Назар Эшонқул: «Компютерни кашф қилишмаса яхши бўларди!»
Назар Эшонқул: «Компютерни кашф қилишмаса яхши бўларди!»
– Назар ака, ижод жараёнида адиб ва ровий қарашлари қанчалик уйғун ёки аксинча бўлади?!
– Менимча, агар тушунган бўлсам, гап ёзувчи ва унинг маълум бир асарни ҳикоя қилувчи «мен»и ҳақида боряпти. Адиб ва ҳикоячи ўртасида уйғунлик ёки фарқ бўлиши мумкинми? Мумкин. Асар қаҳрамони адибнинг ўзи бўлган автобиографик асарда адиб ва ҳикоячи ўртасида фарқ бўлмайди. Бунда ҳикоячи «мен» билан адибнинг қарашлари, ҳиссиётлари бир нуқтада жамланади. Битта нарсани ҳикоя қилишади. Бир хил ўйлайди, бир хил фикрлайди. Аммо бошқа жараёнда, адабий асарда ҳикоячи «мен» ҳамиша ҳам адибнинг ўзи бўлавермайди. У адиб учун маълум бир воқеликни ифода этиб, маълум бир метафорани чизиб бериш учун восита, холос. «Мен» адибнинг бадиий воситасига айланганда у адибни тўла-тўкис ўзида мужассамлаштиролмайди. У фақат адибнинг шу асарга юклаган қарашлари, гапи, дарди, фикри ва изтиробини уйғунлаштиради. Ҳикоячи «мен» адибнинг бир бўлаги, холос. У ҳали юз фоиз адиб эмас. Агар адиблар битта асардаёқ ўзини тўла-тўкис акс эттиролганда, ўзини ҳикоячи «мен» билан тўлиқ уйғунлаштира олганда, бошқа асар ёзиб ўтирмасди. Афсуски, адиб асари битгач, ҳар гал, сизнинг тилингиз билан айтганда, «ровий»дан қониқмайди ва шу қониқмаслик уни қайта-қайта ёзишга ундайверади. Аслида, ижод дегани адиб ва ровий ўртасидаги ички курашдан, ички жангдан, бир-бирини фош этишга бўлган интилишдан иборат. Уларнинг уйғунлиги ўзаро мувозанатида. Қайси томон асарда кучлилик қилса, фақат асар зарар кўради, адиб ҳам, «ровий» ҳам эмас.