара қиладилар.
Нима ҳақда гаплашганлари бизга қоронғу. Шу қадар қизишиб кетишган эдики, ҳатто танаффус аллақачон тугаганини ҳам сезмай қолишади.
Депутатлар залга қайтдилар.
Ҳамманинг кўзи бир-бирига гап ўқтираётган Ислом ака билан Муҳаммад Солиҳга қадалди. Улар ҳали-вери баҳсдан бўшайдиганга ўхшамасди.
Солиҳ қўлларини пахса-пахса қилиб бир нималарни тушинтирмоқчи бўларди.
Ислом ака эса ундан қандай қилиб қутилишни билмай ноқулай бир ҳолга тушиб қолган эди.
Мен шунда парда орқасидан уларни бирпас кузатиб турдим. Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошев, унинг ўринбосарлари Бугров, Аширметов ва Халиловлар ҳам ёнимда эдилар.
Ислом ака биз томонга икки-уч марта қараб қўйди. У кишининг нигоҳларида: “қаердасизлар, келмайсизларми, бошламайсизларми?” деган маъно зуҳур эди.
Ислом аканинг нима демоқчи бўлганини мен сезиб турибман, лекин бошқалар ҳеч нарсани англамасдан, қоққан қозиқдек ғўддайиб туришарди.
Ислом аканинг “Мени бундан халос қилинглар!” демоқчи эканини бир қарашдаёқ сезиш мумкин эди.
Мен депутат эмасман, Олий Кенгашнинг масъул ходими ҳам эмасман, аммо ўзимни тутиб туролмадим. Беихтиёр саҳнанинг орқа томонидан Ислом аканинг ёнига бордим-да:
— Ислом ака, депутатлар кутиб қолишди, йиғилишни бошлаш керак! – дедим бир оз энгашиб.
Ислом ака худди шуни кутиб тургандек:
— Қани улар? Келишмайдими ахир! – деди жаҳл билан.
Шунда Муҳаммад Солиҳ менга бир ўқрайиб, нимадир деб тўнғиллади.
Ислом ака шартта ўрнидан туриб, Олий Кенгаш раҳбарларига қаради-ю, улар жадал келишиб ўз жойларини эгаллашди. Сессия бошланди.
Шундай қилиб мен Ислом акани Муҳаммад Солиҳнинг навбатдаги ҳамласидан халос этиб олган эдим.
Ислом ака ўшанда ростдан ҳам жуда ноқулай бир аҳволга тушиб қолган эди…
Ҳайронманки, у кишининг атрофида юрадиган айрим раҳбарлар Ислом аканинг кўзларида қандай маъно акс этиб турганини билишмасди.
Ваҳоланки, мен: “Депутатлар кутиб қолишди…” деган заҳотим: “Бор, йўқол!” деб ҳайдаб юборишлари ҳам мумкин эди.
Лекин ўша тобда Ислом аканинг ҳамсуҳбатидан безор бўлиб, кимдандир мадад истаб турганини англаш қийин эмасди…
Муҳаммад Солиҳ аслида оғир, босиқ, мулоҳазали йигит. Бирдан жаҳли чиқиб кетадиган пайтлари кам бўларди, лекин ўшанда менга қараб киноя билан: “бу ўз эгасига қачон ёрдам кераклигини ҳам билади” дегандек гап қилганди…
6.
Умуман шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш керак: Мирсаидовнинг тарафдорлари тўполон кўтарган сессияда Муҳаммад Солиҳ бетараф турган, фитнада қатнашмаган.
Эҳтимол, фитнадан мутлақо бехабар ҳам бўлгандир.
Ўша пайтларда Президентнинг ашаддий рақиблари сафида эмасди, интригаларда иштирок этмасди.
Ислом акага қарши уюштирилган сессияда ҳам у “исёнчилар” ҳаракатидан бехабар бўлган шекилли, бетараф қолган.
Умуман, Муҳаммад Солиҳ сессияларда бўлар-бўлмасга минбарга чиқиб, ҳар хил баҳс-мунозараларда ўзини кўрсатиб қўйишга беҳуда уринмасди, ўзини босиб индамасдан ўтирарди.
Баъзи депутатлар эса аксинча, минбарга чиқиб ўзларини кўрсатишга ишқивоз бўлсалар, Муҳаммад Солиҳ эса аксинча тўполонларга, микрафон олдидаги даҳанаки жангларга ҳуши йўқ эди, хотиржам ўтирарди.
Хўш, кейинги йигирма йилда жуда кўп шов-шув ва турли тахмин ва интерпритацияларга сабаб ва мавзу бўлган ўша сессияда аслида нима бўлган эди?
Мирсаидов тарафдорлари бош кўтарган бу йиғин ва унинг тафсилотлари ҳали ҳануз менинг ёдимда.
Мен бугун бу воқеаларни тўлалигича ёритишдан кўра, мавзуимиздан келиб чиққан ҳолда Муҳаммад Солиҳга оид нуқталарнигина тилга оламан, холос.
Ҳар галги сессия йиғинларида Президентнинг тарафини олиб келган депутатлар, хусусан Тошкентлик ноибларнинг кутилмаганда Ислом Каримовга ташланиб қолиши ёқмаган эди Муҳаммад Солиҳга.
Унинг феъли ва характерини яхши билган одамлар учун бу табиий ҳол эди.
Чунки Муҳаммад Солиҳ ҳамиша ёлғиз ва камкучлар тарафида бўлган ва уларни ҳимоя қилган. Ҳаётда ҳам, депутатлик фаолиятида ҳам у ҳамиша ўз принципларига содиқ эди.
Солиҳнинг бу хусусияти ҳақда яна бир мисол: Шароф Рашидов вафотидан кейин бир пайтлар айнан Рашидовнинг шарофати билан мансаб ва бойликка эга булган бир тўда коммунист мулозимлар “Рашидов бизни гипноз қилган, биз унинг бу қадар ёмон одам эканлигини биламаган эканмиз”, — деб минбарлардан ўз валинеъматига тош ота бошлаганида Муҳаммад Солиҳнинг айтишича у ҳайратдан лол бўлиб қолган.
“Мен 70-йилларда Рашидовни жуда ёмон кўрардим, унинг “иккитиллилик” сиёсати ва рус тилини “иккинчи она тилимиз” деб ардоқлагани учун ундан бир ёш миллиятчи ўлароқ нафратланардим. Аммо 1983 йил Рашидов ўлиб, у Совет хукумати тарафидан қоралана бошлаганида мен бирданига “рашидовчи” бўлиб қолдим. Бир ўлган от устига севиниб чоптираётган кўппакларни кўриб, бу нонкўр кимсаларга тек қараб туриш мен учун имконсиз ҳолга келди ва 1986 йилдан бошлаб, бутун катта-кичик учрашувларда “рашидовщина” деб ўртага чикиб, кўпираётган хоин ва зотипастларга ҳужум қила бошладим”.
7.
Дарҳақиқат, Юрий Кружилиннинг “Ҳақгўй Муҳамаднинг икки хил сўзи” (15.12.1988, Правда Востока” ) мақоласида Муҳаммад Солиҳни махфий рашидовчи эканлиги ҳақида гапириб ўтади ва бунинг далили сифатида М.Солиҳнинг шу шеърини келтиради:
ЙИҚИЛГАННИ ТЕПМА
Йиқилганни тепма. Ҳар ҳолда, марҳум…
Тўғри, у йиқилди, лекин ҳар ҳолда,
Сену менга ўхшаб йиқилмади-ку,
Ўлмади-ку балиқ қилтаноғидан.
Ўлмади у балиқ қилтаноғидан,
Унинг томоғига туғ тиқилган, бил –
Йиқилса ҳам, унинг ланг оёғига
Яловлар ўралиб, йиқилгандир ул.
(1985)
Ю.Кружилин бу шеър Рашидовга бағишланган, Муҳаммад Солиҳ махфий “рашидовчи”, дея имо қилади ўз фелъетонида.
Ҳа, Рашидов тириклигида ундан нафратланган Солиҳ у ўлгандан кейин унга тош отган рашидовнинг собиқ лаганбардорларига қарши “рашидовчи” бўлишни афзал деб билди…
Холбуки, бу шеър Амир Темурга багишланганди. ўша йиллари идеология секретари (Абдуллаева) томонидан Амир Темур ва ўзбек милллятчилигига қарши олиб борилаётган сиёсатга қарши ёзилган кинояли шеър эди бу.
Зотан бу фикр шеърдаги шу сатрлардан маълум эди:
…Йиқилса ҳам, унинг ланг оёғига
Яловлар ўралиб, йиқилгандир ул.
Рашидовнинг оёғи ланг (чўлоқ) эмасди. Бу буюк Амир Темурнинг машҳур оёғи эди.
Аммо мустамлакачи давлатнинг Кружилин каби югурдаклари буни англаш фаросатидан маҳрум эдилар.
Яловлар – байроқлардир. Амир Темур фатҳ этилган давлатларнинг байроқлари. Фотиҳ Темурнинг – ғолиб Жаҳонгирнинг оёқлари остига ташланган байроқлар.
Амир Темур ўз оёғи остига ташлаган байроқларга оёғи чўлашиб, йиқилди. Бу шеърнинг маъноси шу.
Темур ўша замон дунё сиёсатида — бир дев. Девнинг ўлиши учун унинг томоғига балиқ қилтаноғи эмас, энг камида байроқларнинг туғи тиқилиши керак.
Бу киноя мунаққидлар фикрича, Совет цензураси устидан кулиш ва Буюк Темурни мадҳ этишнинг ташбеҳли йўлидир.
Ўша кунги сессияда ҳам у Президентни азбаройи яхши кўрганидан эмас, балки ана шу принципиал ҳатти ҳаракати ва одатидан келиб чиқиб Ислом Каримовни ҳимоя қилиб сўз айтган эди.
Яна такрор айтаман: Ҳар гал Президент тарафини олиб, сессия мажлисларида Муҳаммад Солиҳ ва бошқа демократик руҳдаги депутатларнинг фикрини бўлиб, уларни қарсак ва ҳуштаклар билан сўзлашига халал бераётган “кўпчилик”нинг бу одати уни ўша куни мувозанатдан чиқариб юборган эди…
Шунинг учун ҳам у уларга қарши кескин ва принципиал ўз сўзини яна бир бор айтган эди…
Мана йигирма беш йилдирки, унинг мухолифлари ўша сессияда Муҳаммад Солиҳ Президентни ҳимоя қилди ва айнан у туфайли Мирсаидов ўз мақсадига етолмади деб келишади.
Бу мутлақо нотўғри ва бўлмаган гап!
Мирсаидов ўша куни Муҳаммад Солиҳ ва унинг танқиди учун эмас, балки ўзининг ожизлиги ва тутуриқсиз нутқи боис мағлубиятга учраган эди.
Унга ишониб, уни деб ҳаётини хавф хатарга қўйган юзлаб тарафдорларини, хусусан тошкентлик ноибларни ҳайрону лол қилиб у ўша куни кутилмаганда ирод этган нутқнинг ишончли манбалардан бизга етиб келган тўла матнини бугун эътиборингизга ҳавола қилишга мажбурмиз.
Шунда кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади…
8.
Ш.Р.Мирсаидов: – Ҳурматли ўртоқлар! Энг авваломбор ҳаммангизни ҳамжиҳатлик ва бирликка чақирмокчиман. Чунки, ҳаммамизнинг орқамизда халқ турибди. Агар биз ҳамжиҳат бўлмасак, бир-биримизни қўллаб-қувватламасак, халқ бизни кечирмайди.
Энди бояги масалалар бўйича. Сиз ҳозир ўртага қўяётган масалани мен бир йил олдин айтганман. Президентни халқ сайлаши керак, деган таклиф киритганман.
Ана шунда ҳурматли Ислом Абдураниевичга ҳам ҳозир, халқ ҳаммамизни қўллаб-қувватлаб турган вақтда Президент сайловини ўтказиб олсак яхши буларди, деб айтганман. Кейин қийин бўлиши мумкин.
Ислом ака бу таклифни менинг номимдан Президентлик Кенгашига олиб чиққанлар. Буни ҳам бўйинга олиш керак. Кенгашда айрим хушомадгуйлар, келажакни кўра билмайдиганлар бу масалани ҳозир кўтарсак, халқ иккига бўлиниб кетади, дейишди.
Мана ҳозир олиб чиқсак, тўртга бўлиниб кетаяпти.
Лекин, ана шу Ефимов, ўша вақтдаги Совмин раисининг биринчи муовини Берков Мирсаидов амал талашаяпти, деб гап тарқатган.
Берковни мен бирга ишламаймиз, деганимдан кейин Президентлик Кенгашига ўтказиб, кейин Москвага жўнатиб юборилди.
Ана шунда Вазирлар Кенгаши тугатилиб, Президент ҳузуридаги Вазирлар Махкамасига айлантирилди ва Вице-президент лавозими таъсис этилди.
Мен ўшанда ҳам халқ хар хил фикрга бормасин, қачонгача ўзбек халқи амал талашади, деб норози бўлмасин деган мақсадда тишни-тишга қўйиб нима иш кўрсатилса, шуни бажариб келдим.
Лекин халқимнинг олдида рўйи рост айтаманки, ўз вазифамни ҳалол, пок бажариб келдим.
Кейинги вақтларда айрим гап-сўзларга ишониб, мени амалий ишлардан узоқлаштириш ҳаракати ҳам бўлди. Бу менга эмас, балки иқтисодиётга зарар келтиришини Президентга айтдим.
Бундан 15 кун олдин Москвага шартнома тузишга кетишдан олдин Ислом акага мени тинч қўйинглар, мен бу лавозимда ишламай, деб айтдим. Рухсат сўрадим.
Қайтиб келганимда ҳам айтдим. Кеча ҳам шу гапни қайтардим. Бундан беш кун олдин ҳам айтганман.
Сизларга мени Министрлар Кенгашининг Раиси этиб сайлаётган вақтингизда ҳам бу гапни айтганман.
Мен қаерда ишлашимдан қатъий назар ўз халқимга, ўз юртимга хизмат қиламан.
Шунинг учун менга амалинглар керак эмас.
Шунга қараб хулоса қилинглар. Бош вазир дейдими, Вице-президент дейдими, бало-баттар дейдими, менга амал керак эмас.
Мен ҳеч қачон ҳеч кимга бўйсуниб ишламаганман ва ишламайман ҳам.
Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни афзал кўраман.
Эътиборларингиз учун раҳмат, мени тинч қўйинглар…
Шукрилла Раҳматович шу сўзларни айтиб бўларкан, сессия зали ажиб бир жимликка чўккан эди.
Айтиш мумкинки, унинг тарафдорлари ундан бундай ожизона ва таслимий нутқни эмас, балки шиддат ва нафрат билан Ислом акага ташланишини кутишган экан.
Аниқроғи бир кун олдин улар айнан мана шундай ҳатти ҳаракатга келишиб олгишганликларини мен кейин эшитдим…
Яна бир гап. Узун қулоқ гапларга қараганда сессия бўлишидан бир кун олдин эртанги фитнадан воқиф бўлган Ислом Каримов Шукрилла Мирсаидов билан учрашган ва ниҳотда кўп ичилган шароб таъсирида икки дўст юракдан гаплашиб олишган.
Мазкур суҳбат чоғида Президент ўз дўстидан эртанги сессияда “ҳужум қилмаслик ва сулҳга бориш” ваъдасини ола билган…
Нималар эвазига бу бизга номаълум…
Бу тахмин ва башоратлар қанчалик рост ёки ёлғон бу ҳам бизга қоронғу…
Уни эрта бир кун бугунги давр ва сиёсат ўзгарса – Каримов ва Мирсаидов атрофидагилар ёки хуфия хизмат архивлари очиқлаши мумкин…
Мен ҳам одатдагидек бу йиғилишда иштирок этган ва Ислом аканинг яқин мулозимлари билан биринчи қаторнинг бешинчи ўриндиғида Мавлон Умрзоқов ва Зелемхон Ҳайдаровларнинг ўртасида ўтирар эдим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, Шуҳрат Нусратов рус тилида Ислом акага қарши гапираётган маҳал ногоҳ менинг кўзим Президиумда мўнғайиб ўтирган Ислом акага тушиб қолди.
Во ажаб, боягина бутун дунёга ҳукмрон бўлиб ўтирган одам бир лаҳзадаёқ кичрайиб, муте ва ночор, бечора бир кимсага айланиб қолган эди.
Айниқса, Шуҳрат Тўҳфатовичнинг: «Сизнинг бу бежилов феълингиз ва қуюшқонга сиғмас ҳатти ҳаракатингиз боис ҳам Ўзбекистон жиловини қўлингизга бериб қўйиш мумкин эмас. Бунинг оқибати фожеали тугайди ҳали…” деган оловли сўзлари йигирма беш йилдан бўён худди кечагина айтилгандай қулоқларим остида ажиб бир ҳайрат ва ҳасрат билан акс садо бериб турибди…
Ўшанда Ислом акага жуда раҳмим келган эди. Агар депутат бўлганимда бориб минбарда гапириб турган Шуҳрат аканинг ёқасидан олишим аниқ эди.
Бугун ўйлаб қарасам, яхшиям депутат бўлмаган эканман ўша пайтда…
9.
Яна бир гап. Ўша Президиумдаги ночор ва чорасиз ҳолида Ислом ака кўзлари билан залнинг ўртароғида ўтирган Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўша пайтдаги раиси Ғулом Алиевни излаб топган эди.
Мен у кишининг ҳам ғазаб, ҳам қасос, ҳам қўрқув билан хуфия хизмати идораси раҳбарига тикилган ўйчан ва саволчан нигоҳларига боқиб, эртага мамлакатда нималар рўй бериши мумкинлигини ўзимча фараз қилиб улгурган эдим.
Хато қилмаган эканман.
Ўша сессияда Ислом акага қарши чиққан депутат ва мулозимларнинг ҳаммаси, ҳатто Мирсаидов билан шерикликда гумонланганлари ҳам кейинчалик турли баҳонаи сабаб билан сиёсат саҳнасидан батамом супуриб ташландилар.
Уларнинг деярли ҳаммаси ҳибс, ҳақсизлик ва ҳалокатга маҳкум этилди. Тирик қолганлари эса хорижга кетишга мажбур бўлди…
Майли, мазкур сессия тафсилотларига бағишланган махсус бўлим ва бобларда бу воқеаларнинг батафсил таҳлилига яна қайтамиз.
Биз бугун Муҳаммад Солиҳга бағишланган бобда – Мирсаидовнинг сессиядаги нутқи ҳақида гаплашаётган эдик. Мавзуга қайтсак.
Мирсаидов ўзининг ана шу нутқидан кейин мағлубиятга учради.
У сўзга чиққанидан кейин биринчи бўлиб гапириши лозим бўлган Президент тарафдори таклифи билан Ислом Каримовга ишончсизлик эълон қилиниши керак эди.
Лекин Мирсаидовнинг юқоридаги нутқи унинг тарафдорларии учун кутилмаган зарба бўлиб тушди ва улар мағлубиятга учрашди.
Муҳаммад Солиҳнинг нутқидан кейин эмас.
Шуни Муҳаммад Солиҳнинг ўтган қатор йиллар силсиласида хотираси бир қадар хиралашиб қолган рафиқу рақиблари билиб қўйсалар ёмон бўлмасди…
10.
Ҳа, Муҳаммад Солиҳ минбарга чиқиб қолса жуда кескин гапирган пайтлари ҳам бўлган.
У жуда кескин гапирган ана шундай сессиялардан бири ёдимда қолган.
Қашқадарёдан Шовриқ Рўзимуродов ва Дамир Бозоров деган депутатлар бор эди.
Навбатдаги сессияларнинг бирида барча демократлар, жумладан Муҳаммад Солиҳ ҳам Ислом акага қаттиқ ташланиб қолишади.
Жанжални бир оз тинчитиш учун Олий Кенгаш раиси Шавкат Юлдошев кутилмаганда танаффус эълон қилади.
Танаффус пайтида уч-тўрт безоринамо депутатлар Ислом аканинг топшириғи билан Муҳаммад Солиҳни ўраб олишади. Унга ҳамла қилиб, биқинига нўқиб, турткилай бошлашади. Бечора уёқ-буёққа аланглайди, атрофида унга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди.
Танаффус бўлса ҳам ҳеч ким залдан чиқиб кетмаган, ҳамма Солиҳнинг ноқулай аҳволга тушиб қолганини кўриб ўтирарди. Президент ҳам ҳали раёсатда эди.
Микрафон атрофини уч-тўрт киши ўраб олган, Муҳаммад Солиҳ ўртада қолган, Дамир Бозоров эса ёнига бориб Солиҳга ҳамла қилган эди.
Қизиқки, Шовриқ Солиҳ тарафида бўлса, Дамир унга қарши эди. Уларнинг иккаласи ҳам менинг ҳамюртларим – Қашқадарёдан эди.
Шуни айтиш лозимки, ўта маданиятли Солиҳ Олий Кенгашдаги бу маданиятсиз ҳамкасбларининг ҳатти-ҳаракатларидан довдираб қолади.
Ҳолбуки, у новча ва чаққон бўлиб, муштлашишни ҳам жойига қўя биларди. (Абдуллаева замонида Москвада таҳсил кўрган битта қаламкаш дўстини сотқинликда айблаб роса дўппослаганини эшитганмиз)…
У салмоқли мавзуларда нутқ сўзлашга уста бўлса-да, лекин майда-чуйда даҳанаки жанглар ва жанжаллар пайтида ўзини йўқотиб қўяр эди. Зотан, маданиятли ижодкор ва ўта ҳалол сиёсатчи учун бундай ноқулай ҳолга тушиш табиий эди.
Бировларни уриб, бошини ёриб ҳақорат ва жаҳолат билан сиёсий саҳнага чиқиш мумкинлигини у ўша пайтларда етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганлигига мен бугун ишонаман.
Маданият ва хуш хулқлик билан ҳам сиёсатда ютуқ ва зафарларга эришиш мумкин деб ўйлайдиган содда ва ориятли, ҳалол ва маданиятли йигит эди ўшанда Муҳаммад Солиҳ.
Ва йигирма икки йил ўтса ҳамки, у ҳануз ўша эътиқодида қолганига мен бугун шубҳаланмайман.
Ўшанда у жуда ғалати аҳволда қолди, вазиятдан чиқиб кетолмади.
Уни ўша ноқулай аҳволдан Шовриқ Рўзимуровдов олиб чиқиб кетгани ҳануз ёдимда.
Эҳтимол, депутатлик мандати бўлгани учун ҳамкасблари билан сессия залида муштлашиб юришни ўзига эп кўрмагандир. Бу ёғи менга қоронғу.
Нима бўлганда ҳам тўқсонинчи йиллар ўзбек парламентидаги бу ажиб ва ғаройиб ҳолатни биз Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий портретига битта чизги сифатида бугун элга ошкор қилишни лозим топдик…
11.
…Мен Муҳаммад Солиҳнинг Тошкентдаги хонадонида икки-уч маротаба меҳмон бўлганман.
У Дархондаги ёзувчиларнинг маҳалласида – ўша уни сотқинликда айблашган уч хонали квартирада яшарди.
Биринчи подьездда – бешинчи қаватда турарди.
Миразиз Аъзам, Тоғай Мурод, Ўрол Ўтаев, Мирзо Кенжабоев Ражаббой Раупов ва Ҳамроқул Асқарлар билан қўшни эди.
Оиласи Света (Ойдин ) опа (Украиналик) қўли очиқ, меҳмондўст ва дилкаш аёл эди.
Уйида кўпинча чет эллик меҳмонлар (масалан, Александр Минкин), ўзимиздан Рауф Парфи, Исфандиёр, Ҳамроқул Асқар (Одил Ёқубовнинг ёрдамчиси) бўларди.
Ҳамроқул билан биз қалин оғайни эдик. Бир гал у мени Муҳаммад Солиҳнинг уйига таклиф қилди.
У ўзи билан Солиҳнинг уйига “Огонёк” журналининг махсус мухбири Андрей Минкин (машҳур “Пахта қуллари” мақоласи муаллифи) ни ҳам бошлаб борган эди.
Солиҳнинг уйида ҳамиша мўл-кўл пиволар, винолар ва албатта чет эллик меҳмонлар бўларди.
Европанинг кўзга кўринган оммавий ахборот воситаси мухбирлари ўзбек мухолифати лидери сифатида уни излаб Тошкентга келишарди.
Биз эса ўша пайтларда Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистондаги демократик ҳаракатнинг раҳбари сифатида ҳурмат қилардик ва унинг ёнида ўралашиб юришни ҳам ўзимизча фахр ва ифтихор деб билардик…
12.
Бу гаплар Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келгунча рўй берганди. У пайтларда мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида оддий мухбир бўлиб ишлардим.
Шу ўринда айтишим керакки, ўшанда мен Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилиб “Ошкораликка қарши ошкора кураш” номли каттагина бир мақола ҳам ёзганман.
СССР Халқ депутатларининг сайлови пайтида Муҳаммад Солиҳнинг номзоди ҳам кўрсатилади. У Эргашев деган одам билан битта окрукка тушиб қолади.
Нишонов ва Анишчев бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарлари Солиҳнинг депутат бўлишига тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишади.
Солиҳ учрашувларга борган жойларда чироқлар ўчириб қўйилади, сайловчилар тарқатиб юборилади ва ҳоказо.
Охир-оқибат Муҳаммад Солиҳ депутатликка сайланмайди.
Улар “Адабиёт” газетасининг раҳбариятга мурожаат қилиб, мени махсус мухбир сифатида сайлов машмашаларига жалб этишади.
Мен Муҳаммад Солиҳнинг ўша пайтдаги тарафдори Абдуманноп Пўлатов ва Шуҳрат Исматиллаевлар билан биргаликда сайлов жараёнларини ўрганганман.
У пайтларда Муҳаммад Солиҳнинг қўллаб-қувватловчилари ниҳоятда кўп эди. Чунки Нишоновга ўхшаш совет даври раҳбарларидан халқнинг кўнгли аллақачон қолган эди.
Мен сайловга алоқадор факт ва далилларни тўплаб яхшигина бир мақола ёздим. Ҳозир ўша мақола қаердадир ётган бўлиши керак.
Тан оламан, бу мақола Муҳаммад Солиҳга катта эҳтиром билан ёзилган. У мақолани ўқиган, менга раҳмат айтган.
Чамаси, ўша мақола гарчи матбуотда эълон қилинмаган бўлса-да, лекин азбаройи тўғри ёзилгани ва Солиҳга маъқул бўлгани учун ҳам эҳтимол, у ва Одил ака мени кейинчалик Москвага, СССР Халқ депутатларининг биринчи съездига вакил қилиб юборгандирлар.
Яширмайман, асосий ташаббус Одил аканинг ёрдамчилари, менинг қадрдон дўстим Ҳамроқул Асқардан чиққан эди..
Хуллас, Муҳаммад Солиҳ ва Ҳамроқул Асқарлар Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубовга айтиб, мени “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида Москвага командировкага юборишади.
Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги мен ёзган мақолани эса расмий ҳукумат нашрлари эълон қилишдан бош тортишади.
Шунда уни Нодира Рашидова (Усмон Носирнинг жияни) рус тилига таржима қилиб, норасмий нашрларнинг бирида, агар адашмасам, “Бирлик” газетасида эълон қилади.
Бу Муҳаммад Солиҳ номзоди кўрсатилган сайловдаги кўзбўямачиликлар ҳақида ёзилган “Ошкораликка қарши ошкора кураш” номли тарихий мақола эди…
13.
Республикамиздаги норасмий “Бирлик” халқ ҳаракатининг Чуқурсойдаги биринчи митинггида ҳам мен халқнинг олдига чиқиб оташин нутқ сўзлаганман.
Агар адашмасам, Абдураҳим Пўлатов ё Аҳмад Аъзамлар митингга бошчилик қилишган эди.
Мени у пайтларда кўпчилик танимасди-ю, лекин нутқим равон, фикр-мулоҳазаларим мантиқли бўлгани учун одамлар мени ҳаммадан кўра кўпроқ олқишлаган эди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, мен микрафондан ҳаяжон билан гапира бошлаганимда бўйим паслиги учунми одамлар “ўзини кўрайлик, ўзини” деб ҳайқира бошлашади.
Шунда: “Одамлар, четга чиқинглар, мени халқ кўрсин!” деб ҳайқирганимни ҳали ҳануз баъзи дўстларим менга эслатиб туришади…
“Ёш ленинчи” газетасида Чуқурсойдаги митинг тўғрисида хабар босилади.
Ўша куни “Озодлик”, “БИ-БИ-СИ” ва “Америка овози” радиолари ўша митингдаги нутқимни бутун дунёга эшиттирадилар.
Кутилмаганда мен шон-шуҳратга бурканиб қолган эдим.
Бу – энди ўтган давр…
14.
Кейинчалик Ислом Каримов республикамизга раҳбар бўлиб келганидан сўнг мен бу инсонга ишондим.
Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида чуқур ислоҳотлар, ўзгаришлар рўй беражагидан умид қила бошладим.
Авваламбор, мен у кишининг шахсан ўзига ишонганман.
Мени Ислом Каримов сиёсатини қўллаб-қувватлашга аҳд қилганимни эшитиб, Муҳаммад Солиҳ ҳеч қандай эътироз билдирмаган.
У ҳаммасини тўғри тушунган. Ҳатто “ЭРК” партиясининг битта йиғилишида:
— Исматнинг очиқ гапиришига тан бериш керак. Ёнимизда юрган, лекин кўнгли у ёқда бўлган айрим партиядошларимизга қараганда Исмат ўн марта яхшироқ. Мен унинг ростгўйлиги ва самимиятини ҳурмат қиламан. Иккиюзламачиликдан, мунофиқликдан худонинг ўзи асрасин! – деган экан.
Бу мен учун катта баҳо эди!
У мени тўғри тушунган.
”Ҳаёт ва иқтисод” журналига раҳбар бўлиб кетганимдан кейин Солиҳга Ислом Каримовни ёмонлаб ёки аксинча, Ислом акага Муҳаммад Солиҳни ёмонлаб унинг баъзи сафдошларига ўхшаб чақмачақарлик қилиб юрганим йўқ.
Мен ўз позициямни бирдан айтганман:
— Биз яхши муносабатни сақлаб қоламиз. Лекин сиёсат масаласида мен Ислом Каримовга тарафдор бўламан, – деганман…
15.
Суратда: Президентнинг “элчи”лари Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Фарҳод Рўзиевлар Вашингтонда Муҳаммад Солиҳ ва Паҳлавон Содиқ билан норасмий музокарада, 1995 йил, Февраль, Вашингтон, (АҚШ)
Ислом ака раҳбар бўлиб келганларидан сўнг нафақат мен, балки Муҳаммад Солиҳнинг жуда кўп бошқа сафдошлари ҳам янги ҳукумат тарафига ўтишган эди.
Биз олдинги бобларнинг бирида: “Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги истеъдодли ёшлар гуруҳи етмишинчи йиллар бошида ўзбек адабиётига самимиятни олиб кирган эди” деб айтган эдик.
Адабиётга самимиятни олиб кирган бу авлод вакиллари кейинчалик Ислом Каримовнинг хайрихоҳлиги боис сиёсатга ҳам шитоб билан кириб келишди.
Аввал Усмон Азим Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди. Унинг бу кўтарилиши мен учун янгилик бўлмади. Чунки СССР халқ депутатларининг биринчи съездидаёқ ҳали Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлган Ислом Каримов уни мендан сураб суриштирганини олдинги бобларда ёзган эдим.
Кейин Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Эъзам, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Мирзо Кенжабек, Хайриддин Султонов, Фахриёрлар ҳам секин аста мансаб пиллапояларини эгаллай бошлашди.
Ўзбек адабиётининг икки истеъдодли ва бетакрор вакили Усмон ака билан Мирзо тез урилдилар. Уларнинг бошига аввал содда ва ҳалолликлари, қолаверса, Мавлон Умрзоқов етди.
Лекин Мурод Муҳаммад Дўст, Муҳаммад Раҳмон, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмад Аъзам ва Хайриддин Султоновларга узоқ вақтга қадар депутат ва амалдор бўлиб яшаш насиб этди.
Муҳаммад Солиҳ бу дўстларини Президентга мухолиф бўлиб йўқотди десак, унчалик тўғри бўлмас.
Улар асли жуда иноқ ва қадрдон эдилар. Солиҳнинг “Йўлнома” китобида ёзишича, улар Хуршид Дўстмуҳаммаднинг уйида “мустамлака давлат – Совет ҳукуматидан ҳеч бир унвон ва мукофот олмаймиз”, деб онт ичишган.
Кейинчалик бу онтга фақат Муҳаммад Солиҳ ва Рауф Парфигина содиқ қолганлар, холос…
Муҳаммад Солиҳ Президент билан келишолмай, Ўзбекистонни тарк этди.
Кейинчалик Ислом ака унинг олдига 1995 йил феврал ойида хорижга (Вашингтонга) ўзининг матбуот котиби бўлган Мурод Муҳаммад Дўст, ёзувчи Эркин Аъзам ва Фарҳод Рўзиевларни юборган (Юқоридаги суратда).
Улар нима ҳақда гаплашшишган бизга қоронғу. Лекин Мурод билан Солиҳнинг дўстлигини ҳисобга олсак, улар хориждаги мухолифат лидерига давлат раҳбарининг навбатдаги сулҳ режасини олиб келганларига мен шубҳа қилмайман.
Бунга Солиҳнинг жавоби қандай бўлганини фараз қилиш мумкин. Бугун мени Солиҳнинг жавоби эмас, (унинг қандай бўлишини биз олдиндан яхши билганмиз), балки “элчилар”нинг Ватанга қайтганда Президентга нимани баҳона қилганликлари қизиқ…
Орадан йиллар ўтди. Бугун мени битта савол жуда қизиқтиради:
Муҳаммад Солиҳни тарк этиб, ўз ҳузур ва ҳаловатини ўйлаб ҳукумат тарафига ўтган дўстларининг бугунги кайфият ва ўйлари қизиқ менга.
Негаки, орадан ўтган йигирма беш йиллик ҳаёт дунёда вафо ва садоқатнинг, иймон ва эътиқоднинг ҳам таъсир доираси ва чеку чегараси бўлишини кўрсатди.
Бугун Муҳаммад Солиҳни тўқсонинчи йиллар бошида тарк этиб, ҳукумат тарафига ўтган дўстларининг атиги биттаси дурустроқ амалда, холос, агaр уни ростдан ҳам дурустроқ деб аташ мумкин бўлса.
Мен Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддинни назарда тутяпман.
Лекин бунга ҳам кўп қолмади. Муаммад Солиҳнинг амалга учган қолган барча сафдошларининг аксари бугун амалдан урилиб, кўчада қолди.
Ана шу аччиқ ва аламли ҳаёт спектакли олдида Муҳаммад Солиҳ образига назар солсак, у ҳануз ўша-ўша маънавий баландликда, тўқсонинчи йиллардаги пок ва беғубор юксакликда турганини кўрамиз…
Бу бугунги кундаги – Ислом Каримов ҳали Президентлигидаги аччиқ ва аламли гаплар.
Эрта давр ўзгарса, кўрасиз бу гапларнинг нечоғлик найзаю, ништарли бўлиб урчиб кетишини…
Буни биз номларини бу ерда келтирган Муҳаммад Солиҳнинг “гуноҳкор” дўстлари ҳам яхши билишади…
16.
Агар мен Ислом Каримовга ишониб, унинг командасига ўтиб, кейинчалик қоқилган ва қамалган бўлсам, бу энди ўзимнинг феъл-атворимга, ҳовлиқма ва енгилтак табиатимга боғлиқ.
Албатта, омад деган нарса ҳам мендан юз ўгирди.
Лекин барибир одам доимо очиқ-ойдин, ҳалол ва ростгўй бўлмоғи, курашганда ҳам шундай курашмоғи керак.
Бир кишининг командасига киргандан кейин охиригача садоқатли бўлиш керак. Агар сенга ҳам садоқатда бўлсалар, алббатта…
Ислом Каримовнинг менга қилган яхшиликлари, маслаҳат ва йўл-йўриқлари, ҳаётимнинг оғир ва омадсиз кунларида мени қўллаб-қувватлаб, ўзига яқин олиб, амалдор қилганини бошқалар эҳтимол осонгина унутар, лекин мен, худо ҳаққи, бундай қилолмайман.
Нима қилай, табиатан шунақаман. Биров қилган яхшиликни тез унутадиган нонкўр эмасман.
Менинг бугунги сиёсий бахтсизлигим ва фожеам ҳам эҳтимол шундандир…
Буни – мени ҳанузга қадар Президентнинг тарафдори деб юрган мухолифларим ҳам, мужоҳидларим ҳам яхшилаб билиб олишларини истардим.
Аслида мен Президент тарафдори эмасман. Мен адолат ва диёнат тарафдориман! Яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат орасидаги жанг ҳеч қачон «қора кучлар» фойдасига ҳал бўлмаслиги керак.
Шундай бўла бошлаган куниёқ биз Ислом акадан тамомила юз ўгирамиз! Ўшанда Яратганнинг олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади…
Менинг қай даражада ҳақ ёки ноҳақ эканлигимни китобхонлар, яқин дўстларим, оила-аъзоларим билар ва тўғри тушунар деб ўйлайман.
Чунки мен ҳамиша ўзим билган, ўзимнинг ақлим етган ҳақиқатни рўй-рост айтиб келганман ва ўша ҳақиқат учун қўлимдан келганча курашганман.
Негаки, бу дунёда ҳар бир одамнинг, у каттами ё кичикми, ўз хақиқати, ўз ҳаётий принциплари бўлади.
Мен ҳеч қачон ўз рақибларимга қарши зимдан кураш олиб бормаганман, бировга қарши “тахаллус” билан мақола ёзмаганман.
Мен айрим кимсаларнинг имзоси билан беш-ўн йиллардан кейин қандайдир китоблар чоп этилишини, “биз Каримовдан гипнозланиб қолган эдик” қабилидаги бўҳтонлар, мағзавалар пайдо бўлишини ҳам яхши биламан.
Лекин мен Ислом Каримов ҳақида ҳеч қачон бундай гаплар айтмайман, айтолмайман. Айтишга маънавий ҳаққим йўқ!
Ҳолбуки, унинг хато ва камчиликларини ҳам, Ўзбекистондаги бугунги аянчли иқтисодий ва сиёсий вазиятни ҳам яхши биламан.
Мен Ислом Каримов ҳақида ҳамиша — ундан яхшилик кўрган инсон ва жамият олдидаги ўз масъулиятини унутмаган журналист сифатида фикр билдириб келдим. Оддий бир инсон сифатида унинг қилган яхшилиги ва эътибори учун доим ўз миннатдорчилигимни изҳор этдим. Журналист сифатида эса — Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муаммоларни баҳоли қудрат айтишга ҳаракат қилдим.
Шунинг учун ҳам мен — бошимга тушган мусибатларга ўзим ва Ислом Каримов яратган қатағон тузим сабабчи эканлигимни тан олган ҳолда бугун шу китобни ёзаяпман.
Эртага бу китобдан тонмоқчи эмасман!
Худога шукрки, бу китоб Сиз истайсизми ё йўқ, кўплар ўқийдиган ажойиб бир асар бўляпти…
Мен фақат ўз виждоним олдида ҳисоб бериш учун , яхшими-ёмонми, ўтган умримни сарҳисоб қилиш учун бу китобни ёзаяпман…
17.
Биз Муҳаммад Солиҳ тўғрисида гапираётган эдик.
Қисқаси, у даҳанаки жанглардан чарчадими ёки бу тенгсиз кураш ва тазйиқлар олдида ўз ожизлигини сездими, ёки Ўзбекистон парламенти ўзи орзу қилган ниятларни амалга оширишига ишонмадими, билмадим, депутатлик мандатидан ўз ихтиёри билан воз кечади…
Суратда: Муҳаммад Солиҳ ва Ойдин Солиҳ қизлари Умида Солиҳнинг никоҳ туйида. 2007 йил. Истанбул.
Қайсидир бир сессияда сўз сўрайди, унга сўз бермайдилар.
Муҳаммад Солиҳ бу воқеани шундай тасвирлайди:
“Олий Кенгаш сессияси куни Тошкентда намойиш ўтказиш режаси бир ой аввал муҳокама қилинганди, аммо бир қарорга келинмаганди. Тазйиқлар кучайиб, ҳукумат мухолифат билан мулоқот қилмаяжаги маълум бўлгандан кейин, норозилик митинги ўтказиш заруратга айланди. Аммо митинг ташкилотчилари ҳукумат органларининг давомли босими остида намойишни сессия кунига тайёрлаб улгурмадилар.
2 июл куни эрталаб уйдан чиққанимда, биз яшаётган бино атрофида КГБ айғоқчилари билан иҳота қилинганди. Улар мени Олий Кенгашгача кузатиб боришди. Аммо асос томоша Кенгаш залида бўлди. Мажлис бошланмасдан 10-15 дақиқа аввал келган депутатлар, одатда босиқ, вазмин коммунистлар қий-чув эди. Менинг ҳам қўлимга бир қоғоз беришди. Унда схема чизилиб, залдаги ўриндиқлар кўрсатилган ва ҳар кимнинг ўриндиғи, исми номерлаб қўйилганди. Авваллари депутат ўзи сайланган «округ» депутатлари билан бирга ўтирарди. Бизда фракциялар бўлмаганидан «округ» бўйича жойлашгандик.
Мен Тошкент шаҳар округи ҳудудида 5-қаторда ўтирардим, энди эса, бу қўлимдаги қоғоз бўйича мен 20 қаторга, унинг ҳам ўртасига «кўчирилгандим.» Қий-чув қилаётган депутатлар бу янги тартиб маъносини тушунмаса-да, мен тушунгандим. Менга ўхшаган одамлар сўз олиб, минбарга чиқиши қийинлашсин, деб, унинг олдига шундай жисмоий ва психологик тўсиқлар ўйлаб топишганди. Бунга албатта, нормал одамнинг ақли бовар қилмайди.
Мен сўз олишим учун узоқдан бақиришим керак, чунки, менинг микрафонимни ўчириб қўйишган бўладилар. Бундай бақириқ атрофдаги уйқусарак коммунистларнинг асабини қўзғотиши лозим. Сўз беришмаганидан кейин қаторнинг ўртасидан йўлакка чиқиш учун камида 15та қориндор шаввозни сиқиштириб роҳат-фароғатига футур етказмоғим ва бунинг нисбатида қарғишларини олмоғим керак. Токи, ниҳоят, минбарга чиқиб гапира бошласам, роҳатини бузганим мавжудотлар менга қарши норозилик чапакларини гулдурос билан чала бошласинлар.
Лекин мен бу тўсиқларга қарамасдан сўз олишга, гапиришга мажбур эдим. Ҳукумат сўнгги икки ойда шу қадар ҳаддидан ошганди-ки, қайта қуриш даврида сиёсатчи бўлиб шаклланган одам бунга чидаб ўтиролмасди. Мен ўшандай «шаклланган»лардан эдим.
Сессия бошланиб, Олий Кенгаш раисининг насиҳатлари битгандан кейин, мен сўз сўрадим. Менинг столимдаги микрафон ҳали ўчирилмаган эди, Кенгаш раиси эшитди, аммо эшитмаганга олди. Мен сўровни такрорладим. Раис «шошмай туринг,» деди ва ёнида ўтирган Ислом Каримов билан шивирлашди. Телевидение мажлисдан тўғри трансляция қилинаётганди, янглишмасам. Шу боисми, очиқ жанжал чиқишидан қўрқиб, аввалига юмшоқ ҳаракат қилишди. Аммо улар тўқнашув муқаррар эканини билишарди. Сессия олдидан мени изоляция қилиш ташаббуслари бекорга кетганди. Лекин менга сўз бермаслик учун улар ҳам «қасамёд» қилгандилар. Бу депутатларнинг ўринларини алмаштириш ҳодисасидан кўриниб турарди.
Мен ҳам агар сўз беришмаса, депутатлик мандатини бу тўраларнинг олдига улоқтиришга қарор қилдим. Бу радикал қарор эди, аммо кундан-кунга кучаймоқда бўлган зулмга қаттиқ бир услубда «тўхта,» дейиш зарур эди. Ўйладим-ки, агар ҳозир сўз беришмаса, бундан кейин ҳеч қачон сўз беришмайди.
Уч йил депутатлик даврида сўз олиш истагимни бирор марта рад қилишга журъат қилаолмагандилар, энди бу журъатни топдилар. Агар уларга бўйин эгсам, мен ҳам ёнимда ўтирган сассиз коммунистлардан бирига айланаман, бундан худо сақласин, деб ўйлардим. Бу мутеликни ҳеч бир сиёсий мақсад, ҳатто партия раислиги масъулияти ҳам менга қабул қилдираолмасди.
Мен учинчи марта микрафонга эгилдим, аммо овозим у тарафда эшитилмасди, микрафонни ўчиришганди. Ўрнимдан турдим ва Олий Кенгаш раисига «ўртоқ Йўлдошев, мен сиздан сўз сўраяпман, эшитмаяпсизми?» дедим баланд овоз билан.
— Ўртоқ Мадаминов ўтиринг, ўтиринг деяпман, сизга!, – дея ҳайқирди Кенгаш раиси ва ўрнидан турди.
— Агар сўз бермасанглар, мен уни оламан, – дедим ва қаторнинг ўртасидан туриб, йўлакка томон йўналдим.
— Мадаминов, ўтиринг, ўтиринг деяпман, сизга сўз бераман!, – дея ҳайқиришда давом этди Олий Кенгаш Раиси Йўлдошев.
Мен депутатларнинг ҳайрон боқишлари оралаб туртина-суртина ниҳоят йўлакка чиқдим ва тез одимлар билан минбарга қараб юрдим.
— Ўртоқ депутатлар, танаффус!, – дея бақирди бирдан Кенгаш раиси, – танаффус эълон қиламиз, ўртоқ депутатлар!
Танаффусга ҳали 40 дақиқа бўлишига қарамасдан, Президент Ислом Каримов бу эълонга биринчи қулоқ солганлардан бўлди, тез ўрнидан туриб, парда орқасига қоча бошлади. Муболаға қилмаяпман, Кенгаш раиси ҳам худди бир фалокатдан яширинаётгандай саҳнадаги кулис орқасига чопқилаб қоча бошлади.
Мен минбарга чиққанимда президиумда ҳеч ким қолмаганди, шу қадар тез ғойиб бўлишганди. Микрафонни чертиб кўрдим, албатта, ўчирилганди. Телевизион камераларнинг объективлари ҳам уятдан ерга қараган одам каби пастга қараб туришарди.
Кенгаш раисининг ҳаяжонли қилган чақириғига 20-30 киши бўйсуниб, ўрнидан туришган ва мажбурий танаффусга ҳозирланаётганди. Қолганлари нима бўлганига ақли етмай, ҳангу-манг ўтиришарди.
— Ҳурматли депутатлар, кўриб турибсиз, Ўзбекистонда диктатура тўла ўрнатилди, ҳатто миллатвакиллари ҳам сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда, мен бунга норозилик сифатида депутатликдан истеъфо қилганимни эълон қиламан…
Ва шунга ўхшаган бир неча калима сўйладим минбардан. Кейин орқамга ўгирилиб ҳайъатнинг бўм-бўш столига, Ўзбекистон президенти ўтирадиган жойга депутатлик мандатини улоқтирдим.
Кейин ғала-ғовур орасида залдан чиқдим. Фойеда бизнинг «Эрк» фракциясидан йигитлар келиб, нималардир деди, эсимда йўқ. Балки бу ҳаракатимдан қайтаришни истагандирлар, аммо мен учун орқага йўл йўқ эди.
Фойедан Олий Кенгаш боғчасига чиқдим. Шукрулло Мирсаидов яқинлашди. «Тўғри қилмадингиз, бир оз кутиш керак эди,» деди. Кулдим, жавоб бермадим. Ёнимда турган билан хайрлашиб, Кенгаш биносини тарк этдим.
Шофёрни «тушдан кейин келасан,» деб юборгандим. Кенгашдан «бевақт айрилиш» фикри эрталаб йўқди. Партия марказига пиёда кетдим.
Йўл, йўлаклар миршабларга тўлиб кетганди. Кўпчилигига таниш эдим. Ҳар қадамда «салом»га алик олишга тўғри келди. Бу одамлар мухолифатнинг эълон қилинган намойишини тўхтатиш учун шай турардилар.
Лекин бу намойиш ўтмади.
Битта намойишчи мен эдим. Ёлғиз намойишчи. Уни тўхтатиш учун шунчалик миршабнинг кераги йўқ эди.”
(Муҳаммад Солиҳнинг «Йўлнома» китобидан)
Агар Москвадаги тарихий X1X – Партия конференциясида Борис Ельциннинг партбилетини топширган ҳолат эсингизда бўлса, у ҳам минбарга чиқиб: “Мен бундан кейин КПССнинг Марказий Комитетига ҳам, бу партияга оддий аъзо бўлишни ҳам истамайман!” деб, раёсатда ўтирган М.С.Горбачёвнинг олдига партбилетини қолдириб, мажлислар залини тарк этади.
У қўш табақали нақшинкор эшикдан чиқиб кетгунча делегатлар: “Уят! Уят!” (Позор! Позор!) — деб қичқириб қолишади…
Мен ўша драматик ҳолатни телевизордан кўрганман. Ельцинни ўз отамдек хўрланган ва ҳақоратланган, ўз отамдек хор бўлган инсон сифатида билиб эзилиб йиғлаганман.
Ўшанда “Саодат” журналидан ҳайдалиб юрган ишсиз пайтларим эди, шекилли. Нима бўлганда ҳам Ельциннинг ўша «КПССдан ҳайдалиш» ҳолати кўз ўнгимда ҳануз мангуга муҳрланиб қолган.
Қарангки, Муҳаммад Солиҳ ҳам минбарга чиқиб, депутатлик нишонини президиумга отаётган пайтда зал бирдан жимиб қолди.
Эҳтимол, ўшанда Муҳаммад Солиҳни охирги марта кўрган бўлсам керак.
Бу пайтга келиб, мухолиф фикрдаги дупутатлар бирин кетин ҳибс этилиб, депутатлик ваколатларидан мосуво қилина бошландилар.
Муҳаммад Солиҳ тарафдори бўлган Муборак шаҳар совети раиси Мурод Жўраев, Тошкент вилоят нефтебазаси директори Самандар Қўқоновлар ҳибсга олиниб, озодликдан маҳрум этилдилар.
Анчадан бўён ҳибсда қолаётган Шовруқ Рўзимуровдовнинг аянчли тақдири мухолифат аъзоларининг аччиқ сабоқ чиқаришлари учун дарс бўлиб хизмат қилишини истарди ҳукумат.
Ислом Каримов мухолифатга қарши аёвсиз жанг бошлаган ана шундай бир пайтда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлади…
Сўнг бир оз вақт ўтиб, 1994 йилда унинг дўсти, ёзувчи Мамадали Маҳмудов ҳам бир даста “ЭРК” газетаси билан қамалади. Унинг бу қамалиши, аслида, давлат маслаҳатчиларининг ўзъаро кураш ва рақобати оқибатида содир бўлган эди.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Мамадали Маҳмудов Президентнинг икки қудратли давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва Темур Алимов орасидаги ўзъаро ва беаёв курашнинг қурбони бўлган эди.
Бу ҳақда “Президентнинг Давлат маслаҳатчилари” номли бобда батафсил ҳикоя қилинган…
18.
Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолиятига оид яна бир воқеа.
Чехия Президенти Вацлав Гавел Прага полицияси Муҳаммад Солиҳни интерпол ордери асосида қамаганида, унга оид ҳужжатлар билан қизиқади.
Гавел бу ҳужжатларда Ички Ишлар вазири имзоси ўрнига давлат раҳбарининг имзосини кўриб, ҳайратланади.
Ва Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга топширмасликка қарор қилади…
Муҳаммад Солиҳнинг хатолари ҳам бор, албатта. Зотан, “беайб – ёлғиз парвардигор” дейдилар.
У ниҳоятда ишонувчан одам. Соддадил инсон. Сиёсатчи учун бу фазилатлар балки ортиқча сифатлардир!
Кўпчилик унинг парламентни тарк этгани хато бўлди деган фикрда.
Менимча, бу нотўғри фикр. Буни ўша пайтларда депутат бўлганлар яхши билишади.
Депутатлик билетинг борми ё йўқ, қатьий назар сен ҳеч ким эмас эдинг. Чунки сен мухолифат аъзоси эдинг. Сенинг фикринг эътиборга олинмас эди. Сен билан на ҳукумат, на давлат, на жамият ҳисоблашмай қўйган эди…
Шундай бир вазиятда депутатман деб кўкрак кериб юришдан уялган, ор қилган у!
Ундан кейин Олий Кенгашда қолган мухолиф фикрли депутатлар нима бўлди? Шармандаларча ҳайдалди, қувғин бўлди, ҳибс этилди…
Муҳаммад Солиҳнинг ҳалоллиги, намозхонлиги, рақибларига нисбатан ҳам адолатпарварлиги ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим.
Яна бир гап.
Кўплар унинг айнан номозхонлиги учун ҳам эрта бир кун ҳокимиятга келса, Ўзбекистонда халифатни тарғиб қилади деб ўйлашади.
Бу мутлақо хато фикр.
Мен билган Муҳаммад Солиҳ ҳеч қачон бундай йўлдан бормайди.
У ҳамиша Ўзбекистон инсон ҳақ ҳуқуқлари устун турадиган, ҳур ва озод, демократик ва ривожланган замонавий давлат бўлишини орзу қилган…
19.
Шак-шубҳасиз Муҳаммад Солиҳ талантли ва кучли шоир.
Мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеъриятини жуда севаман.
Албатта, Муҳаммад Солиҳ шеърияти биз кўникма ҳосил қилган анъанавий йўналишдаги шеъриятга асло ўхшамайди.
Соли аканинг шеърлари япон шеъриятига ўхшайдими, Ғарб адабиётига тақлидми, мен у ёғини билмайман, уни тафтиш қилиш адабиётчи олимлар ва соҳа мутахассисларининг вазифаси.
Лекин мен шуни яхши биламанки, Муҳаммад Солиҳ кучли ва миллатпарвар шоир. Унинг фалсафий шеърларида халқ дарди ўзига хос шаклда ифодаланади.
У Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовларга ўхшаб ҳамма гапни очиқ-ойдан айтмайди, баъзан шоирнинг нима демоқчи эканини шеърхон тугул, ҳатто зукко адабиётшунослар ҳам тушунмай қолади.
Шунинг учун ҳам саксонинчи йилларда адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров Муҳаммад Солиҳ шеърияти тўғрисида “Шеърингизни тушунтириб беринг!” номли мақола ёзган эди.
Лекин Солиҳнинг барибир, ўзига яраша мухлислари бор эди.
Хусусан, талаба-ёшлар ўртасида Муҳаммад Солиҳ жуда машҳур эди…
20.
Ёзувчилар уюшмасига Одил Ёқубов раис бўлган даврда, маълумки, Муҳаммад Солиҳ котиб вазифасига сайланади. У пайтларда раҳбар бўлиш учун номзод одам албатта партия аъзоси бўлиши шарт эди.
Лекин Муҳаммад Солиҳ коммунист бўлмаса ҳам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тарихида биринчи марта “партиясиз” котиби этиб сайланади…
Ўша – котиб сайловига бағишланган йиғилишда атоқли ёзувчимиз Пиримқул Қодиров айтган гаплар ҳамон эсимда:
“Муҳаммад Солиҳ ўз авлодига мансуб ижодкорлардан бир бош баланд туради. Устига устак, унинг оиласи Европа миллатига мансуб. Мен бу гапни атайлаб таъкидлаяпман. Чунки шу пайтгача уюшма раисидан кейинги даражада турадиган иккинчи котиб вазифасини, одатда, рус миллатига мансуб ўртоқлар бажарардилар. Мана, охирги пайтларда бу вазифада Евгений Березиков ишлади. Демоқчиманки, Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ярми “русийзабон”. Шунинг учун мен унинг номзодини қўллаб-қувватлайман”, деган эдилар раҳматли Пиримқул ака ўшанда…
Ҳурматли ёзувчимизнинг бу гаплари шоирнинг тенгдошларига эриш туюлади, кўпчиликнинг ғашини келтиради. Айниқса, “бир бош баландлиги” ва хотинининг “русийзабонлиги”…
Усмон Азимов: “Тўғри, Соли ҳаммамиздан новча, Пиримқул ака Солининг бўйига ишора қилди, хафа бўлманглар!” деб аския қилганди.
Хуллас, Пиримқул Қодиров номзодни ёқлайман деб, “қовун” туширади.
Уюшма котиби – катта лавозим эди. Унинг муҳташам кабинети, тўртта рақамли ҳукумат телефони – “вертушка”си, хизмат машинаси, котибаси бўларди.
Боз устига Марказқўм номенклатурасида турарди.
Гарчи, Муҳаммад Солиҳ коммунист бўлмаса-да, лекин махсус рўйхатга киритилган шахс сифатида барча имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Мен у кишининг моддий имтиёзлардан қай даражада фойдаланганини билмайман, аммо ўзининг мавқеидан фойдаланиб, айнан Ёзувчилар уюшмасининг қошида “ЭРК” демократик партияси тузганини яхши биламан.
(Аввало “Бирлик” учун махсус жой ажратиб беради; бўлиниш рўй бергач, “бирликчилар” бу бинодан ҳайдаб чиқарилади).
Бизга ўхшаган жуда кўп хаёлпараст ёшлар Муҳаммад Солиҳнинг атрофида айланиб юрарди.
Соли акани йўқлаб Москвадан марказий газеталарнинг ва хорижий элларнинг мухбирлари тез-тез келиб туришина юқорида айтдим.
Бу мухбирлар шунчаки интервью олиш учун эмас, балки Москвада шаклланган демократик ташкилотлардан хабар ҳам келтиришарди: улар воситасида Тошкент билан Москва демократик кучлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилади.
Айниқса, Борис Ельцинни қайтадан ҳокимиятга олиб чиққан “Регионлараро депутатлар гуруҳи” Ўзбекистондаги норасмий ташкилотлар билан яқиндан алоқа ўрнатади.
Қисқаси, Ўзбекистонда энди энди-шакллана бошлаган ошкоралик ва демократия қудратини биз ёшлар Муҳаммад Солиҳ тимсолида кўрардик…
21.
Муҳаммад Солиҳнинг ўша йиллардаги асосий хатолари нималарда кўриниши мумкин?
Масалан, “Эрк” партиясини тузганида ҳам, “Бирлик” билан, бошқа рақиб мухолифатчилар, хусусан, Шукрилла Мирсаидов билан алоқани сақлаб қолиши керак эди.
Ўзи учун эмас, сиёсат учун, давлат ва миллат манфаати учун шундай қилиши керак эди.
Ака-ука Пўлатовлар билан улар ўртасидаги даҳанаки жанглар ҳеч кимга фойда келтирмаслигини, булар бачканалик эканини у тушуниб етиши керак эди.
Лекин шу билан бирга унинг ўз рақибларига бўлган принципиал позициясини ҳам ҳурмат қилиш керак деган фикрдаман.
Бундай дейишимга сабаб шуки, рақиблар ҳам турли хил бўлади. Ҳалол ва ғирром рақиблар.
Ғирром рақиблар ўз душманининг айбини тополмаса, ҳақорат қилиб, шахсига тегиб, тўҳмат ва шантаждан ҳам қайтмайдилар.
Бундай рақиб дейишга ҳам арзимайдиган мунофиқ ва ожиз кимсалар билан умуман мулоқот қилиш мумкин эмас.
Ҳалиям ўзини даҳоман деб юрган ана шундай шўрлик бир кимса ҳақида гап кетганида Муҳаммад Солиҳ шундай деган эди: “Мен вақти келиб Каримовни кечиришим мумкин. Лекин бу ифлос ва муртад кимсани ҳеч қачон кечира олмайман!”…
Ўшанда мен хорижга эндигина чиққан пайтларим эди. Унга эътироз билдирдим. У яхши одам, ҳали яхши бўлиб кетасизлар деб, ўзимча донишмандлик қилган бўлдим.
Лекин орада ўтган йиллар Муҳаммад Солиҳнинг нечоғлик ҳақ эканини исботлади…
Кейинчалик, “ЭРК” партиясининг ичида ҳам ихтилофлар бошланди: Содиқжон Йигиталиев, Шоди Каримов, Аҳмад Аъзам каби манфаатпараст ва мансабпараст кимсалар “ЭРК” да раҳбарлик лавозимларига кўтарилди, сўнг ўз маслакдошларига хиёнат қилдилар…
Худди кечагидай ёдимда. Содиқжон Йигиталиев билан Шоди Каримовларни деярли ҳар куни Президентнинг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов кабинетида кўрардим.
Кейин билсам, бу пайтга келиб энди Муҳаммад Солиҳ билан ҳукумат ўз муносабатларини қайта кўриб чиқаётган пайт экан.
Бу икки “мухолифатчи” ўшанда энди “Эрк”ни бўлиш бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчисидан керакли маслаҳатлар олаётган эдилар…
Чунки бу пайтга келиб, Муҳаммад Солиҳнинг Президентга бўйин эгмаслиги, ўз йўлидан қайтмаслиги ойдинлашди.
У шахсан президент ташаббуси билан девонга бир пиёла чой баҳонасида таклиф этилганида, ўзига ваъда қилинган ҳукумат мансабларидан воз кечади.
Агар фикрингиз ва таклифингиз рост бўлса, менга Олий Кенгаш раислигини беринг деб давлат раҳбарига шарт қўйиб, шаккоклик қилади.
Бугун уни айни таклифга кўнмагани учун ҳам танқид қилувчилар бисёр.
Менинг назаримда, Президент таклифига кўнганида ҳам Муҳаммад Солиҳ кўп ўтмай ишдан олиниб, сиёсат саҳнасидан абадий супуриб ташланган бўларди.
Шунинг учун у ўшанда Ислом аканинг таклифига кўнмай тўғри қилган. Узоқни кўра билган…
Олий Кенгаш раислигини сўраганини ҳам тушиниш мумкин.
Ўша пайтдаги Конституцияга мувофиқ Ислом Каримовга фақат Олий Мажлисгина ишончсизлик билдириши мумкин эди.
Ким билади дейсиз, агар Президент шу мансабни берганида Муҳаммад Солиҳ ростдан ҳам унга Олий Кенгаш орқали ишончсизлик билдираман деб ўйлагандир.
Лекин Ислом ака ҳам анойилардан эмас. У ўзининг кучли ва сиёсий имкониятлари ниҳоятда кенг бўлган рақибига бу вазифани бериши ўзи учун ҳалокат билан тенг эканини ҳам яхши билган ва тушунган…
Умуман Ислом ака жуда ҳушёр, узоқни кўра биладиган, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам унутмайдиган одам…
Ўтган йигирма беш йиллик у киши олиб борган тоталитар ва қатағон сиёсат менинг бу сўзларим нечоғлик тўғри эканини кўрсатди…
Хуллас, Муҳаммад Солиҳни ўз тарафига оғдириш бўйича барча имконларни ишга солиб бўлганидан кейин Президент энг сўнгги йўлни қўллашга қарор қилади.
Муҳаммад Солиҳ ва у бош бўлган ўзбек мухолифатига қарши кескин ва қақшатқич жанг бошланади.
Бу тенгсиз жанг ва бу таъқиб ҳамда тазйиқларнинг нима билан тугагани Сизга яхши аён…
22.
Ўзбекистонни тарк этиб, Канадага келган илк дақиқаларимдан эътиборан “Подшо эркатойининг саргузаштлари”ни эълон қилиш ҳақида ўйлай бошладим.
Муҳаммад Солиҳга алоқадор бўлган “Эркин юрт” интернет нашрига тўхталдик.
Ана шундай кунларда Муҳаммад Солиҳдан келган бир хат ҳануз хотирамда сақланиб қолган:
“Исмат! Китобни қандай ёзган бўлсангиз, шундайлигича эълон қиламиз. Фақат бир илтимос, ҳатто сизга жуда кўп ёмонлик қилган душманингиз ҳақида ёзганда ҳам ёлғонни ишлатманг! Унга тўҳмат қилманг! Фақат бор ва тўғри гапни ёзинг! Адолат тарафида туриб ёзинг!”
Мана, ўтган давр мобайнида ҳали Ўзбекистондаёқ қоғозга туширила бошланган бу сиёсий хотираларимни ёзаётганда мен баҳоли қудрат Муҳаммад Солиҳ айтган сўзларга амал қилишга интилдим.
Бугун “Подшо эркатойининг саргузаштлари”ни ер юзидаги юз минглаб мухлис ва ўқувчилар ўқимоқда.
Эртага уларнинг сони яна ҳам ошади….
23.
Баъзан ўйлаб кетаман: Мен Муҳаммад Солиҳнинг ўрнида бўлганимда шунча хўрлик ва азобларга чидай олармидим деб…
Ёки йигирма беш йилдан бўён уни аёвсиз танқид қилиб, Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистоннинг барча фожеаларига айбдор деб келаётган рақиблари унинг ўрнида бўлганларида бугун ҳам унинг каби иродали ва курашчан бўлиб қола олармидилар?
Неча маротаба фитна ва ўлимлардан омон қолган жон, оиласи ва қариндошлари дийдори ва меҳридан узилган, ўзи боис инилари ҳануз ҳибсда қолаётган, уларнинг бола чақа ва оиласи томонидан ёғдирилаётган маломат тошларини жим кўтариб келаётган бу иродали ва ҳалол, тўғри сўз ва ростгўй инсон ҳақида ўйларканман, ўзим қачонлардир меҳр қўйган ва ишонган Ислом Каримовдан ҳам хафа бўлиб кетаман.
Агар мен Президентнинг ўрнида бўлганимда Муҳаммад Солиҳнинг мана шу иродаси ва матонати ҳаққи ҳурмати уни кечирган ва Ўзбекистон фуқаролигини махсус Фармон билан унга аллақачон қайтариб берган бўлардим.
Лекин афсуски, мен Президент эмасман!
Ислом Каримов эса ҳали вери мен айтган орзуларни амалга оширадиган раҳбарга ўхшамайди…
24.
Яширмайман, бу бобни ёзиш мен учун жуда оғир кечди.
Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати назарида Муҳаммад Солиҳ ҳануз терррорчи ва давлат хоини.
Унинг хориждаги рақиблари назарида эса сотқин ва бузғунчи…
Шундай бир вазиятда у ҳақида эҳтиром билан китоб ёзиш Президент ва ҳукуматга, унинг мухолифларига нисбатан бориб турган шаккоклик ва одобсизлик эканини ҳам яхши биламан.
Лекин нима қилай, қўлга қалам тутганда фақат ва фақат виждонга қулоқ солиш керак деб Ислом аканинг ўзлари бир пайтлар менга насиҳат қилган эдилар…
Мен устоз насиҳатларига амал қиляпман, холос…
“Оқланмаган ишонч қиссаси” эса бутун бир авлодлар қўлма қўл севиб ўқийдиган ажойиб бир китоб бўляпти.
Буни ўзбек ҳукумати ҳам, ўша — мен айтган Муҳаммад Солиҳнинг ожиз ва шўрлик мухолифлари ҳам ҳам кўриб, билиб, сезиб туришибди.
Начора, биз бу борада Ислом аканинг ўзлари ўргатганидай, ҳеч қайси томоннинг тарафини олмасликка, фақат ва фақат ўз виждонимизга қулоқ тутишга қарор қилдик.
Агар Ислом Каримов ҳам Муҳаммад Солиҳ ҳақида ёзилган бу матнларни ўқиса, ичидан барибир менга тан беради.
Мен у кишининг характерини, феъли атворини яхши ўрганганман, биламан.
У мардликни (мен бу ерда ўзим ёзган ҳақиқат борасидаги жасоратни эмас, балки Муҳаммад Солиҳдаги мардликни назарда тутяпман) тўғри тушунадиган ва қабул қиладиган одам.
Лекин минг афсуски, Ислом ака бугун юртга ҳукмдор ва подшоҳ бўлса ҳам сиёсатчи сифатида ўз қалб кечинмаси ва туйғуларини маълум маънода жиловлаб юришга мажбур…
25.
Бугун Ўзбекистондан олис бир мамлакатда Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги фикрларимни қоғозга туширарканман, менинг бу гап сўзларимни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳам у қадар тўғри бўлмаслигини айтиб ўтишни истардим.
Бу менинг – ўз хато ва камчиликлари, қувонч ва ташвишлари, ҳижрон ва ҳаяжонлари билан олдига қўйган мақсадлари учун ўз билгича курашган содда ва ишонувчан, очиқ кўнгил ва самимий бир йигитнинг дил розлари, афсус ва армонларим, кўрган кечирганларимдир.
Йигирма беш йилдан бўён ўзбек мухолифати лидери деган шарафли ва масъулиятли номни доғ туширмай, муқаддас тутиб келаётган Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги менинг – журналист Исмат Хушевнинг ҳақиқатлари бу!
Мен Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги бу бобни унинг қуйидаги шеъри билан якунлашни лозим топдим:
Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!
На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб, сени атаса,
жазавага тушса, исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!
На шараф-ки, зулмга “Зулм!” деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!
Суратда: Муҳаммад Солиҳ рафиқаси Ойдин Солиҳ ва жондан азиз неварлари билан. Истанбул, 2013 йил.
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Биз ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий портретига шарҳ берилган бу бобни бежиз «Биринчи ва охирги жангчи» деб атамадик.
Ҳа, Муҳаммад Солиҳ ростдан ҳам биринчи ва охирги жангчи.
Ҳолбуки, Муҳаммад Солиҳга қадар ҳам Ўзбекистонда сайловлар кўп бўлган. Лекин уларнинг бирортасида ҳам ҳақиқий номзод майдонга чиқмаган эди.
Ундан кейин ҳам бўлиб ўтган сайловларда бирорта ҳам ҳақиқий номзод кўринмади.
Лекин қўғирчоқ номзодлар ўз ролларини қойилмақом қилиб ўйнаб келишди. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.
Тан олиб айтиш лозимки, Муҳаммад Солиҳдан олдин ҳам — совет даврида ҳақиқий сайлов бўлган эмас. Чунки Кремлнинг кўрсатмаси ва рўйхати билан ўтарди совет давридаги барча сайловлар.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин эса — энди Тошкентдаги “Оқ сарой”нинг рўйхати билан ўтказиладиган бўлди умумхалқ сайловлари.
Ўша совет даври билан мустақиллик оралиғидаги — Горбачевнинг “қайта қуриш ва ошкоралик” давридагина ҳақиқий сайлов нима эканини билган эди халқимиз.
Бу ўша – Ўзбекистон Олий Кенгашига 1990 йилда бўлиб ўтган депутатлик сайлови билан, 1991 йилги Муҳаммад Солиҳ иштирок этган мумхалқ Президентлик сайловлари эди, холос.
Ундан кейинги барча сайловлар – депутатликдан тортиб, Президентлик сайловига қадар — Ислом Каримовнинг ўткир нигоҳи ва кучли назорати остида ўтиб келмоқда.
Ислом ака Муҳаммад Солиҳ ўзига рақиб бўлган ўша биринчи умумхалқ сайловидан «ўзига хос ва мос»сабоқ чиқаргани маълум бўлди.
Чунки, Муҳаммад Солиҳдан кейинги 25 йиллик давр орасида ўтган «умумхалқ сайловлари»да ҳам Ислом акага қарши бирорта ҳам ҳақиқий номзод майдонга чиқмади, аниқроғи — чиқарилмади.
Абдуҳафиз Жалолов – чиройли қўғирчоқ. Баҳайбат қўғирчоқ. Ундан кейинги сайловда — Акмал Саидов қўғирчоқлик ролини ўйнади.
Бу сафар эса — учта қўғирчоқ чиқди. Мен бу қўғирчоқларнинг ҳатто номларини ҳам эслаб ўтишдан уяламан.
Шу маънода Муҳаммад Солиҳ ҳақиқий курашга тушган жангчи эди. Унинг сайловидаги гап натижада эмас. Чунки натижа Солиҳга боғлиқ эмас эди. 13 фоиз (1 миллион 120 минг сайловчи) жуда катта гап. Мухолифатга нисбатан катта кўрсатгич эди — 13 фоиз. Бу ҳали расмий тан олинган рақамлар. Ҳукумат овозлар сонини бундан ҳам камайтиришга имкон тополмаган.
Хоразмда унга катта овоз берилган эди.
Шунинг учун ҳам сайловдан кейин Хоразм вилоят ҳокими «ишончсиз кадр» сифатида ўша заҳотиёқ ўз вазифасидан озод қилинди.
Муҳаммад Солиҳга ёппасига овоз берилган бошқа вилоятларда ҳам муайян тушунтириш кузатилди. Қаерда овоз юқори бўлган бўлса, ўша ернинг биринчи раҳбарлари шубҳа остида қолди.
Ана шуларни ҳисобга олганда, Ўзбекистон ижтимоий сиёсий тарихида — Ислом Каримовга ҳақиқий рақиб бўлиб, фақат Муҳаммад Солиҳ чиққан эди. Буни дўст ҳам, душман ҳам тан олиши керак.
Шунинг учун ҳам Муҳаммад Солиҳ юртимиз тарихининг шу босқичида биринчи ва охирги жангчи сифатида қолса ажаб эмас.
Аслида, фақат бунинг учун эмас, жуда куп сафдошлари тойиб кетганига қарамай, узун кураш йўлидан ҳануз қайтмагани учун хам шундай.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
5 февраль, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
Исмат Хушев:
Бугун Муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни…
Бугун Муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни.
Ўн йилнинг нари берисидаги икки табрик…
Жаллодларга қасдма қасд яшаётган мард ва жасоратли инсон…
Ватани ва халқига фидойи мухолифат лидери – 65 ёшда!
КЕЧИККАН ДИЛ ИЗҲОРИ – 1
(18 декабрь 2004 йил)
..Ўзбекистонда бир шоир йигит бор эди. Ўзини яхши танирдим-у, ёзганларини яхши тушунмасдим. Юртнинг илғор фикрли кишилари унинг Ғарб услубида ёзилган бу шеърлари мавжуд тоталитар тузумга қарши исён эканини урғулашарди. Мамлакатда Қайта Қуриш ва ошкоралик бошланган кезлар Ўзбекистонда демократик кайфиятдаги, ҳур фикрли ёшлар аллақачон унинг атрофида тўпланиб улгуришган эди. Порахўрлик, пахта яккаҳокимлиги, Орол фожиаси ва иккитиллиликка қарши кураш каби сиёсий шиорлар атрофида бирлашган илк норасмий гуруҳларнинг ташкил топиши ҳам бевосита унинг иштироки билан боғлиқ.
Кейинчалик у Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган илк сиёсий партияларга асос солади. Шоирлигини ташлаб, сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлади. Мустақиллик унинг яккаю ягона орзуси эди. Бу йўлда у ҳатто ўлимга ҳам боришга тайёр эди. Давр ва замон унинг елкасига ана шундай улуғ вазифани юклаган эди. Лекин бу саъйи ҳаракатлари учун у коммунистик тузум ёрдамида ҳокимиятга келган янги раҳбариятнинг кучли босими остида қолади.
Афсуски, ўз Ватани озодлиги ва мустақиллиги учун курашган, унинг давлат сифатида шаклланишига муносиб ҳисса қўшган бу йигитнинг буюк хизматларини шу Ватан ва Давлат тепасида турганлар юзсизларча ўзлаштириб олишди. Таъқиб ва тазйиқлар боис муҳожирликка юз тутган ватанпарвар йигит учун Ватан дарвозаларини ёпиб қўйишди.
Яхшиямки, кўнгил йўлларига тўсиқ йўқ!
Мана ўн йилдирки, у мустақил бўла туриб озодлик нималигини билмаган, Давлат бўла туриб ўз ҳақ-ҳуқуқини танимаган шўрлик халқининг дийдорига талпиниб яшайди. Гарчи, бу гумроҳ халқ аслида ўз табиати ва ҳатти-ҳаракати билан ўзига хос ва мос ҳокимларга эга эса-да, барибир унга ўкиниб, талпиниб яшайди йигит.
Мустақилликни орзу қилган ва охир-оқибат мустақил Ўзбекистон давлатига асос солган бу фидойи йигитнинг хорижда – сиёсий муҳожирликда эрта-индин нишонланажак таваллуд куни боис менинг гуноҳкор кунглимдан кечгани шулар бўлди.
Фикру ғояси – юрт мустақиллиги, яшашдан мазмун мақсади – шу йўлдаги курашдан иборат бўлган бу йигитнинг номи – Муҳаммад Солиҳ!
55 ёш муборак, ака.
Эзгу-ниятларимни қабул этгайсиз.
Омон бўлинг.
Ҳурмат ва эҳтиром билан
Исмат Хушев.
18.12.2004
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” раиси Муҳаммад Солиҳ билан Прагада, июнь 2012 йил…
КЕЧИККАН ДИЛ ИЗҲОРИ – 2
(20 декабрь 2015 йил)
1.
Бугун муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни!
Биз кечагина уни навқирон 55 ёши муносабати билан муборакбод этиб, ўзимизнинг эзгу ниятларимизни билдирган эдик.
Умр оқар дарё деганлари рост – шунга ҳам аллақачон ўн йил бўлибди.
Бугун Муҳаммад Солиҳ муборак 65 ёшга тўлди. Ўн йилдирки, мен оддий бир журналист ўлароқ, уни ҳар гал таваллуд куни билан қутлаб, муҳожирликдаги ярим ва шикаста кўнглини имкон қадар кўтариб, қўллаб қувватлаб келдим.
Лекин фаол журналист билан таниқли мухолифат лидерининг бу тоза ва самимий муносабатини кўролмайдиган кучлар ҳам бор экан. Ўн йилдирки, улар бизнинг орамизга нифоқ солишга уринишади.
Бир биримизга ёв ва ғаним қилиб қўйишга ҳаракат қилишади…
2.
“Беайб – Парвардигор!” деганларидек, иғвогарларнинг бу уринишлари бирида бўлмаса, бошқасида баъзан натижа бериб қолган пайтлар ҳам бўлди.
Чунки, Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” нашри ва Муҳаммад Солиҳнинг “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” бугун истайсизми, йўқми – хорижда, мухолифат орасида энг олдинги ва илғор сафларда экани дўстга ҳам, душманга ҳам аён.
Қора кучларнинг ана шундай иғвогарона ҳатти ҳаракатлари самараси ўлароқ “Дунё ўзбеклари”да баъзан Муҳаммад Солиҳ шахси ва унинг сиёсий фаолияти керагидан ортиқча танқид қилинди, айтиш мумкинки, ғаразгўйлик ва аламзадалик билан ёзилган қатор мақолалар чоп этилди.
Бу ҳам етмагандек, Исмат Хушев керагидан ортиқча одобсизлик ва шакоклик қилиб, Муҳаммад Солиҳга ёзган шахсий мактуб ва матнларда унинг иззат нафсига тегиш ва баъзи ҳолларда асоссиз ҳақорат қилишгача борди.
Бу ўринсиз ғазаб ва маломатга эса ўша қора кучларнинг орамизни бузиш учун матбуотга ўта айёрлик ва маккорлик билан атай сиздирилган иғво, бўҳтон ва фисқу фасодлари асос бўлди.
Ана шу хато ва камчиликларни ҳисобга олиб, мен бугун Муҳаммад Солиҳдан ортиқча ҳаяжон ва ҳақоратларим учун очиқ ойдин узр сўрамоқчиман…
3.
Илгарилари ўзбек мухолифати орасига нифоқ солиб, уларни бир бири билан қирпичоқ қилиш машқини яхши ўрганган бу қора кучларнинг ким ва қаердан эканини яхши билмасдим.
Хориждаги ўн йиллик аччиқ ва аламли муҳожирлик ҳаёти мен анча улғайтириб қўйди.
“Дунё ўзбеклари” сайти ташкил этилганидан сўнг эса, мен журналист ва муҳаррир ўлароқ энди бу қора кучларни яхшироқ ва яқинроқ билиш имконига эга бўлдим.
Мен бугун уларнинг кимлигини ва қайси нуфузли ташкилот номидан туриб иш юритишларини яхши биламан. Улар ниҳоятда айёр ва маккор, икки юзли ва икки сўзли, аслида эса – бир тийинга қиммат, саводсиз ва тайини йўқ сиёсий ўйинчи ва лўттивозлардир.
Улар, масалан, бир қўллари билан Исмат Хушев ҳақида аслида насл-насаби ва кимлигининг тайини ҳам йўқ қандайдир “Сергей” номидан шантаж ва тўҳматдан иборат матнлар эълон қилсалар, иккинчи қўллари билан уни ўша лаънати “Сергей” ёзган иғво ва бўҳтондан гўё ҳимоя қилиб, ажабтовур оқлов мақолалар иншо этишади.
Бу билан: “Мана, биз сенга дўстмиз! Энди сен ҳам мана бу нарсани чиқаришинг керак!” деб юзсизларча ўз худбин ниятлари акс этган – иғво, шантаж ва интригадан иборат мақолаю, “илтимоснома”лар йўллашади.
Агар улар бундан кейин ҳам ўз қора ишлари ва қилмишларини, фисқу фасод ва иғволарини давом эттирсалар “Дунё ўзбеклари” уларнинг асл башарасини очиб, ўзларини ва идораларини номма ном элга ошкор қилишга бел бойлади…
4.
Нуфузли идора номидан иш кўрадиган бундай ярамас ва тутуриқсиз, тасодифий кимсалар – “Дунё ўзбеклари” уларга – асл ниятларини билиш учун, маълум муддат минбар берганидан фойдаланиб, ўзларини – хон, кўланкаларини эса – майдон деб билдилар.
Алал оқибат улар “Дунё ўзбеклари” муҳарририга: “Нимага асосланиб сўнгги мақолаларимизни чоп этмаётганингиз хақида бизга ҳисоб беришингиз шарт!” деб ҳукмдорлик қилишгача бориб етишди.
Яна ўша “Сергей” номидан ёзилган сўнгги мақолаларида эса: “Дунё ўзбеклари” олдин ҳукумат ва мухолифат ҳақидаги мақолаларни 50-50 қилиб нашр қиларди. Сўнгги пайтда фақат мухолифат фаолларига навбат бера бошлади. Нима бало, Хушев ўз салафлари билан уришиб қолдими? – деб лўттибозлик қилишади.
Ўзбекистонда уларга: “Сенлар ўзи кимсану, Тошкентдан туриб, Торонтодаги нашрга хўжайинлик қиласан, унинг йўналишини белгилайсан?” – дейдиган азаматнинг ўзи йўқ. Чунки улар ўзларини ҳамманинг устидан ҳукмдор деб ўйлашади.
Улар ўзларининг даврлари аллақачон ўтиб кетганини, бугун одамларни қўрқитиш ва шантаж қилиш, қолаверса, сиёсий интрига билан ҳеч ким ҳеч нарсага эриша олмаслигини эса, тамомила эсдан чиқардилар.
Бир сўз билан айтганда – андишанинг отини қўрқоқ қўйдилар! Нуфузли идорага бўлган ҳурматни – ожизликка йўйдилар!!!
5.
Бугун Муҳаммад Солиҳнинг туғилган куни!
Унинг 65 га тўлишини истамаган кучлар ҳам бор бу дунёда. Мен уларнинг ҳам кимлигини яхши биламан.
Агар улар ўзларининг бу жирканч ва манфур ниятларидан қайтмасалар, уларга қарши маҳкамада гувоҳлик берувчилар сафида энди журналист Исмат Хушев ҳам сўзсиз бўлади.
Унинг айтадиган гаплари эса етарли!
6.
Бугун дунё катта жанг арафасида турибди.
Мен шу жангга руҳан тайёрман.
Сиз-чи?
7.
Муҳаммад Солиҳни эса таваллуд куни билан чин юракдан табриклайман!
Чунки ҳаёт барибир давом этаверади…
8.
Қутловни эса Йўлдош Эшбекнинг қуйидаги шеъри билан якунлашни ихтиёр этдим:
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп,
Бизни зафар қучажак.
Тепамиздан чарх айланиб,
Қалдирғочлар учажак!!!
Исмат Хушев,
Торонто шаҳри, Канада.
20 декабрь. 2015 йил.
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги офисининг учинчи қаватида (Дам олиш ва ижод қилиш зонаси), сентябрь, 2013 йил, Туркия.
Суратда: Исмат Хушев оиласи билан Муҳаммад Солиҳ хонадонида, Туркия, Истанбул, сентябрь, 2013 йил…
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ хонадонида, сентябрь, 2013 йил, Истанбул.
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ билан Идерна шаҳрида…
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Президент Ислом Каримовга очиқ хати
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
2 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Исмат ака тарихий ҳақиқатни ёзибсиз бўлган воқеаларни. Мактаб тарих дарисликларига яхшигина қулланма бўлади.
М.Солих “Бирлик”ни атайлаб бўлди деб айтиш пренципиал масала ёки хато эмас. “Эрк” партияси унга ўхшаган партияларни пайдо бўлиши ўша давр тақозаси эди. Пулатовни аламзадалик билан шунча йиллардан бери мижғовланиб резинадай чузиши қип қизил аҳмоқгарчиликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бу “фанатик коммунист” шунчалик енгилтак жоҳилки ташланмаган одами қолмади. Натижада “Бирлик”да хозир бир ўзи қолди. Майли ўтмишни қўйа турайлик. Хозирчи мухолифат парча парча бўлиб кетган. Нима бунга ҳам М.Солиҳ айбдорми? Буни барини узоқроқдан эзлаш, янада аниқ айтадиган бўлсак миллатимиз шури, характеридан излаш керак. Аслида кўп сиёсий партия бўлса нимаси ёмон,ҳар хил фикр ғоя қарашлар рақобат тизими пайдо бўлади.